XIX аср Тошкент мадрасалари
Босма

XIX асрда Тошкентда таълим-тарбия соҳаси Тошкент-Бухоро, Тошкент-Қўқон маданий-маънавий алоқалар тизимида ривожланиб борган. Бу жараёнда Тошкент мадрасалари ва мударрисларининг ўрни катта бўлгани табиий.

Туркистон генерал-губернаторлиги Маориф бошқармаси маълумотларига кўра, 1890—1893 йилларда губернаторликда жами 214 та Мадраса бўлиб, шундан 21 таси Тошкентда жойлашган эди. Чоризм истилосининг дастлабки йилларида мадрасаларда таълим ва ўқитиш ишлари анъанавий қоидалар асосида олиб борилган бўлса, кейинчалик уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва ўқув ишларини тартибга солишни ўлка маориф бошқармаси ўз қўлига олган. Бу пайтда Тошкент мадрасаларидан Абулқосимхон мадрасасида 120, Хожа Аҳрор мадрасасида 80, Бегларбеги мадрасасида 150, Кўкалдош мадрасасида 80, Шарифбой мадрасасида 20, Шукурхон мадрасасида 20 нафар талаба ўқиган. Лекин олдингидек, аксарият талабалар Тошкент мадрасалари билан қаноатланмай, Бухоро, Самарқанд, Қўқон мадрасаларида билимларини ошириб қайтганлар.

Тошкент мадрасалари тўғрисидаги архив, ўша давр матбуоти ёки ана шу йилларда Тошкентда бўлган рус ўлкашуносларининг маълумотлари, айниқса, мадрасалар сони борасида ҳар хил хабар беради. Хусусан, 1865—1868 йиллари Тошкентда бўлган А. Хорошхин «Очерки Ташкента» номли кундалигидаги маълумотда айрим мадрасаларнинг номини, вақф мулкларини келтириб ўтган бўлса, Н. Маев 1876 йили Тошкентда жами 11 та Мадраса мавжудпигини таъкидлайди. «Туркестанские ведомости» газетасининг 1876 йилги 48-сонида босилган расмий маълумотда эса 13 та Мадраса тилга олинган.

Бироқ XIX асрда Тошкентда яшаб ижод қилган муаррих Муҳаммад Солиҳхожа эса ўзининг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Тошкентдаги 20 та Мадраса тўғрисида бирмунча батафсил маълумот бериб ўтган.

Улар орасида энг қадимийи — Хожа Аҳрор жомеъ масжидининг шимолида пишиқ ғишт ва йўнилган тошдан қурилган Хожа Ахрор мадрасаси йигирмата ҳужра, битта дарсхона ва масжидни ўз ичига олган.

Шайхонтоҳур даҳасидаги мадрасалардан бири Кўкалдошдир, Муҳаммад Солихҳожанинг ёзишича, бу Мадраса Бароқхоннинг ўғли Дарвишхон томонидан бунёд этилган. 1735 йил Уфада бўлган тошкентлик савдогар Н. Алимов маълумотларига кўра, XVIII аср охирига келиб Мадраса карвонсаройга айлантирилган. Тошкент тарихи тадқиқотчиларидан А. Добросмыслов Кўкалдош мадрасаси дастлаб уч қаватли, ўттиз саккизта ҳужрали бўлганини таъкидлайди. Кейинчалик мадрасанинг фақат бир қавати сақланиб қолган. Муҳаммад Солиҳхожа Кўкалдош мадрасаси 1868 ва 1886 йилларда Тошкентда юз берган зилзилалардан қаттиқ зарар кўрганини ёзади.

Шунингдек, XIX асрнинг 30-йилларида Муҳаммад Алихон буйруғи билан бунёд этилган Азимота мадрасаси ҳам Чорсу яқинида бўлган. Лекин бу Мадраса ҳақида маълумотлар жуда кам.

«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида батафсил тавсифланган ва энг кўп тилга олинган Мадраса Эшонқули додхоҳ мадрасасидир. Бу Мадраса 1256 (1838) йили Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбегининг ўғли Эшонқули додхоҳ томонидан қурдирилган бўлиб, Юнусхон мадрасасининг жануби-шарқида жойлашган ва Катта кўчага туташ бўлган. Мадраса бинолари тўрт тарафдан бир-бирига қаратиб солинган, ўртада қолган бир таноблик қадимий Лангар ҳовузи Эшонқули додхоҳ буйруғи билан текисланиб, саҳнга айлантирилган. Юнусхон мадрасаси чор-боғида бир таноблик янги ҳовуз барпо қилинган. Лашкар Бегларбеги Кайковус ариғига иккита тегирмон қурдириб, уларнинг даромадини шу мадрасага вақф қилган. 1920 йил Вақф шўъбаси қарамоғидаги мадрасада Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли ислоҳ қилинган диний ва дунёвий дарслар ташкил этади. Харобага айланган Эшонқули додхоҳ мадрасасининг охирги қолдиқлари 1964 йилда суриб, текислаб ташланади.

Муҳаммад Солихҳожа бу даҳадаги айрим мадрасалар ҳақида қисқа тўхталади. Жумладан, Юнусхон мадрасаси Юнусхон мақбараси ёнида бўлиб, пишиқ ғиштдан қурилганини, Юнусхон вақфга ажратган ерлар даромади ҳисобига иш юритишини, мадрасанинг Алачахон муҳри босилган вақфномаси бўлганини, шунингдек, Салор ариғи шарқидаги Пулемас деган жойда вақф ери бўлганини ёзади.

Қосимбой Қоратутий мадрасаси Мўғул-кўча гузарида қурилган. Биносининг икки томони айвонли, бир хонақоҳ, ҳужралар ва ғиштин гумбаздан иборат бўлган. Архив ҳужжатларида у «Мўғулкўча мадрасаси» деб қайд этилади ва 1871 йили қурилгани кўрсатилади. Маҳмуд дастурхончи мадрасаси эса Дегрезлар маҳалласида жойлашган. Масжиди, ҳужралари ва ҳовлисида ҳовузи ҳам бўлган. Маълумотларга кўра, Маҳмуд дастурхончи Қўқонда ҳам бир Мадраса қурдирган. Маҳмуд дастурхончи Муҳаммад Алихоннинг (1822—1841) вазири, Лашкар Бегларбегининг қалин дўсти бўлган.

Бароқхон мадрасаси эса Себзор даҳасида, Қаффол Шоший мақбараси яқинида қурилган. Кейинчалик масжидга айлантирилган. Мадраса Муҳаммад Солиҳхожа ёзишича, 1886 йилги зилзиладан қаттиқ зарар кўра-ди. Мадраса, олдин ҳам бир неча бор вайрон бўлиб, қайта тикпанган. Масалан, 1739 йил Тошкентда бўлган К. Миллер мадрасани бутунлай вайрон ҳолда кўрганини ёзади. Шу сабабли бўлса керак, Муҳаммад Солиҳхожа Тошкент ҳокими Қаноат Оталиқ 1859 йил мадрасанинг вайрон бўлган ҳужралари ва ҳовлисини таъмирлаб, янги вақф мулклари ажратганини ёзади.

Муҳаммад Солиҳхожа 1274 (1857) йили Тошкент ҳокими Аҳмад қушбеги (1856—1857) томонидан Қаффол Шоший мақбараси жанубида, Мўйи Муборак мадрасаси курилганини ёзади. Тарихчи ўша даврларда Мадраса ўрнини аҳоли Хожа Аҳрор туғилган жой деб тушунгани боис "Хожа Аҳрор майдони" деб атаганини таъкидлайди. Асарда келтирилишича, мадрасанинг алоҳида бир гумбази бўлиб, унда Пайғамбаримизнинг (алайҳиссапом) соч толалари — мўйи муборак сақланган.

"Тарихи жадидайи Тошканд" асарида Бегларбеги мадрасаси 1838—1840 йиллари Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбеги (XIX аср биринчи ярми) томонидан қурилган бўлиб, икки қаватли 56 ҳужрадан иборат бўлгани айтилади. Лашкар Бегларбеги шаҳар Регистонида қурдирган карвонсаройни ушбу мадрасага вақф қилган. Бегларбеги мадрасасининг шимол томонида — рўпарасида, катта кўча томонда Фўлодбой Тинчбофий жомеъ масжиди, шарқ томонда эса Жўбо (Эски Жўва) мавзеидаги Ўрозалибой жомеъ масжиди қад кўтариб турган.

Шунингдек, асар муаллифи Тахтапул гузарида Юнусхўжа халфа мадрасаси, Қўштут гузарида Ҳофиз Кўҳакий мадрасаси, Себзор даҳасида Муҳаммад Каримхўжа мадрасаси қурилганини ёзади. Ҳофиз Кўҳакий яқинидаги яна бир Мадраса ёғочдан курилгани учун «Мадрасаи чўбин» деб аталган. Унинг асосчиларидан Нор охунд Маллахон замонида вафот этгач, Мадраса фаолияти тўхтаб қолади.

Кўкча даҳасидаги мадрасалардан бири Санчиқмон маҳалласидаги Эшон Бўрихожа Санчиқмоний мадрасаси бўлиб, у Қўқон хони Умархон даврида (1810—1822) пишиқ ғиштдан курилган. Архив ҳужжатларида, Мадраса 1820 йили қурилди, деб кўрсатилган. Бундан ташқари, Кўкча даҳасининг Пичоқчилик маҳалласида Шарафбой мадрасаси бўлган. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида келтирилишича, Тошкентда иккита Шукурхон номли Мадраса бўлиб, бири Кўкча даҳасида бозор ёнида, яна бири эса Себзор даҳасида, Тинчбоф гузарида курилган. Кўкча даҳасида мадрасалар ҳам дарсхона, ҳужралар ва жума жомеъ масжидидан иборат ўртача мадрасалар бўлган.

Асарда Бешёғоч даҳасида жойлашган мадрасалар ҳақида ҳам маълумотлар бор. Улардан бири Тошкент ҳокими Нормуҳаммад кушбеги (XIX аср биринчи ярми) 1832 йили Зангиота мақбараси ёнида қурдирган мадрасадир. Нормуҳаммад қушбеги бозорнинг маҳсидўзлик қисмида бино қилган карвонсаройини ушбу мадрасага вақф қилган. Бу даҳадаги яна бир Мадраса Абулқосимхон Бешёғоч ҳовлиси яқинида қурдирган мадрасадир. Абулқосимхон эшон 1892 йил Тошкентда тарқалган вабо туфайли вафот этгач, мадрасада унинг ўғли Ҳошимхон эшон мударрислик қилади.

Хулоса қилсак, минтақанинг йирик ижтимоий-сиёсий ва маданий марказларидан бири бўлган Тошкент шаҳрида ҳам ўрта асрлардан буён Самарқанд, Бухоро, Хивадаги сингари кўплаб мадрасалар фаолият юритиб келган. Лекин уларнинг аксарияти зил-зилалар, турли даврларда, хусусан, собиқ совет тузумида шаҳарни кенгайтириш, таъмирлаш жараёнлари қурбони бўлади. Сақланиб қолганлари ҳам бир неча марта таъмирлаш ёки қайта қуришлар туфайли етиб келган.

Ўктам СУЛТОНОВ,
Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Шарқшунослик илмий-тадщқот институты
ходими, тадқиқотчи