Саналар
20.11.2017
Баннер
Қосими Анвар (1355-1433)
PDF Босма E-mail

Темурийлар давридаги адабиёт ва тасаввуфнинг йирик вакилларидан бири Қосими Анвардир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шоирнинг дунёқараши ўз даври ва ўзидан кейинги илм-фан ва тасаввуфнинг йирик намояндалари Баҳовуддин Нақшбанд, Садриддин Йаминий, Улуғбек, Неъматулла Вали, Нуритдин Кирманий, Абдураҳмон Жомий ва Навоийларнинг таълимотлари билан ғоявий жиҳатдан яқин туради. Айниқса, Алишер Навоий ўзининг "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида шоир ижоди ҳақида кенг тўхталиб, шеърларидан намуналар келтиради.

Уни замонасининг иқтидорли шоирлари қаторига қўшади: "Равишлари пок эрди ва нафаслари оташноқ - деб хабар беради Алишер Навоий Қосими Анвар ҳақида - Эл бағоят алар назмларига мойил ва шеърларин ўқумоқ ва битмакка роғиб бўлдилар".

Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоис" ва бошқа манбаларда келтирилишича, Қосими Анвар ёшлигидан Садриддин Ардабилийга мурид бўлиб, сўфийлик тариқатини мукаммал эгаллайди. 1426 йили Хиротнинг масжидида Шоҳрухга қарши фитна уюштирилади. хуруфийлар оқимига мансуб бўлган Аҳмад Лур деган шахс Шоҳрухга пичоқ уриб, уни ярадор қилади. Шу ернинг ўзидаёқ Аҳмад Лур ўлдирилади. Юқоридаги воқеа туфайли Қосими Анвар хуру¬фийлар билан яқин алоқада бўлганликда ва фитнада қўли борлигида айбланиб Хиротдан Самарқандга сургун қилинади. Самарқандни бошқариб турган Улуғбек уни яхши кутиб олади.

Ўша даврда Озарбайжон, Туркия, Ироқ, Сурия ва Шарқнинг бошқа мамлакатларида хуруфийлик оқими кенг тарқалган бўлиб, бу ОҚИМ Марказий Осиё ва Хуросанда, айниқса, Самарқанд ва Хиротда оз бўлсада мавжуд эди. Хуруфийлик оқими ҳарфларни илоҳийлаштириб, кишиларни объектив дунё, ҳарфлар ва худони идрок қилишга чақирадилар. Бу эса бошқаларнинг фикрича, динни обрўсини туширар эди. Хуруфийлар шаҳар камбағаллари ва ҳунармандларининг манфаатини ҳимоя қилиб, зўравонлик, жабр-зулм, зодагонларнинг ўзбошимчалигига қарши кураш олиб бордилар.

Марказий Осиё ва Хуросонда бу оқим тарафдорлари, гарчи улар кўпчиликни ташкил этсада, ҳокимият учун зимдан кураш олиб бор¬дилар, ҳар хил фитна ва ғалаёнлар уюштириб турганликлари боис Темурийлар, айниқса, Шоҳрух ва бошқа ҳокимлар хуруфийлик ОҚИМИ тарафдорларини таъқиб остига олганлар. Қосими Анвар ижоди ва дунёқарашини тадқиқ этган олимларнинг аксарияти, шу жумладан, Е. Браун, 3. А. Қулизода ва бошқалар хуруфийлик оқими шоир ижодига таъсир кўрсатган бўлса-да, уни тасаввуф оқимининг йирик вакили, деб ҳисоблайдилар. Дарҳақиқат, Қосими Анварнинг қолдирган адабий ва илмий мероси ана шундан далолат беради.

Қосими Анвар асарларининг анчагина қисми бизгача етиб келган. Унинг "Девон"и қўлёзмалари Санкт-Петербургда, Гуржистонда. шунингдек, Самарқандда ва бошқа йирик илм марказларида сақланмоқда. 1958 йили Теҳронда унинг "Куллиёти" Саид Нафисий томонидан чоп этилган.

Мутафаккирнинг "Анис ул-ошиқин" ("Ошиқлар дўсти") маснавийси ("Анис ул-орифин" ҳам деб юритилади), "Сад мақом дар истилоҳи суфия" ("Тасаввуф атамаларида юз мақом"), "Рисолайи
адади мақомот" ("Мақомларнинг сони ҳақида рисола"), "Рисола дар баёни илм" ("Билим ҳақида рисола"), "Савол ва жавоб" рисоласи ва бошқа асарлари мавжуд.

Унинг таълимотида Аллоҳ ҳамма нарсанинг ибтидоси ва биринчи сабаби, деб талқин этилади. Аллоҳ дунёдаги ҳамма нарсаларда намоён бўлади, улар бир-бирига қўшилиб кетади. Қосими Анвар инсонни мавжудотларнинг аълоси, унга бу дунё ва охиратнинг султони бўлишни Аллоҳнинг ўзи ато этган, деб айтади. "Туйи султони жовидон, туйи мақсад, туйи ақсо" ("Сен мангу султонсан, сен мақсадсан, сен узоқдаги уфқсан"), - дейди у инсон ҳақида.

Маълумки, тасаввуф оқимида ахлоқий масалаларига кенг ўрин берилади. Қосими Анвар ҳам ўзининг тасаввуфий қарашларида, инсон, борлиқ ва Аллоҳнинг бирлигини асослащда ижтимоий муаммолар, ахлоқ ва хулқ-одобга катта эътибор беради. Инсоннинг Аллоҳга яқинлашуви покланишсиз, ахлоқий камолотга эришмасдан ошиши мумкин эмас. Инсон ўзини қанчалик ўрганса, идрок қилса, шунчалик ахлоқан покланиб боради. Аллоҳга яқинлашиш йўлида олға қадам босади. Шу муносабат билан у жоҳилликни қаттиқ қоралайди, зероки у ахлоқий покланиш ва ўз-ўзини билишга халақит беради. Инсон яхши ва хайрли ишлар қиладими, ёвузлик ва адолатсизлик билан шуғулланадими, биринчи ўринда, ўзи сабабчи бўлади. "Ник ва бад гар микўни, бохуд кўни" (Яхшилик ва ёмонлик қилсанг, ўзингга қиласан), - деб ҳисоблайди шоир.

Қосими Анварнинг ижодида ижтимоий масалалар ҳам у ёки бу даражада инъикосини топган. Замонасидан зорланиш, мавжуд жамиятдан норозилик, ҳукмрон синф вакилларининг адолатсизлиги, жабр-зулм ва ноҳаксизликларини қоралаш мутафаккир ижтимоий қарашларида маълум ўрин эгаллайди. У ёлгончилик, фирибгарлик, иккиюзламачиликни қоралайди, зоҳидларнинг ярамас одатларини танқид қилади. Жамиятдаги салбий иллатларнинг йўқотиш йўлларини топа олмаган шоир, бир кун вақти келиб бу дунёда адолат ва ҳақиқат ўрнатилишига умид боғлайди.

Хуллас, Қосими Анварнинг ижодий меросини ўрганиш шундан далолат берадики, у Темурийлар даврининг йирик мутафаккири, шоири бўлган ва ўша давр маънавий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин