Саналар
22.09.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Юқма касал (1924)
PDF Босма E-mail

Мусулмонлар орасида минг уч юз йилдан бери ота-боболаридан мерос қолиб келган жуда қўрқунчлик юқма касал ҳукм суриб келаётибдирким, ул ҳам хотунжаллоблиқдир. Бу касал, қулғуна ва қайсари нохунадан ҳам ёмонроқ бўлиб, саноқсиз хотун-қизларимизни бахти қаро қилди. Ҳадсиз сингил-опаларимизни тириклай қора тупроққа топшириб келди.

Таг-тагини суриштириб келсангиз, бу юқма касал бизга йўқсул оталаримиздан эмас, балки кўзи чиққур амир ва хонларимиздан, қорни ёрилғур мулла ва бойларимиздан юқуб келгандир. Муллаларимиз фатвои шаръий бердилар. Подшоҳ ва шаҳаншоҳларимиз ўзларининг ўрдаларини жориялари билан тўлдурдилар. Диндор уламоларимиз «Муҳаммад уммати кўпайсун» деб далолати хайрда бўлдилар. Бой ва сарватдорларимиз хотунни кўпайтириб, шариат юзасидан тўртдан ошуғини сўфи қилиб қўйдилар...

Мана, бизнинг ҳақпараст мусулмонларимиз орасида бирдан ошиқ хотун олиш шу йўсинда бошланиб, шу равишда давом этди. Гўр-багўр кетгур ота-боболаримиздан шу тариқада бизга мерос қолиб келди.

Энди опа-сингилларимизнинг ҳуқуқини поймол қиладурғон ва уларнинг бахтини ўйунчоқ қилғон хотунжаллобларимизнинг ички-оилавий турмушлариға бир кўз солайлиқ. Қани, булар ўз хотунлариға қандай муомала қиладир-лар ва нечук кайф сурадирлар?

Бирдан ортиқ хотун олғон кишининг тирикчилиги, айш-ишрати жуда қизиқдир. Бошлаб шуни айтиб берайликким, бундай уйда ишқ-муҳаббат, садоқат ва тўғрилиқ деган нарса сира бўлмас. Сиз ҳар кун тўй-томошаға бораман десангиз, тўп-тўғри икки хотунлик ўртоғингизнинг уйиға боринг. Тиётрларда, сиркларда кўрмаган ажойиб томошани шунда кўрасиз. Хотунлардан бири «фолоний» деб чақирса, бошқаси «домона» деб жавоб берадир. Бундай уйда ҳар вақт ош деб тошни едиралар. Қош тузатаман деб кўзни чиқарадирлар... Бириси эшикдан қараса, униси тешикдан қарайдир. Буларнинг ўртасида кунда неча қатла милла узуш, ёқа йиртиш ҳам воқеъ бўлиб турадир...

Мудоҳона ва мунофиқлик илмини хатм килғон эр ўз хотунларини, бир томондан, турлик ғалати нарсалар билан, бошқа томондан, «қамчи» сиёсати билан унча-мунча алдаб турса ҳам, лекин бу алдашлар кўб вақт давом этмас. Охири, ё эр хотундан безор бўлиб уни ҳайдайдир ёки хотун ажралиб ўзини қутқарадир... Шундай бўлмағонда икковидан бири албатта сил бўлиб ўладир...

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакким, икки хотунлик оилаларнинг эрлари кўпинча даюсмизож ва хунаса афт бўлиб, хотунлари ҳам бир мунча сатангтабиат ва олифтахўй бўладирлар... Биз хотунларнинг бу айб ва гуноҳини ҳамиятсиз эрларнинг бўйниға қўямиз. Чунки бу ишларнинг бош сабаби ҳам шулардир.

Мулла Жунбул

«Машраб», 1924 йил, 7 - сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин