Саналар
28.03.2024
Баннер
Дорга осилган элчи ва тўпчи
PDF Босма E-mail

1842 йил, Бухоро. Тўрт йилдан бери зиндонда ётган полковник Стоддарт, яқиндагина ҳибсга олинган капитан Конноли қамда тўпчи Абдусамадлар халойиқ кўз ўнгида дорга осилдилар. Хўш, нега?


Келиб чиқиши, миллати, дини, тили, табиий иқлими, тақдири бир бўлган халқнинг Бухоро, Қўқон ҳамда Хива хонликларига бўлиниб, ўзаро қирпичоқ бўлаётган бир-бирининг устига бостириб, талон-тарожни кучайтириб, фожиалар кўламини кенгайтираётган, бирор кишига ишонмайдиган, ўз соясидан ҳам шубҳаланадиган, яхшиликни тез унитиб, маслаҳат берганни жазолайдиган амир Насруллоҳ Хива хони, Шаҳрисабз ва Китоб беклари билан кечган урушлардан сўнг ўз армиясини замонавийлаштиришга қарор қилди. Бу билан у бир неча бор ғолиб бўлган Хива хонининг, Шаҳрисабз ва Китобдаги исёнкорларнинг, такаббур бўлиб туюлаётган Афғон амири ва Қўқон хонининг жиловини тортиб қўймоқчи эди. Шу ниятда амир Насруллоҳ Эрондан бир тўпчини таклиф қилди. Мулла Олим Маҳдумнинг «Туркистон тарихи» асарида ёзилишича:«1250 қижрий санада Эронистон тарафидан Абдусамад Табризий деган зот Бухорога келди. Ул одам доно, фозил, ғоятда ҳунарманд, закий ва сохиброй эди».
Табризий Европа ғарб илмидан хабардор бўлиб, амирликдаги эроний асирлардан икки юз нафарига ҳарбий низом асосида таълим берди. Шунингдек, Бухоро шаҳрининг чеккароғида инглиз замбараклари қўядиган, ҳарбий арава, қурол ясайдиган устахонаям очди.
Натижада вақт ўтиб, амирлик қўшини сони ўттиз олти минг кишига, тўплар эса саксонтага етди. Бунинг устига, қўшиннинг аксарияти табризийнинг ҳарбий низоми асосида таълим олган жанговор йигитлардан иборат эди. Бундай жанговор қўшин на Ҳива, на Қўқон хонида ва на Афғон амирида бор эди. Ана шундай ҳарбий қудратга эга бўлган Насруллохон қўшини ўз йўналишини Қўқон хонлигига юриш қилиб, ўлкани талон-тарож этишга, Китоб ва Шаҳрисабзлик исёнкорларни жазолашга қаратди. Энди Хива ва Афғон ҳукмдорлари унинг харбий қудратидан чўчиб туришарди.
Шундай вазиятда «Бухорои шарифга амир Насруллохон ҳузурига инглиз ҳукумати тарафидин элчи бўлиб, полковник Сотуд Дарт келган эди. Бундан буён инглиз ҳукумати биринчи Мовароуннаҳр ҳукумати билан муносабати дўстона турмоғини ният ва мубошарат этган эди», дея ёзади Мулла Олим Маҳдум.
Иккала давлат ўртасида муносабатларни яхши йўлга қўйиш мақсадида келган Стоддарт икки бор амир билан музокара олиб борди. «Полковник Сотуд Дарт Мирзахона ва котибхона тарбиясидан олган юмшоқ сиёсиюнлардан бўлмай, аскарий тарбия олмиш тўғри, жасур, қаттиқ ва ўткир бир одам эди. Шунинг учун Бухоронинг эски усули русумларига ортиқ даражада диққат қилиб, зеҳн солмаган эди. Доимо элчихонадин чиқиб, Бухоро бозорларини томошо қилур эди. Аскар отлиқ юруб, арқи олий майдонидан, яъни Регистондин ўтар вақтда аҳли шаҳар одати бўйинча отдин тушмас эди. Ваҳоланки, амир турадиган эъзоз юзасидин отдин тушиб ўтар эдилар. Инглиз аскари маъмури Бухоронинг бу тариқа эски одатларидин ғофил бўлур эди ва ёки бу тартибларга лозим даражада аҳамият бермас эди. Ҳар нима бўлуб, амир Насруллоҳ элчига ғазабланиб, зиндонга солмоққа фармон берди», дея ёзади Мулла Олим «Туркистон тарихи» асарида.

Шу тахлит, эътиборсизлик ёки такаббурлик туфайли, 1838 йилда полковник Стоддарт зиндонбанд қилинди. Бу орада англиялик яна бир элчи, капитан Конолли ҳам Хивадан Қўқонга ўтаётиб, Бухорога келганида ҳибсга олинди ва Стоддарт ёнига ташланди.
Англия элчиларининг зиндонбанд қилинганини эшитган Чор Россияси дунёда обрў орттирмоқ, ниятида уларни озод қилиш учун музокара олиб боришга кон муҳандиси Бутенёвни юборди. Аммо Насруллоҳ чор элчисига беписанд қараб, арк дарвозаси ёнида элчи билан отда туриб суҳбатлашди.
—Динимизни қабул қилсалар, инглизлар озод этилгай, — деди амир.
Зиндонда эса полковник ва капитан шундай жавоб юборишди:
— Ҳукуматимиз тарафидин Моваруннаҳрга маъмурият ила келдик. Динни тарк қилмоққа ёки дин қабул қилмоққа эмас. Умид қиламизки, шунга қараб муомила қилинади.
Бироқ амир ўз сўзида туриб олди ва шартга рози бўлмаган элчилар хибсда қолавердилар. Бу орада тўпчибошиси Табризий Насруллохонга ёқмай қолди ва у ишдан озод қилиниб, нодон, жоҳил саркардага вазифа топширилди. Табризий унга ёрдамчи қилиб тайинланганди. Ишнинг ёмон томонга ўзгараётганини сезган Табризий Шаҳрисабз ҳокими билан иттифоқчилик қилиш ҳаракатига тушди. Буни сезган амир Табризийни тутиб, зиндонбанд этди.

Аслида тўпчибоши Табризийнинг ҳибсга олинишига унга ҳасад қилган амирнинг ҳарбийлари ҳам сабабчи бўлишганди. Улар Насруллохонга: «Эронни тўпчибоши озодликда юрган пайтида Стоддарт билан гаплашган», «Табризий инглиз элчиси билан суҳбатлашганига қараганда айғоқчи бўлиши мумкин», деган гапларни етказишади. Аҳмад Дониш «Манғитлар сулоласининг тарихи» асарида ёзганидек, «Насруллохон қонхўр, жангари, шубҳаланувчи ҳукмдор бўлган «Хасадгўйларнинг гап-сўзларига ишонган амир ўзига содиқ туриб хизмат қилган, қўшинини замонавийлаштирган тўпчибошисини аяб ўтирмай, ҳибсга олдирди.
Шу тариқа, 1842 йили Арк олдидаги майдонда полковник Стоддарт, капитан Конноли ва тўпчибоши Табризий дорга осилди. Бу машъум воқеа амирликнинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказиб, Англия, Эрон ва чор Россияси билан алоқаларининг ёмонлашувига ҳам сабаб бўлган. Қолаверса, элчиларнинг ўлдирилиши Ўрта Осиё хонликлари тарихида камдан-кам содир бўладиган ҳодисалардан эди.

Умид Бекмуҳаммад, "Ҳарбий ҳийлалар" китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин