Саналар
18.04.2024
Баннер
Тарихи Рашидий (5)
PDF Босма E-mail

ИККИНЧИ КИТОБ
МУҚАДДИМА

Аллоҳ қуллари ичида энг фақири Муҳаммад Ҳайдар, дўстлари орасида Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ибн Муҳаммад Ҳусайн кўрагон (Аллоҳ униям, отасиниям мағфират қилсин) номи билан танилган кимса зукко, талабчан кишилар олдида шуни маълум қиламанки, менинг қалбимда ҳам, шууримда ҳам аллақачон битта фикр муҳрланган, яъни юксак эътиборли, билимли хотиранависларнинг улуғворлиги шу даражадаки, бу фақир банда ундай юксакликка ҳатто яқинлашолмайман ҳам, мен ғурур тўфони ва жаҳолат тўлқини ақлсизлик дарёсидан иқтидорсизлик соҳилига чиқариб ташлаган бир парча сополга ўхшайман. Бундай одамнинг фазилат ва камолот денгизидаги ичи наср ва назм марваридларига тўла мукаммаллик садафига эга бўлган ғаввослар олдида қанчалик қиммати бўлсин! Аммо айрим мўғул хоқонлари ҳаёти саҳифаларида улар билан боғлиқ воқеалар ҳақида ҳеч нарса сақланиб қолмаганлиги туфайли улар тўғрисида одамлар хотирасида ҳеч нарса қолмайди, деган фикрга бориб буларни ёздим.
Назм:
Ноз этма, Чин санами, қолмайди мулки Чин ҳам,
Мулки Чини нимаси, ўзлигича замин ҳам.
Вайронада туякаш жимгина беради жон.
Билки омонлик топмас ўлимдан тахтнишин  ҳам.
Жамшид ўтди жаҳондан, кетди ҳатто Сулаймон,
Узукнинг ўчди нақши, йитди узук – нигин ҳам.
Бу бечора Ҳасандан қолди нолаю фарёд,
Қўрқаман, ўчар бир кун бу нолаи ҳазин ҳам.
(Ҳасан Деҳлавий)
Шуларни ҳисобга олиб, «эҳтиёж тақиқни билмайди» деган ҳикматга амал қилган ҳолда, вақт имконига қараб мен мўғул хоқонларининг қилган ишларидан энг аниқларини, баён қилиш зарур бўлганларини қаламга оламан, зеро илгари замонларда ҳурматли хотиранавислар ҳам ўз асарларини ўзларидан олдинги битиклар асосида ёзиб, уларга пинҳонийлик масканидан зоҳирий оламга кўчирилган нарсаларни қўшишган.
Мўғулистон гуллаб-яшнаган даврда у ерда олимлар ва камолотга эришган одамлар кўп бўлган, эҳтимол улар тарих ва бошқа асарлар битишган. Мана энди орадан юз йил ўтгач, на ўша одамлардан дарак бор, на улар, эҳтимол, яратган асарлар ҳақида маълумотлар бор. Ўша шаҳарлар ва обод манзиллардан, айрим миноралар ҳамда бузилган қалъа деворларидан ўзга ҳеч бир из қолмаган. Бир қатор шаҳарларда асослари тошдан қилинган хонақо, мадраса, масжид, арк ва миноралар қолдиқлари сақланган, холос.
Назм:
У ерда одамдан нишон қолмади,
Нишонни берувчи инсон қолмади.
Ободонликдан ҳеч бир асар қолмагани сингари, узоқ даврлар ўтиб, бутун мўғул бир-бирларидан бегона бўлиб кетиб, фазл ва камол аҳлидан ҳам ҳеч ким қолмади, ҳатто «фазл» ва «камол» сўзлари одамлар хотирасидан ўчиб, фозиллик ва комилликнинг моҳияти ҳам унутилиб кетди.
Мисра:
Номи ҳам қолмади ақлу камолнинг.
Мўғуллар исломни қабул қилганларидан кейинги давр ҳақида, бу ерда ободонликнинг маҳв бўлишигача нималар юз берганлиги ҳақида ҳам тарихий асар йўқ. Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ироқ олимлари ўз ҳукмдорлари учун ёзган тарихий асарларида мўғул хоқонлари ҳақида тасвир талаб қилган ўринлардагина тўхталганлар, воқеалар ўрни ва мазмуни талаб қилмаса, уларга диққатни қаратмаганлар. Бундай асарлар сирасига Хожа Рашидиддин Фазлуллоҳнинг «Жомиъ ат-таворих», Хожа Ҳамидуллоҳ Муставфийнинг «Тарихи гузида», Мавлоно Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Мавлоно Абдураззоқнинг «Тарихи манзум» («Матлаъи саъдайн ва мажмаи баҳрайн»), Мирзо Улуғбекнинг «Улуси арбаа» («Тўрт улус тарихи») ва бошқалар киради – уларнинг ҳар бирида мўғул хонлари ҳақида унча-мунча маълумот бор, аммо бундан мақсадга тўлиқ эришиб бўлмайди. Аллоҳ бандаларининг ушбу энг фақирида ёшлик пайтидан бошлаб аждодларимизнинг қилган ишлари ҳақида билишга жўшқин интилиш бўлган. Ўша пайтда мўғул амир ва амалдорларидан фақат кексаларигина қолган бўлиб, уларнинг ёшлари юз атрофида, ҳатто ундан ҳам ошган эди.
Туфайлим руҳига ёғилсин-да нур
Отам кексаларча панд берди машҳур.
Отам ҳам,  амаким ҳам (Аллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин) мўғул хоқонларининг ишлари ҳақида ўз оталаридан ва ишончли оғизлардан эшитганларини айтиб беришарди.
Энди эса қанча замонлар ўтди, уларнинг барчаси оламдан ўтиб кетишди, менинг ночор миямга мўғуллар исломни қабул қилганларидан кейин улар ҳақида тарихий асарларда нима битилган бўлса, буларга ишончли кишилардан эшитганларимни ва камина ўз кўзим билан кўрганларимни қўшиш фикри ўрнашиб олди (Илоҳим ишим Аллоҳга маъқул бўлсин). Шу билан бирга, мен қобилиятсизлигим ва ожизлигим туфайли бу улкан ишни маромига етказиб бажара олишимга ўзимда ишонч пайдо қилолмасдим, аммо синов учун аввал кўз олдимда содир бўлган воқеаларни баён этишга қарор қилдим. Каминанинг ҳаётим асосан мўғул хоқонлари билан боғлиқ кечганлиги боис тасвир жараёнида уларнинг тарихлари ҳақида ҳам тўхталамизки, бу нарса ушбу асарнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Рубоий:
Тарзима боқ, не аҳволга солди фалак,
Юз дарду бало қийноғига олди фалак.
Мен арз этайин агар қулоқ солсанг сен
Ҳолимни тамом хароб этиб қилди ҳалак.
Агар мазкур асар Аллоҳнинг инояти билан ниҳоясига етиб, зукко инсонлар ҳамда улуғ амалдорларнинг нозик дидларига маъқул бўлиб хатоларимизни узр этаги билан ёпсалар, бу фақир банданинг хотирига таскин ва кўнглига шодлик иниб, «Тарих»нинг асосий қисмини битишга киришамиз, Аллоҳ мададкор бўлсин.


Биринчи фасл. «Тарихи Рашидий» иккинчи китобининг боши – 900 (1494-1495) йилдан кейин мўғул, ўзбек, чиғатой улусларининг ҳар бирида бўлиб ўтган воқеалар баёни.

Фақир банданинг туғилган пайтида, яъни 905 (1499-1500) йилда – ўша давр олимлари шу санани «шарқ» ва «нури чашми шоҳ» («Шоҳ кўзларининг нури») сўзларида тарих қилишибдики, ушбу сўзлардаги ҳарфлар йиғиндиси ўша йилни билдиради. Бу даврда мўғул хоқонлари давлати илгариги замонларга нисбатан гуллаб-яшнади, ана шу вақт оралиғида Мўғулистоннинг қорахитойлар истиқомат қиладиган шаҳарлари йўқ бўлиб кетди, то Юнусхон тахтга ўтиргунига ҳамда шаҳарларда ва обод манзилларда ўтроқ ҳаёт кечиришга ўтгунларига қадар, ҳарқалай 889 (1484) йилда кўплаб мўғуллар ўтроқ ҳаёт кечиришмасди ва айтиш мумкинки, ободончиликдан дарак йўқ эди.
Мисра:
Тоғ қашқиридек эди одамлари.
Шош вилоятининг бутун кенг саҳролари мўғул хоқонлари тасарруфига кирди, Мўғулистоннинг бутун саҳролари ва музофотлари Юнусхон томонидан қандай бўйсундирилганини баён қилсак, гапимиз чўзилиб кетади, Худо хоҳласа, булар «Тарих»нинг асосий қисмида ёритилади.
Хуллас, айтиб ўтилган санадан то 908 (1502) йилнинг бошигача мўғул улуси тинчлик-омонликда умр кечирди. Гапнинг лўндаси шуки, менинг отам – Муҳаммад Ҳусайн кўрагон ибн Муҳаммад Ҳайдар кўрагон, яъни улуғ амир, тахт ва қилич соҳиби амир Саид Алининг ўғли, ибн амир Саид Аҳмад унинг отаси эса муқаддас шаҳарлар бўлган Макка ва Мадина йўлларини яхши билган, Аллоҳ иноятига сазовор бўлган, ҳамиша Аллоҳ мадади билан иш юритиб келган Амир Худойдод ибн амир Буложи эди (ҳамиша Аллоҳ уларнинг юзларини иймон нури билан ёритсин). Ўша амир Буложи исломни қабул қилиб, икки дунёда иймон нурига сазовор бўлган. Оят: «Уларнинг юзларида сажда изидан қолган белги-аломатлари бордир» (48.29). Менинг отам халқ ҳукмдори, Аллоҳ ёрлақаган улуғ хон Султон Маҳмудхоннинг хизматига мушарраф бўлган зотдир. Султон Маҳмудхон ибн Юнусхон ибн Увайсхон ибн Шерали Ўғлон ибн Муҳаммадхон ибн Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхон (Аллоҳ уларнинг юзларини иймон нури билан ёритсин). Ана ўша Туғлуқ Темурхон, ана шу бахтли инсон, Шарқ мамлакатларидаги кофирлик зулматини ислом қуёши билан ёритди ва мазкур «Тарих»нинг асосий қисми ўша табаррук инсон ҳукмдорлиги, ҳидоят ва саодати баёнидан иборат бўлади (Аллоҳ гўрини нурга ғарқ қилсин).
Султон Маҳмудхон (Илоҳим унинг шажараси узилмасин) менинг отамга  турли-туман илтифотлар кўрсатиб, алоҳида эътибор қилиб келган, бу «Тарих»нинг асосий қисмида ёритилади, иншооллоҳ. Ушбу марҳаматларнинг бир кўриниши: унга хон куёвининг фахрли тўнини кийгизиб, ўзидан бир ёш катта опаси Хўб Нигор хонимни отамга никоҳлаб берган. Бу никоҳ, агар адашмасам, 809 (1493-1494) йилда Шошда ўқилган. Никоҳ ўқилгандан кейин отамга Усрушна (Истаравшан), ҳозир Ўратепа номи билан аталувчи вилоятни ўзига бўйсундира олиши мумкин бўлган ҳамма нарсаси билан бериб, унга жавоб берган. Отам тўққиз йил ўша вилоятга ҳокимлик қилди. Бу орада кўп воқеалар бўлиб ўтди. Ҳокимлигининг олтинчи йилида фақир банда дунёга келдим. Зийрак инсонларнинг назаридан четда қолмагайки, ўша давр ҳукмдорлари ҳақида, қайсиси қаерда бўлганлиги ҳақида қисқача тўхталмасак, бўлиб ўтган воқеалар баёни тушунарли бўлмай қолади.
Қисқаси, ўша даврда  пойтахти Андижон бўлган Фарғона вилоятида Султон Абусаид кўрагон ўғли Умаршайх мирзо кўрагон вафотидан кейин Умаршайх мирзонинг ўғиллари Заҳириддин Муҳаммад Бобур Подшоҳи Ғози билан ноиби Жаҳонгир мирзо ораларида, ёш бўлишларига қарамай амирларнинг келишмовчиликлари туфайли мудом душманлик ва тўқнашувлар бўлиб турган, кўплаб ғалабаю мағлубиятлар бўлган. Бу воқеаларнинг айримлари ушбу «Тарих»да зикр этилади.
Самарқанд ва Бухоро вилоятларида Султон Абусаид кўрагон ўғли Султон Маҳмуд кўрагон ўғиллари бўлган Бойсунғур мирзо билан Султон Али мирзо ҳамда Шоҳибекхон ибн Шоҳ Будоғ султон ибн Абулхайрхон, яъни Жўжи тахтида ўз замонида бундан улуғроқ киши бўлмаган, – ўша учта ҳукмдорлар ўртасида беҳисоб тўқнашувлар бўлиб турганки, булар ҳам «Тарих» охирида ёритилади.
Хуросонда эса Султон Ҳусайн мирзо подшолик тахтида барқарор ҳукм сурарди. Гоҳо у билан ўғиллари ўртасида қаттиқ тўқнашувлар чанги кўтарилиб турар, бироқ Султон Ҳусайн мирзо ўз зукколиги ва қиличининг зулматни кесувчи нури билан уни тарқатиб юборарди.
Ироқда Султон Яъқуб ибн Узун Ҳасан вафотидан сўнг шаҳзодалар ёш бўлганликлари боис подшоҳлик инқирозга учрайди. Шунда Шоҳ Исмоил майдонга чиқди, у зўравонлик манбаи, ёруғ оламнинг заҳар-заққуми эди. У ўзга подшоҳлар сулоласини томири билан қуритди. Мусулмон дини ва мусулмон давлати тасарруфидаги обод, гуллаб-яшнаган жойлар бузилиб, инқирозга юз тутди.
Дашти Қипчоқда ва Жўжихон улусида Бурундуқхон бўлиб, барча ҳукмдорлар унга тобеъ бўлиб, лашкарининг кўплигидан ёмғир томчилари билан рақобат қилса бўларди. У ва мўғуллар орасида бўлиб ўтган воқеалар бундан кейин ёритилади.
Шошда, яъни Тошканд номли машҳур вилоятда Султон Маҳмудхон ҳукмдор эди.
Султон Маҳмудхоннинг отаси Султон Юнусхон ҳақида қисқача тўхталмасак, ҳикоямиз тартиби бузилади, чунки кўп ўринлардаги тасвирлар у билан боғлиқ бўлади. Бу ҳақдаги сўз қуйида келади.


Иккинчи фасл. Юнусхоннинг хон бўлгани, унинг ҳаёти ва фарзандларининг қиссаси баёни.


Султон Юнусхон барча чиғатой хонлари ичида энг машҳури ва энг мислсизидир. Жуда кўп соҳаларда қиёслаганда унга ва унинг оиласига ўхшаши унгача бўлмаган. Масалан, чиғатой хонларидан бирортаси ҳам унгача қирқ ёшдан ошмаган, кўплари ҳатто қирқ ёшгача ҳам етмаган, бу саодатманд хон эса етмиш тўрт йил умр кўрган. Умри охирида тавба қилиб, тариқат йўлини тутган. У дин пешволарининг саждагоҳи, Аллоҳ назари тушган инсон Носириддин Убайдуллоҳ ҳазратларига (Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин) қўл берган. Ушбу «Тарих»нинг қаерида «Ҳазрат Эшон» дейилса, Хожа ҳазратлари кўзда тутилади. Хон ўз эътиқодида шу қадар маҳкам бўлганки, ўзини фаришталар макон тутган ҳазрат остонасидаги хизматкорлар қаторига қўйган.
Бугина эмас. У ўша даврнинг кўплаб шайхлари билан учрашиш ва суҳбатлашишга мушарраф бўлган. У табаррук зот бир қанча фазилатлар билан безанган эди: у Қуръонни қироат қилган ва кўчирган, шоирлик иқтидорига эга, хушсуҳбат, хуштабиат киши бўлган, илми муаммодан хабардор, хушхат, мусаввир ҳам бўлган, шунингдек, фақат нозик табиатли кишиларгагина хос қобилият эгаси ҳам бўлиб, чунончи, мусиқий асбобларни чалиш ва ашула айтишда ҳам мумтоз бўлган.
У ўн икки йил давомида Мавлоно Шарафиддин Али Яздий ҳузурида унинг шогирди бўлган. У мусофир юртларни кўп кезган, саёҳатлар қилган. Унинг мусофирликдаги ҳаёти, турли мамлакатларда олган билимлари «Тарих»нинг асосий қисмида баён қилинади, иншооллоҳ. У яна гўзал маънавий хислатлар билан безанган, олийҳимматли киши бўлган. Ушбу фазилатлар билан бир қаторда, сезгирликда, мислсиз зийракликда, матонатда ва ақл-фаросатлиликда, жасурликда тенги бўлмаган. Айниқса, мерганликда тенгсиз бўлган. Қисқаси, унинг авлодида унга ўхшаши бўлмаган (Аллоҳ унинг юзини иймон нури билан ёритсин ва гўрини нурга тўлдирсин).
Хон ҳазрати олийларининг еттита фарзанди бўлган. Биринчиси – Меҳр Нигор хоним, уни Султон Аҳмад мирзога берган. Ундан фарзандлар қолмаган. Иккинчиси – Қутлуғ Нигор хоним, уни Умаршайх мирзога узатган. Ундан иккита фарзанд қолган: бири – Хонзода бегим, иккинчиси – Бобур Подшоҳ, унинг маънавий улуғлиги ва саъй-ҳаракатларидан ёруғ оламга кўп наф етмоқда, – булар «Тарих»нинг асосий қисмида ёритилади, бу ердаги қисқа тасвирда эса мавзу доирасидагина тўхталамиз. Учинчиси – Хўб Нигор хоним, аввал айтиб ўтганимиздек, уни фақир банданинг отаси  билан никоҳ ришталари орқали боғлашган. Тўртинчиси – Султон Маҳмудхон, унинг ҳаётининг қисқача баёни кейинроқ келади. Бешинчиси – Султон Аҳмадхон, Олачахон номи билан машҳур, у ҳақда кейинроқ сўз юритамиз. Олтинчиси – Султон Нигор хоним, уни Султон Маҳмуд мирзо ибн Абусаид мирзога беришган, ундан Мирзохон исмли бир ўғил бўлган, бунинг ўғли Сулаймоншоҳ, ҳозир Бадахшонда подшоҳлик қилмоқда; еттинчиси – Давлат Султон хоним – Тошканд олинган пайтда у Шоҳибекхон ўғли Темур султон қўлига тушган, унинг ҳаёти кейин баён этилади.


Учинчи фасл. Султон Юнусхон хонлигининг тугаши, унинг фарзандлари, Султон Маҳмудхоннинг подшолиги ва ишларининг инқирозга кетиши баёни.


Юнусхон ҳукмронлигининг дастлабки даврида барча мўғуллар эски удумлари бўйича яшашар, кўчманчи ҳаёт кечиришар, шаҳарлардан қочишарди. Кўплаб мўғулларда мусулмончиликнинг номидан бўлак ҳеч бир белги йўқ эди, ҳатто номи ҳам йўқ эди, бундайларни барча вилоятларда бошқа кофирлар сингари қулларга айлантиришган, қулдек сотишган. Хон Эшон ҳазратларига бўйин эгиб, унинг хизматига кирганидан сўнг Эшон ҳазратлари барча қўшни мусулмон давлатлари подшоҳларига: «Биз Султон Юнусхонни кўрдик, бундай мусулмон одам подшоҳлик қиладиган халқни қулга айлантириш ножоиздир» деган мазмунда хат жўнатган. Шундан сўнг барча ислом мамлакатларида мўғулларни қул қилиб сотиш ва сотиб олиш бекор қилинди. Хуллас, мўғуллар мана шундай халқ бўлган.
Юнусхон шунга қарор қилдики, халқ вилоятларга ўрнашиб, ўтроқ ҳаёт кечирмаса, у мусулмончиликка ҳеч қачон мослаша олмайди. Шу фикрга таяниб, у ўзи хоҳлаган ишни амалга ошириш учун катта саъй-ҳаракатлар қилди. Бу орада хон мўғулларни Тошкандга олиб кета бошлаганида, бир гуруҳ бузғунчи мўғуллар унинг кичик ўғли Султон Аҳмадхонни олиб, Мўғулистонга қочиб кетишди ва ўша ёқда қолишди. Хон катта ўғли Султон Маҳмудхон ва қолган мўғул улуси билан бирга Тошкандга келди. Бу воқеаларнинг муфассал баёни вақтни кўп олади, уларнинг бу қисқа фаслда тасвирлаш бизни мақсаддан четлаштиради, шу сабабли уларни «Тарих»нинг асосий қисмида ёритамиз, иншооллоҳ.
Яратган Раббим Султон Юнусхонни ўз ҳузурига чақиргач, у жонини Яратганга, хонликни эса Султон Маҳмудхонга (Аллоҳ гўрини нурга тўлдирсин) топширди. Мўғулларнинг удумига кўра, Султон Маҳмудхонни хонлик тахтига, хоқонлик маснадига ўтқаздилар. Одатда, отадан қолган нарсанинг қадрига етмайдиган ворисларда бўлганидек, хон ҳам улуғ амирларга ёмон муносабатда бўлиб, отасига хизмат қилган амирларнинг кўпини йўқотди. Хонни ўзларига оғдириб олган пасткаш одамлар туфайли барча эски дўстлар четлаштирилиб, ўзларини янги дўстлар деб атаган эски душманлар шу қадар томир отишдики, Султон Маҳмудхоннинг уларга қарши курашишга, ҳатто ўз салтанатини сақлаб қолишга қурби етмай қолди. Бу ҳақдаги хабар Олачахоннинг қулоғига етиб боргач, гарчи ўзининг қўли остидаги Мўғулистонда ҳам исёнчилар ва бузғунчилар бўлиши ва уларни даф қилиши лозим бўлса-да, у ўз ўрнига катта ўғли Мансурхонни қолдириб, ўзи акаси ҳузурига жўнади. 907 (1501-1502) йилда хонлик осмонининг қуёши билан тўлин ой саодат буржида яқинлашиб, икки хон бир-бири билан кўришдилар. Бундан душманларнинг тубан кўнгли ларзага келди.
Кичик хон – Султон Аҳмадхон келишидан бир ярим йил олдин фақир банданинг онаси бу ўткинчи дунёдан абадиятга риҳлат қилди. Унинг олти фарзанди бўлиб, иккитаси кичиклигида нобуд бўлишган, тўрттаси қолган эди. Улардан ҳар бирининг ҳаёти алоҳида баён қилинади.
Каминанинг ҳаётимдаги энг ғаройиб воқеалардан бири шуки, кичкиналигимда бавосил билан жуда қаттиқ оғриган эканман, табиблар ҳатто тузалиб кетишимга ҳам гумон қилишган. Ота-онамнинг бунгача тўртта қиз фарзандлари бўлиб, жуда кўп азиз-авлиёларнинг мозорларига бош уриб, ўша даврдаги авлиё одамларга ялиниб-ёлвориб, меҳрибон Аллоҳдан ўғил сўрашган экан. Аллоҳ уларнинг илтижоларини эшитиб, мен фақирни берган экан. Шунинг учун ота-онам мени беҳад асраб-авайлашган. Касаллик зўрайгач, улар умид чироғи кўринган барча жойларга назр-ниёзлар қилишган ва ниҳоят, Мавлоно Муҳаммад Қози ҳазратларининг қадами шарифларини тавоф қилишадики, бу киши Убайдуллоҳ Эшон ҳазратларининг улуғ аҳбобларидан бири эди. Ҳазрат Эшон силсилалари шу кишига қолган эди. Ҳозирги кунда кўплаб халқларнинг Ҳазрат Эшоннинг (Аллоҳ сирларини муқаддас қилсин)  тасаввуф силсиласига издошликка мушарраф бўлганлари ҳам ана шу Мавлононинг ва аҳбобларининг хизматларидир
Мавлоно (Муҳаммад Қози) ҳазратлари ўз зотий олижанобликлари боис бизникига қадам ранжида қилдилар. Фақирни унинг Масиҳназар ҳузурига келтирганларида, у узоқ ўйга толиб қолади. У ташқарига чиққач, агар Мирзонинг ўғли шу аҳволда эканлигини билганимда, келмаган бўлардим, дейди. У ҳеч қандай дори-дармон буюрмайди, фақат парҳез буюради-да, кетади. Эртасига эрталаб, у хизматкорларидан бирини ота-онамнинг ҳузурига юборади ва: «Бор, Мирзо билан Хонимдан суюнчи ол – Меҳрибон Аллоҳ таоло уларнинг ўғлига ўз фазл-карамининг дорихонасидан саломатлик шарбатини ва ҳаёт насибасини берди» дейди. Бундай хушхабар ота-онамга етгач, улар дарҳол ҳазратнинг хонақоҳлари остонасига бориб, назр-ниёзларини бериб, дуо олиб келишади. Ўша куниёқ тузалиш белгилари пайдо бўлиб, мана ҳозиргача бавосил билан бирор марта оғримадим. Сир эмаски, бу ишда иккита каромат зоҳир бўлди, бири – дори ишлатмай соғайдим, иккинчиси – касаллик бирор марта қайталанмади. Булар чиндан ҳам Аллоҳнинг кароматларидир, негаки бавосил – бир умрлик касалликдир. Шундан бошлаб Мавлоно ҳазратлари бутун умри давомида бу фақир бандага ғамхўрлик қилдилар. Ҳар бир қилган ишлари ўз ўрнида баён қилинади.
Онам ҳаёт гавҳарини охират хазинасига топширган пайтда Султон Маҳмудхоннинг мулоҳазасизларча мадади билан Бухоро ва Самарқандни Шоҳибекхон истило қилиб, темурий султонлари, хусусан, Султон Маҳмудхоннинг жияни, унга худди ўғилдек бўлиб қолган Бобур Подшоҳ ҳам мағлуб бўлди. Бундан ташқари, Шоҳибекхон итоаткор дўстликни исён ва ғурур дабдабасига алмаштириб, ихтилоф ноғорасини ошкора чалишга ўтди.
Бу орада хоннинг бўшанглиги туфайли Умаршайх мирзо мулозимларидан Султон Аҳмад Танбал, гарчи у мўғул амирларидан бўлса-да, Андижондаги исёнга бошчилик қилиб, мухолифатнинг ўқини салтанат тарафига қараб ота бошлади. Унга қарши ҳар иккала хон қўзғалишди.
Султон Маҳмудхон ўз ўғли Султон Муҳаммад султонни Тошкандда ўз ўрнида душманларга қарши туриш учун қўйиб, отамни Ўратепада Шоҳибекхонга қарши туриш учун қўйган ва Шоҳибекхон бу икки лашкар орасидан ўтиб келолмайди, деб ўйлаган эди. Ҳолбуки, Шоҳибекхон бундай фурсатни ғанимат билди: «Ҳеч қачон бу икки хонни бундай оз лашкар билан тополмайман» деб, Самарқанддан лашкарлари билан Фарғонага юриш қилди, бу юришларда Ўратепа усти билан келди. Халқ уларни шаҳарни босиб олишга келди, деб гумон қилиб, шаҳарни бекитиб, уларга қарши курашишга тайёрланди. Шоҳибекхон аср намози пайтида шаҳар яқинига келиб тушди. Буюк осмон ёритқичи олам юзидан ўз ёрқин нурларини йиғиштириб олиб, одамлар кўзига тун қоронғулигини туширганида, у шошилинч йўлга тушди, қалъадаги халқ унинг қаёққа кетганини аниқлагунича у бир неча фарсах йўл босиб қўйди. Унинг Фарғонага кетгани аниқ бўлгач, ортидан кетма-кет хабарчилар юбориб, унинг бораётганини хонга билдиришди. Тошканд ва Ўратепа лашкарларига ҳаракат қилишга фурсат қолмади.
Хонларда бор-йўғи ўн беш минг киши бор эди, чунки ўтган йили улар Танбалга қарши урушиб, уларни яхшигина савалаган, шу билан унинг куч-қуввати ҳам, шон-шуҳрати ҳам қолмаган эди. Бундай аҳволда Танбал қочишни афзал кўради, деган ўйда улар ўзлари билан Бобур Подшоҳни бирга олишган, мақсадлари уни отасининг тахтига ўтқазиб, орқага қайтиш эди. Хонлар ҳали Андижонга етмай туриб, Танбалнинг акаси Шайх Боязид мустаҳкамлаб олган вилоят қалъаларидан бири Ахси қалъасига келишганда Танбал хонларга итоат қилди, шу сабабли улар ўша қалъа яқинида тўхташди. Шу пайтда Шоҳибекхон ўттиз минг яхши қуролланган лашкар ҳамда шаҳзодалар Кўчум султон, Суюнжик султон, Жонибек султон ва бошқалар билан етиб келди. Хонлар ҳам сафга тизилиб, жангга киришдилар. Душман лашкари ичида кўплаб тажрибали лашкарбошилар бўлгани ва лашкар сони хонлар лашкаридан анча ортиқлиги боис хонлар енгилди.
Мисра:
Илоҳо, дардмандга шикаст узра шикаст етмасин.
Хонларнинг отлари ҳолсизланиб, икковлари ҳам асир тушишди, Бобур Подшоҳ эса Фарғона жанубидаги тоғларга кетди.
Шоҳибекхон Тошкандни эгаллагач, илтифот кўрсатиб, хонларга енгиллик берди, гўё «мана мен сизларнинг мададларингиз билан ғалаба қозониб, сизларни асир олдим, аммо ўлдирмай, қўйиб юбордим» демоқчи бўлди. Шунда бир амалдор ҳақидаги ҳикоя эсга тушиб қолдики, бир ҳоким унинг мулкини мусодара қилади. Иш шу даражага бориб етадики, уни ҳар хил қийноқларга дучор қилишади. Бир мурувватли одамнинг унга раҳми келиб, уни солиқ йиғувчилар қўлидан мусодара баҳосида сотиб олади-да, уйига олиб бориб, унга турли меҳрибонликлар кўрсатади. Бир куни шу сотиб олинган одам ўғли билан у ёқдан бу ёқдан гаплашиб ўтиришганида  қутқариб олган одам (уй эгаси) эшик орқасида қулоқ солиб турган бўлади. «Бу жанобнинг бизга қилган яхшиликлари ва илтифотларини биз қандай қилиб худди шундай қайтара оламиз» деб сўрайди ўғли. Отаси эса, биз тағин амалга эришсак, бу осон бўлади, деб жавоб беради. Ўғли яна: «Бундай катта илтифотга қандай қилиб жавоб қайтарамиз?» деб сўрайди. Отаси: «Биз тағин амалдор бўлсак, бу жанобга катта солиқ соламиз ва уни солиқ ундирувчилар қўлига топшириб, мулкини мусодара қилишни буюрамиз. Аҳвол жуда оғирлашганда, биз ундаги бор нарсани оламиз-да, уни қолган солиқдан озод қиламиз, шу билан у биздан миннатдор бўлади» дейди.
Хуллас, хонларнинг қўлга тушгани хабари Тошкандга етгач, Султон Муҳаммад султон имкони бўлган ҳамма нарсани – аҳли аёли, одамлари ва мўғул улусини ўзи билан олиб, Мўғулистонга кетди. Менинг отам билан амаким ҳам қўлга илинган қимматбаҳо нарсаларни олиб, уларнинг орқасидан йўлга тушишди.
Хонларни қўлга олган вақтида Шоҳибекхон: «То шу вақтгача хонлар наслидан бир аёлга никоҳланишни илтимос қилиб келгандим, қабул бўлмади. Энди унинг бадалига уч аёлни никоҳ қилиб берасизлар» деб, хоннинг, бундан олдин Юнусхоннинг фарзандларини санаб ўтганимизда тилга олинган Давлат Султон хоним исмли энг кичик синглисини ўзининг ўғли Темур султонга никоҳлаб берди, яна хоннинг икки пок ва иффатлик қуёшсифат хонимларидан бирини ўзига ва бирини Жонибек султонга никоҳлади. Ўзига никоҳлаб олган хонимнинг исми Мўғулистонда Мўғулхоним номи билан танилган Ойша Султон хоним, Жонибек султон уйлангани эса Қутлуқ хоним эди. Уларнинг фарзандлари бор, улар ҳозир Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилишади. Хонлар ўзларининг асосий манзилгоҳлари бўлган Мўғулистонга келишгач, кичик хон касал бўлиб қолди, касаллик унинг ҳаётига якун ясади ва у хонлик тахтини тобутга алмаштирди ҳамда подшолик гулшанидан жаннат майсазорига равона бўлди. Бу воқеа 909 (1504) йилнинг охирида содир бўлди.
Фақир банда бир куни ўша мамлакатнинг отамерос шайхулисломи, чинакамига буюк ва табаррук инсон, кўплаб фазилатларнинг соҳиби Хожа Тожиддин Муҳаммаддан эшитган эдимки, у шундай деганди: «Хон касал ётган кунлари мен у билан ёлғиз қолганимда унга айтдимки, одамларнинг гапларига қараганда гўё Шоҳибекхон сизнинг овқатингизга заҳар қўшиб берганмиш, Хитойдан заҳарга қарши синовдан ўтган дори олиб келиб, сизни даволасам, деган фикрдаман, деган эдим». Хон: «Ҳа, Шоҳибекхон мени заҳарлади, бу заҳар шундан иборатки, Шоҳибекхон қуйи табақадан юқори табақага кўтарилди. У бизни, иккала ака-укани қўлга туширди, асир олди ва озод қилди, бундай шармандаликдан бутун танамни дард эгаллади. Агар мана шу заҳарга қарши тарёк бўлса, фойда қилган бўлар эди» деб жавоб берди.
Султон Аҳмадхоннинг ўн саккизта ўғли бўлиб, энг каттаси Мансурхон эди. 909 (1503-1504) йилдан то ҳозиргача, яъни 948 (1541-1542) йилгача у отасидан қолган вилоятда подшоҳлик қилмоқда. У билан боғлиқ воқеалар мана шу китобда баён қилинади. Иккинчиси – Искандар султон, отасидан кейин у ҳам ўз ажали билан вафот этиб, отасининг ортидан кетди. Учинчиси – Султон Саидхон. Унинг ҳаёти ҳали баён қилинади. Ушбу қисқа баённинг қаерида «хон» дейилса, Султон Саидхон кўзда тутилади. Тўртинчиси – Бобожоқ султон, ҳозиргача Мансурхон хизматидадир. Бешинчиси – Шайх Муҳаммад султон. 940 (1533-1534) йилдан кейинги зилзила пайтида унинг бир нечта фарзандлари ва хотинлари устига уй қулаб тушган. Олтинчиси – Султон Халил султон. Унинг ҳаётига тегишли айрим воқеалар Султон Саидхон зикрида тилга олинади. Еттинчиси – Эмин Хожа султон. Бу ҳақда ҳам Султон Саидхон зикрида тўхталамиз. Саккизинчиси – Чин Темур султон. У узоқ муддат Мансурхон хизматида бўлди, охири ундан қочиб кетиб, Султон Саидхон хизматига ўтди. Мансурхон уни қайтаришларини талаб қилди, тағин қочиб кетди. Ниҳоят у қочиб, Ҳиндистонга, Бобур Подшоҳ ёнига кетди.  У кўп хайрли ишлар қилди. Подшоҳ унга катта ҳурмат-эътибор кўрсатди. У ичбуруғ касалига йўлиқиб, Аграда вафот этди ва ўша ерга дафн қилинган. Тўққизинчиси – Юсун Темур султон, у ҳам акасига ўхшаб, икки хон ўртасида юришдан безор бўлиб, қозоқлар орасига қочиб кетди. У ёқдан Турон ва Эронга борди, кейин Бухорога Убайдуллоҳхон хизматига борди, ундан қочиб, Бобур Подшоҳ ҳузурига кетди, Подшоҳ шаҳзодага ҳурмат-эътибор кўрсатди. У ҳозир Ҳиндистонда. Ўнинчиси – Тўхта Буға султон. У ҳам Ҳиндистонга кетиб, ўз ажали билан ўлди ва акаси сафига қўшилиб, жаннатдан жой олди. Қолган саккизта ўғиллари гўдаклик пайтларида вафот этишган.
Султон Аҳмадхоннинг учта қизи бўлган. Биринчиси – Лаъл Шод хоним, унинг онаси қуллар тоифасидан бўлган. Гарчи у аслзодалар доирасига мансуб бўлмаса-да, уни амир Жабборбердининг ўғли Муҳаммад Амин мирзога беришган, у дўғлатлардан бўлиб, Олачахон салтанатида улар узлуксиз улусбеги бўлиб келишган. Иккинчиси – Моҳим хоним; уни Адик султоннинг ўғли Бўйлашхонга беришган. Учинчи қизини бу фақир бандага беришган эди, унинг зикри кейин келади. Тўртинчиси – Хадича Султон хоним. Султон Аҳмадхон вафот этгач, у Олачахоннинг қароргоҳи бўлган Оқсувни эгаллаган Абобакр мирзо қўлига тушган. Мирзо унга яхши муносабатда бўлиб, ўғли Жаҳонгир мирзога никоҳлаб берган. Жаҳонгир мирзо ўлдирилгач, уни Султон Маҳмудхон ўғли Султон Муҳаммад султон ўғли Шоҳ Муҳаммад султонга никоҳлаб беришган, бунинг баёни кейин келади, иншооллоҳ.


Тўртинчи фасл. Султон Маҳмудхон ва унинг ўғилларининг шаҳид бўлиши баёни.


Олачахон оламдан ўтгач, Султон Маҳмудхон укасининг ўғилларига унга тегишли халқлар ва вилоятларни Хитой чегарасидан тортиб Кошғар, Турфон, Жолис, Кунжи, Оқсув, Учгача бериб, ўзи эса унча-мунча қолган одамлари билан Мўғулистон чўлларига кетди. У беш йилни Мўғулистонда ўтказди, бу пайтда ҳеч бир муҳим воқеа содир бўлмади. Хоннинг ёруғ кунини қоронғи кечага айлантирган ўша пасткаш одамлар, сизга Шоҳибекхон мадад беради, деган фикрни хоннинг миясига сингдиришди, агар шундай қилмаса ҳам бизга бирор гўшадан жой берар, дейишди. Амаким (Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилсин) менга: «Бир куни Олачахоннинг ўлимидан кейин Оқсувда Султон Маҳмудхон мажлисида иштирок этдим. У менга қараб, Оқсувнинг подшоҳлигидан Тошканднинг хизматкорлиги афзал, деди. Мен, ҳа, афзал, агар сизга Тошкандда хизматкорликни беришса» дедим. Бу сўзлардан хон қаттиқ хафа бўлди. Атрофдаги пасткаш одамлар охири хонни Фарғонага олиб келишди. Бу хабар Шоҳибекхонга етган, бу пайтда у Тусдаги Родкон сайхонлигида эди. Шайбонийхон дарҳол одам жўнатди (ўша тарафда унинг одамлари бор эди). Хон  Хўжандга кетаётганда, улар хонни ва унинг бешта норасида фарзандини тутиб ўлдиришди. Уларнинг шаҳид бўлган йили «Лаби дарёи Хўжанд» (Хўжанд дарёси соҳили) сўзларида ифода этилиб, тарих бўлган. Бу воқеалар ҳали ёритилади.
Султон Маҳмудхоннинг олти ўғли бўлиб, бештаси отаси билан бирга шаҳид бўлишган, энг катта ўғли Султон Муҳаммад султон эди. Хон Шоҳибекхондан яхшилик кутиб Мўғулистондан жўнаган пайтда Султон Муҳаммад султон отасини бу йўлдан қайтаришга ҳарчанд уринмасин, хон бунга кўнмаган, шунда у отасидан ажралиб, Мўғулистонда қолган. Унинг бошига ҳам бахтсизликлар тушган, булар «Тарих»нинг асосий қисмида айтилади, иншооллоҳ.
Охири у Мўғулистонда қололмай, Дашти Қипчоққа, Бурундуқхон билан Қосимхон олдига равона бўлган. Унинг мулозимлари, эҳтимол Шоҳибекхон Султон Маҳмудхонга ҳомийлик қилгандир, деган умидда йўлни адаштириб уни Тошкандга олиб келишган ва ўзбек уни ҳам отасининг ёнига жаннат боғларига жўнатган. Ундан Шоҳ Муҳаммад султон исмли битта ўғил қолган, хон ҳаёти зикрида у ҳақда ҳам тўхталамиз.


Бешинчи фасл. Отам Мирзо Муҳаммад Ҳусайн кўрагон(Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин)нинг қолган ҳаёти баёни.


Хонлар Шоҳибекхон томонидан Ахсида қўлга олинган пайтда отам Ўратепада эди ва Шоҳибекхон орада бўлгани туфайли отамнинг хонлар билан кўришмоқлик имкони йўқ эди. У истар-истамас ноилож Қойир Тегинга жўнади. Бу пайтда Ҳисор, Қундуз ва Бадахшонда Султон Маҳмуд ибн Султон Абусаид мирзо амирларидан бири Хисравшоҳ ўтирган эди. Султон Маҳмуд мирзо вафотидан сўнг Хисравшоҳ унинг ўғли Султон Масъуд мирзонинг кўзини кўр қилди. Султон Маҳмуд мирзонинг ўғли Бойсунғур мирзо Самарқанддан қочганида, Хисравшоҳ унга одам юбориб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди ва: «Бунга сабаб менинг ўз ҳаётим учун қўрққаним бўлди, чунки Султон Масъуд мирзо мени ўлдирмоқчи бўлди. Энди эса, ўша гуноҳимни ювиш учун салтанат манфаати йўлида шундай ишлар қиламанки, лаънату таъналарга лойиқ қабиҳ ишлар қанчалик кўп бўлмасин, менинг яхши ишларим одамларнинг мақтовлари ва шукроналигига сабаб бўлади» деган гапларни айтди. У ана шундай алдовлар билан шунчалик ишонтирдики, Бойсунғур мирзо ҳам унга ишонди ва Хисравшоҳ фурсатни бой бермай, шундай фозил шаҳзодани худди ёй ўқидай камонга ўрнатиб, боқий дунёга қарата отди. Хисравшоҳ Султон Маҳмуд мирзонинг барча вилоятларини ўз тасарруфига олиб, ўзича ғурур осмонида уча бошлади. У ана шундай мустақиллик нашидасини суриб юрганида отам Қойир Тегинга йўл олган эди. Хисравшоҳ у билан учрашмоқчи бўлди, шунинг учун отам Ҳисорга борди, Хисравшоҳ эса, уни кутиб олиш учун Боғи Чинорга келди. У отамга беҳад иззат-икромлар кўрсатиб айтдики: «Сизнинг бу ерга қадам ранжида қилганингиз Аллоҳнинг иноятидир, негаки ҳозир Шоҳибекхон ғолиб бўлган пайтдир. У ҳозир Андижон ва Самарқанд тарафлардан хотиржам бўлиб, бу ўлкаларга кўз тикмоқда. Шу пайтгача биз ўзбеклар билан жанг қилмаганмиз, уларнинг жанг қилиш усулларини билмаймиз. Ҳар бир қавмнинг жангда бўлсин, оддий мулоқотда бўлсин, макон ва замонга қараб турлича одатлари бўладики, ўша одатни киши билиб олмагунча ўша қавмга қаршилик кўрсатиш осон бўлмайди. Сизлар улар билан қайта-қайта гоҳ жанг қилдинглар, гоҳ сулҳ туздинглар, ўрталарингда ғалаба ҳам бўлди, мағлубиятлар ҳам бўлди. Мана энди, сиз нимани маъқул топсангиз, бизга айтинг, биз шунга амал қиламиз. Бизнинг салтанатимизнинг мустаҳкамлиги сизнинг кучингизга боғлиқ бўлади. Агар келиша олсак, Султон Аҳмад мирзонинг қизи, менинг подшоҳзодам Султоним бегимни сизга тортиқ қиламиз, бу ўзаро ёрдам ва ишончнинг ҳақиқий кафолати бўлади». Мана шундай пуч сўзлардан у бутун бир қўрғон ясаб, шу йўл билан бу никоҳни муқаррар қилди. Тошканд ва Ўратепанинг олиниши асосан, саратонда юз берган, айтиб ўтилган ишлар эса, афтидан, мезон охирида бўлиб ўтган.
Бу орада Шоҳибекхоннинг бостириб келиши ҳақида хабар келиб қолди. Хисравшоҳнинг одамлари пароканда бўлиб кетишди – кимнинг қалъаси бўлса, бекиниб олди, кимда бўлмаса, тоққа, ғор ва дараларга яширинди. Хисравшоҳнинг одамлари тумтарақай бўлгач, отам ҳам Қойир Тегиннинг баланд тоғларига қочиб кетди. У тоғларда қиш жуда қаттиқ бўлади. Отам борган вақтда қор шунчалик кўп ёғдики, бир ойгача ҳаво очилмади. Қорнинг қалинлиги ўн икки қаричга етди. Уйларга ёки дараларга жойлашиб олган одамлар, ҳеч қаёққа чиқолмай қолишди.
Шоҳибекхон бу келишида Хисравшоҳни енгиш мақсади йўқ эди. У фақат, Хисравшоҳ унга қарши кураша оладими-йўқми, шуни билмоқчи эди. Бу вақтда у Хисравшоҳни яна шунинг учун ҳам безовта қилмадики, у қўлига қандай ўлжа тушса, бўридек тишлаб олди-ю кетди. У бу тарафларга янаги сафар келганида Хисравшоҳнинг одамларини бир сермашда пашшадек қириб юборишини биларди. Ўша қиш Хуросонни ҳам бир текшириб чиқмоқни хоҳлади.
Йиққан ўлжасини олиб у Балх тарафга жўнади. Балхнинг ҳокими Султон Қуличоқ бўлиб, у Султон Ҳусайн мирзо ўғли Бадиуззамон мирзо номидан ҳукмронлик қиларди. Шоҳибекхон Балхни қамал қилди ва қиш бўйи уни қамалда тутди. Хуросон халқи ҳарчанд уринмасин, унинг ёнига яқинлашиб, Балхни озод қилолмади.
Ўша қиш Шоҳибекхон Хисравшоҳ билан Хуросон халқини синов тарозисига қўйиб тушундики, уларнинг бирортаси ҳам ўзига тенг келолмас экан. Шоҳибекхон Балх қамали билан машғул бўлган пайтда, унинг Хисравшоҳга зарар етказмаслигини тушунишиб, Хисравшоҳнинг одамлари яна йиғилиб келишди ва унинг ишлари изга туша бошлади. У Шоҳибекхонга тинмай элчилар ва хатлар юбориб, ўша давр учун муҳим бўлган хабарларни етказиб турди. Шоҳибекхон ҳам ўзи хоҳлаган масалалар бўйича хат орқали ёки бошқа йўл билан жавоб қайтарди.
Хисравшоҳ қишда хавфсизлигидан кўнгли хотиржам бўлган пайтда, Қойир Тегинда катта қор тушгани ва одамлар ҳеч қаёққа жилолмай ётишгани ҳақида хабар келди. У ўша ёққа укаси Мир Вали бошчилигида йигирма минг кишини жўнатди. Қойир Тегиндагилар бу тарафдан ҳеч қандай хавф йўқлигига ишончлари комил эди, шунинг учун ҳар бир киши бир-биридан яқинми-узоқми, ўз жойида ўтирарди. Улар Хисравшоҳнинг лашкари келаётганидан хабар топишгач, имкон тополганлари дарҳол тўпланишди; беш юзтача одам тўпланиб, йўлни тўсишди. Қор шу даражада чуқур эдики, йўлдан чиқишнинг иложи йўқ эди; иккала тараф одамлари отдан тушиб, жанг қила кетишди. Жанг эрталабдан кечгача давом этди. Охири одамларда ўқ тугади, чунки ҳар иккала тарафдан отилган ўқ қор ичига кириб кетарди. Душман кўп эди, улар бири кетидан иккинчиси келиб, жангга киришарди. Ўқи тамом бўлган гуруҳ ўрнига бошқа гуруҳ келиб жанг қиларди. Бу тарафда бор-йўғи битта гуруҳ бўлиб, унинг ҳам ўқи тугаб, шом намози пайтида улар қочиб кетишди. Отамнинг амирларидан Боғбасар ўғлон, Хушрой кўкалдош ва яна бир қанчалари ўқ тегиб, ҳалок бўлишди. Отам олти киши билан Кошғар ва Андижон ўртасида жойлашган Фарғона вилоятининг шарқидаги тоғларга кетди. Ўша тоғларда чакрак деган элат яшайдики, улар ўша пайтда кўп сонли бўлиб, чорва моллари кўп бўлган. Кўп ўтмай Абобакр мирзо уларни қириб ташлаган.
Хисравшоҳ бизнинг бор кўчларимиз, хизматкору мулозимларимизни Қундузга кўчирди ва у ерда бир йилни ўтказдик.
Модомики гап шу ергача етган экан, энди Шоҳибекхон ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз, деб ўйлаймиз, акс ҳолда ҳикоямиз боғланмай қолади.


Олтинчи фасл. Шоҳибекхон ишларининг баёни.


Ўн саккиз минг оламни яратган Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўз олий иродаси билан бирор кимсани подшоҳлик тожи билан сарафроз қилмоқни лозим кўрса, унга ўз тенглари орасида имтиёз берса, бунинг сабабларини у шундай тўғрилайдики, ўша имтиёзга эришган одам учун бунга вазият ҳозирланиб, унинг атрофига жангчилар, жаҳондор ақл эгалари тўплана бошлашади. Бунинг аксича, унинг рақибини ғурур ва ёвузлик гирдобига мубтало қилади, барча зийрак одамларни кўр қилади, эшитувчи қулоқларни кар қилади, шу тариқа ота-бола ўртасида, оға-инилар ўртасида келишмовчилик бошланади. Бундай муқаддимадан мақсад қуйидагидир.
Шоҳибекхон – Шоҳ Будоғ султоннинг ўғли, бу эса Абулхайрхоннинг ўғлидир. Абулхайрхон вафотидан кейин ортида қолган унинг одамлари ўртасида қарама-қаршиликлар бошланиб, ҳар ким ҳар тарафга кетди. Барча аслзода, султонзода ва шаҳзодалар тумтарақай бўлиб кетишди, ҳолбуки, халқ уларнинг кучига ишонган эди.
Бунинг қисқа баёни бундай: Шоҳибекхон синиб, узоқ сарсонликлардан кейин ҳеч иложи қолмагач, Мовароуннаҳрга келди. Ўша пайтда бу ерда подшоҳлик навбати Султон Аҳмад мирзо ибн Султон Абусаид мирзога келган эди. Султон Аҳмад мирзо омадли подшоҳлардан эди, улуғ амирлар, обрў-эътиборли, эзгу ниятли давлат арбоблари унинг хизматида эдилар; улар бошқа ҳукмдорларни ҳам ўз хизматларига таклиф қилишарди. Шулар орасида Бухоро ҳокими амир Абдулали Тархон ҳам бор эди, Шоҳибекхон шунинг қўлида хизмат қила бошлади. Амир Абдулали уни ўз мулозимлари қаторига қўшди. Бундан бўлак шунга ўхшаш бир қанча султонлар ҳам унинг хизматини ихтиёр қилишди. Мана шундан ҳам Султон Аҳмад мирзонинг буюклиги ва куч-қудрати ҳақида хулоса чиқарса бўлади.
Султон Аҳмад мирзо ҳаётлигида Шоҳибекхон Абдулали Тархон мулозимлари қаторида бўлди. Султон Аҳмад мирзо билан Абдулали Тархон деярли бир вақтда Аллоҳга омонатларини топширишгач, Шоҳибекхон Туркистонга бориб, Султон Маҳмудхон эътиборини қозонишга уринди. Хон имкони борича ундан ёрдаму мададини аямади. Унинг кўмагида Шоҳибекхон Бухоро ва Самарқандни олди, унинг лашкари икки-уч юз кишидан эллик минг, эҳтимол, ҳатто олтмиш минг кишига етди. У Туркистонга кетганидан бошлаб, Султон Маҳмудхон ёрдамида унинг кучи ортиб бораверди, султонлару амирлардан энг саралари ва Абулхайрхондан қолган Дашти Қипчоқда тентираб юрган бошқа одамлар у қаерга борса, ўша ерда унга бирлашаверишди.
Шоҳибекхон Самарқанд ва Бухорони олгач, ўз ҳомийсини йўқотиш пайига тушди. Ҳомий (Султон Маҳмудхон) эса ўз ҳимоясидаги кимса (Шайбонийхон) олдида ночор аҳволда қолди. Бунинг хабари Олачахонга етгач, у Мўғулистондан акасига мадад бериш учун келди. Шоҳибекхон қандай қилиб хонни асирга олгани ва қўйиб юборгани бундан олдин қисқача баён қилинган эди. У хон лашкаридаги одамлардан қўлидан келганча ажратиб олди, ўзбек лашкарига ўттиз минг мўғул қўшилди.
Мисра:
Гул бўлди-ю ҳам сабза жилвагар бўлди.
Шоҳибекхон Тошканддан қайтиб, Самарқандда тўхтамай Ҳисорга Балх қамалига кетди, бу ҳақда айтиб ўтилган эди. 909 (1503-1504) йил қишини Балх қамалида ўтказиб, эрта баҳорда Самарқандга келди ва икки ойни Самарқанд яйловларида ўтказиб, кейин мамлакатларни эгаллаш жиловини Андижон тарафга бурди.
Биринчи йил у хонларни – Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхонни асир олди, Танбал ва Андижон билан шуғулланмади, чунки унинг учун энг муҳими Тошканд ишини бир ёқлик қилиш эди. Шу билан бирга, Шайх Боязид ҳали Тошканд олинмай туриб, Шоҳибекхонга ёқиш учун турли йўллар билан ўз мулозаматини намойиш қилиб, дарҳол кутиб олишга чиқди. У Танбал номидан ҳам шароит тақозоси билан мулозаматлар қилди. Ўша йили Шоҳибекхон хон шу билан қаноатланиб, орқасига қайтди. У Тошканддан ва мўғуллардан кўнгли тўқ бўлгач, ҳисорлик ва хуросонликларни кўзлади. Энг аввало Андижонни ва Танбални қўлга олиб, хотиржам Ҳисор ва Хисравшоҳни олиш учун жўнамоқчи бўлдики, бу Хуросонга ўтиш йўлининг бошланиши бўларди.
Шоҳибекхон Фарғона вилоятининг муҳим шаҳарларидан бири Марғилонга етиб келганда, Танбал Фарғонанинг барча қалъаларини ташлаб, бутун кучини Андижон қалъасига қаратди. Бунинг хабари Шоҳибекхонга етгач, у ўз одамлари билан маслаҳат қилди, мулоҳазали одамлар айтишдики, унинг кучларини фақат бир жойга қаратгани бизнинг ишимизни осонлаштиради. Улар дарҳол йўлга тушишди, Танбал қалъада ўтираверади, деб ўйлашди.  Шоҳибекхон режага мувофиқ шаҳарни ўзи қамал қилди, қолган одамлари эса Андижон атрофига ҳужум қилиб, уларни талаб, қалъаларини босиб олиш, қалъани бузиб, одамларини ўлдириб қайтиб келишлари керак эди. Келгуси йили келиб, уларни бутунлай йўқ қилмоқчи бўлишди. Аммо башорат қўли Танбалнинг ёқасидан олиб, олдинга етаклади. Шундай қилиб, у Андижон қалъасидан очиқ майдонда жанг қилиш ниятида чиқди. Танбал ўн минг одами билан чиқди. Шоҳибекхон келганида, лашкарнинг кўплигидан Танбал одамларининг кўзлари қамашди. Улар қалъага қайтиб киргунларига қадар кўплари ўткир қилич тиғидан Аллоҳ ҳузурига жўнадилар. Танбал эса акаси билан енгилиб, қочишди ва қалъага бекинишди. Ўша йили фақат вилоятни вайрон қилиб, бу билан келгуси йилги ишни енгиллатиш ниятида келишган эди, Танбал эса ўз қўли билан фалокатга йўлиқди. Янаги йилга қолдириладиган иш қирқ кун ичида ҳал бўлди. Шоҳибекхон камгина кишилар ўз жонлари учун қўрқиб қалъага яшириниб олишганини кўргач, у ишга янаям қаттиқ киришди ва қамални кучайтирди.
Қойир Тегин тор-мор қилингач, отам у ердан чакрак элати юртига кетган эди. Энг ҳайрон қоларлиси шуки, гарчи Танбал Шоҳибекхон келаётганини билса-да, Шоҳибекхон билан жангга тайёрланиш ўрнига, отамга қарши чакраклар устига юриш қилди. Чакраклар отам билан иттифоқ тузиб, Туруқшорон дарасида ўрнашиб олишди. Танбал келгач, қаторасига уч кун қаттиқ жанг бўлди. Отамдан шундай гапларни эшитган эдим: «Уч кун давомида юз ҳийла билан жонимни сақлаб қолдим, кеч бўлгач, Танбал тағин ҳужум қилса нима бўлади? – дея қаттиқ ўйга толдим. Барча ишга яроқли одамлар ўлган ёки ярадор бўлган, бошқа одам қолмаган. Эртага нима бўлади? Тонг отгач, биз қаттиқ қўрқув ичида тоғ тепасидан қараб, Танбалнинг лашкари тўда-тўда бўлиб шошилинч кетаётганини кўрдик. Беҳад қувониб кетдик. Биз дарҳол пастга ярадор бўлмаган, бўлса ҳам, яраси унча оғир бўлмаган бир неча одамни жўнатдик, улар бир одамни олиб келишди. У, ярим кечада бир одам Шоҳибекхоннинг Кандибодомга яқинлашгани хабарини олиб келганини, шу боисдан Танбал шошилиб кетиб қолганини айтиб берди. Бу хабардан бизга тағин жон кирди ва хурсанд бўлиб кетдик. Шу заҳотиёқ Шоҳибекхонга одам жўнатиб, тақдир тақозоси билан шу ерларда тентираб юрганимизни, хоннинг келганлиги хабарини эшитиб, қайтадан жонланганимизни билдирдик. Бизга нисбатан қандай фармон бўлса, биз бажарамиз, дедик. Бу элчи Андижон қамалининг иккинчи куни етиб борган, Шоҳибекхон уни тўхтатмай қабул қилган ва: «У биз томонга иложи борича тезроқ келсин, уни кўришни жуда-жуда истаймиз» деган. Эҳтимол бормаслигим керакмиди, қаттиқ қўрқардим, аммо бошқа иложим йўқ эди, ўз манфаатимни ўйлаб, яхшилик умидида йўлга тушдим. Хонни кўрганимда у менинг истиқболимга чиқиб, катта эъзоз-икромлар билан кутиб олиб кўп шоҳона илтифотлар кўрсатди, барча амир ва султонларига, Муҳаммад Ҳусайн кўрагон бизнинг меҳмонимиз, унга меҳмоннавозлик қилинглар, деб кўрсатма берди.
Андижон қамали давом этган ўша бир неча кун давомида барча амир ва султонлар бизни меҳмон қилишиб, ҳурмат-эътибор кўрсатишди. Қирқ биринчи куни тонгда Танбал қалъанинг бир минораси устига чиқиб қичқирди: «Ҳой мирзом, менинг хизматларимни, болалигимизни эсланг, айтинг, мен нима қилишим керак?». Танбал отамнинг кўкалдоши эди. Отам сўзида давом этди: «У менга нисбатан беҳисоб номаъқулчиликлар қилган, ўртамизда оғир хафачиликлар ётган бўлса-да, мен қаттиқ куйиндим. Иш қўлдан кетган эди, мен унга: «Нега сен қалъани маҳкамлаб олгансан, ахир ҳозир жанг пайти эмас-ку?» дедим. «Унда нима қилай?» деб сўради у. «Агар сен ўз ожизлигингга тан бериб, бу ёққа тушсанг, тўғри иш бўлади» дедим мен. Шу ерда Темур Султон ҳам бор эди. Танбал шу заҳоти ака-укалари билан пастга, саросимада яқин келиб, мени қучоқлади.
Унга ортиқ вақт беришмади, бир соатда ҳаммани тиғдан ўтказишди. Кейин қалъа дарвозаларини беркитиб, вақтни ўтказмай қалъани талаб, ўша вилоятни Жонибек Султонга бериб, қайтиб кетишди», дея ҳикоя қилган эди.
Отам Шоҳибекхонга ҳамроҳ бўлиб Самарқандга борди. Бир неча кун улар лашкарнинг қурол-аслаҳаларини тайёрлаб Хисравшоҳ устига қўшин тортишди. Улар Ҳисорга етишганда, Хисравшоҳ тарбия қилган одамларидан Шерам чуҳра исмли биттаси Ҳисор қалъасини маҳкамлаб олди. Шоҳибекхон шахсан ўзи қалъани қамал қилди. Бир неча кундан сўнг Шерам чуҳра омонлик тилаб, пастга тушди ва қалъани топширди. Хон, ўз ваъдасига вафо қилиб, Шерамга омонлик берди. Шерам бир муддат хон хизматида бўлиб, кейин ўз қавмига қўшилиб кетди, унинг кейинги аҳволи номаълум. Лекин қалъа қамали билан шахсан ўзи шуғулланган хон укаси Маҳмуд султонга лашкари ичидан ким кетишни хоҳласа, ўшани олиб Қундузга йўл олишни буюрди. Чунки Хисравшоҳ аллақачон Қундуз қалъасини турли озиқ-овқат ва хазина билан тўлдирган бўлиб, бутун оламга, мен йигирма йилга етгулик захира тўпладим, агар бу ерга келадиган ҳамма йўллар кесилса, мен қалъада йигирма йилни бемалол ўтказаман, деб жар солган. Йигирма йил ичида ким бору ким йўқ. У мана шундай мақтаниш билан овора бўлиб турганда Шоҳибекхон Ҳисорни қамал қилди, Маҳмуд султон Аму дарёсидан ўтиб келмоқда, деган хабар келди. Хисравшоҳ дарҳол қўлга илинган нарсани олиб, қолганини қолдириб, саросимаю таҳликага тушиб, тоғларда жон сақлаш умидида қочиб кетди.
Байт:
Сени бу қишлоқдан ҳайдамай туриб,
Юкинг юклаб жўна жуфтакни уриб.
Бир-икки кундан сўнг Маҳмуд султон Қундузга кириб келди, фақир банда ўз ука-сингилларим билан Қундузда эдик. Илгари баён қилинганидек, Хисравшоҳ отамни Султоним бегимга уйлантириб қўйган эди, ундан сўнг нима қилгани ҳам айтиб ўтилди, бизни эса Қундузга олиб келишди. Биз Қундузда бўлган кунларда Султоним бегим ўғил кўрди, отини Абдуллоҳ қўйдик. Унинг ҳаёти турли жойларда зикр қилинади.
Отам Маҳмуд султонга ҳамроҳлик қилиб келди, улар орасида катта яқинлик ва ўзаро ошнолик бор эди. Бунинг сабаби шу эдики, Шоҳибекхон ўз фаолиятининг дастлабки пайтида салтанатга тегишли барча масалаларда пала-партишликка йўл қўймас эди. Ҳар гал, бирор нарсани қўлга туширишга қулай фурсат топилса, уни қўлдан чиқармасди. Агар ўша иш унинг фойдасига ҳал бўлса – яхши, борди-ю акси бўлса, минг узрлар айтиб, сабабларни рўкач қиларди. Бунақа тўқнашувлар у ва Маҳмуд Султон ўрталарида кўп бўлган эди. Энг қизиғи шундаки, мабодо шундай ҳолат юз берса, Маҳмуд Султон унинг ошкора ҳийладан иборат узрларини қабул қиларди. Бунинг тафсилоти анча узун, булар «Тарих»нинг асосий қисмида баён қилинади. Ўшандай ишлардан бири будир: дўстлик ва ҳамжиҳатлик пайтларида Шоҳибекхон Туркистонда эди. Султон Маҳмудхон Танбал устига қўшин тортган эди. Нотўғри маслаҳат туфайли у уч кун йўл босгач, Султон Маҳмудхоннинг фикри ўзгариб, ортига қайтди, бу ҳақда «Тарих»нинг асосий қисмида зикр қилинган. Султон Маҳмудхон лашкарига сарҳад мавзеларидан тўпланган барча амирлар орқага қайтиб сарҳадда тўхташди.
Султон Маҳмудхон лашкарининг отлангани хабари Туркистонга, Шоҳибекхон қулоғига етди.
У дарҳол очкўзлик оёғини ғайрат узангисига қўйиб йўлга тушди ва шахсан ўзи Тошкандга томон юрди, Маҳмуд султонни эса, эски китобларда Исфижоб деб номланган Сайрамга жўнатди. Аммо йўлдаёқ у Султон Маҳмудхоннинг орқага қайтганини эшитиб, унга одам юбориб: «Ҳазратнинг одамлари бахт-иқбол жиловини гуноҳкор қул Танбалга қарши буришганини эшитиб, Тошканд ва ундаги аҳоли аҳли аёлларини муҳофаза қилиш учун бораётган эдим. Гарчи ундан бўлак душман бўлмаса-да, сизнинг пойтахтга, подшоҳлик тахтига қайтаётганингизни эшитиб, ортимга қайтдим» деган гапларни етказди. Шоҳибекхон Туркистонга кетди. Шунингдек, у Маҳмуд султонга ҳам чопар юбориб, у ҳам йўлда уруш-пуруш қилиб юрмай қайтсин, деб тайинлади. Бироқ ҳали чопар етиб келмасдан олдин Маҳмуд султон Сайрам холидир, деб ўйлаб, Сайрамга ҳужум қилди. Султон Маҳмудхоннинг буйруғи билан Сайрамда амир Аҳмад ҳокимлик қиларди. У  иторжи амирларидан бўлиб, Танбалнинг амакиси эди. У жиянининг акси ўлароқ Султон Маҳмудхонга жуда катта хизматлар кўрсатган эди. У Маҳмуд султонга қарши урушди, Маҳмуд султон енгилди. Амир Аҳмад уни тутиб олиб, қўл-оёғини занжирбанд қилиб Султон Маҳмудхон саройига олиб келди. Султон Маҳмудхон отамга киши юбориб, бу воқеани унга етказди. Отам бориб, унинг хунини сўради, хон унга илтифотлар кўрсатиб, қўйиб юборди. Қиссадан ҳисса шуки, Маҳмуд султон билан менинг отам ўртасидаги дўстлик ва ошнолик кучайди. У Маҳмуд султон билан бирга Қундузга келиб, ўзи билан бизни бутун оиламиз билан олиб, Шаҳрисабзга борди, у ерни Шоҳибекхон отамга иқта қилиб берган эди.
Балхдан қайтганидан бошлаб то ҳозир айтилган вақтгача орадан бир баҳор ўтди.
Қишнинг бошида Шоҳибекхон Хоразмга юриш қилмоқчи бўлди, отам эса Хуросонга қочиб кетди.
Агар шу ўринда Бобур Подшоҳ ва Султон Саидхонлар билан боғлиқ воқеалар баёнига қисқача тўхталмасак, бундан кейинги ҳикоямиз мазмуни уланмай қолади. Бу қисқа тасвирнинг тафсилотлари «Тарих»нинг асосий қисмида баён қилинади.


Еттинчи фасл. Бобур Подшоҳ (Аллоҳ унинг гуноҳларини кечирсин)нинг насл-насаби, унинг мўғул хоқонлари билан қариндошчилиги тавсифи ва фаолияти аввалининг қисқача баёни.


Гапнинг қисқаси, қадимдан чиғатой ва мўғуллар орасида катта адоват бўлган. Шу билан бирга, Амир Темур давридан то Султон Абусаид мирзо давригача тахтга Чингизхоннинг ўғли Чиғатойхон авлодидан кимнидир ўтқазишиб, уни подшоҳ деб аташган. Аслида улар подшоҳ фармонларидан маълум бўлишича фахрий маҳбус бўлишган. Султон Абусаид мирзо подшоҳлиги даврига келиб, бу тартибга барҳам берилди. У Шерозга одам юбориб, у ердан Юнусхонни олиб келтириб, уни Мўғулистонга укаси Эсан Буғахонга қарши юборди.
Юнусхоннинг Шерозга кетиши, Эсан Буғахоннинг хон бўлиши ва Султон Абусаид мирзонинг подшоҳлик қилиши тафсилотлари бу ихчам китобга сиғмайди.
Хуллас, Султон Абусаид мирзо Юнусхонга: «Ҳозир сиз ўзингизнинг аввалги хонлик одатларингизни ҳатто хаёлингизга ҳам яқин келтирманг, яъни шоҳ фармонлари ўз сулоласи номи билан зийнатланади. Энди бизнинг орамизда фақат дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм суради» деди.
Юнусхон ўттиз йиллик машаққатлардан сўнг Мўғулистонга келиб, Эсан Буғахон устидан ғолиб келди. Бунинг муфассал баёни Султон Саидхон ва Абобакр мирзо фаолияти ҳақидаги ҳикояда берилади.
Юнусхоннинг олижаноб қалби маълум даражада хотиржам бўлгач, у Яратганнинг азалий иродасига амал қилиб, яъни «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар» (4.86.) деган ояти карима мазмунидан келиб чиқиб, Султон Абусаид мирзо азалий адоватни янги дўстлик билан алмаштирди, биз эса шу дўстликни қариндошлик ришталари билан мустаҳкамлаймиз» деди. Султон Абусаид мирзонинг уч ўғлига – Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзо ва Умаршайх мирзога ўзининг уч қизи – ақлу ибода тенгсиз бўлган Меҳр Нигор хоним, Султон Нигор хоним ва Қутлуқ Нигор хонимни берди, булар ҳақида аввал тўхталган эдик.
Умаршайх мирзо подшоҳлик қиладиган Фарғона вилояти Мўғулистоннинг ёнгинасида жойлашган эди, шу сабабли Юнусхон бу мирзолардан кўпроқ Умаршайх мирзони ўзига яқин олар, уни ўз ўғилларидан кам кўрмас эди. Қачон хоҳласалар бир-бирлариникига боришар, борига қаноат қилишиб, ортиқча расмиятчиликларга йўл қўйишмасди. Бобур Подшоҳ туғилганида Юнусхонга хушхабарни етказиш учун одам жўнатди. Хон Мўғулистондан етиб келди ва улар анча муддат бирга бўлишди. Бобур Подшоҳнинг сочига қайчи уришганда ҳар бири буни байрамга айлантирган. Юнусхон билан Умаршайх мирзо дўстликлари шу қадар эдики, ҳеч қачон икки ҳукмдор орасида бунақаси бўлмаган.

Бобур Подшоҳнинг туғилиши ва унинг насл-насаби баёни.

Хуллас, Подшоҳ саккиз юз саксон саккизинчи йил муҳаррам ойининг олтинчи (1483 йилнинг 14 феврали) кунида таваллуд топди. Улуғбекнинг уламойи мутаҳҳирларидан бири – Мавлоно Мунир Марғиноний унинг туғилган йили тарихини «Шаши муҳаррам» (муҳаррам ойининг олтинчи куни) сўзларидан топди. Улар Ҳазрат Эшон Убайдуллоҳдан гўдакка исм қўйиб беришни сўрашди. У киши  Заҳириддин Муҳаммад исми билан мушарраф қилдилар. У пайтда чиғатойлар кўчманчи ҳаёт кечиришар, ўтроқ эмас эди, улар Заҳириддин Муҳаммадни айтишга қийналишарди, шу сабабли уни Бобур деб ҳам атардилар. Хутба ва ёрлиқларда уни «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» деб айтишди ва ёзишди. Аммо у кўпроқ Бобур Подшоҳ номи билан машҳурдир.
Насл-насаби: Умаршайх кўрагон ибн Султон Абусаид кўрагон ибн Султон Муҳаммад мирзо ибн Мироншоҳ мирзо ибн Амир Темур кўрагондир. Она томондан – Қутлуқ Нигор хоним Юнусхон қизи ибн Увайсхон ибн Шералихон ибн Муҳаммадхон ибн Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхондир.
У турли гўзал фазилатлар, мақтовга лойиқ сифатларга эга подшоҳ эди. Барча сифатлари ичида шижоат ва мурувватпешалиги устун келарди. Туркий шеъриятда Мир Алишердан кейин ҳеч ким унингчалик кўп ёзмаган. У туркийда ажойиб тотли девон тартиб берган. «Мубаййин» номли шеърий асар яратган – жуда фойдали китоб бўлиб, одамлар уни фиқҳ дастуруламали сифатида қабул қилишган. У «Туркий аруз»ни ёзганки, бундай етук асарни – туркий арузни унгача ҳеч ким битмаган. Ҳазрат Эшон (Хожа Убайдуллоҳ)нинг «Рисолаи волидия» асарини назмий таржима қилган.
Унинг «Вақоеъ» («Бобурнома») номида туркий тилдаги тарихий асари борки, у жуда аниқ, тушунарли, ширали, соф жонли тилда битилган. Ундан айрим парчалар мазкур «Тарих»да ҳам келтирилади. Мусиқий ва бошқа санъатларда унинг хонадонида унгача бундай иқтидорли киши бўлмаган.
Унинг бошидан шундай ғаройиб воқеалар, ҳайратланарли саргузаштлар ва жанглар кечганки, унинг ўғилларидан бирортаси бундай воқеаларни бошдан кечирмаган. Отаси Умаршайх мирзо оламдан ўтганда у ўн икки ёшда эди. Бу ҳақда «Вақоеъ»да шундай моҳирона сатрлар битилганки, улар туркийда бўлса-да, бу ерда келтирамиз: «Душанба куни рамазон ойининг тўртида Умаршайх мирзо кабутархонадин кабутар бирла учуб, шунқор бўлди. Ўттуз тўққуз яшар эрди». Бу воқеа 899 (8 июн 1494) йилда содир бўлди, Бобур ўшанда отасининг ўлимидан сўнг ўн икки ёшида тахтга чиққан эди.
Султон Маҳмуд мирзонинг ўғиллари Бойсунғур мирзо билан Султон Али мирзо ўртасида шундай тўқнашувлар бўлдики, Самарқандни ҳимоя қилишга икковидаям куч қолмади. Бунинг хабари Андижонга етгач, Бобур Подшоҳ Самарқандга қараб юрди. Гарчи мирзолар кучсизланиб қолишган бўлса-да, унга қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Охири Бойсунғур мирзо дош беролмай, шаҳарни ташлаб, Ҳисорга кетди ва у ерда Хисравшоҳ томонидан ўлдирилди, бунинг қисқача баёни эслатилган эди. Бобур Подшоҳ Самарқандни олди, Андижон лашкарини имкон борича Самарқандда олиб қолди, қолган қисми рухсат олиб-олмай Андижонга кетди.
Номи илгари эслатилган Танбал Андижонга келибоқ, бир қанча амирлар билан келишиб, Бобур Подшоҳнинг укаси Жаҳонгир мирзони подшоҳ қилиб кўтарди. Улар бегуноҳ Андижон қозиси (Мавлоно Хожа Абдулло)ни ўлдиришди. У салтанат ишларини изга туширишда Подшоҳга катта ёрдамлар қилган, беҳад тақводор мўмин инсон эди. Қози ўлдирилмасдан олдинроқ (Аллоҳ уни раҳматига олсин) Подшоҳнинг яқинлари қисқа муддатда қалъани мустаҳкамлаб олишди ва Бобурга хатлар жўнатиб: «Иложи борича тезроқ бизнинг додимизга етмасангиз, Андижондаги ишлар сўзсиз барбод бўлади, унда аниқки, Самарқанддаги ишлар ҳам инқирозга учрайди», деб унга таҳликали мурожаат қилишди.
Хат Подшоҳга етиб боргач, у Самарқандни ташлаб, Андижонга йўл олди.  Хўжандга етганда, хабар келдики, душманлар ўз ишларини қилиб бўлишган. «Бу ёқдан ҳайдалган, у ёққа етолмаган» Подшоҳ саросимада қолиб, тоғаси Султон Маҳмудхондан мадад сўради.
Шу пайтда ўғли ва синглиси, яъни мен фақир банданинг онаси ёнига Подшоҳнинг онаси ва бувиси Эсан Давлатбегим келишди. Шу муносабат билан Подшоҳ бизнинг вилоят (Ўратепа)да ҳам турди ва азиз меҳмонлар учун мезбонлар қўлларидан келганча ҳаракат қилдилар.
Иккинчи марта жуда катта қийинчиликлар ва қатор мағлубияту ғалабалар билан Бобур Подшоҳ Самарқандни ўз тасарруфига олди. Самарқандни ҳимоя қилиш мақсадида у Самарқандга талабгорлар билан кўп жанг қилди, мағлубият ва ғалаба нималигини синаб кўрди. Иш шаҳарда қамалда қолишгача борди. Охири Бобур Подшоҳнинг тоқати тоқ бўлиб, Шоҳибекхонга, аввал эслатиб ўтганимиз опаси Хонзодабегимни бериб, сулҳ тузди-да, кетди, Самарқанд Шоҳибекхон қўлида қолди. Бу қисқа баённинг тафсилотлари ғоятда узун. Қисқаси, Самарқанд ҳақида ўйлашни бас қилиб, Бобур Подшоҳ яна ўз тоғалари ёнига қайтиб, Андижон ишлари билан машғул бўлди. Хонлар ҳам белларини оталик меҳр-муҳаббати билан боғлаб, Андижонни эгаллаб, уни Подшоҳга бериш учун саъй-ҳаракатлар қилишди. Иш айтиб ўтилганидек якун топди.
Охирги жангда хонлар Шоҳибекхон қўлига асир тушишди. Подшоҳ Фарғона жанубидаги тоғларга кетди ва кўплаб қийинчиликлар, машаққатларни бошдан кечирди. Подшоҳнинг онаси ҳам ҳамроҳ эди, Подшоҳ мулозимларининг кўпчилиги аҳли аёллари билан кўчмоқда эди. Мўминларнинг имоми, яхшиларнинг яхшиси, мусулмонларнинг амири Ҳазрат Али (Аллоҳ унинг юзини иймон нури билан ёритсин) бундай деган экан: «Ҳазрат Пайғамбаримизнинг сўзларига кўра «Сафар – дўзахнинг бир парчасидир».
Маккор фалакнинг зулмкорлигига кўра ҳар бир азиз ва гавҳар каби пок кишилар учун тайёрлаган жафокорлиги ва душманлиги, хорликка солишлари қанча бўлса, уларнинг ҳаммаси ана шу сафарда Бобур Подшоҳнинг ва унинг сафардошлари бошларига ёғилди. Ниҳоят улар саноқсиз азобу машаққатлар билан Хисравшоҳнинг пойтахти Ҳисор вилоятига етдилар. Хисравшоҳ одамгарчилиги билан машҳур эди. Бобур Подшоҳ ундан одамгарчилик ва мурувват кутган эди, лекин у фалакдек тескари айланиб, одамгарчилик юзини четга ўгириб, мурувватсизлик орқасини мурувватли зотнинг юзига тўғрилади. Ҳарқалай у бироз одамгарчилик қилди: уларнинг олдинга юришларига тўсқинлик қилмади. Ўта синиққан, хароб ва таҳликали ҳолатда қочиб, улар Ғури ва Бақлон тарафга ўтиб кетишди. Бу ерга етиб келишганда, уларнинг йўл юргудек қуввати, қадам ташлагудек ҳолатлари қолмаган эди, шу туфайли у ерда бир неча кун қолиб кетишди.
Мисра:
Гоҳида бахтсизлик охири бахт мевасин берар.
Гарчи у жойда тўхтаб турмоқлик уларга оғир туюлса-да, ҳарқалай бунда ҳамма нарсага қодир ҳокими мутлақнинг лутфи мужассам эдики, доноларнинг узоқни кўрадиган кўзлари буни кўрмасди.
Бу орада Шоҳибекхоннинг Ҳисорга тўсатдан бостириб келиши ва Маҳмуд султоннинг Қундузга ҳужуми шов-шуви Хисравшоҳнинг ғурури ҳамда ҳокимиятининг ичи бўш ноғораси гумбур-гумбурини ўчирди, бу ҳақда аввал ёзган эдик. Бобур Подшоҳнинг Ғурида эканлигини билмай у ҳам Ғурига йўл олди. Ҳали айтилган жойга борганида Бобур Подшоҳнинг Ғурида эканлиги маълум бўлди. Ўша кечасиёқ унинг хизматкору мулозимлари, амирдан шотирларигача катта-ю кичик ҳаммаси Подшоҳ томонга ўтиб кетишди. Хисравшоҳнинг Подшоҳ хизматига боришдан бўлак иложи қолмади. Ҳолбуки, у Подшоҳнинг амакиваччаси Султон Масъуд мирзонинг кўзига оламни қоронғу қилган, Масъуднинг укаси Бойсунғур мирзони тахтга ўтқазган заҳоти қайтариб тобутга тортган, Подшоҳ юқорида зикр қилинган аҳволда уни қора тортиб келганида, бемурувватлик қилиб, уни ҳайдаб юборишни буюрган эди.
Айни пайтда жабрланган мирзоларнинг укаси Мирзохоннинг ота-онаси билан Подшоҳнинг ота-онаси туғишган ака ва сингил эдилар, у ҳам оғир лаҳзаларда, унинг тоғда ўтказган машаққатли кунларида унга қўшилган, ҳозир ҳам унинг хизматида эди, Хисравшоҳ Подшоҳ саройига келгач, акалари учун Хисравшоҳдан қасос олишни Подшоҳдан сўради.
Табиатан мурувватли инсон бўлган Бобур Подшоҳ Мирзохонга мулойим оҳангда: «Афсус, минг афсуслар бўлсинки, мана шундай ҳурматли подшоҳларга шайтон маккорлигини қўллайди», деди. Бобур мурувват дурларини бағрикенглик зумрадига шунчалик ишқаладики, охири Мирзохон бир сўз демай рози бўлди. Хисравшоҳ Подшоҳ ва Мирзохоннинг уни шоҳона расм-қоида ва иззат-икром билан кутиб олишганини кўргач, ғаддор манглайини уят ва хижолат тери боса бошлади, Подшоҳ эса унинг терини афв этаги ва марҳамат енги билан артди. Қабул тугагач, Подшоҳ ўз одамларига Хисравшоҳнинг ҳамма нарсасини – чодирлари, бойликлари, отлари ва ҳоказоларини ундан қандай олишган бўлса, ўша ҳолатда қайтариб беришни буюрди. Гарчи Подшоҳ оиласида биргина от бўлиб, уни ҳам волидаи муҳтарамаси миниб келаётган, шунга кўра унда нарсаларга муҳтожлик бўлса-да, у Хисравшоҳ буюмларидан ҳеч нарса олмади, Хисравшоҳнинг ўзи унга совға сифатида бир нарсани ўша учрашув пайтида, ҳали нарсаларини қайтиб олмай туриб ваъда қилди, бутун қурол-аслаҳаларию хазинаси бекаму кўст қўлига теккач, ўша ваъда қилган нарсасини Подшоҳга берди.
Хуросонга кетишга рухсат олиб, Хисравшоҳ Подшоҳдан айрилиб кетди. Ҳайратланарлиси шуки, Хисравшоҳ шунча лашкарга эга бўлатуриб, ўз вилоятини ҳимоя қилмади ва Хуросондан озгина ёрдам олиб, Қундуз устига келди, муроди ҳосил бўлмай, шу ерда осонгина ўлим топди. Дарҳақиқат, ўз хожасининг ўғлини ўлдирган одам сўзсиз ҳалокатга йўлиқади. Энди Бобур Подшоҳга келсак, у бир кечада йигирма минг кишига эга бўлди. Боқи Чағониёний, Султон Аҳмад Қоровул, Боқи Тиллофуруш ва бошқа зўр қуролланган баҳодир амирлар Подшоҳ хизматига бел боғлашиб, у билан бирга Кобул устига юришди.
Кобулда Подшоҳнинг амакиси Улуғбек мирзо Кобулийдан кейин ҳокимиятни Зуннун Арғуннинг ўғли Муқим эгаллаган бўлиб, у Султон Ҳусайн мирзонинг мирзодаларидан эди. Подшоҳ Кобулга етиб келгач, Муқим унга қарши қўзғалди, аммо озроқ жанг қилиб чекинди ва қалъа ичига беркиниб олди. Охири қамалга тоқат қилолмай, омонлик сўраб, қалъани топширди. Подшоҳ ўз аҳдига вафо қилиб, унга бор-будини ва ўзига яқин кишиларни олиб, соғ-саломат Қандаҳорга кетишга рухсат берди. Ўша сана, яъни 909 (1503-1504) йилдан то ҳозирги 948 (1541-1542) йилгача Кобул Подшоҳ ва унинг тобелари қўлида бўлди. Бобур ҳақидаги ҳикоямиз шу ерда тўхтади.
Султон Саидхон ҳаёти воқеалари, отам ҳақидаги ҳикоялар, Хуросонга кетишининг сабаби ҳамда Бобур Подшоҳ ҳаётига алоқадор ундан сўнгги воқеалар кейинроқ баён қилинади. Бунгача хоннинг зафарли юришлари қисқача баён қилинган эди, энди эса унинг ҳаёти ва фаолияти давомида юз берган воқеалар бошдан-оёқ муфассал ҳикоя қилинади.

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин