Саналар
20.09.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Ғазета ўқимоқ манфаати (1911)
PDF Босма E-mail

Биз туркистонлиларға ғазета ўқумоқ у қадар расм ва таомил эмас. Агар ғазета ўқумоқнинг манфаатини билса эдук, ёки ғазета ўқуб маъносиға тушунса эдук, ҳатто бир нафас ўлсун ғазета мутолаасидин воз кечмас эдук.

Ғазета ўқумоқ у қадар лаззатли шайдурки, бунинг лаззатини фақат қалам ила тасвир қилиб бўлмас.

Лекин ғазета ўқуб лаззат топмоқ учун тарих ва жуғрофиядан хабардор бўлмоқ керак. Чунончи, бу кунцаги Туркия ила Италиё сўғушиға мутааллуқ хабарларни ўқуб англамоқ учун бу икки давлатнинг, филжумла жуғрофияси ила тарихини билиб, мавқеъи муҳораба харитасини кўз олдиға тутмоқ керак. Шундай бўлмағон ҳолда ғазета ўқувчи ўқиган хабарларидин истифода эта олмайдур. Бизнинг халқ аксарият ила ғазета ўқумайлар. Ғазета ўқувчиларидан ҳам ўн нафаридан тўққизи ғазетадан лозим даражада истифода қила олмайдур. Чунки тарих ва жуғрофиядан озғина ўлсун хабари йўқ. Ҳатто ўз баладасини жуғрофиясини ҳам билмас.

Билмоқ керакким, ғазеталарни яхши ва истифодалиси ўлдиғи каби истифодасизлиги ҳам бўлур. Шунинг учун ғазета ўқувчи бул хусусда диққат ила ғазета интихоб қилмоғи керак.

Бир давлат ёки бир миллатни маориф ва саноиъ тўғрусинда на даражада эдикини билмоқчи бўлсангиз, жуғрофия ва ғазета воситаси ила билурсиз.

Хулоса, жуғрофия ва ғазета бир оинаи жаҳоннамодурки, тамом ҳаракат ва аҳволи аҳли илм буларнинг воситасила билиниб турадур. Буларни ва тарихни ўқуган киши бир миллатнинг тараққийси ва ё инқирози налар ила ўлажағини камокона билур.

Ва бундин сўнг дин ва миллатни яхши кўратурган бўлса, тараққийси учун мумкин қадар ҳар бир чорая ташбиш эдар.

Бизнинг Туркистонға эса ҳатто бир дона ўлсун миллий ғазета йўқдур. Бизнинг ҳаётсизлиғимиза ва ҳам маорифи замон ва саноиъи жадидадан бутун бебаҳра ўлдуғимиза шул бир дона миллий ғазетая молик ўлмадиғимиз далил бўлса керак. То бир миллий ғазетая молик бўлғунча, биз ушбу «Туркистон» ғазетасиға мақолаларимизни юбориб турармиз.

Ҳар ким ҳар на деса десун, биз ўз маслакимизда хидмат эдармиз.

Мақоламизни ғазетиға дарж этдики учун соҳибидин ҳам миннатдормиз.

«Туркистон вилоятининг газети»,

1911 йил, 24 ноябрь

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин