Саналар
16.04.2024
Баннер
Сўнгги кеча
PDF Босма E-mail

Шахсга сиғиниш балоси инсоният тарихида абадий муҳрланиб қоладиган қора доғ бўлди. Қўрқув салтанати соғлом кишини ногирон, осойишта одамни безовта, булбулигўёни гунг қилган эди. 30-йилларнинг мудҳиш фожиалари “бахтли совет халқи”га узоқ йиллар мутлақо ошкор этилмади. Фақат мустақиллик замонига келиб, Ўзбекистон осмонидаги баҳайбат қора булутлар кетгандан сўнггина ўша машъум ҳодисалар хусусида юрак ютиб гапириш, ёзиш имкони туғилди. Ҳужжатгоҳлар тилга кирди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “миллатлар турмаси” саналган собиқ иттифоқ ҳудудидан ташқарида, гарчи жисми тутқунликда бўлса-да, руҳи нисбатан эркин кишилар ўзлари гувоҳ бўлган ўша воқеалар тўғрисида баъзи хотираларни ҳам ёзган эди.
Иккинчи жаҳон уруши вақтида “Миллий адабиёт” журнали билан ҳамкорлик қилган Абдулла Матёқубов исмли ижодкорнинг ҳукмингизга тақдим қилинаётган “Сўнгги кеча” воқеий ҳикояси ўша қоралама — хотиралардан биридир.
Уруш йиллари Берлинда нашр этилган “Миллий адабиёт” мажмуасида М.Р., Равшан, А.М. каби имзолар билан қатнашган Абдулла Матёқубов “Сўнгги кеча”да устози Абдулҳамид Мажидийнинг НКВД ходимлари томонидан қандай олиб кетилганлиги хусусида сўзлайди.
Абдулҳамид Мажидий (1902—1939) 20-йиллари Самарқанд адабий-илмий муҳитида фаол қатнашган. Шу муҳитда тарбия топган Мажидий “Абутанбал” тахаллуси билан ҳам бир қатор ҳажвий асарлар ёзган. У 30-йиллари Хоразмдаги округ давлат театри ташкил топишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшади. Айни чоғда, Хоразм ёш ижодкорлари билан ишлайди. Фикримизча, Абдулла Матёқубов Абдулҳамид Мажидий билан ана шу йиллари танишган, унга шогирд тушган.
Гарчанд янги ҳукуматга, қизиллар матбуоти ва маданиятига юрак-юракдан хизмат қилган бўлса-да, қаттол жамият Мажидийнинг бу хизматларини инобатга олмади. “Айбдор”лар, “гуноҳкор”лар қаторида қатл этишга кўрсатма беради. Гуноҳсиз бир инсон шу зайлда сиёсат қурбони бўлди. 30-йиллар охиридаги ана шу мудҳиш қатағон-қирғин авжига чиққан давр манзараси ушбу воқеий ҳикояда ўзининг ҳаққоний ифодасини топган.

Баҳодир Карим

 

17 январ кечаси мен беш яшар қизим билан уйда ёлғиз қолдим. Дилбарнинг опаси хизматчи хотин билан бирга от ўйинига кетган эди.
У ўта шўх эди. Бўйнимга миниб олганини сезмай қолар эдим мен. У бўйнимга миниб олгандан сўнг ингичка қўллари билан сочларимдан ушлаб, “туя-туя” қилар, унинг айтганини қилмай, тушириб қўйсам, ҳеч бир сўзлашмасдан бир бурчакка бориб йиғлар эди. Мен унинг ёнига бориб аҳвол сўрасам, юпатмоққа тиришсам, ўзича сира англаб бўлмайтурган бир товуш билан сўзланар эди.
— Қизим, нима деяпсан, тушунтириб сўйла! — дер эдим мен.
— Нигорнинг дадаси яхши, ҳар кун, ҳар кун “туя-туя” қилади! — дер эди у.
— Нигор дадасининг айтганини қилади, ақлли қиз. Сен ҳам менинг айтганимни қилсанг “туя-туя” қиламан. Қани айт, қиласанми, айт! — дедим.
Дилбарнинг юзида қувонч пайдо бўлди:
— Қиламан, дада, айтинг! — деганича бўйнимга осилиб, мени қайта-қайта ўпти (суйди). Мен уни кўтариб олиб, ичкари уйга киритдим. Патифонни қўйиб “ўйна” дедим. У ҳам “Хўп, дада!” деб ўйинга тушди.
У жуда ҳам келиштириб, баъзан қизиқчилик қилиб, бошини тебратиб, қошларини чимириб, мени кулдира-кулдира бирдан қулай фурсат топиб, худди чаққон маймун болаларидек бўйнимга миниб олиб, “туя-туя” деганича оёқлари билан тепсиниб, “ҳайт-ҳайт” дер эди. Мен бўлсам, уй ичида туядек лўкиллаб, у ёқ-бу ёққа чопар эдим.
Шу пайт эшикдан кимдир келиб қолди. Дарров елкамдан Дилбарни тушириб, ташқи уйга чиқдим. Қарасам, Абдулҳамид Мажидийнинг хизматчиси экан. У мени кўриши билан бир хатни бериб, жавоб ёзиб беришимни русчалаб сўради. Мен хатни ўқиб бўлиб, хатга бошқа бир қоғоз орқали жавоб бериб жўнатдим.
Бу вақт кечки соат ўн бир ярим эди. Хатда Мажидий мени оилам билан уйига таклиф қилган. Келишимни таъкидлаб сўрабди.
— Дада, — деди Дилбар, — қаерга борасиз?
— Нигорларникига. Опангга хат ёзиб қолдирамиз. Унинг ўзи борар! — дедим. “Мен ҳам бораман, дада”.
Мен уни кийинтирдим. Ўртоғимга хат қолдириб, ташқарига чиқдик. Иссиқ уйдан чиқиш билан изғирин шамол аралаш аччиқ совуқ юзга урилди. Биз югуриб бориб трамвайга миндик.
Биз тунги бир яримгача ҳангомалашиб ўтирдик. Ичимлик ҳам ҳаддан ортиқ, озғин, чакка суяклари бўртиб чиқиб турган, ожизгина Мажидий, бу сафар ҳеч ҳам қизармади. Аввалларда икки рюмка ичиш билан тулумдек қизариб, ҳар хил қизиқ-қизиқ ҳикоя, эртаклар, ҳикматли сўзлар ва афандилар сўзлаб бера турган киши бугун қовоғи солинган, ранги ўчган ва замоннинг бевафолигидан ёнган қиёфада эди.
Ўртоғим билан Мажидийнинг ўртоғи Шарифахон Хива сомсаси пишириш учун чиқиб кетганда Мажидий менга бир сўзни қочирим қилиб қўйди:
— Равшан! — деди у, — шу кунларда менда тинчлик йўқ. Хавотир ичидаман!
Мен унга дунёнинг қайғулари ҳақида камроқ ўйлашни тавсия қилдим. У бўлса, қўл силтаб, менга зарда қилгандек боқди:
— Ана! — деди у қўли билан уйнинг тўрида қўғирчоқ ўйнаб ўтирган Нигор билан Дилбарни кўрсатиб, — улар дунё ҳақида ғам емаса ҳақли. Чунки улар гўдакчалар. Биз-чи? Ота бўлган кишилармиз, ота бўлган кишилар!
У менинг устозим эди. 1930 йилда уни адабий ишдан четлаштирдилар. Пойтахтдан узоқ Хоразмга сургун қилгандек қилиб ҳайдадилар.
У Хоразмда бир қанча вақтларга қадар ишсиз юрди. Кейин кўп қийинчиликлар билан Хоразм вилоят театрини ташкил қилиб, унда адабий қисм бошлиғи бўлиб ишга тутинди. Ана шу вақтларда мен эндигина газетада ишлай бошлаган, майда-чуйда адабий нарсалар ёзишга киришган эдим. “Абутанбал” ва А.Мажидий деб машҳур от чиқазган бу ёзувчининг қалами Хоразм газеталари бетларида ва театрда машҳур бўлиб кетди. Мен унинг билан танишиб олгандан кейин уни вилоят газетасига ишга жойлаштиришга сабабчи бўлдим. Шундан сўнг у менга то сўнгги кунларгача ўз ёрдамини аямади. Ҳатто бир қанча катта асарларимни унинг ўзи таҳрир этиб, камчиликларимни кўрсатиб бериб, асарларимнинг силлиқ — кучли чиқувига сабабчи бўлди. У асарда адабий нуқтадан нуқсон бўлувини сира кўра билмас, адабий нодонлиққа қарши марҳаматсиз курашар эди. 1926 йилда бўлса керак, унинг “Хандон лолалар” деган шеърлар тўплами босилиб чиққан эди. У бу тўпламда ўзининг миллатчилик қарашларини очиқча ёзган. Ва шу сабабдан Хоразмга ҳайдалган!
Мен бу воқеаларни хаёлимдан ўтказиб олдим. Хива сомсаси келтирилди. Тағин ичдик. Суҳбат қизиди… Соат иккидан 20 минут ўтганда мен кетиш учун рухсат сўрадим. Абдулҳамид рухсат бермади. У шунда бу кун қолиб кетувимизни таклиф этди. Унинг сўзини ўлдиришни мен истамас эдим. Хотинлар ичкариги уйда, биз бўлсак ташқариги уйда ётдик.
Энди ширин уйқуга кетганимизда, эшик қоқилиб қолди. Қарасак, битта милисия ва НКВД ходими келиб турибди. Мажидий аввало бироз оқаринди. Кейин ўзини босиб ола билди. Мен не қиларимни бимай, ҳайрон бўлиб турар эдим.
— Сиз ким бўласиз? — деди менга қараб НКВД ходими.
Мен дадиллик билан жавоб қайтардим:
— Мен бу кишининг биродариман. Кеча оила аъзоларим билан меҳмон бўлиб келган эдим!
— Қаерда ишлайсиз? Ҳужжатларингизни кўрсатинг!
Мен ҳужжатимни кўрсатдим. Шундан сўнг менинг иштирокимда келган киши уйни тинтувга киришди. Уй шундай тинтилдики, қаралмаган не шкаф, не оржа — сандиқ, не ёстиқ, не карават таглари қолди! Икки соатга чўзилган тинтувдан сўнг битта қўлёзма асар чиқди. Бу бир қанча шаҳар театрларида зўр ютуқ қозонган “Отсиз” номли пиеса эди. Бу қўлёзманинг бир чеккасига бир неча йил илгари: “Акмал Икромовга! Шу асарни саҳналаштирувга (ўйнатувга) кўмак этинг!” деб ёзилган экан. Бу сўз ёзилган чоқда А.Икромов фирқа қўмитасининг бош саркотиби бўлган. Бу ёзувчининг “аксилинқилобчилар” билан яқин муносабатда, алоқада бўлганини кўрсатувчи катта (?) ҳужжат! Иккинчи ҳужжат топилмади. У А.Мажидийнинг 1919-1921 йилларда Истанбулга бориб чет элда ўқигани ҳақидаги гувоҳнома эди.
— Сиз қамоққа олиндингиз! Айбингизни шу ёқда эълон қиламиз. Кўрпача, пул-мул олингиз, зарар қилмас!
Нигор уни олиб чиқаётганда узала ётиб, оёқ чалиб йиғлаб, Дилбар бўлса милисияга қараб, хўмрайганча турар эди.
Мен устозимнинг кўзига боқдим. У менга боқди. Буни сезиб қолган чекист:
— Хайрлашинглар, балким қайтиб кўришмак насиб бўлмас! — деди. Бу сўзни эшитгандан сўнг Шарифахон билан менинг ўртоғим ҳам, опасига эргашиб қизим Дилбар ҳам йиғлаб юборди.
Мажидийнинг ўтли кўзлари чекистга ташланди:
— Эй бағритош одам! Не учун илжаясан?! Бу йиғи сенга роҳатми бағишлайди?
У шу сўзларнигина айта олди. Чекист унга сўзлов учун имкон бермади. Олдига солиб олиб чиқиб кетди. Уй ичи мотамга айланди.
— Нигор, энди бизларникига юр, дадангни милисия олиб кетди. Менинг дадам сени ҳам, мени ҳам “туя-туя” қилади! — деди Дилбар. У бу сўзни Нигорни тиндириш ниятида айтган эди. Аммо у бу билан тинмади.
Бу сўнгги кеча мени устозимдан ажратди. Эртаси китоб магазинига борсам, унинг янгигина босилиб чиққан “Қалдирғоч”, “Ҳангома” деган асарлари сотишдан тўхтатилибди. Босилаётган девони, ҳажвий ҳикоялари тўплами ҳам босувдан тўхтатилибди.
Мана, халқ ичиндан чиққан битта ёзувчи нима учун йўқ қилиниб юборилди. Одамни ҳар нарсадан “қиммат” санайтурган Сталин замонинда интеллигентга нисбатан тутилган йўл мана қандай!!!

Берлин. “Миллий адабиёт” журнали 1943 йил, 1-сон.

Абдулла Матёқубов

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 30-сонидан олинди.


 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин