Саналар
20.07.2017
Баннер
Абу Лайс Самарқандийнинг ҳаёти ва ижоди
PDF Босма E-mail

 

Исми.

Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Хаттоб Самарқандий Тусий Балхий. Баъзилар Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад (ёки Муҳаммад) ибн Иброҳим Самарқандий дейишган.[1]

Лақаби.

А. Ал-Фақиҳ. Бу таниқли лақаби. Бу лақабдаги “ал” артикили унинг фиқҳ борасида замондошларидан ҳеч ким тенглаша олмайдиган даражага эришганига далолат қилади. Ундан бошқа фақиҳ йўқ дейилгандек.

Абу Лайс бу лақабини ёқтирар, уни ўзига шараф санарди. Абу Лайс “Танбеҳ ал-ғофилийн” асарини тамомлагач, уни Росулуллоҳнинг равзаларига қўйди. Шу кеча тушида пайғамбаримизни кўрди. У зот китобни тутқазаркан: “Китобингни ол, ей фақиҳ”, - дедилар. Уйғониб қараса китобда у зотнинг қўл излари бор эди. Шу сабабли Самарқандий бу лақабини яхши кўрар эди.[2]

Б. Имам ал-ҳуда. Бу лақаб Абу Мансур ал-Мотуридийга ҳам берилган.[3]

Куняси. Куняси Абу Лайс. Бу кунялари машҳурлигидан исмлари ўрнига ҳам ишлатиладиган бўлди. Баъзан бунга лақаблари қўшилиб “Фақиҳ Абу Лайснинг сўзи” дейиларди.

Таваллуди. Абу Лайс туғилган йили аниқ эмас. У даврда кишиларнинг таваллуд  саналари белгилаш одат тусига кирмаганди. Бу кишининг келажакда улуғ олим бўлишлари ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.

Шунга қарамай, тарихчилар у киши таваллудларини тахминан 301-310 ҳижрий йиллар оралиғида бўлганини айтишган.

Вафоти. Манбаларда у кишининг вафотлариги оид турли маълумотлар келган.

- Довудий ўзининг “Тобақот ал-муфассирийн” асарида у киши 393 ҳижрий сананинг 11 Жумадул аввал тунида вафот этган деган.[4]

- “Тобақот ас-санийя фи тарожим ал-ҳанафийя” асарида 383 йилнинг 3 чисида дейилган.

- “Тож ат-тарожим”да 375 ҳижрий йилда дейилган.[5]

- “Жаваҳир ал-мазийя”да 373 йилнинг 3 чисида дейилган.[6]

- “Кашф аз-зунун”да Ҳожи Халифа Абу Лайс 376 ёки 383 ёки 393 ҳижрий йилларнинг бирида вафот этганини айтади.[7]

- “Тарих ат-тирос ал-аробий”да унинг вафоти 373 йилда бўгани, 375 ва 393 деган сўзлар ҳам борлиги айтилган.[8]

- “Мўъжам ал-муаллифийн”да 393 йилда вафот этгани айтилган.

- Суютий: Айям ат-толиъ???да вафот этган деган.

- “Навазил”да 396 ҳижрий сананинг 11 жумадул охир тунида 55 ёшида вафот этгани айтилган.

Оиласи. Таржимаи ҳол китобларида у кишининг оиласи ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Бунга оилаларидан оталари ва ўзларидан бошқа машҳур киши бўлмагани сабаб бўлиши мумкин.

Устозлари:

1. Илк устозлари – оталари Муҳаммад ибн Иброҳим Тусийдир. У киши фазилатли ва тақводор фақиҳ эдилар. Абу Лайсга ёшликларида илм берганлар. У кишининг кўп қавллар баҳрул улумда “Отам сўзлаб берди” маъносидаги жумладан сўнг келган.

2. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Умар Ҳиндувани Балхий (362 ҳ. ваф.).[9]

Илмни Муҳаммад ибн Ақийл Балхий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саиддан олганлар.

У кишида Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳамадон, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муслим ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий, Абу Абдуллоҳ Тоҳир ибн Муҳаммад Ҳаддодий ва бошқалар ривоят қилишган. 362 ҳижрийда Бухорода вафот қилиб, Балхда дафн қилинган.

3. Ал-Халил ибн Аҳмад ал-Қози ас-Сижзий (289 -378 ҳ.)–  Самарқанд қозиси. Имом, Қози ва Ҳанафий шайхи деган лақаблари мавжуд. Илмни Абул-Қосим Бағовий, Яҳё ибн Соид, Ибн Хузайма, Абул-Аббос Сирож, Муҳаммад ибн Иброҳим Диблий Маккий, Ибн Жусо ва бошқалардан ўрганган.

Ундан Ҳоким, Абу Яъқуб Исҳоқ Қорроб, Абдулваҳҳоб ибн Муҳаммад Хаттобий, Жаъфар Мустағфирий, Абу Зар Ҳировий ва бошқалар ривоят қилишган.

Ҳоким: “У ўз даврининг роъй уламолари шайхи. Энг гўзал маъруза қиладиганлар эди”, - деган.[10]

4. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Фазл ибн Аббос Балхий (317 ҳ. ваф.)[11]

Балхнинг воизи, шайхул ислом, катта зоҳид. Аҳмад ибн Хузровайҳнинг соҳибларидан. Қутайба ибн Саиддан охирги ривоят қилган киши.

У кишидан Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Розий ва Абу Барк ибн Муқриълар ривоят қилишган.

Муҳаммад ибн Фазл тариқат соҳиблардан эди. У кишидан бир қанча ҳикматли сўзлар ривоят қилинган.

“Тўрт кишидан ислом кетади: билганига амал қилмайдиган, билмаганига амал қиладиган, билмаганини ўрганмайдиган ва кишиларни илмдан тўсадиган киши”.

Балх уламолари билан бўлган келишмовчиликдан сўнг Самарқандга кўчиб ўтганлар. 317 йилда шу ерда вафот қилганлар.[12]

Шогирдларидан машҳурлари:

1. Луқмон ибн Ҳаким ал-Фарғоний. Абу Лайснинг китобларини ривоят қилган.

2. Нуъайм Хатиб Абу Молик. У кишидан ривоят қилганалардан.

3. Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Зубайрий. Ровийлардан.

4. Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Саҳл. Ровийлардан.

5. Тоҳир ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Наср Абу Абдуллоҳ Ҳаддодий.

Илмий савиялари.

Фиқҳ. Олдин айтиб ўтилганидек, замонларида фиқҳ борасида ягона бўлганларидан “Ал-Фақиҳ” деб аталганлар.

Ақоид. Абу Лайс замондошлари орасида калом ва тортишув илмларини мукаммал билиши билан ажралиб турарди. Самъоний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Абу Ҳанифага эргашувчилардан эди. Тортишув ва мунозара билан танилган шахс эди”.

Чет тиллари. Муаллиф араб тилидан ташқари форс тилини билганлар ва бу тилда шеърлар битганлар. У кишининг тафсирлари билан танишган киши, араб тилига мансуб бўлмаган сўзларнинг ҳам маънолари очиқлаб кетганларини кўради.  Масалан [13]الذين يرثون الفردوس оятдаги “Фирдавс” сўзини Рум тилида “боғ” маъносини англатади дейди.

Лекин бу нарса у кишининг бу тилларни билганларини англатмайди. Бу сўзларнинг маъносини ўзларидан олдин ўтган муфассир ва тилшуносларнинг асарларидан олган бўлишлари мумкин.

У киши узларининг жамиятларида кенг тарқалган форс тилини мукаммал билганлар. Бу тилда шеърлар битиб турганлар. Бундан ташқари яҳудий олимлари билан учрашиб, уларнинг илмларини ўрганлар. Бу ҳақида ўзлари: “Аҳли тавротнинг: “Яъқуб ўғилларнинг исмлари Тавротда мавжуд. Рубийл, Шамъун, Яҳудо, Вилавилар Лаё исмли аёлларидан, Юсуф, Бинямийн бошқа аёллари Роҳийлдан, қолган олтитаси бошқа икки аёлларидан” деганларинг эшитганман”, - деганлар.

Тиббиёт. Абу Лайс тафсирида замонасининг машҳур табиблари сўзларини нақл қиладилар. Масалан муаллиф “ам яҳсудуна”[14] ояти борасида Табиб Розийнинг: Барча шаҳватлар қалбни ўлдиради. Қўшилишдан ташқари. У қалбни поклайди” деган сўзини келтирган.

Яна бир мисол тариқасида “Ва кулу...”[15] оятининг тафсирини ҳам келтириш мумкин.

Фалсафа. Бу даврдаги тиббиёт илмини тушунган кишилар файласуф бўлишган. Абу Лайс ҳам фалсафини чуқур ўрганган эди. Масалан “куллама назижат”[16] оятининг тафсирида: “Динсизлар бу оятни инкор қилиб шундай деганлар...” деб уларнинг даъволари ва унга раддияларни келтирадилар.

Асарлари. Абу Лайс Самарқандийдан баракали илмий мерос қолди. Илм, фан, адаб борасида кўплаб китоблар тасниф этдилар. Фиқҳ, усули дин, тиб ва фалсафа илмларида шуҳрат ва мартаба қозондилар.

Тафсир илмида ёзган асарлари:

«Баҳр ал-улум» (Илмлар денгизи) номли тафсир. Бу тафсирнинг 3 та нусхаси сақланиб қолган. Икки нусхаси Миср Араб Республикаси кутубхоналарида, бир нусхаси Эдинбург кутубхонасида сақланмоқда. Уч жилдлик ушбу асар Миср Араб Республикасининг «ал-Азҳар» университети докторлари Муҳаммад Муавваз, Аҳмад Абдулмавжуд ва Абдулмажид ан-Нутийлар томонидан ўрганилиб, 1993 йил Байрутда нашр этилган.

Маҳмуд Ҳусайн аз-Заҳабий «ат-Тафсир вал-муфассирун» асарида Самарқандийнинг «Баҳр ал-улум» тафсири ҳақида шундай деб ёзади: «Бу тафсирни кўп маротаба ўқиб чиқдим, муаллиф бир бобида салаф уламоларидан ривоят қилган ҳолда кишиларни тафсир илмини ўрганишга чақиришини ва унинг фазилатини баён қилишини кўрдим. Сўнг араб тилини ҳамда оятларнинг нозил бўлиш сабабларини яхши билмаган ҳолда оятларни тафсир қилиш мумкин эмаслигини баён қилган. У тафсирга бўлган ҳурматни нафақат ўз фикри билан, балки салаф уламоларининг сўзлари билан ҳам асослайди». «Агар бирор киши араб тилини ва оятнинг нозил бўлиш сабабларини яхши билмаса, тафсирни ўргансин, ёд олишга ҳаракат қилсин, бирор олимдан ҳикоя тарзида гапириб бериши мумкиндир”. Муфассир салаф уламоларнинг саҳоба ва тобиъинларнинг сўзларидан келтириб тафсир қилади. Лекин у ким ривоят қилганини зикр этмайди. Камдан кам ҳолларда санад (ривоят қилувчи) ларни айтиб ўтади. Маълум ҳолларда қироатларга ҳам эътироз билдиради, баъзан тилга ҳам мурожаат қилиб туради. Қуръондаги бир оят бошқа бир оятни тушунтириб берадиган бўлса, Қуръонни Қуръон билан шарҳлайди. Исроил қиссаларидан ҳам ривоятлари учраб туради. Кўпинча, баъзилари унлай дедилар, баъзилари бундай дедилар, деб ҳам зикр этади. Баъзи қийин жойларда, ўқувчига савол бериб, сўнг унга жавоб беради. Қуръонда ихтилоф ва қарама-қаршилик бор деб ўйлаётган кишиларга эътироз билдириб, уларнинг шубҳаларини бартараф этади. Китоб жуда нодир маълумотларни жамлаган. Унда муфассир нақл бўйича тафсир ва ақл бўйича тафсирни бир жойда жамлаб, нақлий жиҳатни ақлий жиҳатдан устун қўйган. Шунинг учун бу тафсирни манбаларга асосланган (маъсур) тафсир деб ҳисоблаймиз.

Фиқҳ борасида ёзган асарлари:

1. «Хизонат ал – фиқҳ» (Фиқҳ хазинаси). Бу асарда ҳанафия мазҳаби ақидалари сосида мусулмон ҳуқуқшунослиги (фиқҳ) нинг қисқача таърифи берилган. Асар 42 та мустақил китоб ва 100 дан ошиқ бобга бўлинади. Асар «Китоб масоил ат-таҳорат» (Таҳоратга оид масалалар китоби) билан бошланиб, «Китоб ал-васоё» (Васиятлар китоби) билан тугайди. «Хизонат ал-фиқҳ» нинг 1467 ва 1814-йиллари кўчирилган икки қўлёзма нусхаси ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

2. «Уюн ал масоил». (Ҳанафий мазҳаби асослари ҳақида).

3. «Муқаддима Абу Лайс фис-солат». (Намоз муқаддимаси).

4. «Ан-навозил фил фатово» (Воқеалар). Бу фатволар ҳақида китобдир.

5. «Таъсис ан-назоир ал-фиқҳийя».

6. «Ал-Мабсут фи фуруъил фиқҳ ал-Ҳанафий».

7. «Ан-Наводирул муқаййида». (Фиқҳнинг нозик масалалари ҳақида).

8. «Шарҳ ал-жомиъул кабир» ва «Шарҳ ал-жомеъус сағир». (Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг китобларига шарҳ ёзганлар).

9. «Муқаддима фи баёни ал-кабоир вас-сағоир».

10. «Фатово Абу Лайс». (бу китобда фиқҳ фатволари жамлангандир).

Ақоид борасида ёзган асарлари:

1. «Китоб мухталиф ар-ривоя» (Турли ривоятлар ҳақида китоб).

2. «Китоб баён ақоид ал-усул» (Дин асослари қоидалари баёни китоби).

3. «Китоб асрор ал-ваҳий» (Ваҳий сирлари китоби).

 

 

Худойқулов Жаҳонгир

ТИИ 4-курс талабаси

 

 

 

 

[1] Абдулқодир Қураший. Ал-Жаваҳир ал-мазийя фи тобақот ал-ҳанафийя. – Ҳиндистон: Даирот ал-маориф ан-низомия. Ж:3 С:544;

Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. Ан асом ал-кутуб ва ал-фунун: – Истанбул: 1360-62/1941-43. Ж:2 С:1187;

Довудий. Тобақот ал-муфассирийн. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмийя, 1983. Ж:2 С:245;

Хойриддин Зирикли. Ал-Аълам. – Байрут: Дар ал-илм лил-малайийн, 2002. Ж:8 С:347

[2] Катаиб аълам ал-ахбар (Қўлёзма) 126 рақам.

[3] Абдулқодир Қураший. Ал-Жаваҳир ал-мазийя фи тобақот ал-ҳанафийя. – Ҳиндистон: Даирот ал-маориф ан-низомия. Ж:3 С:360.

[4] Довудий. Тобақот ал-муфассирийн. – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмийя, 1983. Ж:2 С:346.

[5] Қутлубуғо. Таж ат-тарожим фи табақот ал-ҳанафия. – Байрут: Дар ал-қолам, 1992. Ж:4 С:224.

[6] Абдулқодир Қураший. Ал-Жаваҳир ал-мазийя фи тобақот ал-ҳанафийя. – Ҳиндистон: Даирот ал-маориф ан-низомия. Жаваҳир ал-мазийя. Ж:3 С:196.

[7] Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. Ан асом ал-кутуб ва ал-фунун: – Истанбул: 1360-62/1941-43. Ж: 2 С:1187, 1220, 1580.

[8] Муаллиф. Тарих ат-тирос ал-аробий. – Шаҳар: нашриёт, йил. Ж:13 С:91.

[9]Абдулқодир Қураший. Ал-Жаваҳир ал-мазийя фи тобақот ал-ҳанафийя. – Ҳиндистон: Даирот ал-маориф ан-низомия. Ж: 1 С:42;

Зирикли. Ал-Аълам. – Байрут: Дар ал-илм лил-малайийн, 2002. Ж:1 С:131.

Самъоний.  Ал-Ансоб. 13/432

[10] Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. – Байрут: Муассасат ар-рисалат, 1985. Ж: 21 С:438

[11] Зирикли. Ал-Аълам. – Байрут: Дар ал-илм лил-малайийн, 2002. Ж:7 С:221

[12] Заҳабий. Сияр аълам ан-нубала. – Байрут: Муассасат ар-рисалат, 1985. Ж:4 С:524

[13] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири –Тошкент: 2009. С: Муъминун О:11.

[14] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири –Тошкент: 2009. С: Нисо О: 54.

[15] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири –Тошкент: 2009. С: Аъроф О: 31.

[16] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири –Тошкент: 2009. С: Нисо О: 56.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин