Саналар
20.11.2017
Баннер
Аштархоний Имомқулихон ва Жўйборийлар
PDF Босма E-mail

Аштархонийлар сулоласининг учинчи вакили Имомқулихон (1611-1642) ҳукмронлик даври давлат хокимиятининг бир оз бўлса-да кучайиши, сиёсий барқарорликнинг ўрнатилиши, ўзаро ички низоларга чек қўйилиши билан изоҳланади. Унинг даврида Бухорода Лабиҳовуз, Нодир-девонбеги хонақоси ва мадрасаси, Регистонда Поянда масжиди қурилди.
Имомқулихон Бухоро тахти даъвогарларидан бири, Обивард ҳукмдори аштархоний Динмуҳаммадхоннинг катта ўғли эди. Лекин унга тўлиқ ота тарбиясини олиш насиб этмади. XVII аср бошларида Динмуҳаммадхон Бухоро тахтини қабул қилиш учун Обиварддан Бухорога келаётганда йўлда ўлдирилди. Унга қадар, яъни «қизилбошлар» билан шиддатли жанглар кетаётган пайтда Имомқулихон ўз онаси ва укаси Надрмуҳаммадхон билан биргаликда Обиварддан Мовароуннаҳрга жўнатилган эди.
XVII асрнинг 10-йилларига қадар Имомқулихон Бухоро хонлиги сиёсий ҳаётига аралашмади. Бу даврда амакилари Боқимуҳаммадхон (1601-1605), Валимуҳаммадхон (1605-1611) бирин-кетин мамлакатни бошқаришди. Валимуҳаммадхон Бухоро тахтини эгаллаб, Шоҳбек кўкалдошни Балх ноиби этиб тайинлагандан сўнг, кўп ўтмай Имомқулихон ва Валимуҳаммадхон ўртасида ихтилофлар келиб чиқди ва Валимуҳаммадхонга қарши фитна тайёрлана бошланди. Чунки Валимуҳаммадхоннинг Балхдаги ноиби Шоҳбек кўкалдош Балх аҳлига беҳад зулм қилаётган эди . Фитнадан хабар топган Валимуҳаммадхон Эрон подшоси шоҳ Аббос ҳузурига шошилди ва ундан ҳарбий мадад олиб, жияни Имомқулихонга қарши от сурди. Амакисининг «қизилбошлар» билан тил бириктирганини эшитган Имомқулихон жуда хафа бўлди ва дин пешвоси Хўжа Ҳошимий руҳий мададига суянишни афзал кўрди. Валимуҳаммадхон билан Имомқулихон ўртасида бўлиб ўтган жангларда Валимуҳаммадхон мағлуб бўлиб, асирга тушди. Уни Имомқулихон олдига олиб келишди ва Имомқулихоннинг буйруғи билан калласи танасидан жудо қилинди. Имомқулихоннинг 38 йиллик ҳукмронлигининг ибтидоси ўз амакиси Валимуҳаммадхонни қатл этиш билан бошланди. Бу воқеа 1611 йилда содир бўлди.
Имомқулихон ўз сиёсатини ўрта асрлар учун анъанавий бўлган ўзга ҳудудларни босиб олиб, мамлакат чегараларини кенгайтиришдан бошлади. 1613 йилдаги Тошкент воқеалари бунга мисолдир. Тошкент воқеалари Имомқулихон сиёсатидаги хунрезлик ва истибдоднинг энг юқори поғонаси бўлди. Шимолда яшовчи қозоқлар, қалмиқлар шу йили Мовароуннаҳр ҳудудларига, жумладан, Тошкентга ҳужум қилишди. Имомқулихон қозоқлар ва қалмиқларга қарши от суриб, уларни Мовароуннаҳрдан қувиб чиқаришга муваффақ бўлди.
Зафар қучган Имомқулихон ўз ўғли Искандархонни Тошкентга ҳоким этиб тайинлайди. Искандархоннинг Тошкент аҳолисига ўтказган зулму зўравонликлари, солиқлар миқдорини ошириши ялпи норозиликни келтириб чиқарди ва Искандархон ўлдирилди . Бу машъум хабар Имомқулихонга бориб етгач, у Балхга, ўз укаси Надрмуҳаммадхонга мактуб ёзиб, уни бу воқеадан огоҳ этди. Сўнгра катта қўшин ҳамроҳлигида Тошкентга йўл олди. Надрмуҳаммадхон ҳам акасига ёрдам бериш учун Тошкентга юзланди. Ака-укалар қўшини бирлашиб бир ой мобайнида Тошкентни қамал қилиб турди. Шаҳар дарвозаларидан бири ёндириб юборилди ва Имомқулихон лашкарлари Тошкентга кириб қирғин бошлашди. Ёшу қари баравар тиғдан ўтказилди. Қирғин шу даражага бориб етдики, мазлумлар фарёдига дош бера олмаган Имомқулихон лашкарбошилари қон тўкиш мислсиз тус олганлигини тан олиб Имомқулихонга қирғинни тўхтатишни маслаҳат беришди. Имомқулихон бунга жавобан шундай деди: «Ўғлимнинг хуни учун Тошкент аҳолисининг қони отимнинг узангисига етмагунча қирғинни тўхтатмайман, деб қасам ичганман» . Лашкарбошилар хонни бу йўлдан қайтаришнинг бошқа чорасини топишди. Улар фақиҳ (қонуншунос)ларга мурожаат қилишди. Фақиҳлар эса, Имомқулихонни отда суви узангига етадиган ҳовузга кириши ва ҳовуз сувига қатл этилган одамлар қони аралаштирилиши тўғрисида фатво чиқаришди. Имомқулихон шундай қилгач, ғазаби пасайди ва қирғинни тўхтатди.
Мамлакат ҳудудларини кенгайтириб, бошқарув тизимини қўлга олган Имомқулихон ички аҳволни яхшилашга эътибор қаратди. Баъзан у кечқурунлари кийимини ўзгартириб шаҳар айланишга чиқарди ва шу йўл билан ҳақиқий аҳволни англашга, мавжуд қусурларни бартараф қилишга ҳаракат қиларди. Унинг табиатида илм аҳлига, дарвешларга мойиллик ҳам мавжуд эди. У олимлар, шоирлар, дарвишлар, ўз замонасининг улуғлари суҳбатини яхши кўрган. Ўзи ҳам сўфиёна шеърлар машқ қилган . У айниқса, шайх Мавлоно Юсуф Қорабоғий суҳбатларини хуш кўрарди.  Мавлоно Юсуф Қорабоғий Хуросондан Бухорога келиб, бу ерда Муллои Нав тахаллуси билан машҳур бўлган Мирзожон Шерозийга мурид бўлади ва Имомқулихон даврида тариқатда камолотга эришади. 1643 йилда вафот этиб Бухоро атрофидаги Сафидмўй қишлоғида дафн қилинади.
Шоирлардан Туробий ва Наҳлийга Имомқулихоннинг ҳурмати баланд эди. Шоир Наҳлий Имомқулихонга бағишлаб мадҳия ёзади ва бунинг эвазига унинг моддий мурувватларидан баҳраманд бўлади .
Имомқулихон фаолиятида Жўйбор хўжаларига муносабат алоҳида ўрин тутарди. У бу хонадон ижтимоий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда хонадон вакиллари билан яхши алоқа ўрнатади. Ўз синглисини Жўйбор хўжалари вакили Хўжа Тожиддинга (1574-1646) никоҳлаб бериб, хон салтанати мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Ўз навбатида Хўжа Тожиддин илтимосларини ҳам ерда қолдирмасди. Баъзан оҳу ови билан машғул бўлган Имомқулихоннинг бир бор ови бароридан келмади. Бундан дарғазаб бўлиб ўз лашкарларига ов қилинаётган ҳудуд атрофларида яшаётган аҳолининг мол-мулкини талашга буюрди. Лекин Хўжа Тожиддин аралашуви билан аҳоли мол-мулки ғоратдан сақлаб қолинди. Айрим давлат лавозимларига одам тайинлашда Имомқулихон Хўжа Тожиддин маслаҳатларини олиб турган.
Жўйбор хўжаларининг бошқа бир вакили – Муҳаммад Юсуф Хўжа (1593-1651) билан Имомқулихон муносабатлари жуда яхши эди. Унга Имомқулихон томонидан кўплаб инъомлар қилинган. Лекин хўжазодаларнинг бошқа бир вакили Абдураҳим Хўжа (1575-1628) билан Имомқулихон ўртасида ўзаро келишув амалга ошмади. Улар ўртасида юз берган ихтилоф оқибатида Абдураҳим Хўжа ҳажга кетишга мажбур бўлади, Мол-мулки эса Имомқулихон буйруғи билан мусодара қилинади . Унинг ташаббуси билан Сумитанда бошланган мадраса қурилиши охирига етказилмай қолди ва ғиштлари турли мақсадларда ташиб кетилди .
Имомқулихон ўз ҳукмронлигининг охирги йилларида кўз оғриғи касалига чалинди. Табиблар ҳам унинг бу дардига шифо топишолмади. Охир-оқибат у ожиз бўлиб қолди. Бухоро тахтидан воз кечди ва укаси Надрмуҳаммадхонни Балхдан Бухорога таклиф қилиб, уни тахтга ўтқазди. Ўзи эса Каъбатуллога ҳажга кетди. Умрининг қолган қисмини Мадинада ўтказди ва шу ерда вафот этди.
Тарихчи Муҳаммад Юсуф мунши Имомқулихон ҳукмронлик даврига қуйидагича баҳо берган эди: «Имомқулихон оёқлари давлат узангисида бўлган пайтда, унинг тасарруфидаги бирор жойда – на Балхда, на Бухорода исён ва тартибсизликлар бўлди!» . Шу тарихчи Имомқулихон даврини темурий Султон Ҳусайн даврига қиёс қилади.

Ҳалим Тўраев, Бухоро Давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин