Қозизода Румий (XIV аср охири — XV аср боши)
Босма

XV аср бошларида Мовароуннаҳрда шуҳрат қозонган улкан мате¬матик ва астрономлардан бири Қозизодадир. Олимнинг тўлиқ номи Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд. Қозизода аслида ҳозирги Туркиянинг шимоли-ғарбидаги Мармара денгизидан жануброқдаги Бурсада таваллуд топган. Унинг отаси Муҳаммад «Хожа Афанди» лақаби билан маълум бўлиб, Салоҳиддининг болалик йилларида вафот этган. Хожа Афанди анча олим ва комил одам бўлиб, кўп йиллар Бурсанинг қозиси лавозимйда, хизмат қилган. Салоҳиддиннинг туғилган йили аниқ маълум эмас. Турк манбаларда у ҳижрий 755—765 (мелодий 1354—1364) йиллар орасида туғилган, деб тахмин қилинади.
Қозизода бошланғич маълумотларини Бурсадаги мадрасада олиб, астрономия ва математика билимларини мавлоно Шамсиддин Фанорийдан ўрганади. Лекин у ёшлигидан Мовароуннахр ва Хуросонда илм-фаннинг юксак даражада эканлигини эшитиб, у ерга кетишга тараддуд кўра бошлайди. Бу ҳақда XX аср бошларидаги турк тарихчиси Солиҳ Закий бундай ёзади: «Мавлоно Фанорийдан Хуросон ва Моварауннаҳр уламосининг улуми риёзиядаки овозаи шуҳратини эшита-эшита, ниҳоят икмоли таҳсил учун у жониба гетмакка қарор вермиш». Оила аъзолари бу саёҳатга монелик қилишларидан қўрқиб, буни сир тутади. Қозизода XIV аср охирларида бир кун тўсатдан Бурсадан ғойиб бўлади. Аввалига у Хуросонга бориб, у ерда пойтахт Самарқанднинг шуҳрати ҳақида эшитади ва ўша шаҳар тарафга интилади. Бу орада Амир Темурнинг етти йиллик юриши бошланиб қолади. Қозизода йўлда Темурнинг уламолари қаторига қўшилиб қолиб, улар билан орқага қайтиб, юришда иштирок этади ва шу кетишда ўзининг Бурсадаги устози мулло Фанорийнинг «Анмузажи улум» асарида шарҳ битади. У Хуросон ва Мовароуннаҳрга келиб олимлардан таҳсил олиб, билимини камолотга етказади. Хусусан у Темурнинг сарой астрономи Мавло¬но Аҳмаддан астрономия ва математика фанларидан чуқур маълумотлар олади. Амир Темурнинг етти йиллик юриши тугагач, 1404 йил ёзида Салоҳиддин биринчи марта Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандга келади. Тез орада Салоҳиддин Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари орасида «Қозизода Румий» (Усмонли турклар мулки бўлиб қолган Кичик Осиё, яъни қадимги Рим империяси ерларини Шарқда Рум дейилар эди) номи билан шуҳрат қозонади.
1405 йил бошида юз берган Соҳибқироннинг вафотидан кейинги Мовароуннаҳрда ҳукм сурган нотинчлик Қозизодани Улуғбек билан биргалиқда Ҳиротта кетишга мажбур қилади. Бу ерда у бир неча йил давомида бўлажак буюк олимга астрономия ва математика фанлари¬дан сабоқ беради ва унда шу фанларга нисбатан чуқур ва сўнмас меҳр уйғотади. Улуғбек кейинчалик ўз «Зиж»ида Қозизодани миннатдорчилик билан «устозим» деб тилга олади.
Улуғбекнинг ўзи айтганидек, унинг устози Қозизода Румийдир.
Улуғбек Самарқандда 1417—1420 йилларда Мадраса таъсис этиб, Қозизодани у ерда раис ул-муаллимин насабига тайинлайди ва аксарият ҳолларда унинг дарсларида ўзи ҳам иштирок этади. Улуғбек мадрасаси квадрат шаклида бўлиб, унинг тўрт тарафида дарсхонаси ва ҳар бир дарсхонанинг ўз мударриси бўлган. Қозизода мадрасада дарсга чиққунча дарсхоналарнинг талабалари ўз мударрислари билан чиқиб, уни кутиб турганлар.
Бир куни қандайдир сабабга кўра Улуғбек ўша тўрт мударрисдан бирини таъзил этади, яъни койиб ишдан четлатади. Буни эшитган Қозизода раддия сифатида дарсга чиқмайди ва бу ҳол бир неча кун давом этади. Улуғбек бундан огоҳ бўлиб, Қозизоданинг ҳузурига боради ва унинг сиҳат-саломатлигини кўриб, унинг дарсга чиқмаётганининг сабабини сўрайди. Шунда Қозизода бундай жавоб беради: «Биз мударрисликнинг ҳеч бир кимсага алоқаси ва муносабати йўқ бир мансаб деб биламиз. Ҳамда мударрислик мансаби таъзил жорий этилмайдиган мансабдир, деб ҳисоблардик. Ҳолбуки энди бу мансаб ҳам султонлик тасарруфида эканлигини кўрдик. Бинобарин биз ҳам энди ўзимизни мударрислик амалидан фориғ этдик».
Улуғбек буни эшитиб, ўша мударрисни дарҳол ўз вазифасида тиклайди ва бундан буён ҳеч бир мударрисни таъзил этмаслиги ҳақида ваъда беради. Қозизодадан эса дарсларга яна чиқишини илтимос қилади.
Қозизода Улуғбек мадрасасида мударрислик йилларида «саййид ас-санад» деб тилга олинадиган Саййид Шариф Журжоний номли бир мударрис билан мулоқотда бўлади. Қозизода у киши билан кўп мубоҳиса ва мунозара қиларди. Баъзан шундай бўлардики, бу мубоҳисаларда иккала шахс ҳам бир-бирига нисбатан овозини кўтарар ва тафовут, мухолифотта борардилар. Шундай ҳолларда Қозизода Сай¬йид Шарифга нисбатан «математик фанларда қудратсиз» деса, Сай¬йид Шариф Қозизодага «таъби математик фанларга мағлуб ва фалсафиётта мансуб» дер эди. Лекин иккиси ҳам бир-бирининг асарларини таҳрир қилар ва тортишувга сабаб бўлган масалаларни талабалар олдига қўяр эдилар.
Улуғбек Жамшид Кошийдан «Зижи Элхоний» ҳақида ва Мароғадаги кузатишлар ҳақида кўп эшитиб, ўзи расадхона барпо этиш ва янгидан астрономик кузатишларни бошлашга ташаббус кўрсатади. Ра¬садхона қурилишини Қозизода билан бирга Жамшид Коший бошқаради. қурилиш тугатилиб, кузатишлар бошланиши биланоқ Коший вафот этади. Бундан сўнг ишларга илмий раҳбарлик Қозизоданинг зиммасига юкланади. У ҳам кузатишлар охирига етказилмасдан вафот этади. Энди кузатишларни давом эттириш навбати Али қушчига келади ва у бу ишда катта жонбозлик кўрсатиб, устози Улуғбек билан ишни ниҳоясига етказади.
Қозизода билан Жамшид Кошийлар, шубҳасиз XV аср биринчи ярмида Шарқ ва ғарбнинг энг буюк олимларидан эдилар. Улар икки-сининг ўзаро муносабатлари дўстона эди ва улар бир-бирига катта ҳурмат билан қарар эдилар. Хусусан Қозизода Кошийга «биродари аъзам» деб мурожаат этарди. Қозизода Самарқанддалигида жуда кўп шогирдлар етиштирди. Буларнинг аввали ва энг буюги Улуғбекдир. Иккинчи шогирди Фатҳуллоҳ Шервоний бўлиб, у 1449 йили Улуғбек ўлдирилишини билан дарҳол Кичик Осиёга кетади ва Кастамону шаҳрида мударрислик билан шуғулланади. Қозизода Самарқандда уйланиб, бу никоҳдан бўлажак йирик олим Мирам Чалабийнинг отаси қутбиддин дунёга келади.
Қозизоданинг вафот этган йили маълум эмас. Лекин бу воқеа 1426— 1436 йиллар орасига тўғри келади, деб тахмин қилинади.
Олимнинг қаламига мансуб асарлар қуйидагилардир:
1. «Рисола фи-л-ҳисоб» («Ҳисоб ҳақида рисола»). Арифметикага доир араб тилида ёзилган рисола бўлиб, унда каср ва бутун сонларнинг Унлик услубларидаги ҳисоби баён этилган. Рисола 1382 йили Бурсада ёзилган. Иккита қўлёзмаси Машҳадда имом Ризо кутубхонасида сақланади.
2.  «Шарҳи мулаххис фи-л-ҳайъа» («Астрономия ҳақида қисқача рисоланинг шарҳи»). Асар Махмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Хоразмий ал-Чағминийнинг (XIII аср) «Мулаххис фи-л-ҳайъа» номли асарига араб тилида ёзилган шарҳидан иборат. Шарҳ ҳижрий 1412 йили Улуғбек учун Самарқандда ёзилган. Рисоланинг 150 дан ортиқ қўлёзма нусхалари дунёдаги турли кутубхоналарда сақланади.
3. «Шарҳи ашкол ат-таъсис». Бу рисола XV аерда яшаган математик Шамсиддин Самарқандийнинг «Ашкол ат-таъсис» («Асосланган жум-лилар») номли геометрияга доир рисоласига арабчада ёзилган шарҳидир. Бу ҳам 1412 йили Самарқандда Улуғбек учун ёзилган. Бу рисоланинг ҳам 70 дан ортиқ қўлёзмалари бўлиб, турли кутубхоналарда мавжуддир.
4. «Рисола ал-жайб» («Синус ҳақида рисола»). Бу рисолада бир даражанинг синусини аниқлашнинг янги бир усули баён этилган, араб тилида Самарқандда ёзилган. Унинг икки қўлёзмаси Истамбулда Султон Муҳаммад кутубхонасида сақланади.
5. «Дар баёни истироҳати жайби йак даража» («Бир даража синуси-пи аниқлаш усулининг баёни ҳақида»). Бу рисола ҳам олдинги рисола мавзусига бағишланган ва форс тилида Самарқандда ёзилган.
6. «Дастур ал-амал ва тасҳиқ ал-жадвал» («Амал дастури ва жадвалларини тузатиш»). Арабчада ёзилган ва Улуғбек «Зиж»идаги бир мате¬матик масаланинг шарҳига бағишланган. Биргина қўлёзмаси Тбилисида сақланади.
7. «Мисоха» («Ўлчаш»). Араб тилида ёзилган, юзаларни ўлчашга бағишланган рисола. Бир нусхаси Машҳадда Мавлавий кутубхонасида сақланади.
8. «Рисола фи-л-ҳайъа ва-л-ҳандаса» («Астрономия ва геометрия ҳақидаги рисола»). Биргина нусхаси Туркияда, Бурса шаҳрида сақланади.
9. «Шарҳ ат-Тазкира». Насириддин Тусийнинг «Ат-Тазкира» номли араб тилидаги рисоласига шарҳ.
10. «Шарҳ Таҳрир ал-Мажистий» араб тилида ёзилган. Астрономияга доир рисола, икки қўлёзмаси Берлин ва Лондонда сақланади.
11. «Рисола фи илм ал-ҳайъа» («Астрономия илми ҳақида рисола»). Биргина қўлёзмаси Санкг-Петербургда сақланади.
12. «Рисола фи рубъ ал-мужайаб» («Синус квадрат ҳақида рисола»). Араб тилида. қўлёзмалари Санкт-Петербург, Машҳад ва Теҳрон кутубхоналарида сақланади.
13.  «Лима кана ҳалла кавни нисба иртифаъ аъзам ал-жибол ила қугри ал-арз канисба субь ард шаъира ила зираъ» («Нима учун тоғларнинг энг баландининг Ер диаметрига нисбати арпа донининг бир газга нисбати каби эканлиги қабул қилингани»). Ер ўлчамига бағишлаган араб тилидаги рисола. Биргина қўлёзмаси Берлинда сақланади.
14. «Рисола фи самий ал-қибла» («қибла азимута ҳақида рисола»). қўлёзмаси Бурсада (Туркия) сақланади.
15. «Шарҳ ҳикмат ал-айн». Ал-қазвинийнинг «Ҳикмат ал-айн» номли рисоласига шарҳ, араб тилида. қўлёзмалари Боғчасарой (қрим), Берлин, Душанбе, Қозон, Қоҳира ва бошқа кўплаб шаҳарлардаги кутубхоналарда сақланади.
Улуғбек расадхонасининг етук намояндаларидан саналган ва Улуғбекдек буюк олимни тарбияланган Қозизода Румий қолдириб кетган адабий-илмий мерос бугунги авлоднинг олтин мулки ҳисобланади. Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу олимнинг қатор асарлари ўз тадқиқотчиларини ҳанузгача кутиб ётибди.

А.Аҳмедов