Саналар
19.04.2024
Баннер
Наср ибн Али
PDF Босма E-mail

Наср Элоқхон
(?-1012, Ўзган)
(999-1012)

Мовароуннаҳр илик хони. Қорахонийлардан. Ҳокимият тепасида расман ҳукмдор акаси Аҳмад ибн Али Арслонхон эди. 996-йилда қорахонийларнинг Мовароуннаҳрга ҳужум қилганида бошчилик қилган. Бухорони эгаллаш билан Мовароуннаҳрнинг босиб олинишини ниҳоясига етказган (999-йил октабр). Сомонийлар амири Абдумалик ибн Нуҳ ва унинг қариндош-уруғларини асир қилиб, Ўзгандаги зиндонга ташланган. Шу тариқа қудратли бўлган сомонийлар сулоласи қулаган. 1000-1005-йилларда илик Нуҳ ибн Али сомонийлар ҳокимиятини тиклашга ҳаракат қилган Мунтасирга қарши курашган ва ғалаба қилган. 1000-йил Маҳмуд Ғазнавий Нуҳ ибн Али билан ўз ерлари ўртасидаги чегараларни белгилаш тўғрисида битим тузган, унга кўра, Амударё асосий чегара қилиб белгиланган. Натижада сомонийлар давлати ўрнида иккита янги давлат ташкил топган: биринчиси – Қашқардан Амударёгача чўзилган, Шарқий Туркистоннинг бир қисмини, Еттисув, Шош, Фарғона ва қадимги Суғд ҳудудини ўз ичига олган қорахонийлар; иккинчиси – Шимолий Ҳиндистон чегарасидан тортиб Каспий денгизининг жанубий қирғоқларигача чўзилган, ҳозирги Афғонистон ва Шимоли-Шарқий Эрон вилоятларини ўз ичига олган Ғазнавийлар давлати. Бироқ Наср ибн Али Хуросонни босиб олиш ниятидан бутунлай воз кечмаган эди.
1006-йил ва 1008-йилларда қорахонийлар Хуросонга икки марта юриш қилганлар. 1006-йилдаги юриш чоғида Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндистонда эди. Қорахоний қўшинлари Балх, Тус ва Нишопурни босиб олганлар. Бироқ Маҳмуд Ҳиндистондан қайтиб келиб, уларни қувиб юборган. 1008-йилдаги Балх яқинидаги жангда Маҳмуд қўшинида 500 та фил бор эди. Наср ибн Али қўшини тор-мор этилиб, қорахонийларнинг Амударёнинг жанубидаги ҳудудларини эгаллаш йўлидаги ҳаракатлари шу тарзда тўхтатилган.
Наср ибн Али ниҳоятда жасур ва довюрак, имон, эътиқодли шахс бўлиб, у ҳақда кўплаб ривоятлар тўқилган. Жамол Қаршийнинг ёзишича, Наср ибн Али буюк номдор хоқон, жуда кўп фазилатлар соҳиби бўлган ва ҳижрий 402-йил (1011-1012)да Ўзганда вафот этиб, ўша ерда дафн этилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин