Саналар
21.11.2017
Баннер
Аҳмад ас-Сарахсий (835-899)
PDF Босма E-mail

Олимнинг тўлиқ исми Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Марвон ас-Сарахсий бўлса-да, Аҳмад ибн ат-Таййиб лақаби билан танилган. Баъзан кейинги ном, яъни Аҳмад ибн ат-Таййиб олимнинг исломни янги қабул қилган оиладан эканлигини, бу лақаб унинг мусулмон бўлмаган ота-онасининг исмини яшириш мақсадида қабул қилинган, деган фикрлар ҳам учраб туради. Аллома исмидаги ас-Сарахсий рутбаси унинг насл-насабини англатади ва уни Ўрта асрларда Туркманистоннинг Сарахс деб аталган шаҳридан эканлигини билдиради. Ас-Сарахсий 835 йиллар атрофида таваллуд топган ва асосан халифалик маркази Бағдодда яшаб фаолият кўрсатган. У ўз даврида фалсафа, физика, табобат, математика, астрономия, астрология ва мусиқа каби фанлар билан шуғулланиб, машҳурлик шоҳсупасига кўтарилган.

Ас-Сарахсийнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси бугунги кунгача жуда кам ўрганилган манба ҳисобланади. Хорижий тадқиқотчилар орасида алломага бағишланган махсус тадқиқот Франс Розенталь қаламига мансуб.
Ўрта аср манбаларида Аҳмад ас-Сарахсийнинг Бағдодга қандай қилиб бориб қолганлиги ҳақида маълумот учрамайди, лекин унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ бўлган икки муҳим маълумот сақланиб қолган. Улардан биринчиси, алломанинг машҳур қомусий олим ва «арабларнинг файласуфи» деб шуҳрат қозонган Ёқуб ал-Киндийга шогирд бўлганлиги. Устоз ва шогирд дастлаб 850 йиллар атрофида Бағдодда танишгани эҳтимолга яқин. Аҳмад ас-Сарахсий ўша вақтда 10—15 ёшлар атрофида бўлиши мумкин. Адабиётларда ас-Сарахсийнинг олим бўлиб шаклланишида ал-Киндийнинг хизматлари катта бўлганлиги эътироф этилади. Шу билан бирга география, адабиёт, санъат тарихи каби соҳалар борки, уларда ас-Сарахсий ўз устозидан баъзи жиҳатлари билан фарқланади. Маълумки, халифалар ал-Маъмун ва ал-Муьтасим даврида катта эътибор ва ҳурматга эга алломалар ал-Мутаваккил даврига келиб бошқа диний ва илмий арбоблар билан бирга таъқиб остига олинган. Ас-Сарахсий ҳам бу таъқиблардан четда қолмаган.

Унинг таржимаи ҳолига оид иккинчи маълумот шундан иборатки, у Аббосий халифаларидан — 892 йили халифалик курсисига ўлтирган ал-Муътададга устозлик қилиш билан бирга аста-секин халифанинг ҳам мамлакат, ҳам шахсий ишларидаги маслаҳатчисига айланган. Аллома ўша даврнинг йирик сиймолари — шоир ибн ал-Муътаза, машҳур олим Собит ибн қурра, ал-Муътадад вазирининг ўғли ва отасининг вафотидан сўнг вазир вазифасини эгаллаган шоир ва давлат арбоби ал-Қосим ибн Убайдуллоҳ ибн Сулаймон ва бошқалар билан яқин мулоқотда бўлган. Кўп ўтмай ал-Муътадад ва Аҳмад ас-Сарахсий муносабатларига путур етиб, халифа уни 896 йили банди қилади ва 899 йили вазир ал-Қосимнинг хайрихоҳлигида қатл эттиради. Ас-Сарахсий ҳақидаги маълумотлар Ўрта аср муаллифларидан Ибн ан-Надим, Ибн ал-Қифтий, Ибн Абу Усайба, Бар Эбрей, Ёқут ал-Ҳамавий, Ҳожи Халифа ва бошқаларда учрайди. Хусусан, Ибн ал-Қифтий у ҳақда қуйидаги сўзларни келтиради: «Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн ат-Таййиб ас-Сарахсий ислом дунёсидаги файласуфлардан бири бўлиб, у Ёқуб ал-Киндийнинг шогирди эди. Бинобарин, у фалсафий илмлардаги ноёб истеъдод соҳибларидан ҳисобланиб, мантиқ, мусиқага оид йирик асарларнинг муаллифи, қадимги юнон ва араб илмларининг аксариятида нодир салоҳият эгаси, шу билан бирга жуда билимдон, юксак қобилиятли, ўта нотиқ ва қалами ўткир бир инсон эди. У аввалига халифа ал-Муътададга устозлик қилган, сўнгра унинг ҳамроҳи (надим) ва дўстига айланган. Ал-Муътадад Аҳмад ас-Сарахсийга яқин сирларини ҳам айтиб, давлатни идора этиш ишларида у билан маслаҳатлашар эди...». Ибн ал-Қифтий олим қаламига мансуб йигирмадан ортиқ асарларнинг номини келтирадики, бу рўйхатни тўлиқ деб бўлмайди ва уни бошқа муаллифлар, жумладан, Ибн ан-Надим, Ёқут ал-Ҳамавий, Хожа Халифаларнинг маълумотлари билан тўлдириш мумкин. Аҳмад ас-Сарахсийнинг барча рисолаларининг номларини зикр этиш имконияти бўлмагани учун, унинг фалсафа, физика, мусиқа, табобат каби фанларга оид баъзи асарларининг номини келтириш мумкин:

1. «Фалсафа асослари» («Аркан ал-фалсафа»).
2. «Атмосфера ҳодисалари хақида китоб» («Китоб фи-ахдас ал-жавв»).
3. «Туманнинг мохияти ҳакдда китоб» («Китоб фи кави ад-дабаб»).
4. «Тоғларнинг фойдаси ҳақида китоб» («Китаб манфаъат ал-жибал»).
5. «Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб» («Китаб ал-масалик ва-ал-мамалик»).
6. «Астрономияга кириш» («ал-Мадҳал ила синаъат ан-нужум»). Ахмад ас-Сарахсийнинг Бакуда сақланаётган бу рисоласидаги Зуҳал ва Миррих сайёраларининг бир-бири билан учрашиш жойи ҳақида мулоҳазалари Абу Райҳон Берунийнинг «Хронология» асарида иқтибос қилиниб, танқид остига олинган2.
7. «Арифметика китоби» («Китаб ал-арисматиқа фи-л-аъдад»).
8. «Мусиқа ҳақида катта китоб» («Китаб ал-мусиқа ал-кабир»).
9. «Ашула айтиш сирларига йўриқлар» («Китаб ад-далала ала асрар ал-ғина»).
10. «Табобатга кириш» («ал-Мадхал ила синаъат ат-тибб»). Аҳмад ас-Сарахсий асарларининг катта қисми бизгача етиб келмаган.

Б. Абдуҳалимов

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин