Саналар
20.11.2017
Баннер
Тарихи Рашидий (3)
PDF Босма E-mail

Ўн еттинчи фасл. Амир Қамариддин ҳаётининг баёни.

Айтиб ўтилганидек, амир Қамариддин ҳокимиятга интиларди. Ҳар бир амир иложи борича, унга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиларди. Шундай қилиб, караит уруғидан Кучра ва Ўзбак Темур Амир Темурга яқинлашиш йўлини қидирдилар, кейин тағин душманлик кўзи билан қарадилар. Амир Темур уларга қарши лашкар тортди, ўзи эса вилояти ҳудудида қолди, лашкар билан амир Баҳром жалойирни, Хитой баҳодирни ва Шайх Али баҳодирни жўнатди. Алмату чегарасига етишганда, Ойша Хотун дарёси бўйида караит уруғи одамлари билан жанг бўлди. Жангдан сўнг улар сулҳ тузишиб, Амир Темур қошига қайтишди; у бу сулҳни маъқулламади ва ўзи ўша тарафга жўнади. Бу воқеалар «Зафарнома»да шундай келтирилади: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳимматларнинг баландроғини маъқул кўради, пастроғини ёмон кўради, деган ҳикматга биноан Ҳазрат Соҳибқироннинг ҳимматлари шу қадар улуғ эдики, бирор ишни бошласа, охирига етказмагунча қўймас эдилар, бинобарин, жанг майдонини сулҳга алмаштириб, душманга нисбатан муросасозлик қилган амирлар хатти-ҳаракатини рад этди».
Назм:
Айёр тулки – ит агар жангдан товласа бўйин,
Шер билан сулҳ йўлини изласа: аниқ ўйин.
Шу боисдан Ҳазрат олийлари ўша ёққа жўнашга қатъий қарор қилди. Ҳамма ёққа лашкар тўплаш ҳақида фармонлар жўнатилди, ҳамма ёқда ғолиб аскарлар ҳаракатга келишди.
Назм:
Шоҳ қошида бўлди жам катта лашкар,
Ҳар бириси майдон кўрган, ҳам музаффар.
Сон-саноқда чўл қумидан улар кўпроқ,
Жангда улар душманқирар арслонсиёқ
Бир лашкарки, гулдуракли булутлардек,
Жанг пайтида ҳужумкордир бургутлардек.
Шу лашкарни бахтиёр шоҳ этди равон,
Саноғи: чўл қуми, дарахт баргисимон.
Лашкар тоғи жунбуш қилиб борар йўлда,
Қизғинлиги тоғни ўртар ўнгу сўлда.
Соҳибқироннинг ғолибона байроғи Сайрам ва Ёнги орқали эсон-омон ўтиб, Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в) табаррук оила ва авлодларига муҳаббати ҳамда эътиқодининг хосияти ва баракотидан каромат топиб шаҳарга кирди.
Душманлар Ҳазрат Соҳибқироннинг келганларидан хабар топган замон пароканда бўлиб қочишди. Ҳазрат олийлари кўп сонли лашкари билан душман ортидан Секиз Ёғочгача борди. Музаффар лашкар кўплаб асир ва сон-саноқсиз ўлжани қўлга киритди; Соҳибқирон лашкари ҳадсиз-ҳисобсиз ўлжаларни олиб Яратганнинг паноҳида қайтиб келди. Адун Кузи деган манзилда Ҳазрат Соҳибқироннинг неча марталаб лутфу эҳсонларидан баҳраманд бўлган амир Мусо ва Зинда Чашм яна қинғир ишларини бошладилар. Хизр Ясурийнинг ўғли Абу Исҳоқ билан аҳдлашиб, Ҳазрат Соҳибқирон Қаросмон деган манзилга етиб келган заҳоти уни ов маҳали ҳийла билан тутишга онт ичдилар – аммо ақл улар устидан кулди.
Назм:
Ёмонлик соғинма, забардаст арслон
Тулкига алданиб қолмас ҳеч қачон.
Хонзода Абулмаоли Термизий билан Шайх Абу Лайс Самарқандий Соҳибқиронга қаршилик қилиш учун аввалдан келишиб олишган бўлиб, улар билан иттифоқ тузишди. Кимдир буни билиб қолиб, Ҳазратга дарҳол етказди. Уларни тутиб келтирмоқлик буюрилди. Ҳаммасини тиз чўктириб, сўроқ қилинди ва уларнинг сотқинликлари фош бўлди.
Маҳди Олия Сароймулкхоним амир Мусонинг жияни бўлгани ҳамда поклик ва улуғлик пардасининг мастураси Акабеги унинг ўғлига унаштирилгани боис Ҳазрат Соҳибқирон унга: «Сен жиноят қилган бўлсанг-да, иккимизнинг орамизда қариндошлик риштаси бор, шунинг учун мен сени афв этаман» деди.
Назм:
Соқолинг оқию қондошлик ҳақи
Сенга тирикликка берилди ҳуқуқ.
Йўқса ушбу разил қилмишинг учун
Бошингни кесишга берардим буйруқ.
Хонзодага айтдики: «Сенинг насл-насабинг ҳазрати пайғамбаримиз (Аллоҳ уни ва бутун авлод-аждодини ўз раҳматига олсин)га бориб тақалгани туфайли  зинҳор-базинҳор ҳаётингга ёмонликнинг гарди тушишига йўл қўймайман. Агар ўзбошимчалигингни ташламайдиган бўлсанг, яхшиси бу вилоятдан чиқиб кетганинг маъқул». Шайх Абу Лайсга эса ҳажга кетишни буюрди. Хизр Ясурийнинг ўғли Абу Исҳоқ амир Сайфиддиннинг қайноғаси бўлганлигидан унинг илтимоси ва ён босиши туфайли у хавф-хатардан қутулиб қолди ҳамда у қилган жиноят излари хоннинг марҳамати билан ювиб юборилди.
Зинда Чашмни боғлаб, Самарқандга олиб бориш ва зиндонда сақлаш ҳақида қатъий буйруқ берилди.
Назм:
Ёв ўлик ё маҳбус бўлгани яхши,
Ва ёхуд бутунлай ўлгани яхши.
Зотан мустаҳкам тугунларни ечадиган ва тўғри йўлни кўрсатадиган зийрак ақл эгаларига аёнки, илонни қўйинда асрамоқ ва душманни дўст деб ҳисобламоқ ақлга тўғри келмайдиган ишдир.
Назм:
То тишлари синдирилмаса,
Тавба қилмас бўри ҳеч қачон.
Токи боши янчилмагунча
Заҳар солар албатта илон.
Ҳазрат Соҳибқирон ўз юрти Самарқандга қайтиб келгач, Шибурғон ҳокимлигини – Зинда Чашмнинг ўрнини Оқ  Буғанинг ўғли Баён Темурга берди.
Назм:
Шоҳнинг саодатин боқ, неларни ёрлиқ этар:
Подшоҳдан тортиб олиб, бандага тортиқ этар.


Ўн саккизинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Ҳазрат Соҳибқироннинг учинчи марта Мўғулистонга юришининг баёни.

Ҳижрий 776 йил шаъбон ойининг бошида пайшанба куни (5 январь 1375 йил) Ҳазрат Соҳибқирон қўшин жамлаб, икки олам сарварининг мададига суяниб, Мўғулистон сари юриш бошлади. Улар Работи Қатағонга келиб тушишганда тўсатдан қуёш қора булутлар ортига яширинди, ҳаво совуб кетди. Шоҳнинг олтин-кумушларни сочувчи қўлидан сабоқ олган булут ерга бетўхтов ёмғиру қорни тўка бошлади.
Назм:
Катта тушган бундайин қорни
Кўрмагандир инсон ҳеч қачон.
Қорни улкан бир одам десак,
Олам –  унинг оғзидаги нон.
Улкан тоғлар қорлар олдида
Пахтадаги бир чигитсимон.
Аёз шу қадар қаҳрига олдики, ҳар қандай баҳодир ҳам кучсиз бўлиб қолди, на олиш-беришга қўл қимирлайди, на борди-келдига оёқ жойидан жилади. Одамларнинг ҳатто отларга қарашга ҳам кучлари етмай қолди. Шу тахлит кўплаб одамлар ва отлар нобуд бўлди. Ҳазрат Соҳибқироннинг уларга раҳми келиб, у жойдан кетди.
У совуқ чекингунга қадар икки ой Самарқандда бўлди. Сичқон йилининг бошига тўғри келадиган шаввол ойининг биринчи куни, душанбада (20 март 1375 йил) қайтадан Мўғулистонга томон жўнади. Шаҳзода Жаҳонгирни ҳужумчи қисм сифатида олдинда жўнатди, Шайх Муҳаммад Баён сулдузни ва Баҳром жалойирнинг ўғли Одилшоҳни шаҳзода мулозимлари сафига қўшди. Ҳазрат Одилшоҳга отасининг ўлимидан кейин жалойир уруғини бошқариш вазифасини юклаган эди. Шаҳзода гуруҳи Сайрамдан ўтиб, Жорун манзилига етишганда, улар мўғулга мансуб битта одамни тутиб, Соҳибқирон қошига жўнатишди. Ўша одамдан дўғлат қавмидан Қамариддиннинг аҳволини суриштиришганда у: «Қамариддин ўз лашкарини йиғиб Кўктепа деган жойда Ҳожибекни кутиб турипти. Сизнинг лашкар тортиб келаётганингиздан хабари йўқ», деди.
Соҳибқирон ҳужумчи қисмнинг тўхтовсиз олдинга силжишини буюрди ва ўзи ҳам шошилинч уларнинг ортидан йўлга тушди. Қамариддин даҳшатли лашкарнинг хабарини эшитгач, у ерда ортиқ қололмади. Чиқиш қийин Аргашлар деган жойга яширинди. У ернинг учта чуқур унгури бўлиб, у ердан учта катта дарё оқиб ўтарди. Қамариддин лашкари билан икки унгурдан ўтиб, учинчисида тўхтади, кириш йўлларини бекитди ва соқчилар қўйди. Шаҳзода Жаҳонгир душманни асир олишга, мамлакатни забт этишга қодир лашкарини йиғиб, ноғораю карнай садоларини осмонга ўрлатиб, унинг устига ташланди. Баҳодирлар жунбушга келишди, ёйлардан ўқлар визиллаб учди. Шу тахлит улар ўз қудратларини намойиш қилгач, душман рўпарасида тўхташди. Ўқлар билан етиб келган хабар Қамариддин лашкарининг миясига ўрнашгач, лашкар кеча қоронғусида қочишга тушди, хуллас, эртасига у ерда мўғул лашкаридан бирон зот қолмади. Довюрак баҳодирлар уларнинг кетидан қувиб бориб кўпларини ер тишлатишди.
Тонг отганда Ҳазрат Соҳибқирон қолган лашкари билан етиб келди. У душман ортидан амир Саид Довуд, Ҳусайн ва Учқора баҳодирни жўнатди. Фармонга биноан, улар Ила дарёси оқими бўйлаб кетишди. Ҳусайн дарёга чўкиб, ҳаёт шами сўнди. Қолган беклар душман лашкарига етиб олиб, уларни тор-мор келтиришди, талашди, кўпгина ўлжалар, моллар тушди. Уларга эл бўлган ҳазораларни кўчириб, Самарқандга жўнатишди.
Ҳазрат Соҳибқирон душманга юзма-юз келиш мақсадида Пайтақ деган жойгача борди ва шаҳзода Жаҳонгирни бир гуруҳ ғолиб жангчилар билан амир Қамариддинни излаб топиб, қўлга олиш учун жўнатди. Фармонга биноан, шаҳзода лашкар билан бориб, Учфармон мавзеида ўрнашиб олган мўғул ҳазораларини яксон қилди. Қамариддиннинг тоғларда эканлигини билиб, унинг изига тушишди. Уни ўз қавмидан ажратиб ташлаб, барча манзил ва мавзеларни тор-мор қилишди ва амир Шамсиддиннинг хотини Туман Оғони ва уларнинг қизи Дилшод Оғони қўлга туширишди. Шаҳзода чопар орқали буларни Ҳазрат Соҳибқиронга хабар қилди. Ҳазрат Соҳибқирон эллик уч кун ўша жойда, яъни Пайтақда тўхтаб қолган эди. Бу қувончли хабар унинг муборак қулоғига етгач, у ердан жўнаб, Қорақасмоққа келди. Шаҳзода Жаҳонгир эсон-омон ўша жойга қайтиб келиб, ҳазрати олийларининг оёқларини ўпишга мушарраф бўлди. У шоҳга асирларни, ўлжа олинган от ва қўйларни тортиқ қилди. Дилшод Оғо Соҳибқирон гиламини ўпиш бахтига муяссар бўлди.
Назм:
Мудом дилшод бўлсин ул Соҳибқирон,
Унга каниз бўлсин Дилшоди замон.
Шаҳзода Жаҳонгир ёш бўлишига қарамай Ҳазрат Соҳибқирон қудратининг нури орқасида шундай катта ишларни қилишга эришди.
Назм:
Буюк Соҳибқирон шаъну шавкати:
Улуғвор ишларга унинг даъвати.
Ҳазрат Соҳибқирон у ердан жўнаб, Отбошига келиб тушди, кейин Арпаёзи чўлига йўл олди. У ерда бир неча кунни айш-ишрат билан ўтказди. Ҳазора амирларидан Ҳазратни беҳад қадрлайдиган Муборакшоҳ макрит Соҳибқирон шарафига катта тўю тантана уюштириб, ҳар йўл билан унинг кўнглини топишга уринди. Назм:
Ҳиммат камарини белга боғлади,
Улуғ ҳукмдорнинг кўнглин чоғлади.
Соҳибқирон ҳам унинг бу хизматига тарбият ва иноят кўзи билан боқиб, ушбу юришда ҳалок бўлган Ҳусайннинг мансаби ва мулкини унинг ўғли Худойдодга берди.


Ўн тўққизинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Соҳибқироннинг Дилшод Оғо билан бўлган дабдабали тўйи баёни.

Аллоҳ таоло демишки: «Сизлар учун никоҳи ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар» (4.3). Бинобарин, қодир Аллоҳнинг марҳамати билан кўп хотинлик раво бўлган экан, «Уйланинглар ва кўпайинглар» деган рағбатга амал қилиб, Яратганнинг фармони билан шу муборак манзилда Соҳибқиронга Дилшод Оғони никоҳлаб беришга жазм қилишди ва бу даргоҳ хизматкорлари тўй тадоригига киришдилар.
Назм:
Тузалди тўй базми ўта ҳашамдор,
Бу базмни буюрган ўзи ҳукмдор.
Ажойиб базмда кўриб бу чирой,
Суқланиб боқарди қуёш билан ой.
Бу кун унга бахту давлат эди ёр
Тамошо қилишга жуда сазовор.
Жаҳонгирга тўйнинг бу базми билан
Никоҳ қилдилар шоҳлар расми билан.
Назм:
Бу саодат базмида бўлмоқ учун инжусочар,
Гўё осмоннинг улкан жомига тўлмишди зар.
Барча шод-хуррамлик билан Ҳазратни муборакбод этдилар. Шодиёна давра ҳаммани, аслзодаю оддий фуқарони ҳам ўз бағрига чорларди. Айш-ишрат учун нима керак бўлса, ҳаммаси бисёр эди, кўнгил нимани тиласа, орзу нигоҳи қаёққа тушса, ҳаммаси муҳайё эди. 
Назм:
Ёшлик бутоғида баҳор жилваси
Кузнинг захасини кўрмаган гуллар.
Ширин сўз соқийлар лутфан узатган
Заррин қадаҳларга узалар қўллар.
Бир ёнда май тўла қадаҳ жаранги,
Бир ёнда шеър, қўшиқ, наво оҳанги.
Назм:
Юсуфчирой соқий чоҳга тушмайин,
Зуҳраю ой каби балқирди майин.
Чолғучилар қонун созини роҳат оҳангига созлаб, фароғат қўшиғини базмда ой салтанатидан Зуҳра қасрига етказишди:
Доимо бўлгай ул Соҳибқирон шод,
Кўнгли хуррам, ўзи – хуш, юрти – обод.
Тўй ўтгандан сўнг у ердан кўчиб Ясси довонидан ошиб, Ўзгандда тўхташди. Улуғ малика Қутлуғ Туркон Оғо ўз тобелари, нўёну амирлари билан Самарқанддан келиб, Соҳибқиронни кутиб олиб, ҳурмату эҳтиром бажо келтирдилар. Табрик ва туҳфалар расмини адо этиб, базмлар уюштиришди.
Улар Ўзганддан чиқиб, Хўжандга етишганда, Баҳром жалойирнинг ўғли Одилшоҳ хизмат камарини белига боғлаб, Соҳибқирон шарафига зиёфат берди, учқур отлар тортиқ қилди, кўринишдан унга астойдил ҳурмат кўрсатди, лекин дилида бошқа нарса эди. Зиёфат чоғида у хоинликни кўнглига туккан эди. Аммо Соҳибқиронни мудом Ҳақ таоло ўз инояти билан қўллагани боис у бу маккорликни ҳис этди, йиғиндаги вазиятни кузатиб, буларнинг тили бошқа, дили бошқа эканлигини сезгач, зиёфатдан чиқди-да, отига миниб, ўз қароргоҳига қайтди.
Ҳазрат олийлари Қамариддин сари йўл олган пайтда Шайх Муҳаммад сулдуз, Одилшоҳ жалойир ва Туркан арлотлар тил бириктириб, иложи бўлса Соҳибқиронни қўлга олишга келишиб қўйишган эди.
Назм:
Кимни паноҳида сақласа Худо,
Зарар етмас унга кимсадан асло.
Унга йўлбошчидир доим саодат,
Кимлар ҳасад қилса, ўртанар фақат.
Шу боисдан Ҳазрат Аллоҳнинг паноҳида эсон-омон қайтиб келди. Жангчиларни тарқатиб юборди, ўзи эса Қаршидан ғарбга томон икки манзил нарида жойлашган Занжирсаройга бориб, ўша ерда қишлашга қарор қилди. Шу қиш ичида Одилшоҳ Ҳазратнинг остонасини ўпишга келди. «Мана улар ўз гуноҳларини эътироф этдилар» (67.11) оятига мувофиқ тинчлик саройига келиб, ўз оғзи билан Соҳибқиронга ўша пайтдаги қинғир хаёлларига иқрор бўлди. Ҳазрат Соҳибқирон бу сўзларни эшитгач, ўз зукко ақлу тафаккури бирла буни таҳлил қилиб, ўзини ҳеч нарса эшитмаганга солди ва Одилшоҳга подшоҳона илтифотлар кўрсатди.
Қиш охирлаб баҳор ўз жамолини кўз-кўз қилганда, Хоразмга юриш қилиш учун сон-саноқсиз баҳодир лашкарлар Соҳибқирон қароргоҳига тўплансин, деган фармони олий бўлди. Барча нўён ва амирлар ўз лашкарлари билан теварак-атрофдан йиғилиб келишди.
Назм:
Шоҳона саройга йиғилди лашкар,
Лашкарки жанг кўрган баҳодир аксар.
Ҳазрат Соҳибқирон Шайх Муҳаммад сулдузни тутиб, унинг хоинлиги учун жазолашни буюрди. Сўроқдан сўнг унинг айби ошкор бўлди ва бахт қуёши сўниб, ҳаёт риштаси узилди. Уни Ҳармалик сулдузнинг акасига топширишди, у Шайх Муҳаммад сулдузнинг қариндоши бўлиб, унинг қиличидан ажал топган эди. У Шайх Муҳаммад сулдузга айни ўша ажал шарбатини ичириб, инисининг қасосини олди ва мана бу ҳикмат мағзини чақишга мажбур қилди: «Йил давомида нимани сотган бўлсанг, бир кун келиб ўзинг шуни сотиб оласан». Шунингдек, Соҳибқирон Боязид жалойирнинг икки ўғли – Али Дарвиш билан Муҳаммад Дарвишларни ҳам жазога тортди. Оят: «Биз фақат кофир бўлган кимсагагина мана шундай жазо берурмиз» (33.17). Баён сулдузнинг туманбегилик мансабини Оқтемур баҳодирга топширди.


Йигирманчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Ҳазрат Соҳибқироннинг Хоразмга учинчи бор юриши. Сор Буға, Одилшоҳ ва Баҳром жалойирлар исёни туфайли унинг йўлдан қайтиши баёни.

777 йил баҳор ойининг бошларида, яъни балиқ йилида (март 1376 йил), гуллар- чечаклар барқ уриб, бутун борлиқ уйғонган пайтда яшариш сардори, шаҳар, қалъа, боғу роғларни ҳимоя қилмоқ учун сабза лашкарини саҳро сари бурди.
Назм:
Баҳор султонининг сабза лашкари
Ҳукм ила ташланди дала-дашт сари.
Зардўз сабо сувни ғарқ этди зарга,
Гул-қалқону тикан – найза назарга.
Зафар нияти-ла азм этиб Хоразм,
Кўриб жанг майдонин тантана базм.
Ҳазрат Соҳибқирон ўз омадига ишонгани ва келажакни олдиндан кўра билгани учун Хоразм сари юрмоққа жазм этди. Жанг қилмоқлик мақсадини кўзлади. Самарқандни бошқармоқ учун у амир Оқ Буғани қолдирди, Сор Буға, Одилшоҳ жалойир, Хитой баҳодир, Элчи Буға ва бошқа ҳазора амирларини ўттиз минг отлиқ билан Мўғулистонга жўнатди ва уларга, нима қилиб бўлса ҳам Қамариддинни тутиб, топилган жойида ўлдиришни буюрди.
Назм:
Сувори лашкардан ўттиз минг номдор,
Жўнатди мўғулга қарши шаҳриёр.
Ўзи эса Яратганнинг паноҳи остида Хоразмга дабдаба билан кириб келди.
Назм:
Саноқда ҳисобсиз бир фотиҳ лашкар,
Ботирлик бобида бори музаффар.
Жанг-жадал ўрмонин йиртқич шерлари,
Жасур, жанг устаси, қиличвоз бари.
Жайҳун дарёси соҳилида Сепоя мавзеида ярим ой тамғаси босилган байроқ ҳилпираб тўртинчи осмоннинг бу мавзега ҳаваси келганда, дарёнинг нариги соҳилидан Туркон арлот ўз лашкари билан дабдабали қароргоҳга яқинлашди. Унинг умр манзили поёнига етгани боис қинғир ўй-фикрлар гирдобида тағин ўз юртига, Гурзавон тарафга қараб қочди. Ҳазрат Соҳибқирон унинг изидан бир гуруҳ одамларни қўшиб Пўлод баҳодирни жўнатди. Булар кечаю-кундуз уни қувиб, Андхунддан ўтиб, Форёб дарёси бўйига етиб олишди. Туркон ва унинг иниси Турмиш арлот ўз одамлари билан дарё соҳилида жанг қилдилар. Назм:
Ўта безбетлигин кўрсатди ғаним,
Шағоллар шерларга ташланган каби.
Йўлбарс кезар экан жанг майдонида,
Тулки тисарилар гезариб лаби.
Душман мағлубу пароканда бўлиб қочишга тушди. Ғолиб лашкар уларнинг ортидан қувиб кетди. Пўлод баҳодир бир ўзи Туркон арлотга етиб олди. Турконнинг оти чарчади; отдан тушиб, ўқ отиб Пўлоднинг отини қулатди. Пўлод ўрнидан туришга улгурмай Туркон унга қараб яна ўқ отди, аммо ўқи бошига зиён еткизмай телпагига тегиб ўтиб кетди. Пўлод жунбушга келиб, унга ташланди ва икковлари олиша кетишди. Ҳазрат Соҳибқирон иқболининг нурида Пўлод Турконни ерга босди. Назм:
Ғанимлик истаган бошни шу пайти,
Тиғ билан шарт кесиб, изига қайтди.
Омон Сарбадал унинг иниси изидан бориб, уни ҳам тутиб, ўлдирди. Назм:
Дарҳол бошин узиб инисин,
Икки бўлди унинг танасин.
Иккаласининг бошларини келтириб улуғ тахт пойига ташлашди. Дарҳақиқат, Ҳазрат Соҳибқироннинг шоҳлик остонаси давр мансабдорлари бошларининг сўнгги манзилгоҳи эди. Ўз оёғи билан келмаган ҳар қандай бош бошқанинг қўли билан келтириларди.
Ҳазрат Соҳибқирон Мўғулистонга юборган амирлар гуруҳи ичидан Сор Буға ва Одилшоҳлар Самарқанднинг холи эканлигини билиб, қинғир ишни кўнгилга тугишди ва Хитой баҳодир билан Элчи Буғани ушлашди. Ҳазрат Соҳибқирон Андижонда доруға мансабида қолдирган Ҳамид улар билан иттифоқ бўлди. Ўз уруғлари – жалойир ҳамда қипчоқларни тўплаб, Самарқандга жўнашди ҳамда шаҳар қалъасини эгаллашга киришишди. Шаҳар халқи тинимсиз ўқ отиб, буларни шаҳарга киришга қўймади.
Шаҳар ҳокими амир Оқ  Буға бўлган воқеаларни дарҳол чопарлар орқали Ҳазратга етказди. Дабдабали лашкар Қиётдан ўтиб, Хосга етиб келганда бу хабар шоҳнинг муборак қулоқларига етди ва у орқасига қайтди. Шаҳзода Жаҳонгирни у ҳужумчи қисм билан олдин жўнатиб, ўзи марказда уларнинг ортидан борди. Соҳибқирон Бухорога етиб келгач, лашкарини тартибга келтириб, Работи Маликда тўхтади. Шаҳзода душманга Карманада етиб олди. Иккала тараф ҳам саф тортиб, жангга киришдилар.
Назм:
Ноғоралар гумбурлаб замон қулоғи битар,
Кек-нафрат аждарҳоси сочарди ўтли заҳар.
Қиличларнинг дамидан лаълу инжу тўкилар,
Лаълу инжу нимаси?! Ҳаёт чоки сўкилар.
Шаҳзода Жаҳонгир «У зот нақадар яхши хожа ва нақадар яхши мададкордир» (22.78) оятида айтилганидек, мудом ўз лутфу иноятини ёғдириб турган Ҳақ таоло мадади остида – Илоҳо, ҳамиша шундай бўлсин – душманни енгди, душман қочиб, Дашти Қипчоқ сари йўл олди. Ўрусхон даргоҳидан паноҳ топиб, унга мулозим бўлишди. Улкан қудрат соҳиби Соҳибқирон эсон-омон салтанатига қайтиб келди ва жалойир улусини тарқатиб, амирлар ўртасида тақсимлаб юборди. Шаҳзода Умаршайхни Андижон ҳокими қилиб жўнатди.
Одилшоҳ билан Сор Буға Ўрусхонга хизмат қила бошлашди. Охири уларнинг табиатидаги бузуқлик қайтадан ҳаракатга келиб, Ўрусхон яйловга кетганида қочишни кўзлаб, хоннинг гумаштаси Учибий билан жанг қилишди, уни ўлдириб, у ердан қочиб, мўғул тарафига, Қамариддин ҳузурига боришди ва уни фитна-фасодга рағбатлантиришга киришишди.
Назм:
Ёмон ниятдандир манфур қилмишлар,
Кеку адовату исён қилишлар.


Йигирма биринчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Ҳазрат Соҳибқироннинг Мўғулистонга тўртинчи бор юриш қилиши баёни.

Сор Буға билан Одилшоҳ Қамариддинга қўшилгач, унинг табиатига хос эски душманлик оловига ўт қалаш пайида бўлишди. Қамариддин лашкар тортиб, ўшалар билан бирга Андижонга келди. Ҳазора қозоқлари шаҳзода Умаршайхдан юз ўгириб Қамариддинга қўшилишди. Тоғларга ўрнашиб олгач, шаҳзода Ҳазрат Соҳибқиронга Саман исмли бир кишини юбориб, душман катта лашкар билан келиб, Андижонни вайрон қилганини хабар қилди. Бу хабардан Ҳазратнинг ғазаб ўти аланга олиб, шошилинч йўлга тушди.
Қамариддин Ҳазратнинг келаётганини эшитиб, оёғи остидаги замин бўшашиб, тўхтовсиз ортга қайтди. Отбоши мавзеида аҳли аёли ва одамларини жўнатиб, ўзи тўрт мингта қуролланган отлиқ билан пистирмада турди. Ҳазрат Соҳибқирон ўша жойга етганда, Қамариддиннинг пистирмасидан бехабар душман изидан бутун лашкари билан амирларни жўнатди. Ўзи билан бир гуруҳ лашкарбошилар ҳамда беш мингта сара отлиқларни олиб қолди. Улар орасида амир Муаййад, Хитой баҳодир, Шайх Али баҳодир ва Оқ Темурлар бор эди. Хитой баҳодир, Шайх Али баҳодирлар жасурлик ва қаҳрамонлик кўрсатиб душманни тор-мор қилмоқ керак, дея куйиб-ёниб гапиришди. Улар ҳам душман изидан жўнашди, қолганлар ҳам уларга қўшилишди. Шу билан Ҳазрат Соҳибқирон ёнида икки юзга яқин аскар қолди, холос. Қулай фурсатни ғанимат билган Қамариддин тўрт мингта қилич яланғочлаган отлиқлари билан пистирмадан чиқиб, нафрат қиличини аёвсиз сермаб, Ҳазрат Соҳибқирон устига ташланди. Ҳазрат ҳеч бир ваҳимаю саросимага тушмай, одамларига далда берди ва қулоқлари остида: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган» (2.249) деган оят жаранглади ва юрагига ҳеч қандай қўрқув ва ҳаяжон йўламади. У муборак нафаси билан аскарларни шундай кўтаринкиликка чорладики, бундан ақлу фаҳм лол эди. Ғалаба ва омад лашкар сонига қараб қўлга киритилмайди, бу Маликул Ваҳҳобнинг иноятидан келади. Ҳеч иккиланмай жасурлик отига минмоқ керак»,  дея уларни руҳлантирди.
Назм:
Шундай дея у отига қамчи урди,
Бирубордан мадад тилаб жангга сурди.
Ишга солди гоҳ қиличу гурзи бот-бот,
Чавандоз-ла ташланарди тўрт томон от.
Ҳар ҳамлада бир гуруҳни қирар эди,
Нақ қонариқ кечиб жангда юрар эди.
Суворининг дуч келганин ағдарарди.
Ёв маркази томон дадил от сурарди.
Шундай қилиб назаркарда бу ҳукмрон
Қўлда гурзи, қилич, найза, сиртмоқ – арқон.
Янчиб, чопиб, санчиб ғаним сардорларин
Бошларию бўйин, қўлу оёқларин.
Ҳазрат Соҳибқирон ўзи довюраклик кўрсатиб, жангда бевосита иштирок этганлари ва шунчалик шижоат кўрсатганлари боис, бундай иш шубҳасиз Парвардигори оламнинг тарбияти билан бўлди, унинг жасур жангчилари ҳам сабот ва матонат кўрсатишди, натижада шу қадар кам сонли лашкар душманнинг тўрт минг номдор отлиқларини тор-мор келтириб, қочишга мажбур қилди.
Назм:    
Бундай ишлар ўз-ўзидан бўлмас зинҳор,
Доим Аллоҳ мададидан келур зафар.
Ҳазрат олийларининг аҳвол-руҳияти, у амалга оширган ҳайратомуз ишлар ҳақида чуқур тафаккур қилиб кўрсак, шунда у бузруквор эга ички ва ташқи куч-қудратнинг сабаби Ҳақ субҳаноҳу ва таоло берган қувват ҳосиласи эканлиги маълум бўлади. Чунончи, ўша куни Ҳазрат қўли билан қилинган ишлар ташқи мададнинг кўриниши бўлса, ички мададнинг кўринишларидан бири шу эдики; «Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик» (78.9) оятида айтилганидек туйғуларнинг дарчалари Аллоҳ амри билан ёпилиб, қаттиқ уйқуга кетганда пайғамбарликнинг қирқ жузвидан бири бўлган тушида Шайх Бурҳониддин Қилич (Аллоҳ уни раҳмат қилсин ва ундан рози бўлсин)нинг муборак жамолини кўрди. Соҳибқирон эҳтиром билан унга яқинлашиб, Самарқандда хаста ҳолида қолдирган шаҳзода Жаҳонгирни Аллоҳдан тилаб беришини сўради. Шайх: «Аллоҳ билан бўл» деди-ю, аммо ўғли ҳақида ҳеч нима демади. Соҳибқирон уйқудан уйғонганида билдики, иш у кутганидек якун топмайди. Кўнгли паришон бўлиб, ўзининг хос кишиси Йўл Қутлуғни хат билан Шангкўл деган жойдан шаҳзоданинг аҳволини билиб келишга юборди. У одам жўнаб кетгач, ўғли ҳақида тағин туш кўрди. Кўнглидаги бесаранжомлик кучайди. Амир ва мулозимларидан: «Мендан яширманглар, ўғлимга нима бўлган?» деб сўради. Улар тиз чўкиб, онт ичиб, биз Аллоҳнинг фақир бандалари шаҳзодага нима бўлганини билмаймиз, дейишди.
У дарҳол йўлга тушди. Секиз Ёғочда тағин Қамариддинга йўлиқишди, ўртада жанг бўлди. Қамариддин яна енгилиб, қочди. Амир Учқора уни изма-из қувиб кетди. Бир мунча йўл босишгач, Қамариддин саккизта навкари билан ортга бурилди. Уни ўраб олишиб отини ўқ билан йиқитишди, ўзини ҳам ярадор қилишди. Ва ниҳоят, у кўп азоб чекиб, пиёда қочди.
Пўлод баҳодир ўша жангда қўлидан яраланган эди. Аллоҳ иродаси билан ёнғин чиқиб, Пўлод баҳодир ёнғинни ўчирмоқчи бўлди ва кескин ҳаракатлар қилгани оқибатида яраси очилиб кетиб, ўша жойда ўлди.


Йигирма иккинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Шаҳзода Жаҳонгирнинг ўлими баёни.

Ҳазрат Соҳибқирон Отақумдан қайтиб, Сайҳун дарёсидан ўтиб, пойтахти Самарқандга келганида барча давлат аъёнлари, улуғлару донишманд кишилар унга пешвоз чиқдилар.
Назм:
Барчанинг кийими кўк ҳамда қаро,
Кўзларда қонли ёш ва мотамсаро.
Ҳамма тупроқ сочган бошига ўксиб,
Ёқа йиртган каби тирналган кўкси.
Барча тўпланган одамлар қора кийиб, сочларини юлиб, оҳу фиғон чекиб Ҳазратни кутиб олишди.
Назм:
Жаҳонгир мирзодан айрилдик, дариғ,
Йигит жони гулдек сўлди, во дариғ!
Ёки:
Навқирон гуллаган ёшида кетган
Улуғ шаҳзодани топамиз қайдан?...
деб фиғону нолаларини фалакка етказдилар. Буни кўрган Ҳазрат Соҳибқирон туши ўнгидан келганини тушунди.
Назм:
Фарзанд ўтганидан воқиф бўлди шоҳ,
Кўз олди зулматга чулғонди, эвоҳ.
Ювди кўз ёш юзин. Ўғилнинг ғами
Туфайли зимистон бўлди олами.
Ҳазрат Соҳибқироннинг қутлуғ қадами етганидан қувончу шодлик гулзорига айланиши керак бўлган бутун мамлакат энди қалбларни куйдирувчи, кўнгилларни ларзага солувчи воқеа даҳшатидан қайғу ва мотам пардасига чулғонган эди.
Назм:
Мотам тутди лашкар, амиру хослар,
Эгинларда қора ва кўк либослар.
Барча эл қақшади ушбу мотамда,
Юраклар қоврилди, куйди аламда.
Бу воқеадан Ҳазрат Соҳибқирон ғоятда ғамга ботди, тушкунликка тушди, негаки «Бизнинг зурриёдларимиз – бизнинг қалбларимиздир» деган нақл бор. Бироқ у зукко ақли билан фаҳмлар эдики, ҳар бир инсон дунёга келибдими, ортидан унинг фано офати ҳам бор, ҳеч бир махлуқот абадий яшамайди. Шу сабабли Соҳибқирон «Собирларга хушхабар беринг» (2.155) оятидаги кўрсатмани ўз қалб ярасига малҳам деб билди, зотан бошига ғам тушган бандаларга қарата Қуръони Каримда: «Албатта биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз» дейилган (2.156).
Раҳматли шаҳзоданинг руҳи покига атаб Ҳазрат хайру эҳсонлар қилди, бева бечораларга садақалар берди, обу ош тортди. Жасадини Шаҳрисабзга дафн этишди ва устига улкан мақбара қуришди.
Назм:
Қурдилар мақбара – улкан сағана
Уни безадилар ғоят шоҳона.
У бор-йўғи йигирма йил яшади, ундан икки ўғил қолди: Хонзодадан шаҳзода Муҳаммад Султон, Жаҳонгир мирзо вафотидан қирқ кун ўтгач, Илёс Ясурийнинг қизи Бахт Малик оғодан шаҳзода Пирмуҳаммад туғилган эди.
Шаҳзода 777, яъни балиқ йилида (1375-76) вафот этди. Бу бахтсиз ҳодиса туфайли амир Сайфиддин бу бебақо дунёдан кўнгли совуб, Соҳибқирондан ижозат ҳам олмасдан ҳаж сафарига кетди.


Йигирма учинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Соҳибқирон томонидан Қамариддинга қарши лашкар жўнатилишининг баёни.

Ўғлининг ўлими туфайли қайғуга ботган Ҳазрат Соҳибқирон подшолик ишлари ва ҳарбий юришлардан қўлини тортди.
Назм:
Вафо қилмагай ҳеч бебақо дунё,
Ҳайфдир унинг учун чекмоқлик жафо.
Биздан қолар токи бир ҳовуч тупроқ,
Не керак меҳр қўйиб, ўлиб-тирилмоқ.
Обрўли амирлар ва нўёнлар салтанат тахтининг пойида ҳозир бўлиб, Соҳибқиронга эъзоз-икромлар билан таъзим бажо келтириб, юкиниб, дуо билан тилларини сўзга очдиларки, Ҳақ субҳаноҳу ва таоло ёруғ оламнинг ишларини подшоларнинг вужудига жамламиш, оламни яратишдан мақсад инсонлар тинчлиги ва хотиржамлиги экан, Аллоҳ буни ҳам подшоҳларнинг адолат ва сиёсатига дахлдор қилгандир.
Назм:
Қинида турса гар подшоҳ ханжари
Изидан чиқади олам ишлари.
Султоннинг қиличин босса агар чанг,
Дин кўзгусин юзин қоплар аксар занг.
Шоҳ Аллоҳ таоло сояси мисол,
Жаҳон топгай ундан жамолу камол.
Дунёни ёритар шоҳ адолати,
Қуёш, ойдан юксак адл қиммати.
То малак фалакда қилар ибодат,
Яхшию ёмонлик фалакка одат.
Жаҳон хазинаси сенгадир сочқи,
Дунёнинг қаллиғи сенга юз очсин.
Ҳазратнинг мақсади Парвардигорнинг ризолиги ва хушнудлигига ноил бўлиш экан, бунга эришмоқликнинг энг тўғри йўли ўз қўли остидагиларга адолат қилиш, раият ва фақиру мискинлар ҳолидан воқиф бўлиш деб тушунарди. Зеро ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в) бир соат адолат билан сиёсат юргизмоқни олтмиш ё етмиш йиллик ибодатдан афзал деб билганлар.
Назм:
Адолат қил элингга, эй шаҳаншоҳ,
Расуллик эшигин қоқар одил шоҳ.
Ҳазрат Соҳибқирон  бекларининг самимий насиҳатларини маъқул топиб, яна ҳиммат юзини мамлакат ишлари ва лашкар йиғишга бурди. Шу вақтда Одилшоҳ жалойир бир қанча одамлари билан Қорачуқ тоғида тентираб юрибди, деган хабар келди. Ҳазрат Соҳибқирон уни излаб топишга Баротхожа кўкалдошни ва Элчи Буғани ўн бешта отлиқ билан жўнатди. Улар Самарқанддан чиқиб, Ўтрорга етганда у ердан яна одамлар олиб, тоғлардан Одилшоҳни излашга тушишди. Уни Оқсумо деган жойда тутиб қатл этишди. Оқсумо соқчилар минораси сифатида Қорачуқ тоғида тикланган устунсимон қурилма бўлиб, ўша ердан Дашти Қипчоқ йўлини кузатишади.
Сор Буға тўғри йўлдан озиб, душман бўлиб қочиб юрган эди. Икки йилдан кейин ақлнинг ҳидояти билан тағин Соҳибқирон қароргоҳи остонасига бош уриб келди. Ҳазрат подшоҳона марҳаматлар кўрсатиб, унинг гуноҳидан ўтди ва ўз улусининг беклигини берди. Шундан сўнг шаҳзода Умаршайхга Оқ  Буға, Хитой баҳодир ва бошқа амирлар билан бирга Қамариддин изига тушиб, уни йўқ қилиш учун қатъий ҳаракат қилишни буюрди.
Фармонга биноан улар йўлга чиқиб, иложи борича тезроқ юриб, Қоратоғ этагида Қамариддинга етишди. Соҳибқирон давлатининг иқболи туфайли жангда биллурий ранг қиличлар тиғи алвон рангга бўялди, душманнинг юзи бўронда чирпирак бўлган сомон парчасидек сарғайиб кетди. Қамариддин қочгач, булар унинг улусини талаб, катта ўлжа ва асирлар билан қайтишди.
Назм:
Ғанимга шафқатсиз халқпарвар лашкар
Қайга юриш қилса, қайтар музаффар.


Йигирма тўртинчи фасл. «Зафарнома»дан кўчирма. Ҳазрат Соҳибқироннинг енгилмас ва беҳисоб лашкари билан Мўғулистонга бешинчи марта қилган буюк юриши баёни.

Енгилмас лашкар жетага, яъни Мўғулистонга қилган юришидан мўл-кўл ўлжа билан қайтгач, ҳазрат Соҳибқирон ўша йилиёқ у ёққа тағин юриш қилишга қарор қилди. Амир Мусонинг ўғли, Ҳазратга божа бўлиш мартабасига сазовор бўлган Муҳаммад бекни, амир Аббосни ва Оқ Темур баҳодирни ҳужумчи қисм сифатида олдин жўнатди. Фармонга мувофиқ кечаю кундуз ҳаракат қилиб, Иссиқкўлдаги Бўғомда Қамариддинга етиб олишди. Қаттиқ жанг қилишди, Қамариддин қочди, булар унинг элини талон-тарож қилиб, асир олиб кетишди. Ҳазрат Соҳибқирон зоти олийлари уларни Қўчқор мавзеигача қувиб борди. Ўша жойда Ҳазратга хабар етдики, Тўхтамиш Ўғлон Ўрусхон ўзбекдан қўрқиб, олампаноҳ даргоҳларига бош уриб келмоқчи эмиш. Ҳазрат Соҳибқирон амир Туманга уни иззат-икромлар кўрсатиб кутиб олишни буюрди. Ўзи Юмғол йўли орқали эсон-омон ортга қайтиб, Ўзгандга келиб тушди. У ердан жўнаб, бахт-иқбол билан Самарқандга келди.
Амир Туман Тўхтамиш Ўғлонни келтирди, барча аркони давлатлари уни Соҳибқирон қошига бошлаб келишди. Ҳазрат олийлари унинг ташрифига катта ҳурмат-эҳтиром билан ёндошди ва ҳар дақиқада уни эъзозлаб, шоҳона илтифотлар кўрсатди. Тантанали қабул маросими ниҳоясига етгач, унга ва унинг тобеларига шунчалик кўп инъому тортиқлар қилдики, таърифига сўз ожиз: олтин-кумуш, марварид, чопон, камар, қурол, матолар; от, қалқон, чодир, ноғора, байроқ, лашкар, мулозимлар ва бошқа шоҳона нарсалар туҳфа қилинди ва чуқур ҳурмат юзасидан уни ўзига ўғил атади.


Йигирма бешинчи фасл. Амир Қамариддин ишининг якун топгани баёни.

Мўғулистондаги ишончли одамлардан эшитишимча, Куйла Қожурода амир Қамариддин сувчечак билан оғриб, шу даражага етганки, терисидаги шишлар ёрилиб, коса-коса йиринг оқиб ётган. Шу орада Амир Темур лашкар тортиб келаётгани ҳақида хабар келади. Қамариддиннинг на отда ўтиришга, на жиловни тутишга мадори бўлмайди. Одамлари уни тўқайга элтиб, иккита чўри ва бир неча кунга етадиган озиқ-овқат билан қолдиришади. Қолган одамлар қочиб кетишади. Кейинчалик уни тўқайдан қанча қидиришмасин, унинг ҳам, чўриларининг ҳам на ўлигини, на тиригини топишолмайди. Одамлар унинг ёмонликларини аста-секин унута бошлашади. Шундан сўнг Амир Темур хотиржам бўлиб, Мўғулистонга олтинчи марта юриш қилмади. Хулласи калом, мўғуллар тинчлик-осойишталикни қўлга киритдилар.


Йигирма олтинчи фасл. Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхон ҳаётининг дастлабки даври баёни.

Илгари зикр этилганидек, Туғлуқ Темурхон фарзандларининг сўнггиси Хизр Хожахон бўлиб, уни ҳали эмизикли пайтида Худойдоднинг онаси Мир Оғо Қамариддин тазйиқидан қутқарган эди. Хизр Хожахон ўн икки ёшга етганда Қамариддиндан хавфсираб уни Кошғарга олиб кетишади. Амир Худойдод унга ишончли одамлар ҳамроҳ бўлиб боришларини хоҳлайди. Мир Оғо бунга қаршилик қилиб дейди: «Ўз мулозимларингдан ҳеч кимни унга ҳамроҳ қилма, негаки Хизр бир кун келиб, хонлик тахтига ўтирса, бу одамлар истасанг-истамасанг эъзозда бўлишади. Улар хон ёнида бўлишса, сенинг ўғилларинг уларга душман бўлишади, чунки улар, одамлар бизни ҳурмат қилишмайди, хоннинг ҳақиқий мулозимлари булар, деган фикрга боришади-да, натижада душманлик бошланади. Шу боис унга ўз мулозимларингни эмас, бегона одамларни қўшиб жўнат». Шундай қилиб, Хизрга ўн иккита бегона одамни ҳамроҳ қилиб жўнатишади. Уларнинг бари амир бўлишди, уларнинг авлодлари ҳозир ҳам бор. Улардан бири чакрак уруғидан эди, ҳозирги иторчи амирлари ўшанинг наслидан. Иккинчиси – хоразмлик баққол эди, кунжи амирлари ўшанинг наслидан, яна бири – чалишлик овчи. Унинг ўғиллари ҳам амир бўлишди, уларни «Қушчи», яъни, «амири шикор – қуш овчиси» ва яна «Кўкалдош» деб ҳам аташади. Булар амирлик даражасига етганлари. Ўн икки кишидан қолганлари ҳам юқори мансабларга эришдилар. 
Хуллас, Хизр Хожахонни Бадахшон ва Кошғар оралиғидаги тоғларга олиб кетишди. Қамариддиннинг айғоқчилари буни билиб қолишгач, улар у тоғлардан Хўтан тоғларига йўл олишди. У ерда ҳам қолишдан хавфсираб, Сариқ Уйғур, Хабр, Хон, Луб, Катак тарафга кетишди.
Ўша ўлкаларда ўн икки йил яшашди. Қамариддиннинг давлати завол топиб, у золим қонхўрни Ҳақ субҳонаҳу ва таоло салтанат тахтидан ҳалокат чоҳига ташлагач, халқ хон талаб қила бошлади. Амир Худойдод ўша ўлкаларга одам юбориб, Хизр Хожахонни олиб келтирди. Халойиқ жамъ бўлиб, уни хонлик тахтига ўтқазди, шу билан мўғуллар давлати ва хонлиги чеҳрасига қизил югурди. Мўғулистон гуллаб-яшнади. Амир Темур билан сулҳ тузишиб, хонликдаги иффатли, мастура қизлардан бири Тукал хонимни унга никоҳлаб беришди. «Зафарнома»да шундай битилган. Бунинг таърифи узун, мана ўша воқеаларнинг қисқача баёни.
Ўз ҳукмронлиги даврида Хизр Хожахон Хитойга ғазот қилди. Турфон ва Қорахожа Хитой таркибидаги йирик шаҳарлардан эди. Хон шахсан ўзи ўша ёққа юриш қилиб, ғалаба қозонди, у ерлардаги халқни исломга киргизди, мана ҳозир ҳам ўша ерларда исломга эътиқод қилишади ва мўғул хонлари тахти Кошғардан кейин ўша ердадир.
Нақл қилишларича, ўша адолатли уруш пайтида Хизр Хожахон мулкларни муқаддас шариат қонунлари бўйича тақсимлаган. Унинг чекига бир кийимлик атлас билан битта қорамол тушган. У қачонлардир Туғлуқ Темурхон томонидан қабул қилинган ислом ақидаларига итоат этувчи хон бўлганлигидан шунга рози бўлган.
Унинг замонида Амир Темур абадиятга риҳлат қилган эди. «Зафарнома»да зикр этилишича, Амир Темур ғарбий ва шимолий вилоятлардан кўнгли хотиржам бўлгач, Шарқ мамлакатларига йўл олдики, улардан энг йириги Хитой эди. У лашкарини тартибга келтирди; бунинг барчасини баён қилсак, сўз узоққа чўзилади. Бунинг қисқача таърифи бундай: у саккиз юз минг аскардан иборат лашкар тузди, уни етти йилга етгулик қилиб таъминлади, Ироқ ва Рум юришида ҳам худди шундай таъминланган эди. Хитой ва Мовароуннаҳр орасидаги вилоятлар унчалик обод эмаслиги сабабли озиқ-овқат захирасини мўл-кўл қилиб олишга ҳаракат қилишди, ҳукмдор киши бошига иккитадан сигир, ўнтадан соғиладиган эчки олишни буюрдики, борди-ю йўлда ғамланган егуликлар тугаб қолса, уларнинг сути овқат бўлади, агар бу ҳам тугаса, гўшти истеъмол қилинади, дейишади.
Ишларни шу тахлит режалаштириб, Самарқанддан жўнашди. Ўша қишни Туркистонда ўтказишди. У Хизр Хожахонга киши юбориб, лашкарга озиқ-овқат мўл бўлсин деб, бу йил деҳқончиликка катта аҳамият беришни тайинлади..
Отам (Илоҳо, гўри нурга тўлсин)дан кўп бора эшитганим борки, Мўғулистоннинг машҳур Кўктуба мавзеида эрта баҳорда қимиз пайдо бўлган, мўғулларнинг одатига кўра, ўша куни зиёфат уюштирилган. Амир Худойдод хонга бир коса қимиз тутиб турган пайтда давлат одамларидан биттаси келиб, Амир Темурдан элчи келганини ва у келтирган нома мазмунини баён қилди. Шунда хон, қаршилик кўрсатишга кучинг етмаса қийин, уларга ўлпон тўлаб қутулиб қўя қолиш керак, деди. Қимиз тўла косани тутганча хон ўйга толди. Амир Худойдод ҳозир ҳузур косасини симирмоқ керак, дея қуйидаги байтни келтирди:
Ғам келмасдан бурун чекма ташвишин,
Эртага қўяйлик эртанинг ишин.
Тағин қўшиб қўйди: «Айтишадику, агар бирорта олмани осмонга отиб юборилса, ўша олма ерга қайтиб тушгунига қадар Парвардигор юзлаб яхши ишларни амалга оширар экан, худди шунингдек, эртагача Аллоҳ неча минглаб хайрли ишларни амалга оширса ажаб эмас. Сиз ҳозирги лаҳзаларни ғанимат билиб, шод кечиришга интилинг».
Амир Худойдод ҳануз шу гапларни тугатиб ҳам улгурмаган эдики,  лашкар сафи тарафдан оқ кийимда қора отга минган бир одамнинг елиб келаётганини кўришди. У одамлар отдан тушадиган жиловхонада отдан тушмай, белгиланган жойдан ўтиб, мулозимлар тўпланган жойгача отда келди. Ҳар тарафдан ясовуллар қўзғолиб, уни тўхтатишга уринишди, у хоннинг қошига етмагунча тўхтамади ва «Ўтрорда Амир Темур ўлди», деди-ю, орқасига бурилиб, шу кетганча тўхтамай от чоптириб кетди. Орқасидан югуришиб, «Тўхта, тузукроқ тушунтир» дея ҳарчанд қичқиришмасин, у ортиқ бир оғиз сўз демай кетди. Изидан бир қанча кишиларни жўнатишди, аммо ҳеч ким унга етолмади. Ўша бир оғиз сўздан бошқа ҳеч нима маълум эмасди. Қирқ беш кундан сўнг хабар келдики, Амир Темур ҳақиқатан ҳам Ўтрорда вафот этган экан. Шу гап рост экан, Хизр Хожахон шу билан ташвишдан халос бўлди.
Хизр Хожахон 770 (1368) йилда туғилган, Амир Темур  эса 807 (1405) йилда вафот этган. Ҳазрат Амир Темур вафотидан сўнг Хизр Хожахоннинг неча йилдан кейин ўлгани маълум эмас (Аллоҳ билгувчидир). Хизр Хожахон хонлик тахтига чиқиб, подшоҳлик тожини кийгач, амир Қамариддин туфайли зил кетган хонлик тагзамини Амир Темур ҳукмронлиги пайтида яна мустаҳкамланди. Хонликнинг йўқ бўлиб кета бошлаган қадимги тартиб-қоидалари янгидан жило топди. У мамлакат ишлари ва давлат аъёнларининг ҳақ-ҳуқуқларини қайта тиклади. Амир Худойдоднинг Чингизхон замонида яшаган бобокалони Уртубуга Чингизхон етти имтиёзни берган эди. Мана улар: биринчиси – ноғорачи, иккинчиси байроқ, буни туркийда «Туман Туғ» дейишади; учинчиси – иккита мулозимини қўшин байроғини тутмоққа қўйди;  тўртинчиси – қуролдорлик, яъни хон йиғинида қурол осиб олиш ҳуқуқи; мўғуллар одатига кўра хон йиғинида хондан ўзга ҳеч кимнинг ёнида қурол осиб олишга ҳаққи йўқ эди; бешинчиси – унинг овида, қуш овими ёки қуён овими, барибир, қатнашган ҳар бир киши унинг навкари ҳисобланган; Буни туркий ифодада шундай келтиришган:  «Бурна кўзлаган ва тувушқон жаркалаган онинг жаркасидин чиқмасун»; олтинчиси – у бутун мўғул улусининг амири ҳисобланган, фармонларда уни «Мўғул улусининг сардори» деб ёзишган; еттинчиси – девонхонада тўрда ўтирган, қолган беклар нарида, ундан бир ёй ўлчами узоқроқда икки тарафда ўтиришган. Чингизхон томонидан Уртубуга берилган еттита имтиёз мана шулар.
Амир Буложи Туғлуқ Темурхонни қалмоқлар юртидан олиб келиб, айтиб ўтганимиздек, хонлик тахтига чиқарган пайтда, Туғлуқ Темурхон буларга яна иккита имтиёз қўшган эди, шу билан улар тўққизта бўлди; Биринчиси – у хоннинг рухсатисиз, мустақил қўшин амирини мансабидан тушириш ёки шу мансабга тайинлаш ҳуқуқига эга эди; иккинчиси – амир Буложи авлодлари тўққизта гуноҳ қилмагунларича ҳеч қандай жазога тортилмасди. Улардан бирортаси тўққизта гуноҳ иш қилса, уни сўроқ қилинадиган жойга икки яшар отга миндириб олиб боришади. Ҳурмат юзасидан от оёғи остига тўққизта оқ намат тўшашади, унинг сўзларини хонга барлос уруғидан бўлган амир, хоннинг сўзларини эса унга арканут уруғидан бўлган амир етказишади. Мана шундай сўроқдан кейин борди-ю унинг тўққизта гуноҳи исбот топса, у ўлим жазосига лойиқ деб ҳисобланади – унинг бўйин томирини кесишади, ҳалиги иккита амир уни икки тарафдан тутиб туришади. Унинг баданидаги бутун қони оқиб чиқиб, ҳалок бўлгач, икки амир дод солиб, уни олиб кетишади.
Туғлуқ Темурхон  тўққиз имтиёзни тасдиқлайдиган фармонга имзо чекди. Мен Туғлуқ Темурхоннинг ўша фармонини кўрганман, у отамга боболаридан мерос қолган. Фармон Шоҳибекхоннинг ғалаёнли даврида йўқолди. У мўғул тилида, мўғул ёзувида, тўнғиз йилининг баҳорида, Қундузда битилган эди. Шунга асосланиб, Туғлуқ Темурхоннинг ҳокимияти Қундузгача чўзилган деб ҳисоблашарди. Хоннинг ҳаёти ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, бироқ мен ушбу «Тарих»да у ҳақда «Зафарнома»да нима битилган бўлса, ҳаммасини келтирдим.
Амир Буложининг ўғли амир Худойдоднинг уринишлари орқасида Хизр Хожахон амир Қамариддиннинг даҳшатли тазйиқларидан омон қолиб, хонлик тахтига ўтиргач, ўз падари бузруквори қўллаган удумларни тиклади, амир Худойдод ишларини изга туширишда жонбозлик кўрсатиб, айтиб ўтилган тўққизта имтиёзга яна учтани қўшди. Шу билан имтиёзлар сони ўн иккитага етди. Биринчиси шуки, тўю-зиёфат кунлари хоннинг ясовули билан амир Худойдоднинг ясовули от устида ўнг тарафда май солинган катта идиш ва хоннинг қадаҳини тутиб туришлари керак. Иккинчиси – фармонга муҳр босиш ҳуқуқи: фармон тугаган жойга амир Худойдод, ўша сатрнинг бошига хон муҳр босишади. Мана шу ўн иккита имтиёзлар ҳақидаги фармон остига Хизр Хожахон ва Амир Худойдод номига имзо чекди.
Амир Худойдод вафотидан кейин ўн иккита имтиёз унинг ўғли амир Муҳаммадшоҳ кўрагонга ўтди. Амир Муҳаммадшоҳ оламдан ўтгач, унинг ака томондан жияни амир Саид Али кўрагонга ўтди. Ундан Ҳайдар мирзо кўрагонга, Муҳаммад Ҳайдар мирзодан эса унинг ўғли Муҳаммад Ҳусайн мирзо кўрагонга ўтди, у Муҳаммад Ҳайдарнинг, яъни, фақирнинг отаси бўлади. Одамлар мени кўпроқ Мирзо Ҳайдар сифатида танишади.
Отам шаҳид бўлгандан сўнг (Илоҳо гўрига нур ёғилсин) амаким Саид Муҳаммад мирзо шаҳид Султон Саидхонга уланди. Шаҳид Саидхон (Аллоҳ унга жаннатдан жой ато қилсин) амакимга ўша имтиёзларни берди. Бу ҳақда «Тарихи Рашидий»нинг иккинчи китобида ёзилган.
Чингизхон даврида, 625 (1227-1228) йилда асос солинган мана шу имтиёзлар Султон Саидхоннинг вафоти ва амакимнинг ўлдирилишигача, яъни 940 (июл-август 1533) йил муҳаррам ойигача амал қилиб келди.
Султон Саидхон оламдан ўтгач, хонлик тахтига Султон Рашид ўтирди. У ота-боболари ўрнатган тартибга барҳам бериб, уларни тескариси билан алмаштирди.
Ул Худойи вожибул вужудга чексиз ҳамду санолар бўлсинки, менга навбат келганда, мени бировларга бўйин эгишдан, хонларга муҳтож бўлишдан асради. Ҳеч бир имтиёзларга ҳам куним қолмади! Ё қодир Худо, иноят ва раҳматингнинг чек-чегараси йўқ. Агар бирор бандага тавфиқ ато қилсанг, у бу дунёнинг меҳнатидан, охиратнинг азоб-уқубатидан халос бўлғусидур! Бу фақир бандангни зоҳиран караминг бирла бировга муҳтож қилмадинг, ботинан ҳам ўз муҳаббатингга гирифтор қилгайсан.
Назм:
Илоҳо, барчани мендан совутгил,
Жумла жаҳон аҳлин йироқроқ тутгил.
Дунё ишвасига маҳлиё этма,
Кўнглум ҳарамидан ҳеч нари кетма.


Йигирма еттинчи фасл. Муҳаммадхон баёни.

Муҳаммадхон Хизр Хожахоннинг ўғли бўлади. Хизр Хожахоннинг бундан бошқа ҳам ўғиллари бўлган. Улардан – Шамъи Жаҳонхон, Нақши Жаҳонхон ва бошқалар. Эсан Буғахондан сўнг, Туғлуқ Темурхондан ташқари мўғуллар юртида Чиғатой хонларидан ҳеч ким қолмади. Бу ҳақда айтиб ўтилди. Туғлуқ Темурхондан кейин амир Қамариддин Хизр Хожахондан бошқа барча авлодларни йўқ қилди.
Бу ҳақда ҳам айтилди. Хизр Хожахондан кўп ўғил ва набиралар қолди. Улар ҳақидаги муфассал маълумотлар мўғулларнинг ишончли манбаларида сақланиб қолмаган. Умуман менга хоннинг бевосита ота-боболари ҳақидаги маълумотларгина маълум, уларнинг аммавачча, холаваччалари ҳақида ҳеч бир маълумот йўқ. Хизр Хожахоннинг фарзандларидан фақат Муҳаммадхон ҳақидагина эслатилади, холос, мўғул хонлари авлоди у билан барҳам топган.
Муҳаммадхон яхши, мусулмон, адолатли улуғ хон бўлди. Унинг Худо ярлақаган замонида мўғул улусининг катта қисми мусулмон бўлди. У мўғуллар орасида ислом динини тарқатишга қаттиқ саъй-ҳаракатлар қилди. Масалан, бирорта мўғул салла ўрамаган бўлса, унинг бошига тақа михини қоқишганлари ҳақида маълумотлар бор. У мана шундай ишларнинг кўпини қилган (Аллоҳ уни раҳматига олсин).
Мўғулларнинг нақл қилишларича, Амир Худойдод ўз қўли билан олтита хонни тахтга ўтқазган. Шулардан бири мана шу Муҳаммадхондир.
Муҳаммадхон Чодиркўл довонининг шимол тарафида бир работ қурдирган, унда шунақа катта тошларни ишлатганки, бундай тошлар Кашмир иморатларидан ўзга ерда ишлатилмаган экан. Работнинг баландлиги йигирма газ арки бор. Унинг дарвозасидан кириб, олдинга қараб ўттиз газ юрсангиз, баландлиги тахминан йигирма газ келадиган гумбаз чиқади. Гумбаз олдида ўтиш йўлаги бор, гумбаз атрофида ўртача катталикдаги қулай ҳужралар қурилган. Работнинг ғарбий тарафида баландлиги ўн беш газ келадиган масжид қад кўтарган. Бинода ўттизга яқин уланиш чоклари бўлиб, булар бари тошдан қилинган. Барча эшикларининг устига яхлит харсанг тош қўйилган, Кашмир иморатларини кўрмагунимча бу қурилма менга ғоятда ҳайратли бўлиб кўринган эди. Чодиркўл довонини ўша работ номи билан Тошработ довони ҳам дейишади.
Муҳаммадхон даврида Мовароуннаҳрда Шоҳрух мирзонинг ўғли олим Мирзо Улуғбек ҳукмронлик қилган, у «Зижи Кўрагоний» жадвали ва расадхонаси билан машҳур. Шоҳрух мирзо Хуросон ва Ироқ ҳукмдори бўлган. Улуғбекнинг туғилган ва ўлган санаси маълум эмас. Агар ўша даврдаги саналарни бир-бирига қиёсласак, унинг тахминан 860 (1455-1456) йилда вафот этгани маълум бўлади  (Аллоҳ яхшироқ билгувчидир).


Йигирма саккизинчи фасл. Шермуҳаммадхон ибн Муҳаммадхоннинг баёни.

Муҳаммадхоннинг авлодлари ичида Шермуҳаммадхон ва Шерали Ўғлонлар ҳам бор эди. Отаси Муҳаммадхон вафот этгач, Шермуҳаммадхон салтанат тахтига ўтириб, мустақил хон бўлди. Унинг замонида мамлакатда осойишталик бўлди, халқ фаровон яшади. Укаси Шерали Ўғлон унинг ҳукмронлик даврида ўн саккиз ёшида вафот этди, хонлик даражасига етмади. Ундан Увайсхон исмли ўғил қолди. Увайсхон билан Шермуҳаммадхон ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди, бу ҳақда қуйида зикр қилинади. У Муҳаммадхондан кўра кўпроқ подшоҳлик қилди, у ҳам Шоҳрух мирзонинг замондоши эди.
Йигирма  тўққизинчи фасл. Увайсхоннинг ёшлик даври баёни.
Султон Увайсхон – Шерали Ўғлоннинг ўғли. Отасининг вафотидан сўнг у амакиси Шермуҳаммадхон ёнида бўлди, балоғат ёшига етгач, амакиси ёнида хизмат қилиш унга оғир туюлди, у ердан кетиб, ҳар қаерларда макон тутиб юрди. Мўғуллар улусида ўзини баҳодир ҳисоблаган ва шунга талабгор ҳар қандай йигит унинг ҳузурига борарди. Амир Саид Али, каминанинг мартабали бобокалони ҳам шулар жумласидан бўлган. Мен она томондан Увайсхоннинг чевараси бўламан, амир Саид Али эса ота томондан бобокалоним ҳисобланади. Мана шу амир Саид Али Саид Аҳмад мирзонинг ўғли, Саид Аҳмад мирзо эса Амир Худойдоднинг ўғли бўлган. Шу ерга муносиб келгани учун икки оғиз амир Саид Али ҳақида тўхталмоқ жоиздир.


Ўттизинчи фасл. Амир Саид Али ва унга тегишли воқеалар баёни.

Зикр этиб ўтилганидек, Амир Худойдод Мўғулистонда хонлар хизматида бўлди. Амир Худойдоднинг ватани Кошғар Чингизхон томонидан унинг боболарига тортиқ қилинган эди. Бу ҳақда Кошғар юрти ҳақида сўз борганда иккинчи китобда гапирилади. Амир Саид Аҳмад дудуқланиб гапирарди. Сўзларини у билан суҳбатлашиб ўрганиб қолган кишигина тушунарди. Қулоғи ҳам оғирроқ эдики, у билан баландроқ овозда сўзлашиш лозим эди. Падари бузруквори Худойдод уни Кошғарга ҳоким қилиб юборди. Анча муддат Кошғарда ҳукмронлик қилди. Кошғарнинг таниқли кишиларидан Хожа Шариф катта обрўга эга эди. Ҳамма одамлар унга ёрдам ва маслаҳат сўраб мурожаат қилишар эди. Хожа Шариф хуштабиат ва зийрак киши эди. У Саид Аҳмад мирзодан норози бўлиб, мирзо Улуғбекка илтижо қилиб келди, Улуғбек Кошғарни Хожа Шарифга берди. Саид Аҳмад мирзо Кошғардан қочиб, отасининг ёнига келди ва кўп фурсат ўтмай вафот этди.
Саид Аҳмад мирзонинг ўғли амир Саид Али бобосининг ёнида эди. Амир Худойдод амир Саид Алини бошқа фарзандларидан зиёд кўрар эди, негаки на бўйи-басти, на куч-қудрати ва жасурлиги, на ақлу фаросати бўйича унга тенг келадигани йўқ эди. Уни «алиф» ҳарфига қиёслаб «Саид Али алиф» (Саид Али узун) дейишар эди.
Амир Саид Али Эсан Буғахоннинг қизини ўғли Муҳаммад Ҳайдарга келин қилиб олганида, ҳали бу ҳақда гап бўлади, гўшанга учун михни у қоққан эди, буни ўзим кўрганман. Агар бир одам тик туриб, иккинчи одам унинг кифтига чиқиб қўлини узатса, қўли ўша михга бир газ чамасида етмай қоларди. Мана шунинг учун ҳам амир Худойдод амир Саид Алини бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўрарди. Ўша кунлари темурийлар юртидан Аҳмад мирзо деган одам Шоҳрух мирзо уйидан қочиб келган эди. Унинг ёнида бир синглиси ҳам бўлиб, амир Саид Али унга ошиқу шайдо бўлиб қолди. Амир Худойдод ва бошқа кишилар орага тушиб, совчилик қилишди. «Мен Мўғулистонда қолишни истамайман, агар у менинг юртимга бирга кетса, унда бу иш мумкин бўлар» деди. Кўп ўтмай улар Мовароуннаҳрга, ўз вилоятларига кетишди. Амир Саид Али улар билан бирга ўша ёққа кетди. Улар Андижонга келишгач, Мирзо Улуғбек одам юбориб, Аҳмад мирзони ўлдиради ва синглисига ўзи уйланади, амир Саид Алини Самарқандда қамоққа олади. Бир йил қамоқда ётиб, қорин оғриғига йўлиқади, ўлар ҳолатга етганида, Мирзо Улуғбек табибларни жўнатади. Табиблар уни қанча даволашмасин, фойдаси бўлмайди. Шу орада бир киши қимиз олиб келади. Амир Саид Али табиблардан илтимос қилади, «Ҳеч нарса менга фойда бермади, ҳеч бўлмаса қимиз ичишга рухсат беринглар», дейди. Табиблар шояд табиати қимиздан ором олса, деб қимиздан қанча хоҳласа, шунча беришди. Қимизни ичганиданоқ соғайиш аломатлари кўринди. Эртасига яна беришди, у дарддан фориғ бўлди.
Ўша кунлари Мирзо Улуғбек падари бузруквори Шоҳрух мирзони зиёрат қилишга борди. Амир Саид Алининг тузалганини билиб, унга от ва қурол беришни буюрди, уни ўзи билан Хуросонга олиб кетди, мақсади Хуросон халқига амир Саид Алини кўрсатиш ва «Мана, кўриб қўйинглар, Мўғулистонда бизнинг қандай ғанимларимиз бор» дейиш эди. Бир куни кечаси Қаршида Мирзо Улуғбек чодирда эди, чироғбонлар ўша ердан ўтиб боришарди. Чодирдан у қўққисдан амир Саид Алининг ўн тўрт қарич келадиган камон ўқини кўриб қолади. Мирзо: «У мени отиб ташласа-ю жўнаб кетса, ким унга халақит беради?» деб ўйлади. Қўрқиб кетган Мирзо дарҳол амир Саид Алини чақириб унга: «Хуросон сафари сизга оғирлик қилади. Самарқандга қайтиб бориб, обдон ўзингизга келиб олинг. Мен Хуросондан қайтиб келиб, сизни Мўғулистонга жўнатиб юбораман. Сиз Шермуҳаммадхон билан орамизда то яраш бўлгунигача воситачи бўласиз», деди. Тағин шунга ўхшаш сабабларни айтди-да, уни Қаршидан ортга қайтиб кетишига рухсат берди. «Самарқанд ҳокими мен қайтиб келгунимгача амир Саид Алини иззат-обрў билан кутсин» деб тайинлаб, унга бир кишини қўшиб юборди. Бироқ «Ҳокимга айтгинки, амир Саид Алини қамоқда ушласин» деб пинҳона буюрди.
Амир Саид Али ўша одам билан Самарқандга келишаётганда унинг авзойидан уни бу ерга иззат-ҳурмат учун келтиришмаётганини сезди. Самарқандга етиб келгач, ҳамроҳ қилинган одам уни бировнинг уйида қолдириб, ўзи ҳоким ҳузурига кетди. Шу заҳотиёқ амир Саид Али уйдан чиқиб, яёв Тошкандга равона бўлди. Ўша одам ҳоким билан бирга келиб қараса, у ерда амирнинг оти, қурол-аслаҳаси, мулозимлари бору, амирнинг ўзи ғойиб бўлган эди. Амирнинг мулозимларидан сўрашганда, улар: «Ҳозиргина яёв чиқиб кетди», дейишди. Қанча қидиришмасин, уни топишолмади.
Амир Саид Али, йўлда қаландарларга қўшилиб, қаландарлар кийимида Тошкандга келди. Қаландарлар уни «Уштур абдол» (Дарвеш туя) деб аташади. Шунинг учун қаландарлар барча озиқ-овқату буюмларини унинг елкасига юклашарди. Шу тахлит қаландар қиёфасида у Торозга етиб келди, у ерни Ёнги ҳам дейишарди. У ерда «Асҳоби каҳф» («Ғордош дўстлар») сағанасининг шайхи қошига келди У шайхни мўғул тилида «Малик ото» дейишарди, шайх амирни таниди. У Шодика Шайх исмли ўғлига амирга ҳамроҳлик қилишни топширди ва Шодика уни Мўғулистонга, амир Худойдод ҳузурига олиб борди. Шодика амир Саид Алининг энг ишончли мулозимларидан бири бўлди ва «Шодика-вафодор» лақабини олади. Унинг авлодлари ҳозир ҳам бор, бироқ булар у қадар ҳурматга сазовор эмас.
Қисқаси, Амир Саид Али ўз мўътабар бобоси хизматига мушарраф бўлган пайтда, Султон Увайсхон амакиси Шермуҳаммадхон хизматидан бош тортиб, у ердан қозоқлик ка кетди. Амир Худойдод ўғли амир Саид Алига: «Менимча, сенинг бу ердан Увайсхон ҳузурига кетганинг маъқул, бу ерда ёруғлик кўрмайсан» деди. Амир Худойдод амир Саид Алига ўзи тенги олтмиш йигитни ҳамроҳ қилиб берди-да, Увайсхон қошига жўнатди.
Амир Саид Али Увайсхонга астойдил хизмат қилди. Хон уни ўз синглиси Ўрун Султон хонимга уйлантирди. Амир Саид Алининг Увайсхон олдидаги хизматлари буюкдир. Унинг таърифи узун, айримлари ҳақида Увайсхон зикрида сўз борганда тўхталамиз.


Ўттиз биринчи фасл. Шермуҳаммадхон билан Увайсхон орасида ўтган воқеалар баёни.

Айтиб ўтганимиздек, Султон Увайсхон амакиси Шермуҳаммадхон қошидан қочиб кетгач, кўплаб одамлар унга келиб қўшилишди. У Шермуҳаммадхондан узоқ бўлмаган жойларда қазоқликка машғул бўлди. Бирмунча муддат у Луб, Катак ва Сариқ Уйғурга яқин жойда яшади.
Ўша кунларда у синглиси Ўрун Султон хонимни Амир Саид Алига берди. Нақл қилишларича, у синглисини эрга берган вақтда тўй зиёфатлари учун овга бориб иккита буғуни отиб келган ва ўшаларнинг гўштидан тўйга таомлар пиширишган. Тўйнинг бошқа жиҳатлари ҳақида шунга қараб ҳукм чиқарса бўлади.
У ерларда Увайсхоннинг ишлари юришмади. Кейин у Туркистонга кетди. Ўша пайтларда Туркистон ҳукмдори Амир Шайх Нуриддин ибн амир Сор Буға бўлиб, у Амир Темурнинг машҳур саркардаларидан бири эди, Увайсхон ўшанинг қошига борди. Шайх Нуриддин билан Шермуҳаммадхон ўрталарида ихтилофлар бўлганлиги боис у Увайсхонга қизи Давлат Султон Саганжни берди ва у Шермуҳаммадхонга қарши ҳаракатлар қилиши шарти билан Увайсхонга мадад кўрсатди.
Увайсхон билан амакиси Шермуҳаммадхон ўртасида кўпдан бери низолар ҳукм сурардию, кўпинча Шермуҳаммадхоннинг қўли баланд келарди. Тўқнашувлардан бири мана бундай бўлган эди: Шермуҳаммадхон Мўғулистоннинг Қизил Қайнағ деган жойида бўлган пайтида, бир куни кечаси, узоқдан келиб Увайсхон Шермуҳаммадхон қароргоҳига ҳужум қилган. Улар тўрт юз киши бўлишган. Шовқин-сурон кўтарилгач, Шермуҳаммад ўзини зов ичига отган. Увайсхон, Шермуҳаммадхон қароргоҳини ўраб олиб, йўлида учраган ҳаммани ўлдириб, уни тонг отгунча излаган. Бироқ ҳарчанд изламасин, у ердаги одамлардан сўраб-суриштиришмасин, Шермуҳаммадхоннинг изини топишолмаган. Тонг отгач, отларга миниб жўнаб кетишган. Шермуҳаммадхон зовдан чиққан, одамлари уни ўраб олишиб, кейин Увайсхонни қувиб кетишган, у зўрга қутулиб кетган. Хулласи калом, Шермуҳаммад ўз ажали билан вафот этгунига қадар мана шундай таҳликалар барҳам топмади. Шундан кейингина хонлик тахти Увайсхон ибн Шералига насиб этди.


Ўттиз иккинчи фасл. Увайсхон ҳукмронлигининг баёни.

Хонлик навбати Увайсхонга етди. У беҳад тақводор мусулмон, олийҳиммат, ўз уруғида баҳодирликда беназир эди. Мўғулнинг мусулмонларга ҳужум қилишларига хон йўл қўймас эди. Қалмоқ кофирлари яқин жойда эди, хон уларга қарши мудом уруш олиб борарди. Тез-тез улардан енгилиб турса-да, у адолатли урушни тўхтатолмас, икки марта ўша кофирларга асир ҳам тушган эди. Дастлаб уни Минглоқ деган жойдаги жангда асирга олишди. Уни тутиб, саркардалари Эсан Тойшининг олдига олиб боришди. Эсан Тойши ўйлади: «Агар у ростдан ҳам Чингизхон наслидан бўлса, менга бўйин эгмайди, менга навкардек қарайди». Хонни олиб келишганда, Эсан Тойши от устида эди. Отдан тушиб, унинг олдига келди-да, эгилиб таъзим қилди, унга қўл узатмади. Эсан Тойши чуқур эътиқод билан эҳтиром кўрсатиб, қўйиб юборди. Хондан, нега Эсан Тойшига қўпол муомала қилдингиз, деб сўраганларида, у шундай жавоб берди: «Агар у ёнимга таъзимсиз келса эди, унда мен жонимдан қўрқиб, албатта унга бўйин эгган бўлардим, лекин у кофирларнинг қадимги одати бўйича менга бош уриб келди. Шунда ўйладимки, кофирга илтифот қилиш ва эгилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, шу сабабли унга таъзим бажо келтирмадим». Ўз эътиқодига содиқлиги боис хон фалокатдан омон  қолди.
Иккинчи марта хон тағин ўша Эсан Тойши билан Мўғулистон чегарасида жойлашган Пешқиё деган ерда урушди. У ерда ҳам мағлуб бўлди. Хоннинг отини ўқ отиб йиқитишди, ўзини тутиб олишларига оз қолди. Шунда амир Саид Али отдан тушиб, отини хонга берди, ўзи эса ерга юзтубан ётиб олди. Кофирлар уни ўлган деб ўйлаб, атрофида йиғила бошлашди. Улар яқинлашгач, амир ўрнидан сакраб туриб улардан бирини ушлаб олди. У бу уруғнинг обрўли кишиларидан бири бўлиб чиқди. Унинг совутидан худди боладек тутди-да, амир ўзига учиб келаётган ўқлардан ўша одамни қалқон қилиб ҳимояланди. Шу алфозда у хон олдида пиёда бораверди. Шу боисдан кофирлар амирга ўқ отишолмади. Совутга ўралиб олган одамни ўзига қалқон қилиб, бир фарсах йўл босди ва Ила дарёсига етишди. Қалмоқни сувга отиб юбориб, хон отининг жиловидан тутди-да, дарёга тушди. Сув амирнинг кўкрагидан келарди. Бошқа одамлар сувга ғарқ бўлишди, хоннинг оти сузиб кетди. Амир совут кийган хон отининг бошини тутиб, уни дарёдан ўтказди. Ўша куни дарёда кўп одамлар ғарқ бўлишди.
Нақл қилишларича, хоннинг иккита амакиваччаси бўлган: бирининг оти Султон Ҳусайн, иккинчиси – Луқмон Султон. Бири қизил совут кийган, иккинчиси кўк совут кийган. Дарёга тушгач, икковлари ҳам чўка бошлаган. Амир Саид Али бир қўли билан хон отининг жиловини тутиб, иккинчи қўлини чўкаётганлардан бирини қутқазмоқ умидида узатган, аммо унга қўли етмаган. Сув юзида узоқ вақт қизил ва кўк ёқалари лип-лип кўриниб турганини хон анча пайтгача айтиб юради. Шу воқеадан кейин Увайсхон амир Саид Алига ҳар бир хизмати учун бешта соврин берди. Биринчиси – ўзи яёв қолиб, хонга отини бергани. Иккинчиси – қалмоқни тутиб олгани. Учинчиси – бир фарсах йўл давомида уни қалқондек ушлаб боргани. Тўртинчиси – совут кийган хонни Ила дарёсидан ўтказиб қўйгани. Бешинчиси – у хонни тутиб турган бўлса-да, икки марта чўкаётганларни қутқазишга урингани. Кейинчалик хон шундай деган эди: «Мен амирда шундай қатъиятни кўрдимки, агар амакиваччаларимдан бирортаси қўлига илинганида уни ҳам дарёдан ўтказиб қўярди». У ана шу беш хизмати учун беш қавмни унга тортиқ қилди. Бири – туркат, иккинчиси– ҳибат ширанут; учинчиси – Хўтандаги ўзбек қавми; тўртинчиси – доруға қавми; бешинчиси – кукуфат қавми. Бу қавмлар бари Хўтандадир.
Султон Увайсхон Турфон яқинида Эсан Тойши билан жанг қилиб енгилди. Хон асир тушди. Эсан Тойши унга: «Бу гал энди сизни шундоқ қўйиб юбормайман. Озодлик эвазига менга синглингиз Махтумхонни берасиз», деди. Хон синглисини беришга мажбур бўлди, шу билан уни озод қилишди. Айтишларича, хон қалмоқларга қарши йигирма бир марта уруш очиб, шундан фақат бир мартасида ғалаба қилган, қолган жангларнинг барчасида мағлуб бўлган (Аллоҳ яхшироқ билгувчидир).
Мавлоно Хожа Аҳмаддан кўп бора эшитганим борки, хон беҳад тақводор бўлган. Ҳар йили у Торим, Луб, Катак деган жойларда ёйилиб юрадиган саҳро туялари овига чиқиб, ўзи овлаган туяларнинг юнгини ўзи қирқиб, онаси Султон Хотунга олиб келар экан. Онаси ўз қўли билан юнгни йигириб, кўйлак-иштонлар тўқиб берар ва хон уларни хонлик либоси остидан кийиб юрар экан.
Турфонда сув тақчил эди. Хон деҳқончилик қилар ва экинларни ўзи қаздирган қудуқ суви билан суғораркан. Мавлоно Хожа Аҳмад шундай нақл қиларди: «Хоннинг жазирама иссиқда хизматкорларга қўшилиб, қудуқдан сув тортиб, кўзаларда ташиб экинларга қуйганини кўп бора кўрганмиз. Ҳосили шу қадар кам бўлардики, ҳеч қачон ҳаммаси йиғилиб ўн қопга етмасди. Шу ҳосил унга йил бўйи озиқ бўларди».
Увайсхон Мавлоно Муҳаммад Косонийнинг муриди бўлган. Мавлоно Муҳаммадни эса ҳазрати Хожа Ҳасан Аттор (Аллоҳ гўрини мушки анбар ҳидига тўлдирсин) тарбият қилган эди. Хожа тариқат устуни Хожа Баҳоваддин Нақшбандий ҳазратлари (Аллоҳ гўрини нурга тўлдирсин)нинг муриди бўлган. Султон Увайсхон ҳукмдор бўлишига қарамай, умри шарифини мана шундай ўтказган. Мана шу адолатли хон замонида амир Худойдод Маккага сафар қилди. Мўғуллар зикрига кўра, Амир Худойдод олтита хонни ўз қўли билан хонлик тахтига ўтқазган. Биринчиси – Хизр Хожахон бўлган, у ҳақда юқорида зикр қилинди, кейингилари Шамъи Жаҳонхон, Нақши Жаҳонхон, Муҳаммадхон, Шермуҳаммадхон ва охиргиси Султон Увайсхон.


Ўттиз учинчи фасл. Амир Худойдоднинг Маккага сафари ва ҳаётининг сўнгги кунлари баёни.

Амир Худойдоднинг шонли шажараси ҳақида айтиб ўтдик, бу фаслда эса шарафли умри давомида кечган бошқа воқеалар ва ҳаётининг сўнгги лаҳзалари ҳақида сўз юритамиз. Барча мўғуллар амир Худойдоднинг валийлигига шубҳа қилишмайди. У қилган буюк ишлар, бошқариш тарзи мўғуллар фикрининг тўғрилигини исботлайди. Ишончга сазовор мўғуллардан, ўз отамдан (Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин), амакиларимдан (Аллоҳ гуноҳларини мағфират қилсин) эшитган эдимки, Амир Худойдод ўзининг амирлиги муддати давомида йигирма тўрт минг хонадон аҳли унинг хизматида бўлган. Амир 765 (1363-1364) йилдан олдинроқдан бошлаб ҳукмронлик қила бошлаган, Маккага эса 850 (1446-1447) йилгача кетган. У тўқсон йил амирлик қилган. Бутун Кошғар, Ёрканд, Хўтан, Оқсув, Бой ва Кусан ихтиёрида бўлган. Шунга қарамасдан, унинг на йилқиси, на отари бўлган, ҳатто гоҳо минишга оти ҳам бўлмаган. Бирор жойга кўчиши керак бўлса, ҳар гал унинг яқинлари улов олиб келишиб уни кўчириб қўйишган. Юриш пайтларида ҳам шундай бўлган. Барча амирлик ва мамлакат хирожи даромадларини асир мусулмонларни озод қилишга сарфлаган. Ўша пайтларда мўғуллар тинмай Туркистонга, Шош ва Андижонга ҳужумлар қилиб туришган ва мусулмонларнинг оила аъзоларини, хотинларини асир қилиб олиб кетишган. Амир ўшандай асирларни икки баравар нархга сотиб олиб, уларни йўлга етадиган озиқ-овқат билан таъминлаб уйларига жўнатган. Бор мол-мулки, асосан, шунга сарф бўлган. Ҳар сафар у асирлар учун бир неча чодирлар тайёрлаб, кечалари ўша чодирлардан бирининг бурчагидан ўзига жой ажратган ва парда билан тўсиб қўйган, у ерда фақат ўтириш ва намоз ўқиш мумкин бўлган, холос. Бутун савобга бой умрини амир шу тахлит ўтказган.
Амир Худойдод ҳақида жуда кўплаб ғаройиб воқеаларни сўзлаб юришади. Шулардан бирини мен Мавлоно Хожа Аҳмаддан эшитганман. У шундай деган эди: «Хожа Зоҳид Кошғарий жуда улуғ, тақводор бўлган. Амир Худойдод мўғулистонлик бир одамни Хожа Зоҳиднинг хотини ҳузурига Хожа Зоҳиднинг белбоғини бериб юборишини сўраб жўнатган. Хотини Хожанинг белбоғини бир бегона одам орқали Мўғулистонга бериб юбориб бўлмайди, деб ўйлаб, бошқа белбоғни берган. Ўша одам белбоғни амир Худойдодга олиб келганида, у белбоғ билан худди муқаддас нарсадек юзини артган ва шу белбоғ ростдан ҳам Хожа Зоҳидники бўлса, менга бунинг кераги йўқ», деган. Шундай деб, у белбоғни қайтариб юборган. У одам белбоғни қайтариб олиб келиб Хожа Зоҳиднинг хотинига берган. Хожанинг хотини ҳайрон бўлиб, буни эрига айтган. Шунда Хожа Зоҳид хотинини койиб: «Амир авлиё одамлар сирасига киради, нега бундай қилдинг?» деган. Кейин Хожа ўз белбоғини келтириб бергач, амир белбоғни қўлига олиб юзига суртган ва: «Ҳа, ростдан ҳам бу белбоғ Хожаники», деган. Амир ҳақида шунга ўхшаш ғаройиб воқеаларни кўп гапиришади.
Жумладан, мана буни ҳам: муборак ёши тўқсон еттига етганда амир ҳажни ҳавас қилиб қолган. У Увайсхондан қанча ўтиниб сўрамасин, у жавоб бермаган. Амир яшириқча Мирзо Улуғбекка одам жўнатиб, шундай деб тайинлаган: «Агар Мирзо келса, мен мўғуллар орасига рахна солиб, уларни унга топшираман». Мўғуллар кўпдан бери Мирзога зарар етказиб келишгани боис уларни босиб олишни кўзлаб юрарди, шунинг учун дарҳол жўнаган. Мўғулистоннинг машҳур мавзеларидан Чу чегарасига етганда, амир Худойдод қочиб, Мирзо Улуғбекка қўшилган, мўғуллар бўлса ҳар тарафга тарқалиб кетишган. Амир Мирзо Улуғбек қошига келиб дейдики: «Бундай қилганимнинг сабаби шуки, менга ҳажга боришга рухсат беришмади. Шу важ билан ёнингизга келдим. Энди бундан нари юришингизга эҳтиёж йўқдир». Мирзо Улуғбек ўша ердан амир Худойдод билан бирга орқасига қайтган ва унга ҳурмат-эҳтиромлар кўрсатган. Улар Самарқандга етиб келишгач, Мирзо Улуғбек амирдан илтимос қилиб: «Ҳеч ким Чингизхон тузукларини сизчалик билмайди. Уларнинг барчаси ҳақида гапириб беринг, чунки биз ҳар ишимизда уларга муҳтожлик сезамиз» деди. «Биз Чингизхон тузукларини ярамас ҳисоблаб, улардан тамоман воз кечганмиз ва шариат қонунларига риоя қиламиз. Агар Чингиз тузуклари олимлигига қарамасдан, Мирзога маъқул бўлса, шариатни қўйиб, ўшаларга риоя қилмоқчи бўлса, биз Мирзога ўша тузукларни ўргатамиз» деган амир. Мирзо бу сўзларни эшитиб, хижолат бўлиб қолган ва бу ҳақда бошқа сўз очмаган.
Хуллас, амир Маккага кетиб, ўша ёқда вафот этди. Менинг отам (Аллоҳ гўрини нурафшон қилсин) Хуросонга борганида, бу ҳақда иккинчи китобда сўз юритилади, у ерда Султон Ҳусайн мирзонинг амирларидан бири Султон Али барлос исмли, Султон Ҳусайн жуда қадрлайдиган бир кекса, юз ёшлардаги кишини учратган. Отам ундан унинг ўзи ва ота-боболари ҳақида сўраганида, у шундай жавоб берган экан: «Отамнинг исми Шоҳ Ҳусайн барлос бўлган; у мўғул барлосларидан бўлган. У бу ерга Мўғулистондан ғоятда ҳурматли Амир Худойдод деган киши билан келган». У нуроний чол бу гапларни айтгач, отам бунга қизиқиб қолиб, ҳамма гапни батафсил гапириб беришини сўраган. У шундай деган: «Амир Худойдод Маккага кетганда мен ёш бола эдим. Отам у кишига ҳамроҳ бўлди, негаки доим у кишининг хизматида эди. Рухсат бўлмагани учун биз Мўғулистондан қочиб келган эдик, Маккаи Муаззамнинг зиёратига мушарраф бўлмагунимизча, шаҳарма-шаҳар кездик. Маккадан қайтиб, бир неча кун йўл юрганимиздан сўнг амир Мадина ҳақида сўради. «Мадина бошқа томонда қолди» деб жавоб бердик. Амир жуда ранжиди ва деди: «Мен шунча йўлдан машаққат тортиб келдим. Энди Ҳазрат саллолоҳи алайҳи вассалламнинг равзаи муборакларини зиёрат қилмай орқамга қайтмайман». У ўз мулозимларига ортиқча юкларини бериб карвонга қўшиб уйга жўнатди, Мўғулистондаги ўғилларига мактуб битиб, ёнига «Аллоҳнинг каломи» (Қуръони Карим) қўлёзмасини қўшиб бериб юборди. Шу муқаддас китоб ҳозир қўлимда, боболаримдан менга мерос қолган, уни бизнинг уруғимизда Аллоҳ марҳамати сифатида тўтиё қилишади. Хуллас, амир Худойдод ва унинг хотини Мадинага равона бўлишди. Менинг отам мени ҳам ўзи билан бирга олди ва биз амир билан бирга жўнадик. Узоқ йўл босиб, ниҳоят Мадинага етиб келдик. Амир Ҳазрат саллолоҳи алайҳи вассалламнинг равзаи мўътабарларини зиёрат қилишга мушарраф бўлди. Ўша кеча бир камбағал одамнинг хонадонига қўндик. Кечаси амирнинг аҳволи ёмон бўлди. У отам Шоҳ Ҳусайн барлосдан «Ёсин»ни хатм қилишни сўради. Отам «Маслаҳум» оятига етганда амирнинг нафаси тўхтади. Ғаройиб воқеа бўлди, биз ҳайратда қолдик; тонг отгач, Мадинанинг улуғлари ва аҳолиси йиғилиб келиб: «Шу ерда кечаси кимдир вафот этдими?» деб сўрашди. Биз, ҳа, дедик. Ҳамма келиб биздан кўнгил сўрашди: «Бугун тун бўйи пайғамбаримизни тушимизда кўрдик» дейишди. У айтибдики: «Бугун узоқдан бир меҳмон мени зиёрат қилмоқ учун келиб, шу ерда вафот этди. Уни халифа Усмон разиоллоҳу анҳунинг қабрлари этагига дафн этинглар, деб ҳассаларининг учи билан чизиқ тортдилар. Эрталаб бориб қарасак, ҳақиқатан ҳам ўша ерга чизиқ тортилган экан». Аллоҳнинг қандай бахтли бандаси эканки, шундай ҳурматга сазовор бўлипти. Мадинанинг барча улуғлари амирни катта эъзозу эҳтиром билан халифа Усмон разиоллоҳу анҳу қабрининг оёқ томонига дафн этишди. Кейинги кеча амирнинг хотини ўз омонатини топширди. Уни амир ёнига дафн қилишди». Султон Али барлос шу ерга етганда отам жуда хурсанд бўлган. У хурсандчилиги сабабини сўраганида отам: «Ана шу Амир Худойдод менинг бобокалоним бўлган,  деб жавоб берган. Султон Али барлос ўрнидан туриб, отамни бағрига босиб, шундай деган: «Мен айтган гапларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Мўғулистонда амирнинг вафоти ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, биз у ердан қайтиб бироз Ироқда яшаб қолдик, кейин Хуросонда қолиб кетдик. Ҳеч ким Мўғулистонга бу ҳақда хабар бермаган. Аллоҳга шукурки, парвардигори олам амирни қандай шараф билан ярлақаганини мен сизга айтиб бердим».
Амир Худойдод ҳақида шунга ўхшаш ҳикоялар мўғуллар ўртасида оғиздан оғизга ўтиб юради. Амир Маккага кетгач, Увайсхон амир Худойдоднинг мансабини унинг катта ўғли Муҳаммадшоҳга берди.


Ўттиз тўртинчи фасл. Султон Увайсхоннинг шаҳид кетгани баёни.

Амир Худойдод Маккага кетгач, амир Муҳаммадшоҳ падари бузрукворининг ўрнига ўтирганидан сўнг кўп ўтмай Султон Увайсхоннинг ҳам куни битди. Бунинг таърифи шундай: Темур хонларидан Сотуқхон исмли одам бўлган. Амир Темур ўрнатган тартибга кўра, хонлардан бирини хонлик тахтига чиқариб, уни шаҳарнинг девор билан ўралган маълум бир ерига жойлаштиришган. Ҳозир Самарқанддаги ўша жой «Ҳаёти хон» (Хон саройи) деб аталади. Бу жой катта майдонни эгаллаган (бир неча мавзелардан иборат бўлган), ҳар бир мавзенинг ўз номи бўлган. Шулардан бири «Ҳавзи бўстони хон» («Хон боғининг ҳовузи») бўлиб, Самарқанднинг машҳур мавзеларидан бўлган. Қисқаси, Амир Темур даврида шу мавзеда Суйурғотмишхон истиқомат қилган. Амир Темурнинг Ироққа юриши даврида у ҳам бориб, ўша ёкда вафот этган. Ундан сўнг «Ҳаёти хон»га Султон Маҳмудхонни қўйишди. Амир Темурнинг барча фармонлари мана шу икки хон томонидан, мана бундай тартибда тузилган: «Суйурғотмиш ёрлиғидан Амир Темур Кўрагон сўзум». Мирзо Улуғбекнинг фармонлари ҳам худди шу тахлит Сотуқхон томонидан тузилган. Мирзо Улуғбек Сотуқхонни «Ҳаёти хон»дан узоқлаштириб, ўрнига бошқани хон қилди ва Сотуқхонни Мўғулистонга жўнатиб юборди.
Увайсхон Иссиқкўл яқинидаги Яқобулунг деган жойда бўлган. Мен Мавлоно Хожа Аҳмаддан эшитган эдим, у киши шундай деган эди; «Менинг Хожа Абдулкарим исмли амакиваччам бор эди. У Увайсхон билан жуда яқин бўлган, у айтиб берган эдики, бир жума куни, жума намозидан олдин Увайсхон ғусл қилган, сочини олдирган, кейин сўраган: «Менинг бу топ-тоза бошим нимага лойиқдир?». У, подшолик тожига лойикдир, деб жавоб берган. Хон бўлса: «Йўқ, у шаҳодатга лойиқ» деган. Шу ҳақда гаплашиб туришганда бир одам келиб, Сотуқхон келганлигини хабар қилган. Хон дарҳол ноғора чалиб, одамларни тўплашни буюрган, ўзи эса кийинишга ва яроғ-аслаҳаларини тақишга киришган. Атрофдаги тобе кишилари бир зумда тўпланишган ва душманга қарши жўнашган. Ораларида битта ариқ бўлган, лашкарлар бир-бирларига яқинлашишганда хон отда етиб келган ва ариқдан сакраб ўтмоқчи бўлган, аммо отнинг олдинги оёқлари ариқнинг нариги қирғоғига тиралиб қолиб, нарига ўтолмай қолган. Унинг Жақир исмли кайтовул қавмидан бир мулозими бўлиб, у аввал Муҳаммадшоҳнинг мулозими бўлган ва ўқни шундай зўр отар эканки, улусда бунга тенг келадигани бўлмаган. Шунинг учун хон уни амир Муҳаммадшоҳдан сўраб олган. Хон ариққа йиқилган вақтда Жақир етиб келиб, уни ғаним хаёл қилиб, хоннинг қорнига ўқ отган. Қорнига ўқ теккач, хон чалқанчасига йиқилган. Жақир хонни таниб қолиб, унга ўзини отган. Бу хабар Сотуқхонга етган, у келиб, отдан тушиб, хоннинг бошини қучоғига олган. Илиниб турган жони шу фурсатда узилган.
Мўғул улуси тарқаб кетган, Сотуқхонга бўйин эгмаган. Сотуқхон Мўғулистонда қололмай, Кошғарга кетган. У ерда амир Худойдоднинг набираларидан бири Қароқул Аҳмад мирзо Сотуқхонни ўлдирган. Кўп ўтмай Мирзо Улуғбек ўша ёққа қўшин жўнатган. Қароқул Аҳмад мирзони тутиб, Самарқандга олиб кетишган ва икки бўлак қилиб ташлашган.
Ўттиз бешинчи фасл. Увайсхон шаҳид бўлгандан кейин Эрзаннинг мағлубияти баёни.
Увайсхон шаҳид бўлгач, мўғуллар тарқаб кетишади. Сотуқхон ўлдирилгач, улар бироз хотиржам бўлишади. Увайсхондан Юнусхон ва Эсан Буғахон исмли икки ўғил қолди. Ўшанда каттаси Юнусхон ўн уч ёшда эди. Амирлар ўртасидаги келишмовчилик туфайли амир Худойдоднинг ҳурматли одамларидан бўлган Эрзан борин ва Мирак туркман амирлари қурол-аслаҳалари билан Муҳаммадшоҳдан кетишди-да, Юнусхонга қўшилиб, фитна қўзғашди. Худди шу тахлит бошқа гуруҳ Эсан Буғахонга бирлашди. Амирларнинг кўпчилиги Эсан Буғахон тарафида бўлгани боис Юнусхон тарафидагилар ортиқ Мўғулистонда қололмадилар. Эрзан борин билан Мирак туркман ўттиз минг уйлик мўғулларга бош бўлиб, Юнусхонни ҳам олиб, Самарқандга кетишди. Эсан Буғахон бошқа мўғуллар билан бирга Мўғулистонда қолишди.
Ўттиз олтинчи фасл. Юнусхон билан Эрзаннинг Самарқандга, Мирзо Улуғбек қошига қилган сафарлари баёни.
Мирзо Улуғбек Эрзан борин билан Мирак туркманнинг келишаётгани хабарини эшитгач, уларни кутиб олмоқ учун Самарқанддан чиқди. У мўғулларни озиқ-овқат билан таъминлашга ваъда берди ва «Ҳар бир оила қалъага алоҳида-алоҳида бўлиб кирсин ва озиқ-овқат олиш учун рўйхатга ёзилсин» деди. Ҳар бир мўғул оиласи озиқ-овқат олиш умидида бошқалардан ажралиб, қалъага алоҳида кирди. Улар бошқа дарвозадан чиқишганида уларни у ерда бир гуруҳ одамлар кутиб туришарди – оила бошлиғини ўлдириб, аҳли авлодини асир олишди. Қалъага кирган одам у ердан ортиқ қайтиб чиқмади. Мирзо Улуғбек шу тахлит ишни тинчитди. Юнусхонни эса қўлга тушганларнинг бешдан бир қисми билан отаси Шоҳрух мирзо ҳузурига жўнатди. Уни Шоҳрух мирзо ёнига келтиришганда, у ўғли Мирзо Улуғбекдан хонни бошқа асирлардан ажратиб, рисоладагидек муомала қилмагани учун ранжиди. Хонга оталарча меҳрибонлик кўрсатиб, уни Мавлоно Шарафиддин Али Яздий қўлига топширди, хон ундан кўплаб билимларни ўрганди. Мавлоно хон шарафига кўплаб шеър, қасидалар, унинг исмига муаммолар битдики, мана бу сатрлар ҳам шулар жумласидандир:
Ҳой «Хитодан хон келди» деб айтган инсон,
Уйинг куйгур, бундай дегин, жон келди, жон!
Бир сўз билан айтганда, Мавлононинг ҳаётлик пайтида Юнусхон унинг ҳужрасида ўн икки йилни бирга ўтказди ва ундан беҳисоб билимларни ўрганди. Мавлоно вафот этгач, хон Язддан Ироқ, Форс тарафларига сафарга жўнади. Йигирма беш ёшгача хон Мавлоно Шарафидддин Али Яздий хизматида бўлди. Қирқ бир ёшида Мўғулистонга подшоҳ бўлди, бу ҳақда ҳали сўз юритамиз, иншооллоҳ.
Ўттиз еттинчи фасл. Эсан Буғахон ибн Увайсхоннинг хонлик даври баёни.
Эрзан борин билан Мирак туркман Юнусхонни Самарқандга олиб кетишгач, бутун Мўғулистон Эсан Буғахон тарафига ўтди. Барча амирлар унинг хизматида бўлишди. Эсан Буғахоннинг иши маромига етди. Бу ишда амир Саид Али айниқса жонбозлик кўрсатди. Хон тахтга ўтиргач, амир Саид Али Кошғарга юриш қилишга хондан ижозат сўрайди, чунки, юқорида зикр қилинганидек, Хожа Шариф Кошғарий Кошғарни Мирзо Улуғбекка топширган ва амир Саид Алининг отаси амир Саид Аҳмадни қувиб юборган эди. Мирзо Улуғбек Кошғарга амир Султон Малик дўғлатни ҳоким қилиб юборган, ундан сўнг Ҳожи Муҳаммад Шоистани, ундан кейин эса Пирмуҳаммад барлосни юборган эди.
Амир Саид Али Эсан Буғахонга шундай дейди: «Ҳозир Кошғарга юриш қилишимнинг айни пайти. Боболарим пойтахти ўн тўрт йилдан бери қўлдан чиққан эди, энди қайта қўлга киритиш учун тиришаман, агар қадимги мулкимизни қайтиб олмасак, биз бутунлай шарманда бўламиз». Хон бунга рухсат берган.
Ўттиз саккизинчи фасл. Амир Саид Алининг Кошғарга юриши ва Кошғарни олиши баёни.
Ўша кунларда Манглай Субенинг катта қисми дўғлатлар тасарруфида бўлиб, Андижон билан Кошғар Самарқанд ҳукуматига тобе бўлган.
Иссиқкўл ҳудуди ҳар хил тўқнашувлар оқибатида вайрон бўлган эди. Қолган ҳудудлар асосан дўғлат амирлари қўлида бўлган. Ўша пайтда Оқсув, Кусан ва Бойда амир Саид Алининг амакиваччалари ўтиришарди. Амир Саид Али Оқсувга келиб, у ерда аҳли аёлини қолдирди-да, ўзи Кошғарга жўнади. Бу ҳақда ҳар хил гап-сўзлар юради. Амир Саид Али Оқсувга келганида у ва унинг амакиваччалари Одил Мўмин мирзо ва Саид Муҳаммад мирзо ораларида низо чиқди. Охир-оқибат унинг қўли баланд келди ва қариндошларидан кўпи ўлди. Ушбу воқеа таърифида тескари миш-мишлар ҳам бўлган, биз булар ҳақида тўхталиб ўтирмаймиз. Бу гап-сўзларнинг мазмуни шуки, қариндошлари устидан қўли баланд келгач, амир Саид Али Кошғарга йўл олди. Унинг хизматида етти минг киши бўлган. Улар Кошғар чегарасига етишганда Ҳожи Муҳаммад Шоиста унга қаршилик кўрсатиш учун ўттиз минг отлиқ ва пиёда лашкари  билан Кошғардан чиқиб, уч фарсахлик масофадаги Учбарханга келди. Лекин амир Саид Алининг дастлабки ҳужумидан кейиноқ улар қочишди. Мўғул чиғатойни қувиб етди, чиғатой эса, мўғул унга зарба бергани заҳоти қуролини ташлаб, ёрдамга чақирди, шунинг учун жанг «Солой бегим» номини олди, бунинг маъноси: «О, бегим, қуролимни ташлаяпман» дегани. «Солой бегим» жанги ўша ҳудуддаги энг машҳур, тарихий жанглардан бўлиб қолган.
Кошғар аҳли, қочоқлар қалъага бекинишди, амир Саид Али қалъа ташқарисида қолган ҳамма нарсани талон-тарож қилиб олиб кетди. Янаги йили у буғдой пишиғи пайтида тағин келди, ҳеч ким унинг олдига чиқишга журъат этолмади. Ҳожи Муҳаммад Шоиста қалъага қамалиб олди. Амир Саид Али Кошғар теварагини талаб, Кошғарнинг Алоку деган энг мустаҳкам қалъаларидан бирини қамал қилиб, жанг билан эгаллаб, қўлига илинган ҳамма нарсани олиб, орқасига қайтиб кетди.
Хожа Шариф Самарқандга Мирзо Улуғбек қошига кўмак сўраб борди. У Мирзо Улуғбек ёнида бўлган ўша кунларда, бир куни Мирзо ундан: «Кошғарда эшаклар борми?» деб сўради. Хожа Шариф «Кошғарга чиғатойлар келганларидан бери улар кўпайиб қолишди» деб жавоб берди.
Хожа  Шариф ўтиниб сўрайвергач, Мирзо Улуғбек Кошғарга Пирмуҳаммад барлосни юборди ва Ҳожи Муҳаммад Шоистани Мирзо Улуғбек Самарқандга келтирди. Пирмуҳаммад барлос Кошғарда пайдо бўлгач, халқ унга Пирмуҳаммад банги деб от қўйди, ундан ҳеч қандай  фойда бўлмади. Хожа Шариф чиғатойларга ишонмай қўйди. Учинчи йили амир Саид Али яна Кошғарга юриш қилди. Кошғар аҳолиси Хожа Шарифни икки йилдан бери донимиз қўлдан кетаяпти, агар бу йил ҳам шундай бўлса, Кошғарда қаҳатчилик бўлади, деб айблашди. Саид Али Кошғарга яқинлашганда шаҳар халқи Пирмуҳаммад барлоснинг қўлларини боғлаб, амир ҳузурига олиб келди. Амир Саид Али Пирмуҳаммаднинг ҳаётлик либосини ечиб, унга кафан кийдирди. Кейин Кошғарга кириб, ҳақиқат ва адолатни қарор топтирди, халқпарвар бўлиб, зўравонликларга барҳам берди. Йигирма тўрт йил у ерда муносиб тарзда ҳукмронлик қилди, ободончиликка катта эътибор берди. Бу ҳақда ҳозиргача гапиришади. Шу давр мобайнида амир давлат тузумини яхшилаш, деҳқончилик, чорвачиликни ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади. Амир Саид Алидан уч ўғил ва икки қиз қолди, ўғилларидан бири – Муҳаммад Ҳайдар мирзога, яъни каминанинг бобосига қолган мерос бир юз йигирма минг қўйдан иборат бўлган.
Мен машҳур савдогар, тақводор, адолатпарвар инсон Хожа Фахриддин Ортужийдан эшитганим борки, амир ҳар йили уч ой қишда овга чиқаркан. Овга фақат жангчиларни жалб қиларкан.
Бошқарувчилари қанча одамни ов пайтида озиқ-овқат билан таъминлаёлса, у шунча одамни ўзи билан бирга оларкан. Шу уч ой ичида амир Саид Али ҳар бир манзилда ҳар бир кишига етадиган қилиб ун, гўшт бераркан. Шундай кунлар ҳам бўларканки, беш юзтагача қўй ва шунга мувофиқ пичан ва арпа сарф қилинаркан. Баъзи йилларда унинг хизматида уч мингтагача одам банд бўлиб, амир уларнинг ҳаммасини озиқ-овқат билан таъминларкан. Лашкари қишлоғида тўхташини манзилгоҳлар аҳолиси Худодан илтижо қилиб сўраркан, чунки лашкар шу яқин атрофда тўхтаса, ерлик аҳолига амир кўплаб егуликларни хайрия қиларкан.
Хожа Фахриддиннинг гувоҳлик беришича, бир куни Ортуж деган жойда тўхташибди. Ов бошлиғи (мири шикор) бир аёлга ун бериб: «Нон ёпиб бер, сенга олти нондан бирини бераман» деган. Аёл нонни ёпиб келиб, бошлиқнинг олдига қўйиб, ваъда қилинган ҳақини сўрайди. Шунда ов бошлиғи: «Ўтин, туз, ун – ҳаммаси мендан, нон ёпган хизматингга ҳақ сўрайсанми?» дейди ва ваъда қилинган нонни аёлга бермайди. Амир Саид Али отга минаётганида ўша аёл унинг ёнига келиб, воқеани айтиб арз қилди. Амир ўша ов бошлиғини чақириб, сўраганида, у бу сўзларнинг ростлигини тасдиқлайди. Амир унга: «Нега нонни ўзинг ёпмай, буни бир фақир аёлга юкладинг?» дейди. Шу заҳоти омбир олдириб келиб, тишларини суғуртиради-да, уларни бошига қоқтиради.
Буни баён қилишдан мақсад, амирнинг қандай адолат билан ҳукмдорлик қилганини кўрсатишдир. Амир Саид Алининг хайрли ишлари ва ўз ҳисобидан қурган масканлари Кошғарда бугунги кунгача сақланиб қолган.
Амир ҳукмронлик қилган йигирма тўрт йил мобайнида тағин қатор воқеалар бўлиб ўтдики, булар бақадри имконият, фурсати билан зикр этилажак.


Ўттиз тўққизинчи фасл. Амирларнинг Эсан Буғахонга қаршилик кўрсатганлари ва ўша кунлари бўлиб ўтган воқеалар баёни.

Юнусхон Мовароуннаҳрга кетгач, бутун мўғул улуси Эсан Буғахонга бўйин эгиб, фармонбардор бўлишди. Шу тариқа бир неча йил ўтди.
Балоғатга етмаган хон ёшлигига бориб, амирларга беҳурматлик қилди. Уйғур қавмидан бўлган турфонлик Темур исмли аллақандай одамни ўзига мулозим қилиб, унга ҳаддан ортиқ ғамхўрликлар кўрсатди. Амирлар Темурнинг юқори мартабага эришиши ва ўзларининг обрўлари пастга урилганидан ғазабланиб, бир куни йиғин пайтида хон ҳузурида Темурни тутиб олиб, бурда-бурда қилиб ташлашди ва ўзлари ҳар ёққа тарқалиб кетишди. Беҳад қўрқиб кетган хон ҳам қочиб кетди.
Бу ҳақдаги хабар Кошғарга – амир Саид Алига етгач, у дарҳол Мўғулистонга жўнади ва хонни Оққуёшдан топди. Амир Эсан Буғахонни бир қанча кишилари билан Оқсувга олиб келиб, Оқсувни унга берди. Бу орада мўғул амирларидан ҳар бири ўз иши билан бўлиб кетди. Амир Муҳаммадшоҳ Отбошида ўрнашди. Жияни амир Саид Алининг воситачилиги орқасидаги қанчадан-қанча ваъдалари ҳамда ёзишмалардан сўнг Оқсувга, хон қошига келди ва у ерда умрининг охиригача қолди.
Яна бир амир Каримберди дўғлат Мўғулистон чегарасида, Андижон ва Фарғона тарафидаги Олабуға деган мавзеда тепалик устига бир қалъа қурди, ҳозиргача ўша қалъа излари сақланган. Шу ердан у Андижон мусулмонлари устига юришлар қилиб турди.
Амир Ҳақберди бекчик Иссиқкўлдаги Қўйсуви деган ерда қалъа қурди. У аҳли аёлини қалмоқлар зарар етказмасин, деб Иссиқкўлдаги оролда қолдириб, ўзи Туркистон ва Сайрамни талон-тарож қилиш билан машғул бўлди.
Чурас ва борин қавмидан бўлган амирлар қалмоқ Эсан Тойшиннинг ўғли Амасанжи Тойши хизматига кетишди.
Қалучи, булғачи ва бир қатор бошқа қавмлардан бўлган амирлар ўзбеклар юртига Абулхайрхон қошига кетишди.
Кунжи ва бошқа қавмдаги амирлар Мўғулистон чўлларида изғишиб, бебошликлар қилиб юришди. Аммо Эсан Буғахон Оқсувда қарор топди, унинг хизматига биринчи бўлиб амир Муҳаммадшоҳ келди, кейин барча одамлари тағин унинг ёнига қайтишди. Хон ҳам бўлиб ўтган ишлардан пушаймон бўлиб, одамларига яхши муомала қила бошлади. У куч-қувватга эришгач, илк марта Сайрам, Туркистон ва Тошкандга юриш қилди. У тўсатдан ҳужум қилиб, бу жойларни тамоман вайрон қилиб қайтди. Бу ҳужум 855 (1457) йилдан илгари бўлган. Яна бир марта худди шу тахлит ўша жойларга ҳужум қилди.
Ўша даврда Мовароуннаҳрда Султон Абусаид мирзо подшоҳ бўлган. У Эсан Буғахонни қувиб, Ёнгигача борди, бу жой тарихий китобларда Тороз дейилади. Мўғуллар жанг қилмай қочишди, Султон Абусаид мирзо ўз вилоятига қайтиб кетди.
Абусаид мирзо Хуросонни эгаллаб, ўша ёққа кетгач, Эсан Буғахон Андижонга жўнади. Ўша пайтда Абусаид мирзо томонидан тайинланган Мирзо Али Кучак Андижон ҳокими этиб тайинланган ва у Андижон қалъасини мустаҳкамлаб олган.
Хоннинг лашкари шу қадар кўп эдики, Андижон қалъасини уч қатор ўраб олиб, ҳамма томондан лаҳм қазишди. Улар ташқи қалъани эгаллашди. Аркда Мирзо Али Кучак ёлғиз қолди. Охир-оқибат туҳфаю тортиқлар қилиб, сулҳ тузишга мажбур бўлди. Хон Андижоннинг бутун аҳолисини асирга тушириб, ўзи билан олиб кетди. Ўша асирга олинганларнинг авлодлари ҳозир ҳам Кошғар ва Мўғулистонда истиқомат қилишади.
Султон Абусаид мирзога бу ҳақда хабар етган пайтда Эсан Буғахонни қайтариш унинг қўлидан келмади, чунки агар Мўғулистонга жўнаганида ҳам Эсан Буғахон Мўғулистоннинг чекка ўлкаларига кетиб қолган ва Самарқанд лашкари у ёқларга боролмаган бўларди. Борди-ю, у ёқларга боролган тақдирида ҳам, Эсан Буғахон ортига қайтганида яна унинг изидан тушар ва бу аҳвол узлуксиз давом этган бўларди. Унга қарши бирор кишини тайинлаб ҳам бўлмасди, Эсан Буғахоннинг кучи ва кўп сонли лашкарига амирликлар бас келишолмасди.
Шу билан бирга Султон Абусаид мирзонинг Ироққа лашкар тортиш нияти бўлган, аммо Эсан Буғахон туфайли бунга журъат қилолмаган. Кейин у Ироққа киши юбориб, Эсан Буғахоннинг Ироққа бориб қолган акаси Юнусхонни олиб келтирди. Юнусхон ҳақида аввал ҳам ёзган эдик, ҳали яна  ёзамиз. Уни Эсан Буғахонга қарши жўнатади, икки ака-ука бир-бири билан низолашиб туришса, давлатнинг чегаралари хавфдан холи бўлади, деб ўйлайди.
Хондан ажралиб, ҳар бири ўзи учун қалъа қуриб олган мўғул амирларининг барчаси хонга бўйин эгишмади. Хон ҳам, эҳтимол ўзлари қайтиб қолишар, деган умидда уларга халақит бермади.
Ўша кунлари Абулхайрхон Дашти Қипчоқни тўлиғича эгаллади. У Жўжи султонларига ҳужум қилгач, Жонибекхон билан Қирайхонлар ундан қочиб, Мўғулистонга келишди. Эсан Буғахон уларни очиқ юз билан кутиб олиб, Мўғулистоннинг ғарбидаги Чу дарёси бўйида жойлашган Қўзибоши деган мавзени берди. Улар у ерда хотиржам истиқомат қилиб турганларида Абулхайрхон вафот этиб, ўзбеклар улуси пароканда бўлиб кетди, у ерда катта низолар келиб чиқиб, кўп одамлар Қирайхон ва Жонибекхонлар ёнига кетишди, уларнинг сони икки юз минг кишига етди, уларни «ўзбек-қозоқлар» деб атай бошлашди. Қозоқ султонларининг ҳукмронлиги 870 (1465-1466) йилдан то 940 (1533-1534) йилгача (тағин ҳам Аллоҳ яхшироқ билади) давом этган, шу даврда қозоқлар ўзбеклар ҳудудининг катта қисмини эгаллаб туришган.
Қирайхондан кейин Бурундуқхон, ундан кейин Жонибекхоннинг ўғли Қосимхон бўлди, у бутун Дашти Қипчоқни эгаллади, лашкарининг сони минг-минг, яъни миллион киши бўлган. Жўжихондан кейин бу юртларда ундай кучли хон бўлмаган. Ундан сўнг ўғли Мамошхон, кейин Қосимхоннинг жияни Тоҳирхон ҳукмронлик қилган. Тоҳирхон даврида қозоқлар сони камайган. Ундан кейин укаси Бўйдошхон ҳокимият тепасига келди, аммо Бўйдошхон даврида қозоқлар сони йигирма мингтага тушиб кетган. 940 (1533-1534) йилдан кейин Бўйлашхон ҳам вафот этгач, бу ерларда қозоқлар умуман қолмаган.
Хуллас, Эсан Буғахон давридан бошлаб Рашидхон давригача мўғуллар ва қозоқлар ўртасида дўстлик ва иттифоқлик ҳукм сурган, лекин Рашидхон буни бузган. Бу ҳолат Рашидхон ҳаёти лавҳалари ёритилганда (агар Аллоҳ изн берса) тағин эслатилади.


Қирқинчи фасл. Юнусхон ҳукмронлигининг бошланиши баёни.

Султон Абусаид мирзо ибн Султон Муҳаммад мирзо ибн Мироншоҳ мирзо ибн Амир Темур ўзининг барча амакиваччаларидан ғолиб келди. Самарқандни Абдулло мирзо Шерозийдан олиб, Хуросонни эса Мирзо Бобур Қаландар ибн Бойсунғур мирзо ибн Шоҳрух мирзо ибн Амир Темурнинг вафотидан сўнг ўзига қўшиб олди. Абусаид мирзо улуғ подшоҳ бўлиб, Темурийлар наслида бошқа бундай подшоҳ бўлмаган. Хуросонни олгач, унинг олий мақсади Ироқни қўлга киритиш бўлиб қолди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Эсан Буғахон туфайли Ироққа юриш қила олмайди. Шунда у одам юбориб, Ироқдан Эсан Буғахоннинг акаси Юнусхонни олиб келтиради. Юнусхоннинг Ироққа кетиши сабабини олдин эслатиб ўтдик.
У Юнусхонни Хуросонда Боғи Зоғонга жойлаштирди ва унинг шарафига шоҳона зиёфатлар уюштирди. Улар ўртасида бир қатор шартномалар, мажбуриятлар қабул қилинди. Улардан бири мана будир: Султон Абусаид мирзо Юнусхонга айтадики: «Амир Темурнинг дастлабки юришида амирлар унга керагича итоат қилишмаган. Агар у амирларнинг барчасини қатл қилишни буюрганида эди, бу унинг кучига талофот етказган бўларди. Амирлар унга: «Хон белгилангки, биз унга итоат қилайлик» дейишади. Шунда Амир Темур хонликка Суйурғотмишхонни тайинлайди, амирлар унга бўйин эгишади. Амир Темур хонни ўз назорати остида тутади, туркий фармонлар ва тузуклар хон номидан тузилади. Суйурғотмишхон вафот этгач, унинг ўрнига Султон Маҳмудхон тайинланади. Амир Темурдан кейин то Мирзо Улуғбеккача шу тартиб сақланади. Бироқ хонда «хон» деган номдан ўзга ҳеч бир имтиёзу ихтиёр йўқ эди.. Умрининг охирида у асосан Самарқандда истиқомат қилди. Энди эса, подшоҳлик навбати менга келгач, менинг мустақиллигим шу даражага етдики, менинг ҳеч қандай хонга эҳтиёжим йўқ. Мана ҳозир мен сизни фақирлик либосидан халос қилиб, шоҳлик либосини кийдирдим, сизни ўз она юртингизга жўнатаяпман. Шартим шуки, сиз ўз ўтмишдошларингизга ва ўтган хоқонларга ўхшаб: «Амир Темур ва унинг авлодлари бизнинг навкарларимиздир» деган даъвони қилмайсиз. Агар илгари шундай бўлган бўлса, энди бундай бўлмайди. Мен энди мустақил шоҳман, бошқалар ўзларини менга навкар деб ҳисоблашади. Бундан буён «дўстлик» деган тушунчадан «тобе» ва «хожа» сўзларини чиқариб ташланг, аввалги хонларга ўхшаб: «Темурий мирзоларга» деб ёзманг, балки дўстона ёзишмаларга риоя қилинг. Бундан кейин авлоддан-авлодга шу тартиб ўтсин». Шу сўзлар асосида улар шартнома тузишди. Юнусхон ҳам бунга жон деб рози бўлди. Шу шартларга қасамёд қилишди. Абусаид мирзо Юнусхонга рухсат бериб, ўша манзилларда яшаётган барча мўғулларни унга қўшиб жўнатди.


Қирқ биринчи фасл. Юнусхон ҳаётининг муфассал баёни.

Бундан олдин Юнусхон фаолиятининг дастлабки даври баёни қисқача келтирилган эди, муфассал баёни бундай: Юнусхон ибн Увайсхон ибн Шералихон ибн Муҳаммадхон ибн Хизр Хожахон ибн Туғлуқ Темурхон. Унинг таваллуд топган санаси ҳақида аниқ маълумотга эга бўлолмадим, аммо вафот этган санаси ва умр кечирган муддатидан келиб чиқиб, уни 819 (1416-1417) йилда туғилган деса бўлади (Аллоҳга яхшироқ маълумдир).
Отаси Увайсхон шаҳид бўлгач, у хон бўлди, бироқ укаси Эсан Буғахон ва амирлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келди. Эрзан борин билан Мирак туркман бир гуруҳ мўғуллар билан бирлашиб, Юнусхонни Самарқандга, Мирзо Улуғбек қошига олиб кетишди. Ўшанда хон ўн уч ёшда эди. Мўғуллар ҳозиргача вақтни мана шу воқеага боғлаб ҳисоблашади. Бу воқеа ҳижрийнинг 832 йили (1428-1429 мелодий) содир бўлган. Мирзо Улуғбек хонни зикр қилинган тарзда отаси Шоҳрух мирзо ҳузурига жўнатди. Шоҳрух мирзо хонга юксак мулозаматлар кўрсатиб, уни Мавлоно Шарафиддин Али Яздий қўлига топширди. Мавлоно Шарафиддин Али Яздий машҳур олим бўлган, ўша даврда на Самарқандда, на Хуросонда, на Ироқда Мавлонога тенг келадиган олим бўлмаган. Муаммо жанрининг шакли илгари бошқача бўлган, ҳозир одамлар орасида машҳур бўлган «Мутаррази муаммо» рисоласини Мавлоно ёзган. Шу илмга бағишланган «Ҳулали муаммо» асари ҳам уники. «Зафарнома» муаллифи ҳам Мавлонодир. «Қасидаи бурда» асарига битилган, тасаввуф услубида ёзилган шарҳ ҳам тенгсиздир, бундай шарҳни ҳали ҳеч ким ёзмаган. Булардан ташқари, унинг яна кўплаб асарлари борки, уларни санайверсак, тасвир чўзилиб кетади, мақсадимиз – унинг нечоғлик буюк олим бўлганлигини таъкидлашдир.
Хон Мавлоно қошида йигирма  йилни ўтказди ва шундай билимларни эгалладики, унгача ҳам, ундан кейин ҳам мўғул хоқонлари орасидан бундай инсон чиқмади.
Мавлоно ҳазратлари вафот этгач, хон Язддан Форсга, Озарбайжонга, Қазвинга борди. Кўп сафарларда бўлиб, касби орқасидан кун кўрди, Шерозда ватан тутиб, у ерда олимларнинг йиғинларида иштирок этди, турли касбларни эгаллаш йўлидан борди, шу боис у Шерозда «Уста Юнус» номи билан машҳур бўлди.
Бу орада Султон Абусаид мирзо Хуросонни эгаллаб, Ироққа юриш қилиш режасини тузади, аммо Эсан Буғахоннинг Фарғона, Шош ва Туркистонга хавф солиб турганлиги туфайли Ироқ юришини тўхтатиб турди. Шунда Султон Абусаид мирзо Шерозга киши юбориб, Юнусхонни олиб келиб турли шартлар ва келишувлар билан, юқорида айтиб ўтганимиздек, уни Мўғулистонга жўнатди. Ўшанда 860 (1455-1456) йил бўлиб, хоннинг муборак ёши қирқ бирда бўлган.


Қирқ иккинчи фасл. Юнусхоннинг Мўғулистонга келиши баёни.

Аввал баён қилинганидек, Мўғулистонда ҳар бир амир ўз жойини мустаҳкамлаб олган эди. Амирларнинг юқорида айтилган норозиликлари ва Темур уйғурни ўлдирганларидан сўнг Эсан Буғахон Оқсувга келди.
Юнусхон Мўғулистонда пайдо бўлганиданоқ биринчилардан бўлиб, унга амир Каримберди қўшилди. Ундан сўнг кунжи қавмидан бўлган амирлар, айрим тарқоқ мўғуллар билан бирга хоннинг хизматига киришди. Хон амир Ҳожи Пир кунжининг қизига уйланди, бу киши ўша пайтда Кунжи ҳокими бўлган, қизининг исми Эсан Давлат бегим эди. Ундан хоннинг уч қизи бўлган, уларнинг ҳар бири ҳақида фурсати билан тўхталамиз.
Иссиқкўлдаги бекчик амирларидан амир Пир Ҳақберди ўлиб, ўрнига унинг жияни амир Иброҳим ҳокимлик қилаётган бўлиб, у ҳам келиб хонга қўшилди. Шу билан, хон қўл остидаги одамлар сони анча кўпайди. Бироқ, айтиб ўтилганидек, амирлар ўзлари хоҳлаганларидек яшаб келганлари боис, улар хон олдидаги бурчлари қандай эканлигини билишмаган ва бунга риоя қилишмаган, хон эса барча ҳолларда уларни кечирган.
Шу тахлит бир неча йил ўтди. Юнусхон Кошғарга йўл олди. Амир Саид Али у пайтда кексайиб қолган, ҳатто от устида ўтиришга ҳам кучи етмасди. У Эсан Буғахонга Юнусхоннинг Кошғарга келганлиги ҳақида киши юбориб, ўзи Кошғар қалъасига беркиниб олади. Эсан Буғахон ўшанда Юлдузда ёзни ўтказаётганди. Юлдуз Мўғулистоннинг шарқий чегарасида жойлашган. Бу хабар Эсан Буғахонга етгани заҳоти у қўшин тўплайди – олтмиш минг одам йиғилади. Юлдуздан чиқиб, ўн бир кундан кейин Кошғарга етиб келди. У билан бирга олти минг киши келди, қолганлари ҳали йўлда эди. Амир Саид Али унга қўшилди ва бирга жанг қилишди. Амирнинг хизматида ўттиз минг киши бор эди. Кошғардан Оқсув тарафга уч фарсах йўлда, Хонсолор деган жойда жанг бўлди. Ниҳоят катта қийинчиликлар билан Эсан Буғахон ва Амир Саид Али ғалаба қилишди. Юнусхон қочди. Хоннинг бутун аҳли аёли амир Саид Али қўлига тушди.
Ўша пайтда Юнусхон фарзандларининг энг каттаси Меҳр Нигорхоним ҳали амир Пир Ҳожининг қизи Эсан Давлат бегимнинг қўлида эмизикли бола бўлган. Амир Саид Али уларни озиқ-овқат ва улов билан таъминлаб, ҳурмату эҳтиром кўрсатиб, тўхтатмай Юнусхон ортидан жўнатди.
Юнусхон Мўғулистонга қайтиб келганида, ҳамма одамлари ундан кетиб қолишди. Шу билан у Мўғулистонда қололмай, оиласини қолдириб, ўзи Хуросонга, Султон Абусаид мирзо хизматига кетди. Хон шу даражада фақир аҳволда бўлганки, ҳатто Мирзога бирор нарса тортиқ қилишга ҳам қурби етмаган. Юнусхоннинг Буёнқули исмли содиқ хизматкори бўлган. Хон унга ялиниб: «Мен сени қулим деб атай ва тортиқ сифатида Мирзога берай» деди. Буёнқули рози бўлди, хон уни Мирзога ҳадя қилди.
Юнусхон Мирзога илтимос билан мурожаат қилиб, мўғуллар унга ишонч билдиргунларига қадар яшаб туриши учун бирорта вилоятни бериб туришини сўрайди. Мирзо унга Андижон кентларидан бири Еттиканд деган жойни бериб ўша ёққа жўнатди. Хон жўнаётганида Буёнқули йиғлаган. Мирзо, нега йиғлаяпсан, деб сўраганида, у ўз аҳволини юқорида тасвир этганимиздек қилиб айтиб берган. Мирзонинг унга раҳми келиб, унга от, яроғ-аслаҳа беради-да, хонга қўшиб жўнатиб юборади.
Қисқаси, хон яна Мўғулистонга қайтиб келди. Тарқалиб кетган одамлари қайтадан унинг атрофига тўпланишди. Бу орада Амир Саид Али Кошғарда вафот этди. Амир Саид Алининг Кошғардаги қабри устидаги сағанада 862 (1457-1458) йил – унинг вафот этган йили ёзиб қўйилган. Амир Саид Али вафот этгач, Юнусхон бир енгиллик ҳис этди. Бу ҳақда яна тўхталамиз.


Қирқ учинчи фасл. Отаси Амир Саид Алининг ўлимидан кейин Сонсиз мирзонинг Кошғарда ҳукмронлик қилиши ва ишларининг поёнига етиши баёни.

Амир Саид Али бандаликни бажо келтирганидан кейин ундан иккита ўғил қолди: улардан каттаси –Сонсиз мирзо, онаси чурас қавми амирларидан бўлган, иккинчиси – Муҳаммад Ҳайдар мирзо, онаси Ўрун Султон хоним, Юнусхоннинг холаси бўлган. Мўғуллар удумига кўра амир Саид Алининг вориси катта ўғли Сонсиз мирзо бўлди. У беҳад довюрак ва бағрикенг инсон бўлган. Султон хонимга ҳурмат-эҳтиром ва укаси Муҳаммад Ҳайдар мирзога меҳр-муҳаббати туфайли у хоним билан Муҳаммад Ҳайдар мирзога Кошғарни ва Янги Ҳисорни қолдириб, ўзига Ёркандни пойтахт қилиб олди.
Гарчи Муҳаммад Ҳайдар Юнусхон билан Эсан Буғахонга бирдек жиян бўлса-да, аммо амир Саид Али ҳаётлик пайтида унга Эсан Буғахоннинг қизи Давлат Нигор хонимни олиб берган эди. Шу туфайли Муҳаммад Ҳайдар мирзо ёрдам сўраб Эсан Буғахонга мурожаат қилди.
Амир Саид Алининг вафотидан кейин кўп ўтмай Эсан Буғахон ҳам 866 (1461-1462) йилда оламдан ўтди. Хонлик мансаби унинг ўғли Дўст Муҳаммадхонга ўтди, бу ҳақда ҳали кейинроқ сўз боради.
Муҳаммад Ҳайдар мирзо Эсан Буғахонга куёв бўлганлиги боис у билан иттифоқ  тузган бўлса, у вафот этгач, ўғли Дўст Муҳаммадхон билан иттифоқ бўлишга интилди, унинг аксига акаси Сонсиз мирзо эса Юнусхондан мадад сўради. Шу сабабдан Муҳаммад Ҳайдар Кошғардан қочиб, Оқсувдаги Дўстмуҳаммад қошига борди.
Сонсиз мирзо Кошғарни адолатли тарзда бошқарди. У шундай бағрикенглик билан ҳукм юргиздики, ўтган замонлар унинг даврига ҳасад қилса арзирди. У амир Саид Алидан кейин етти йил ҳукмронлик қилди. 869 (1464-1465) йилда у вафот этди. Сабаби бундай бўлган: бир куни у шикорда отдан йиқилди ва бешта ўқнинг учи қорнининг пастки қисмига кириб кетди. Бу жароҳат тузалмайдиган ярага айланиб кетиб, унинг ўлимига сабаб бўлди.
Сонсиз мирзо вафот этгач, Кошғар халқи Муҳаммад Ҳайдар мирзони олиб келишди, Дўст Муҳаммадхон мирзо эса Ёркандга борди. У Сонсиз мирзонинг хотини Жамол Оғони ўз никоҳига олди. Сонсиз мирзодан икки ўғил – Мирзо Абобакр ва Умар мирзо, Хон Султон хоним исмли бир қиз қолган эди. Сонсиз мирзонинг фарзандларини Дўст Муҳаммадхон ўзи билан бирга Оқсувга олиб кетди. Уларнинг ҳаёти кейин баён қилинади.


Қирқ тўртинчи фасл. Дўст Муҳаммадхоннинг ҳукмронлик даври баёни.

Эсан Буғахон ўз ажали билан дунёдан ўтгач, ўрнига ўғли Дўст Муҳаммадхон хон бўлди. Ўшанда ўн етти ёшда бўлган. Бу йигитча оқил кишилар тоифасидан бўлмаган, кўп хатти-ҳаракатлари оқилона эмас, бунинг устига мудом маст ҳолатда юрган.
Назм:
Оқиллар, қочинглар, девона маст бўлди!
Унинг қаландарликка майли бўлган. Ўзига, амирларига қаландарона от қўйиб олган бўлиб, ўзини Шамс Абдол деган, шунингдек, мулозимларини ҳам «фалончи Абдол», «писмадончи Абдол» деб чақирган. Бироқ у беҳад сахий бўлган, шу даражадаки, одамлар: Назм:
Жиннига подшолик қолди, дейишган.
Бу ҳолат ростдан ҳам жиннилик бўлган. У етти йил ҳукмдор бўлган. Ўз ҳукмронлиги даврида бир марта Ёрканд ва Кошғарга юриш қилган. Дастлаб Ёркандга борган. Сонсиз мирзо вафот этгач, унинг амирлари қалъа дарвозаларини бекитиб олишади. Хон улардан Сонсиз мирзонинг хотинини талаб қилади. Хотинига қўшиб катта ўғли Абобакр мирзони чиқариб беришган. У ортиқ ҳеч нарса талаб қилмай Кошғарга кетган.
Дўст Муҳаммадхон Ёркандга кетгач, Кошғар аҳлининг талабига кўра Муҳаммад Ҳайдар мирзони унинг ўзи Кошғарга жўнатди. Хон Кошғарга келганда Муҳаммад Ҳайдар мирзо уни кутиб олди. Хон мирзони Янги Ҳисорга юборди-да, ўзи Кошғарга кириб у ерни тор-мор қилиб талаб, Оқсувга кетди. Шу сабабли Муҳаммад Ҳайдар мирзо ундан хафа бўлиб, Юнусхондан мадад сўради, бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз.
Дўст Муҳаммадхон Оқсувга кетгач, бирмунча муддатдан сўнг қайтиб келди, синглиси Ҳусн Нигор хонимни Абобакр мирзога никоҳлаб берди. Аммо Абобакр мирзо хоннинг бетайинлигидан хавфсираб, Кошғарга ҳурматли амакиси Муҳаммад Ҳайдар мирзо қошига қочиб кетди. Хон унинг орқасидан Ҳусн Нигорхонимни жўнатди.
Шу воқеалардан кейин Дўст Муҳаммадхон отасининг хотинларидан бирини севиб қолди, уламолардан никоҳга фатво сўради. Ҳеч ким бу никоҳга, то у еттита уламони ўлдирмагунича фатво бермади. Охири у энг машҳур уламолардан бири ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Атторни чақириб, маст ҳолда, қўлида шамшир билан: «Эй мулла, мен ўгай онамга уйланмоқчиман. Бу равоми ёки йўқми?» деб сўрайди. Мавлоно: «Сенга раво» деб жавоб берди. Хон шу заҳотиёқ никоҳ ўқитади. Биринчи никоҳ кечасиёқ отаси тушига киради, гўё у қора отга миниб келади-да: «Эй бадбахт! Бизнинг мусулмон бўлганимизга юз йил бўлди, энди сен ортга қайтиб, кофир бўлдинг!» дейди ва унинг биқинига ўқ тиқиб олади, кейин отдан тушиб, қозоннинг қоракуясини қўли билан сидириб олиб, унинг юзига суртади. Хон даҳшат ичида уйқудан уйғонади-да, қилган ишидан пушаймон бўлиб, дарҳол чиқиб, ғусл қилади. Биқинида санчиқ пайдо бўлади, эрталаб бунга безгак қўшилади. Одамлар Мавлоно Атторга: «Сен бунга фатво бердинг!» деб зуғум қила бошлашади. Хон: «Мавлонога тегманглар, чунки мен бунгача еттита уламони ўлдирган эдим, кейин Мавлонони келтирдим, бу шўрликнинг бошқа иложи қолмаган эди» дейди. Мавлоно: «Мен фатво бермадим. Фақат: «Сенга раво, чунки сен кофирсан!» дедим» дейди.
Хуллас, Дўст Муҳаммадхонда зотилжам бошланиб, олтинчи куни ўлди. У йигирма тўрт ёшда эди, шундан етти йилида тахтда ўтирган. У 873 (1458-1469) йилда оламдан ўтди. Хожа Шариф Кошғарий бу санани «Хук мурд» – «Тўнғиз ўлди» сўзларидан топибди. Хондан Кебек Султон исмли ўғил қолди. Хон ўлгач, одамлар пароканда бўлиб кетишди. Қандайдир одамлар ўғлини Турфон ва Чолишга олиб кетишди. Юнусхон Оқсувга келди ва барча одамлар унинг тасарруфига киришди.

давоми бор...

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин