Саналар
22.09.2018
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Маорифимиз (1922)
PDF Босма E-mail

Бизда ҳам ҳозирги таъбирча инқилоб бўлди. Ҳар ким шошиб қолди. Не қиларини билмади. Қанча вақтлар ўткандан кейин маориф идоралари қурулди. Мактаблар очилмоққа бошланди, бу маориф ишлари ҳаммаси ўруслар қўли билан қилинар эди. Чунки биз ҳали нима иш қилишимиз керак эканлигини билмас эдик. Шунинг учун юқоридан бўлган буйруқларни «ла ва наам» демасдан қабул қилар эдик.
Ойлиқ жуда яхши. Ул берилган етти юз сўм бу куннинг эллик милйўнига баробар эди, шунинг учун таълим ва тарбия қурси хат саводсизлар билан тўлди.
Бизда инқилоб бўлғон, ҳуқуқ оламиз, мана муаллим тайёрланиб турубдир, «Қанча мактаб очмоқ керак» мана шу масала қошимизға чиқди. Буни ҳам тезгина ҳал қилдик. 20 мактаб очамиз, 30 мактаб очамиз. «Ҳа қанча кўброқ мактаб очсақ шунча яхши, эски ҳукумат очишга қўймас эди. Бу кунким мактаб очиш мумкиндир». Ҳаммамиз шу фикрда эдик. Орамизда оқибатини ўйлайтурғонлар йўқ эди.
Мактаблар очилди, давом этди, халқ ҳам мактабларга боласини юборди. Ёзда, таътил вактларида турли таълим ва тарбия курслари очилди. Муаллимларнинг давом этишлари керак. Чунки муаллимлар маълумотсиз, бу йил ёзда олғон маълумотларини кишда талабага бера олар.
Кўб яхши назария. Ҳар йил курс очилди. Ҳар ёқдан муаллимлар келдилар, ҳам муаллим бўлмоқ учун курсларға ёзилдилар. Пул олдилар, юрдилар.
Лекин иш кутганимизча чиқмади, муаллимлар тузук бир нарса ўргатмадилар, талаба дуруст истифода этмади. Бир қайдан эса марказ ўзига маъқул кўрулган йўл билан дастуруламал юборадир. Жойларда татбиқ қилиниб-қилинмаслиғидан хабарсиз, кунда буйруқлар ёғодир, ҳар кун бошқа таълимотлар келадир. Муҳим бир нуқтасини айтиб ўтмоғимиз керакким, у ҳам шу таълимот ёзатурғонларнинг руслардан бўлиши, яъни бизнинг аҳволимиздан хабарсиз кишиларнинг бизга йўл кўрсатувчи бўлғонидир. Бутун ишларимизнинг натижасиз борғаниға сабаб шудир. Ва ҳозир ҳам шунинг таъсири остидамиз.
Бу орада маориф ишларимизнинг ҳолини кўруб келгусида нима бўлишини ўйлайтурғонлар бўлди. Лекин сув бошдан лой бўлғони ва жойларда ҳам тузук ишчилар бўлмағони у фикрларни ҳам ўз-ўзидан совутишга сабаб бўлдилар. Менинг ўзим йигирманчи йилда бир мақола ёзиб мактаб сонларини камайтириб яхшигина, асосли бир йўлға қўйишни айтғон эдим. Лекин эшитатурғон қулоқ йўқ эди. Маориф бошидагилар у сўзларни англаёлмадилар(!) Бу кун эса юқорининг буйруқига мувофиқ камайтурмоқдалар. Лекин ортиқ иш ўтган энди. Маорифимизнинг бу иккинчи даври бизда шу аҳволда бўлса ҳам оврўпаликларда яхши эди. Чунки уларга таълимотлар мувофиқ тузулғон эди, чунки таълимотларни тузгучилар ўзлари эдилар ва ўзлари учун тузган эдилар. Маорифимиз шу аҳволда тўрт йил давом этди. Оқибат шўро ҳукумати хатти-ҳаракатини ўзгартирди. Янги иқгисодий сиёсат эълон этилди.
18, 19, 20, 21 инчи йилларда очилғон турли-турли курслар, тўдалар, мактаблар бу йил боғланди.
Бу тўрт-беш йил ичида тайёрланган муаллимларимиз ўз ишларига кетдилар.
Бултур қиш бир-икки мактаб очиқ бўлса ҳам тузук давом этмади.
Бизнинг муаллимларимизнинг аҳволлари маълум. Шунча курслар очилди. Мактаблар ҳозирланди. Ўткан йилларда талабалар кўб эди ва келар эдилар. Чунки мусулмонларга бу ишлар бирдан-бир қизиқ ва янги кўрунган эди. Мусулмон ёшлари курсларга тўлдилар, тўдалар қурдилар. Бошқалари эса мактабларга болаларини юбориб турдилар.
Шу ўткан йилларда бизнинг муаллимларимиз бирдан-бир кўпайиб кетдилар! Муаллимлар курсларига одам сиғмас эди. Шўро ҳукуматинда албатта ҳукумат ходиматинда бўлуш керак. Ва ўз бошича ишлаш бутунлай тайзиқ қилинғонидан ҳар ким ҳар нима бўлса бўлсун бекор юрганидан кўра деб муаллимликка ёзилдилар.
Бу муаллим бўлатурғонлардан бир тўда қуратурғон кишиларнинг асоси тушунилган, билинган бир мақсадлари йўқ эди. Шунинг учун улар унга — асосий нарсаларга аҳамият бермас эдилар. Расман бир ишга мансуб бўлдиларми, ҳар бир навъ қилиб ўтаверамиз дея, деб муаллим бўлса таълим ва тарбия курсларига яхши давом этмаган эди ва бу хусусда жиддий бир ташвишда бўлмасэди ва юрунг борайлик билан иш кўрардилар.
Ёшларимиз, тўдачиларимиз бўлсалар қўброқ кўрсатишларга аҳамият бердилар. Ҳеч бир нарсага илмий аҳамият бермаганлари учун бугун тамоман тарқалдилар. Ҳатто энди хусусда бўлатурғон музокаралар қулоқларига кирмас. Чунки у ишлар ночорлигидан эди. Мана шундай бўлиб бизда бир гуруҳ муаллим йиғилмай, тўпланмай ва тузулишча тарбия кўрган, етишган ёшлар ҳам кўрунмадилар.
Мустасно йўллик бир-икки муаллим, бир-икки ёши-миз бўлса ҳам булар оздир, нодирдир.
Бу йил бўлса яна эски ҳолга қайтдик! Яъни инқилобдан аввал қандай бўлсак, ўшандан ҳам ёмон бўлиб қолдик. Яъни эски вақтда уч-тўрт мактабимиз бор экан, ҳозирда мактабсиз қолдик. 5-6 муаллимимиз ҳам бир нечаси мамлакатдан чиқиб бошқа ишларга уруниб кетдилар. Демак биз қайтадан таназзул этдик.
Ўтган йилларда мактаблар ҳар турли қўлларга ўтган эди. Икки йил, уч йил боласини мактабга қўйган ҳар ким боласининг ҳеч бир нарса ўрганмаганини кўриб қайтариб одди.
Бу мактаблардан бир фойда йўқ экан, деган бир фикр туғилди.
Бир мактабга талаба ҳар қанча давом этмак истамаса ҳам, кийимлик ёки озуқа бериб туриш йўли билан ҳар ҳолда оз-моз сақланиб турғон эди. Бу кун эса булар битирилганидан мактаблар ёпилди. На у ерда, на шаҳарда мактаблар қолмади.
Агар мактаб ишларини асосий бир йўлга қўймоқ учун бор муаллимларимиз ҳозирдан ташвишга киришсалар, балки мактаб ишларимиз бир оз йўлга қўйилур. Йўқса натижа маълумдир.
Ҳар бир мамлакатда ҳукумат мактаблари буюк бир ўрун тутадир.
Кўб кишилар бордирким, оқчаси бўлмағони учун хусусий мактабларга кира олмайдур. Хусусан бизнинг мусулмонларимиз ўқумоқ ва ўқутмоқ учун пул тўламоқға одат қилмағонларидан ҳукумат мактаблари шуни тўғри йўлға қўйиши лозимдир.
Бу кунги муаллимларимиз вазифалари шудир. Маориф ишчиларимиз шу тўғрида музокара мажлислари қурсалар, шу ҳақда кенгашсалар ва сўнгра бир йўл тайин этиб ишга киришсалар кўб яхши бўлур эди.
Маориф ишларимизнинг ҳолини яхшилатмоқ учун кўбга куч сарф этиш керак бўладур.
Бизнинг ишчиларимиз шунга аҳамият берсалар ва ҳукуматнинг мактабларини фойдалик йўлга солишга ғайрат этсалар ҳам халқға, ҳам ўзларига яхши бўладир. Маориф ишчиларининг шу нуқтага жалб этаман.
Биз озод ёшлар ҳаётидан гапирмайлик, ёшлар ҳар бир миллат келажаги учун ҳаёт эгалари (соҳиблари)дирлар, яъни ҳар миллат бу кунги ёшлари эртасидирлар.
Каттадан кичиккача маълум бўладирки, замон ҳамма вақт ўзгариб турар экан, бу кун керак билинган кўб нарсалар, кўб ишлар эртага бекор, бу кун керакли ҳеч ҳам этилмаган (сезилмаган) кўб ишлар ва кўб нарсалар эртага зарур бўлур экан. Шу ҳақиқатни инқилоб бизга жуда очиқ кўрсатди.
Биз кундан-кун, соат-басоат Оврупо билан яқинлашмоқдамиз. Оврупонинг кўланкаси (сояси) бошимизга кундан кун кўбрак тушмакда ва Оврупонинг қонли қанотй бошимизга кўбрак қоқилмоқдадир.
Модомики, биз Оврупо билан кундан кун яқинлашмоқда эканмиз, Оврупонинг жараёнларидан хабардор бўлишимиз керак ва унинг аҳволи билан таниш бўлмоғлиғимиз лозим.
Ўткан мақолаларимда айтганимдек, инқилобнинг бошларида биз нима қиларимизни билмай шошиб қолган эдик. Лекин секин-секин ишга киришиб кетдик. Лекин ҳозирда бўлса ҳам ҳеч бир турли замонга мувофиқ жиддий ҳаёт кўра олмаймиз.
Бизда вақти-ла қанча курслар очилди. Канча тўдалар курулди. Бу кун кўрайлик қани шу тўдачалар ва курсларда ўқумоқчи бўлуб юрган йигитларимю нима иш қилмоқдадирлар, ҳаммалари ҳар томонга таралиб кетганлар. Ёш муаллимларимиз ҳам шундай муаллимликнинг қандай муқаддас бир сифат эканини англаёлмаганидан бир неча ойлик курс таҳсили билан неча кунлик мактабдор-ликнинг юзидан ўтдилар.

В. Маҳмуднинг «Маорифимиз» номли ушбу мақоласи матнининг айрим ўринларини топишнинг имкони бўлмади. Мақола аҳамиятини инобатга олиб, ушбу мажмуага киритиш лозим кўрилди. «Камбағаллар товуши» газетаси, 1922 йил 29 июн, 4 июл.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин