Саналар
21.02.2018
Баннер
Ҳожи Муин. Оташаравамиз (1924)
PDF Босма E-mail

Шукр, Туркистонимизда эски ҳукуматдан сабил қолғон шалоқ оташаравамиз бор. Биз бу оташаравамизнинг Қўқон араваларидек лиқинг-лиқинг юрушиға ҳам қанча шодланамиз, шукр қиламиз. Лекин унинг ичидаги ғайри табиий «интизом ва тартиб»ларни кўришга энди тоқатимиз қолмағон.

Оренбурғдан нариги оташараваларға қарасоқ, Худонинг марҳамати билан ҳамма ишлар ўз жойида. Ҳеч кимнинг камарчаси қимирламайдир, лоақал носкадуси ҳам йўқолмайдир. Аммо Ўрта Осиёға Худо паноҳ берсин. Энг аввал бунга билет олиш учун бошингизға шапка қўйиб белатхонага боришға мажбур бўласиз. Чунки бу жойда шапка жуда катта рўл ўйнайдир. Шапкасизлар одам қаторида ҳам ҳисоб қилинмайдирлар.

Хайр, бир иш қилиб охири белат олишға ҳам муваффақ бўласиз. Сўнгра чиқасиз оташаравангизнинг истиқболиға. Бунда қўрасизким, гўё ер ёрилиб одам чиққан. Бу ҳолни кўруб, бирдан кўнглингизга аллақандай ваҳималар тушадир. Шу чоқда ноилож Худоға сиғинишға ва авлиёлардан ёрдам сўрашқа мажбур бўласиз.

Ана, оташарава ҳам лопиллаб, фишқириб келди-ку! Энди бу ёғи бахтингизга қарайдир. Агар Худо ёрлақағон бахтлик кишилардан бўлсангиз, чўнтагингиз кесилса ва хуржинингиз тешилса ҳам, ўзингиз бир нав қилиб поезднинг томиға чиқасиз ёки юк қўятурғон катакчаларнинг бирида диққат бўлиб жойланасиз. Булар муяссар бўлмаған тақдирда, албатта, йўлаклардаги халқнинг «пойандози» бўлишқа ёки зиналардан бирида ўлтиришқа рози бўласиз. Булар ҳам сизга насиб бўлмағонда, вогуннинг бўйнига миниб олиб, «хайт!» деб кетаберасиз...

Шунча азоб ва заҳматларингиз устига, яна кандухтур жанобларидан сўкишлар, туртги-нуққилар кўрушингиз «устакча»дир.

Эй оти улуғ, суфраси қуруғ миллати нажиба! Энг аввал шалоқ-лақа аравангни тартибга қўйиб, сўнгра катталик қил-да!..

Ботурбек

«Машраб», 1924 йил, 12-сон

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин