Саналар
22.05.2018
Баннер
Имомқулихон ибн Динмуҳаммадхон
PDF Босма E-mail

(1589-1650)
(1611-1642)

Ўзбек давлатчилиги тизимидаги аштархонийлар сулоласини бошқарган Бухоро хонлиги ҳукмдори. Валимуҳаммадхон Эрондан олиб келган қўшинга қарши Бухоро халқининг курашига раҳбарлик қилиб қозоқлар ёрдамида эронликларни тор-мор келтирган. Сўнгра 1611-йил Сирдарёнинг қуйи оқимидаги ҳудудларга юриш қилиб исёнкор, қозоқ, қалмоқ, қорақалпоқларни бўйсунтирган. Имомқулихон 1613-йил Тошкентни эгаллаб ўғли Искандарни ҳоким этиб тайинлаган. Аммо, шаҳар аҳолиси унинг ножўя хатти ҳаракатларидан норози бўлиб исён кўтариб Искандарни ўлдирган. Бундан ғазабланган Имомқулихон Бухоро, Балх ва Бадахшон вилоятларидан қўшин йиғиб келиб, Тошкент аҳолисини қирғин қилган (Тошкент қирғини). Бухоро хонлигида ички низолар жуда кучли бўлган. Тошкент, Балх, Самарқанд вилоятлари очиқдан-очиқ марказий ҳокимиятга қарш сиёсат юргизишарди. Имомқулихон бу курашларга барҳам берган. У дарвешларни қўллаб қувватлаган, атрофига олимлар ва шоирларни тўплаган, ўзи ҳам шеърлар ёзган. Ўша замон манбаларининг бирида шундай ёзилган ,, Имомқулихон ночорлар ишини енгиллаштирди, арз билан келганларни қайтармади, унинг замонида на камбағал ва на бечора қолмаганди.Чиқарган буйруқлари ижроси борасида амалдорларига қаттиқ турди, қоронғу тушиши билан оддий кийим кийиб, вазири ва қўрчи билан бозорлару- маҳаллаларни айланиб оддий халқнинг ҳақиқий турмуш аҳволидан боҳабар бўлиб турарди. Буни халқ билгани учун ҳам Имомқулихон ҳукмронлиги йиллари мамлакатда бирон марта ҳам исён кўтарилмаган”. Кўчманчилар билан олиб борилган муваффақиятли жанглар натижасида у 30 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган.
Бу даврда мамлакатда марказий давлат ҳокимияти кучайган. Ҳиндистон, Эрон ва Россия билан элчилик муносабатларини ўрнатган. Россиянинг жосус элчиси И.Д.Хохлов 1620-22-йилларда Бухорода бўлган. Имомқулихон кўр бўлиб қолгач, 1642-йилда тахтни укаси Надрмуҳаммадга топширган. Ўзи ҳажга кетиб умрининг охиригача ўша ерда бўлган. У Мадина шаҳрида чорбоғ, Маккадаги Каъбага киравериш дарвозаларидан бири остонаси учун олтин ва кумуш тутқичли ёғоч зина қурдирган. Бухорода Имомқулихон ҳукмронлигининг оқибати шу бўлдики, унинг даврида хон ҳокимияти нисбатан мустаҳкамланди. Нуфузли амирлар ва зодагонлар ҳам хон ҳокимиятига нисбатан душманлик муносабатларини тўхтатиб туришга мажбур бўлдилар. Бироқ, шунга қарамай, Имомқулихон мамлакатдаги сиёсий тарқоқликнинг олдини ололмади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин