Саналар
24.11.2017
Баннер
Фитна саънати
PDF Босма E-mail

(Қонли Фарғона воқеаларига доир айрим мулоҳазалар)

Эй, гўзал Фарғона, қонли кўйлагингдан  айланай!.. ЧЎЛПОН

ПОНТИЙ ПИЛАТ БАШОРАТИ

Фарғона воқеалари матбуотда турлича талқин этилаётган кунларда, 1989 йил июнининг 14-куни «Известия» рўзномасида «Фарғона: кулфатнинг олдини олиш мумкинмиди?» сарлавҳали мақола чиқди. Махсус мухбир В. Ардаевнинг мазкур мақоласи Ўзбекистон ССЖ Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эдуард Дидоренконинг «авлиёлиги», «фолбинлиги» тўғрисида бўлиб, унда Дидоренко Фарғона фожиасини уч ой олдин башорат этгани таъкидланади. Муаллиф, Дидоренконинг «Миллий муносабатларни кескинлаштираётганлар боши берк кўчага бошламоқдалар» деган мусоҳабаси «Қувасой шаҳрида қонли ёнғиннинг илк учқунлари сачраган кундан роппа-роса уч ой олдин—1989 йил февралининг 23-куни «Ташкентская правда» рўзномасида босилган»ига урғу беради.

Маълумки, Дидоренко мусоҳабаси ўша пайтдаёқ шубҳа қўзғаб, қарши зарбага учраган; бу шахсда мунозара маданиятининг етишмаслиги фош этилган эди. Афтидан, Дидоренконинг айтажак гаплари олдиндан тайёрлаб қўйилган, бўлажак фитна қатъий режалашгач, у «фолбинлик» қилган. Мухбир суҳбатдошни эмас, суҳбатдош мухбирни чорлагани шубҳасиз. Исбот тариқасида, рўзномадан кўчирма келтираман: «Ташкентская правда» нинг ўз газетхонларини «Мусоҳаба берувчининг жавоблари бирмунча катта ҳажмда бўлса-да, уларни тўлиқ босиб чиқариш ҳақидаги истаги бажарилди», деган огоҳлантириши кишини ҳушёр торттиради. Таҳририятнинг бундай «эслатмаси»дан мусоҳаба берувчи нималар демоқчи бўлгани олдиндан яққол кўриниб турибди» («Правда Востока», 1989 йил февралининг 25-куни).

Ажабки, «Известия»нинг худди ўша сонида — В. Ардаев мақоласининг тепасида «Михаил Булгаков шифо элтади» деган мақола босилган. Бу икки мақоланинг остинма-устун берилишида мен уйлаб кўрилмаган бир тимсол, бешафқат бир мантиқни кўрдим. Таажжубки, «авлиё» Дидоренко шуури илғаб, «башорат этган» ҳамда Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» асари қаҳрамони— Понтий Пилат «кўнгли сезиб» башорат этган воқеалар ўртасида ақл бовар қилмас ўхшашлик бор.

Понтий Пилат махфий хизмат бошлиғини ўзининг хос хонасига таклиф этиб, сирли суҳбат қуради. «Энг кўнгилсиз хунрезликларнинг шоҳиди бўламан деб ҳар дақиқа юрак ҳовучлаб турасан», дейди у тагдор қилиб. Вазир ўринбосарининг Ўзбекистондаги «миллатчи», «жиноятчилар»дан ваҳм қилиб зорланиши Понтий Пилат зорланишига ўхшамайдими?.. Сўнг, Иуда тўғрисида гап кетганда, прокуратор: «уни бугун пичоқлаб кетишармиш», деб қўяди ва қандай қилиб уни ўлдириб кетишларини олдиндан аниқ баён қилади. Аниғи, Иудани қандай ўлдириш лозимлигини уқтиради. Махфий хизмат бошлиғи мулоҳазага боргач, Понтий Пилат ғазаблироқ таҳдид қилиб, «кўнглим сезиб турибди, деб айтдим-ку, сизга!», дея зимдан топшириқ беради. Режа амалга ошади, албатта.

Дидоренко башорати Понтий Пилат башорати билан бир хилдек. Вазир ўринбосари ўша «пайғамбарона» суҳбати орқали «бажарилиши ниҳоятда мушкул режани» амалга оширишга замин ҳозирлаган эди. «Фан ва турмуш» ойномаси 1989 йилги 11-сонида тарих фанлари номзоди Ҳайдарбек Бобобеков ҳам ўша суҳбат борасида шунга яқин фикрни айтган.

Фарғона воқеаси «етти ўлчаб» тузилган режа асосида махсус уюштирилди ва ташқаридан бошқариб турилди, бундан кўзда тутилган натижаларга эришилди, назаримда.

ФИТНАНИНГ АТАЙ УЮШТИРИЛГАНЛИГИГА ДАЛИЛЛАР

БИРИНЧИ ДАЛИЛ.
Фарғонада ўзбек ва месхет турки қавмлари ўртасидаги жанжални ўзбек ҳам, месхет турки ҳам бошлагани йўқ. «Правда» рўзномаси мухбири Одилбек Қаипбергенов «Бу шундай бошланган эди» мақоласида Фарғона вилояти прокурори А. Отажоновнинг ушбу сўзларини келтиради: «…Майнинг 16-куни шаҳар пивохоналаридан бирида маиший негизда икки йигит жанжаллашиб қолади. Таъкидлаб айтаманки, йигитларнинг униси ҳам, буниси ҳам миллати жиҳатдан на месхет турки эди, на ўзбек эди. Бир неча кундан кейин гуруҳ-гуруҳ бўлиб, жанжал кўтардилар, бахтга қарши бу жанжалда месхет турклари ҳам, ўзбеклар ҳам қатнашди». («Правда», 1989 йил юннинг 20-куни).

«Совет Ўзбекистони» рўзномаси мухбири Алишер Ибодиновнинг «Қувасойда нима бўлганди?» мақоласида тўполонни бошлаб берган кимсалар миллати аниқ айтилади ва бу фожианинг махсус уюштирилганлиги жиндек равшанлашади: «Жанжал дастлаб бир рус ва бир татар кишининг ўзаро муштлашувидан бошланган. Рус кишининг икки ўзбек оғайниси унинг тарафини олган. Татар киши тарафдорлари эса тасодифнй турклар бўлиб чиққан. Вақтида олдини олиш мумкин бўлган кичик жанжал тўсатдан кучайиб кетган». («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнининг 13-куни). Шундай қилиб, башир Дидоренко орзиқиб каромат қилган кун келди! Ўша куни месхет турки ва ўзбек қавмларидан 150 нафардан киши тўпланиб, илк тўқнашув бўлиб ўтди. Тўпланганларнинг қайсиниси чин маҳаллий қавм, қайсиниси «тасодифий» кишилар — буни матбуот очиқ айтмайди… Хуллас, энди фитначилар биринчи муваффақиятга эришдилар, оломонни майдонга бошлаб чиқа олдилар.

Маълумки, туркнинг ўзбек қавмидан ҳам, татар қавмидан ҳам буткул руслашиб, аслидан қайтганлари бор. Татар турки миллатпарварлари айрим руслашган ва аслини унутиб, ўз она халқи, ўз она юрти манфаатларига терс ишлар қилган тилдошларини нафрат билан фош этадилар. Жанжални бошлаб берувчи шундай тоифадан бўлса, ажабмас.

Бундай фитна рус давлатчилиги тарихида янгилик эмас, Иван Грозний давридан бери халқларни бир-бирига ва ўз-ўзига қарши қилиб қўйиш тажрибаси анча шаклланган.

СССР халқ депутатларининг биринчи съездида очилган мудҳиш сир кўпларнинг ёдидадир. Унда, 1968 йили Чехословакияда кечган қонли воқеалар арафасида, рус ва бошқа совет махфий хизматчиларимиз русларга ва советларга қарши варақалар тарқатгани фош этилди. Шу фитнада қатнашган КГБ хизматчисининг ўзи Чехословакия халқидан узр сўради.

1989 йил бошларида Ўзбекистонда ҳам русларга қарши варақалар тарқатилаётгани матбуотда овоза қилинди. Яна шундай варақа тарқатиб қўлга тушган йигитларнинг иккови ҳам руслар эканлиги аниқланди. «Шунчаки, онасини қўрқитиб қўймоқчи бўлган» бу икки ёш иғвогар жумҳурият ойнаижаҳони орқали бутун халққа кўрсатилгани кўпларнинг эсидадир. («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномаси, 1989 йил декабрининг 15-куни).

Месхет турклари қавми билан ўзбек қавми ўртасида тўқнашув уюштирилган пайтда, Фарғонада русларга таҳдид қилувчи варақалар ва эълонлар ёпиштириб чиқилгани шов-шув қилинди. Шундай таҳдидли эълонлардан бири Фарғонадаги универсал дўкон деворига ёпиштирилган. Бироқ, ёзувчи Йўлдош Сулаймон исботлаб, фош этганидек, ўша эълонни ёпиштирганнинг ўзи мазкур дўконда ишлайдиган рус аёли экан.

Тўполон вақтида туркларга ва русларга қарши шиорлар, кўк байроқлар, ҳатто, бир томонда Горбачёвнинг, бир томонда Ҳумайнийнинг катта суратларини кўтариб чиққанлари матбуотда зўр таъкид билан айтилди. Бу мантиқсизликнинг ўзи бузғунчи фитначиларнинг эски тажрибасидан келиб чиқаётгани яққол сезилиб турибди. Йўқса, Ҳумайний фарғоналикларнинг тушига кирибдими?!

Ақлини танийдиган кишига аён бир иллат бор: Совет жамиятида сон жиҳатдан озчиликни ташкил этган, шўро оиласида ҳақиқатан паноҳ топган ёхуд СССР таркибидан чиқиб кетиш хавфи, имконияти ва ё даъвоси бўлмаган миллат ҳамда элатларга гўё сезиларли имтиёзлар берилади, бошқаларни қисиш эвазига уларни тузум бир мунча «эркалаган» бўлади, «таноби»ни бўшроқ қўяди… Тузум учун улардан эҳтиёт бўлишнинг ҳожати йўқ…

Бироқ месхет турклари қолган барча туркийлар каби, кейинги асрларда тақдир эркаламаган халқлардан. Улуғ Ватан урушида 40 минг месхетлик туркдан 26 минг нафари қирилиб кетиб, атиги 14 минг нафари тирик қайтди. Шунга қарамай, улар совет давлатининг, Сталиннинг қувғинига учрадилар. Ватанларидан айрилиб, инсоний ҳақ-ҳуқуқлари оёқости қилинди. Улар Туркистонга оммавий сургун қилинганларида, бир ойлик йўл азобидан, очлик ва касалликдан 29 минг нафарга яқини нобуд бўлди. Месхетликларнинг қирғиндан омон қолганлари Туркистонда дастлаб ўзларини мусофир сезиб, бу юртга сиғиндимиз, деб қисинган, изтироб чеккан, албатта. Бироқ маҳаллий халқ — туркий қондошлари уларга кўп меҳр кўргузган. Мусулмон халқининг мусофирпарвар бўлиши оламга аён. Шундай қилиб, Тошлоқда, Қувасойда ҳам месхетлик турклар қадрини тиклаб, юрт эгасига айландилар. Аммо ёвуз фитначилар шу икки тилдош, дилдош ва қондош қавм ўртасида ҳам келишмовчилик туғдиришга уриндилар. Ҳатто иқтисодий тенгсизлик яратишга эришдилар. Аслида, низо уруғи кўп йиллар бурун зимдан ташлаб қўйилган ва бошқариб турилган. Жамиятдаги умумий адолатсизлик, тенгсизлик қизиб боргани сари, унинг тафтида шу заҳарли уруғ ҳам жонланиб борган. (Ҳар икки қавм орасида ҳам ҳаддини билмаган ғофил, жанжалкаш, тўполончилар учраб туради. Бизда шунақаси йўқ, деб мақтанадиган миллатнинг ўзи йўқ). Бироқ улар ўртасидаги низо, айрим нодон мухбирлар талқин қилганидек, икки миллат ўртасидаги низо эмас, балки икки маҳалла ўртасидаги нифоқ тариқасида бўлган. Зеро, тил бир, урф-одат бир, ҳатто туркларнинг асосий қисми минг йиллар бурун Турон тупроғидан кўчиб кетган. Ўзбек қавми ирқий шажарасини қорлуқ ва қипчоқ уруғлари ташкил этса, турклар ўғуз уруғига мансубдирлар. Ҳар икки қондош қавм ўртасида ҳам бу тарихий ҳақиқатни биладиган маърифатли зиёлилар кўп. Лекин мустамлака даврлари ўзликни унутишга, тарихни, ҳатто шажара тарихини ҳам унутишга кўп халқларни маҳкум этди… Бузғунчилар томонидан уюштирилиб, бошлаб берилган, кейин қондошлар ўртасидаги тўқнашувга айлантирилган жанжал, бир жиҳатдан, ана шу унутиш маҳсули ҳамдир.

ИККИНЧИ ДАЛИЛ.
Бу далил Фарғонада фитна атайин уюштирилганлигини рад этишга ҳеч қандай имкон қолдирмайди. Афтидан, Дидоренко башоратини амалга ошириш тақозо этиб, Фарғона вилоятига қондан қилт этиб сесканмайдиган, одам ўлдириб завқ оладиган ўта хавфли жиноятчилар сафарбар қилинган. Давлат хавфсизлиги қўмитаси Фарғона вилояти бошқармасининг (ҳозирда собиқ) бошлиғи Н. Лесков сўзларини келтираман: «Оммавий қирғин авж олишдан олдин, вилоятга РСФСРдан қатор, ўта хавфли жиноятчилар келганлиги қайд этилди» («Литературная газета», 1989 йил июнининг 14-куни).

Хўш, «ихтисослашган» жаллодларни Россиядан келтиришга қандай ҳожат бор эди? Гап фитнанинг мақсадига бориб тақалади. Бу жумбоққа қўшимча ўлароқ, ўша маҳал Тошкент турмаларидан ҳам «керак»ли маҳбуслар қўйиб юборилганлигини таъкидламоқ жоиздир.

Н. Лесков қайдининг айни ҳақиқат эканлиги шунда кўринадики, Тошлоқда, сўнг бошқа ерларда халойиқ гангитиб ташланган: бир тараф — «кўргазмали» миш-мишлар таъсиридан, бир тараф — матбуотнинг васвасасидан ўзларини йўқотиб қўйганлар. Қурбонларнинг кўплари эса чинакам жаллодона маҳорат билан ўлдирилган.

УЧИНЧИ ДАЛИЛ.
Бу далил иккинчи далилни қувватлаб, уюштирилган фитна ташқаридан тартиб билан бошқариб турилганлигини исботлайди. СССР Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлар Бош сиёсий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Е. Нечаевнинг таъкидига диққат қилинг: «Мен Сумгаит воқеаларини кўрганман, лекин уни Фарғона даҳшати билан асло қиёслаб бўлмайди. Фарқлари: биринчи, ақл бовар қилмас даражада фақат жинояткорлар доирасигина қодир бўлган ғайритабиий шафқатсизлик; иккинчи, босқин аҳлининг юксак уюшқоқлиги ва эпчиллиги; учинчи, яширин тўда аъзолари фаолиятини ниҳоятда қаттиқ сир сақлаш (конспирация); чунки, ҳали босқин аҳли сардорларидан биронтаси ҳам қўлга олингани йўқ» («Литературная газета», 1989 йил июнининг 14-куни).

Бундай қаттиқ интизом, ғайритабиий ёвузлик, тартиблилик ва қаттиқ сир сақлаш каби сифатлар фақатгина махфий режани амалга оширишга қодир бўлган, худди Н. Лесков таърифлаган ўта хавфли жиноятчиларгагина хосдир. Махсус ва махфий хизмат «ходим»ларигина бажариши мумкин бўлган бундай фитнага ғазабкор омманинг, тўпори оломоннинг қодир эмаслиги барчага аён. Таъкидлаш лозимки, орадан қанча вақт ўтса-да, сардор ёвузлардан, моҳир жаллодлардан биронтаси қўлга олинмаган, совет матбуоти бу тўғрида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

ТУРТИНЧИ ДАЛИЛ.
Суднинг дастлабки хулосаларидан маълумки, Фарғона аҳли орасида миш-мишлардан васвасага тушиб, қотиллик қилган кишилар бор. Лекин атай авж олдирилган тўполонда дастлаб месхетлик туркларни бешафқат ўлдирганлар ўзбеклар эмас, балки асосан, ўзбекча кийиниб олган бошқа миллат вакиллари эканлиги энди кундай равшан. «Туркларни ўлдирамиз!», «Ўрисларни ўлдирамиз!», деб ғавғо бошлаганлар аслида бошқалар. Бунда, руслардан ташқари, дашноқлардан ҳам фойдаланилган, деган тахминлар бор. Қора ниятли, аниқ мақсадли кишилар ўзбек миллий либосидан моҳирона фойдаланганлар: месхетлик турк қиёфасига кириб, безорилик қилинганидек, ўзбек қиёфасига кириб ваҳшийлик қилинган. Мисол тариқасида, атоқли арбоб Нуриддин Муҳиддинов таассуротидан намуна келтираман: «Фарғона бўйлаб сафарларда мен атайлаб уюштирилган, халқимиз ва давлатимиз манфаатларига зид ҳаракатларга ҳам гувоҳ бўлдим. Ўзбек миллий кийимларини кийган, аслида бошқа миллатга мансуб кишиларнинг суратларини кўрдим». («Совет Ўзбекистони», 1989 йил августининг 12-куни).

ЎзТАГ мухбирининг ушбу маълумоти ҳам фитнани четдан келганлар авж олдирганлигини исботлайди: «Ғалати бир нарсага дуч келинмоқда: Ҳамма жойда бебошликларнинг қатнашчилари бошқа жойлардан келган кишилар, деб ишонтиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу нима, — ҳақиқатми ёки ҳадиксираб олдини олишми?» («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнининг 11-куни). Мазкур таъриф фақат Марғилон шаҳрига тегишли бўлса ҳам, мухбир «тағофили орифона» қилиб, ҳақиқатни ошкор этган. Қўлида ҳукумати, остида тахти бор кишиларгина фитнани ташкил этганлигига шу кўчирмалар асос бўла олади.

БЕШИНЧИ ДАЛИЛ.
Тўполон авж олмасидан бурун, халқ вакиллари фожианинг олдини олиш учун қаттиқ киришганлар. Нуриддин Муҳиддиновнинг синчков кузатувлари, келтирган бошқа далиллари, Қўқон шаҳридаги ҳаракатлар буни исботлайди.

Меҳнат фахрийси, кекса нафақахўр Отажон Раҳматов майнинг 23-кунидаёқ, жанжал қўзғолаётганда, Фарғона вилояти раҳбариятига бориб, халқни сафарбар қилайлик, аҳолининг ўзи Қувасой шаҳри атрофини ўраб, ўз фарзандларини йўлга солиши мумкин, деганида, улар қулоқ солишмаган. Табиийки, шўрлик муҳофизларни — уч-тўртта милиционерни жўнатишган. Ва… натижада, жанжал тобора кескин тус олган. Вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, жумҳуриятдаги барча «биринчи»лар қатори, Москвада — халқ депутатларининг 1-съездида бўлган. Бошқа раҳбарлар гўё воқеанинг моҳиятига етмаганлар («Совет Ўзбекистони», 1989 йил августининг 12-куни).

Аввало, ички ишлар бўлими ходимларининг ўзида қандайдир ички «сир» борлиги ҳодисалар замирида ҳам кўринади (тобе ижрочилар бундан мустасно). Қолаверса, вилоятдаги «иккинчи»ларнинг режадан бехабар эмаслиги яққол сезилади. Негаки, фитначиларнинг «режаларни аниқ тузиб, катта ташкилотчилик билан ҳаракат қилишларига шароит яратиб берилди». (Ўша манба). Зарур қарорларнинг керакли нуқталарга вақтида етказилмагани, бепарволикдан ташқари, атайин қилишлик ҳолатлари бўлганидан далолатдир. Чунки, партия аппарати ўз кўрсатмаларини ўзи хоҳлаган муддатда етказиш имкониятига эгадир. Бироқ вилоят «партия комитетининг мазкур воқеаларни муҳокама қилиб, 2-июнь куни чиқарган қарори 17-июнгача кўпгина ташкилотларга етиб бермаган» (Ўша манба).

Қувасойлик турк қавмлари ҳам, ўзбек қавмлари ҳам тартибсизликдан ташвишланиб, ноҳия ички ишлар бўлимларига мурожаат этишган. Лекин улар бундай илтижоларга қулоқ солмаганлар. Эстония халқ жабҳасининг аъзоси билан Абдулазиз Маҳмудов биргаликда тасвирга туширган ҳужжатли фильмда бу сўзларнинг исботи бор. Ҳатто қувасойлик бир турк аёли бу ишлар раҳбарият томонидан уюштириляпти, деб фарёд кўтаргани ҳам лентага туширилган.

Июннинг 7-куни тепадан вертолётлар «кузатуви»да бир неча юк машинасида келган нотаниш кишилар Қўқон шаҳрига кирмоқчи бўладилар. Негаки, тўполон қўзғашга асос бор — Қўқонда бир ярим мингга яқин месхетлик турк яшар эди. Фитнанинг авж олишини англаган қўқонликлар нотаниш оломонни шаҳарга киритмасликка уриндилар; шундай талаб билан шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат этдилар. Ички ишлар ходимларининг ваъдасига ишониб, халойиқ тарқалди. Лекин туш пайтлари, соат 2.30 ларда бегоналарга лиқ тўлган юк машиналари шаҳарга ўтказиб юборилди. ЎзТАГ мухбирининг кузатуви фитна қандай доирада уюштирилганлигини, бузғунчилик мақсадини қисман очади. «Биз газандалар тактикасини синчиклаб ўрганиб чиқдик. Улар Фарғона районида икки кун жадал ҳаракат қилганларидан сўнг, бир кун танаффусга чиқишади. Сўнг бундай манзара Марғилонда қайтарилади, энди эса навбат Қўқонга келди» («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнининг 10-куни). Месхетликларни атай таҳлика ва талвасага солиш учун тўполонни ўша ёққа кўчириш қатъий режалаштирилганлиги ушбу хабардан ҳам билинади: «Кимлардир аввал гиж-гижлатган безори ёшлар турклар кўпроқ яшайдиган районларга бостириб киришди» (Ўша манба). Ҳамма бало шундаки, ҳалиги юк машиналарида раҳнамо фитначилар билан бирга, миш-миш ва иғвога учиб, Тошлоқ, Марғилону Риштондан йўналган тубжой аҳоли ҳам бўлган. Улар фитнанинг асл мудҳиш мақсадидан ҳам, тўполонни кимлар бошқариб турганидан ҳам буткул бехабар кишилар, албатта.

Қўқон шаҳри — Туркистон миллатининг қадимий маданият, адабиёт ва санъат марказларидан; биру чорак асрлик истибдод остида миллий руҳ нисбатан тоза сақланган ўчоқлардан. Инқилоб деб аталган даврларда ҳам Қўқон мустамлакачи зобитлар мўлжалида турди. Туркистон мухторияти даставвал Қўқонда эълон этилганини фахр билан эслаш кифоя. Қўқонликларнинг юксак ҳушёрлиги, умумтуркий туйғуларни безавол сақлаганлиги туфайли ҳам, бундаги ҳаракат месхетлик қондошларга қарши пасткаш ҳаракат бўлмай, балки эрку ҳуқуқ йўлидаги чинакам сиёсий кураш эканлиги онгли жамоатчиликка аёнлашди. Митингга йиғилган халойиқ талабномасида ҳам месхетликларга қарши ҳеч қандай ғаразли даъво йўқ эди. Аммо ёвуз фитначилар бу адолатли ҳаракат билан, месхетликларга қарши уюштирилган тўполонни аралаштириб, қориштириб, чалкаштириб юборишга қаттиқ уриндилар. Қўқон халқининг тадбиркорлиги бунга йўл қўймади. Шу айтилган сабабларга кўра, фитна Қўқонда якун топиб, шаҳар халқи очиқ ўққа тутилди.

ОЛТИНЧИ ДАЛИЛ.
Фитна ташкилотчилари миш-мишларни атай бўрттириб, сохта далилларни ростдек тарғиб қилиб, васвасани кенг ёйишди ва оломон эҳтиросини ўт олдиришда матбуот кучидан фойдаландилар; расмий нашрлар орқали фақат бир хил маълумот тарқатиб, халойиқни қаттиқ ҳақоратлаб, ориятини қўзғаб исёнга ундадилар. «Турк-ўзбек» жанжалини, зўр бериб, бутун Ўзбекистонга ёйишга уриндилар. (Бу мақсадга эришилмагач, кейинчалик, Бўка ва Паркентда шу «ўйин»ни айнан такрорладилар). Тартибсизлик айбини гоҳ умуман диндорларга, гоҳ ваҳобийларга, гоҳида норасмий ташкилотларга ағдариб, шу баҳонада, уларни ҳақиқатни талаб қилишдан чалғитиб, фақат ўз-ўзларини ҳимоя этишга зимдан мажбур қилганликлари фитначи доираларнинг истибдод сиёсатида камида уч юз йиллик тажриба борлигини кўрсатади. Бунда инсон руҳиятини, айниқса, тўпланган оломон руҳиятини (психологиясини) пишиқ ўрганган, бутун ҳокимият ўз қўлида бўлган зотлар энг ишончли қуролни — матбуотни ўртага солдилар.

Фожиали воқеалар содир бўлган дастлабки кунлардаёқ Фарғона вилоятида СССР Ички ишлар вазирлигининг матбуот маркази тузилди. Фикр эркинлигига йўл қўймай, фақат бир хил хабарлар тарқатишда (хусусан, расмий нашрларда), «экстремист», «газанда», «бебош», «ваҳший», «босқинчи», «пасткаш», тартиббузар», «бандит» сингари туҳмат, бўҳтон ва ҳақорат сўзларининг мақоладан мақолага кўчиб юришида аввало мазкур матбуот маркази ташаббускордир. Асосан четдан, аниқроғи, Россиядан келган раҳбарлар бошқарувидаги «матбуот маркази маҳаллий партия ва совет органлари билан мустаҳкам алоқада иш олиб борди». («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июлининг 6-куни). ЎзТАГ мухбири В. Татариновнинг матбуот маркази ходими А. И. Тайитов билан ўтказилган суҳбатидан бу «марказ»да асосан кимлар фаолият кўрсатгани ойдинлашади: «СССР Ички ишлар министрлигининг раҳбарлик состави — СССР Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлар қўмондони Ю. В. Шаталин, мамлакат жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи В. К. Панкин, Ўзбекистон ССР Ички ишлар вазирининг ўринбосари Э. А. Дидоренко ва бошқалар оммавий ахборот воситалари ходимлари билан мунтазам учрашиб турибдилар» (Ўша манба).

Изоҳга ҳожат йўқ — эсли одам фитнанинг қай доирада уюштирилганини дарров фаҳмлайди.

Танаси бошқа дард билмас, деганларидек, ўзбек миллатига мансуб дардли мухбирлар вилоятга киритилмади. Уддасидан чиққан айрим ёзувчилар, масалан, Нуриллоҳ Отахон, Нодир Нормат ўз ташаббуслари билан машаққат чекиб, бориб келдилар. ЎзТАГ мухбирлари исм-шарифларини яшириб, баъзан иғвогарлик руҳида мақолалар ёзишди. Фақат «Совет Ўзбекистони» мухбири Алишер Ибодинов ўз жигарпора юртдошларининг зулмдан қақшаётганини турли лутф ва ишоралар билан ошкор этиб турди, холос.

Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб ёки шунчаки томошага чиқиб, кейин уюштирилган оммавий тартибсизликка аралашиб кетган ёш-ялангларга, айбсиз халойиққа: «Спиртли ичимликлар ичган ва наша ҳамда қорадори истеъмол қилган 16—20 яшар йигитлар ўйламай-нетмай, ваҳшийларча ҳаракат қилдилар», деб туҳмат тошлари отилди («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнининг 8-куни).

Ажабки, Олмаотадами, Фарғона, Бўка ёки Паркентдами, Душанбе шаҳридами, бир ҳақли талаб билан халойиқ тўпланса, улар албатта «спиртли ичимлик ичган», наша, қорадори «истеъмол қилган», ҳамда «жамоат тартибини бузган» бўлиб чиқади. Мазкур айбномалар Совет Иттифоқидаги фитналар пайтида худди расмий сўзлар каби алоҳида урғу билан қўлланади.

Бироқ Фарғона вилояти табобат текшируви (медэкспертиза) ташкилоти ходими Ҳасан Раҳмонов 1989 йил июнининг 13-куни жумҳурият ойнаижаҳони орқали берган мусоҳабасида текширилган 100 кишидан биронтасида ҳам наша чекканлик аломатлари аниқланмаганини таъкидлади. («Ёшлик» ойномаси, 1989 йил 11-сон). Шундан сўнг тегишли мутахассисларнинг матбуотда чиқиши алоҳида назорат остига олинди ва фитна манфаатига зид гапларни айтиш тақиқланди.

Ўзбек қавмининг месхетлик туркларни жазолаш нияти тўғрисидаги ваҳимали хабарлар, туҳмат, маломатлари ўзбекни қанчалик ғазабга миндирса, месхетлик турклар қавмини унданда ортиқроқ васвасага солди. Бундан муайян мақсад бор эди, албатта.

Ўзбек қавми ўртасида месхетлик туркларни жинояткор, айбдор қилиб кўрсатадиган миш-мишлар ва айниқса, турк қавми ўртасида ўзбекларни ваҳший қилиб кўрсатадиган ўта ваҳимали миш-мишлар махсус тарқатилгани кейинчалик матбуотда қисман фош этилди. Бироқ шундай миш-мишларни кенгроқ, ишонарлироқ ва тезроқ ёйишда матбуотнинг ўзи кўпроқ хизмат қилди. «Туб аҳоли билан месхети турклари ўртасидаги тўқнашув уркалтакка айланиб кетди», «ҳалок бўлганлар орасида хотин-қизлар ва болалар оз эмас», «амалда аҳиллик йўқ» («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнининг 8-куни), деган гаплар ҳар икки қавмни ворис ёвлардек қилиб қўйди. Сўнг, бу миш-мишлар ўз вазифасини ўтаб бўлгач ва тартибсизлик ҳаддан ошгач, хотин-қизлар ва болалар ўлгани тўғрисидаги хабарлар рад этилди.

Дастлабки кунларда, тартибсизлик фақат миллатчилик руҳида, деб зўр бериб уқтирилди. Ҳатто кейинроқ ҳам, ноқонуний тарзда одамларни отиб ўлдирган ҳарбийлар ўзларини шундай важлар билан оқладилар: «Масалан, СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари Фарғона вилоятида миллий негизда бўлган оммавий тартибсизликлар чоғида олти марта қурол ишлатдилар» (ТАСС мухбири. «Совет Ўзбекистони», 1989 йил июлининг 6-куни). Ҳолбуки, ғалаён авж олиб кетган кунларда: «Ҳозир экстремистларнинг ваҳшийлиги ва бебошлиги миллий негизга асосланмаганлигини очиқ-ойдин айтиш мумкин», деб бу иғвогарлик ҳам фош этилди (ЎзТАГ, 1989 йил июнининг 10-куни).

1989 йил июнининг 10-кунларида биз Дадахон Нурий билан Наманганга бориб, икки кун месхетлик қондошларимиз маҳалласида турдик. Уларнинг ваеваса ва талвасага тушган аянчли ҳолатини кўриб, киши танг қолади. Болаларни, кексаларни ва аёлларни ПМК биносида сақлаётган эканлар. Янги туғилган икки чақалоқни туғруқхонадан келтириб, бинонинг остхонасида асраётирлар. Ватанга қайтиш кунлари насиб этсин, деб ўғил боланинг отини …Ватан қўйишибди. Албатта, уларга нисбатан ҳам номаълум бир тўда қўрқув солиб турди. Бироқ бутун қуролланган милиция ва маҳаллий ҳукумат хизматчилари қаттиқ қўриқлаб турган маҳалла ичидаги қўрқув ва даҳшат бизни ҳайратга ва шубҳага солди… Уларнинг бутун диққат-эътибори радио ва ойнаижаҳонда! Қани, яна нима деркин? Қани, яна қанақа ваҳшийлик?! Совет матбуоти уларга ўзбек қондошларини шу қадар ваҳший қилиб кўрсатиб қўйган эдики, ҳатто ўроқ, кетмон кўтариб, узун металлардан қўлбола қиличлар ясаб, ҳимояга шайланган эдилар. Кечқурун ойинаижаҳонда «Время»ни кўриб, баттар қақшайдилар. Бундай усулда миш-миш ва васвасани кўпиртириш фитнанинг бош мақсадини очмай иложи йўқ.

Фожиали кунларда Ёзувчилар уюшмасида ҳам маҳсус гуруҳ ташкил этиб, рўйхат тузиб, Фарғонага юборишларини сўрадик. Ўзбекистон Министрлар Советининг собиқ раиси Ғайрат Қодиров уюшмага келиб, суҳбат ўтказди, эртагаёқ самолёт жўнатаман, деб ваъда берди. Лекин Компартия Марказқўми рухсат бермади, ёзувчилар ташаббуси амалга ошмади. Ҳақиқий аҳволни ўзбек ёзувчиларидан яширмоқчи бўлдилар. Имкон топганлар ўзи бориб, кўп нарсани тушуниб қайтди!..

Фарғонада комендантлик соати жорий этилганида, бунинг қонун-қоидаси тажрибасиз элга ўз вақтида тўғри тушунтирилмади. Боз устига, хонадонлардаги қуроллар, яъни ов милтиқлари топширилсин, деб эълон этилгач, милтиғи борлар келтириб топширишди. Матбуот маркази эса шу ўринда ҳам иғвогарлик усулини қўллади: «Бугунгача 7718 та совуқ қурол ва милтиқ тортиб олинди» (ЎзТАГ, 1989 июнининг 17-куни), деб халқ ғазабини баттар оширди..

Таниқли шахсларнинг, лақма арбобларнинг, гўл депутатларнинг, партия ва ҳукуматнинг ғамгин ҳамда ваҳимали мурожаату даъватларини ташкил этган фитначилар, амалда, матбуот орқали халқни ғалаёнга қўзғадилар. Матбуотнинг барча туридан керагича фойдаланиб қолдилар. Зеро, вилоятда жойлашган матбуот маркази бош фитначиларнинг «ишончли қўлларида» эди!

ЕТТИНЧИ ДАЛИЛ.
Матбуотда расман тарқатилган хабарлар қанчалик пала-партиш, телба-тескари бўлмасин, мухбирлар фитнанинг аниқ уюштирилганини ошкор этиб қўйдилар. Масалан, ўзбек қавмини турк қавмига қарши қайраш учун махсус тайёрланган фотосуратлар тўғрисида ЎзТАГ мухбири бундай деб ёзди: «Месхет туркларини ёмонотлиққа чиқариш учун тайёрланган сохта фотосуртлар ҳали ҳам қўлма-қўл юрибди». («Ёш ленинчи», 1989 йил июнининг 17-куни). Албатта, мухбирларнинг кўпи фитнанинг ким томонидан ва нима мақсадда уюштирилганини пайқагани йўқ. Бундай тўғри маълумот эса сохта «кўргазмали қуроллар» ўз вазифасини бажариб бўлгач, комендантлик соати жорий этилганидан кейин ошкор қилинди. Марказий рўзномалардан бири маҳаллий суратхоналар ва суратчилар сохталиги деярли билинмайдиган бундай фотосуратлар тайёрлаш имкониятига эга эмас, деб ўз шубҳасини баралла билдирди. Дарҳақиқат, бундай суратларни ўзбек халқининг вакиллари тайёрламаган эдилар. Бу махфий идораларнинг иши! Ахир, жиноятга қўл урган, дейлик, суратда акс этганидек, бола ўлдираётган бирон зот, суратчининг «фото кўзи» қаршисида туриб, ўзини намойиш этмайди-ку! Афсус, гангитилган оломон шу оддий мантиқсизликни англашга қодир эмас эди.

Ю. Шаталиннинг ушбу сўзларига эътибор қилинг: «Ҳужум қилаётган кишилар Калашников системасидаги автоматлар, пистолетлар ва милтиқлардан фойдаланганликларини кўрдик» («Совет Ўзбекистони», 1989 йил, июнининг 10-куни). Бошқа бир ўринда эса Шаталин Қўқон шаҳри аҳолиси ҳамда байналмилал жангчилар «экстремистларга зарба бериш учун» ёки «ўзларини ҳимоя қилиш учун» қурол сўраб, мурожаат қилганини ва «бу масала кўриб чиқилаётгани»ни айтади. Бу эътирофлар халойиқнинг тартибсизликка буткул қарши эканини, қурол-яроқ эса атайин, ҳарбийлар томонидан керакли кимсаларга берилганини исботлайди. Совет фуқароси оддийгина ов милтиғини неча «текшир-текшир»у ҳужжатбозликлардан сўнг олиши мумкинлиги барчага аён. Оддий миллий пичоқнинг «паспорти», яъни қини бўлмаса, пичоқдор шубҳа остига олиниши тайин. Хўш, неча йиллардан бери бировга ҳатто мушт ўқталиб майдонга чиқмаган, тирикчилиги зўрға ўтаётган халойиқ назорат ҳаддан ошган тузумда Шаталин кўрган «автомат ва пистолетлар»ни қайдан топиши мумкин?! Фитначиларнинг ўз одамлари ҳам тўполонда қурол кўтариб юрмаганмикан?!.

ЎзТАГ мухбириниг ушбу эътирофи бу фикрни исбот этмайдими: «Бу ерда тартибсизликлар ўз-ўзидан келиб чиққанлиги ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас. Бу олдиндан аниқ-равшан режалаштирилган операциядир» (Ўша манба). Агентликнинг бошқа хабарларида! ҳам бу таъкид учрайди: «Кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқяпти: Тартибсизликлар олдиндан тайёрланган» («Ёш ленинчи», 1989 йил июнининг 17-куни).

Тартибсизлик ташқаридан тартиб билан бошқариб турилгани учун, мухбирлар, кечроқ бўлса ҳам, фитнанинг олдиндан тайёрланганини илғаганлар. Лекин жумҳурият халқини чалғитиб, Фарғона аҳлини гангитган нарса шуки, воқеанавислар айбсиз халойиқ билан тажрибали фитначиларнинг фарқига бормай, бор айбни халққа ағдараверганлар. Бошқа томондан, бунга ўзбек халқи айбдор эмас, деб гўё халқни исноддан сақлаб қолиш учун «меҳрибонлик» ҳам қилганлар.

САККИЗИНЧИ ДАЛИЛ.
СССР Ички ишлар вазирлиги Фарғона воқеаларида қатнашганларни бешафқат жазолаш учун Россиядан икки юз кишидан ортиқ терговчилар гуруҳини жалб этгани фитнанинг махсус уюштирилганлигини ва унинг айрим мақсадларини узил-кесил фош этади.

Эътироз бўлиши мумкинким, икки миллат ўртасида жанжал чиқса, бошқа миллатга мансуб ҳуқуқшуносларгина ҳакамлик қила олади, деб. Тўғри, унда нега бу «ҳакамлар» айнан Россиядан бўлиши шарт? Нега Болтиқбўйи ёки Кавказ орти жумҳуриятларидан эмас?!

Фикрловчилар, албатта, бу саволлар замирида кучли мантиқ борлигини сезадилар.

ТУҚҚИЗИНЧИ ДАЛИЛ.
Ушбуни расмий кишилар далил ҳисобламасликлари мумкин. Сабаб, мен шундай бир шахснинг хатидан парчалар келтираманким, у шахснинг соғлигини давлат идоралари шубҳа остига олганлар. Борди-ю, уларнинг шубҳалари пуч чиқса, ушбу далил фитнани тайёрлаш жараёни ҳамда вақтидан дарак беради.

Янгийўл шаҳридан Н. М. Ахременко деган киши жамоатчиликка ёзган мактубида 1989 йилнинг январида Тошкент шаҳри, Куйбишев туманининг прокурори А. Крестовников уни чақирганини, жумҳурият прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги устидан шикоят ёзишни бас қил, деб сўраганини, хат муаллифига пора таклиф этганини таъкидлайди. Н. М. Ахременко рад этгач, А. Крестовников бундай дейди: «Ахременко, сен Анишчев ва Усатовдек одамлар оёғи остида ўралашма! Ахир, сен ҳам биздек «оқтанли»сан-ку! Биз Чуркистонга («чурбан», «чурка» каби ҳақоратли сўзларга ишора қилиб, Туркистонни мазах қилмоқда) англиялик оқтанлилар Африкага боргандай, пул ишлаб олгани келганмиз… («Бирлик» хабарномаси, 1989 йил, 6-сон).

Крестовников уни қўрқитмоқчи бўлиб:—«Москвага шикоят ёзишни бас қил, — дейди. — Сен ҳеч нарсага эришолмайсан, биз ҳаммасини сотиб олиб қўйганмиз. Москва бизнинг қўлимиздан емак ейди, у бизни бу ёққа пул ишлаш учун юборган» (ўша манба).

Хуллас, бу тафсилотдан сўнг, Н. М. Ахременко хатининг энг ғаройиб жойидан кўчирма келтираман: «Қонунсизликка қарши курашим 1989 йилнинг январигача давом этди. Ўшанда, Янгийўл ЖҚБ (Жиноят қидирув бўлими) бошлиғининг муовини Н. Гельман мен билан дўстлашишга тиришиб қолди. Унинг онаси бизникига яқин туради. Менинг келиб чиқишим славян эканини таъкидлаш билан, у Анишчев ва Усатов номидан Фарғонага боришимни, у ерда Ўзбекистондаги рустилли раҳбарларни ҳимоя қилиб, митинг уюштиришимни (бу митинг кейинчалик ҳаракатга айланиши керак эди) сўради. Агарда бу барбод бўлса, айбни «сотилган милиция» зиммасига ағдаришимга, Крестовников тўғрисида ҳеч кимга индамасликка ундади. Мана шу ишларим учун мендан ҳар қанақа айбларни олиб ташлашини: Ишга тикланишимни; ишлаб чиқариш чоғида жароҳатланган, деб варақа тўлдириб, пул тўлашини; ишлаб чиқариш ногирони сифатида нафақа тайин қилишни; уч йиллик мажбурий прогул учун ҳам пул ундирилишини; соғлигимни тиклашим учун обрўли санаторийга жўнатилажагимни маълум қилди.

Мен Анишчев ва Усатов бошлиқ ҳамда улар ҳомийлигидаги рустилли раҳбарият томонидан қонли иш ташкил этилаётганини тушундим ва 1989 йилнинг апрели бошлангани учун СССР юқори ҳуқуқий ва сиёсий давлат идораларидан 26 тасига хат ёза бошладим. Аммо уларнинг биронтаси ҳам чора кўрмади, Фарғона фожиасининг яқинлашаётганини ҳис қилганимдан, СССР халқ депутатлари съездига учта телеграмма жўнатдим. Бироқ барчаси жавобсиз қолди. Шундан кейин нима бўлгани бутун дунёга аён» (Ўша манба).

Хатда ёзилишича, 1989 йил май ойининг 30 куни Янгийўл шаҳар ички ишлар бошқармасининг бошлиғи ўринбосари Вульвач Ахременко Фарғонага бориш тўғрисида топшириқ олганини ёзгудек бўлса, унинг ўзини ва оила аъзоларини йўқ қилажагини айтиб, огоҳлантирган.

Бу гаплар руҳан хаста кишининг гапларига ўхшамайди. Бу сўзларни ўзидан тўқиб чиқариш учун эса Михаил Булгаковнинг иқтидори керак. Аммо муаллиф фитна ташкилотчилари, деб фақат жумҳуриятдаги рус тилли раҳбарларни кўрсатаётгани баҳсли: «Бу «десантлар» фақат марказга ижрочилик қилдилар, дейилса тўғрироқдир. Н. М. Ахременко хатларига, телеграммаларига Москванинг пинак бузмаганлиги бунга далилдир.

ФИТНА ОЛДИНДАН ТАЙЕРЛАНГАН РЕЖА АСОСИДА МАХСУС УЮШТИРИЛГАН БЎЛСА, ТАШКИЛОТЧИЛАР ХАЛОЙИҚНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ КЎЧАГА БОШЛАБ ЧИҚДИЛАР?

Келтирилган далиллар замирида бу саволга қисман жавоблар бор. Тўполонни ривожлантиришдагн матбуот марказининг хизматини анча баён этдик. Қарор топган умумий тенгсизлик ва адолатсизликлардан ташқари, месхетлик қавм билан ўзбек қавмининг айрим вакиллари ўртасида баъзи одобсизликлар, ҳатто ҳақоратсифат қилиқлар бўлганини инкор этиш мумкинмас. Аммо айрим муаллифлар ғалаён асосини фақат шу зиддиятлардан қидириб, янглишадилар. Бундай воқеанавислар турк қавмига қарши атай қўзғотилган қаҳру ғазаб таъсиридан қутула олмаган кишиларнинг нохуш кайфиятини ифода этадилар. Бундай ҳол фитнани бошлаб олишга имкон берди, холос. Ахир, жанжални кимлар бошлаб бергани, кимлар авж олдиргани энди маълум-ку!

Аммо халойиқнинг тез тўпланиб, тартибсизликка аралашиб кетганининг сабаблари кўп. Аввало, халойиқ илгари бундай фитнага дуч келмаган эди. Кейин, ғалаён кечган барча туманларда элнинг иқтисодий аҳволи хароб: очлик, қашшоқлик, муҳтожлик ва ошкора адолатсизликлар устига вилоятнинг табиий (экологик) ҳолати ҳам расво! Сўх сув омбори қурилиши, Янги Қўқон кимё заводи, 1-пахта тозалаш заводи, Суперфосфат заводи, Олтингугурт омбори, қишлоқ хўжалигида қўлланаётган заҳарлар Фарғонани бўғар эди. Бундан ҳам баттар халқни эрксизлик бўғар эди. «Ярим оч, ярим яланғоч миллат динга ҳам, санъатга ҳам эга бўла олмайди» (Маҳатма Ганди), дейилганидек, буларнинг бари халқнинг маънавий ҳолатига ҳам зуғум ўтказган. Халқ ўзи асабий, сабр косаси тўлган, ноҳақликлар чидаб бўлмас даражага етган эди. Ҳақ йўлида қонуний курашлар бошлаган халққа лоақал гапириб, кўнглини бўшатиб олишга ҳам имкон беришмас, митинглар асоссиз рад этилар эди. Ҳукмдорлар билмайдики, босим кучайса, исён кутилмаган бир жойдан тешиб чиқади. 1989 йил январпнинг 17-куни бир гуруҳ кишилар жамоатчилик номидан Қўқон шаҳар ижроқўмига мурожаат қилиб, экология масалаларига бағишланган митинг ўтказишга рухсат сўрашди. Ижроқўм рад қилди.

Бутун Ўзбекистонда бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам ишсизлар кўпайиб кетган. Шунга қарамай, шаҳар корхоналарига тубжой халқ вакилларини қабул қилишмас, ҳатто 1988 йили «Фарғона шаҳар Совети теварак-атрофда яшовчиларни ишга олмаслик ҳақида қарор чиқарган» эди. («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнининг 13-куни). Ҳолбуки, айни вақтда бошқа ўлкалардан, айниқса, Россиядан ишчилар келтирилаверган, ишчиларнинг кўпроқ рус ёки рустилли бўлишига эътибор кучли эди. Халқнинг дарди ичида бўлган. Фитна ташкилотчилари бу вазиятни яхши ўрганганлар.

Халқни қаҳрлантиришнинг нозикроқ усулари қўлланди. Бир исмсиз мухбирнинг фикрича, ўзи оч халқ вилоятдаги ҳарбийларни ҳам боқиши керак эмиш! Бу қуролли тиланчилик эмасми?!

Мнллий истиқлол ҳаракати вакилларини шу пайтгача «босмачилар» деб келишганидек, Ю. Шаталин маҳаллий халойиққа нисбатан «босқинчи унсурлар» деган иборани қўллайди. Афғонистонда қон кечиб, ўлмай келган ёш йигитнинг Қўқондаги марказий майдонда Шаталин бошқарган ички қўшин ўқидан жувонмарг бўлганини кўрганлар, албатта, босқинчи унсур кимлигини фаҳмлайдилар!

Ҳамиятни таҳқирловчи шундай усуллар устига: «Сахий халққа нима бўлди?», «Азалдан одамохун фарғоналикларга нима бўлди?», «Меҳмондўст элга нима бўлди?!», деб матбуотда «ғазаб билан қораловчи» (матбуот тили) мақола уюштиришлар, фитна моҳиятидан бехабар адиб ва арбобларнинг четдан туриб қилган ваъз-насиҳатлари халойиқнинг тоқатини тоқ қилди. Ички қўшин Фарғонада ўрнашиб, қонли фаолиятини бошлаган кунларда ҳам, норозиликни сунъий равишда кучайтириб, тўполонга ундовчи иғвогарликнинг давом этгани шаҳидлар сони кўпайишига сабаб бўлди.

Кўчаларда, майдонларда, кишилар билан гавжум жамоат жойларида қурол ишлатиш махсус қарорлар» билан тақиқланган бўлишига қарамай, 1989 йил июнининг 7, 8-кунлари ички қўшинлар Қўқон шаҳридаги марказий майдонларда хунрезлик қилдилар. Июннинг 7-куни халойиқ ноҳақ қамоққа олинган йигитни қўйиб юборишларини талаб қилгани учун, шаҳар ички ишлар бўлими идораси олдида милиционерлар (ёки милиция либосидаги қўшин) бегуноҳ оломонни автомат ва тўппончалардан ўққа тутдилар. Бу ёвузлик халқни яна ҳақиқат майдонига бошлаб чиқди ва мазкур хунрезликни қоралаб, июннинг 8-куни халойиқ йиғин (митинг) ўтказди. Йиғиннинг олдинги қаторидаги кишилар ўтириб, орқадагилар тик туриб, шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби X. Н. Мусабеков нутқини тинглаётган эдилар. Талабгорлар ўзларининг бешинчи талабларини ўқиб эшиттираётганларида, тағин аскарлар уларни ўққа тутишган. Ҳатто дод-фарёд кўтариб қочиб бораётган халойиқ ортидан ҳам отишни давом эттираверганлар. Бу қонхўрликни яшириш учун матбуот марказидан қуролланган оломон партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза этиш идораларига ҳужум қилдилар», деб иғво тарқатишди. Қарангки, Фарғона вилояти прокурорининг эътироф этишича, июннинг 7-куни «тартибсизликлар пайтида, тергов изоляторига ҳужум уюштирилганлиги ҳам асоссиз бўлиб чиқди» («Коммуна» рўзномаси, 1989 йил июлининг 18-куни).

Лашкар буткул ноқонуний тарзда қон тўкканлигининг энг ибтидоий далили шуки, ҳарбий саркардалар қурол ишлатилганини жон-жаҳдлари билан яширишга тиришдилар. Қўқон шаҳар «Знамя труда» рўзномасининг бир кунда — 1989 йил 9-июль куни чиққан икки хил (!!!) сонини ўқиган киши партия органи ҳарбийлар ёвузлигини яширишга қанчалик уринганлигини яққол англайди. Рўзномани йиғиб олиб, сиёсий таҳрир билап қайта босишган бўлса-да, дастлабки нусхаларп айрим-кишилар қўлида қолган эди.

СССР Ички ишлар вазирлиги тарихида биринчи дафъа Фарғонада ўзбек туркларига қарши ҳаво десанти қўлланди.

Июннинг 17-куни Марғилон шаҳри марказидаги соқчи соат беш дақиқа кам ўнда, яъни комендантлик соати муддатига ҳали беш дақиқа бўла туриб, мотоцикл минган ўзбек йигитини отиб ўлдиради. Эрталабгача кўчадаги дарахтга жасадни бўйнидан осиб қўйишади. («Ёшлик» ойномаси, 1989 йил 11-сон). Тағин айбни туркларга тўнкаб, халқни уларга қарши қаҳрлантирмоқчи бўлишди. Ҳолбуки, месхетликлар бу пайт ўз ташвиш — таҳликалари билан банд эдилар…

Ҳақли талабларнинг фитна кунларига тўғри келгани, халқимизда сиёсий кураш маданиятининг пастлиги, бобомерос қизиққонлик бузғунчиликнинг авж олиб кетишига сабаб бўлди.

Фитначилар қулай фурсатни топдилар. Фарғона фожиасн жумҳуриятнинг собиқ раҳбари Рафиқ Нишонов СССР халқ депутатларининг 1-съезди минбаридан туриб, «Всё идёт нормально!», деб чиранаётган бир пайтда содир этилди ва ўзбек раҳбарларининг фаросати қай даражада «нормально» эканлигини жаҳон жамоатчилигнга кўрсатди. Раҳбарликка бефаросат кишиларнинг танланиши ёвузлик салтанатининг эркин ҳукм юритишига имкон яратади. Ўша маҳал жумҳурият раҳбариятининг лақмалиги шу даражада эдики, ҳатто партия-ҳукумат номидан эълон қилинган баёнотда ҳам босқинчиларнинг юз йиллик тажрибасида синалган сўзларини қўллаб, «кўпчилиги спиртли ичимликлар ва наркотик моддалардан маст ҳолатдаги безори ёшлар», деб таъкидланган эди. («Совет Ўзбекистони», 1989 йил июнинннг 6-куни).

Алқисса, Фарғона вилоятида «Понтий Пилат башорати»ни амалга оширмоқ учун шароит етарли эди. Қолган шарт-шароитни ўзлари яратиб олдилар.

ФИТНА НИМА МАҚСАДДА УЮШТИРИЛДИ?

«Эришилган натижа»ларга кўра, фитнадан мақсад кўп булган.

БИРИНЧИ МАҚСАД.
1989 йил — Оврупо миқёсида туркий халқларга қарши кураш йили бўлди, десак муболаға қилмасмиз. Булғория Халқ жумҳурияти аҳолисининг катта кўпчилиги сунъий равишда халқнинг мусулмон қисмига қарши қилиб қўйилган («Известия», 1990 йил январининг 4-куни) ва 30 мингдан ортиқ турк кўчиб Туркияга кетгани, оқибатда Булғория саноатига, қишлоқ хўжалигига анча путур етгани жаҳон афкор оммасига маълум. Югославия жумҳуриятида ҳам туркларга қарши кайфият уйғотилгани, туркларнинг кўчиб, улоқиб, қанча сарсон бўлгани бутун дунёга аён. Туркийларга, умуман, мусулмонларга қарши кураш махфий режалаштирилганми ёхуд тарихий тасодифми? Бу хусусда аниқ сўз айтиш мушкул. Лекин ўзимизнинг кунчиқарда — Хитойнинг Шарқий Туркистон мусулмонларига нисбатан аччиқ муносабати ва бунга сари Русь билан Чин давлати муносабатларининг тобора илиқлашиб бораётгани, кейин Озарбайжондаги бешафқат қирғин-қатағонлар кишини тағин ўй-гумонларга солади. Туркий мусулмонларга қарши кураш қўзғотилган бошқа юртлар ҳам Советлар билан мустаҳкам алоқада бўлган давлатлардир.

Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, дейлик, «туркийларга қарши кураш» маъракасидан энг унумли фойдаланиб қолгани Совет мамлакати бўлди. Бу сўз маъносини ва биринчи мақсад моҳиятини очмоқ учун айрим далилларга мурожаат этамиз.

Рус олимлари ҳам маданият арбобларининг 1989 йил декабрь ойида ўтган «Қайта қуриш ва Россия тақдири» мавзуидаги илмий-назарий конференцияси рус халқига мурожаат қабул қилди. Бу даъватни «Миллат бешигини қайта тиклайлик» сарлавҳаси остида матбуотга чиқаришди. Анжуман мурожаатида, асрлар давомида улуғ рус элати, кейинчалик эса миллати асосий қисмининг машғулоти деҳқончилик бўлиб қолгани таъкидланади; истовчилар ўз туққан қишлоқларига қайтиб, хўжалик юргизишлари учун шароит яратиб беришга Совет ҳукумати идоралари даъват этилади. («Литературная Россия», 1990 йил январининг 12-куни). Бу тадбир Россияни ҳам, бошқа жумҳуриятларни ҳам иқтисоднй таназзулдан қутқариши, шу билан бирга кўп юртларнн миллий низолардан халос этиши мумкин эди!

СССР Халқ депутатларининг II-съезди ўтаётган кунларда россиялик депутатлардан бири Марказий ойнаи жаҳон орқали берган мусоҳабасида «рус ялқовлиги» тўғрисида қаттиқ куюниб қолди! У, рус кишиларида ер туйғуси йўқолиб кетаётганини, руслар ўзларини турли шаҳарларга ураётганларини ўкинч билан гапирди. Бу Россиянинг битмас-туганмас катта дарди!..

Дарҳақиқат, эгасиз қолган минглаб Россия қишлоқларида деҳқончилик, чорвачиликни юргизадиган одам йўқ. Ўзбекистоннинг расмий рўзномаларида 1988 йил охири, 1989 йил бошларида Россиянинг бўшаб ётган қишлоқларига бу соҳанинг пирлари бўлмиш ўзбекларни даъват этувчи эълонлар босилди. Унда «бузоқбоқар керак», «молбоқар керак», деган аниқ иборалар ҳам учраб турди. Ана шу чораларга жавобан» «ишчи қўллари бисёр бўлган» Фарғона водийсидан, «Наманган вилоятининг аҳоли зич жойлашган» туманларидан юзга яқин оила РСФСРнинг Киров вилоятидаги бўм-бўш қишлоқларга кўчиб кетди. («Ёш ленинчи», 1989 йил апрелининг 11-куни) Бироқ азалдан ўтроқ, бировнинг юртида сиғинди бўлиб яшашга ўрганмаган ўзбек халқи вакиллари кутилганчалик кўп кўчмадилар. Россиянинг дарди давосиз қолаверди!..

Ана энди, месхетлик турклар Ўзбекистондан Россияга кўчириб кетилаётган кунларда, телевидение мухбирининг СССР вазирлар советининг собиқ раиси Н. И. Рижков билан ўтказилган суҳбатидаги ушбу сўзига эътибор қилинг: «Меҳнатсевар турк халқи, қаерга бормасин қишлоқ хўжалигини, қишлоқни кўтаради»! Рижков дарҳол туркларни кўчириб кетиш «вақтинчалик тадбир» эканлигини таъкидлайди. («Ёш ленинчи», 1989 йил июнининг 16-куни). Алқисса, мухбирнинг билиб-билмай айтган сўзидан фитнанинг мудҳиш сири очилади: Яъни, кўзда тутилган биринчн мақсад «меҳнатсевар турк халқи»ни Россиянинг қишлоқ хўжалигини тиклаш учун мардикор тарзида кўчириб кетишдан иборат эди. «Ўзбекистонда туркларга қарши кайфият сақланиб қолган», деб кўрсатиш учун Бўка, Паркент туманларида ҳам фитна уюштириб, туркларнинг қолган-қутганини кўчириб кетишга уринганлари сирни янада фош этади.

Илова. Турк миллий ташкилотининг кейинги интилишлари кучаймоқда эди. Месхетликларни Гуржистондаги ўз тарихий юртларига кўчирмаслик сабабларидан бири шуки, унда уларнинг Туркиядаги қондошлари билан яқинлашиб қолиш «хавфи» бор! Фитна ва туркларни Россияга кўчиришдан кўзда тутилган яна бир мақсад — уларнинг Ватанга қайтиш ғоясини йўққа чиқаришдир. Мана, ёмонлигинг учун сенларни ўз қондош ўзбекларинг қувди, шунга қарамай, Россия ўз паноҳига олди, деб таъкидлаб, бўйнини яна ҳам қисиб яшашга маҳкум этиш, бу баҳонада «ассимиляция-диссимиляция» қоидасига кўра, туркларнинг Россияга «едирилиб», миллат сифатида ўзлигидан жудо бўлишини таъминлаш кўзда тутилган бўлса ҳам ажаб эмас! «Кулфатда қолган туркларни РСФСРнинг саккиз вилоятига кўчириш режалаштирилгани», турклар эса бир вилоятга, ҳеч бўлмаса, уч вилоятга кўчиришларини илтимос қилганлари, шунга қарамай, уюшиб яшашларига йўл қўймасдан, «бир қанча. марказий областларга кўчиришга қарор қилингани» ва турли хўжаликларга тарқатиб юборилгани бунга далолат эмасми? (Кўчирмалар ТАСС хабаридан: «ёш ленинчи», 1989 йил июнининг 17-куни).

ИККИНЧИ МАҚСАД.
Ҳар бир миллатнинг улуғлари ўз халқининг кўнглини ва руҳини кўтариб, дунёда мағрур музаффар яшаши учун қайғуради. Буюк бобокалонимиз Маҳмуд Кошғарий ифтихор ила ўз элининг таърифини келтириб дейди: «Ибн Алқарқий деган одам… пайғамбардан шу ҳадисни ривоят қилади: «Улуғ тангри айтади: «Менинг бир тоифа аскарим бор, уларни турк деб атадим, уларни кунчиқарга жойлаштирдим. Бирор ҳалқдан ғазаблансам, туркларни уларга қарши йўллайман». Бу нарса улар (турклар) бошқаларга нисбатан фазилатли эканини кўрсатади. Ҳатто тангри уларга ўзи от қўйган, исм берган, уларни энг баланд ерларга, хушҳаво жойларга ўрнатган ва ўзининг ботирларидан санаган. Туркларда кўркамлик, ёқимлилик, одоблилик, сўзининг устидан чиқишлик, дадиллик, камтарлик каби мақташга сазовор хулқлар сону саноқсиздир». («Девону луғотит-турк», 334—335-бетлар). Бу ҳадисдан битта туркий эл дарахтининг турли шохлари бўлмиш ўзбек, қозоқ, озарбойжон, туркман, қорақалпоқ, татар, қирғиз, уйғур, месхет турклари, булғор, қалмиқ ва бошқа барча туркийлар муштарак ифтихор туйишлари муқаррар. 70 йиллик ғаройиб сиёсат остида битта туркий миллатнинг ўндан ортиқ қавмлари ҳар бири алоҳида миллат бўлиб шакллангани бу улуснинг руҳий имкониятлари нақадар улуғ эканлигини тасдиқлайди. Афсуски, узоқ замон Советлар байроғи остида бу қондош туркийлар бирлиги, яқинлиги чекланди. Улар ўртасига талаш манбалари ташлаб қўйди: Масалан, чегараланишда ер-мулк, тарихий мерос, улуғлар номи каби… Туркистонни парчалашгач, туркий халқлар яқинлиги тўғрисида сўзлаганлар «пантуркист» деган сйёсий тўқмоқ остида қолдилар. Сиёсат кўп вақт бу қориндош қавмларни бирлаштиришга эмас, балки бутун тадбирлар билан парчалашга, ичдан емиришга хизмат қилди.

Кейинги пайтларда муштарак қондошлик туйғулари тирилиб, тарихий ўзликни англаш, миллий бирликка интилиш кучаймоқда эди. Мамлакат арбоблари орасида туркий улуснинг бирлигидан қўрқадиган зотлар борлиги ҳақиқат! Фарғона фитнасида месхет турки билан ўзбек турки ўртасида ихтилоф бутун чоралар билан кучайтирилар экан, бундан яна бир мақсад — ошкоралик замонида соғайиб келаётган умумтуркий туйғуларга шикаст етказиш, бирликни яксон қилиш, жаҳон жамоатчилиги олдида, Туркия олдида икки қондош қавмни бадном, қилиб, уларнинг миллий бирлашувига, эркин парвозига йўл қўймасликдан иборат эди. Бурунроқ «Ўзбекистон ССРнинг давлат тили ҳақида»ги Қонундан «туркий тил» деган иборанинг олиб ташланиши, кейинроқ тарихий бирлигимизнинг сўнгги намунаси — Ўрта Осиё ва Қозоғистон диния бошқармасини парчалаб, Қозоғистон диндорларининг ажратиб қўйилиши ҳам шу мақсадни ифода этади.

УЧИНЧИ МАҚСАД.
Инглизларда: «Шарманда қилинган итни жазолаш осон бўлади», деган мақол бор. Юз ўттиз йиллик тарихимизда инсонлар бўйнига айб қўйиб, шармисор қилиб жазолаш урф бўлди…

Биринчи жаҳон уруши арафасида Туркистонда инқилобий ҳаракат, жадидлар кураши, миллий озодлик ҳаракат кучайди. Бундай ҳаракатлар мустамлакачи маъмурлар ахборотида «тартибсизлик», «бандитлар ҳужуми», деб тафсилланар эди. Масалан, Фарғона вилояти шарҳларида берилган маълумотларга кўра, «идора тартибларига ва жамоат осойишталигига қарши курашлар» сифатида, 1911 йилда 833 та, 1913 йилда эса 1220 та «жиноий» иш кўрилганлиги қайд этилган. Сирдарё вилоятида шундай «айб»лар билан 1911 йилда 3487 киши, 1913 йилда эса 5494 киши жавобгарликка тортилган (Ҳ. Турсунов. «Октябрь арафасида Ўзбекистонда миллий-озодлик ҳаракати». «Фан». Тошкент, 1967 йил, 13-бет).

1989 йили уюштирилган тартибсизликдан мақсад ёш авлодни яна бир карра қатағон қилиш, миллий руҳ ва миллий анъаналар нисбатан тузукроқ сақланган Фарғонада уларнинг кўзидан ўтини олиш, ижтимоий-сиёсий фаолияти жонланиб бораётган миллатнинг бундан кейинги ҳар қандай ҳақли талаб ва ҳаракатларини босиб қўйишдан иборат эди.

Фарғонада ўттиз тўққиз ой давомида 394 «айбдор»га нисбатан 205 та жиноий иш очилган. Шулардан 370 га яқин айбланувчига нисбатан қўзғотилган 108 та жиноий иш айблов фикри билан олий судга ҳамда вилоят судларига оширилган. «Оммавий тартибсизликлар, одам ўлдирганлик, миллий қирғин (?), ўт қўйишлар каби 110 та жиноят иши бўйича 160 дан ортиқ айбдор оғир жазоларга ҳукм этилган. Шунингдек, «оммавий безориликлар учун судланганлар сони жуда кўп». Энди «жиноят содир қилганларнинг ўзига келсак, кўпчилиги 13—14 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлардирки, аксарияти жиноятни миш-мишлар туфайли, эҳтиросга берилиб, айрим ҳолларда бошқалар ундови орқасида содир этганлар». (А. Отажонов. «Коммуна», 1990 йил майининг 16-куни). Кўриниб турибдики, эскидан қолган айблов тури кўп! Томошага чиққан ёш болалар ҳам «жиноятчи»! Қатағон эмасми бу?!

Ёвуз фитна туфайли Фарғонада 112 киши шаҳид бўлди, 1000 дан ортиқ кишига тан жароҳати етди, 400 йигит жавобгарликка тортилди, 700 га яқин киши маъмурий жазо олди. Қатағон эмасми бу?! Буларнинг қанчаси гуноҳ қилган-у, қанчаси туҳматга қолган, қанчаси ваҳшиёна қийноқлар остида қилмаган айбини бўйнига олган»?!

1990 йил май ойининг 14-куни 6-поездда кетаётиб, ҳеч бир айбсиз Қўқондаги «хос» қамоқхона (изолятор)да 5 ою 28 кун ётиб сўроқ берган йигит билан суҳбатдош бўлдим. Унинг акаси ҳам шунча вақт «хосхона»да ётган. Уларни четдан келган терговчилар гуруҳи итдек қийнаб, сўроқ қилганлар. Йигитнинг даҳшатли азобларини эшитиб, бунинг Сталин қирғинидан нима фарқи бор, деб ўйлайсиз. Қамоққа олинишидан олдин соппа-соғ бўлган йигитнинг бир дўсти калтак зарбидан турмада ақлдан озаёзган. Бошқа айбсиз йигитларни ҳам жазолаш учун зулм ўтказиб, сохта кўргазмаларга қўл қўйдириб олишган. Айрим содда йигитлар бағри қон онасини, ичиккан боласини бир кўриш учун рус тилида битилган сохта айбномаларга қўл қўйиб беришга мажбур бўлишган. Айбланувчилар рус тилида сўроқ қилингандар, уларнинг кўпларига таржимон ҳам берилмаган.

Ҳозирча мен бу йигитларнинг исми шарифларини келтирмадим. Уларнинг кўзида заррача қўрқинч йўқ, лекин бошларида ҳали хатар бор…

Қўқонлик кўпгина онахонлардан олган хатларимда ёвузлик дастидан бўзлаб зорланиш бор!..

Мамлакат халқлари билан бирга, мусулмон миллати бошига тушган умумий кулфатларни гапирмайлик. «Қулоқ» қилинганларни, «босмачи», «аксилинқилобчи», деб отилганларни, сунъий очликдан қирилганларни, хуллас, 20-йиллар босқинию 30-йиллар қатағонини қўя турайлик. 40-йиллар қирғинидан, 50-йиллар зулмларидан сўзламайлик! 1920 йилдан 1950 йилгача СССРда ўлдирилган 66 миллион 800 минг кишидан қанчаси туркий мусулмон халқи эканини билмаганга олайлик! Бироқ 70-йиллардаги маънавий ўлимлар, Афғонистон босқинидаги мислсиз қирғинлар, 80-йиллардаги асоссиз қамашлар — Гдлян, Иванов бошчилигидаги 200 кишидан ортиқ «терговчилар гуруҳи»нинг қилмишлари, Олмаота ҳаракатининг бостирилиши, минглаб йигитларнинг сургун қилиниши, Душанбе ва Боку шаҳридаги, Фарғона, Бўка, Паркентдаги хунрезликлар, йигитларимизнинг армияда қирилаётгани… Заҳарли заводлар, экологик ҳалокатлар, қишлоқ хўжалигидаги ажал уруғлари… Бу онгли қатағон-қирғинни (геноцидни) энг калтафаҳм зот ҳам ўз номи билан аташга фаросат топади!.. Ўзбекистондаги бугунги аҳвол қирғиннинг (геноциднинг) режали равишда, кенг жабҳа бўйлаб олиб борилаётганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, тинимсиз ҳақоратлар, туҳматлар, миллий айбловлар туркий халқларнинг кўзини очирмаслик учун қўлланаётган усуллар эканлиги сезилиб қолаётир. Инсоният ўз тарихида бундан ҳам ортиқроқ зулмни кўрганмикан?!

Халқнинг мухтор вакиларидан тузилажак комиссия ҳалол ва сотилмас ҳуқуқшунослар билан биргаликда, Фарғона, Бўка, Паркент, Андижон, қолаверса, Боку, Душанбе, Ўш фитналарида айбланган йигитларнинг «жиноий иш»ларини синчиклаб текшириб, ҳақни ноҳақдан ажратишлари шарт! Қирғин-қатағоннинг бундан ҳам мудҳишроқ сирлари ўшанда очилади!

АЙРИМ ХУЛОСАЛАР

Баъзилар, Фарғона фожиасидан олдинроқ Егор Қузьмич Лигачёвнинг Ўзбекистонга келишини фитнага боғлайдилар. Ўшанда у жумҳуриятнинг терс жанубига бориб, мустамлакачилик қоидаларига мос шартномалар тузиб кетгани рост. Шунингдек, Анишчев, Сатин, Усатов, Гайданов, Огарок каби ашаддий шовинистларни ҳам ҳеч ким далил-исбот билан ушлай олгани йўқ.

Аввал Тошкентдаги Геология техникумида ўзбеклар билан қозоқлар ўртасида, кейин Самарқандда тожиклар билан ўзбеклар ўртасида, сўнг Зарафшонда ўзбеклар билан озарбойжонлар ўртасида турли фитналарни уюштиришга уринган зотлар ким ўзи?! Бундай бузғунчиликлар турли миллат вакилларини тарқоқлик ҳам қўрқоқликка эмас, балки бирлик ва сергакликка ундамоғи зарур! Болтиқбўйи халқларининг митинг ўтказилган жойга сигарет қолдиғини ҳам ташламаслигида кўп маънолар бор. Ҳар дақиқа мазлум миллатнинг хатосини кутиб, айғоқчилик орқасида кун кўраётганлар озмунчами!

Фарғона фитнаси оқибатида Ўзбекистон маломатларга кўмилди. Жаҳон жамоатчилигини ўзбек халқига қарши қўйишга уриниш давом этмоқда. Айрим рус академиклари, адиблари, мухбирларининг билиб-билмай қилаётган иғвогарликлари бутун мамлакат ёшларини ўзбекларга, туркийларга қарши қайрамоқда. Россияда: «Босмачиликнинг янги босқичи», деб кўрсатилаётган кўп қисмли телефильмлар «хизмати» билан, армия сафидан 500 га яқин ўзбек йигитининг ўлиги келди. Президент М. Горбачёв эса СССР Мудофаа вазири Д. Язовни юксак давлат мукофоти билан тақдирлади.

Кечган фитналар Туркистон халқларини, барча туркий халқларни жипсликка, бирликка, қон-қардошлик ҳисларини намоён этишга ундайди. Оддий инсоний қон-қардошлик туйғуларини золим сиёсатнинг турли «изм»лари билан чекламоқ етар! Ёлғон, макр, фитна, истибдод асри ҳалокат ёқасига келди. Ғилофлар чиримоқда, занжирлар узилмоқда, қафаслар бузилмоқда. Энди одамга ўхшаб яшаш даври яқин!

Ўлган билан қўшилиб ўлмоқ—гуноҳи азим! Лекин Туркистондаги онгли инсонларнинг барчаси бир карра шаҳидларга қўшилиб ўлдилар, гуноҳларга ботдилар. Сўнгсиз фиғонимни ютиб бўзлайман: Тангри таоло ёш ўғлонларни мангу паноҳига олиб бу дунёнинг фитналаридан, зулм ва хўрликларидан буткул қутқарди! Энди ақамоқдаги, қафасдаги тирикларни онгли дунё буюк азобдан қутқармоғи керак!..

Ўкинманг, бағри қон биродарларим,
Қаддингизни тикланг, тинсин оҳингиз.
Озод авлодларга саждагоҳ бўлур
Ҳақиқат майдони — қатлгоҳингиз.
Сизни ўққа тутган ваҳший тўдалар
Бу кун дўст аталар, одил аталар.
Лашкари, қуроли борларга чиданг,
Устуни қулаган осмон — оталар!
Айбингиз—ўзликни таниганингиз,
Хато — адл бор, деб санаганингиз.
Гуноҳ — ҳаққингизни сўраганингиз,
Энг улуғ айбингиз — зўр эканингиз!
Ўлган ҳар жон билан сиз ҳам ўлдингиз,
Мен ҳам тирик туриб, бурда-бурдаман.
Фарёдим ўликлар фарёди ҳамдир.
Мен — нариги дунёдан келган мурдаман!
Ўкинманг, бағри қон биродарларим,
Нидоси ярадор, ўлмас дардларим! —
Сизга ўқ отганлар нидони отди,
Ҳақиқатни отди — худони отди.
Шаҳид сафдошларнинг қабри нур бўлгай,
Ҳақнинг қотилларга қаҳри зўр бўлгай,
Агар тадбир устун, юрак тош бўлур,
Бу ёвуз найранглар бир кун фош бўлур.
Ўкинманг, бағри қон биродарларим,
Қаддингизни ростланг, тинсин оҳингиз.
Озод авлодларга саждагоҳ бўлур
Ҳақиқат майдони — қатлгоҳингиз!

1989—1990 йилларнинг июнь-май ойлари, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетacи.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин