Саналар
17.07.2018
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Чўлпоннинг «Булоқлар»и (1923)
PDF Босма E-mail

Бу кун ўзбек адабиётига яна янги бир тўн кийгизилди, Чўлпоннинг «Булоклар» отлиқ янги бир шеърлар тўплами босилиб чиқди.
Чўлпон ўзбекнинг янги шоиридир. Шунинг учун ўзбек элининг бу кунги руҳи, ҳоли, сезгиси «Булоқлар»да қайнайдир. Ўзбек тили, ўзбек оҳанги «Булоқлар»да сайрайдир, ўқуйдир. Ўзбекнинг руҳий тўлқинлари бунда кўпурадир, кўклар томон учадир, кўтариладир. «Булоқлар»да ўзбек сезгиси инглайдир, сизлайдир, титрайдир. Шунинг учун бу тўн шундай бир тўндирки, ўзбекнинг руҳидан, жонидан биткандир, унинг баданини асрамоқ, қўрумоқ учун ўз бағрига босқондир.
Ўзбек янги шеърларининг оҳангсиз бўлишини уёлмайин сўйлайтурғон оғизларға «Булоқлар» туфурадир. Ўзбек адабиётига тил тегдирмакчи бўлғон машҳур «нодонлар»ға бу «Булоқлар» куладир.
Шоир «Амалнинг ўлуми» деган парчасида:

Кўнглимда йиғлағон малаклар кимлар,
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инглаган бу жонлар кимлар,
Қуллар ўлкасининг инсонларими? —

деб, шу қисқағина парчанинг ўзидагина қанча шеърият, қанча оҳанг уйдирғондир, шунинг билан бирга юртнинг дардини, қулларининг инглаган жонлар бўлишини, кўнглида йиғлағон малакларнинг шарқнинг оналари, жувонларидан иборат эканини қанча очиқ, муассир ва эъжоз билан тасвир этадир.
Мана иккинчи бандида элининг умидларини эскартиб:

Кенг хаёллар учдими кўкка,
Бутун умидларин ёвларми кўмди, —

деб шарқ халқларининг абадий асирликка кирганлигига ишонмағонини кўрсатиб, ўзининг «хаёлида порлағон» шамнинг ўчишиға шубҳалик сўроғи билан айтадир:

Мангу тутқунлиққа кирдими ўлка?
Хаёлда порлағон шамларми сўнди?

Яна бошқа бир саҳифасини очдим. Ҳали ўз адабиётининг борлиқ-йўқлиғи шубҳалик бўлғонларнинг «назарият адабия»ларига, узоқлардан мисолларни англамай олғонларға, «олий ҳислар» учун ҳали кўб йиллар мисол бўлишға арзийдурғон:

Оч ахир, очғилким кўксингни:
Бир нафас ўзимни унутай;
Унутмоқ бутунлай «ўзлик»ни,
Оҳ, шундан нажотни мен топай, -

деган шу парча кўзимга тушди ва кўр виждонларға лаънатлар ўқудим.
60 саҳифага молик бўлғон бу асар «Шарқ учун, Сезгилар, Севги, Қора йўллар, Қор қўйнида» унвонлари остида бўлимларга айрилғон 26 парчадан иборатдир.
Асар чиройлиқ ва нафис бошланғон. Ўзбек шоирини бу муваффақияти билан табрик этамиз ва адабиёт суйгучиларига тақдим қиламиз.

Бу мақола шоир тўпламига ёзилган тақриздир. Мақола-тақриз «Туркистон» газетасининг 1923 йил 10 декабр сонида эълон этилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин