Саналар
21.11.2017
Баннер
Тарихи Жаҳоннамойи (1)
PDF Босма E-mail

Аваз Муҳаммад Аттор Ҳўқандий

Туркистонда бўлган даҳшатли ҳодиса ва нохуш воқеалардан кейин жаноби соҳибқирон (Султон Саидхон)нинг беҳисоб лашкар ила қилғон ҳаракат ва жунбушлари ҳазрати Авлиёота фуқаросининг шаҳидлиги, ўрус кофирларининг бедодлиги ва уларга (Алимқул) амирлашкарнинг хатму зафар билан берган танбеҳи ҳақида сўз.

Сичқон йили — тарих 1281 йил зу-л-ҳижжа иззуҳу ойи ўрус кофирлар беадаблик ила Олмаота мавзеидан ҳаёсизликнинг тошлоқ биёбонига бемуродлик қадамларини қўюб, Марка қалъасига яқинлашдилар. Бу қалъа Тошканд вилояти тасарруфида эди. Қалъа аҳолиси бу ҳолдан огоҳ бўлиб, ҳаммалари бирлашиб, Садди Искандардек ҳимояга турдилар. Улар ичлари қора кофирлар дафъига фурсат пойлаб мунтазир бўлдилар. Аҳли куффор (кофирлар) мусулмонлар журъатини яхшироқ кўриб билдиларким: қалъани забт этиш улар учун жуда ҳам мушкулдур, ҳатто қалъага яқинлашишнинг иложи йўқдир. Шунда ўруслар пасткаш ва дағал кишиларга хос бўлган макру ҳийладан фойдаландилар. Уларга ер тагини новлаш иши осонроқ ва гўё дардларига малҳамдек кўринди. Тез фурсатда улар қалъа дарвозаси тагидан чуқур қазиб, ичини ҳар хил доривор ила тўлдириб, кечаси жаҳонсуз оташ билан ёқиб юбордилар. Хиёнаткор кишилар доимо шундай қиладилар. Олов шуъласи тез фурсатда манзилига етиб, шундай портладики, қалъа дарвозасини ўз жойидан девори ила кўтариб ташлади ва уни ер билан яксон этди.
Қалъа аҳолиси буни кўриб, баъзилари амонат жонини ғанимат билиб, тун қоронғисидан фойдаланиб қочиб кетдилар. Баъзилари эса жангга кириб золимлар қўлиға тушдилар. (Ўруслар) шу даҳшатли воқеадан сўнг қалъа иморатларини ер билан яксон қилиб, мазкур ойнинг ўн иккинчисида бу манзилдан кўчиб, ҳазрати Авлиёота қалъасига келдилар. Ниёз Али бу вилоятнинг ҳимоясида турган эди. У вазият танглигини баҳона қилиб, ҳамма одамларини олиб, Туркистон томонга Мирзо Давлат хизматига кетди. Шаҳар ўз ҳокимидан айрилди. Фаранги кофирлар (ўруслар) қўрқмасдан қалъа қамалини бошладилар. Улар тўрт томондан шаҳар ичини тўпга тутдилар. Вилоят фуқароси ҳар бир кўча ва бозорларда ғайрат ва журъатни ўзларига қалқон этиб, шаҳар дарвозасидан чиқиб, ул лаин кофирлар ила қаттиқ уруш қилди. Бу ҳам натижа бермади ва улар чекиниб, қалъа ичига яшириндилар.
Шақоват аҳли фуқарони ўзларига нолойиқ кўрди ва уларнинг журъати ошиб, қалъа деворларини тўпга тутган ҳолда дарвозага яқин келдилар. Алдаб, тутун босишидан фойдаланиб, тезда битта тўпни ичкарига олиб киришди. Фуқаро ўз аҳлу аёлини ғайрат ила мудофаа қилди, уч кеча-кундуз кўча ва бозорларда туруб, хотун ва болалари билан оғир жанг олиб бордилар. Бундай уруш ҳали бирон бир подшоҳ даврида бўлмаган эди. (Авлиёоталиклар) Чимкент йўлига интизорлик билан кўз тикиб, Тошкент ҳокими Нор Муҳаммад кўшбегидан мадад ва ёрдам кутар эдилар.
Бу номард (Нор Муҳаммад қўшбеги) икки ойдан бери Чимкентда макон тутган эди ва ҳамма воқеани билиб туриб, бечораларга бирон мадад бермади. Оллоҳ таоло амири кабир умрини узун ва давлатини фузун айласинки, унга яхши танбиҳ бериб оламга ибрат қилиб кўрсатди.
Ниҳоят, фуқаронинг аҳволи танг бўлиб, омонлик беришни сўрадилар. Кофирлар бундан хабар топиб, қатлни тўхтатдилар, ярашиш режасини тузиб, сулҳга рози бўлдилар.
Икки томон ҳам ўз ўликларини жанг майдонидан чиқариб, ўз ойин ва динларига кўра дафн қилдилар. Мусулмон аҳолисидан шул урушда бир мингу олти юз эркак ва аёл, каттаю-кичик шаҳидлик даражасига лойиқ бўлди. Кофир мақтуллар қурбонининг сони бу ҳисобга кирмайди.

Бу воқеалар юз бераётган вақтда бир неча минг ўрус ва кўпгина қазоқ (казак) сарбозлари Оқмасжиддан (кейинги) Ясси, яъни Туркистон шаҳрини муҳосара (қамал) қила бошладилар. Бу ернинг ҳокими Мирзо Давлат шижоат ва мардлик намунасини кўрсатди, ўз лашкари билан кофирлар урдусига қарши чиқиб, оғир жанг бошлади ва шаҳарга қайтмоқчи бўлди. Аммо (Мирзо Давлат) келиб кўрса, вилоятнинг қаллоб, касофат ва бузғунчи кишилари олдиндан ўрусларга сотилиб, уларнинг хизматларида юрган эканлар. Улар вилоятни кофирларга тақдим қилиб, шаҳар дарвозасини мусулмонларга очмадилар. Улар қалъа деворларини тешиб, кофирларни шаҳарга қўйган эканлар. (Мирзо Давлат ўз сарбозлари билан) бу хиёнат хабарини эшитиб, афсусу надомат қилиб ўз жойига қайтди. Улар кечани бир навъ ўтказиб, эрта билан Тошкент вилоятига йўл олдилар. Йўл-йўлакай Чимкентга кириб, мазкур Нор Муҳаммадни кўрмасдан, Қорақамиш мавзеига етиб келдилар ва ҳазрат Миён Халил Соҳиб боғига тушдилар. Бу хабарлар ва шу можаролар жаноби амир Султон Саидхонга тез-тез етказиб туриларди. Бундан соҳибқирон руҳида ғайрат, шижоат ва мардлик қайнаб кетиб, сипоҳлик анжом ва асбобларини тайёрлаб, урушга отланди. (Хон) саъйи балиғ (улуғ ҳаракатлар) кўрсатиб, вилоятнинг ҳар томонига, музофот саркардаларига, қасаба сардорларига марғуб иноятномалар жўнатиб, қўшин жамлашга киришди.


АМИР САИД ХОН СОҲИБҚИРОННИ ЎРУСЛЛРГА ҚАРШИ ҚИЛҒОН ЮРИШИ ВА МАЛИКИ МУСТАЪОН ИНОЯТИ ИЛА ФАТҲУ ЗАФАР ТОПҒОНИ ҲАҚИДА

Жаноби соҳибқирони (Султон Саид хон) субҳон (оллоҳ) инояти ва худо муруввати нурлари ила комронлик маснади ва шодмонлик давлатига суяниб, барқарор ва осойишта эди. Адолат нурлари ва иноят партави одамлар юзида ва раъият ҳаётида кўринарди. Жаноби ҳумоюн хотиралари мамлакат харобалиги ва унга етказаётган ҳалалларни ислоҳ қилиш Йўлига тушди. Бу тинч вилоятнинг хосу омига давр ҳодисалари кўп жафолар етказарди. У киши зулм ва тааддини Йўқотиб, кейин осойишталик ила ҳукм сурмоқни эди. Замона ҳодисаларининг қазосидан ва ногаҳонлик аломатларидан шул тарих зафар ойининг ўртасида кетма-кет жаноби соҳибқиронга даҳшатли хабарлар кела эошладиким, ўруслар лашкари ҳар томондан келиб, бир қисм Марка, Авлиёота қалъалари, яна бир фирқаси эса Туркистон фатҳига азм қилиб, фитна отига миниб, аҳли давлат кўзларига душманлик ва харобачилик чангини сепибдурлар. Яна бул нобакор кишилар (ўруслар)нинг бошида Чимкент ва Тошкандни олиш фикри пайдо бўлаётган эмиш. Умидимиз шулким, аъло ҳазрат шижоат байроғи ила бу диёрга келиб, ёнган бу эловни мардлик суви билан ўчирадилар, бўлмаса (тоқатимиз тоқ бўлиб) «пичоқ суякларимизга етади». Қитъа (мазмуни):
Агар шоҳ шамширининг кучи бўлмаса,
Шаҳарда ҳар хил шўру балолар бўлар.
Кимки яхшини ямондан ажрата олмаса,
Ҳар фитна қўлидан келса қилар. Бизнинг илтижоимиз шулдурким, жаноби соҳибқирон биз томонга тез ҳаракат қилиб, зафар байроғини кўтарсунлар. Байт:
Халқни куйдурадиган оловни
Ўчирмасдан бошқа илож йўқ.
Бу хабарни эшитиб ҳазрати соҳибқирон ҳаракат қилишга азм этди ва ҳамма қасаба, вилоятларга фармон ва иноятномалар жўнатиб, ислом дини орқали таъкид ва таҳдид кўрсатиб, қўшин йиғишга киришди. Хон фармонини эшитиб ҳар томондан жасур аскарлар ва ботир сарбозлар тўплашиб келдилар. Уларнинг саноғи фалак юлдузларидан ҳам кўп эди. Ҳисобдон оқилу олимлар сипоҳ миқдорининг кўплигидан ҳайратда эдилар. Ҳама ҳумоюн ўрдасига келиб, соҳибқирон соясида осойиш топарди...
Неча-неча манзиллардан ўтиб жаноби хон (лашкари ила) Тошкандга келиб, истиқомат режасини тузди. Бир неча муддатдан кейин қолган қўшин ҳам етиб келди. Сафар анжомларининг камчилигини тўлдириб, аста-секин Рахшсифат саманд жиловини мақсад томон тортдилар...
...Манзиллар ва маҳаллаларни кезиб (хон) Шаробхона мавзеига етиб келди ва бахт хаймасини жоҳу жалол ва шавкат ила фалак авжига урди ва шу ерни манзил қилди. Тун вақти истироҳат чоғида Тошканд вилояти уруғларидан бўлмиш Ниёз Али чаққон келиб шундай хабар берди: «Ўрус кофирлар Чимкент вилоятига икки томондан яқинлашиб, шаҳарга ярим фарсах қолганда тўхтаганлар. Давлат арконлари ва маслаҳат соҳиблари жанобнинг ижозатисиз жангга кирмасдан сизнинг ташрифингизни кутуб турубдилар. Омонсиз жангга (келиб) киришларини талаб қиламиз». Бу хабарни эшитгач, (Султон Саид хон) Мулла Алимқулни сардор айлаб, уни куффор жангига жўнатди. Мулла Алимқул кеч тунда кўчиб, ҳиммат рахшини мақсуд йўлига ҳайдади. Суръат билан йўлларни тай этиб, қуёш чиқаётган пайти Чимкентдан ўтиб, муддаосига етиб тўхтади. У бошараф кишилардан маслаҳат сўради. Улар, бор куч-қудратимиз билан динимиз душманларига қарши урушайлик ва зарба берайлик, шоядки кофирларга кимлигимизни кўрсатайлик, деган қарорга келишди.
Шу пайт Алимқул сардорни ҳужум қилиш хабари душман қулоғига етиб, ўзларини Йўқотиб, ваҳимага тушиб, Оқмасжид ва Туркистон кофирларининг олдинги манзилгоҳи бўлган жойида нусратасар лашкарнинг Йўлини Садди Искандардек тўсдилар. Улар атрофларида чуқур бир хандақ кавлаб, ҳамма ғалла рртилган арава, оту туялари, асбобу ашёлари билан маҳкам ўраб олиб, йўлда қолиб кетган ғарибларга ўхшаб турдилар.
Мулла Алимқул эшикоғаси қўлига зафар жиловини олиб, иқбол остонасига қадам қўйди, шарафи эса осмон авжига етиб, фатҳу зафар учун аскарларга ишорат қилди...
Икки томондан ҳам ҳарб ноғораси ва уруш найи чалинди. Мусулмонлар тантанаси фазода акс садо берарди. Довул садоси, ёшу қари фарёди аршдаги малак қулоғини (ҳам) кар қилди.
Ғазабнок суворийлар ва шиддаткор Йигитлар душман томон ҳамла қилдилар. Омонлик товуси оромини Йўқотиб, зоғга ўхшаб бир чеккада турарди. Ажал лочини уруш майдонида парвоз қилиб, руҳ қушини сайд этарди. Қатл олови шундай ёниб кетдики, осмон тоқига етарди, уруш шуъласини таъсири шундай эдики, унинг нури фалакни ёритарди. Диловар аскарлар ўз жонларидан кечиб, ширин ҳаётни унутиб, баҳордаги чақмоқ қамишзорга ургандек, курашга ташландилар. Хусусан, аҳли ислом кофирларни қаттиқ жазоладилар, уларни жило тиғи билан уруб, шижоат ўқини отиб, бошларини таналаридан жудо қилиб ташладилар...
Кўп кушойишлардан сўнг зафар насими оллоҳ инояти ила мусулмонлар томонига эсди, кофирлар бошига бадбахтлик тупроғини ҳовучлаб сепди ва уларни шарманда қилди. Ўруслар тез орада омонлик сўраб, мусулмонлар олдида тиз чўкиб бош қўйдилар. Имонли ва фаросатли мусулмонлар уларга озодлик бериб, зафарпайкар отларини чодирлари томон сурдилар.
Шу куннинг эртасида фирўзлик хусрави бўлмиш қуёш ўзининг жаҳонтоб ва зарнигор байроғини осмон қалъасида кўтариб, зарфишон ўқлари билан ҳабаш сипоҳи — қора тун қўшинини паришон қилган пайт... кўп ўрус кофирлар бошяланг, кулоҳларини қўлга олиб, қўрқиб, узр сўраш учун Алимқул сардор ҳузурига келдилар. Совға-саломларини тортиқ этиб, душманлик ва адоват руҳидаги калималарни унутиб, улар ўз мақсадларини баён қилишди. Икки томон ҳам сулҳга рози бўлишди. Мусулмонлар сулҳ васиқасига имзо қўюб, (ўруслардан) икки лак  миқдорида Россия тиллосида пул талаб қилишди, бу эса Ҳўқанди латифнинг 225 минг бир мисқолли ашрафийсига тенг эди. Улар Туркистон вилоятини ҳам қайтариб беришга рози бўлишди. (Ўруслар) рухсат олиб, ўз қўшларига қайтиб кетишди...
Мулла Алимқул сардор бу фараҳбахш хабарларни ҳамма вилоят ва музофотларга тарқатиб чиқди. Сағиру кабир ва ғанию шариф ҳамма жойда бир ҳафта хурсандчилик қилиб, бир-бирларига суюнчи берардилар. Нусратшиор мусулмонлар ўз ишларида тоғдек мустаҳкам бўлуб, Авлиёотадан келаётган кофирларни кутиб турардилар. Шу вақтда кофирларнинг бир неча минг нафари бир-биридан бехабар Чимкент мавзеига яқинлашиб, хавфсираб, кўрсичқонлар каби бахиллар қабрига ўхшаган чуқур ва қоронғу жойларга (окопларга) кириб кетдилар.
Бу воқеалар тафсилоти жаноби соҳибқирон (Султон Саид хон)га маълум бўлди ва у ҳузурига ўзининг аҳли давлат ва аҳли қонунини йиғиб, маслаҳат солди. Мартабали амирлар кайвон даргоҳида тилларидан пургавҳар сўзлар сочиб айтдиларким: «Ҳозир душманга ҳужум қилиб бўлмайди. Уларни тўрт томондан муҳосара (қамал) қилиш керак. Муҳосара қанча чўзилса, шунча фойдалидир. Чунки кундан-кунга уларнинг озиқ-овқати тамом бўлади, ислом лашкарининг кучи бўлса кўпаяди». Бу фикрлар давлат умаросига маъқул бўлиб, ҳар бир саркарда ўз қўшини билан душман атрофини парголдек қамаб,(улардан) бохабар бўлиб турдилар.
Сафар ойининг чоршанба йигирма иккинчиси кунида бир неча минг кофир ўз «гўрхона»ларидан тўсатдан чиқиб, ислом лашкарини писанд қилмасдан уларга тўпу тўфангдан ўқ отиб, Чимкент қалъаси томон йўлга тушдилар. Камози талигача етиб келиб, шу ердан шаҳар қалъасини тўпга тутиб, шундай уруш бошладиларким (кўрган) одамнинг журъати ваҳимага тушиб, ҳайратдан гунг ва лол бўлди.
Мулла Алимқул сардор жаноблари ҳар бир паҳлавон гуруҳини ҳар жойга тайинлаб, Мингбой қўшбегини ўзининг орқасига жойлаштирди. Мулла Алимқул эшикоғасининг ўзи бир неча (душман) билан урушарди...
Куффор сипоҳи (умид ўқи ўрнига) тўпу тўфангга зўр берарди, мусулмон лашкари эса гинаю адоватдан ўқларини заҳарлаб курашарди. Бу зарбалардан қўрққан кофирлар симобга ўхшаб ҳар томонга оқиб кетардилар ва кабутарларга ўхшаб ўз жонларини асраш ҳаракатига тушардилар...
Алқисса, икки томон ҳам шу хатарли ҳамда хавфли жойда матонат ва сабот ила бир-бирлари билан қаттиқ олишди. Фарғона қўшини эртадан кечгача муҳораба қилди. Шунинг учун фалак тоқидаги малак шаҳодат қўлини ҳайрат тиши билан тишлаб, шу урушни мақтарди... Охирда зафар шамоли Фарғона томон эсди ва кофирлар тор-мор бўлиб, қочишга ихтиёр қилдилар... (Улар) бевафолик тупроғини мурувват кўзига таш-лаб, (Россия) салтанати обрўйини фано боди (шамоли)га бердилар. Назм (мазмуни):
Бири қўлидан мурод жиловини берди,
Яна бири ҳавас оти теласидан тушиб кетди.
Бошқаси ўқдонини йўқотиб беҳол бўлди,
Бири қанотсиз қушдек учолмай қолди.
Душман сипоҳи қочиб орқага кайтишни ихтиёр этди... Кўп киши ул оташафрўз тиғ тобидан, пайкон шуъласидан ва жонсўз ўқдан жангда ўлиб, зоғу итларга ем бўлди. Нусратшиор аскарлар қўлига уруш асбоблари ва уруш аслаҳаларидан кўп ғанимат тушди.
Аҳли куффорнинг бир фирқаси Туркистон томонга, бошқаси Авлиёота тарафга кетдилар. Мусулмонларнинг бир гуруҳи қочоқлар орқасидан қувиб, шеру йўлбарсдек ҳамла қилиб, (ўрусларни) таъқиб этиб кетди ва бир манзил улар билан урушиб-урушиб чекиндилар.
Шу аснода бир ўқ кофирлар томонидан отилди ва шижоат жангалининг шери, ягона ва фарзона, ул диловар ва рустамзода, мард, жасур лашкарбоши Мингбой қўшбеги баҳодир қипчоқ билагига тегди. Шу захмдан кейин бутун қўшин ўз манзилига қайтди. Кофирлар мусулмонлар қўлидан буткул озод бўлдилар.
Мингбой қўшбеги икки кун роҳат тўшагида ётиб, учинчи куни шаҳодат даражасига етиб, жаннат томон йўл олди.
Шундан кейин жаноби соҳибқирон фатҳу зафардан оллоҳга шукрлар қилиб, нусратшиор лашкарни жой-жойларига қўйиб, Чимкент қалъаси деворини янгитдан бино этди. Энди (бу қалъа) Садди Искандари зул-қарнайндан дарак берарди.
Вилоят қалъаси қурилишидан кейин Чимкент ва Тошкандни Мирзо Аҳмад деган бир парвоначига тақдим қилиб, бир гуруҳ илғор чегарачи мерганларни кўмак (ҳамда қалъани мустаҳкамлаш) учун қолдирди.
Сартия, қирғизия ва бошқалар орасидан соҳибқиронга хиёнат қилганларни жазолаб, (Алимқул) занг босган хотирасига сайқал бериб, мусаффо қилди ва кўнгли жойига тушди. Ҳамда Султон Маҳмуд хон тўра, Улуғжон тўра, лашкар бошлиқларидан Нор Муҳаммад қўшбеги Муҳаммад Назарбек парвоначи, Ниёз Али додҳоҳ понсодбоши шаҳодат даражасига кўтарилди. (Қатл қилинди)
Шундан сўнг Алимқул сардор азамат жиловини Тошканд томон тортиб, йўл босиб Тошканд вилоятига кирди ва Султон Саид хон остонасини ўпишга муяссар бўлди. Ўн кун ичида бу ерни макон ва истироҳат учун манзил қилди. Бир неча вақтдан сўнг Султон Саид хон азамат жиловини Хўқанди латиф томонига маътуф қилиб, Йўл олди. Дашту саҳро ва манзилу мароҳилни ўтиб, 1 5-раби ул-аввал, жумъа куни (1281 йил)3 манзилгоҳи бўлган ўрдага кириб келиб, хусравона тахтга хурсандлик ва хушбахтлик ила чиқди.
Вилоят раъияси ва аҳолиси ҳукмдорнинг адлу инсофи ила фориғболликда яшарди-лар. Шу муқаддимадан кейин бу мусаввада мусаннифи (яъни муаллиф) соҳибқирон фатҳу зафари ҳақида бир муносиб тарих айтди...


ЎРУС КОФИРЛАРГА ҚАРШИ ИККИНЧИ ЮРИШГА ООҲИБҚИРОННИНГ ФАРМОН (БЕРИШИ) ВА ИҚОН МАВЗЕИГА КЕЛИБ КУФФОР БИЛАН ҚИЛҒОН УРУШИ ҲАҚИДА

Жаноб соҳибқирон (Султон Саид хон) давлати азимга (Ҳўқандга) қайтдилар. Шум кофирлар маҳзул ва маҳрум бўлиб Авлиёотага келдилар. Бир неча кун осойишталик билан ҳарб олот-асбобини янгитдан тахлаб, вақтни ғанимат билиб яна Чимкент иродасини қилиб, Чимкент қалъасига яқинлашиб қолдилар.
Кофирларнинг дабдабали тарзда келаётгани ҳақидаги хабар Мирзо Аҳмад қушбегига маълум бўлди. Мирзо Аҳмад — зоғ каклик рафторига тақлид қилиб, эртаси беҳисоб лашкар ила кофирларнинг йўлини Садди Искандардек олиш учун Чимкент қалъасидан хиромон чиқди... (Улар) тез кофирларнинг маконига келиб, рақибга қарши муқобил сафландилар. Кофирлар бундан хабар топди, аммо улар шуни билардиларки, нобакор Мирзо Аҳмад қушбеги курашишга бел боғлаган бўлса ҳам аслида у хўроз эмас, макиёндир. Кофирларнинг ғайрати қайнаб, хавфли ва хатарли аҳволда ўзларини Йўқотмасдан тўпу туфанглари ила урушга киришдилар.
Икки томон ҳам саъйи ҳаракат ила камоли паҳлавонлик кўрсатиб, сабту қарор қадамини босиб, бир-бирлари билан жанг қилдилар. Оқибатда худо амри ила кофирларнинг қўли баланд келди ва мусулмонлар орқага чекинишга мажбур бўлиб, Чимкент сари йўл олдилар.
Мирзо Аҳмад шу ернинг сипоҳсолари бўлатуриб, журъатсизлик ва қўрқоқлик қилди. Чимкент қалъасида паноҳ топмай, Тошкандга қайтди.
Пиёда ислом аскарлари имкон қадар кофирларга қарши курашиб, муродсизликдан тушкунликка тушган ҳолда нобакорлар ўқидан ҳалок бўлавердилар. Улар (ўруслар) 1281 йил жимод ул-аввал ойининг учинчисида, сешанба куни Чимкент қалъасига кириб, беҳисоб бедодлик ва ёвузликни мусулмон аҳлига раво кўрдиларким, бу ишларга ақл бовар қилмайди.
Баъзи шоҳидларнинг гувоҳлигига қараганда, ўруслар урушдан сўнг шаҳид бўлган мусулмонларнинг жасадларини санаб чиққан эканлар. Айтишларича, каттаю кичик, эркак ва аёллардан 1376 киши мақтул бўлган. Сипоҳнинг ҳамма асбоб-аслаҳаси, бир қанча ғалла тўла омбор кофирлар қўлига ўтди. Яна улар вақтни бой бермай, қочоқларни таъқиб этиб, Тошканд вилоятига етиб келиб, Тошканд қалъасини қамал қилишди. Бир неча кун дам олишгандан сўнг шаҳарга яқинлашиб, шундай ёвуз босқинчилик қилишдики, Одамзод ақли кофирларнинг бундай журъатига ҳайрон қолди.
Баъзи қўрқоқлар қочиб қолдилар, шижоатли кишилар эса ҳозиру нозир бўлиб, кофирларнинг бошига тўпу туфанглардан жаладек ўқ ёғдирдилар ва аксар кофирларни ер билан яксон қилиб, минг азобу машаққат ила ўз қўшларига қайтдилар.
Шу воқеалар ичида жаноби соҳибқироннинг келиш хабари маълум бўлди. Кофирлар (ўз жойларига) қайтиб кетишди. Тошкандликлар бу фатҳу зафарни эшитиб, жаноби соҳибқиронга беҳисоб лашкар билан бир неча кофирнинг бошини ҳадя ва совға сифатида жўнатдилар. 19-жумодул-аввал, чаҳоршанба кунида2 бу башоратли хабар ул хосиятсиз бошлар билан бирга Ҳўқанди латифга келди.
Кабиру сағир, фуқаролар бир неча кун хурсандчилик қилдилар. Кетма-кет келаётган совуқ хабарларни эшитиб тоқати тоқ бўлган жаноби соҳибқирон вилоятнинг ҳар томонига мағруб номалар юбориб, ўзи бир неча киши билан ўн тўртинчи жумод-ул-аввал қуни тезда Тошкандга етиб келди. Кофирларнинг кетганини билиб, Тошкандни ўзига маскан қилди. Қўшин аҳли ҳам бирма-бир соҳибқирон ҳузурига келиб қўшилди-лар. Кофирлар соҳибқирондан қўрқиб, Чимкент қалъасига кириб яшириндилар.
Шундай қилиб, қиш ҳам кирди. Кундан кунга ҳаво совиб, қору ёмғир ёғиб, ер яхлаб, қорнинг баландлиги оту туя кўкрагига тегадиган бўлди. «Туф десангиз музлайдиган» ҳавода жаноб соҳибқироннинг ғайрати тушиб, лашкар сафидан 12 минг ёш йигитни танлаб, уларга Мулла Алимқулни сардор қилди ва ражаб ойининг ўн тўртинчиси, душанба кунида Туркистонга кофирларга қарши жангга боришларини буюрди.
Шу вақт ҳавонинг совуқлигидан ҳис ва ҳаракат руҳи бадандан соқит бўлиб, нафас танадан худди пўст ташлайдиган илонга ўхшаб зўрға чиқарди. Айниқса, Тошканддан чиқиб Қайрағоч мавзеига етиб келган кун тунда шундай шамол кўтарилдики, Од қавмини  Йўқ қиладиган тўфонга ўхшарди... (Мусулмонлар)дан бир неча нафарининг оёқ-қўлини совуқ урди, баъзиларни юзлари, кўзлари музлади, баъзи кишилар эса ақлдан озиб сафдан чиқдилар. Бир ғаройиб аҳвол юз берди. Лашкар тез суръатлар билан ҳаракат қилиб Чулек мавзеига келди. Одамлар манзил қилган шу жойда кофирлар ҳам кичик қўрғон бино этиб, бир даста сарбозларини химоя учун қолдирган эканлар. Шу қавмдан қарийб 50 кишини ўлдириб, хотирларни тоза ва мусаффо қилиб, Иқон қалъаси олдида қўш урдилар. Чун зим-зиё тун қоп-қора мағрибга ғарқ бўлди ва зарнигор офтоб малики жаббор амри ила машриқдан чиқди, қалъада ғафлат уйқусида қолган одамлар деворлардан қараб, истироҳат қилаётган бир олам нусратасар аскарларни кўрдилар. Улар вазият қанчалик оғирлигини билиб, душманни ушлашдан бошқа чора Йўқлигини фаҳмладилар. Қалъадагилар бир неча хиёнаткорни боғлаб, узр сўратиш учун жано-би султон Саид хон хизматига (ҳузурига) олиб келдилар. Уларнинг ҳар бири ўз қилмишларига яраша хоқон марҳаматига сазовор бўлди. Жаноби олий фармойишлар ила бандиларнинг аксариятини асфоли жаҳаннамга жўнатиб, шу куни дам олмоққа азм этди...
Намози аср ва шом вақти орасида кетма-кет шундай хабар келдиким, бир неча юз ўрус кофирлари дабдаба билан яқинлашиб келмоқдалар. Бу хабарни эшитиб, соҳибқироннинг ғафлат уйқуси бошидан учди. Мардлик ғайрати унинг ҳамма паю суякларида ҳаракатга келиб, аҳли лашкарини қуроллантириб, кофирлар йулини тўсиш учун жўнатди. Сарбозлар душман йўлини ҳамма томонлама босиб олдилар. Қору муз отларнинг кўкрагига тегар, ҳаво совуқлиги эса ифрот ҳаддига етарди. Шу кечани сарбозлар от устида ўтказдилар, уларнинг кўпчилигини совуқ урди. Кофирлар эса ўзлари ковлаган хандақларга кириб, юз минг ранжу азоб ила кечани кундуз қилдилар.
Қуёш малики фарҳанг амри ила машриқдан бош чиқариб, қоронғу зулматни ёрутди. Ислом лашкарининг ғозийлари тўрт томондан кофирларга қарата ўқ ёмғирини ёғдирдилар. Ёш паҳлавон йигитлар отларга миниб, ҳар тарафга чопиб кетдилар, кофирлар эса ваҳимага тушиб, уларни ўзларига яқин йўлатмасдилар. Шундай қилиб, кечгача жанг қилсалар-да, ҳеч бир натижага эришолмадилар. Кофирлар тоғдек мустаҳкам эдилар. Ақлли одамлар ўз расму ойинларига қараб, маслаҳат қилиб, ҳийла йўлини туттилар. Улар бир кеча-кундуздан кейин ҳар хил нарсалар — намат, дарахт шохлари, қору муздан қорабуйра ясаб, уни олдиларига қўйиб, юмалатиб кофирлар мавзеига яқинлашдилар. Уларнинг орқасидан паналаб келган навкарлар тўсатдан душманга ҳужум қилиб, кофирларни паришон ҳолида нобуд этдилар...
Баттоллардан ўттиз-қирқ киши от ва туяларга миниб, Туркистон сари қочишга тушди. Мард сарбозлар бундан хабардор бўлиб, уларга етиб олиб, ақлсиз кофирларни милтиқ билан отиб ўлдиришди. Минг хил ҳийла ва найранг билан шу қавмдан 3—4 нафари қутулиб, Туркистон қаяъасига етиб бордилар. Соҳибқирон (Султон Саид хон)нинг келиши ул разил қавмга маълум ва ошкор бўлди. Туркистон қалъасининг дарвозасини уч кун очмасдан улар кечаю кундуз ҳозир ва нозир турдилар.
Жаноби соҳибқирон фатху зафардан кейин Туркистон қалъасига назар ташламас-дан, ўлжага тушган қанча нарса, тўпу туфангни олиб, мол, оту туяларни ҳайдаб келиб, саодатмандлик билан подшоҳлик тахтига ўлтириб, қарор ва осойиш топти. Агар у Тур-кистон қалъасига (яна юриш қилиб) борса эди, куффор ва ислом диёрининг ўртасида яна қирғин ва вайронагарчилик юз берарди.
Қарийб олти ой пойтахтда туриб, вилоятнинг ҳар чеккасидан нодир монийсират ҳунарманд усталарни чиқариб, кечаю кундуз найзаю тиғ ва бошқа уруш аслаҳалари ясалди. Тез орада 70—80 тўпи жангий муҳайё қилинди, бир неча минг саккиз — ўн қарич келадиган султоний милтиқ ҳам ясалди. Қурол-яроғларнинг адади аҳли ҳисобга ҳам маълум бўлмади. Шундай куч-қудрат билан душманга қарши боришга қарор қи-линди. Ниҳоят, ўн иккинчи зу-л-ҳижжа ойида кофирларнинг Ниёзбек қалъасини олганлиги тўғрисидаги хабари ҳамма жойга тарқалди. Бу воқеанинг баёни шундай. Шанба 2 куни тунда (ўруслар) ўғридек қалъа деворларидан чиқиб, тўпу туфангларидан созу наво чиқариб, ғафлатда ётганларни уйғотдилар. Тун зим-зиё бўлгани учун кулфатзада кишилар бу даҳшатли воқеадан хабар топиб, баъзилари ўзларини дарёга, баъзилари қалъа деворидан пастга ташладилар, кўплари кофирларга асир тушдилар.
Эртасига ранго-ранг қуёш оллоҳ амри ила бошини осмон даричасидан чиқариб, атрофни соф ва нуроний қилди. Ҳар тарафга паришон аҳволда тарқалган сарбозлар зу-л-ҳижжа, якшанба куни бу хабарни Ҳўқандга етказдилар.
Замона умаролари ва фуқаронинг катта-кичиги бу даҳшатли воқеадан хотирлари паришон бўлди. Мазкур ойнинг Йигирманчисида жаноби Султон Саид хон суръат ила Тошкандга Йўл олишга фармон берди. (Ҳўқандликлар) чаҳоршанба кунида Тўйтепага етиб келдилар ва бир кун шу ерда дам олиб, орқадан келаётган лашкарни кутдилар. Жума куни лашкар ила Фарак, ҳозир Чирчиқ номи билан машҳур, дарёсидан ўтиб, ўйламасдан душман сари йўл олдилар...
Аҳли куффор мусулмонларнинг ҳиммат ва ғайрат билан келаётганини эшитди, исломнинг шукуҳи кофирлар қалбини босди. Улар ўз жойларидан кўчиб, бир манзил орқага Шўртепа мавзеига келиб, ўзларига қароргоҳ қурдилар.
Жаноби хон амирлашкари билан бирга келиб, Мингўрик манзилида нузул қилди.

Кечани истироҳатда ўтказиб, эртаси шанба куни Ховари аъзам (қуёш) малики фарҳанг амри ила машриқдан урушни ният қилиб бош чиқарганиданоқ жаноби шоҳ нусратпаноҳ лашкари билан дабдаба-ю шавкат ила Шўртепага яқин келдилар. Улар узоққа отадиган тўпу тўпхона, саккиз-ўн қарич келадиган қора қўндоқли милтиқларни олиб, шарҳи йўқ салтанат ила султоний кўсларни чалиб, кофирлар томон йўлга тушдилар...
Мулла Алимқул амир лашкар Султон Саид хон фотиҳасини олиб, душман ёқасини маҳкам тутиб жангга киришди. Филни йиқитадиган шергир диловарлар душманга қарши баҳри Хазарга ўхшаб мавж уруб, фитна ва ошўбга азм қилдилар. Эртадан кечгача ул номсизлар билан урушиб, дарё мавжидек ғалаён кўтардилар. Кеч кирди ва кофир-лар қайтиш учун ноғора чалиб, бахиллар қабридан ҳам тор бўлган бир чуқур жойга (окопларга ) қайтдилар. Ислом лашкари кечани ухламасдан ўтқазиб, малъунлар манзилини ҳалқадек босиб олиб, субҳи содиққача барқарор турдилар.
Давлат арконлари беодоблик ила арз қилдиларким, «аскарлар ҳаммаси ташна бўлиб оч қолдилар, ўз қўшларига қайтиб дам олишлари зарур, эртаси яна бу жамоа-нинг бошига етиб кела оламиз». Мулла Алимқул амирлашкар бу насиҳатларга қулоқ солмади ва ўз сўзида тоғдек маҳкам турди. Байт (мазмуни):
Насиҳатга қулоқ солгил, жоним, жондан ҳам яхши кўрар— Саодатманд ёшлар барно пирларнинг ўгитини.
Эртаси якшанба куни қуёш машриқдан жанг толиби бўлиб, ғалаён қилиб, бошини гардун чашмасоридан чиқарганда аҳли ислом кофир лашкарига ҳимматини қаратиб, тўпу тўфангни ишга солиб жанг бошладилар. Кофирлар бу ҳужумга тоқат қилолмасдан саросимага тушиб, тор хандақларидан чиқиб, минг ҳийлаю найранг билан ўзларини тепаликларга олдилар...
Шу пайт оллоҳ амри ила 1281 йил, зу-л-ҳижжанинг 26-кунида кофирлар сафидан бир ўқ отилди ва у Мулла Алимқул амир лашкарга тегиб, уни ярадор қилди ва у отдан йиқилиб тушди. Шул сабаб лашкари ислом парокандаликка тушиб, ҳамма ўз жонинин ўйлаб паришонликка берилди. Сарбозлар жаноби амрлашкарани отга миндириб, ҳамма асбобу яроғ, тўпу тўфангларни олиб Тошканд қалъасига етиб келдилар. Алимқул амирлашкар ҳушдан кетиб ётган эди. Ҳозиқ табиблар ва комил жарроҳларни топиб келди-лар. Улар амирлашкарнинг жароҳатини кўруб, муолажага ожиз эдилар. Унинг аҳволи ҳар дам оғирлашарди. Инсоннинг тадбиркорлиги тақдир олдида заиф эди ва ҳар соатда ўлим аломати унинг юзида зоҳир бўларди. Буни ҳамма кўриб турарди. Назм (мазмуни):
Агарда бирон подшоҳнинг ажали келмаса,
Худо бўлишга ҳам даъво қиларди.
Ҳеч ким абадий яшайолмайди,
Фақат худодир оламда абадий,
Бу жаҳон ҳеч кимга вафо қилган эмас,
Оламни яратган фақат худо қолар, бас.
Бу уқубатсиз ҳол аҳли давлатга ва каттаю кичикка маълум бўлди. Қирғиз ва қипчоқлар вақтни ғанимат билиб, жангални мардлик шеридан холи деб, бузмачиликни ўзларига пеша қилиб, Қурама томон йўл олдилар. Тилов манзилгоҳига етиб келиб отдан тушдилар. Ақлу тамиз уларнинг мияларида йўқлиги учун (кейинроқ) кўз очиб, ҳушларини йиғиб кўрсаларки, ажаб бир қабоҳатли ишни бошлаган эканлар. (Мисраъ) «Нечук оқил қилур шундай ишким, яна пушаймонликка сабаб бўлса».
Шу жойда қўниб, кечаю кундуз ўзаро маслаҳат қилдилар, аммо бир қарорга келолмадилар. Охири орқага қайтиб Тўйтепага етиб келиб, Султон Саид Муҳаммад хон номига бир узрнома ёзиб, Тошкандга юбордилар. Уларнинг қосиди (элчиси) анча йўл босиб, Тошкандга келди, номани Султон Саид Муҳаммад хонга топширди. Аркони давлат ва аъёни салтанат ул одамларнинг сўзларидан қаноатланмадилар ва қосидни муродсизлик ила қайтардилар. Байт (мазмуни):
Мазлумларнинг жазосини бериб, марҳумлар мақсудин чиқар, Дину доду ҳуш ила обод қилгил дунёни.
Ул номурод қосид (элчи) ўз лашкарига қайтиб, ҳамма кўрган-кечирганини шул тоифанинг сардори ва мингбошиси баҳодир қипчоқ Бек Муҳаммад ибни Хол Муҳаммад ибни Муҳаммад Назар Кўрўғли ибни Санжарга айтиб берди. Қипчоқ ва қирғиз улусининг ҳаммаси маҳзун ва хафа бўлиб, бошқа чора топмасдан бу манзилдан кўчдилар. Ҳар бир янги жойдан кўчганларида ўзаро маслаҳатлашардилар, аммо ҳаммаси натижасиз эди. Улар бир-бирлари билан можаро қилиб Сайҳун дарёсининг бўйига етдилар. Ундан ўтиб, Турк ва Сарой қишлоғида тўхтадилар.
Энди Султон Саид хон ибни Малла Баҳодурхон ҳақида озгина эшитинг.
Қирғиз ва қипчоқлар вафосизлик қилиб, Ҳўқанди латифга кетган кунларида сартия аҳолиси замон хонига вафодорлик кўрсатиб, амирлашкар билан қолдилар. (Қипчоқ ва қирғизлар) хиёнати амирлашкарга ҳам маълум бўлди. Бундан дард чекиб (Алимқулнинг) касаллиги яна оғирлашди ва пешиндан кейин унинг руҳ қушчаси тананинг тор қафасидан халос бўлиб, жаннат оламининг фазосига учиб кетди, жонни жон ато қилганга бериб, шаҳодат даражасига етди...
Амирлашкарнинг фарзандлари, хотунлари ва тобеълари бу аҳволни мушоҳада қилиб, мажруҳ қалблари яна маҳзун бўлди. Сабру қарор жиловини қўлидан бериб, ғам ва қайғу тариқасига ўтдилар. Аркони давлат, аъёни шавкат сартия мамлакатининг акобиру ашрофлари, Тошканднинг каттаю кичиги, тожику турк ҳамма қайғуга тушуб йиғладилар. Уларнинг кўзларидаги ёшлар дурга ўхшаб оқарди...
Алқисса, ул жамоатнинг нолаю фарёди фойда қилмади ва бу дарди бедавога илож ҳам топилмади. Ниҳоят, фохира дунёнинг орият либосини амирлашкар танидан ечиб охират либосини кийинтирдилар. Аркони давлат ва аъёни мамлакат қайси маконга Мулла Алимқулхон жасадини қўяйлик деб машварат қилиб, бир қарорга келолмадилар. Шу маҳал амирлашкарнинг бир неча ишончли кишиси ўзаро маслаҳат қилиб, иттифоқликда жасадни фозиллар қуёши ҳазрати Шайх Хованд Таҳур мозорида дафн қилдилар...
Шундан кейин Мулла Алимқул арвоҳига фотиҳа ўқидилар. Мулла Алимқул амир-лашкарнинг таржимаи ҳоли. У Ҳусайнбой отарчи, яъни байторнинг ўғлидир. Андижон тобеларидан бўлган қирғиз қипчоқ қабиласиндандур. Ёшлигида отаси уни илм таҳсили учун Андижонга муҳтасибга шогирдликка берди. 3—4 йилдан кейин шу шаҳарнинг муҳтасиби Мулла Алимқулни «гиранда» (олувчи) лавозимига қўйди. Худоёрхон ўзининг акаси Маллахонни авф этиб, Бухородан Ҳўқандга олиб келтириб, умаролар қаторида унга вазифа ва маош тайинлагандан сўнг Мулла Алимқул Маллахонга мулозим бўлуб хизматга кирди. Маллахон иккинчи марта ўз укаси Худоёрхонга мухолифат қилиб, Андижонга қочиб кетганда Мулла Алимқул Маллахонни Пўлодбий қирғиз олдига олиб борди. Пўлодбий қирғиз савсамир қабиласининг мўътабар раиси эди. Фитна ва фасод раъиясига эга бўлган Пўлодбий Маллахон қадамини муборак деб, ўз қабиласи ила унинг хизматига бел боғлади-да, Қорасувга борди. Бу ер Мулла Алимқул ва унинг қавми учун ватан эди. Шу атрофдаги Алимқулнинг қавми-уруғлари ҳам Маллахон хизматига ўтди. Маллахон Алимқулни элчилик учун кўп жойларга юбориб, одамларни ўзига тобе бўлишга ундади. Алимқул бу ишда кўп саъй ва ҳаракат қилиб, Қорасув ва унинг атрофидаги қабилаларни Маллахонга ёрдам беришга чорлади ва унинг олдига олиб келди. Маллахон Фарғонанинг ҳукмронлик тахти ва фармондорлик аврангига ўтурганидан сўнг Алимқул хизматларини эътиборга олиб, унга эшикоғаси ҳамда мири понсод унвонини берди. Шундан кейин у Чимён навоҳисининг ҳокими бўлди. Ўратепани фатҳ қилган пайтда ҳам Алимқул жасорат кўрсатган эди. Маллахон ҳукмдорлигининг охирларида Марғилонда вали (ҳоким) бўлди. Султон Сайид хон ўз ҳукмронлиги даврида унга Фарғона сипоҳсолори ва лашкарбошилик мансабини берди.
Алқисса, сўзнинг қисқаси шуки, жаноби Султон Саид хон салтанат шавкатига яраша зеб-зийнат бериб, сартия умароси ёрдамида мамлакатни ҳимоя қилиб яшар эди.
Кундан-кунга кофирларнинг қўли баланд келиб, ҳеч қаердан умид (ва ёрдам) дараги бўлмади. Қирғиз ва қипчоқлар эса мурувватсизлик ва ёвлик тупроғини ўз бош-ларига сепиб, қочиб кетдилар.
...Элчилар унинг (амир Музаффарнинг) олдига тез-тез бориб турардилар. Ҳар дафъа, Тошканд вилоятининг уламо ва оқсоқоллари Бухорога келиб бизни дуо қилсун, деган сўзни айтарди. Унинг сўзини қабул қилиб, вилоят улуғларини ул маломатзадайи фалокат олдига жўнатган эдилар.
Улар етиб боргандан кейин изма-из бошқа руқъалар етиб келди. Унда «Султон Саид Муҳаммад хон ҳам келсун» деб ёзилган эди. Бу амрни ижро этиш Султон Саид хон одамлари учун жуда оғир эди. Умаро ва фуқаро ўзаро маслаҳат ва машварат қилди, аммо ҳеч наф бўлмади. Боришдан ўзга чора қолмаган эди. Ниҳоят, (Султон Саид хон) сафар асбобларини йиғиб ҳозирлашга буюрди, мулкни худога топшуруб, Бухоро сари Йўл олди. Қанча юриб ул икки аёлманд ҳезпешаларнинг олдига етиб боришди. Уни (Султон Саид хонни) ҳам ушлаб, қайтишга ижозат бермадилар. Тошканд мамлакати беҳоким ва эгасиз қолди...
Алқисса, мусулмонлар бесаранжом бўлуб, бошсиз қолдилар. Ҳар бир фирқа ўз ҳолича эди. Бунга қўшимча яна Тошканд фуқароси навбат билан илғор учун қолдиришган бир неча минг ҳўқандлик сарбозларни боқардилар. Сафар ойининг 4—сешанба куни 2 ўрус кофирларнинг лашкари субҳи содиқда Камолон дарвозасини босиб олиб, шаҳарга кирдилар. Ҳўқанд сартияларининг 6—7 илғор дасталари қалъа ёриқларидан чиқиб, ҳар хил йўллар билан қочиб кетди. Баъзилар Чирчиқ дарёсига чўкиб ўлдилар. Тошканд фуқароси  икки кечаю икки кундуз кофирлар билан урушиб, уларни Масжиди баланд хонақоҳига қамадилар, Бир кеча кундуз аҳли ислом уларни муҳосара қилиб, хонақоҳ атрофини ёқмоқчи бўлдилар. Кофирлар бундан хабар топиб, эски ўрдага ўтдилар ва йўлда бир неча маҳаллани ёндириб юбордилар. Шаҳарга шўру ғавғо тушди, унинг ҳар томонидан одамлар Бухоро подшосининг олдига, бепарво қипчоқлар ҳузурига жўнашиб, улардан ёрдам сўрардилар, аммо барчаси фойдасиз эди. Охири куффор билан сулҳ тузуб, уларнинг ҳамма шарт-шароитларига риоя қилишига мажбур бўлдилар.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин