Хотираларимдан. Мунаввар Қори (2)
Босма

Тошкентга (Бухородан) 1921 йил мартининг ё 17, ё 20 кунида қайтиб келдим. Кейинги куниёқ, Туркистон Марказий Ижроия Қўмитаси раёса-тига бордим. У ерда мени Халқ Маорифи Комиссарияти ҳузуридаги Илмий кенгашга ишга тайинлашди.
Уч-тўрт кун ўтгач, Мусо Бегиев билан Садритдинхонни учратиб қолдим, Садритдинхои Бухорога ташкилот низоми ва муҳрининг юборилмаганлигини эслатиб, шундай деди: «Менда ташкилотнинг муҳри ва низоми йўқ. Улар бошқа кишида эди. Шунинг учун уларни Сизга юборолмадим». Кейин у Мусо Бегиевга қараб кулиб қўйди. Бу менга шубҳали туюлди. Мен унга шундай деб маслаҳат бердим: «Ҳали ҳам кеч эмас, уларни топиб, Бухорога, Саъдулла Хўжага жўнатиш керак. Тошкент ўз ишини ташкилотнинг вилоят филиали сифатида давом эттираверади». Садритдинхон бунга рози бўлди. Садритдинхоннинг атрофида шубҳали кишилар — ЧК (фавқулодда комиссия — С. X.) айғоқчилари уймалашиб қолганлиги сабаб, у билан учрашишнинг иложи бўлмади. Унинг олдига боришга чўчидим. Бир неча кундан сўнг 30 март бўлса керак, мени қамоққа олишди. Қамалишимнинг сабабини мен бир ярим ойдан кейин Юсуфбек Курманбаев ва Ориф Каримовдан билдим. 1921 йил 1 декабрда мени озод қилишди. 23 декабрда бошқалар (Ю. Курманбаев, О. Каримов, Садритдинхон) устидан суд иши кўрилди.
Қамоқдан чиққанимдан кейин Халқ маорифининг Эски шаҳар бўлимида коллегия аъзоси ва Ижтимоий тарбия бўлими мудири бўлиб ишладим.
3—4 ой давомида менга ташкилот тўғрисида ҳеч ким ҳеч нима демади. 1922 йилнинг апрел ёки майида Акбар Шомансур менинг олдимга келиб, ташкилот ҳали ҳам ўз ишини давом эттираётганлиги, мен ҳам унинг сафида бўлишим зарурлигини айтди. Мен унга шундай дедим: «Бўлиб ўтган воқеадан (қамалганлигини назарда тутмоқда) кейин менда ҳеч қандай ҳафсала қолмади, шунинг учун мени ташкилот ишига аралаштирмаслигингизни илтимос қиламан» [36].
Кейинроқ худди шу таклиф билан Саидносир Миржалилов ҳам менга мурожаат қилди. Унга ҳам рад жавоб бердим. Ундан билдимки, ташкилот Акбар Шомансур раҳбарлигида ишлаётган экан. Унинг фаолияти ишлайдиган кишилар ва маблағ етишмаслиги сабаб, фақат жабрланган ташкилот аъзолари оилаларига баъзи ёрдамлар бериш билангина чекланиб қолибди. Шундай қилиб, то миллий чегараланиш ўтказилгунча ташкилот ишида бевосита иштирок этмадим. Шу сабабли ташкилотнинг бу давридаги иш фаолияти тўғрисида бирор нарса дея олмайман. Мен унинг фаолиятидаги ўзим иштирок этган баъзи бир ҳолатларгагина тўхталишим мумкин.
1) 1922 йилда зиёлилар орасида алифбо ва имло тўғрисидаги масала кўтарилди, уларнинг бир қисми ўша даврда муомалада бўлган алифбо имлосини ислоҳ қилиш, бошқалари ўрталиқ нуқтаи назарда бўлса, қолганлари лотин алифбосига ўтиш тарафдори бўлдилар. Ниҳоят бу уч гуруҳ ўзаро шартнома тузиши билан алифбо ва имло тўғрисидаги келишмовчилик ҳал қилинди. Ўша пайтда оқсоқланиб турган маориф соҳасидаги ишларни умумий ҳамкорлик билан яхшилаш йўлида ҳамма гуруҳлар бирлашди (шартноманинг нусхаси менда сақланарди, у тинтув вақтида мусодара қилинган қоғозлар орасида бўлиши керак). Мавжуд муаммоларимизни ошкора қилмай, уйдаги гапни кўчага чиқармай «Ношри маориф» жамиятини [37] туздик. Олдин ташкил топган «Кўмак» бу жамиятнинг бўлимига айлантирилди. Ўз ўртамизда бироз миқдорда пул йиғиб, уни кўпайтириш мақсадида «Туркистон» ширкатига бердик. Кейинчалик ҳам тушган барча маблағ унга ўтказилиб турилди. Шокиржон Раҳимий «Ношри маориф»нинг раиси бўлди. Мен ўринбосар эдим. Саидносир Миржалилов хазинадор, Комил Алиев котиб эди. Жамият аъзоларининг кўпчилиги Эшон Хўжаев, Маннон Рамзи, Охунов каби коммунистлар бўлган, Муҳитдин Усмонов, Саидносир Миржалилов ва Толибжон Мусабоев жамиятга молиявий соҳада иш олиб бориш учун қабул қилинади. Озгина вақт ўтгач, бу жамиятга шубҳаланиш билан қараш бошланди ва бу кун сайин ортиб борди. Бу жамият номи остида қандайдир махфий ташкилот яширинган деган овоза тарқатилди. Мана бу тазйиқ туфайли «Ношри маориф»ни тарқатиб юборишга тўғри келди. Ҳақиқатда эса «Ношри маориф»нинг эски, умри тугаб қолган ташкилот билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Менимча, унинг биргина Саидносир Миржалиловдан бошқа бирорта ҳам аъзоси «Ношри маориф» ишида қатнашмаган. Хуллас, «Ношри маориф» ўзининг биринчи кунидан бошлаб маҳаллий аҳоли орасида маданий-маърифий фаолият кўрсатиш учун ташкил топган бўлишига қарамай, эски ташкилот туфайли қурбон бўлди.
2) 1922—1923 йилларда ўқувчилар орасида Москва, Туркия ва Германияга ўқишга боришни хоҳловчиларнинг сони жуда тез ортиб кетди. Уларнинг бир қисми Турк МИҚ таклифи билан турли ўқув юртларига юборилади, қолганлари эса ўз ота-оналари бағрига қайтади. Ўз маблағи ва давлат хазинаси ҳисобига ўқишга кетолмаганлар ёрдам сўраб, турли хил шахс ва ташкилотларга мурожаат қила бошлайди. Бу вақтда уларга ёрдам бериши мумкин бўлган «Ношри маориф» ва «Кўмак» жамиятлари тарқатиб юборилган эди. Бир қанча ўқувчилар ёрдам беришимни сўраб менга мурожаат қилди. Буҳородалигимда Туркистон ва Бухоро ўқувчиларига ёрдам берувчи жамият ташкил этилган эди. Шу мақсад учун унинг ихтиёрида каттагина маблағ тўпланган эди. Ўқувчилар мендан ёрдам сўраганидан кейин 1922 ёки 1923 йили бу жамият орқали бир неча ўқувчиларга моддий ёрдам бериш умидида Усмон Афандига хат ёзиб, пул беришини илтимос қилдим. Хатни унга Лазиз Азиззода орқали юбордим. Уни йўдда қамоққа олишади, хат Усмон Афандига етиб бормайди.
3) 1923 йили май ёки июнь ойида мен Тошкентга ўртоқ Оржоникидзе ва Элиаванинг келиши ва уларнинг мен билан кўришиш истаги борлиги тўғрисида хабарнома олдим. Белгиланган вақтда кўрсатилган маконга етиб бордим. У ерда ўртоқ Оржоникидзе, Элиава, Обиджон Маҳмудов, Саидносир Миржалилов гаплашиб ўтиришган экан, мен ҳам суҳбатга аралашдим. Обиджон Маҳмудов таниқли қизиқчи эди. У ўз ҳазиллари билан Оржоникидзе, Элиава кўнглини хушлар, улар эса тинимсиз кулишарди. Ўртоқ Оржоникидзе шундай деб савол берди: «Гапларга қараганда Тошкентда миллий ташкилот бор, шу тўғрими?» Маҳмудов жавоб берди: «ГПУ (Бош сиёсий бошқарма — С.Х.)нинг таъқиблари бизларни йўқ ва бўлмаган нарсаларни ҳам тан олишга мажбур этди. Ҳозирги пайтда миллий ташкилот йўқ, фақат миллий гуруҳ бор, холос».
—    «Унинг қанча аъзолари бор?» — деб сўради Оржоникидзе.
—    «Унда туб аҳоли ва ҳукумат аъзоларининг ҳаммаси аъзо бўлиб ҳисобланади» — деб жавоб берди Маҳмудов. Бундай жавобга албатта ҳамма кулди. Суҳбатда ҳамма саволларга Маҳмудов жавоб берди. Шунинг учун бутун суҳбат ҳазил-мутойиба тарзида ўтди.
Уйга кетиш олдидан, москвалик ўртоқларни Тошкент шаҳри четидаги боғлардан бирига меҳмон бўлишга таклиф қилдик. Бунга улар фақат бир шарт билан, яъни уларни бу ерда миллий гуруҳ аъзолари билан таништиришимиз эвазигагина рози бўлдилар. Учрашув куни ва соати белгиланди. Бу вақтда мен меҳнат таъти-лида бўлиб, Қибрайдаги собиқ Куринов боғида оилам билан дам олаётган эдим. Бу боғ «Туркистон» ширкати томонидан сотиб олинган эди. Ўртоқларни шу боққа таклиф этдик. Кўрсатилганлардан ташқари Тўрақулов билан Раҳимбоев ҳам таклиф этилди. Биринчи бўлиб, Маҳмудов ва Миржалилов келди. Меҳмонларга хизмат қилиш учун Асадилла Ҳожи Хоний, Нажмиддин Ш., Мираҳмадбой Убайдулла Қори Эрғозиев ва Салимхон Тиллахонов чақирилган эди...
Оржоникидзе ва Тўрақулов бизга нотаниш яна бир киши билан келди. Оржоникидзе автомобилдан туша солибоқ Маҳмудовдан «миллий гуруҳ аъзолари тўплан¬дими?» — деб сўради. Маҳмудов «ҳа, йиғилишмоқда», — деди. «Раисни сиз ўзингиз олиб келдингиз», дея Тўрақуловни кўрсатди. Бир оздан сўнг Раҳимбоев кедди, уни Маҳмудов «миллий гуруҳнинг котиби» дея таништирди. Шундай қилиб бу гал ҳам суҳбат ҳазил-мутойиба билан ўтди. Оржоникидзенинг «гуруҳнинг ҳамма аъзолари йиғилдими?» деган саволига Маҳмудов, «мана булар энг фаоллари» деб, ўзини, Тўрақуловни, Раҳимбоевни, Миржалиловни ва мени кўрсатиб жавоб берди. Умуман, ҳазил билан бошланган суҳбат шу руҳда беш соатларча давом этди. Маҳмудов билан Оржоникидзе ўртасидаги қуйидаги суҳбат бўлди:
Оржоникидзе: — «Сиз Фарғонада босмачилик қачон тугайди деб ўйлайсиз?» Маҳмудов: — «Сиз мени вазир қилиб тайинлаган куни, акс ҳолда ҳеч қачон тутамай-ди». Оржоникидзе: — «Агар тугамаса, биз у ёққа бир дивизия юборамиз, у бутун Фарғонани текис қилади-қўяди». Маҳмудов: — «Сиз бир дивизия юборсангиз, мен босмачилар сонини икки дивизияга етказаман». Оржоникидзе кетиш олдидан миннатдорчилик билдир-ди. Маҳмудов шундай деди: — Бизда мана шундай мақол бор: «Бировдан туя сўрасанг, у қўрққанидан бия беради», биз ҳам сиздан кўп сўраймиз, озгинаги-на берсангиз шунга ҳам хурсанд бўлаверамиз. Оржоникидзе унинг елкасига қоқиб: «Нима керак ўзи. Қанча керак бўлса, тортинмай сўрайвер», — деди.
Шундан сўнг меҳмонлар кетди. Боғда Тўрақулов, Раҳимбоев, Маҳмудов ва Саидносир қолди.
Улар биргаликда талабнома ёзишди. Уни Раҳимбоев ёзди, Тўрақулов таҳрир қилди. Кейинги куни хатни Маҳмудов миллий гуруҳ номидан ўртоқ Элиавага берганини билдим. Унинг мазмуни ҳозир эсимда йўқ. Умуман, талабнома яхши ўйланмай, ўша учрашув таассуроти остида шоша-пиша, Обид Маҳмудов айтиб туриб ёздирган эди. Бу вақтда Маҳмудоғ билан Саидносирнинг («Миллий иттиҳод») ташкилот фаолиятидан кўнгли совиб, у билан алоқани уза бошлаган эди, шунинг учун ҳам суҳбат чоғида ташкилот ҳақида бирор нарса дейилмади.
1929 йил 24 декабрь

* * *

...5. 1923 йилнинг охирлари бўлса керак, бир куни Бош вақф бошқармасидан шаҳарга кетаётганимда бир паст бўйли ёш йигит кузатувида Мансурхон Афғонистон консулхонасидан чиқиб қолди. Мен Мансурхон билан сўрашдим. У менга ёш йигитни афғон бош консулининг вактинчалик ўринбосари деб таништирди. Ёш йигитнинг айтишича, у бу ерда (афғон) консули кетмасидан олдин котиб ёки ўринбосар бўлиб ишлаган.
Улар билан биргаликда Ўрда томонга қараб кета бошладим. Йўл-йўлакай мен у йигит билан фақат маориф ишлари ва вақф бўлими ҳақида гаплашиб кетдим. У менга Афғонистондаги аҳвол, яқин орада у ерда Миён Бузрук ва Жамол Пошо билан танишгани ҳақида сўзлаб берди. Шу билан бирга у мендан маҳаллий зиёлиларнинг миллий ташкилотлари ҳақида сўради. Бу пайтда бизда бу иш қарийб тугатилган эди. У бунинг сабаби билан қизиқди. Мен, биринчидан, сармоя, иккинчидан, қобилиятли фаол кишилар йўкдигини тушунтирдим. Шунингдек, бу соҳада бизга ёрдам берадиган бирорта ҳам қўшни давлат йўқлигини қўшиб қўйдим. Шунда у жуда ҳам ўпкаланди-да, бироз қизариб, шундай деди: «Агар маҳаллий зиёлилар миллий ташкилот ишларини давом эттириш мақсадида консулхонага моддий ёрдам сўраб мурожаат қилсалар, уларнинг илтимосини Қобулга юборган бўлур эдик, шунда у ердан моддий ёрдам келиши мумкин. Ҳозиргача консулхонага бу тўғрида бирорта ҳам ариза ёзишганича йўқ. Бу ерда қўшни давлатлар эмас, балки ҳаммасига ўзларингиз айбдор, сиз улардан ноўрин гина қиляпсиз».
Шундан кейин мен у йигитни учратмадим (даво-мини ўқиб бўлмади). Қатъий шуни айтаманки, ташкилот ўз фаолиятининг бошидан то охиригача афғон ҳукуматидан бирор танга ҳам ёрдам олгани йўқ.
6. 1924 йили Убайдуллахўжа келганидан кейин икки марта йиғилиш чақирилди... Бу йиғилишларда Убайдуллахўжа Россияда қандай ҳаёт кечирганлигини сўзлаб берди. Шундан сўнг қатағонга учраганларга ёрдам бериш учун фонд ташкил этиш бўиича комиссия тузилади. Бу комиссия савдогарлардан ҳайрия йиғади. Муҳитдиновлардан тузуккина ёрдам тушади [38].
Йиғилган пуллар, улардан тушган фойда эвазидан қатағонликка учраганларга ёрдам бериб туриши шарти билан «Туркистон» матлубот жамиятига топширилади. Бироқ менга жами тўпланган пулнинг миқдори, ундан жабрланганлар учун қанча ажратилгани маълум эмас. Худди шунингдек, мен Содирхон ёки бошқа қочоқларга қанча пул ажратилганлиги ҳақида ҳам ҳеч нима эшитмаганман [39]. Аммо Содирхон ва Лазиз Азиззодага тўпланган пулдан бир қисми юборилганлигини аниқ биламан.
1924 йилда бўлиб ўтган йиғилишларга эски «Тараққийпарвар» ташкилотида бўлган жуда ҳам ишончли кишиларгина чақирилган эди. Содирхон томонидан «Миллий иттиҳод» ташкилотига жалб қилинганлардан бирортаси ҳам таклиф этилмади, чунки уларнинг кўпчилигига ишонч йўқ эди. Бу йиғилишларда менимча, ташкилотни қайта тузиш ва ишни давом эттириш масаласи муҳокама қилинмади, сабаби, тўпланганларнинг ҳаммаси ташкилот ўз ишида муваффақият қозонишга ишончи қолмаган, ҳафсаласи пир бўлиб, тушкунликка учраган кишилар эди.
7. 1924 йили газеталарда миллий қайта чегараланиш ҳақида хабарлар пайдо бўлиши билан бу сиёсатдан хабари бўлган ва бўлмаган ҳамма кишилар орасида муҳокама предметига айланади. Икки-уч кишидан гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қайта чегараланиш масаласи қизғин муҳокама қилинди. Улар ўз фикр, мулоҳаза ва хулосаларини баён қила бошлайдилар.
Маҳаллий зиёлиларнинг кўпчилиги, улар фирқа аъзоси бўлиш бўлмаслигидан қатъи назар қайта чегараланишга ижобий муносабатда бўлмадилар. Баъзи бировлар бу Москванинг сиёсати бўлиб, биздан Бухоро ва Хоразмни ажратиш мақсадини кўзламоқда деса, бошқалар эса бу сиёсат билан Англия Ҳиндистонни бошқариш учун унинг аҳолисини кичик миллий бўлакларга бўлиб ташлаган сиёсат ўртасида айнан ўхшашлик борлигини айтдилар.
Бухоро зиёлилари орасида Бухоро ва Хоразм мустақиллигини йўқотишидан қайғурганлар кўп бўлди. Қозоқ зиёлилари ҳам келажакда Қозоғистон ва Қирғизистондаги бўш ерларга рус кўчманчилари олиб келиб жойлаштирилишидан ташвишга тушдилар. Ўзбек зиёлилари маҳаллий ҳунармандлар завод ва фабрикаларга бардош беролмай, ҳунармандчиликни ташлаб, деҳқончиликка ўтишга мажбур бўлиши, Туркистондаги хамма деҳқонларни ҳосилдор ерлар билан таъмин этиб бўлмаслиги ва ишсизлик пайдо бўлиши муқаррарлигидан хавфсираганлигини билдирди. Бундан ташқари, улар савдогарлар учун бозор кераклигини ҳам айтадилар. Суғориш ишини ривожлантириш, янги завод ва фабрикаларни қуриш йўли билан ишсизликнинг тугатилишига рози бўлса-да, улар бу режани яқин орада амал¬га ошишига ишонмадилар. Шу билан бирга улар (ўзбек зиёлилари, жадидлар) нинг баъзи бирлари қайта чегараланиш пахтачилик билан банд бўлган ва ўтроқ ҳаёт тарзига эга Ўзбекистон деҳқонларининг Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан иқтисодий ва марказий жиҳатдан тезроқ ривожланишини айтиб, бир-бирларини тинчлантира бошладилар ҳам, чунки МҚ миллий чегараланишни зарур деб билган экан, у буни ҳар қандай қаршиликка қарамай амалга ошириши аниқ эди. Шунинг учун бунга қарши бўлиш фойдасиз ҳисобланарди. Яхшиси, бу масаланинг ижобий томони билан машғул бўлиш ва уни амалга оширишга интилишдан бошқа йўл йўқ эди. Зиёлиларнинг кўпчилиги худди шу фикрда бўлди. Шунинг учун ҳам бу шу масаладаги бошқа фикрлардан устунликка эга бўлди.
Худди шу пайтда бир куни мени Бельский (ОГПУ бошлиғи) чақириб бир неча саволларни берди. Ҳеч нарсани яширмай туриб, унга зиёлилар қайта чегараланиш ҳақидаги масалани маъқулламаётганлиги ва унинг сабабларини тушунтирдим. Шунда у мендан зиёлилар қайта чегараланишга қарши норозилик чиқишини уюштирмайдими, деб сўради. Мен қатъий равишда норозилик чиқиши мумкин эмас, деб айтдим. Мен ўз жавобимни зиёлиларнинг юқоридаги кўпчилиги фикрига суянган ҳолда айтдим. Ўзим ҳам айнан шу фикрда эдим. Менинг фикрим исботланди: зиёлилар ҳеч қандай қаршилик кўрсатмади, ҳукумат шундай катта ишни жуда хотиржамлик билан амалга оширишга муваффақ бўлди.
Суҳбат вақтида ўрт. Бельский менга ер етишмаслиги масаласини суғориш ишларини ривожлантириш, ишсизликни тугатиш масаласини эса, янги завод ва фабрикаларни ташкил этиш йўли билан ҳал қилинишини айтган эди. Очиғини айтганда, мен бу фикрга фактлар асосида ишонч ҳосил қилдим.
Мана шу 1924 йилдан мен ўзимнинг сиёсий ва ташкилотчилик ишларига қобилиятим йўқлигини сезган ҳолда, бу ишлардан воз кечиб, ўқитувчиликка ва китоблар ёзишга киришдим [40].

Ташкилотнинг тузилганлиги, унинг мақсади ва вазифалари

1. «Тараққийпарварлар иттиҳоди» ташкилоти ўз олдига маҳаллий аҳолининг қуллиги ва нодонлигига қарши курашиш мақсадида феврал инқилобидан сўнг жабрланган тараққийпарварларни бирлаштириш вазифасини қўйган эди.
Бокуни турклар эгаллаб олиши билан ташкилот номидан «парвар» сўзи олиб ташланади. У «Иттиҳоди тараққий» деб номлана бошланди. 1919 йилдаги январ воқеасидан [41] кейин бу ташкилот учун ҳожат қолмади ва тарқатилди. Бу тўғрида сизга [42] ўзимнинг олдинги ёзишларимда маълумот берган эдим...
Агар бу сизни қониқтирмаган бўлса, унга қўшимча қуйидагиларни кўрсатишим мумкин: 1) «Иттиҳоди тараққий» ташкилоти тузилишида унга 7 киши кирган эди. Шундан иккитаси Усмонбек ва Ҳайдар Афандилардан иборат турклар, иккитаси тошкентликлардан мен ва Содирхон, биттаси самарқандликлардан Беҳбудий, биттаси туркман зиёлиларидан Хон Явмудский, биттаси қозоқлардан «Алаш» номли қозоқ газетасииинг муҳаррири (фамилияси эсимдан чиқибди) эди...
2) Ташкилот («Иттиҳоди тараққий»)нинг тузилиши тўғрисида: Низомга кўра ташкилот қуйидаги қўмиталардан иборат: Тошкентда Марказий Қўмита, вилоятларда вилоят қўмиталари, унча катта бўлмаган шаҳарларда бўлимлар, қишлоқларда — бўлимча (подотдел)-лар. Ҳамма қўмита, бўлим ва бўлимчаларнинг ҳар бири уч киши — раис, раҳбар ва хазинабонлардан иборат бўлган. Раис ҳамма ишларга жавобгар бўлган. У ўз хоҳиши бўйича ўзига раҳбар хазинабон белгилайди. Аъзоларнинг ҳаммаси фақат раҳбар билангина муомалада бўлган. Уларга раис ва хазинабоннинг исм-шарифлари ҳам билдирилмаган. Умуман, қўмитада раис қилиб Усмонбек ва раҳбар бўлиб Ҳайдар Афанди сайланган.
Иш билан жуда банд бўлганлигимни баҳона қилиб, хазинабонликка рози бўлмадим. Кейин раисдан ўз хоҳишига кўра мажбурий равишда бизлардан биримиз мени ёки Садритдинхонни хазинабон қилиб танлаши илтимос қилинди. У Садритдинхонни танлади.
Уюшма (ташкилот) тузишни Самарқандда Беҳбудийга, Фарғонада Мирзоҳидга, Туркманистонда Хон Явмудскийга, Еттисувда («Алаш») қозоқ газетасининг муҳарририга топширилади. Бу вақтда (Файзулла) Хўжаев Ленинградда эди. Бу йиғилишдан бир оз вақт ўтгач октябр инқилоби юз берди.
Кейин мухторият («Туркистон мухторияти») билан боғлиқ воқеалар бошланди, оқибатда ўз ходимларимиздан ажралиб қолдик. Шу сабабли Усмонбек йиғилиш чақирди, унда Убайдулла Хўжаев, Саъдулла Хўжа, Отахон Содирхон, мен, Ҳайдар ва яна уч киши қатнашди. Ҳамма номма-ном ташкилот аъзоси бўлиб ёзилади. Бу ё 17, ё 18 йилнинг охирларида бўлиб ўтади. Шундан кейин ташкилот жонлана бошлайди ва сон жиҳатидан ўса боради.
3. Ташкилотга кирувчилардан «Тараққийпарвар»га ишонч бўлиши ҳамда ҳеч қандай иккиланмасдан, жони ва молини ҳам аямасдан топшириқни бажариш талаб этилади. (Ташкилотга) аъзо бўлувчилар қўлида Қуръони Карим ва револьверни ушлаб туриб қасамёд қилади.
Орадан 3—4 ой ўтгач, Усмонбек қамоққа олинади, унинг ўрнига раис этиб Юсуф Зиябек тайинланади. Шу вақтда руҳонийлар ўзларининг икки вакили — Нуритдинбек ва Худоёрхоновни Туркияга юбораяпти, деган гап тарқалади. Бу хабарнинг овозаси Юсуф Зиябекка етиб бориши билан, у шошилинч равишда мажлис чақиради. Унда мен, Саъдуллахўжа ва бошқа бир неча кишилар қатнашдик. Мажлисда Юсуф Зиябек ўз тахминларини айтди. Унингча, руҳонийларнинг Англия билан алоқаси бор. Агар олдин бўлмаган бўлса, улар энди ўз делегатлари орқали алоқа боғламоқчи. Англия эса Туркистонга кўз қирини ташлаб турибди. Шунинг учун ҳам делегатлар таркибига эски хон уруғидан Нуритдинбекни киритганлар.
Юсуф Зиябек тушунтирдики, агар Туркистон Англия қўлига ўтиб қолса, унда озод бўлиш учун ҳеч қандай умид қолмайди. Шунинг учун у тезликда руҳонийларнинг делегатларига қарши «Тараққийпарвар» номидан Туркияга ўз делегатларимизни юборишни таклиф этади. Буни у жуда жадаллик билан амалга оширишни, акс ҳолда эса вақтдан ютқазиб қўйилишини таъкидлайди.
Содирхон ва Саидносир (Миржалилов) вакил қилиб танланади. Раис маслаҳатлашиб олганидан кейин руҳонийлар делегатларига қарши ҳаракат режасини эълон қилишга ваъда беради. Шу билан бирга раисга Туркистон мухториятига ёрдам бериш, Туркистонга ўқитувчилар юбориш ҳақида Туркия ҳукуматига қандай қилиб мурожаат қилиш масаласини ҳам ўйлаб кўриш топши-рилади.
Шундан сўнг, орадан кўп вақт ўтмай, руҳонийлар делегатлари орқасидан «Тараққийпавар» делегатлари ҳам йўлга чиқади. Уша вақтда ҳақиқатдан ҳам Туркистонга Англия таъсирининг хавфи кучли эди.
Делегатлар Истамбулга «Тараққийпарварлар» ҳуку-мати ағдарилган ва Истамбул овруполик империалистлар томонидан ишғол қилинган бир пайтда етиб келади. (Бу ердаги) «Тараққийпарвар» бошлиқлари эса қочиб кетган эди. Шу сабабли бизнинг делегатлар Юсуф Зиябек назарда тутган одамларни топа олмасдан, ҳеч қандай натижасиз қайтиб келади [44]. Рухонийларнинг делегатлари ҳақида бирор хабар олганим йўқ.
4. «Тараққийпарвар» ташкилотининг асосий вазифаси Туркистон аҳолисини қуллик ва нодонликдан озод қилишдан иборат бўлган. Умуман, ташкилот ва унинг бошлиқпари бу вазифани шўро ҳукумати яшаб қолса, у орқали амалга оширилишига шубҳаланмас эди. Шунинг учун ҳам унинг яшаб қолишини чин юракдан хоҳлайди. Ҳатто ташкилот аъзоларининг вазифйларига шўро ҳукуматини ҳимоя қилиш киритилган эди. Унга нисбатан ўша вақтда иккиланиш ҳам бор эди, чунки у ҳар томонлама душманлар қуршовида бўлган. Шўро ҳукумати тугатилиб, унинг ўрнига оклар ёки меньшевиклар ҳукумати келади, Туркистон яна олдингидек нодонлик қўлида қолади, деган шубҳалар ҳам бор эди. Туркистон Англия қўлига тушиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмас эди.
Булар бизни ташвишлантиради, шунинг учун ҳам ташкилот фаолиятини кучайтириш, шўро ҳукуматидан фойдаланиб қолишга қарор қилдик. Шўро ҳукумати миллий мухторият тарафдори, Туркистонни кенг мухгорият бошқарув аппарати билан таъминлайди ва буни қўшни давлатлар томонидан тан олдиришга муваффақ бўлади, деган умидда эдик. Бордию, шўро ҳукумати йиқиладиган бўлса, унинг ўрнига чиқади деб тахмин қилинган меньшевиклар ёки оқлар билан курашишга тайёр бўлиш, Туркистон мухториятини қутқариш керак эди. Агар шўро хукумати ўзини тутиб қололса, ташкилотнинг мақсади Туркистонни маданий тараққиётга олиб чиқиш, Туркистон аҳолиси ҳуқуқини овруполикларники билан тенглаштириш, шу билан бирга мустамлакачилик унсурлари қолдиқлари ва уларнинг тарафдорлари бўлган эски бой ва руҳонийлар билан кураш олиб боришдан иборат бўлмоғи керак эди.
Келажакда аҳолининг маданий тараққиётига қараб, шўро ҳукумати берган ўша мухториятни кенгайтиришга, (бошқарув) аппаратини маҳаллийлаштиришга ҳаракат килиш. «Иттиҳоди тараққий»нинг мақ¬сад ва вазифаси мана шулардан иборат эди. Менимча, буни «Иттиҳоди тараққий»нинг ҳамма фирқали ва фир-қасиз аъзолари тасдиқлайди.
5. Содирхон ҳеч қандай натижасиз қайтиб келганидан кейин Зиябек ўша олдинги мақсад бўйича энди Истамбулга ўта кучли миссия (махсус топшириққа эга бўлган вакилларни) юбориш масаласини кўтарди. Унга тошкентликлардан Убайдуллахўжа (Асадуллахўжаев), Саидносир (Миржалилов), самарқандликлардан Беҳбудий, Мардонқул ва яна бир киши киради. Охирги уч самарқандлик йўлда Бухоро амири (одамлари.) томонидан ушлаб олиб ўлдирилади [45]. Убайдулла Москвада, Саидносир эса Тифлисда яширинишга муваффақ бўлди. Кейин уларнинг иккаласи ҳам қайтиб келади. Кўрсатилганлардан бирортаси ҳам Туркияга етиб боролмайди. 1919 йил январь воқеасидан сўнг большевой фирқаси мустаҳкамланиб олгач, ташкилотнинг кўпчилик аъзоларида қўмитага бўйсуниш пасая бошлайди. Фирқа (большевой) ҳамма ишни ўз қўлига ола бошлайди, ташкилот қўлида эса ҳеч нима қолмайди. Маҳаллий зиёлиларнинг қарийб ҳаммаси шўро иши билан машғул бўлади, натижада ташкилот ўз ходимларидан ажралиб қолади. Бунинг устига Туркиядаги «Иттиҳоди тараққий» ташкилоти ҳам тарқатиб юборилади.
Буларнинг ҳаммаси Зиябекни ташкилотни тарқатиб юборишга мажбур қилади. Бу ташкилотнинг ўрнига бошқа, «Бирлик» ташкилоти тузилади. Унинг мақсади ёшларни фирқага жалб этишдан иборат бўлди.

давоми бор