Амир Олимхон фарзандининг Бухоро тарихига оид асари
Босма

Истиқлол туфайли сўнгги манғит  амири Саид Олимхоннниг Бухородаги ҳукмронлик даври (1910-1920) муҳожирликдаги турмуши ва шахсий  ҳаёти  қирралари (1921-1944) билан  боғлиқ анчагина  объектив маълумотларга  эга бўлдик. Лекин бу ҳақда  билганларимиз ва англаб етганларимиз катта уммондан бир томчи экан холос. Янгидан-янги маълумотларни ўзида жалаган китоб ва мақолалар  билан танишар эканмиз  ватанимиз тарихи ўта бой ва ранг-баранг воқеалар билан тошганлигига яна бир бор амин бўламиз. «Бухоро» нашриёти  Саййид Мансур Олимийнинг «Бухор гоҳвораи Туркистон» («Бухоро-Туркистон бешиги»)  китобини чоп этди. Мансур Олимий Афғонистонда 1931 йилда таваллуд топган Амир Олимхоннинг 22 фарзандидан биридир. Ушбу китоб  араб имлосида, форс тилида ёзилган бўлиб, илк бор 1996 йилда Туркия Республикасида  чоп этилган. Бухоро Давлат Университети Ўзбекистон тарихи кафедрасининг доценти, мозийшунос, зукко олим Ҳ. Ҳ. Тўраев Мансур Олимийнинг китобини форс тилидан ўзбек тилига ўгириб, амалдаги алифбода китобхонларга туҳфа қилишдек савобли ишни бажарди. Ҳ. Ҳ. Тўраевнинг олти-етти йиллик меҳнати туфайли дунё юзини янгидан кўрган ушбу китобга сарфланган вақт зое кетмади. Бу каби машаққатли ва маъсулиятли, айни пайтда хайрли ишни Бухоро тарихидан чуқур хабардор бўлган, илмий тадқиқотлар тажрибаси ва ҳадисини мукаммал эгаллаган олимгина уддалай олиши барчага аён. Айтиш мумкинки, Ҳ. Тўраев юқоридаги таҳсинга сазовор тадқиқотчидир.

«Бухора Туркистон бешиги» китобида юртимизни араблар томонидан истило қилиниши давридан ХХ аср 20-йилларигача бўлган тарихи ўз аксини топган.. лекин энг кўп саҳифалар сўнгги амир Сайид Олимхон, унинг аждо ва авлодлари ҳаёти, ҳамда фаолияти қирраларини ёритишга ажратилган Сайид Олимхоннинг отаси амир Абдулаҳадхон (1885-1910) шеърият ва адабиётга ихлоси баланд бўлганлиги, «Ожиз» тахаллуси билан ижод қилганлиги ҳақида маълумот бера экан муаллиф: «Ҳожи Неъматулло мухтарам мазкур амир (Абдулаҳадхон) топшириғи билан «Тазкират ул-ашъор» номли асар ёзган.  Тазкирада «Ожиз» тахаллусида шеър битган амир Абдулаҳад шеърларидан намуналар келтирилади»-деб ёзади (62 бет). Совет даври адабиётларидан хон ва амирларни қонхўрлиги, шавқатсизлиги, зўравонлиги ва босқинчилиги, таловчилиги ҳақидаги бир-бирини такрорловчи маълумотларни ўқирдик. Ҳолбуки, Абдулаҳад сингари ҳукмдорлар савобли ишларга ҳам қодирлигини амалда исботлашган. У ўз ҳукмронлиги йилларида  Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварада, Шом, Миср, Сурия ва Ироқда работлар, мехмонхоналар барпо этган экан. Улардан ҳозирги кунда муқаддас шаҳарларга зиёрат учун борувчилар фойдаланишмоқда. Мансурийнинг ёзишича, Абдулахад Франция банкига катта маблағ қўйган, ундан ҳозиргача фойдаланган эмас (69 бет). Амир Сайид Олимхон ҳам китобда ёзилишича 1914 йилда ўз вакилларидан Тўрақул, Қори Музроб, Қори Муҳаммадлар орқали ўн уч минг беш юз дона қоракўл терини Британия Ҳиндистонига юборган. 1921 йил Афғонистондан туриб Ҳожи Исмоилбек ва Тўрақулни қоракўл териларни сотиш учун Лондонга (Англия) юборади. Қоракўл терилар 175 00000 ҳинд рупиясига сотилади, шу пул маблағининг 27930,2,9, пенс инглиз фунти Лондоннинг «Grind lays Bank P. J. C.” банкасига амир Олимхон номига ўтказилади. Амир Олимхоннинг фарзандлари Лондон ва Пешовар банкаларига неча бор мурожат қилишларига қарамай ҳанузгача пуллар қайтарилмаган, ҳозир ҳам  бу пуллар амир Олимхон номига  турган экан. (120 бет). Мансурий отасининг афғон амирлари Омонуллахон (1919-1929 йй) Ҳабибулла Килконий (Бачаи Сақо, 1929 й), Муҳаммад Нодир шоҳ (1929-1933 йй), Муҳаммад Зойир шоҳ (1933-1973 йй) кабилар билан муносабатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. Амир Олимхон 500 ҳамроҳи билан Қобулга кириб борганида (1921 йил баҳорда) аввал Ҳусайн Кавт боғида яшайди, сўнгра Ҳошимхон боғига кўчирилиб, бир йилдан сўнг эса Муродбеги қалъаси боғига ўтказилган. Муродбеги боғида тўрт ой яшаганидан сўнг унинг охирги қароргоҳи Қобулдан 11 км узоқликда жойлашган Фатуҳ қалъаси боғи бўлган. Бу жой амир ва унга тегишли кишиларга доимий яшаш учун бепул инъом этилган (89 бет). Аслида Сайид Олимхон Афғонистонга ўтганида кўп ҳам қашшоқлашиб қолган эмасди, у афғон амирларининг садақасига зор бўлмаган. Муродбеги қалъасида турганида  Ҳожи Мирзо девонбеги қимматбаҳо олмос ва жавоҳирлар билан безатилган уч дона муросса тожларни амирга келтириб берган. Амир олтин камари ва бир дона тожини Омонуллахонга ҳадя  этган. Иккинчи тожини Муҳаммад Нодир шаҳга совға қилади. Сўнггги учинчи муросса тожи эса озодлик учун курашаётган мужоҳидлар ҳаракати иштирокчиларига қурол-аслаҳа, от ва анжомлар сотиб олишга сарфланган. Мансурийнинг ёзишича бир муросса тожга ўнлаб Фатуҳ қалъаси сингари жойларни сотиб олиш мумкин бўлган. Афғон амирлари Сайид Олимхонга қанча самимий муносабатда бўлмасинлар ва меҳмондўстлик кўрсатмасинлар унинг эркин ҳаракат қилишга йўл бермаганлар. Фақатгина 9 ой ҳукумронлик қилган Бачаи Сақо даврида Бухоро амири бир қадар Афғонистон мамлакати бўйлаб эркин юриш ҳуқуқига эга бўлган эди. Саййид Олим Мансурий афғон амирларидан Омонуллахон, Мухаммад Нодиршоҳ, Зоҳиршоҳ кабиларни коммунистларга сотқинликда айблайди. Ҳатто, Бухоро амирининг маоши ва сарф-харажатлари ҳам коммунистик шўролар томонидан Омонуллахонга тўлаб турилганлигини ёзади.  Аслида  афғон амирларига ҳам ўша пайтда осон бўлмаган. Мамлакатда ички тартибни ва тинчликни сақлаш, СССР тазйиқ ва таъқиби остида  қолмаслик учун муроса йўлини танлаш керак эди. Бухоро амирига ёрдам кўрсатишгина эмас, балки уни Афғонистонда сақлаб туриш СССР ҳукумрон доираларига қўл келмаган. Совет ҳукуматининг муҳожир туркистонликларни Афғонистондан чиқариб юбориш тўғрисидаги талабига Омонуллахон: “мамлакатимда қўзғалончилик психологияси кучли. Менинг ҳукуматим ағдарилса сизларга ҳам яхши бўлмайди!” деб жавоб берган. Муҳаммад Нодиршоҳ замонида ҳам амирнинг Афғонистонда туғилган фарзандлари олий маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум эдилар. Улар бир шаҳардан иккинчисига кўчиб юролмасди, ер-сув сотиб ололмаганлар.  Китобда амир Олимхоннинг шахсий хислатлари ҳақида ҳам  бой маълумотлар келтирилган. Сайид Олимхон фалсафа ва адабиёт билан шуғулланган, уни айниқса Мирзо Бедил ижоди қизиқтирган. Қалъаи Фатуда “Бедилхонлик”, ҳамда шеърият кечалари ўтказилган. Ҳатто, у бир марта Қобулда келган футбол камандаси билан мухожир ўзбекларнинг “Турон” командаси ўртасидаги футбол мусобақасини уюштириб, яхши ўйин кўрсатганларга совғалар улашган. Амир доимо бошига салла ўраб, тўн кийиб шарқча таомилга кўра миллий кийимда юрган. Афғонистон шоҳи Омонуллахон 1920 йилларда ислоҳатлар ўтказиб ўз мамлакатида европача кийиб  юришни (калта кастюм, шим, шляпа) жорий қилган. 1922 йилда Пағмонда Афғонистон мустақиллиги куни байрами (Жўшон байрами) ўтказилган. Байрам тантаналарига таклиф этилган амир Олимхон ўзбекона кийимида Пағмонга келади, лекин уни соқчи ичкарига киритмайди. Кийимини алмаштириб келиш тўғрисидаги талабни бажармаган амир Фату қалъасигша қайтиб кетади. Амирнинг Афғонистонда туғилган биринчи фарзанди, ҳозирги кунда Туркиянинг Ғозиантиб шаҳрида яшаётган Сайид Умархон ҳам отаси ҳақида маълумот бери туриб: “Падари-бузрукворимиз шикорни (ов) яхши кўрар эдилар. Амир Омонуллахон билан овга чиқиб ўзларининг ўта мерганликларини кўрсатган эдилар.  Афғон амири билан биргав овда тушган суратлари бор. Суратда афғон амири европача кийимда, отамиз эса бухороча миллий кийимда тасвирланганлар”-деган эди. Амир Олимхон ўз фарзандларига инглиз, урду тилларини ўргатиш учун Британия Ҳиндистоннинг Муробод шаҳридан Хўжа Рахматулло ва унинг укаси Хўжа Кароматулло исм-шарифли иккита ўқитувчи ёллаган. Улар инглиз айғоқчилари бўлиб, кейинчалик хоинликлари “акамулло” лақабли Умаржон исмли Британия Ҳиндистони мактаб ўқувчиси томонидан аниқланган. Бундан ташқари Оғо Муҳаммад исмли “Даривор” лақабли инглиз жосуси ҳам онаси билан бирга амир боғида бўлиб, Англияга амир ва унинг оиласи ҳақида маълумотлар юбориб турган.
“Бухоро-Туркистон бешиги” китобида истиқлол учун курашган Иброҳимбек Лақай, Шермуҳаммадбеке, Абдулқаҳҳор каби саркардалар ҳақида маълумотлар берилади. Уларнинг амир Олимхон билан мулоқотлари ўзаро муносабатлари баён қилинади. Китобда Афғонистондаги ўзбек муҳожирлари йўлбошчиларидан бири Сайид Мубаширхон Тарозий, унинг фарзандлари тақдири ҳам ёритилган. 1943 йилда Афғонистонда “Ватанни қутқариш комитети” ўзбек муҳожирларининг ташкилоти раҳбарларидан бири сифатида Тарозий зиндонбанд қилинади.  У 1948 йилга келиб озод қилинган.  Кейинги умрини Мисрда яшаб 83 ёшда Қоҳирада вафот этган.  Катта ўғли Саййид Насрулло Мубашир ҳозир Мисрда яшаб, араб, турк, форс тилларида ижод қилади.  Кичик ўғли  Абдулло Мубашир 1971 йилда Қоҳира университетида илмий даража олиб араб, форс, турк, урду тилларидан дарс бермоқда. Маккаи мукаррамада бир неча китоблари эълон қилинган. Амир Олимхон муҳожирликда маҳкум этилган миллионлаб ўзбек ватандошлари сингари она-юрти соғинчи билан яшади. Афғонистон бош вазири Аҳмадшоҳга 1943 йилда: “Афғонистонга келганимга 23 йил бўлди. Шу давр ичида  кўп ғурбат ва мусибатларни бошимдан кечирдим. Лекин ватан ёди бир муддат ҳам қалбимни тарк этмади. Ватан ёди билан яшадим ва ватан ёди билан ўламан”-деган ҳасратли сўзларни айтган (123 бет). Ёки: “Эй Ватан охирги нафасимгача сена салом дейман... Ватан руҳи менга доим тирикдир”-каби сўзлар ҳам амирга тегишли. Қалб нидосига айланган, дилни ўртовчи ушбу сўзлар совет даврида муҳожирликка маҳкум этилган ҳар бир ўзбекка тегишлидир.
Саййид Мансур Олимий китобни фақат хотираларигагина таяниб эмас, балки хорижий шарқда яратилган “Туркистон” (Обидшоҳ Пурий)
“Туркистон ўтмишда” (Ўроз Муҳаммад Саромий),
“Туркистоннинг аччиқ ҳақиқати” (З. Валидий Тўғон),
“Марказий Осиё-большевиклар мустамлакаси” (Саййид Расул),
“Қизиллар” (Халил Холидий),
“Тулкидан ҳам айёрроқ” (Халилулахон),
“Туркистон аччиқ ҳақиқатлари” (Шахобиддин Яссавий)
“Хотиралар” (Муҳаммад Акбар Ашик Қобулий),
“Жаҳон зиндони” (Саййид Насруллахон Тарозий),
“Русларнинг Афғонистондаги жиноятлари” каби ўнлаб урду, форс, араб, турк, ўзбек тилидаги китоблардан ҳам фойдаланиб ёзди. Юқорида номлари зикр қилинган адабиётлардан ватанимиз тарихига оид айни пайтда БХСР ҳақида ҳам  бой маълумотлар бор. “Бухоро-Туркистон бешиги” китоби эса юртимиз тарихидан ҳикоя қилувчи хорижда яратилган китоблардан биригина холос.