Маҳмудхўжа Беҳбудий. Муҳтарам самарқандийларға холисона арз (1917)
Босма

МУҲТАРАМ САМАРҚАНДИЙЛАРҒА ХОЛИСОНА АРЗ

Аҳли хабаранинг маълумидурким, эски ҳукумат замонида ҳар нимарса амр ва буйруқ ила бўлур эди. Халойиқнинг диний ва миллий ишларини ислоҳи ва ривожи тўғрисинда қилатурғон ҳаракатларға йўл берилмас эди. Ҳеч нимарса ҳукуматдин бежавоб ва изнсиз қилина олмас эди, ҳозирда бўлса, Худойи таоло бизга ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийимиз учун ҳаракат ва сайъ этмоқға йўл очуқдир.

Ҳурриятнинг учинчи ойиндамиз. Лекин биз самарқандийлар диний ва миллий ишимизни ривож бермоқ учун ҳануз бир иш қила олмагандурмиз. Аҳли жамоат ва ғайрат бир неча ёшлар, аҳли мурувват бир неча мўйсафид ва катталаримиз бир неча кун бир бўлиб, баъзи яхши ишларни бажармоқчи бўлдилар. Ҳатто, уламойи киромдан аксари қўшулмоқчи бўлдилар, билкулли қўшулдилар.

Ёшларнинг очган «исломий қулуби» ҳар кун уламо, савдогар ва аҳли касабадан бир неча дафъа тўлуб бўшолуб эди, ишлар яхши кетар эди, умидлар қавий эди. Ояндамизнинг яхши бўлушини истидолар қилур эдук. Аммо ишлар ва иттифоқлар узоқға сурилмади. Бир неча тажрибасиз ва тез ҳаракат ёшлар, бир-икки нафар нафсониятға ботган ва ўлгунча тузолмайтурғон қишилар қадима иғво ва фасодни ўртаға солдилар, натижада Самарқанд халқи иккиға бўлунди. Балки икки эмас, юзға бўлунуб, халқнинг кўнгли совуб, баъзиларининг сўз ва ҳаракатларидан нафратланиб, тарқалиб кетдилар.

Букун маънойи ҳақиқийси ила Самарқандда бир жамият йўқ, миллат ва дин ояндаси учун натижалик бир сайъ ва ҳаракатни бошқаратурғон бир жамият йўқдур, ҳозирғача айтур эдукким, бизнинг миллий ҳаракатимизға ҳукумат монеъдур, аммо энди ўзимиз монеъмиз.

Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё! Эй, ғайратлик ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хизмат этингиз. Миллат ва халқ сиздан хизмат ва яхшилик талаб этадур, нафсоният ва ғурур эмас.

Эй ёшлар! Сиз ҳам бир оз оғир ва хушсўз бўлингиз. Ҳурриятнинг аввалида халойиқ сизга инонди, сизға ўзини ташлади, аммо сизлар тажрибасизлик этиб ва ўз орангизда ихтилоф кўрсатиб, халқнинг ўз борангиздаги хушгумонлигини, афсуским, йўқотдингиз. Мана шул йўқотганингизни қайтариб топмоққа ҳаракат, саъй этингиз. Халқ сизларға майл қилғон эди, сизлар, тўғриси, бажаролмадингиз. Мана шу тажрибасизлигингизни хотирингизға келтирунгиз ва бул ёшларға дарси ибрат бўлсун.

Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромга бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб, бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. Ал-ажла минаш-шайтон! (Шошилган шайтондандир!) Бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизға тараққий қилмоғингиз мушкулдур. Балки, бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз.

Ман ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат этаманким, тараққий пайдо бўлсун, шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан. Бинобарин, ўрта ва бир қадар имкони кўпроқ киши майл қилатургон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдир. Муни мен бир неча дафъа сизларға юз ба юз айтганман. Муҳтарам ҳамшаҳарларимдан аксари шундай биладурларки, менинг ҳар сўзумни сизлар қабул қиласиз ва сизнинг ҳар бир ишингиз менинг машваратим ила бўлур. Хайр ундай эмас. Ёшларнинг баъзи бир машварат ва ишлариға шерик бўлсалар ҳам баъзисидан бехабардурман. Аларнинг барча ишлариға мен масъул эмасмаи. Зотан ҳеч ким ҳеч бир кимнинг ҳаракатидан масъул эмасдур.

Азиз ҳамшаҳарларимға, мўътабар аҳли ватаним, ҳаммангиз бир бўлуб, халқ ва диннинг ривожи учун бирлашуб, орадаги нафратларни ташлаб, Худонинг берган ҳуррият неъматидан нафъиланмоқ ҳаракатида бўлмоқ керак ва ал-он (токи) бизнинг ҳаракатсизлигимиз биздан ҳурриятни кеткуриб, яна бошқаларга бизни асирлик даражасига тушурур ва юз йиллар ила кейин кетармиз. Бизнинг авлодимиз ҳамда халқи олам бизга раҳмат ўрниға лаънат ўқурлар.

Бу сўзлар тўғри сўзлардур. Ёш ва қарилардан, албатта, мандан ушбу сўзларим учун ранжийдурғонлар бўлур. Аммо начора, тўғрини аймагунча, ишлар тўғриланмас. Олдимизда шаҳар думаси сайлўви, мажлиси маъбусон(?) (учредитулная собрания) сайлўви, мамлакат думаси сайлўви турубдур. Агарда Самарқанд ёш ва қарилари шу ҳолатда турсалар, вой бизнинг ҳолимизға! Халқи олам бизға кулар. Биз янадин бошқаларнинг асири бўлурмизким, бунга тажрибасиз ёшларимиз, тараққийни хоҳламайтургон катталаримиз сабаб бўлурлар ва ҳам бизнинг ишсизлигимиз учун бошқалардан кейин қолишимиз муқаррардур. «Қолу ал ҳақ валу кон маран» — «Тўғрини сўйла аччиқ бўлса-да!»

«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 13 май.