Саналар
19.04.2024
Баннер
Ҳожи Муин. Маориф ойи (1924)
PDF Босма E-mail

Биринчи августдан эътиборан вилоятимизда «маориф ойи» бошланди. Демак, бу ой масориф ойи эмас, маориф ойидир. Сўз-қарор ойи эмас, ишлаш ва тиришиш ойидир.

Бўлуб ўтган маориф ойларида ишдан қўра сўзга, югуришдан қўра-ухлашға ва мадохилдан кўра - масорифга кўбрак аҳамият берилганлиги учун натижада маориф киссаси яна бурунғидек касал, мактабларимиз яна илгаригидек камбағал, болаларимиз яна «чи мехони, порсола», маорифчиларимиз эса тағин аввалгидек «Аҳмади порина» бўлуб қолғон эдилар.

Энди бу дафъа қоп-қоп умид қиламизким, аввалги хатоларға ва танбалликларға такрор йўл берилмагай, бадки бу дафъа оғиз билан иш битирувчилар сўз ва қарор мажлисидан бадарға қилинғай. Уларнинг ўрнида маориф қурбонлиғиға муносиб қўймижозлик семизгина кишилар ишга олинғай.

Сўнгғи йилларда мактаб учун етарлик яхши бинолар йўқлиғидан, қўб болаларимиз кўчада қолиб ит урушдиришға, ошиқ ва ёнгоқ ўйнашға мажбур бўлдилар. Кўб ўғулларимиз эски мактабларда қамалиб, похоллар устида қўчқор урушдуруб, кўйлак-иштон йиртиш билан умр ўтказдилар. Саноқсиз ота-боболаримиз, мактаб ва муаллим йўқлиқдан ўз жигарпораларини (бекор юрмасун, ҳунар ўргансун деб) кўҳнадуз, собунпаз ва самовархоналарға элтиб шогирд кўйишға тутиндилар. Булардан бошқа ҳисобсиз хотун-қизларимиз, бурунғи маорифчиларимизнинг сояи маориф вояларида сақич чайнаб ва ғиди-биди ғийбат тўқиш билан уруниб эшиқдан-эшикка, тешиқдан-тешикка юрадилар...

Мана, энди «маориф ойи» ясашдан асли мақсад шу дардлар учун даво топиш бўлса керак. Буқун бизга мактаб керак, унга яраша асбоб ва муаллим керак. Булар учун огқча керак. Оқча учун ҳиммат керак. Буларнинг ҳаммаси учун ғайрат ва фаолият керакдир...

«Маориф ойи» муносабати билан «Машраб» бошқармаси ўзининг барча ажина мухбирларига сафарбарлик эълон этди. Токи мухбирларимиз бу ойда тўрт кўз ва саккиз қулоқ билан маорифчиларнинг аъмолини таъқиб этиб, «киром ул-котибин»дек иш кўргайлар. Шуни ҳам айлпб қўйиш керакким, биз бу ойда «астойдил» ишлаган маориф ходимларига ўзимизнинг холис «баракалло»дан ясалтон медал (нишон)ларимизни инъом этишни ваъда айлаб, аммо чатоқчи ўртоқларимизнинг суратини пес-мохов қилиб «Машраб»га ўтказишдан ҳам тортинмасмиз.

Ботурбек

«Машраб», 1924 йил, 5-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин