Саналар
22.05.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Тўй ва аза маросими ҳақинда (1919)
PDF Босма E-mail

Ҳар ернинг авом халқи ўзи ҳақиқат ва моҳиятини англамағон ҳолда динга нақадар эҳтиром кўзи ила қараса, эскидан қолғон русум ва одатларға ҳам шул нисбатда эҳтиром ва эътибор ила қарайдир. Ҳатто авом халқининг кўбиси диннинг амр ва наҳйилариндан юздан бирига амал қилмағон ҳолда, ота-боболаридан қолғон урф ва одатлардан четга чиқмаслиқ учун бор кучи ила тиришадир. Баногоҳ, бирор ишини урфға мувофиқ суратда қилолмаса, «ёру дўстларим орасинда беобрўй бўлдим», деб қайғурадир ва ўзини нажотсиз санайдир.

Мана, биз Туркистон халқи ҳам илмсизлигимиз сабабли турли маросим ва одатлар юки остинда эзилиб, мунинг учун ахлоқий ва молий жиҳатдан ғоят қўб зарарлар кўрмак-да бўлғон бир миллатмиз. Бизларни ўзиға асир этиб олғон урфлардан энг кўб зарарли ва ёмонроғи хатна, никоҳтўйлари билан аза маросимидир. Бизнинг халқ «мол ва жон кетса кетсун, обрўи кетмасун», деб хатна ёки никоҳ ва ё аза маросимини ўрунға кетурмак учун қўлларинда бор нарсаларини 1-2 кунда барбод этадилар, қарздор бўлалар. Қарзларини адо эта олмағач, охири, «молни одам топар, одамни мол топмас», деб ўз боғ ва ҳовлиларини сотиб, қарзла-риға бералар. Шул йўл билан бир ёқдан мол ва мулклариндан айрилиб дарбадар ва хору зор бўлалар. Иккинчи ёқдан ҳақиқий обрўйлариндан ажралиб охиратга сафар эталар.

Биз Туркистон фақир халқи неча йиллар Русиянинг золим ва мустабид чорларининг қўли остинда асир бўлуб, ҳеч бир жиҳатдан ўз аҳволимизни ислоҳ эта олмадиқ. Эски ҳукуматнинг биринчи мақсади ҳам, ўз қўл остиндаги ғайри рус миллатини жаҳолат ва одати мазаррат остинда эздуруб охири руслашдирмоқ эди. Эмди андай ҳукумат бизнинг бошимизда йўқ. Ҳозирда ҳокимият фақир халқнинг ўз қўлиндадир. Ушбу вақтда Туркистон фақир халқи ўзининг илмий ва ижтимоий ҳолларини на тариқа ислоҳ ва тараққий этдирмакчи бўлса, ихтиёри ўзиндадир. Бу тўғрида ҳеч ким анга монеъ бўлолмайдир. Балки ҳар ким ёрдам берадир. Мана, ушбу яхши фурсатни ғанимат билиб илмий, ижтимоий ҳолларимизни ислоҳ этмак, яъни чин илм ва маорифдан баҳра олмоқ ва ўз орамиздаги ёмон одатларни барҳам бермак барчамизга лозимдир. Биз юқорида ҳам айтдикким, ҳозирда бизнинг устимизда даҳшатли суратда ҳукмфармо бўлғон урф ва одатларнинг энг кўб зарарлироғи хатна, никоҳ тўйлари билан аза маросимидир. Бу маросимнинг баъзи ёмонроғини барҳам бермак ва баъзисини ислоҳ этмак керакдир. Ушбу кунларда Тошкандда, мусулмон шўроси ҳам шул урф ва одатларни ислоҳ этиб бир қарорнома нашр этдиким, маҳаллий ғазеталарда ўқулди. Бизнинг фикримизча, хатна, никоҳ тўйлари билан аза маросимини ушбу равишда ислоҳ этмак тевишдир.

ХАТНА ТЎЙИ

Бизнинг туркистонлилар хатна тўйиға кўб аҳамият бериб, бир кундан 5-6 кунгача тўй қилалар. «Базм», «кўбкари»лар бералар ва бу йўлда мингларча сўмни исроф ва барбод эталар. Ҳолбуки, бу одат бизнинг Туркистондан бошқа ўлкалардаги мусулмонларда йўқдир. Арабистон, Миср, Истанбул, Кафказ, Татаристон ва Эрон мусулмонлари болаларининг хатнаси учун тўй бермайлар, лоақал бир неча кишини чақириб зиёфат ҳам қилмайлар. Фақат пайғамбар суннатини бажо кетурмак ила иктифо эталар. Бизларнинг ҳам бу тўғрида аларнинг йўллари ила боришимиз керакдир. Хатна учун қанча ақчалар исроф этиб, тўй ва кўбкари бермак ҳожат эмасдир. Ҳатто хатна муносабати ила бола учун янги кўрпа-ёстуклар ёки турли рангда неча қабат янги кийимлар ҳозирламак ортиқчадир. Мундан бошқа мумкин қадар болаларни кичиклик вақтинда янги усул ила хатна қилмоқ керақдир.

НИКОҲ ТЎЙИ

Никоҳ тўйинда икки турли ёмон одатимиз борким, алардан бир қисмининг ахлоқий жиҳатдан, иккинчи қисмининг молий жиҳатдан кўб зарари бордир. Мана шул урфу русумларнинг баъзисини бутун барҳам бермак ва баъзисини ислоҳ этмак лозимдир. Никоҳ тўйи зоҳиран бизнинг кўзимизга бир тўй каби кўрунса ҳам, лекин ҳақиқатда ўзи беш тўйдир. Чунки, «Нон шиканон» (синдириш-Н.Н.), «Фотиҳа», «Никоҳ», «Рўйи бинон» (юз очди-Н.Н.) ва «Домод талабон» (куёв чақирди-Н.Н.)нинг ҳар қаюси бир тўйдирким, буларға мингларча сўм исроф бўладир. Бу тўйлардан «никоҳ» ва «рўй бинон»дан бошқалари ортуқдир. «Нон шиканон»га 3-4 кишидан зиёда одам юбормак ҳожат эмас. Ўшандоқ «никоҳ» ва «рўйи бинон» тўйлариға ёру дўст ва қариндошлардан 30-20 дан ортуқ кишиларни чақирмаслиқ керакдир. Баъзи кишиларға тўн кийгизмак, тўйдан нон ва ширавор олиб кетмак барҳам бўлсун.

Хотунларға ҳам олиб кетмаклари учун тузу нон ва киши бошиға бир табақдан ош берилмасун. Никоҳ тўйинда куёвдан «шоҳи улоғ», ёғ пули ва шунга ўхшаш нарсалар олинмасун. Падар вакил ва шоҳидларға тўн бермак, қизни «вакиллигингни бер», деб қийнамоқ ва йиғлатмоқ, имом хутба ўқуғон чоғда куёвнинг кийиминдан игна ўтказмоқ, никоҳдан кейин куёвга кийимлар кийгузмак, «пойандоз» тутмоқ, қизни ўтға айландируб, анинг олдинда бир неча ҳаёсиз кишиларға қабиҳ алфозли ашулалар ўқутдируб куёвнинг уйиға элтмак каби ёмон урф ва русумлар манъ этилсун. Куёв ўз кийимини ўз уйиға кийиб келсун. Келинни ароба билан узатмак мувофиқдир. Куёвнинг уйинда келинни олов атрофиндан айландирмак мажусийлардан қолғон бир одатдирким, муни барҳам бермак керак. Никоҳ кечаси 15-20 хотун-қизлар ётғон бир уйда куёвнинг келин билан бирга ётмоғи катта айб ва ахлоқсизлиқдурким, бу одатдан қўл тортмоқ лозимдир. «Рўйи бинон» куни куёвнинг ақрабоси бўлғон хотун-қизларнинг келинни ҳадя «дастовез»лар билан кўрмаклари ва келиннинг аларға «кийити» номи ила қалпоқ, белбоғ ёки кўйлак-иштон бериши ортиқча таклиф бўлғони учун барҳам бўлсун. «Домод талабон»га куёвнинг ўзи 3-4 киши билан бирга борса кифоя этадур. Никоҳ тўйидан илгари ҳар бир ийдда қиз тарафиндан куёвга «таги жога» исмила кийим ва дастурхон такдим этиши ёки куёв тарафидан қизға шунга ўхшаш нарсалар юбориши ҳожат эмасдир.

Никоҳ тўйиндан илгари қиз ҳам куёв тарафиндан ҳозирланатурғон кийим ва уй асбоблариға келганда: бу тўғрида бизда ортикча масориф кўбдирким, буларни ислоҳ этмак керакдир. Мисол, куёвнинг ақчаси ила қиз тарафидан тайёрланатурғон «кашида»ларининг кўбиси бўғча ва сандиқларда чуруб ётатурғон кераксиз нарсалардирким, булардан ёлғуз бир донадан «белбоғ», «жойнамоз», «сўзана», «рўйжо» ва «болишпўш» ҳозирлаб, бошқаларини барҳам бермак лозимдир. Қизға ҳар бир кийимдан 7-8 хил тайёрламоқ керак эмас. Бу тўғрида куёв ўз ҳолиға қараб ишласун. Яъни кучи етса кўброқ, бўлмаса озроқ кийим олиб берсун. Андай кераксиз нарсалар ўрнида уй ва тирикчиликка керакли асбоблар ҳозирлансун (мисол, кўрпа, ёстуқ, гилам, таом асбоблари ва шунга ўхшаш зарур нарсалар). Бу тўйлар-да «базм» қилиб жувонлар ўйнатмоқға йўл берилмай, аммо дутор, танбур ва доира чалмоқ, ашула ўқумоқ мумкин бўлсун. Тўй ҳар вакт бекорлик чоғда, яъни халқ хизматдан бўшагон вақтда бўлсун.

Булардан бошқа яна бир нозук нуқта борким, тўйдан илгари мана шунга диққат этмак тевишдир. Ул нуқга эса қизнинг ризолиғини олмоқцир. Ҳозирда бизнинг мусулмонлар ёлғуз ўз ихтиёрларинча қизларини куёвга бералар. Ҳатто баъзи виждонсизлар ўз қизларини бойларға сотиб юборалар. Мана шу зулм ва хиёнатларға йўл бермаслик керакдир. Қизни куёвга берилур экан, энг аввал бу тўғрида кизнинг ризолиғини билмак керакдир. Қизни ризолиғиндан бошқа куёвга бермак шаръан ва қонунан манъдир. Бу ҳақда ғоят диққат ва эътибор ила ҳаракат этмак керакдир.

ЎЛУК ВА ТАЪЗИЯ МАРОСИМИ

Ўлук ва таъзия тўғрисинда ҳам ёмон урф ва русумларимиз кўбдир. Чунончи, қабр устинда халқға «йиртиш» бермак, қўлға таёқ олиб баланд товуш ила йиғламоқ, ўлукнинг ақрабоси бўлғон хотунларға аза тутмоқ учун кўк ва қора кийимликлар бермак, хотун-қизларнинг «гўянда» ва «садр» ила баланд йиғламоқлари, «уч», «етти», «йигирма», «қирқ», «йил» кунларинда халқға ош бермак. Мана ушбу беҳуда одатларнинг барчасини барҳам бермак керакдир. Аммо мазкур кунларда ўлукнинг руҳига хатми Куръон, дуо ва фотиҳа қилмоқдан зарар йўқ. Шунга ҳам 3-4 кишидан зиёд одамларни чакирмаслиқ керақдир. Ўлукнинг энг яқин хотун-қиз ақрабоси 40 кундан зиёд аза тутмай, 40 қундан сўнг азалиқ кийимини ташласа лозим.

Тўй ва аза хусусинда бизнинг фикримизга келган нарсалар шулардан иборатдир. Бу урф ва одатлар шаҳар халқиға махсус бўлиб, аммо уезд ва саҳро халқининг бу тўғридаги одатлари бошқачадирким, биз андан бутун хабардор эмасмиз.

Энди уезд ва шаҳар шўролари ила мусулмон иштирокиюн фирқасиндан ўтинамизким, ушбу маросим ва одатнинг ислоҳи хусусинда кенгашлашиб яхши қарорлар чиқарсунлар. Ва ўшал қарорномалариндан бир неча минг бостуруб, халқ орасинда тарқатсунлар эди. Шундай қарорномага амал килмағон тўй ва аза эгалари билан гузар комитетларини масъулиятға тортиб, аларни қаттиқ жазоларға маҳкум этсунлар эди.

«Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1919 йил, 22 март

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин