Саналар
19.09.2018
Баннер
Абдулҳамид Чўлпон. Маскавда икки турк санъаткори (1926)
PDF Босма E-mail

(Маскавдан хат)

Бугунги Маскав ингичка санъати юксаклиги жиҳатидан ғарб пойтахтларининг ҳаммасидан олдинда туради. Унинг «Санъат театри» (Художественннй театр) ҳозиргача на янги ва на эски дунёдан ўз жуфтини топа олғони йўқ. Ингичка санъатнинг юксалишини мақсад қилиб олиб шу йўлда инқилобдан бурун ҳам холис ва фидокорона чолишқон у табаррук муассаса бугун ўзига қарашли бир нечта шўъбалари билан бирга юксалишда давом қиладир. «Санъат театри» кўб тўғриларда фақат Русиядаги театрларгагина эмас, ғарбдаги ингичка санъат муассасаларига ҳам анча таъсир қилғондир. У ингичка санъатда тутқан йўли эътибори билан ҳали ҳозирга (қадар — Д. Қ.) ёлғуз саналиб келган эски муассасалардандир. Ана ўша театрнинг актурларидан бир кучли санъаткор — Всеволод Мейерхўлд деган киши инқилобдан сўнг янги бир театр таъсис қилди. Ўзининг исми билан «Мейерхўлд театри» деб юргизилган бу янги муассаса ҳам санъатда тутқан йўли эътибори билан яна жуфтсиз ва ёлғуз саналиб келадир. Бу—чинакам инқилоб театри, унинг ҳар нарсаси дегундек янги. Шу билан бирга у янгиликлар ҳам муқаррар ўрнашмағон — «вақтли» иарсалар. Шу учун бу муассасани уқтирғон вақтда «исташ театри», деб қўядирлар, бу тўғри уқдириш: ҳақиқатан «Мейерхўлд театри» ҳар кунга, талабга қараб янги йўл ақтарадир. Маскав ҳозир ингичка санъатда янги-янги йўллар ақтаргучи театрлар билан тўлўғдир. У йиллар ва жараёнлар тўғрисида кейинча тўлароқ бир нарса ёзишқа ваъда бериб мақсадга ўтайлик.

Бугунги Маскавнинг санъат жараёнларини текширмак ва ўрганмак учун дуёнинг ҳар томонидан жуда кўб санъаткорлар келадирлар. Ғарбдан ва Муҳит денгизининг нариги қирғоғидан келганлар тўғрисида бир нарса ёзиш эмас бир нарса ўйлаш ҳам қийин: улар шу қадар кўб... Қизил чегара ичидаги турлук-туман миллий шўро жумҳуриятларидан келганларнинг, албатта ҳадди-ҳисоби йўқ. Бизнинг Ўзбекистон маориф камисарлиги ҳам бу ерда алоҳида бир «санъат-драма студияси» очиб 20 қадар йигит ва қизчаларимизни келгуси саҳнамизга тайёрлаб ётадир. Мундан бошқа кинў курсида ва мусиқи мактабларида ўқуғучи йигитларимиз бор. Ўзимизнинг истудиямиз ва умуман бугунги санъат билимларини ўрганишимиз тўғрисида алоҳида гаплашишга тўғри келадир, муни келгуси сафарларга қолдирайлик. Маскавнинг бугунги ингичка санъати билан танишмак ва ундаги турлук-туман янги жараёнларни ўрганмак учун узоқ-яқиндан келганлар орасида Туркиядан ҳам икки санъаткори бор: бири—кинў ва театр режиссўр (муалим) ларидан Эртўғрул Муҳсинбек, яна бири — кинў ва театр актриса (хотин тамсилчи)ларидан Найира Найир хонимдир. «Маориф ва ўқитғувчи» мажмуасининг ёзғучиларидан бири сифати билан уларни зиёрат қилдим, улар билан қилган мусоҳабамнинг натижасини қисқағина арз қиламен.

Эртўғрул Муҳсинбек 1892 нчи йилда Истанбулда туғилғон, Туркиянинг ўзида ўрта даражада таҳсил кўргандан кейин Парижга кетиб, у ерда Франсиянинг ва ҳатто дунёнинг улуғ театр олимларидан бўлғон машҳур режиссўр Антуан қўл остида 3 йил ишлаган. Ундан кейин ўша домласи Антуан билан бирга Истанбулга келиб «Дорилсадойеъ (олий санъат мактаби) ни ташкил қилғон. Бу «Дорилбадойеъ» деган муассаса Туркия пойтахтининг театр-санъат ҳаётида кўб муҳим ўрун олғон муассасадар. Туркларнинг ўзларидан (айниқса хотин-қизлардан) чинакам санъаткорлар кўпая бошлағон давр шу «Дорилбадойеъ» давридир. Туркияда сўнг 10 йил орасида босилган театр китобларидан кўпини кўрсангиз, биринчи ё иккинчи бетига «бу асар Усмонли дорилбадойеъ санъаткорлари томонидан биринчи маротаба тамсил қилинғондир», деган жумла ёзилғон бўладир.

Муҳсинбек Истанбулда шу йўл билан 3 йил ишлаганидан кейин яна Оврупога кетадир. Бу сафар Германиянинг энг машҳур санъат уйларидан «Лессинг» кинў театрида 5 йил режиссўрлик (муаллимлик) қиладир. Мундан бир-бир ярим йил бурун Ўзбекистоннинг кўб шаҳарларида қўюлуб ўтган машҳур «Милйўнчи хотин» картинаси ўша муассасанинг ҳосили бўлуб, Муҳсинбекнинг режиссўрлиги билан ўйналғондир. Ундан бошқа Муҳсинбекнинг режиссўрлиги билан чиққан герман картиналаридан яна биттаси у «Қора лола» дегани — бизнинг шўра жумҳуриятларида қўюлуб ўтган. Унинг режиссурлиги билан Гирманияда тайёрланган картиналарининг ҳаммаси 15—16 га етадир. Гирманиядан сўнг Муҳсинбек Асвач мамлакатига борадир ва у ерда бироз қолиб кинўчиликни текширадир.

Ундан кейин Муҳсинбекнинг энг кўб ишлаган ери яна Туркия — Истанбулдир. Бу сафар Истанбулда тўрт йил қолиб Туркия кинўчилигига пойдевор қурадир. Истанбулда ҳаммаси бўлуб 10 тача турк картиналари ҳозирлағон. У картиналардан бири машҳур турк адибаси Ҳолида Адиб хонимнинг «Оташдан гумлак» (Оловдан кўйлак) деган ҳикоясидир. Уда Ҳолида Адиб . Туркиянинг сўнгги истиқлол курашлари даврини тасвир қиладир. Асарнинг бош қаҳрамонларидан бири бўлғон Эҳсонбек — Мустафо Камолнинг кинояли нусхасидир: ана ўша Эҳсонбек рўлини Муҳсинбек ўйнайдир. У 10 картинанинг яна бири машҳур турк насрчиси Яъқуб Қадрибекнинг «Нурбобо» деган асаридир. Муҳсинбек театр-саҳна учун ёзғон ва ўзгартирган бир неча асар бор. Бизнинг Бухоро ҳаётидан олиниб ёзилғон бир асари ҳозир Истанбулда босилиб ётар экан.

Муҳсинбек қўл остида ишлаган турк саҳнаси бизнинг ўрус адиблари (кўпроқ классиклари) томонидан ёзилғон шоҳ асарларни ҳам кўб кўрган. Шу учун бўлса керак, Истанбулнинг санъатга «ўюн ва кўнгил очиш» дсб қарайтурғон табақалари (обивател халқ) унинг теграсига яқинлашмағон. Унинг саҳнаси чинакам санъат деганлар ва ингичкаликни севганларнинг жойи бўлуб қолғон.

Муҳсинбек шўролар иттифоқининг чинакам маориф ва санъат бошлиғи — раҳбари ўртоқ Луначарский томонидан Маскавга чақиртирилғон. Бу ерда ингичка санъатнинг ҳолини ва унга берилган фавқулодда аҳамиятни кўрганидан кейин ҳам йшламак ва ҳам ўрганмак мақсади билан Маскавда қолди. Ҳозир бир томондан «Давлат кинў» нинг картина фабрикасида режиссўрлик қилмоқда иккинчи томондан, бу ердаги инқилоб йўлидаги театрларни текширмакдадир. Шу кунда, ўзининг гапига қарағонда, ҳозирги ўрус ёзғучиларидан Третякуфнинг «5 минут» деган (Амриқолилар турмушидан олиниб ёзилғон) асарига кинўда режиссўрлик қилмоқдалар. Мундан бошқа ўртоқ Луначарскийнинг бир асари ва Франсия адибларидан Александр Душеннинг «Тамилла» деган асари устида ҳам ишлаб турадир.

Муҳсинбек Маскавга келишидан жуда хурсанд бўлғон, «санъат Германияда ўлган, Франсияда ҳаракатсиз, бугунги Русияники эса ер юзида биринчи бўлуб турадир» дейдир. Бу фикрини бу ердаги «Ўзбек драм истудияси» талаблари билан қилғон мусобаҳасида ҳам айтиб ўтди. Унга энг ёққан театр — Мейерхўлд театридир, у театр тўғрисида жуда қизиқиб гапирадир, уни «инқилоб ва истиқлол театри, эртанинг санъати», дейдир. Бизнинг драм истудия талабаларимизни ҳам тамоман ўша театрга бориб ишлашга даъват қилди. Шўролар мамлакатидаги кинўчилик ишларига ҳам катта умидлар билан қарайдир ва «Яхши, — астойдил ишланса 2—3 йил орасида кинўчиликда ҳам шўролар мамлакати биринчи бўлуб кетадир», дейдир.

Баҳор вақтларида бизнинг Самарқандимизни ҳам зиёрат қилмоқ ният бор. Биз ҳам Ўзбекистон исмидан даъват қилғон бўлдиқ...

Ўзининг асл исми Мунира Айюб бўлғон санъаткор турк қизи саҳнада Найира Найир номи билан танилгандир. Истанбулда «Дорилмуаллимот» ни битирганидан кейин икки йил қадар яна ўша Истанбулдаги «Амриқа қўллежи»да ўқуғон.

1922 нчи йилда биринчи маротаба «Истанбулда кинў саҳнасига чиқиб, Ҳолида адибнинг «Оташдан гумлак» деган асарида биринчи рўллардан онатўли қиз Қазбоннинг рўлини ўйнайдир (кинўда). Ундан кейин франсузчадан ўзгартирилган «Қиз қуласи» деган асарда турк қизи Зайнаб рўлини ўйнайдир (яна кинўда). Ундан сўнг 1923 нчи йилда биринчи маротаба театр саҳнасига чиқиб улуғ Шекспирнинг «Отеллў»сида Амелия рўлини ўйнайдир. Асл турк хотинларидан биринчи маротаба саҳиага чиққон ҳам шу Мунира хонимдир. Ундан бурун турк саҳнасидаги хотин-қиз рўлларини арман, рум ва «қибти» қизлари ўйнаб келганлар.

Яқинда Муҳсинбекнинг даъвати билан Маскавга келиб бу ердаги театр жараёнларини ўрганиш ишига киришди. Ҳозир машҳур ўрус санъаткорларидан Вахтангўф номига очилғон санъат мактабида ва ҳам Мейерхўлд театрида ишлаб турадир.

Бизнинг ўзбек хотин-қизлари билан танишмак ва уларнинг ҳаётларини кўруб-билмак орзуси олдинги сафда турғон бу шарқ қизида албатта бор. Локин мунинг қалбидаги орзуларни бизнинг хотин-қизларимиз ҳам сақлағон бўлсалар эди...

Қани энди!


_____________

Маскавда икки турк санъаткори — «Маориф ва ўқитғувчи» журналининг 1926 йил 2-сонида босилган.

«Санъат театри» («Художественный театр») — 1898 йилда К. С.Станиславский ва В. И. Немировичданченко томонидан Москва Бадиий театри ташкил қилинган. Ҳозирги МХАТ.

Всеволод Меерхольд — Меерхольд В. Э. (1874—1940), рус режиссёри, актёр ва театр арбоби.

«Меерхольд театри» — Москвада ишлаган рус театри (1920—1938), Меерхольд бошчилик қилган бу театр 1920—1921 йилларда 1-РСФСР театри, 1920 йилда Актёр театри, шу йилнинг охиридан ГИТИС театри, 1923 йилдан Меерхольд номли театр деб аталган.

«Исташ театри» — экспериментальний театр. Меерхольд ва унинг театри янги шакллар ва йўллар излаши билан машҳур бўлгаи.

«Санъат драма студияси» — ўзбек театрини кадрлар билан таъминлаш мақсадида 1924 йилда Москвадаги Маориф уйи қошида Ўзбек давлат драма студияси очилиб, Ўзбекистондан бир қатор ёшлар ўқишга юборилган. Бу студия 1931 йилга қадар ишлаган.

Антуан — Андре Антуан (1858—1943) француз режиссёри, актёри, театри назариётчиси. Театр санъати ривожига катта таъсир ўтказган ижодкор.

«Дорилбадойе» — 1914 йилда Истамбул волийлиги томонидан ташкил қилинган консерватория. Унинг қошида театр студия мактаби ҳам очилган. Бу ердан Афифа, Бахира, Бейза, Рефиқа каби қатор актрисалар етишиб чиққан.

Асвеч (Исвеч) — фикримизча, бу ўринда Швейцария назарда тутилмоқда. Чўлпоннинг «Дўхтур Муҳаммадиёр» ҳикоясида бу мамлакат номи «Исвейчара» шаклида берилган эди.

Ҳолида Адиб хоним — Ҳолида Адиб Адивар (1883—1964), усмонли турк адибаси, қатор романлар, пьесалар, ҳикоялар, адабиётшуносликка оид ишлар муаллифи. Мақолада тилга олинган «Оловли кўйлак» романи 1922 йилда ёзилган.

Мустафо Камол Отатурк (1881—1938)—Туркиядаги миллий озодлик курашининг раҳнамоси (1918—1923), Туркия республикасининг биринчи президенти (1923—1938).

Яъқуб Қадрибек — Яқуб Қадри Қора усмон ўғли (1889—1975) турк ёзувчиси ва сиёсий арбоби, қатор романлар, ҳикоялар, насрий шеърлар, танқидий мақолалар муаллифи,

Луначарски — Луначарский А. В. (1875—1933); 1917 йилдан то 1929 йилгача Маорил Халқ комиссари вазифасини бажарган. Чўлпоннинг у ҳақида «Шўролар Иттифоқининг чинакам маориф ва санъат бошлиғи» дегани шунинг учунки, санъат ишлари у вақтда шу комиссарлик ихтиёрида эди.

Третякўф — Третьяков С. М: (1892—1939) рус ёзувчиси: Ташвиқий характердаги шеърлар, қатор очерклар, пьесалар муаллифи. ЛЕФ назариётчиларидан бири.

«Франсузчадан ўзгартилган «Қиз қуласи» деган асар ...» — бу ўринда қайси асар иазарда тутилганини аниқлаб бўлмади.

Шекспир — Уильям Шекспир (1564—1616), инглиз драматурги ва шоири. Ўзбек саҳнасида унинг дурдона асарлари «Отелло», «Гамлет», «Ромео ва Жульетта», «Макбет», «Қирол Лир» каби қатор асарлари саҳналаштирилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин