Ёзувчи М.Бузурук. Меҳробдан чаён: мавзуи, синфий туси ва тузулиши жиҳатидан текширилмишдир (1929)
Босма

I. Рўмончилиқда таржима

Асрий адабиётға янгидан кира бошлағон халқлар адабиётнинг рўмон қисмини таржима билан очқонлар. Яъни қайу бир халқнинг адабиётида яхши рўмон бўлса, уни таржима билан халқни ва ёзувчиларни у йўлга ўргата борғонлар. Сўнгра-сўнгра ундай рўмонларнинг тақлидини ўз ҳаётлариға уйдириб чиқора борғонлар.
Ўзбеклар билан ҳаёт шериги ва маданият ўртоғи бўлғон рус адабиётида бу кайфият ўн еттинчи асрнинг ярмидан бошлаб ўн тўққузинчи асрнинг авваларигача — Пушкиннинг “Руслан ва Лудмила” номли асари чиққанча(1821)ға қадар давом эткан. Бу замонғача рус адабиёти Ёврупо адабиётини таржима ва тақлидлар билан бу кунги оламшумул вазиятга ҳозирлик кўрган.

II. Ўзбек адабиётида рўмон

Ўзбек янги адабиётининг ҳали юртмачоқ ҳолда бўлғонини айтишка ҳам ҳожат йўқ. Айниқса, рўмончиликда ҳеч бир турли ҳозирлиғи ва тажрибаси йўқдур. Ўзбек адабиётининг рўмон жиҳатида таржимачилик ҳам сўнг замонғача бошланмағон эди. Ярим асрдан ошиқ русларнинг руҳли ва аслий адабиётлари билан ёнма-ён яшағонимиз ҳолда у адабиётдан ўзбек тилига ҳеч рўмон ўтмаган. У чексиз файз, ирфон денгизидан баҳра олмоқ учун йўл очилмағон.
Сўнг замонғача ўзбек адабиётида рўмон номиға “Баҳордониш”, “Юсуф-Зулайхо” ва бошқалар каби ишқий, дин, қаҳрамонлик, вафокорлиқларниғина ғоя қилғон хаёлий эски асарлардан бошқа бир нарса йўқ эди. Унинг каби асарлар ўз даврларига кўра бирор рўмон бўлсалар-да, ҳозирғи замоннинг эҳтиёжиға ярарлик қобилиятлари ҳеч йўқ бўлиши билан баробар, зарарлик ҳам эдилар. Демак, ўзбек янги адабиёти табиатини тасвир қилувчи асрий рўмончиликда ҳеч ҳозирлиқ ва ҳеч тажриба ўткармаган эди. Ўзбек адабий вазияти бу даражада бўлғон замонда Жулқунбойнинг оригинал бўлғон “Ўткан кунлар” рўмони чиқмишди. Орадан беш-олти йил ўткандан кейин “Меҳробдан чаён” рўмони-да тарқалди.
“Меҳробдан чаён” ёлғуз Жулқунбойнинг иккинчи асари эмас, балки ўзбек янги адабиёти учун ҳам иккинчи рўмон эди. Ҳамза Ҳакимзоданинг “Миллий рўмон” номли кичик бир асари бўлса-да, унга бу кунги рўмончилиқ шароитида рўмон демак тўғри бўлмасди. Янги рўмон ва ҳикояларға муштоқ-чанқоғ бўлғон давримизда “Ўткан кунлар”и билан танилғон Жулқунбойнинг “Меҳробдан чаён”и жуда ҳам шошилиб кутилар эди ва жуда аҳамият билан қаршуланғони-да кўрилди. Бу ҳол бир даража табиий ҳам эди. Чунки биринчи асарида анча муваффаққият кўрсаткан Жулқунбойдан бир неча йил сўнгра чиқодиғон асарининг яна ҳам комил ва гўзал бўлиши керак эди. Локин “Меҳробдан чаён” у истаклар-орзуларға жавоб бера олмади. Унинг “Ўткан кунлар”га нисбатан ҳам анча кучсиз ҳолда чиққанини бошдаёқ айта оламиз.

III. Рўмоннинг хулосаси

Асарни нуқта-нуқта танқид қилишдан бурун унинг бир хулосасини тақдим била ўқувчиларнинг диққатларини яна бир дафъа рўмон устига тортамиз: “Меҳробдан чаён”нинг энг катта ва ёқимли қаҳрамони Анвардур. Ҳамма воқеа унинг атрофида айланади.
Анвар камбағал бир оиланинг ташланди ва кенжа боласи. Кичик бола экан ота ва онасидан етим қолади. Опасининг қарамоғида ўн бир ёшқа етганда поччасининг оғирсиниши сабабидин Солиҳ маҳзум уйига боқинди ва сиғинди бўлиб киради.
Солиҳ маҳзум каби риёчи, виждонсиз, хоин, хасис, аҳмоқ, лақма бир киши қўлида ва тарбиясида Анвар ахлоқли, виждонли, шоир, ёзувчи, мафкурачи, сахий, яъни жуда ҳам комил бир киши бўлиб етиша боради(?).
Ахлоқли ва яхши маълумотли бўлиш соясида Худоёрхоннинг бош мирзоси Ражаббек Мирзоға ёқади. Ражаббек воситаси билан ўрда мирзоларидан бўлиб олади. Вазифасида содиқлиғи ва холислиғи хонға ҳам ёқади. Ражаббекдан сўнгра бош мирзолиқ Анварга берилади.
Анвар бош мирзолиқни жуда истиғно ва кўнгилсизлик билан дўстлари ва Солиҳ маҳзумнинг ялиниш ва зўрлашлари билан қабул қилғон бўлади. Анвар бу мансабга: “Бундай булғанч муҳитда ташлашлиқ вазифани ўз устимга олишдан ҳазар қиламен” (47 с.), деярлик даражада кўнгилсиз ва бу сўзни бир ифлос закотчи олдида сўзлайдиган даражада жасур бўлади. (?)
Мирзобоши бўлғондан сўнгра-да эски содда одатини бузмайди, ғурур ва такаллуф асари кўрсатмайди. Ўрда одатича ҳаракат қилмоғи сабабли Ўрда мирзолари қошларида унча менсимагани каби Султонали мирзо каби холис дўсти томонидан ҳам танқидға учрайди.
Анвар бош мирзо бўлғонда ҳам қоронғу қолғон бир сабаб (Раъноға бўлғон ишқ ёки яхшилиққа қилғон вафо?) билан Солиҳ маҳзумнинг таъсири остида туради. Солиҳ маҳзумнинг ифлослиғи ва аҳмоқлиғи ўзига маълум бўлғони ҳолда, унинг далолати билан Абдураҳмон домла каби ўз душмани бўлғон бир кишини била туриб мирзолиққа олади. Сўнгра уни бекор қилиб адоватини қувватлантиради.
Ёшлиқдан бошлаб ўзи билан баробар ўсган Солиҳ маҳзумнинг қизи Раъно билан қаршима-қарши кўнгил боғлашадилар. Бу Раъно ҳам Анвар каби шоир, ахлоқли, маълумотли, закий, жасур бир дилрабо. (Тўғриси, Солиҳ маҳзум каби ифлос бир типнинг тарбиясидан иккинчи дафъа бу дилрабонинг етишиши бир муаммо?) Оила орасида Анвар билан Раъно фотиҳалик саналадилар. Анвар ва Раъно балоғатға етишган бўлсалар-да, оила ичида баробар кўришиб, ўйнашиб, ёлғуз ерларда баробар қолиб юраберадилар(?). Муҳитдаги одат ва қаттиқ таассуб хилофида бўлғон бу ҳаракат ҳеч бир томондан танқид ва қаршулиққа учрамасдан давом этади. Қиз билан йигитнинг бирлашишларига оилада ҳеч бир қаршулиқ йўқ. Балки бирлашишлари истанилади. Локин ошиқ ва маъшуқ тўй-никоҳ масаласини бир фожеани кутган каби ҳеч бир сабабсиз ва иттифоқ билан тааххирга туширадилар. Бу тааххир натижасида Анварнинг ишқ рақиби ва мансаб душмани бўлғон Абдураҳмон домла ва бошқа душманлари бирлашиб қизни хонға олдириш учун фитна очадилар. Бу фитнанинг шакли қоронғу қолмиш бўлса-да, қизнинг хон тарафидан сўралиши ва Солиҳ маҳзумнинг бу ҳолға фахр билан рози бўлиши кўрилади. Қизни хонға узатув замонида ошиқ ва маъшуқ баробар давлат ва мансаблардан кечиб биргалашиб қочадилар.
Бу қочиш билан ўрдадан Анварнинг алоқаси узилади. Тадбир билан Султонали мирзони ўз ерига мирзобоши қилиб кетади. Лекин Анварнинг душманлари Абдураҳмон, Шаҳодат, Калоншоҳ мирзо Султоналига ҳам қарши ишлайдилар. Бу ишларнинг туси қоронғу қолмиш бўлса-да, натижада Султонали мирзонинг Анварга баримта бўлиб қолғони ва охир Анвар ерида ўлумга ҳукм қилинғони кўрилади.
Бу хабарни Анвар сақланғон ерида эшитиб тоқат қилолмайди. Ўзи учун бир дўстнинг қурбон бўлишини истамайди. Ортиқ ишқини, ёрини ва ўзини вафокорлик йўлида фидо қилади, ўзи таслим бўлиб дўстини қутқармоқни мақсад қилиб олади. Ёнида бўлғон ёрини алдағонсимол бир ҳолда бошқа томонға юбориб ўзи хонға таслим бўлади.
Худоёрхон уни ўз олдиға чақириб сўроқ қилади. Анвар хоннинг саволиға бошданоқ маъюсона жавоблар бера бошлайди. Ўлумга чиқорилиб турғон замонда, “Сизда адолат борми? Жаноб?” сўзи билан Худоёрдан адолат тилаб Султонали мирзонинг ўз кўзи олдида озод қилинувини сўрайди ва тиралиб туриб олади. Бу сўздан Худоёр инсофқа келади. Жаллодларни тўқтатиб Султонали мирзони келтиришга буюради. Султонали келтирилгунча Анвар хон олдида тўхтаб қолади. Султоналининг озодлиғини кўргандан сўнгра-да Анвар ўз қўлини боғлатади. Бу замон хоннинг олдидағи домлалардан бири туриб хондан афв сўрайди. Хон қабул қилмайди. Анвар хонға ва мусоҳиблариға таъзим қилғондан сўнгра жаллодлар билан чиқади.
Бозорда халқ орасида жаллоднинг пичоғи Анварнинг бўғзиға борғон чоқда Анвар ўз акаси Қобил томонидан ҳужум билан қутқорилади. Бир неча кун сўнгра Худоёрхон тупроғидан ошиқ ва маъшуқ баробар чиқадилар.

IV. Шартлар


Асрий рўмончилиқда эски “рўмантик” (хаёлий рўмончилик) даврининг асослари битгандур. У даврнинг “идиёлизм”и ерига “реализм ва натурализм” асослари қўйилғондир. Яъни белгили бир ғоя ва мақсад билан турмуш — ҳаётдағи воқеаларнинг бўлғонлари каби тасвир этмак асоси қабул қилинғондур. Бу кун асрий рўмонлар учун қуйидағича асос шартларни кўзда тутмоқ албатта керак саналади:
1. Рўмондағи воқеаларнинг чин ва ҳақиқатга ўхшашлари, воқеаларнинг тусларида сунъийлик ва ғайритабиийликнинг сезилмаслиги.
2. Рўмондағи шахсларнинг ўрнак ва ишларининг яшаб турғон турмушда учрашлари, яъни типларнинг характерларининг зеҳнларга яқин бўлишлари.
3. Руҳий таҳлил ва табиий тасвирларда андоза — ўрталиқ (эътидол) бўлиши, яъни қоронғу бир таҳлил қандай тўғри бўлмаса муболағалиқ тасвир ва таҳлиллар ҳам шундай тўғри бўлмайди.
4. Рўмоннинг мавзуи билан яқин алоқаси бўлмоғон ва ёки бўлса-да рўмонни бўш ерга узайтирадиғон тасвир ва таҳлиллардан сақланмоқ.
5. Воқеаларнинг бошдан-оёққа тўғри тобора куч олаборғон таъсир билан сакта ва аризасиз бориши, воқеаларнинг бир-бирларига боғланиб боришлари.
6. Воқеаларнинг ораларида ёзувчининг ҳеч кўринмаслиги, яъни ёзувчининг ўз тилидан изоҳ, ишорат ва танбеҳлар кўрсатмаслиги.
7. Рўмоннинг умум руҳидан бирор ибрат ва дарснигоҳи сезилиши.
Мавзу баҳсимиз бўлғон ва хулосаси тақдим қилинғон “Меҳробдан чаён” у шартларга мувофиқ тусда ёзилғон комил бир асарми? Ёки камчиликлари борми? Бу саволларға сўнгғи сўзларимиз жавоб ўрнида тизилиб борадилар.

Тузук жиҳатлари

“Меҳробдан чаён” тус ва тузилиш томонидан “янги” рўмон сифатига эга бўла олади. Унинг баъзи мувофиқ ва оригинал жиҳатлари бор: мавзуи халқнинг зеҳниятидан узоқ эмас. Бу ҳол рўмоннинг англашилиқ бўлишиға ёрдам эткан. Тили сучук, адоси тотли ва жумла тузилишлари енгилдур. “Сафо келдингиз, бош устига, алайҳига” каби ўзбекча бўлмағон таъбирлари бўлиш билан баробар, омма тилига анча яқинлашқон бир услуб билан ёзилғон.
“Ҳой етди, ҳуй етди, икки коски тўй кетди” каби омма, халқ мақолларини ўрунлиқ ерларда ёпишдуриб кетиши тақдирға лойиқ жиҳатлардур.
Рўмон қаҳрамонларидан Солиҳ маҳзум, Оғача ойим, аскиялар, қирқ қизлар каби типларни яхши кўрсаткан. Уларнинг типларини табиий демак мумкин.

Камчиликлари

“Меҳробдан чаён” унинг каби баъзи яхши кайфиятларга эга бўлмоқ билан баробар, унга бош-оёқ тўкис, тўрт кўз тугал бир рўмон дейиш, албатта, шошилиброқ берилган юзаки бир ҳукм бўлиб қолади. Чунки бу асарга рўмончилиқ шартлари ва усули ва адабиёт қоидалари билан қарағанда анча катта камчиликларни кўрмак мумкин. Зотан, рўмончилиқда таржима ва таржима даври ўткармаган бир муҳитда бирдан-бирга комил бир рўмоннинг чиқуви мушкул бир ишдур.
Бунинг каби асарларнинг усталаридан бетарафона ва холис тусда усул ва қоида айнаклари билан қараб танқидларнинг юрушлари рўмончилик навъининг камол ва тараққийси учун ёрдам қила борадилар. Ва ҳозирда ягона рўмончи бўлиб танилғон истеъдодли ёзувчини огоҳ қилиш керак бўлади. Бунинг билан асарининг иккинчи табъи ва ёки ёзадиғон бошқа асарида ҳозирда кўрилган камчиликларнинг йўқола бориши мумкин. Бизда бу андиша билан “Меҳробдан чаён”да камчилик деб ўйлоғон нуқталаримизни кўрсатиб ўтмакчи бўламиз.

V. Мафкура жиҳати

Ҳозирги кунда ҳар бир асар, хусусан, адабий ва ижтимоий асарларда мафкура жиҳати жуда ҳам зийраклик билан текширилади. Бунинг билан маданиятда орқада қолғон ва фикрий йўлда ўсиб етмаган бир халққа фикрий ташвиш ва бузуқлик берадиган ҳолларға йўл қўймаслиқ учун саъй қилинади. Бу яхши. Асосли ва идиалний бир тадбир.
Локин янги мафкура ва янги йўлнинг руҳ ва моҳиятини англаб ва уни ҳазм қилиб ва унга комил тусда риоя қила бориш учун илмий ва адабий кучлар кифоя қилмай турадилар. Бу йўлда кучланиб ва кучаниб, тақлид билан қилинғон ишлар кўплари муваффақиятли чиқмоғонларини кўрамиз.
Бу кайфиятни “Меҳробдан чаён” асарида ҳам кўрамиз. Асар эгаси рўмонини янги мафкурага хизмат қилдирмоқчи ва унга риоя билан ёзмоқчи бўлғон. У ўз муқаддимасида “...Иккинчи тарафда мазкур қора куч уламо алайҳига чиқиш, меҳнаткаш камбағалларнинг ахлоқ, сажия, оила, турмуш, бир-бирига алоқаси ва самимияти...” каби сўзларни ёзади. Бундан рўмонға синфий бир ранг бермакчи бўлғони кўрилади.
Локин бу хоҳиш ва истак қуруқ даъво ҳолида қолғон. Амалда ўзини кўрсата олмоғон. Ёзувчининг ўзи-да бу ҳолни сезган: “Уларнинг хон ва уламоға қарши исёни табиий — шаърийдур. Чунки ундан ортиғи сохта бўлиши билан баробар китобнинг қадрини туширар эди” дейди. Бу сўз билан ўтмишдаги синфий курашнинг шу даража ва шу зеҳниятдан ошиқча бир кайфиятга эга бўлғонини сўзлаб ўзини маъзур кўрсатмакчи бўлади.
Демак, Жулқунбой асарининг синфий тусда бўлғони ва унга ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган даражада синфий тусни бера олғони даъвосидадур. Ҳақиқатда бўлса асарда синфий тус ҳеч кўринмайди. Ҳатто ўзбек тарихида ва турмушида мавжуд бўлғон қадаринда тасвир қилишға ҳам муваффақият кўрсата олмайди. Мени асарнинг мафкура жиҳатидан баҳс этувга боғлағонда бу сўнгғи нуқта бўлди.
Бу сўзларимизни қуруқ даъво ҳолида қолдирмаслиқ учун “Меҳробдан чаён”нинг ўзига мурожаат қиламиз:
1. Асарнинг марғуб қаҳрамонларидан Сафар бўзчи бор. Бу камбағал типдур. Сафар бўзчи Анварни ёқлаб Абдураҳмон имом ва Самад бўқоқ каби ифлос типлар билан муноқашаларда бўлғонини кўрамиз. Локин у муноқашаларға камбағаллиқ ва руҳонийлиқ кураш рангини бериш мумкин эмас. Чунки Сафар бўзчини ҳамма ҳаракати икки қари бўзнинг Анвар томонидан пора — ришват учун олинмағони атрофида туғилиб туради: “Икки қари бўзни олмағони рост” деб Самад бўқоқ билан ижакилашади, имом билан кекирдак керишади. Агар орадағи курашнинг бош сабаби ва иллати бу бўлса, Сафар бўзчи бошқа бир ифлос кишидан ҳам шундай бир яхшилиқ ва эҳсонни кўрса унга ҳам тарафдор бўлиши мумкин, инсонлик зеҳни Сафар бўзчининг кайфиятидан курашнинг камбағаллиқ ҳисси билан бориши ҳеч бир турлик чиқариб ололмайди. Сафар бўзчининг оғзидан бир-икки ерда Анвар тўғрисида “фуқаропарвар” сифати айтилган бўлса-да, биринчидан, бу сўз ўринсизрак ерда аҳамиятсиз тусдагина айтилади. Асл муноқашанинг кўпинча фазлу камол атрофида айланиб қолиши у икки калима сўзнинг бор аҳамиятини ҳам йўқотиб юборғон. Бунинг билан баробар “фуқаропарвар” сифати бир хон, бир бек, бир улуғ руҳоний ва бир катта бойға ҳам берилиб кетган маълум сифатларнинг биридур. Бу сифат уларнинг ғурур ва кибрларини қитиқлаб ва юқори табақа эканларини сездириб туради.
Тарихимизда бундай сифатларни олғон хонлар ва қанча беклар ва қанча руҳонийларни кўрамиз. Кечалари шаҳарни айланиб учраган муҳтожларга ёрдамлар қилиб юрган подшоҳларни биламиз. Бунинг билан у аристукрат синфи пралетар синфидан бўлиб қоладиларми? Юз марта йўқ. Балки, у кайфият уларнинг яна ҳам уста ва айёр тулки эканларини кўрсатувчи бир кайфиятдур.
Хулоса рўмоннинг қувватли камбағал типи бўлғон Сафар бўзчининг ҳаракатларидан синфий кураш сезгиси берарлик бир кайфият англашилмайди.
Ҳолбуки, Сафар бўзчи тилидан Анварни ёқлашда “ўзи камбағалдан чиққан, қаттиқликларни кўб-кўб кўрган, етимлик ила ўсган, унинг учун бизлар каби камбағалларга кўб қайишади, бизнинг қаттиқ аҳволимизни яхши билгани учун юраги ачийди, бунинг мисолларини унда кўб кўрамиз...” каби ўзбек халқи орасида шуурсизча ва руҳдагина бўлғон исёнларни кўрсатувчи сўзлар сўзласа эди ва энг қувватли иллат ва сабаб бунинг каби сўзлар бўлса эди, албатта, бир даражада бўлсин синфий ҳис берилган бўлар эди. Бу шакл яна ҳам табиий, яна ҳам чуқурроқ сезги берур эди.
2. Абдураҳмон домла (“Меҳробдан чаён” шудур), Шаҳодат муфти, Калоншоҳ мирзолар Анварга қаршу эдилар. Локин қаршулуқнинг боши ва энг кучли иллати “хотун талаш”, мансаб талашдур. Сўнгра мубоҳасада Анварга юклатилган айбнинг ҳамма куч ва қуввати фазлу камол мубоҳасасидур: “Ўрда ичида шунчалиқ оқил ва донолар туриб ётқон бир фурсатда таҳсил кўрмаган нодон бир гўдакка бундай улуғ бир вазифа валлоҳи аълам топширилмас деб ўйлаймен. Бу вазифани уҳда қилмоқ учун кўп гап керак. Аввало аҳли солим, сониян таҳсили том лозим, ваҳоланки, сиз айткан йигит ўткан саналар Солиҳ маҳзумда савод ўқиб биздан ҳижча ўрганиб юрар эди. Баҳарҳол бу хабарға ақл бовар қилмайди” (78-саҳифа). Биз Абдураҳмоннинг бу сўзларидан фазлу камол мубоҳасасидан бошқа нимани англаймиз?
Абдураҳмон домла Солиҳ махзумнинг қизини Анвар олиш эҳтимолиға кўра уни жек кўради. Сўнгра Анвар томонидан мирзоликдан ҳайдалиши у жекни адоватга айлантириб юборади.
Шаҳодат муфти, Калоншох мирзолар Анварнинг ўрниға ўзларини лойиқ кўрадилар, чунки мирзолиқдағина умр ўтказиб келганлар, унинг учун Анварга душманликлари табиий деярлик даражададур.
Мана бу уч мутаффиқ киши Анварга айб ақтарадилар. Топқон айблари ҳам нодонлиқ, таҳсилсизликдир.
Ўртадаги курашнинг бош иллати бунинг каби шахсий адоватлар ва фазлу камол тортишмачоғи бўлса, энди курашнинг икки имом, икки муфти яна аллақандай икки золим ва ифлос ораларида ҳам бўлмоғи жуда мумкин, балки жуда кўбдур.
Бу мақомда бу уч киши томонидан Анварга яна ҳам табиий, Анварнинг ҳолиға зид тушмайдиган, ўрда маросимларига мувофиқроқ бўладиғон ва ўрта халқнинг чиркин ишларига яна аралашадирғон ва айни замонда синфий ҳис берувчи маълум ва машҳур сабаблардан сайлаш керак эди. Масалан: “Анвар пас ва тексиз бир кишидир, чилласи чироқ кўрмаган, назари пастдир. Солиҳ маҳзум каби яна бир паст одам эшигида қаттиқ панжшанба нон еб, кўртик кўриб ўсган бир сиғинди етимдир. Ўрда маросимларига ҳеч лойиқ бўлолмайди. Бундай паст кишини шундай улуғ ўринға ўткариларми? Хусусан, у ўринға мустаҳиқлар ва муносиб кишилар турғонда” каби сўзлар билан айбламак мумкин эди. Бунинг каби маълум сўзлар халқнинг зеҳнига яна ҳам яқин, қулоғиға яна ҳам ошна, айни замонда синфий бир сезги берувга қобилиятли бўлар эдилар ва айни замонда табиий ҳам эдилар. Чунки эскида бир мансаб бериладиган бўлғонда бу мансабга лаёқатни фазлу камолда ақтарилмас эди.
Энг аввал шуҳрат, ижтимоий аҳвол ва насаб суриштирилар эди. Бунинг учун битмас, туганмас интиригалар ўйнанилар эди. Тубан синфдан бирининг фазлу камол ва ахлоқи билан кўтарилиши хонлиқ даврларида йўқ эди. Ҳамда у даврга бу кайфият ярашмас эди.
3. Рўмоннинг улуғ ва севимли қаҳрамонларидан бири Султонали мирзодур. Унинг ижтимоий мавқеи тамом қоронғу қолғон. Унинг ўз сўзидан ҳунарида ихтисоссизрак, катта мансабларга чиқа олишдан умидсизрак, фақат оқ кўнгул, ахлоқли бир киши бўлғони сезилади. Локин Анвар билан бу қадар жонажон, қил ўтмас ва жон фидо дўст бўлиб қолишининг сабаби тамом қоронғу, уни ҳеч бир ердан сезмаймиз.
Ҳолбуки, бу икки дўстнинг мунчалиқ қаттиқ боғланишлариға кучли сабаблар кўрсатиш керак эди. Масалан: “Султоналининг фақир оиладан бўлиши, ўрдадаги асилзода маъмурлар, муфтилар, шоирлар билан яқинлаша олмаслиғи, улар ўз оралариға уни олмаслиқлари, бу ҳоли билан Анвар билан шерик ва бир вазиятда бўлғони...” каби кайфиятларни сабаб қилиб кўрсатиш керак эди. Бунинг билан бир синфга мансуб икки киши иккинчи синф қаршусида бирлашган бўлар эдилар. Бу ҳол ҳам табиий ва воқеийликдан узоққа кетмас эди.
4. Худоёрхон суҳбатида аскиялар-артистлар тамошо берадилар. Улар бекларни, мударрисларни, ўрда аҳлини, ҳатто хоннинг ўзини турлик оғир ва маънидор сўзлар билан масхара қиладилар. Хоннинг энг яқин бир мударрисининг маҳаллийчилик сирини очиб шарманда қиладилар.
Модомики аскиялар бунчалиқ жасорат қила оладилар, уларнинг ўюнларидан яна ҳам маънидор нуқталар олинса бўлмас эдими? Масалан, мударрисни маҳаллийчилик билан ўз шаҳрларини ёқламоқ ва қўлламоқ билан айблайдилар. Мударриснинг бу ҳоли ерида уни синфий бир тусда бўлғон айбини олмоқ лозим эди. Яъни бек ва бой болаларини эркалаб қабул қилиш, ҳадя келтирмаган камбағал болаларини мадрасага қабул қилмайин касб ўрганишга далолат қилиб қайтариш ҳоллари билан айбламак жуда мумкин эди. Бу тус ҳам табиий бўла олади. Чунки хон олдида бундай тамошо берилиб ўтганини у даврни кўрган бир неча кишилардан неча дафъа эшитган эдим.
5. Анварнинг Қобил номлиқ бир акаси пайдо бўлади. Унинг икки адад ишчи йўлдоши ҳам бўлади. Булар ҳам Худоёрнинг феълини ёқтирмайдилар. Локин Худоёрнинг хонлиғини эмас, ёмон хон бўлғонини сўзлаб сўкадилар: “Бу хон эмас, даюс” сўзи ерида “хон ва бекларнинг ҳаммаси шунақа даюс” демайдилар. У қадар сўзни деган Раҳим бу сўзни деялмас эдими? У сўз табиий воқеий бўлади-да, бу сўз ғайритабиий ва ғайривоқеий бўлармиди?
Рўмонда бунинг каби аҳволни яна кўрмак учун йўллар бор. Бу қадар ҳам бир фикр берарлиқ бўлғони уларнинг изоҳидан кўз юмдик.

Хулоса:
“Меҳробдан чаён” ўз муқаддимасида “мумкин қадар синфий бўлишға уринғони”ни билдирса-да, ва табиий бўлғон қадар эскидаги синфий аҳволни кўрсатганини хабар берса-да ҳақиқатда, эски турмушда шуурсиз тусда давом эткан ва бор бўлғон синфий сезгиларни том мавзулари келганда ҳам кўрсата олмайин ўткан. Модомики, рўмон, синфий бўлишқа уринғон албатта ундай нуқталарға эътибор қилмаслиғи улуғ камчиликлардан саналади. Рўмон ёзувчисининг янги мафкурага руҳан таниш ва йўлдош бўлиб етмаганини очиқ изоҳ этади. Қуйида рўмоннинг тузилишидаги камчиликларини кўрсатканда ҳам бу кайфиятка далолат қилурлиқ нуқталарға учрай оламиз.

VI. Тузилиш  хатолари

Рўмончиликда риояси лозим бўлғон шартларнинг бири бу эди: воқеаларнинг орасида ёзувчининг ҳеч кўринмаслиги лозим. Ёзувчининг сўз орасида ўқувчиларға хитоб қилиб ўз тилида сўзлар қўшиши ҳеч тўғри бўлмайди. Асрий рўмончиликда бу кайфият жуда катта айбдур. Рўмон ёзиш усулидан хабарсизлиқ саналади. Ёзувчида бу ҳол “хаёлий рўмончилиқ” замоналаридаёқ тугаб кетган.
“Меҳробдан чаён”да бу кайфият жуда кўб ерда ва жуда очиқ ҳолда кўринади. Улардан бир қисмини ўзича ва бир қисмларини ишоратлар билан қайд этиб ўтамиз:
1. “Мунинг можароси эса қуйидағичадур: Туркистон хонлиғи тарихидан хабардор кишиларга маълумдурки” (саҳифа,8).
2. “Юқорида ўқувчиларға бир даража англашилғон бўлса керакки... ҳар ҳолда бизнинг мундаги вазифамиз маҳзумни таҳлил қилиш эмас балки...” (14-саҳифа).
3. “Шу ергача бир неча саҳифаларни махдумнинг таърифи билан тўлдирдиқ. Эҳтимолки, домланинг ғийбатини ҳам қилдик ва қилармиз...” (19-саҳ.).
4. “Бу ақчалар хусусида кейин сўз бўлади” (21-саҳифа).
5. “Муҳтарам ўқувчини қаҳрамонларимизнинг бир қисми билан таништиришни шу ерда тўхтатаиз...” (26-саҳифа).
Бунинг каби сакта сўзлардан йигирма ерда қайд этканман. Буларнинг ораларида шундай узун ва ўрунсиз тушганлари борки, у ерни ўқуғон вақтда инсон асарни рўмон эмас, жиддий бир асар бўлғонини ўйлаб қолади. Бундай жуда ўрунсиз бўлиб тушкан сакталардан бири-да 95-нчи саҳифададур.
“Меҳробдан чаён” ёзувчиси ўқувчиларға масаланинг англашилмай қолишини андиша қилади. Унинг учун танбеҳ ўрнида шундай изоҳотларни бергиси келади.
Бу шакл қай тусда бўлса-бўлсин, рўмончиликда жуда катта айбдур. Асрий ва реалист рўмонларда ҳукмлар воқеанинг бошиға ҳавола қилиниб қўйиладилар. Ёзувчилар ўз тилларидан ҳеч бир нарсани сўзламайдилар, ўзларини тамом ўртадан чиқарадилар.
Рўмонда бу кайфиятнинг хунуклик даражаси саҳнада туриб ўйин орасида халққа қараб, хато қилиб сўзлаб кетган артистнинг ҳаракатидан ҳам кучли саналади. Бу кайфият ҳунарсизлик аломати саналади. Эски ҳикоя китобларидаги: “Шу ерда ҳодиса..., энди бир шингил сўзни доғулидан эшитинг...” каби сўзларға ўхшағон бу кайфиятнинг янги рўмонларда бўлишлари ҳеч тўғри эмас.

VII. Ғайритабиий жиҳатлари

Рўмондаги воқеаларнинг табиий тусда бўлишлари кераклигини рўмоннинг шартларидан санағон эдик.
“Меҳробдан чаён”да ундай ғайритабиий ҳолларни анчағина учратдик. Бу ҳолни биз рўмоннинг бир неча қаҳрамонларида кўрамиз:
1. Анвар каби “олим, шоир, ахлоқли, виждонли, тарбияли, мафкурачи, жасур” бир киши Солиҳ маҳзум каби “риёчи, мунофиқ, виждонсиз, хасис, аҳмоқ...” бир кишининг тарибиясидан етишади. Яна бу Солиҳ маҳзум тарбиясидан Раъно каби “олима, шоира, виждонли, тарбияли, жасур, озод фикрли” бир қиз ҳам етишади. Бу иккисининг бу тусда комил бўлишлариға ҳеч бир тур турлик бошқа таъсир кўрсатилмайди. Буларнинг тарбияларини “тикондин гул, аридан бол” чиққанини мисол келтириб ғайбий таъсирларгагина боғлағони кўрилади.
Бу ҳол тарбиянинг таъсиридан ва идеянинг идеяга таъсир қилишидан хабарсизлик натижасида туғилғон бир кайфиятдур. Солиҳ маҳзум каби ифлос типдан Анвар ва Раъно каби икки комил шахсларнинг чиқувлариға инонмоқ учун “аътой ғайбий, фазли илоҳий”га инонмоқ ижоб этади. Шу ҳолда Анвар ва Раъно каби комил типларнинг Солиҳ маҳзум тарбиясидан етишишлари тамом ғайритабиий бир ҳолдур.
Бу ғайритабиийликка йўл қўймаслик учун уларнинг тарбияларига бошқа бир таъсир яратиш керак эди ва ёки Солиҳ маҳзумни улар билан савияда баробар, кулфат ва фалокатда шерик бўлғон севикли типлардан қилиб кўрсатиш лозим эди. Зотан, етим Анварни тарбиясига қабул қилиш билан унинг яхшилиги бошланғон эди.
2. Сафар бўзчи асардаги изоҳотнинг ифодасига кўра содда, билимсиз ва лекин тоза кўнгил бир киши. Бундай содда бир кишининг Абдураҳмон имом ҳужрасидаги сир сўзларни олдирув учун ўйноғон рўли тамом ғайритабиийдур. Чунки у рўлни ўйнамоқ учун Сафар бўзчининг катта бир сиёсий ва тажрибада-да бир қўмитачи бўлиши лозим бўлади.
Бу воқеадан кейин ҳам Сафар бўзчининг соддалиқ типида қолиши у ғайритабиийликни яна қувватлаб тушади.
3. Том бир эски оила ва эски одат ва анъаналардан фойдаланиб турғон Солиҳ маҳзум оиласида Анвар билан Раънонинг муносабатлари тамом ғайритабиийдур. Чунки рўмондағи воқеанинг замони замонимиз эмасдур, таассуб анъана ва одатларнинг ҳукм сурган замонидур. У замонда икки етишган йигит ва қиз ўртада никоҳ раво бўлған ҳолда қизнинг қочмасдан юриши, хусусан, уларнинг фотиҳалиқ бўлғонлари маълум бўлғон замонда у кайфиятнинг давом этиши мумкин бўлмағон бир даражададур.
Йигит ва қизни фотиҳалиқ эканлари хорижда маълум бўлмаса, балки Солиҳ маҳзумнинг бу ҳам киши билмас ишларидан биридур демак мумкин эди. Локин бу ҳол ҳар томонда, ҳатто ёш болалар ораларида ҳам маълум. Масалан, Раънонинг укаси “миллатанинг хотини” деб Раънони сўкади.
Шу ҳолда Солиҳ маҳзум ҳеч бўлмаса юртнинг маломатидан андиша қилиб Раънони Анвардан узоқ тутиши лозим бўлар эди. Бу ҳол ўрниға Анвар билан Раъно тамом озода қўйилғон. Кечалари, кундузлари ёлғуз боғ ва ёлғиз ҳовлиларда ёлғиз қолишадилар. Бунга на оила тарафидан ва на маҳалла, қавму-қариндошларнинг таъналари таъсиридан ҳеч монеъ йўқ. Локин ўзлари эскидаги ахлоқ зеҳниятига тамом садоқат кўрсатиб жинси муносабат бошламайдилар. Бизча, бу кайфият эски турмуш шароитига нисбатан тамом ғайритабиийдур.
4. Анвар дўсти Султоналини ўлумдан қутқариш учун ўзи хонға таслим бўлади. У тўғрида ишқ ва ёрни фидо қилади. Бу кайфият бизга ошиқ ва бир даража инқилобчи Анвар эмас, балки эски ҳинд адабиётидаги ва “баҳоридониш” ҳикояларидағи вафони ҳар нарсадан юқори тутғон вафодорни кўрсатади.
“Меҳробдан чаён” севимли қаҳрамони учун бу тусдаги вафокор муносиб эмасди. Балки ўзи хонға таслим бўлғонда дўсти билан баробар қурбон бўлишини тушунган, ўз акаси Қобилнинг таклифини қабул қилиб дўстини тадбир билан қутқариш йўлини ўйлаган, бул бўлмағон тақдирда интиқом учун фурсат кутган инқилобий фидокор керак эди. Ўзини пичоқ остидан қутқарғунча ўзи ҳам бошқалар билан баробар дўстини пичоқ остидан қутқариши ёки бу замон баробар ўлиб кетиши яна ҳам муносиброқ тушар эди.
5. Анвар Худоёрхонға таслим бўлади. Хон уни ўз олдиға ундаб сўроқ қилади. Бу ҳолнинг Анвар тилидан бир неча жумла жонли сўз сўзлатмоқ учун яратилғони сезилиб туради. Бу ҳол бошқачароқ яна ҳам табиийрак тусда бўлиши керак эди. Анварнинг хонға қаршу сўзлаган сўзларида берган жавобларида ва кўрсатган ҳаракатида ҳам табиийлик йўқ. Сунъийлик сезилиб туради.
Худоёр Анварни ўлимга ҳукм қилғон замонда Анвар чексиз бир қувватга эга бир киши эмиш каби ҳокимона бир вазият олади. Хоннинг адолатига мурожаат қилиб Султонали мирзонинг озод қилинишини талаб қилади ва тиралиб туриб олади.
Хон ҳам инсофға келиб Султоналини Анварнинг кўз олдида озод қилдиради.
Бу кайфият золим бир хонға нисбатан тамом ғайритабиийдур. Чунки бу мақомда Худоёрға Султоналини ҳам баробар ўлумга юбориш яна ҳам муносиброқ бўлур эди. Бир хонға ярашадиғон ҳол бу эди. Қўллари қонли бир хон шу замонғина кўзларда жонланар эди.
Бу замон Анварнинг хонға қарши ҳар бир истаганини сўзлаб чиқиши яна ҳам табиийроқ бўлур эди.
Бу нуқталар каби бошқа нуқталарда ҳам диққат қилинса эски турмуш шароитиға нисбатан анча ғайритабиийликлар учрайдилар.

VIII. Сакталар

1. Абдураҳмон домланинг “меҳробдан чаён” бўлиши қийинлиқ билан англашилади. Агар Абдураҳмонға бир-икки ерда “чаён” дейилмаган бўлса эди воқеанинг боришидан ва унинг ўйнағон рўлларидан “чаён” деб қабул қилиш мушкул эди.
Воқеа рўмоннинг аввалида Бухорода қўлдан-қўлға нозу ишва сотиб юрган Абдураҳмон номлиқ бир болани яхшигина таниймиз. Унинг охирида фазлукамолиға мағрур бир домла бўлиб қайтишдағи аҳволини-да яхши англаймиз. Локин Абдураҳмоннинг у аҳволи “меҳробдан чаён” бўлишиға сабаб бўладиғон аҳвол эмасдур. Бунинг билан баробар у аҳвол Абдураҳмоннинг ёшлиқ чоғида бўлади. Рўмон ёзувчининг мўътариза сўзлари қаторида “Таассуфки, бузғон эдилар” дегани каби Абдураҳмон бошқаларнинг адаштиришлари билан у бузуқ маиший йўлга ўргатилган эди. Зоҳирий, жисмоний ва маиший, хусусан, ёшлиқ чоғидағи бузуқ аҳволнинг у шахснинг табиатига ҳар бир жиҳатдан ҳоким бўлиб қолиши ҳеч бўлмағон гап. У аҳволнинг асл табиатга таъсир қилишини ҳеч бир олим ва ҳеч бир фаннинг айтиши у ёқда турсин, ўйламаган-да. Шунчалик борки, агар биз Абдураҳмоннинг сўнгги аҳволини яхши таниғон бўлсақ эди, у аҳвол ҳам бизга ёрдамчи маълумот бўла олардилар.
Локин Абдураҳмоннинг сўнгги фаолияти ва рўли қоронғу тусда қолиб кетади. Унинг тилидан нақл этилган сўзлар фитна ва фасод бўлишдан кўра тадбир ва зако сезгисини берадилар. Айни замонда, унинг ўйнағон рўли Шаҳодат муфти ва Калоншо мирзоларнинг рўлларидан ошиқча бўлмайди.
Бизча, Абдураҳмоннинг қизни хонға хабар бердириш нуқтасини жуда очиқ ва тафсил билан англатилиши керак эди. Солиҳ маҳзум каби иккинчи даражадаги қаҳрамонға бир неча фасл айирган рўмоннинг бу энг керакли нуқтаға-да бир-икки саҳифани бериши керак эди.
Сўнгра Анвар қочқондан сўнгра Султонали мирзони ҳам бадном қилиш учун ариза ва унинг усуллари, мазмуни керакли ва жонли нуқталар эдилар. Улар қоронғу қолиб кетадилар. “Чақангиз сийқа эмасми” учун махсус фасл берган ва Шаҳид закотчи каби воқеада рўли бўлмағон бир кишига узун изоҳот бағишлағон рўмоннинг “Меҳробдан чаён” белгилаш учун ҳам бир неча фасл бермаги керак эди.
Мана, Абдураҳмон каби катта қаҳрамоннинг том фаол бўларлиқ замонидағи қоронғу қолғон ҳоли рўмон учун каттагина сакта ва аризадур.
2. Султонали мирзонинг уйига Анвар Раънони олиб боради. Бундан сўнгра воқеа ҳатланиб кетилади. Бирдан-бирга Султоналини тунқатор ёнида чақимчи ва хоин ҳолда кўрамиз. Бу ҳол шундай бир тусда кўрсатиладики, Султонали Анварга чиндан хиёнат қилғон.
Сўнгра рўмон бу сактани сезади. Айрим бир фасл билан Султоналини оқламоқчи бўлади: “Биз ўтган 51нчи фаслда Анвар билан Раънони Султоналининг дарбозасида қўйиб 52нчи фаслга сакраган эдик. Шунда чала қолғон бир неча аҳволни ҳозир айтиб кечмасак муҳтарам ўқувчиға Султонали масаласи бир оз англашилмай қоладиғон кўринади” бошламаси билан у хатони тузатиб ўтмакчи бўлади. Аввалги туҳматини бу ерда Султонали устида отмоқчи бўлади.
Бу ҳол жуда очиқ сакта ва аризадур. Султоналининг бирдан-бирга хоин тусига ўтиб кетишидан “ногиҳон тушкан тўғондан қаёққа оқарини билмай шошиб қолғон оқин сув” каби зеҳнлар ўз оқим ва интизомларини йўқотиб қўядилар.
Сўнградан қилинғон тузатишда “ҳайтдан кейин сурма” навъидан бўлғон ва келишмаган бир кайфият. Айниқса, уни ёзувчининг ўз тилидан нақл қилинғон тусда англатилиши катта хатоларидандур.

IX. Типлар

1. Рўмонда кўрсатилган типларнинг кўрсатилишлари турли зид ҳоллар ва кучсиз кайфиятларни кўрсатадилар. Солиҳ маҳзум, ўрда қизлари, аскиялардан бошқа типларда камчиликлар жуда кўб. Энг катта қаҳрамон Анвар инқилобчими? Ошиқми, мафкурачими? Ёки ҳар нарсани дўст учун фидо қилувчи “вафокор”ларданми? Белгилаб бўлмайди. Бу сифатларнинг ҳар бирига Анварнинг эга бўлғон нуқталарини турлик ерда кўриб турамиз. Рўмон бу сифатлардан қайси бирини Анварга асосий фикр қилиб бергани қаронғу. Воқеа тўғри келган тусда ўзгариб, аралашиб кетаберади.
Анвар каби фикрли, тадбирли, доно киши учун Солиҳ махзум каби ифлос типнинг доимо таъсири остида бўлмағон бир кайфият. Ундай бир кайфиятни зарур кўрсатувчи бирор нуқта йўқ.
2. Раъно типда йўқ бир нарсадур. Ўзбек эски ҳаётида мунчалик ўзига эга, маъшуқи билан оиласи кўзида ойларча бирга қолиб мумонеъат кўрмаган бир қизни хаёлдағина яратмоқ мумкин. Эски “Баҳоридониш”да ҳам типни мунчалиқ хаёлий қилиб қўймайди.
Сўнгра Раънони мунчалиқ фидокор, вафокор ошиқ билганимиз ҳолда, Анвардан айрилган замонда унинг ҳажрини тараннум қилмайди. Балки Анварнинг фалокат замонида ёнида туриб тасалли бермаганини хотирлаб хафа бўлади. Бу ҳол бизнинг шоира, жасур, яна аллақандай сифатлар билан таниғон Раъномизға ярашмайди.
3. Энг кучли, ёмон ва золим тип қилиб Худоёрхонни жонлантирмоқ лозим эди. Лекин хоннинг шахсияти жуда бузуқ кўрсатилган. Худоёр гоҳ “Онангиз арабми?” деб мирзоларни арабчани кўб ёзғонлари учун итоб қилади. Демак, бунда миллий сезги кўрсатилмакчи бўлинади. Гоҳ русларга қарши кучлик кўринмак учун маданий ишлар кўрувни лозим кўради. Демак, Худоёр мудаббир ватанпарвар бир сиёсий (?).
Гоҳ фазлу камолини тақдир қилиб ўз ўрдасининг маросимлариға риоя қилмайин Анварни мирзобоши қилади. Демак, Худоёр ҳақиқатчи.
Гоҳ Анварни ўлумга ҳукм қилғонда унинг талаби бўйинча инсофқа келиб Султонали каби ноҳақ ерга зиндонға тушган кишини озод қилади. Демак, Худоёр адолатчи. Ва Анварга берилган жазода адолат тақозоси. Ҳоказо...
Рўмон ёзувчиси балки буларни билиб ва шуур билан қилмайди. Унинг мақсади балки Худоёр типини золим ва ифлос қилиб кўрсатмакдур. Буни кўрсатувчи ерлари-да бор. Локин у у кайфиятларнинг ўз мақсадига зид тушишларини англая олмайди.
Бизча, хоннинг типи доимо зулм ва қон билан бўёлғон бўлиши керак эди. Уни доимо қизларнинг олдида, доимо ғафлатда кўрмагимиз керак эди. Анварнинг талаби билан Султоналини инсофқа келиб озод қилиш эмас, балки Султоналини-да қўшиб жаллодға топшириши керак эди. Чунки Худоёр бир дафъа Султоналини бадгумон билан зиндонға солмишди. Анвар уни ёқламоқ билан у гумонни қувватлаб тушган эди. (Зотан, хонға данус қилғон Абдураҳмон ва шериклари бу эҳтимолларни тушинган эдилар. Уларнинг бизга қоронғу қолғон аризаларида албатта уларни айтган бўлишлари керак.)
Шу замондағина қўллари қонли зулм ҳайкали бўлғон бир хонни гавдалантирмак мумкин эди. Шу замондағина бир хон типи яратилғон бўлар эди.
Бунинг каби рўмоннинг кўб типларига синчиклаб қаралса, кўб ярашмағон ва бир-бирига тўғри келмаган ҳоллар кўрилиб турадилар.

X. Таъсири

Рўмоннинг воқеаларида чуқур маъно йўқ. “Ўткан кунлар” рўмонидағича “Тошкент — Фарғона орасида чўл, биёбонларда ёлғуз фироқни тушинган”, “дабдабали қиёфа билан қиз юртининг атрофида висолни ўйлаган”, “фалокат замонида ёрини қуруғлағон” Отабек ҳолидағи чуқур маъноларнинг ишларини биз “Меҳробдан чаён”да кўролмаймиз. “Отасининг ва анъананинг таъсири билан узун замон жудолиқ мотамини тутқон”; “ёрини ўлумдан қутқармоқ учун қалъа беги дарвозаларида азоблар тотқон ва тадбирлар ҳозирлағон” Кумушбибининг кайфиятининг мисолини “Меҳробдан чаён”да учрата олмаймиз.
Анвар билан Раъно доимо висол ичида юрадилар. Никоҳнинг таъхири, айрилишнинг туғилиши ҳеч сабабсиз ва маъносиз суратда туғилғон бир кайфиятдур. Бунинг каби анчагина ҳоллар рўмонда ғиромий кайфиятларнинг бўлмағонларини кўрсатадилар. Ғиромий кайфият эрса рўмон учун лозим эди, шарт эди.

XI. Хулоса

Хулласки: “Меҳробдан чаён” тили, услуби, янги рўмон бўлиши ва ёлғуз-ёлғуз қарағонда баъзи тақдирға лойиқ нуқталарға эгалик эътибори биландур. Сийрак жиҳатларга эга бўлса-да, асл рўмончилиқ шартлари ва усули жиҳатидан қарағонда унинг ҳар бир фаслида ва ҳар бир типида ва ҳар бир воқеасида хато ва камчиликлар кўбдур. Ғоя ва мафкура эътибори билан-да белгили бир йўл тута олмағон. Ўзининг даъвосича, “мумкин қадар синфий бўлиши” масаласи-да қуруқ даъво ҳолида қолғон.
Бу ҳоллар билан баробар мавзуи гўзал ва бир даража ишланғон бўлғониға кўра асослироқ бир тузатиш билан гўзал рўмон бўла олишини айтмак мумкин. (Битди).

Бошқармадан: Мақолани фикр олиш йўли билан босамиз.

“Шарқ ҳақиқати” газетаси, 1929 йил, 1 — 2 апрель.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 16-17-сонларидан олинди.