Саналар
23.02.2018
Баннер
Пўлатхўжаев Усмонхўжа
PDF Босма E-mail

(1878-йил, Бухоро - 1968-йил, Туркия)

Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Бухоро Марказий Ижроия комитети (МИК) раиси (1921-йил сентабр - 1922-йил август). Отаси Қори Пўлатхўжа бухоролик савдогар бўлган. У дастлабки таҳсилни Бухородаги мадрасада олди ва илк жадид мактабларидан бирини очди. 1908-йил дўсти Хамидхўжа Меҳрий билан Туркияда - Истанбулда таҳсил олади. 1913-йил Усмон Хўжа Бухорога қайтади ва яна жадед мактаби очади. У 1910-йил тузилган “Тарбияи атфол” махфий ташкилотининг фаол аъзоларидан бўлади.
Усмон Хўжа Пўлатхўжаев ва унинг укаси Отахўжа (1894-1938) ёш бухороликлар партиясининг йирик намояндаларидан эди. Колесовнинг Бухорога босқинидан сўнг (1918-й, март) У. Пўлатхўжаев совет Туркистонига муҳожирликка кетишга мажбур бўлади. 1918-йил апрелда у Тошкентда ёш бухороликларнинг сўл эсерлар гуруҳини тузди. 1920-йил февралда У. Пўлатхўжаев инқилобчи ёш бухороликлар партияси Туркистон Марказий бюросининг аъзоси бўлиб сайланади.
Усмон Хўжа БХСР тузилгач, молия нозири (1920), давлат назорати нозири (1921), БХСР МИКнинг биринчи раиси каби лавозимларда ишлади. У Бухоро Халқ Республикасидан босқинчи қизил аскар қўшинларини олиб кетилиши, Бухоронинг ҳақиқий мустақиллиги учун курашади. 1921-йил декабрда У. Пўлатхўжаев Шарқий Бухорода (Душанбе атрофида) истиқлолчилар сафига ўтади ва 1922-йил Афғонистонга ўтиб, Бухоро Республикасининг мустақил миллий армияси учун замонавий қуроллар сотиб олишга ҳаракат қилади.
Пўлатхўжаев муҳожирликда Афғонистон, Полша, Эрон ва Туркияда бўлади. У. Пўлатхўжаев энди Туркистон мустақиллиги учун курашни мафкура майдонига кўчиради. 1927-1932-йилларда у Истанбулда “Янги Туркистон” журналини нашр қилдирди. У Туркистон тарихига оид кўплаб асарлар муаллифидир.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин