Саналар
20.11.2018
Баннер
Вадуд Маҳмуд. Марҳум Шокир Мухторий (1921)
PDF Босма E-mail

1920 йил декабр охирларида машҳур муаллим ва муҳаррирларимиздан Шокирхоний ўртоқ дунёдан ўтди. Бу киши ўзининг қалами билан танилган бир кишидир. Бу кишининг шеърлари Оренбургда чиқадирғон «Шўро» мажалласида ва Туркистон газеталарида босилар эди.
Инқилобдан бурун Фарғонада муаллимлик қилғон, инқилоб бошларинда ўзининг мақолалари билан Фарғона газеталарини безаган. «Ким қози бўлсун?» деган асарини шунда ёзғон. Ҳукумат ишчилар қўлиға ўтгандан кейин Самарқандга келиб меҳнаткашлар газетасига муҳаррирлик килиб, ёзғон мақолалари билан халқни ўзига жалб қилғон. Шу чоғларда «Сўсиёлизм нимадир?» деган асарини ёзғон. Қурамаларда ва дорулмуаллиминда муаллимлик қилғон. «Турк тилининг усули таълими» деган китобини ёзғон. Аскарлик вақтинда сил касалига йўлуқғон. Бора-бора шу касали кучайиб, иш қилолмас даражага келиб, Дизахга борғон ва Дизах касалхонасида уч ой чамаси ётғондан кейин дунёдан ўтган.
Шокирали Мухторийнинг хизматлари ғоят тақдирдир. Ўз касалининг ёйилғонига қарамасдан кеча-кундуз ишлади, тиришди, ўзининг аҳлидан бир неча йил бурун ўлишга сабаб бўлди. Шокирали Мухторий оддий бир муҳаррир, анчайин бир муаллим эди. Лекин бизга — қорни билан юрагини айира олмайтурғон туркистонлиларга — фарқли бир киши эди.
У ўлгач уни ўрнига қолатурғон бир муаллим, у кетгач, ўрнини босатурғон бир муҳаррир қолмаслиги учун топилмас бир киши эди.
Ай буюк ишчи! Тинч ёт сағанангда, сенинг килғон хизматларинг эсдан чиқмас, сенинг чеккан заҳматларинг унутилмас. Сен ўз бўйнингга юкланган вазифангни адо қилдинг. Кошки сендек кишиларимиз бир неча бўлса эди. Ўзининг кейин қолғон халқи учун умридан кечатурғон кишилар кошки топилса эди. У вақт сенинг тутган йўлинг очиқроқ бўлар эди. Тикилган юлдузингга тезроқ етишар эдик. Ҳар ҳолда сен шуҳратлисан.

Мақола «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг 1921 йил 12 феврал сонида босилган.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин