Саналар
22.05.2018
Баннер
Нуҳ ибн Мансур
PDF Босма E-mail

Амири Рашид
(963 - Бухоро - 997)
(976-997)

Сомонийлар давлатининг амири, амир Мансур ибн Нуҳнинг ўғли. Отасининг вафотидан сўнг тахтга ўтирди (976-йил 26-сентабр). Сиёсий ва ҳарбий соҳада ислоҳотлар ўтказган. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Азиз вазир, Абулҳасан Симжурий сипоҳсолор (бош қўмондон) бўлди. Сиёсий жараёнларда турк лашкарбошиларининг мавқеи кучайган. Нуҳ ибн Мансурнинг лашкарбошиси Фойиқ Работи Малик яқинида бўлган жангда атайлаб енгилган ва қорахонийлар ҳукмдори Буғрохон (Ҳорун ибн Мусо) Бухорони урушсиз ишғол қилган (992). Бироқ, Буғрохон касаллик туфайли Қашқарга қайтиб кетаётганда йўлда вафот этган (992). Нуҳ ибн Мансур Амул (Чоржўй)дан қайтиб, Бухорони қайта эгаллаган. Бу пайтда Сомонийлар давлатига қарашли Хуросон Абу Али Симжурий (Абулҳасан Симжурийнинг ўғли) ва Фойиқ, Ғазна ва Ҳирот вилоятлари Сабуктегин қўлида бўлган. Нуҳ ибн Мансур билан Сабуктегин ўртасида Кеш ва Нахшабда ўзаро учрашув бўлиб, унда Сабуктегин сомонийларни қўллаб-қувватлашга ваъда берган. Гардизийнинг ёзишича, Сабуктегиннинг 20 минг кишилик қўшини Абу Али Симжурий (997-йил вафот этган) ва Фойиқ аскарларига Ўтрот атрофида кучли зарбалар берган. Нуҳ ибн Мансур Бухорога қайтган. Бироқ унинг Сомонийлар давлатини таназзулдан сақлаб қолиш йўлидаги ҳаракатлари ўз натижасини бермади. Қорахонийларнинг Бухорога 996-йил қилган ҳужумлари оқибатида Сабуктегин билан Буғрохоннинг вориси Наср Илоқхон ўртасида Нуҳ ибн Мансурнинг иштирокисиз музокаралар ўтказилиб, сомонийларга Мовароуннаҳрнинг фақат маркази қолдирилади. Нуҳ ибн Мансур саройида шоир Дақиқий ижод қилган. Машҳур табиб Абу Али ибн Сино 16 ёшида Нуҳ ибн Мансурни даволаб, ўша даврда Шарқдаги энг бой кутубхона саналган Сомонийлар давлатининг кутубхонасида мутолаа қилиш имкониятига эга бўлган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин