Саналар
20.09.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Юрт қайғуси (Туркистоннинг фиғони) (1917)
PDF Босма E-mail

ЮРТ ҚАЙҒУСИ

(Туркистоннинг фиғони)[1]

Ман бурунғи замонда илм ва маданият ўчоғи бўлғоним учун дунёнинг маъмур ва масъуд ўлкасидан саналар эдим. Шунинг учун эдики, ҳозирда қўйнимдаги (харобазорлардан иборат бўлғон) Самарқанд - «Самарқанд фирдавсмонанд» аталур эди. Чин ўғлонларимдан бўлғон у ботур, у жаҳонгир Темур даврида кўргон умроният ва бахтиёрлиғим киёматғача эсимдан чиқмас.

Оҳ! На бўлдиким, сўнгғи болаларим илм ва маорифдан узоқлашдилар. Ота-боболарининг йўлларидан чиқдилар. Нега оталариндан мерос қолғон маорифни ташлаб жаҳолатни ихтиёр этдилар? Бирликни қўйиб, нифоқ ва низоға недан киришдилар? Илгари ёт ва душманлар қонини тўкмак билан ифтихор қила эканлар, сўнгра жаҳолат ва нафсони-ят сабабли ўз диндош ва қондошларининг қонларини тўкдилар. Бошқа иборат билан айтганда, ўз томурларига ўзлари болта урдилар. Мана бу озғунлиқ ва ахлоқсизлиқлари сабабли бир-бирларидан айрилишиб бўлак-бўлак бўлдилар-да, ётлар тарафиндан қулайгина ютилдилар, ўз истиқболларига хотима чекдилар. Бу орада маним устимдаги маданият осориндан бўлғон тоғ каби мадрасалар ва расадхоналар ҳам харобазорға айланиб қолди.

Оҳ! Ҳар на бўлди, энди ўтди... Модомики, маним қўлимдан чидам, тўзим ва яхши дуодан бошқа иш келмас эди, у нохулқ болаларим ҳақинда Тангридан тавфиқ ва инсоф тилаб тура эдим. Йўқ, бахтсизлиғимдан булар тезлиқда инсоф ва интибоҳға келмадилар. Теварагимдағи ёт элларға қарасам, аларнинг ҳар бирлари кундан-кун маданийлашмоқца, олдай бормоқда ва тинчгина яшамоқдалар.

Аларнинг бу ҳолларини кўруб, яна қот-қот дардим зўраядир, ҳасратим кўпаядир, бурунғи шон ва шавкатим, иморат ва маданийим эсимга кела бошлайдир. Ҳўнгир-ҳўнгир йиғлайман, нола ва фарёд қиламан... Аммо маним бу ҳолимни кўрувчи кўз қайда? Қайғули товушимни эшитгувчи қулоқ қани?..

Оҳ! Қандай бахтиқаро эканман, нечук толесиз эканманки, бу кунда маним қўшниларим интибоҳ азонин эшитиб уйғонғон ва ўз саодатлари сари югурмоқда бўлгон ҳолда, маним бахтсиз авлодим бир-бирлари билан нифоқ ва адоват кучи билан талашиб, ёқалашиб, охири ҳориб, кучсизланиб жаҳолат тўшагинда ҳануз ухламоқда ва жонсиз гавдалар каби ҳануз ётмоқдалар...

Ай туркистонли турк ўғлонларим! Энди турингиз! Жаҳолат уйқусиндан уйғонингизки, кичик қиёмат қўпди!.. Агар бу чоғда ҳам уйғонмай ўзингизни асорат кишанингиздан, ёқангизни жаҳолат чангалиндан, юртингизни душманлар тирноғиндан ажратиб қутулмасангиз, сўнфа буюк қиёматда сизларга тамуғ ериндан бошқа юрт берилмас, заққум ошиндан бўлак емак едирилмаски, расвои олам бўлурсиз.

Ай турк болаларим, уйғонингиз! Уйғонингиз! Мана, боқингиз, кичик қиёмат бўлиб қолди. Ҳар кимсанинг номаи аъмоли ўз қўлиға берилди. «Аъмоли» тарозуси ҳам қурилди. Мана қарангиз! «Аъмоли солиҳ»и ортуқ келган миллатлар шодлиқ билан учмоқ, саодат сари чопмоқда. Аммо ёмон илми ортқон қавмлар «сирот» кўприкиндан ўтолмай, тамуғ сари тушмакда ва йиқилмоқдадирлар...

Ай суюкли ўғлонларим, уйғонингиз! Уйгонингиз! Тонг отди, энди ухламоқ ҳаром!.. Қиёмат қўпди, энди тек турмак маҳол! Ана тинглангиз! Ҳозирги маданиятнинг сури Исрофили, охир замоннинг муаззини на дер? Дерки, «Ҳаййа ъалал фалаҳ!».


«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 10 ноябрь

 




[1] Ушбу мақола беш йил бурун «Шўро» мажмуасининг олтинчи жилд ўнинчи бетинда ёзилғон эди. Бу дафъа «Юрт қайғуси»ға иштирок этмак учун баъзи иборатларини ўзгартиб, бу ерга кўчирилди.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин