Саналар
21.02.2018
Баннер
Шерғозихон
PDF Босма E-mail

(?, Бухоро - 1727-йил декабр, Хива)
(1715-1727)

Хива хони. Шайбонийлардан. Жонтўрахоннинг ўғли. Мадрасада таҳсил олган. 1715-йил Ёдгорхон вафотидан сўнг, Бухородан келтирилиб Хива тахтига ўтқазилган. Шерғозихонга қарши Орол бўйида яшовчи қорақолпоқлар Ишимхон бошчилигида исён кўтаришган. Шерғозихон улар устига қўшин тортиб катта ўлжалар, кўплаб асирлар билан қайтган. 1715-йил Шерғозихон Хуросонга юриш қилиб Машҳадни эгаллаган, Нишопурни қамал қилиб эгаллай олмаган (1716). Шерғозихон ҳукмронлиги даврида Хива хонлигига қарши Россия босқинчилик ҳамласини бошлади. Россия подшиси Пётр И 1714-йили Бекович-Черкасский ҳарбий экпедитсиясини Хивага юборди. Бекович-Черкасский ҳарбий экпедитсиясининг қириб ташланиши (1717) Хива-Россия мунасабатларини кескинлаштириб юборди. Муносабатни юмшатиш учун 1720-йил Хива элчилари Россияга жўнатилган, лекин элчилар аъзоси қамоққа олинган, улардан атиги бир кишигина Хивага қайтишга муваффақ бўлган. Россия ҳукумати Хива хонлиги орқали Ўрта Осиёга кириб келиш фикридан воз кечмаган, бу пайтда Россияда Бухоро хонлигининг Қулибек бошчилигидаги элчилари бор эди. Россия ҳукумати Ф. Беневенини уларга қўшиб Бухорога жўнатган ва Бухоро хонлигини Хивага қарши гиж-гижлаган. Шерғозихон Орол бўйидаги исёнкор қабилалар русларни Хивага бошлаб келишидан ва ўрнига Бухородан келтирилган (1721) Темур султонни хон қилиб кўтаришларидан хавотирда эди. Темур султон хонликдаги Вазир, Гурлан, Шоҳобод, Бағлон, Уйғур, Янги Урганч, Хонқа ва Хазораспни олган бўлса-да, бутун хонликни эгаллай олмаган. Хонликдаги ички курашлар Шерғозихон вафотига қадар давом этган. Шерғозихон Хивадаги мадраса (Шерғозихон мадрасаси) қурилиш чоғида машҳадлик ғуломлар томонидан ўлдирилган. Муниснинг ёзишича, Шерғозихон одил, маърифатпарвар ҳукмдор бўлиб, кўп вақтни илм аҳли билан суҳбатда ўтказган. унинг даврида илм-фан ва шеърият ривожланган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин