Саналар
24.11.2017
Баннер
Қўқон хонлиги аҳолисининг этник таркиби
PDF Босма E-mail

ХVIII аср бошларига келиб Фарғонада янги ўзбек давлати - Қўқон хонлиги ташкил топди. Бу давлат ўзбек давлатчилиги тарихида алоҳида ўрин тутади. Биз бу ерда Қўқон хонлиги аҳолисининг этник таркиби ҳақида маълумот беришни жоиз деб билдик.

Маълумки, Фарғона водийси ва унга туташ ҳудудлар аҳолиси азалдан полиетнийлик хусусияти билан Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларидан ажралиб турган. Бундай этник ўзига хослилик, Қўқон хонлиги даврида ҳам сақланиб қолган эди.
Қўқон хонлиги ҳудудида асосан ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар, уйғурлар ва қорақалпоқлар истиқомат қилганлар. Бундан ташқари хонлик ҳудудида сон жиҳатидан камроқ бўлсада яҳудийлар, татарлар ва бошқа этник жамоа вакиллари ҳам яшар эдилар.

Ўзбеклар. Ўзбеклар Қўқон хонлиги аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилган. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ХХ аср бошларига қадар ўзбекларнинг бир қисми ўтроқ, қолган қисми эса яримўтроқ (яримкўчманчи) ҳолда яшаганлар. ХХ аср бошларига келиб, водий ўзбекларининг 828 мингдан зиёдроғи ўтроқ ҳолда яшаб, деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан машғул бўлганлар. Рус тилидаги адабиётларда аҳолининг ушбу ўтроқ қисмига нисбатан «сарт» этноними қўлланилади.
Бироқ, кейинги йилларда ўзбек халқига нисбатан бу этнонимни қўлланилиши тўғри эмаслиги ва ушбу этноним мазкур халққа паст назар билан, камситилиб қараш нуқтаи-назаридан, русийзабон тадқиқотчилар томонидан илмий истеъмолга олиб кирилганлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар баён этилмоқда.
Ўзбек халқига нисбатан «сарт» этнонимининг қўлланилиши, тарихий ҳақиқатга зидлиги, ўзбек халқига ушбу этноним ҳеч қачон ўз халқининг номи сифатида қўлланилмаганлиги ҳақида жадидчилик ҳаракатининг намояндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ўз даврида таъкидлаб ўтган эди.
Турли уруғ-қабилавий тузилишга эга бўлган яримўтроқ (ярим кўчманчи) ўзбекларнинг водийдаги умумий сони ўша давр маълумотларига кўра 215 минг нафардан кўпроқни ташкил этган. Булар ичида турк, минг, қипчоқ, қурама, юз, найман кабилар Қўқон хонлиги ҳудудидаги йирик этнографик гуруҳлар ҳисобланган. Ушбу уруғ-қабилалар ўзбек халқини консолидатсиялашувида муҳим этник компонентлар сифатида қатнашдилар.

Тожиклар. Тожиклар Қўқон хонлиги ҳудудидаги аҳолининг салмоқли қисмини ташкил қилганлар. Улар асосан водийнинг ғарбий ва шимоли-ғарбий қисмида жойлашганлар. Тожикистоннинг ҳозирги Сўғд вилояти ҳудудида тожиклар аҳолининг асосий қисмини ташкил этадилар. Айни вақтда Қўқон хонлигининг бошқа бир қатор манзилгоҳларида ҳам улар ғуж яшаганлар.
Этнографик адабиётларда Фарғона водийсида яшаган тожиклар шартли равишда икки гуруҳга – воҳа тожиклари ва тоғлик тожикларга ажратилади. Воҳа тожиклари – бу ушбу ўлканинг азалий халқларидан бири бўлиб, қатор этник хусусиятлари билан Қўқон хонлиги даврида ва ундан кейинги даврларда ҳам бошқа этнослардан ажралиб турган.
Тоғли тожиклар Қўқон хонлиги ҳудудига асосан Тожикистоннинг тоғлик ҳудудларида жойлашган Мастчоҳ, Қоратегин, Дарвоз, Кўлоб, Ҳисор каби жойлардан кўчиб келганлар.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, кўплаб тоғли тожиклар Қўқон хонлиги қўшинларида хизматда ҳам бўлганлар. Масалан, Ниёзмуҳаммаднинг «Тарихи-Шоҳруҳий» асарида кўрсатилишича, ХIХ аср бошларида Қўқон хони Олимхон ташкил этган янги қўшин таркибида 6000 дан зиёд тоғлик тожиклар бўлган.

Қирғизлар. Тарихий манбаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, ХVII ва ХVIII асрларда Тяншан тоғининг шимолида яшовчи қирғизларнинг катта гуруҳи Фарғона эрларига келиб ўрнашдилар.
Турли уруғ-қабилавий тузилишга эга бўлган қирғиз этноси ҳам Қўқон хонлиги ҳудудидаги тоғ ва тоғолди манзилгоҳларида яшаб, водийнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этганлар.

Уйғурлар. Уйғурлар Шарқий Туркистоннинг энг қадимги туркий этнослардан бири ҳисобланади. ХVIII асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан, айниқса ХIХ асрда Хитой феодалларига қарши кўтарилган мусулмонлар қўзғолони мағлубиятга учрагандан кейин Шарқий Туркистоннинг кўплаб мусулмон аҳолиси, хусусан жуда кўп уйғур оилалари Фарғона водийсига қочиб ўтдилар.
ХIХ асрнинг ўрталаридаёқ Қўқон хонлигида 300 мингга яқин уйғурлар яшаган. Тадқиқотчи И.В. Захарова ҳам 1860-йилга қадар Қўқон хонлиги ҳудудида 200-250 минг қошғарликлар яшаган бўлса керак, деб ҳисоблайди.

Қорақалпоқлар. ХVIII асрдан Бухоро хонлигида юз берган сиёсий инқироз кўплаб халқларни бу ҳудудни ташлаб кетишга мажбур этди. Оқибатда Бухоро ва Самарқанд атрофларида яшаган аҳолининг бир қисми Қўқон хонлиги ҳудудига келиб ўрнашди.
Хусусан, Сирдарёнинг ўрта оқимида яшаб турган қорақалпоқлар Қўқон хонлиги ҳудудига келиб қўним топдилар. Қўқон хонлиги ҳудудига кўчиб ўтган қорақалпоқлар Сирдарё ва Қорадарё бўйларига ўрнашиб, анъанавий хўжалигини юритишни давом эттирдилар.
Хуллас, Қўқон хонлиги ўзининг этник қиёфасининг турли-туманлиги билан ҳам характерланади. Ҳолбуки, бундай этник турли-туманлик водий аҳолисини ўзаро иқтисодий ва маданий алоқаларини ривожланишида муҳим омиллардан бири бўлган.

У. Абдуллаев, т.ф.н.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин