Саналар
21.05.2018
Баннер
Исҳоқхон Ибрат. Письмо в редакцию (1911)
PDF Босма E-mail

ИСҲОҚХОН ТЎРАДИН ТУЗЕМНИ ГАЗЕТГА МАҚОЛА[1]

Ушбу 1911 нчи йилда августда Тўрақўрғон қасабасидин чиқиб, азбаройи ёр-биродар жанобларини зиёратла-ри учун ўз каласка аробамиз ила Чустга келиб, андан ошнойи қадимамиз бўлган ҳурматлу Мулло Азизхон мироббоши ҳовлиларига тушуб, икки кун истироҳатдин сўнг жўнаб, Фоф келиб, анда турмай, бир от илан тўғри Арслонбек кемага келиб, дарҳол ўтуб қиём вақтида Янгибозор мавзеъида бўлган Урганжи қишлоқға келдук. Ул кун бозор ниҳоятда чанг экан. Бир ерда андек истироҳат қилиб, жойлануб, сўнгра жўнаб кетиб турган эдук, қўрғондин ташқари бир баланд йўл кўзга кўрунди. Ажойиб бул хил баланд ер йўқ эди деб, таажжубда эдук. Баногоҳи икки мардикор занбар кўтарган йўлда экан. Ани аравадин кўруб, тушуб савол қилдимки:

— Бул нима йўл? - деб. Жавоб бердики:

— Наманган темир йўлидур. Сўрадўм:

— Ушбу кун қанча ерга борди? — деб. Ул жавоб бердики:

— Ушбу кун бул ердан ўн олти чақирим бордур, - деб. 14-август эди. Яъни вокзолдин, Хўқанд вокзолидин 28 чақирим релс темирларни бошлаб босган экан. Камоли хурсандлигимдин аробадин тушуб, ҳар икки мужикларга бир-икки танга бериб, алҳамдулиллаҳ, бизларга ҳам роҳат бўладурғон вақти келди. Бизга келгучиларга йўлларимизни бетартиблиги катта нуқсон эди ва фақир бечораларга ғалатларни арзон бўлиши, сайёҳ аҳлига бормоқ-келмоклари осонликка мубаддал бўлди. Юз шукур деб ўтуб Хўқандда бўлган ошнойи қадимамиз жаноб Ҳазрат Миён Содиқ Ҳазратни ҳовлиларига нузул қилиб, анда икки кун туруб, кечки пўчтовой поезд илан ифторой класда жой олуб, кечаси бир кеча, яъни икки соат туруб, яна жўнаб, тамом кун чиқғанда Тошкандға, Русия ичида Обухов кўчада ҳурматлу коллежиски секретар Ибн Яминбек Худоёрхон ўғлиларини(нг)[2] ҳовлисига қўндук. Биринчи рамазон анда бўлинди. Мазкур бекни(нг) ҳовлилари хусусида бир-икки банд манзума ёзилган эди, дарж қилинди. Чунончи манзума:
Бегимни ҳовлилари бир риёзи жаннатдур,
Саконат этса киши кони бир масарратдур.
Кишики умрини яхши қилур, хасис ўлмай,
Музайян табъини хуш айлаганга раҳматдур.
Хасис, мардуми мумсик бўлиб, емай-ичмай,
Жаҳонда умр кечурган кишига лаънатдур.
Не бу ерга қўйиб кетма, сарф қил, илло кейин
Қоронғу гўр ичида ушбу санго офатдур.
Ичида сарви гулу лола-ю райоҳинлар,
Муфарраҳ дили мафҳума катта ҳикматдур.
Худойим берди бу дунёни умри роҳатга,
Кимики умрига сарф айлар, ул ҳимматдур.
Худо дерки: «Кулу вашрабу» бу Каломинда,
Тасарруф этгучига охиратда беҳжатдур.
Бу ерда хайру саховатни қил ғарибларға,
Сахийга ваъдаси бор, охиратда нусратдур.
Назифу тоза жинон муза жаҳон янглиғ,
Кўнгулни сайқал этар, жонға бир фароғатдур.
Кишики оқча йиғиб, сарф айламай ўтса,
Ики жаҳонда онинг кори бори заҳматдур.

Худо юборди бу дунёга имтиҳон қиладур,
Тасарруф айла они неча кунга фурсатдур.
Ҳама кетар бу дунёдин бахил ёки хасис,
Кўруб турубсан ўзунг, ушбу санга Ибратдур.



[1] Ушбу мақола 1911 йили Қўқон-Наманган темир йўлининг қурилиши ва ишга туширилиши муносабати билан ёзилган. Исҳоқхон Ибрат ушбу воқеага бағишлаб «Тарихи вагон Исҳоқхон Ибратдин» номи билан катта ҳажмда мухаммас ҳам битган.

[2] Ибн Яминбек Худоёрхон ўғли - сўнгги хонлардан Худоёрхоннинг тўртинчи ўғли, узоқ муддат «Туркистон вилоятининг газети»да ҳамкорлик қилган. Исҳоқхон Ибрат Худоёрхон ўғиллари билан яқин дўст бўлган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин