Саналар
20.11.2017
Баннер
Абу Али ибн Сино (980-1037)
PDF Босма E-mail

Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир. Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амаддор оиласида туғилди. 986 йилда ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вактдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади. Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний хукмронлиги даври (976-997) га тўғри келади.
Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳри ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тездан эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ қуъони каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди. Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирла-ининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16-17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилди. 999 йилда Бухоро қорахонийлар томонидан забт этилгач, Сомонийлар ҳокимияти инқирозга учради. 1000 йилда ибн Сино Бухородан чиқиб кетди ва маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга борди, у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинди. Ибн Сино Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишди. Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлди. Абивард, Туе, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келган ибн Сино ҳоким қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшади, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишди. 1019-21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқди. 1023 йилда Исфаҳонга қочди ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлади. Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлди. Умрининг сўнгги йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.
Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадим¬ги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади. Ибн Сино таржимаи ҳолида Форобийнинг «Метафизика мақсадлари», «Фусус ул-ҳикам» каби муҳим рисолаларини қунт билан ўрганганлиги, улардан кенг фойдаланганлигини таъкидлаб ўтади.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби») 22 жидпдан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага дойр масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима қилинган. 20 жилддан иборат бўлган «Китоб ул-инсоф» («Инсоф китоби») бизгача етиб келмаган, чунки Исфаҳондаги ёнғинда йўқолган. «Китоб ун-нажот» («Нажот китоби») 4 катта қисмдан — мантиқ, физика, математика, метафизикадан иборат, «Китоб лисон ул-араб» («Араб тили китоби») 10 жилдни ташил этади. «Донишнома» форс тилида ёзилган бўлиб, 4 қисмни — мантиқ, физика, математика, метафизикани ўз ичига олади (Рус тилига таржима этилган, бир қисми ўзбек тилида босилган).
Ибн Сино асарлари Ўрта асрларда Оврўпода илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у орқали Оврўпонинг бошқа тилларига таржи¬ма этилган. Ибн Сино илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунли бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон» каби фалсафий қиссалар яратган.
Ибн Сино замонасининг етук шоири ҳам бўлган. У Шарқ, хусусан, форс поэзиясида рубоий жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, рубоийлари ўзида чуқур фалсафий хулосаларни ифодалайди. Ибн Сино арабча қитьалар ҳам ёзган (Унинг шеърий мероси қисман рус ва узбек тилларида нашр этилган). Ибн Сино табобат масалаларини оммабоп ҳолда назм билан изоҳловчи «Уржуза» номли тиббий асар яратди. Унинг Аристотель (Арасту) таълимоти хусусида Абу Райҳон Беруний билан ва ўзининг шогирди — озарбайжонлик мутафаккир Бахманёр билан ёзишмалари фан оламида машҳур. Айниқса, табо¬бат, у билан боғлиқ ҳолда анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар ибн Сино ижодида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, ма-тематика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди. Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги асарларидан «Китоб ал-қонун фит-тибб» («Тиб қонунлари»), «Китоб ул-қуланж» («Ичак санчиқлари»), «Китоб ун-набз» («Томир кўриш ҳақида китоб»), «Фуж ул-тиббийа жориа фи мажлисиҳ» («Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар»), «Тадбир ул-манзил» («Турар жойнинг тузилиши»), «Фил-ҳиндубо» («Сачратқи ўсимлиги ҳақида»), «Рисола фи-дастур ит-тиббий» («Тиббий кўрсатмалар ҳақида») каби асарлари мавжуд. Унинг тиббиётга оид қомусий асари «Китоб ал-қонун фит-тибб» 5 мустақил катта асардан таркиб топган: уларнинг ҳар бири маълум соҳани изчил, ҳар томонлама ёритиб беради.
Биринчи китобда тиббиётнинг назарий асослари, унинг предмета, вазифалари, бўлим ва методлари, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, соғлиқни сақлаш йўллари, киши анатомияси ҳақида мазмундор, аниқлиги билан кишини таажжубда қолдирувчи қисқача очерк, соғлиқни қандай сақлаш кераклиги ҳақидаги таълимот (кейинчалик гигиена деб номланган) баён этилади.
«Қонун»нинг бу китобини ҳозирги замон ички касалликлар пропедевтикаси дарслигига тенглаштириш мумкин.
«Қонун»нинг оддий дориларга бағишланган иккинчи китобида 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган. Ибн Сино симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни биринчи бўлиб тавсия этади, шаробни қувватга киритувчи, жароҳатларни тозаловчи дори сифатида ишлатади.
Учинчи китобда айрим органлар (ҳатто соч, тирноқлар)нинг касалликлари, уларни даволаш усуллари баён этилади, уни махсус па¬тология дарслиги деб атаса ҳам бўлади. Бу китобда бош мия, нерв, кўз, қулоқ, бурун, томоқ, қорин, тиш, юрак, жигар, буйрак касалликлари батафсил таҳлил қилинади.
«Қонун»нинг тўртинчи китоби организмнинг умумий касалликларига бағишланган. Унда иситмалар, ўсмалар, уларнинг сабаби, хирургик касалликлар (суяк синиши, чиқиши, жароҳатланиш) ва улар¬ни даволаш усуллари, ҳар хил дорилардан заҳарланиш ва бунда кўриладиган чоралар тўғрисида маълумот берилади. Чечак, кизамиқ, мохов, тоун, вабо ва бошқа юқумли касалликлар тафсир этилади.
«Қонун»нинг бешинчи китобида мураккаб дориларнинг организмга таъсири, уларни тайёрлаш, истеъмол қилиш усуллари баён қилинган. Бу китоб доришунослик илмига — фармакологияга бағишланган.
Тиббиётнинг асосий вазифаси, унинг таъбирича, «инсон соғлиғини сақлаш, агар касаллик пайдо бўлган бўлса, бу касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва уларни йўқотиш орқали соғлиқни тиклашдан иборат». Ибн Сино фикрича, тиб илмида назарий билимлар ва амалиёт ўзаро боғлиқ бўлиши, бир-бирига асосланмоғи зарур, акс ҳолда у ривож томайди, ўз мақсадига эриша олмайди. «Тиб илми аввало икки қисмга — назарий ва амалий қисмларга бўлинади... Назария деб аталувчи қисми табибларнинг фикрларини ифода қилиб, махсус амалия деб аталадиган қисми тадбир ва амалнинг қандай бўлиши кераклигини ўргатади. Тибнинг амалий қисми иккига бўлинади. Биринчи қисми соғлом танларнинг тадбирини билиш бу соғлиқни сақлашга тааллуқли бўлгани учун соғлиқни сақлаш илми деб аталади. Иккинчи қисми — касал таннинг тадбирини билиш бўлиб, соғлом ҳолатга қайтариш йўлларини кўрсатади, бу даволаш илми деб аталади». Ибн Сино касалликни ўрганишда объектив шароитни ҳар томонлама билишга катта аҳамият берди, муҳитдаги турли табиий нарсалар, сув, ҳаво орқали касаллик тарқатувчи кўзга кўринмайдиган «майда ҳайвонотлар» ҳақидаги фикрни олға сурди.
«Қонун» 800 йил давомида ҳакимлар учун асосий қўлланма бўлиб келди. Ўрта асрларда «қонун» Шарқдагина эмас, балки ғарб-мамлакатларининг университетларида ҳам талабалар учун тиббиётдан ягона қўлланма эди.
Ибн Синонинг «Китоб уш-шифо» асарида турли тиббиёт илмларига: ботаника, геология, минералогия, астрономия, математика, кимёга оид кўп маълумотлар келтирилади. Унинг тоғларнинг вужудга келиши, ер юзасининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши, зилзиланинг сабаблари каби турли жараёнлар ҳақидаги фикрлари кейинчалик геология илмининг мустақил равишда ривож топишига катта таъсир кўрсатди. Айрим жойларнинг бир вақтлар денгиз бўлганлиги, шу сабабли қаттиқ қатламларда турли денгиз ҳайвонларининг излари сақланиб қолганлиги ҳақида ҳам турли мисоллар асосида фикр юритилади; метеоритлар, вулканлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Минералогия илмининг ривожида ҳам ибн Синонинг хизмати катта. У минералларни 4 гуруҳга ажратади:
1) тошлар;
2) эрийдиган жисм (метал)лар;
3) олтингугуртли ёнувчи жисмлар;
4) тузлар.
Кимёда ҳам ибн Сино замонасининг билимларини умумлаштиришга ҳаракат қилиб, турли асарлар езди, тажрибалар ўтказди. Хусусан, унинг органик кимё соҳасидаги фикрлари кейинги давр мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. У оддий металлни қимматли металлга айлантириш устида фикр юритувчи алхимикларни танқид қилди. Ибн Сино астрономия соҳасида Птолемейнинг геоцентрик назариясидан ташқарига чиқмаган бўлса-да, табиий ҳодисалар-нинг ички сабабий боғланишини аниқлашга ҳаракат қилди, инсон ҳаёти ва ижтимоий ҳодисаларни осмон жисмлари ҳаракати, ҳолатига боғловчи астрологияга шубҳа билан қаради, турли тажрибалар ўтказиш учун янги астрономик асбоб яратиш, ботаникада турли ўсимликларнинг табиий хусусиятларини ўрганиш, илмий терминология яратиш соҳасида иш олиб борди.
Ибн Сино дунёқараши Форобий асарлари таъсирида шаклланди, у ижтимоий-фалсафий масалаларда Форобий қарашларини давом эттирди, илғор фалсафий оқимни янги табиий-илмий фикрлар би¬лан бойитиб системалаштирди ва янги босқичга кўтарди. Ибн Сино фикрича, фалсафанинг вазифасига мавжудотни — барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, биридан иккинчисига ўтишини ҳар томонлама текшириш учун зарурият, имконият, воқелик, сабабият принципларини асос қилиб олди. Олам — барча мавжуд нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган бир бутунликни ташкил этиб, у энг иродали, қудратли, доно Тангридйр. қолган ҳамма нарсалар имконий тарзда мавжуд бўлиб, зарурий вужуд — Тангридан келиб чиқади. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин — сабаб ва оқибат муносабатидадир. Бу жараён эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклидаги мавжуд бўлган ақл, жон (нафс) ва жисм, улар билан боғлиқ ҳолда осмон сфералари келиб чиқади, мавжуд нарсаларга айланади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар)дир. Бундан ташқари борлиқда акциденция (образ) — нарсаларнинг белгилари, ранг, ҳажми, ҳиди ва бошқа ҳислари мавжуд. Жисм шакл ва моддадан ташкил топади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа конкрет жисмларнинг асосидир. Нарсаларнинг конкрет кўринишлари, шакллари ўзгаради, лекин уларнинг моддий асоси йўқолмайди. Материя доим вужудга келиши мумкин бўлган нарсалардан аввал мавжуд бўлиб, бу нарсалар уларни ташкил этувчи материяга муҳтождир. Материянинг энг содда, бўлакларга бўлинмайдиган шакли тўрт унсур: ҳаво, олов, сув, тупрокдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар ўзгариб, турли шаклларга эга бўлиши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган тўрт унсур йўқолмайди, абадий сақланади. Унинг фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тараққиётнинг якуни сифатида инсон вужудга келган. Иғсон бошқа барча ҳайвонот оламидан сўзи, тили ва ақли, тафаккур қилиши билан фарқ қилади.
Реал ҳодисаларни чуқур билиш, фан билан шуғулланиш инсонгагина хосдир. Ибн Сино «Рисолатун фи тақсим ал-мавжудот» асаида бутун борлиқни таркибий қисмларга бўлиб, бирма-бир санайди ва уларга таъриф бериб ўтади. Вужуди вожиб, вужуди мумкин, субстанция, акциденция, материя, шакл, ақл, унсур, жисм, қувват, сезиш, минерал, ҳайвон, нутқ, лисон каби категориялар бу рисолада қисқача таърифланади.
Инсон билимлари нарсаларни билиш ёрдамида вужудга келади. Билиш ҳиссий билиш ва тушунчалар ёрдамида фикрлашдан ташкил топади. «Сезиш,— деб ёзган у,— бу шундай таъсирки, у ташқи нар¬саларнинг ўзи бўлмай, балки бизнинг ҳисларимизда вужудга келади. Ҳис моддий образнинг ойнаси бўлиб, моддий шаклларнинг бўйи, эни билан бирга ифодаланганлиги сабабли, уларни инсон моддий асоссиз инъикос эта олмайди ва жисмларни билолмайди».
Инсон ақли турли фанларни ўрганиш ёрдамида бойийди, ривож топади. Бунда, хусусан, у мантиқ илмига катта эътибор беради. Ақл ҳар қандай билишнинг ва амалий фаолиятнинг мезони сифатида талқин этилади. «(Ақл) тарозисида ўлчанмаган ҳар қандай билим,— деб ёзади ибн Сино,— чин бўлолмайди, демак, у ҳақиқий билим эмас». Ўрта асрда Яқин ва Ўрта Шарқ, жумладан, Марказий Осиё фалсафасида ақл назарияси жуда муҳим ўрин эгаллайди.

Ибн Сино ижодида фаннинг структурасини текшириш, илмларнинг тартибини аниқлаш, уларни тасниф қилишга эътибор алоҳида ўрин эгаллайди. Бу масалада ҳам олим Форобий бошлаб берган фан-ар таснифи ҳақидаги масалани янада тараққий эттиришга ҳаракат қилади. Ибн Синонинг фалсафий системасини ифодаловчи асарларида («Китоб уш-шифо», «Китоб ун-нажот», «Донишнома») фалсафий билимлар: мантиқ, физика, математика, метафизика тартибида берилади. Булардан мантиқ — билишнинг методи, мавжудотни ўрганиш, у ҳақда фикр юритишнинг илмий усули сифатида талқин этилади. «Мантиқ,— деб ёзади ибн Сино,— инсонга шундай бир қоида берадики, бу қоида ёрдамида инсон хулоса чиқаришда хатолардан сақланади». Мантиқ ёрдамида инсон ҳақиқий билимни ёлғондан ажратади ва номаълум нарсаларни ўрганади. У мантиқ илмини тадқиқ этишга катта эътибор беради, унга махсус рисолалар бағишлайди. Хусусан, у мантиқий усуллар, таърифлаш, ҳукм, хулоса чиқариш, исботлаш масалаларини ўрганишга катта ҳисса қўшди, мантиқ фанини Форобийдан сўнг билишнинг тўғри методи сифатида ривожлантирди. Мантиқдан ташқари барча қолган илмларни ибн Сино табиат ва ижтимоий ҳодисалар ҳақидаги илмлар сифатида ўзининг «Ақсом ул-улум ул-ақлийа» («Ақлий билимлар таснифи») асарида алоҳида-алоҳида санаб, таъриф бериб ўтади. Ибн Сино фалсафий илмларни аввало иккига бўлади: назарий ва амалий илмлар.
Назарий илмлар ҳақиқатни билишга, амалий илмлар яхши ишларни бажаришга қаратилган. Фалсафанинг назарий қисми учга бўлинади:
1) қуйи даражадаги илм, яъни табиатшунослик;
2) ўрта даражадаги илм — математика;
3) олий даражадаги илм — метафизика. Фалсафанинг амалий қисми ҳам учга бўлинади:
а) шахс ҳақидаги илм;
б) инсоннинг ўзаро муносабатлари ҳақидаги илм;
в) давлатни, мамлакатни бошқариш ҳақидаги илм. Назарий-фалсафий илмларга кирувчи ҳар уч турдаги илмлар асосий ва ёрдамчи бўлакларга ажралади; табиатшунослик илмлари астрология, медицина, алкимё каби етти хил тармоқни ўз ичига олади. Математика эса арифметика, геометрия, астрономия, мусиқа номи билан 4 тармоққа бўлинади. Асарда 29 илм тармоғи тилга олинади.
Ибн Сино ўз дунёқарашида пантеистик принципга асосланади: Тангри ва борлиқ бир-бирига зид, бир-бирини инкор этувчи нарсалар эмас, аксинча, улар бир бутун ҳолда мавжудотни ташкил этади. Абадийлик Тангрига хос. Тангри ва табиат маълум поғоналар ёрдамида боғланади. Узун ва яхлит занжирнинг бир томонида яратувчи Тангри — зарурий вужуд, иккинчи чеккасида табиат ётади.
Ибн Сино ҳақиқий ахлоқий фазилатларга ва идеал жамоага шу мавжуд дунёда эришув мумкин, жамиятда инсонлар ўзаро ёрдам асосида яшашлари керак деб таъкидлайди. Жамият кишиларнинг ўзаро келишуви асосида қабул қилинадиган адолатли қонунлар ёрдамида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Жамият аъзоларининг ҳаммаси бу қонунга итоат этишлари, қонунни бузиш ва адолатсизлик жазоланиши, башарти подшонинг ўзи адолатсизликка йўл қўйса, халқнинг унга қарши қўзғолони тўғри ва жамият томонидан қўллаб-қувватланмоғи лозим.
Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий «уйғониш»нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди, бу билан бутун Шарқ ва Оврўподаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатди. У ўз даврида Шарқ ва Оврўпода «Шайх ур-раис», «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Ибн Сино машҳур мураббий сифатида Абу Убайд Журжоний, Умар Исфаҳоний, Муҳаммад Шерозий, Аҳмад Маъсурий, машҳур Озарбайжон мутафаккири Бахманёр ибн Марзбон, Юсуф Ийлоқий, ажойиб олим ва шоир Умар Ҳайём каби шогирдларини тарбиялади. Уйғониш даври миниатюра ва суратларида ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган. Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган табиатшунос Карл Лин¬ней доимо яшил бўлиб турувчи бир ўсимликни ибн Сино шарафига «Авицения» деб атади.
Ибн Сино асарлари Оврўпода XII асрдан бошлаб лотин тилига таржима қилина бошлади. «Тиб қонунлари» асарининг ўзи лотинчада 30 мартадан ортиқ нашр қилинди. «Китоб уш-шифо»нинг кўп бўлимлари, мантиқ, мусиқа, ернинг тузилиши, геологик жараёнлар, метафизикага оид қисмлари ҳам лотинчада нашр этилди. Сўнгти илмий тадқиқотлар ибн Синонинг Шарқ адабиётига ҳам таъсир кўрсатганлигини, чуқур фалсафий мазмунни ифодаловчи рубоий ва фалсафий қиссалар жанрининг тараққиётига туртки берганлигини кўрсатади. Ибн Сино халқ орасида шу даражада ҳурматга сазовор бўлдики, у фольклор қаҳрамонига айланиб кетди. Шарқ халқларида унинг тўғрисида турли ҳикоя, ривояту афсоналар вужудга келди. Жаҳон олимлари ибн Сино асарлари, унинг фаолияти тўғрисида кўпдан бери илмий-тадқиқот ишларини олиб борадилар. Ҳозирда жаҳондаги деярли барча тилларда ибн Сино ҳақида асарлар яратилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин