Саналар
20.11.2017
Баннер
Мунтахаб ат-таворих (2)
PDF Босма E-mail

Шохмуродбий валинаъмининг Худоёрбий валинаъми билан Қароболиғ мавзеида урушгани зикри

Худоёрбий валинаъми бу хабарни эшитиб, Уратепадан катта қўшин билан бирга Самарқанд сари юзланди. Шахрисабздан Абдуллох додхоҳ ва Едгорбий Худоёрбий валинаъмига ёрдам бериш учун йўлга тушиб, унга қўшилдилар. Ҳар икки сохиби давлат бир неча масофаларни босиб ўтгач, Самарқандга тахминан тўрт фарсахлик ерда жойлашган Қароболиғ мавзесида иккита ғаним лашкарининг тўқнашуви рўй бериб, уруш олови чунонам аланга олдики, жон овловчи ўқ лочини ўз парини ўлим майдонида куйдирди, жавхар шамшир юзидан тернинг қон томчиларини оқизиб, хунхор
лашкарни унинг денгизига ғарқ қиларди. Маснавий:
Зи гарди сутурони хайли сипоҳ,
Бар рухсор зад парда хуршеду моҳ.
Рустаму сатурони сарсар шитоб,
Фитода ба нофи замин печу тоб.
Баромад чу аз кўси рўйин хурўш,
Ялон роздори устухони магз жўш.
(Мазмуни: Қўшин аҳлининг отлари чангидан,
Қуёш ила ой тортди юзига парда.
Рустаму елдек учар отлар ётишар,
Қулаб ер киндиги узра айқаш-уйқаш.
Қўргошин ногорадан чиққанда садо,
Баҳодирлар бўлишди эзилган мияга сирдош).
Уч кун шу зайл уруш қилишди. Уруш кунининг ўша тўқнашув бошланган чоғиданоқ Абдуллох додхоҳ ва Едгорбий мардлик намунасини кўрсатдилар. Нихоят ғалаба насими хеч бир томондан эсмади. Ноилож ўртага ярашув сўзини солиб, хар икки сохиби давлат ўз вилоятига қайтиб кетдилар. Фақир Худоёрбий валинаъмининг синглисидан бўлган жияни жаноб қиблагоҳим сай-йидлик паноҳи, нажиблик дастгохи эшон Султонхон Хўжа Ахрорий ва Едгорбий оғзидан хам бир неча марта эшитган эдимки, улар айтишича, ўша улуғ урушда Худоёрбий валинаъми томонидан қайта-қайта довюраклик намуналарини кўришган эканлар. Шулардан биттаси жанг айни қизиб турган пайтда рўй берган бўлиб, урушавериб толиққан бий отдан тушиб, бошини тиззасига қўйибди ва қаттиқ чарчоқдан шу захотиёқ уни уйқу элитибди. Айтишларича, Туркистон амирлари орасида шижоат ва уддабуронликда
Худоёрбий валинаъмига ўхшаш киши ўтмаган экан. Бобо парвоначи вокеаси зикри. Худоёрбийнинг ота бир, она бошқа иниси Бобо парвоначи бир неча вақтдан сўнг Ҳисор томонга йўналди. Бир неча масофани босиб ўтгач, манзилу мақсадга етиб, ул мамлакатларни эгаллади. Бир неча кундан сўнг хоин фалак унга бир неча кунлик хукумати шарбатидан татишга йўл бермай, ўша пайтда Аллаберди Тоз хужум қилиб, Ҳисори боло ва унга қарашли музофотларни ўз қўли остига киритди. Бобо парвоначини ушлаб, қамаб қўйди. Бир йилдан сўнг бир кечаси Бобо парвоначи оёғидаги занжирни синдириб, икки хизматкори билан бирга қочиб, шахардан ташқари чиққанлари паллада тонг ёришиб қолди ва хеч қаёққа бора олмай, ноилож, ўша ердаги қабристонга яширинишди. Қўриқчилар уйқудан уйғониб, кўзларини очиб қарашса, тўрдаги овлари тузоқдан қочиб кетибди. Қочоқлар изига тушиб, кўчама-кўча ўлжаларини ахтариб, изғий бошлашибди. Бу хабар бир зумда шаҳар бўйлаб ёйилибди. Аллаберди Тоз жарчи33 чақиртириб, ким амирлик панохини ушлаб келтирса, уни дунё матоҳларидан бой қиламан, дебди. Одамлар хар томонга югуришиб, қочганларни излашга тушибдилар. Буни қарангки, халиги гўристон умумий кўчага яқин бўлиб, бу холни англаган Бобо парвоначи ва икки мулозими «лохавла» деганча дағ-дағ қалтираб ўтиришдан бошқа чора топишмабди. Шу махал мушукка ўхшаш бир чол худди кутилмаган ўлим каби булар устига келиб қолибди. Қараса, учта фалокат босган неча бир ғаму хасрат билан ўтиришибди. Чол дархол буларнинг ўша худодан сўраб, ўзи излаб юрган ов эканини билибди ва уларни ушламоқчи бўлибди. Ҳамиятли ўспирин ва хайрли кечган тасодиф зикри. Шу орада ўн икки яшар жуда бир чиройли ўспирин отаси бўлмиш ўша чол ва қочоқлар ёнига етиб келиб «ота, булар кимлар?» деб сўрабди. Ҳалиги девбашара чол «ўғлим, булар сен билан менинг бахту давлатимиз сабабчилари, тез бўл, буларни хоким хузурига олиб борсак, дунё бойликларини қўлга киритамиз ва буёғига фаровон турмуш кечирамиз», дебди. Бобо парвоначи чол билан ўспирин ўртасида бўлиб ўтаётган бу сўзларни эшитиб, ширин жонидан бутунлай умидини узибди. Успирин анча ўйлангач. отасига қараб «Эй отажон, нима бало, димоғингизга молихулиё касали тушиб, ақлдан оздингизми? Бу нима бўлмағур гапларни айтиб, алахсиряпсиз? Асрлар давомида фалак айланиб, бу каби ишларни улуғ кишилар бошига кўп солиб келган ва яна ўтказиб юборган. Яшасин бундай номардлик — ахир уйимиз остонасига бу каби улуғ зотлар бошига иш тушиб, панох истаб келишса-ю, биз эса уч кунлик ўткинчи дунё манфаатлари учун уларни ушлаб, қотили қўлига топширсак! Бундай хом хаёлнинг бахридан кечинг ва бўлмағур гапларни қўйинг», дебди. Чол боланинг гапига қулоқ осмабди ва тилини ёмон сўзларга чоғлаб, ўғлига қўпол гаплар айтибди. Мисраъ: Падар ки бадгухар аст, писар чи кунад (Ота ёмон зотли бўлса, ўғил нима қилсин); Аммо, бола ўз сўзидан қайтмабди. Ниҳоят, ота қараса, гаплари қовушмайди ва ўғил ота гапига кирадиган эмас. Ночор, ўғли юзидан ўта олмай ва унинг раъйига хам қараб, уйи томон кетибди. Фарзанд эса иккита адаб тиззаси билан Бобо парвоначи олдига чўккалабди ва дебди: «Мен Сиз жанобнинг амирлик ва давлат панохи парвоначи эканингизни билдим. Сиз учун бир эмас, юз бошим бўлса хам кечаман. Не хизмат бўлса, буюринг.» Мисраъ: Неки бикуни кун ки ба кори ту наояд (Яхшилик қилмоқчи бўлсанг қилавер, ишимга яраши шарт деб ўтирма); Бобо парвоначи ўспириндан бў гапларни эшитгач, боланинг елкасидан қучди ва боши-юзидан ўпганча пиқиллаб йиғлашга тушди. Сўнг: «Менинг манови мухримни олиб, карвонсаройга бор. Фалон хужрада соқоллари оқарган бир бемор ётибди. Мухрни унга кўрсат» деб, ўша кишидан яна кийим-кечак каби зарур нарсаларни олиб келишини хам тайинлади. Бола қабул бармоғини кўзига қўйиб, карвонсаройга қараб йўл олди. У ерга етгач эса истаган кишисини топди ва мухрни кўрсатди. Савдогарнинг кўзи мухрга тушгач, боланинг юзу кўзи ва пешонасидан ўпди. Тайинлаган нарсаларининг барчасини мухайё қилди ва бола билан хайрлашаркан «эй фарзанд, бир йилдан бери фақат шу иш учунгина ушбу масканда яшаб тургандим», деди. Бола парвоначи олдига етишгач, хуфтондан сўнг йўлга тушишди ва тилларидан «овора-ю, дарбадар бўлиш қандай яхши, агар сен каби яхши хамрох бўлса» қабилидаги сўзлар жорий бўлди. Аммо, йўлда боланинг оёқлари қавариб, пиёда юришга мажол етмай қолди. Ҳар учаласи навбатма-навбат болани елкаларида кўтариб кетишди. Уша кечаси тонг отгунча неча бир қийинчилик ва машаққат билан бир кўл қирғоғига етдилар. Кўл қамишларининг боши фалакка етса-да, бироқ яширинадиган қулай жойи йўқ эди. Ноилож, нарсаларини бир жойга кўмиб, хар тўртовлон қип-яланғоч холда кўл ичига тушдилар. Кетларидан таъқиб қилаётган аскарлар анчадан сўнг шу ерга етиб келишди ва хаммаёқни излаб, қочоқлардан бирор из ва аломат топишмади. Тўртовлон эса сув ўртасида худди ўрдаклардек чўмганча ўша кун ва тунни шу қўрқинчли жойда неча бир азобу уқубатда ўтказдилар. Эртаси оқшом йўлга тушиб, тонг отгунга қадар чўлдан юришди. Анча йўл юргач, Сурхон дарёси қирғоғига етдилар. Бирор соат йўл чарчоқларини ёзиб, дам олгач, ўзлари учун қамишдан сол ясашди ва дарё томон юзланишди. Вафодор бола эса хайрлашиб, неча бир хасрату ғамда ўз уйи томон қайтиб кетди. Байт:

Вақти видои дўст, ба ҳангоми бозгашт,
Эй дида кош аз паси сар мешуди моро.
(Мазмуни: Дўст билан хайрлашиб, қайтиш маҳали,
Эй кўз, қанийди бошим орқасида бўлсанг).
Бобо парвоначи икки йўлдоши билан солга ўтириб, дарёда сузиб кета бошлашди. Бу дарёда «Ҳожи гирдоб» деб аталувчи бир гирдоб бўлиб, Мовароуннахрда бу гирдоб довруғи кенг ёйилган. Чунки, бирон кема ёки сол у ерга етгудай бўлса, осонликча қутулиб ўтиши даргумон. Буни қарангки, парвоначининг қамиш қайиғи хам ана шу гирдобга тушиб қолиб, қанча уринишмасин, солни сохилга олиб чиқиша олишмабди. Уч кеча-кундуз шу гирдобда сув оқизган томонга кетаверишибди. Нихоят, Аллох лутфидан қаттиқ шамол туриб, солни дарё қирғоғи томон суриб, гирдоб қўйнидан чиқарибди. Парвоначи бу бахту давлат шукронасини адо этиб, дарёнинг бошқа жойидан яна қайтиб сувга тушишибди. Шу зайл уч кун ўтгач, иттифоқан, Шерободнинг Худоёр Гаранг исмли мири дарё бўйида шикор қилиб юрган бўлиб, қараса, дарё ўртасида бир сол уч нафар киши билан оқиб келмоқда. Мирнинг кўнглидан буларни хохнахой дарё оқизган бўлса керак, шу сабабли ихтиёрсиз ўтирган кўйи келишмоқда, деган ўй ўтиб, шу фикр орқасида бир нечта кишисига қамиш қа-йиқни дарё қирғоғига судраб чиқишни буюрибди. Нотаниш кишилар дарё четига келгач, Шеробод мири парвоначини ўз олдига чорлабди ва хол-ахвол сўрабди. Парвоначи «мисраъ: Чи пурси мани бахт баргаштаро (Мен бахти қайтгандан нени сўрайсан); Биз учала мулло Кўлобдан келяпмиз. Илм олиш мақсадида Бухоро сари йўлга чиққанмиз», дебди. Мирнинг бу «толиби илм»-ларга рахми келиб, худо йўлига бир неча танга бахшида қилиб, кетишлари учун рухсат берибди. Бобо парвоначининг Бухоро амири кўлига тушгани. Буни қарангки, мазкур воқеалар рўй бермасдан бурун Худоёрбий валинаъми ва Бобо парвоначи олдига [Шоҳмуродбий номидан] элчилик расми билан борган бир киши хам шу мир ёнида бўлиб, сал нарироқда турган экан. Кўзи мир олдидан узоқлашаётган парвоначига тушиб, уни таниб қолибди ва фалакнинг бу ишидан хайратга тушиб, йиғлай бошлабди ва ўз мирига бу хақда гапириб берибди. Мир бу гапни эшитган захоти парвоначини бағрига босиб, узр сўрабди. Шу ондаёқ унга қимматбахо либослар кийгизиб, учқур отларга миндирганча ўзи билан бирга Шерободга олиб кетибди. Парвоначи у ғанимидан бу душмани қўлига тушганини англаб, бўйнини эгиб ва бошини қуйи солганча чор-ночор кетаверибди. Манови байт эса кўнглидан ўтибди, фард байт:
Ту коре кун ки бар домаш на афти,
Гар афтоди тапидан маслаҳат нест.
(Мазмуни: Бир илож қилгину тузогига тушма,
Агар тушсанг, типирчилаш бефойда).
Бу хабар Шохмуродбий қулоғига етибди ва парвоначини хузурига юборишларини буюрибди. Парвоначи шу зайл Бухоро тутқунлигида бир йил қолиб кетди. Худоёрбий валинаъми анчагина элчилар юбориб, икки орада хатлар алмашгач, неча бир хийла ва тадбир воситасида укасини Шохмуродбий қўлидан қутқариб олди. Парвоначи акаси хузурига етишгач, валинаъми унга Жиззах хокимлигини берди. Айтмишлар, байт:
Алминнатиллоҳ ки ранж кашидем,
Дидем турову зи ту ба мақсуд расидем.
(Мазмуни: Худога шукр, ранжлар тортдик, аммо,
Сени кўрдигу сен сабаб мақсадга етдик).
Худоёрбий ул халоскор мард ўғлоннинг мақтовли васфини укаси тилидан эшитиб, ғойибона равишда унинг ишқи ўқи амирлик панохининг дилидан жой олибди. Болага совға-салом тариқасида жуда кўп тухфа ва хадялар юборибди. Қанийди, тириклик чоғимда шу химмати юксак ўспиринни бир бора кўрсам, бошқа орзу-армоним қолмас эди, деб афсус ва надоматлар чекибди. Амир шу армон билан дунёдан ўтди. У вафот этгач, Бобо парвоначининг хукмронлиги даврида ул вафодор йигит ўзи қутқарган янги мир хузурига келди хам. Мир боланинг қўлига икки юз тилло инъом пули тутқазиб, кетишига рухсат берди. Аммо, мирнинг шунча давлати ва боланинг эса олийхимматлилик билан қилган бу қадар беқиёс яхшилиги билан таққослаб, холис бахо берганда, парвоначи ул олий химмат болага хеч нарса бермади хисоб бўлган. Бобо парвоначининг бўлмағур киликлари зикри. Бобо парвоначи ўта гўл ва лофчи бир мир сифатида хам ном қозониб ўтди. Унинг лофчилик ва сафсатагўйлик хислати бутун Мовароуннахр бўйлаб овоза бўлган эди. Бинобарин, ушбу сахифада шундан бир нечтасини битта сабаб билан ёздим. (Сабабини эса қуйироқда айтаман). Бир куни у қатнашаётган ўтиришда сўз мавзуси қиш совуғи ва қору ёмғирлар хақида бўлиб, парвоначи хам дебди: — Фалон йилиси шундай кўп қор ёғдики, ерга ёққан қор қалинлиги чиндан хам осмонга етди. Қушлар қор уюмлари устига чиқиб олиб, тумшуқлари билан юлдузларни чўқалаб ейишди. Келгуси йили эса Хўжандда пайтим худда ўшандай совуқ бўлиб, хаммаёқ муз билан қопланди. Бир махал кўзим бир итнинг иккита том оралиғида муаллақ турганига тушди. Кейин яхшилаб диққат қилсам, ит бечора томдан томга сакраётган пайти музлаб, олд оёқлари бир томда, орқа оёқлари иккинчи томда қотиб қолган экан.
Бир куни ўтиришда сўз ов хақида борибди. Шунда мир қуйидагича хикоя қилишга тушибди: — Бир куни Хўжандда ов қилиб юргандим. Шикордан сўнг бир жойга тушдик. Қарасак, ерга жуда кўп қозиқлар қоқилган экан. Маҳрамларнинг бариси отларини шу қозиқларга боғлашди. Эрталаб уйғониб қарасак, шунча отдан битта от хам йўқ. Бироздан сўнг одамларим отларни хар ер, хар ердан топиб келишди. Аммо, уларнинг хар бири ёнида биттадан турна қушлари хам бор ва қарасам, отларнинг арқонлари ўша турналарнинг бўйинларига боғланган. Кейин билишимизча, кечаси тунда қозиқ гумон қилиб, отларни турналарнинг бўйнига боғлаган эканмиз. Турналар эса отларимизни шу зайл хар тарафга етаклаб кетибди. Эртаси куни бедана овладик. Битта хеч тенги ва ўхшаши йўқ овчи лочинимиз бор эди. Бедана хаддан зиёд кўп бўлиб, лочинни битта бедана томон қўйиб юбордим, таппа босди. Аммо, шу ернинг ўзида яна бир бедана бор экан, учмоқчи бўлганида халиги лочиним унга хам ташланиб, яна бир чангали билан унисини хам ушлади. Тағин битта бедана хавога кўтарилмоқчи бўлди, уни эса тумшуғи билан ушлади. Буни қаранг, шу пайт яна бир бедана учмоқчи бўлганди, ушлаш учун хеч ери қолмаган лочин, «сени хам барибир ушлайман», деб юборса бўладими. Овдан сўнг бир ховлига қўш ташладик. Уй эгаси дарвозаси оғзига қопағон бир ит боғлаб қўйган экан. Мени тишламоқчи бўлиб, мен томон тўпилиб келди. Оғзига қараб шундай мушт солдимки, қўлим кетидан чиқди. Яна бир қўлим билан эса итни ётқизиб, оғзини бор кучим билан айириб, иккинчи қўлимни ичидан тортиб олдим.  Қўлимга илиниб ичак-човоқлари хам чиққан экан, шуларни осилтирганча ит ўрнидан туриб қочиб қолди. Парвоначининг яна бир хикояси: — Бир хароб ахволга тушиб, яғири чиққан отим бор эди. Мулозимларимга унинг яғири чиққан сағрисига лой суркаб, пода орасига қўйиб юборишларини буюрдим. Шундай қилишди. Уч ойдан сўнг сурувдаги отларни битта қолдирмай олиб келишди. Улар ичида халиги отим хам бўлиб, қарасам, сағрисида катта-катта тарвузлар осилиб турибди. Бундай ўйлаб кўрсам, ўша яғир жойига лой суркаганларида тупроқда ётган тарвуз тухумлари хам қорилган лой билан отнинг сағрисидан жой олган экан ва мана энди палак отиб, шунча катта тарвуз солибди.
Бунақа рангли ва ширали тарвузни умрим бино бўлиб сира хам еб кўрмаган эдим. Хуллас, юқоридаги каби савдойи ва бир қайнови гапларни парвоначи оғзидан кўп эшитишган. Ҳаммасини хам ёзиб тугатиш қийин. Бу келтирганларим бекорчи хикояларни хам қўлингиздаги китобда ёзаман деган фикр кўнглимда йўқ эди. Ҳали айтганимдай сабаби эса шунда бўлдики, каминанинг хусни нури қуёшни хам кўримсиз холга туширувчи гўзал бир суюклигим бор эди. Тасодифдан бир кечаси ўтиришда ушбу воқеалар хам тилга олинди ва ул пари чехра бу хикояларни хам китобингизда ёритинг, деб буюрди. Ноилож, сўзи ерда қолмасин деб ушбу битикда қайд этдим. Шунинг учун яна таъкидлашим лозимки, буларни келтириш орқали Бобо парвоначининг бундай бўлмағур гапларни айтишдан мақсади одамларни кулдириш бўлган, демоқчи эмасмиз. Мутлақо. Булар парвоначининг савдойи мижоз бўлиб қолгани сабабли айтиб юрган хикоялари бўлиб, унинг ўзи хам бу айтганларини айни хақиқат деб тушунган ва ишонч билан айтган. Тиббиёт китобларида ўқиганим бор: бу хам савдойилик касалининг бир хил кўриниши бўлиб, ақлга путур етгани ва мия қуввати заифлашганидан юзага келиб, кишининг хаёл кучи хар хил бўлмағур нарсаларни хам ростдек қабул қилаверади, бу касалга чалинган киши шунинг орқасида юқоридаги сингари бўлмағур хаёлий сўзларни айтишга мажбур бўлади. Айтишларича, Бобо парвоначи илгари бундай одам эмас экан, бу касалга икки марта қамоққа тушгандан сўнг йўлиққан. Алқисса, Шохмуродбий валинаъми Бухорога етгач, бир неча кун йўл хордиғини ёзиб дам олиб, давлат юмушлари ва халқнинг арзу додини сўраш ишлари билан машғул бўлди. Айтишларича, байт-ул-мол, яъни давлат хазинасидан ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун бир фулус хам харж қилмас экан. Кийим-кечак, еб-ичиш бўйича қандай чиқими бўлса, барчаси мамлакатдаги ғайридин ахолидан ундириладиган жизя солиғи хисобидан амалга ошаркан. Айтадиларки, бир гал Самарқандга келганида бир неча кун ўша вилоятда қолиб кетиб, сарфлайдиган харажат пули тугабди ва бисотида битта эски пўстиндан бўлак бирон нарсаси қолмабди. Ноилож, ўша пўстинини сотиш учун бозорга бердириб юборибди. Пўстиннинг харидори топилмабди. Нихоят, деярли текин бахода, аниқроғи, ярим дирхамга сотиб қайтишга мажбур бўлишибди. Сотиб олган харидор камбағал бир мулло киши бўлиб, эртаси куни пўстинни қайтариб олиб келиб, «пўстиннинг айби бор экан, савдони бекор қиламан, олмайман», дебди. Шоҳмуродбий валинаъми «нима айби бор экан?» деб сўрабди. Ҳалиги одам «бутун дунёнинг бити шу пўстиннинг ичига йиғилган экан. Кечаси танимда бир мисқол хам эт қолмаслигига сал қолди», дебди. Мулло бу пўстиннинг Шохмуродбийга тегишли эканидан хабари йўқ экан. Валинаъми роса қотиб кулибди ва нихоят иккаласи хам қози хузурида чўкка ўтириб, қози хукмини сўрашибди. Қози ярим танга арзон тушириб, пўстинни муллога сотиш бўйича қарор чиқармоқчи бўлибди. Аммо, мулло бунга кўнмабди ва «бу пўстиндан безор бўлганман, бир фулусга хам олмайман, пулимни қайтаринг», дея оёқ тираб олибди. Валинаъми эса олишини сўрайверибди. Чунки пўстиндан қўлга киритган кечаги икки тангани ишлатиб бўлган, ёнида муллога қайтариб бериш учун бошқа пули йўқ экан. Хуллас, анча тортишувлардан сўнг мулло рози бўлибди ва валинаъми можародан қутулибди. Айтишларича, Эрон юришидан қайтаётган махал бисотида бирон танга пул қолмаган бўлиб, Бухорога яқин ерда қорни очиқибди ва доимгидек, сўфийлар равиши бўйича, халолдан луқма ейишга одатланган валинаъми оёғидаги бир жуфт ковушини ечиб, баққолга берибди ва эвазига бирор егулик олиб, тановул қилибди. Бухорога эса оёғида ковушсиз кириб борибди. Шохмуродбийнинг ейдиган таомлари хам киши ейдиган даражада бўлмай, ўт-ўлан ва сут-қатиқ, сузма ва дуккаклиларнинг хаммасини бирга аралаштириб, аталага ўхшаш бир нима пиширтириб ер экан. Бошқа овқатларга қиё хам боқмас экан. Айтишларича, инилари унга нисбатан хоинлик йўлини тутибдилар ва акасини ўлдириш мақсадида икки нафар баттол номусулмонга кўп нарсалар ваъда қилиб, уларни аёллар қиёфасида Аркка юборибдилар. Ул таррор харомилар бир йўл билан харам ичкарисига кириб олишибди ва сарой ахли юриш-туришдан тинчигач, ул икки ит сийрат Шохмурод валинаъми ухлаб ётган жойга келиб, дуч келган ерига пичоқ ура бошлашибди ва шу зайл тани-баданини илма-тешик қилиб, яралашибди. Аммо, хазрати вожиби таолонинг ўзи қаровчи-ю, сақловчи бўлса ва қазо етмаган эса қилич хам иш бермайди, деганларидек, валинаъми тирик қолибди.
Ахир айтмишлар, байт:
Агар теги олам бижунбад зи жой,
Набурад раге то нахоҳад Худой.
(Мазмуни:
Агар бутун оламнинг қиличи чиқса қинидан,
Худо хоҳламаса битта томирни ҳам кеса олмас).
Қонхўрлар ишни битказган хисоблаб, топшириқ берган мирлар ёнига қайтиб келишибди ва Бухоро салтанати қўлга киргани билан табриклашибди. Мирлар эса «валинаъмининг боши қани?» дея сўрашибди. Жаллодлар «минг жонидан биттаси хам қутулмади, бошини сўраб нима қиласиз», дейишибди. Мирлар орасидан Султонмурод қўшбеги эса «буларнинг иши хом бўлиб чиқмаса гўрга эди» дея ташвиш билдирибди. Эндиги гапни саройдаги воқеалардан эшитинг. Ҳалиги қон-хўрлар валинаъми ишини бир ёқлик қилгач, мирлар олдига йўл олишибди. Кутилмаган бу ишдан сал ўтиб, харам канизаклари валинаъми ётган ўриндиққа келиб, уни бир дарё қонга беланиб ётган холда кўришибди ва барчаси хайратдан донг қотганча, сочларини юлиб, юзларини тирнаб, ёқаларини йиртишга тушибдилар. Бироздан сўнг яхшилаб текшириб кўришса, валинаъмининг жони борга ўхшабди ва йиғи-сиғини йиғиштириб, ғамлар шодликка айланибди. Бу туркий мисраъ шу холга мос келади: Чиқмаган жондин умид — ушбу масалдур машхур...; Бирор фурсатдан сўнг валинаъми кўзини очибди ва «душманлар менинг ишимни бир ёқлик қилишди, сизлар эса бир бало қилиб, мени пахтага ўранг ва ташқарига олиб чиқинг, одамлар менинг тириклигимни кўришсин, бўлмаса иш қўлдан чиқади», дебди. Канизлар буйруқни у айтгандай қилиб бажаришди ва тонг отгач, бу хабар бутун шахар бўйлаб ёйилди. Бу қабих ишни қилган инилар эса валинаъмининг соғ-омонлигини билиб, чуқур ўй гирдобига ботишди. Шохмуродбий укалари олдига одам юбориб, шундай деб айттирди: «Сизлар пасткаш бир дунё учун ундан хам пасткашроқ ишга қўл урдингиз. Аммо, биз бундай разилликни қилмаймиз, балки шафқат ва мархаматни афзал биламиз. Кўнглингизга бирон ёмон фикр ва гумон келиб ўтирмасин.» Укалари валинаъмининг бу сўзларини эшитгач, ўзларининг Бухорода қолишини ор-номус юзасидан эп кўрмай, Хар бири бир тарафга бош олиб кетишди. Чунончи, Султонмурод қўшбеги хаж иродасини қилиб,
йўлда оламдан ўтди. Махмудбий Хўқанд сари йўл олди. Шундан сўнг Афлотун табъли хакимлар валинаъмининг яраларини даволашга киришдилар. Оз кун
ичида муолажа ишлари мувофиқ тушиб, Аллох иродаси билан амир бутунлай шифо топди. Уша пайтлари Худоёрбий валинаъми бу борлиқ тупроқхонасидан этак йиғиштириб, охират йўли томон юзланди. Умри муддати эллик олти йил бўлди.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин