Саналар
28.03.2024
Баннер
Абдурауф Фитрат. Туркистонда руслар (1918)
PDF Босма E-mail

Ислом маданияти тарихининг олтунли, юлдузли япроғларидан буюк бир қисми, шубҳа йўқдирким турклар тўғрисида ёзилғандир.

Юнондан Румоға[1], Убадан Константанияга[2] кўчиб келгандан кейин таъсир этиб, таассублари тарафидан қўл-оёғи боғланиб қолған маданияти билан улум ва фунун Бағдод салтанатининг эгалари бўлған аббосийлар тарафидан[3] тургизилди ва тарбиёт кўрди.

Ул чоғларда ер юзини бахтли муҳаббат кабилари қоплаған аббосийлар салтанати ёлғизғина сиёсат негизи эмас, улум ва фунун тенгизи ҳам эди.

Аббосий салтанати нифоқ, низоъ, ахлоқсизлик, ғурур, исроф ва зулм каби кўб ижтимоий касалларга тутулиб ўлғандан кейин унинг меросини яна ислом сиёсати билан ислом маданиятини ўз қўллариға олиб турклар сақладилар. Аббосийлардан сўнг улуғроқ ислом салтанатларини турклар қурдилар. Аббосийлар қўлидан чиқиб яна эгасиз қола бошлаған маданиятни турклар асрадилар.

«Бизнинг Туркистонимиз эса мана шу буюк турк улусининг бешиги бўлмоғи билан ифтихор қилади...» Ёлғиз шуми?.. Аббосийлардан сўнг ислом салтанатиға қоровуялиқ қилған турк хоқонларининг охири ва улуғларида бўлған Темур янглиғ турк қаҳрамонини Туркистон етиштирди. Яна аббосийлардан кейин «маданияти башария»ни бошлари узра кўтарган турк олимларининг каттаконлари бўлган Абу Али[4], Улуғбек, Жавҳарий[5] ва Форобий каби ҳикмат тиракларини Туркистон чиқарди.

Афлотунлар чоғинда Афина, Румо салтанатида Румо, аббосийлар хулофотинда Бағдод қанча тараққий қилған бўлса Темур ва Улуғбеклар замонида Самарқанд шунча тараққий қилған эди.

Бир кишининг миясиға чоғирнинг қандай таъсири бор эса, бир миллатнинг миясиға дахи салтанат ва маданият ичгусининг шундайин таъсири бордир. Салтанат, бойлиқ ва маданият ичгулари бизнинг миямизни бузди, бизни маст этди, қўлимиздағи салтанат қиличи билан маданият дафтарини бир ёнға қўйиб сафоат чолғуларини олдиқ. Урдик, чолдик, ичдик, йиқилдик, ёндик ва шунлар учун бир-биримиз билан урушдик...

Мана шул чоғларда эдиким: Русия давлати бизнинг ўлкаларимизни келиб босди. Ортуқ биз Туркистон турклари Оврўпа маданияти ташигучи бўлған рус миллатиға йўлиқған бўлдик. Маданий руслар билан қоришиб унларнинг далолати Оврўпанинг маданий ва ижтимоий усулларидан таъсир олмоғимиз керак эди.

Шуни ҳам айтиб ўтайлукким мундай бир таъсирни рус миллатининг авом табақасиндан олмоғи(ми)з мумкин эмас эди, чунки бизнинг авомимиз унлардан юз маротаба маданийроқ эдилар (ҳозир ҳам шундай). Русларнинг ўқуған, тарбияли кимсалариндан сосиализм ва қардошлиқ маслакинда юрғанлар ҳам императорлик ҳукумати тарафиндан қувилиб, қисилиб турғанлари учун бизга бирор таъсир қўёлмас эдилар.

Қолди: рус миллатчилари, рус бойлари ва рус пўплари билан шунларнинг қоровули бўлған император ҳукумати. Биз туркистонлилар ёлғиз шунларнинг қўлинда қолдиқ. Не кўрган бўлсак шунлардан кўрдик.

Энди кўрайлик қани: шунлар бизнинг тараққийимиз ва Оврўпа маданиятидан таъсир олмоғимиз йўлинда бирор иш қилдилар ёхуд қилмоқчи бўлдиларми?!

Рус капиталистлари билан рус пўпларининг содиқ ва ишончли қоровуллари бўлған эски Русия ҳуқушти элли(к) йил орасида, Туркистондағи турк болаларининг фойдалариға бирор иш кўрдими, кўрмоқчи бўлдими?

Мана шул саволга, Малтаассуф[6], «йўқ!» дан бошқа бир жавобимиз йўқдир. Юртимиз: элли(к) йиллик бир идорайи аскарийа остида турдиғи учун биз Оврупанинг маданий миллатлари билан кўришолмадик, унларнинг ижтимоий ва иқтисодий фикрлариндан истифода қилолмадиқ. Бизнинг кўзларимизни очдурмаслик учун фикри очиқ тотор қариндошларимизнинг дахи Туркистонда мактаб очмоқлари манъ этилди.

Бизнинг диний ва миллий ҳиссиётларимизни ўлдурмак тилаги билан Ўстраумов каби мутаассиб пўпларнинг идорасинда газит[7] чиқарилди, мактаб очилди, лекин ўз миллатимиз ва диёнатимизни онглатмоқ учун ўз тарафимиздан очилған мактаблар ва газитлар боғланди, шаръий маҳкамаларимизнинг ҳуқуқ ва салоҳиятларидан буюк бир қисми ғасб этилди.

Маҳкамаларда, уйларда, йўлларда, тижорий ишларда, ҳатто вагон арбаларинда Туркистон ерлисининг ҳуқуқи Туркистон мусофири бўлған рус ва арманидан тубанда тутилди.

Бухоро ва Хива ҳукуматларининг дохили истиклоллариға, миллий номуслариға турли баҳоналар билан тажовузлар қилинди. Бу икки ҳукумат ўз ўлкаларинда ўз ҳукмларини юрутолмас бўлдилар. Мамлакат ва миллат қоидалариға бу икки ҳукумат тарафиндан сира бирор ҳаракат содир бўлмади, содир бўлғанда ҳам неча қизғин нўталари ва золимона таҳқир билан йўллари олинди.

Элли(к) йилда(н) бери шундайин ҳақсизлиқлар ва зулмлар орасида бўғулиб келган Туркистон букун ўз мухториятини Ҳўқандда[8] эълон қилди. Ҳўқандда ижтимоъ этган[9] Туркистоннинг тўртинчи қурултойи ўз баённомасинда «Федаратса асосига қурулған Русия жумҳурияти ила бирликда қолғани ҳолда Туркистон мухторияти» деган сўзни ёзиб, Рус ҳукуматиға содиқ қолдиғини билдурди.

Шунинг ила баробар «Туркистонда ақлият ташкил қилған миллатларнинг ҳуқуқтарининг ҳар жиҳатдан сақланмоғини ҳам тантанали суратда» эълон этилиб, адолат байроғини кўтарди.

Элли(к) йилдан бери шунча зулм орасинда қолған Туркистон бу кун ўз мухториятини шунча адолат ва садоқат билан эълон қилибдир. Билмадик нечундурким, ҳозирда иш бошинда адолатчи большевиклар муни қабул қилмай туралар..!

(«Ҳуррият», 1918 йил, 63—64-сонлар)

Қайта нашри: «Шарқ юлдузи», 1992, 4-сон, 183—184-бетлар. Нашрга тайёрловчи ва сўз боши муаллифи Ҳ. Болтабоев.

[1] Юнондан Румоға — Грециядан Туркияга қадар.

[2] Убадан Канстантанияға — Юнонистондаги шаҳар Убадан Константинопол, (яъни Истанбулга) кўчган маданият.

[3] Ислом тарихида умавийлардан халифаликни қўлга олган аббосийлар эронли Абу Муслим воситаси билан халифаликни эгаллаган бўлиб, уларнинг даврида мусулмонлик жаҳон миқёсида катта шарафга эга бўлган. Хорун ар-Рашид, Маъмун сингари халифалар етишиб чиққан. Улардан сўнгги ислом жаҳонгирлигининг марка-зи Мовароуннаҳр ва Рум бўлган Темур Кўрагон ва Боязид темурийлар ҳамда усмонлилар сулолалари назарда тутилади.

[4] Абу Али — Абу Али Ибн Сино.

[5] Жавҳарий Абу Наср Исмоил ибн Ҳаммод (940—1008) — Фаробда туғилган. Кўпроқ Бағдодда яшаган тилшунос олим ва файласуф. Асосий асари «Тожу л-луға ва саҳоху-л-арабийя» («Луғат тожи ва арабчанинг ҳақиқийси») асаридир. Араб тилида ёзилган бу асарнинг 1865—75-йиллар давомида Қоҳирада нашр этилган нусхаси машҳурдир.

[6] маалтаассуф — ажабланиш белгиси: таассуф.

[7] «Туркистон вилоятининг газети» ва унинг русча нашри «Туркестанские ведомости» ҳамда унинг муҳаррири Остроумов назарда тутилади.

[8] 1917 йилнинг 28 ноябрида Қўқонда эълон этилган Туркистон Мухторияти назарда тутилади. Бу ҳақда Фитратнинг «Мухторият» мақоласига қаранг.

[9] ижтимоъ этган — қўшилган, бириккан, жам бўлган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин