«Қулоқлар»нинг такроран қатағон қилиниши
Босма

Жамоалаштириш ва «қулоқлаштириш» кампанияси даврида деҳқончилик меҳнати билан рўзғор тебратаётган, ернинг ҳақиқий эгалари бўлган қишлоқ аҳолиси қатағон объекти бўлиб қолди. 1931 йил августида Ўзбекистон бўйича 3 795 хўжалик (17 839 жон) «қулоқ» қилиниб, юқорида айтиб ўтганимиздек, бор мулкларидан, уй-жойларидан маҳрум қилинди ва Украинанинг Херсон вилоятига ва Шимолий Кавказ (ҳозирги Ставрополь ўлкаси) га сургун қилинди. 1932 йил майида эса республикамизнинг 54 туманидан 4 865 хўжалик, яъни 22 505 киши (шундан 6 877 нафари эркаклар, 5 886 нафари аёллар, 9 055 нафари эса болалар) сургун қилинди. Аммо 1932 йилда сургун қилинганлар ҳисобига нима учундир Қашқадарё ва Хоразм округларидан сургун қилинганлар кирмай қолган. Ваҳоланки, бошқа бир ҳужжатда Қашқадарё округидан 600 хўжалик (1113 киши) (шу жумладан, Косондан 180, Шаҳрисабздан 200, Яккабоғдан 75, Беҳбудийдан 30, Ғузордан 50, Чироқчидан 65 хўжалик), Хоразм округи дан 680 хўжалик (1 160 киши) (шу жумладан, Хииа шаҳридан 160, Манғитдан 60, Гурландан 95, Хазорасп дан 100, Хива туманидан 100, Янги Урганчдан 85, Шовотдан 80) «қулоқ» қилингани қайд этилган. Хуллас, 1932 йилда Ўзбекистон бўйича 6 145 хўжалик (24 778 киши) «қулоқ»қа тортилиб, сургун қилинган. 1932 йил майида «қулоқ» қилинганлар Ўзбекистон ҳудуди даги «меҳнат посёлкалари»га, яъни «қулоқлар қишло ғи»га келтириб жойлаштирилган. Бундай «қулоқлар қишлоғи» Сурхондарёдаги «Хазорбоғ» пахтачилик сом хозида, Тошкент вилоятидаги «Боёвут», «Далварзин», «Дзержинский», «Сталин», «Ўзбекистон беш йиллиги» совхозлари ва колхозларида, Самарқанддаги «Булунғур» боғдорчилик совхозида, Андижондаги «Савай», «Куйбишев» пахтачилик совхозларида, Наманганнинг Умқурғон туманидаги «Норин» совхозида ташкил этилган эди. Бундай «қулоқлар қишлоқлари»нинг сони республика бўйича 24 тага етган. Бу хўжаликларда сургун азобини тортаётганларнинг катта қисми яна такроран ноҳақ қатағон қилинган.

ОГПУнинг 1932 йил 15 апрелдаги «Доимий яшаш жойларидан ва сургун қилинган пунктлардан қулоқларнинг қочиб кетаётгани тўғрисида»ги 2-маълумотномасида Ўрта Осиё бўйича 125 тумандаги 27 794 «қулоқ» хўжаликларидан 7 091 оиланинг яшаш жойидан кетиб қолгани қайд этилган. Шундан 3 316 киши якка ҳолда, 3 775 оила эса барча аъзолари билан қочиб кетган. Уларни топиш ва қўлга олиш операцияси ўтказилиб, 2 155 «қулоқ» ушлаб олинган ва улардан 502 киши яшаб турган жойига, 610 киши махсус посёлка на лагерларга юборилган, 759 кишининг иши судга оширилган, 284 киши эса маълумотнома тузилган вақтда терговда бўлган.

СССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг 1937 йил 30 июлдаги 00447-сонли буйруғи асосида 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича «қулоқлар»дан 5 924 киши, «жиноятчилар»дан 1679 киши, бошқа «советларга қарши унсурлар»дан 3 097 киши, жами 10 700 киши қамоққа олинади. Уларнинг барчаси қамоқ жазосига ҳукм этилади. Отувга ҳукм қилинганлардан 1 376 нафари қулоқлар», 727 нафари жиноятчилар ва 1 812 нафари советларга қарши унсурлар» бўлиб, улар турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Улар орасида Ўзбекистон ҳудудида жойлашган меҳнат посёлкаларидаги «қулоқлар» ҳам бор эди.

Меҳнат посёлкаларига сургун қилинган кишиларнинг хўжалик соҳасида эришган ютуқлари, уларнинг яшаш шароитлари, уй-рўзғорларининг яхши йўлга қўйилиши ГУЛАГ меҳнат посёлкалари бўлими ходимларини жиддий ташвишга солади. Натижада 1938 йил 29 сентябрда Ежов жойлардаги НКВД бошқармалари бошлиқларига меҳнат посёлкаларидаги режимни кучайтириш тўғрисида 1818-сонли кўрсатмани юборади.

Меҳнат посёлкаларидаги «қулоқ» хўжаликларининг ўсиши НКВД органларининг қўпол сиёсий хатоси сифатида баҳолана бошлади. НКВДнинг айрим ходимлари 1937—1938 йилларда меҳнат посёлкаларидаги «қулоқлар»нинг бойиб кетишида айбланиб, ҳатто қатағон этилди.

Узоқ вақт мобайнида «қулоқлар сургуни» билан «халқ душманлари» (Коган, Молчанов, Берман, Плинер, Фирин, Закарьян, Вишневский ва бошқалар) нинг шуғулланганлиги, сургун қилинганлар учун атрофдаги колхозларга қараганда имтиёзли шароитнинг яратилганлиги, шу сабабдан «қулоқ» хўжаликларининг колхозчиларга нисбатан илғорлаб кетгани, натижада сургун қилинганлар орасидан янги «қулоқлар»нинг чиқа бошлагани, уларнинг давлатга солиқ ва йиғим тўлашдан озод қилинганлиги ҳақида турли маълумотлар юқори органларга юбориб турилди.

Оқибатда НКВД ходимлари билан бирга меҳнат сургунидаги кишилар ҳам қатағон объекти бўлиб қолди. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган меҳнат посёлкаларидаги меҳнат бадарғачиларидан 1935—1936 йилларда 101 киши, 1937—1938 йилларда 156 киши такроран қатағон қилинди. 1937 йили 14 758 меҳнат бадарғачисидан 46 киши (0,31 %), 1938 йили эса 14 271 меҳнат бадарғачисидан 110 киши (0,77 %) устидан ҳукм чиқарилди, қатағон қилинди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам меҳнат посёлкаларидаги меҳнат бадарғачиларининг маълум қисми турли бўҳтон, нотўғри маълумот ва сохта айблар асосида қатағон қилинди.

1942 йил 20 январда ЎзССР Ички ишлар халқ комиссарлиги махсус меҳнат посёлкалари бўлимининг Чкалов шаҳри Совет кўчаси, 19-уйда жойлашган ГУЛАГ бошлиғи ўринбосари давлат хавфсизлиги майори Загвороднийга йўллаган ахборотида ана шу қатағон қилинганлар ҳақида маълумот берилган. Унда айтилишича, республикадаги махсус меҳнат қишлоқларида

3 296 та сургун қилинган оила бўлиб, улар таркибида 11 798 жон борлиги, булардан кўп қисмини «собиқ қулоқ унсурлар, бой-помешчик унсурлар ва босмачилик ҳаракатининг собиқ иштирокчилари» ташкил этгани қайд қилинган. Шунингдек, меҳнат бадарғачиларидан, 1942 йил 1 январдаги ҳолатга кўра, 283 кишининг бой-помешчик унсурлар, 24 кишининг мусулмон руҳонийлари, 103 кишининг савдогарлар, 38 кишининг собиқ дворян-князлар, 8 кишининг эса «халқ душманлари»нинг хотинлари эканлиги кўрсатилган.

Ахборотда, жумладан, бундай дейилган: «Ватан уруши бошланган вақтдан буён ўтган фурсат ичида меҳнат бадарғачиларининг советларга қарши унсурлари фаоллиги сезилмоқда, бу ҳол мағлубиятчилик ва немис фашистларига хайрихоҳлик кайфиятни, шунингдек, турли-туман иғво ва фасодларни тарқатишда ўз ифодасини топмоқда».

Мазкур ахборотда қамоққа олинганлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Масалан, Янгийўл туманидаги 4-мсҳнат посёлкасидан меҳнат бадарғачиси, собиқ бой, ўзбек, Омонбоевнинг партия аъзосига нисбатан террорчилик ҳаракати қилгани учун, Ховос туманидаги 2 посёлкадан Козимовнинг советларга қарши фикрлар айтгани учун қамоққа олингани, Учқўрғон туманидаги 8- посёлкадан меҳнат бадарғачиси, миллати осетин, Жонбулат Саломов (собиқ йирик қулоқ) нинг аксилинилобий фаолияти учун олий жазога ҳукм этилгани, Избоскан туманидан Шукур Худойбердиев ва Абдулла Мирзаев (ўзбек, собиқ йирик қулоқлар) нинг советларга қарши ташвиқот олиб боргани ва фашистларга ҳайрихоҳлик руҳидаги миш-мишларни тарқатгани учун қамоққа олинганлиги ва ҳукм қилинганлиги қайд этилган.

Ҳаммаси бўлиб 1941 йил июлидан 1942 йилнинг январига қадар советларга қарши фаолият кўрсатганликда айбланиб 24 киши қамоққа олинган ва улар устидан ҳукм чиқарилган. Шу вақт ичида меҳнат посёлкаларидан 40 киши қочиб кетган, улардан 8 киши ушланиб, меҳнат посёлкасига олиб келиб жойлаштирилган.

Ахборотда яна бундай дейилган: «Шунингдек, собиқ босмачилардан бўлган бандаларнинг қисман жонланиб қолганлиги ҳам сезилмоқдаки, бу ҳол улар орасидан баъзи бирларининг аксилинқилобий ҳаракатни фаоллаштириш мақсадида босмачилик ҳаракатининг собиқ иштирокчилари билан алоқа боғлашга интилишларида кўринмоқда».

Маълумки, меҳнат посёлкаларидаги тартиб устидан назорат олиб бориш, кузатиш, қочиб кетишлардан қўриқлаш ва меҳнат бадарғачиларидан ишчи кучи сифатида фойдаланишни тартибга солиб туриш вазифаси комендантлар ва комендатуралар зиммасига юклатилган эди. Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши билан комендатура ва комендантларнинг «қулоқлар сургуни»даги меҳнат бадарғачилари орасида олиб бораётган оператив агентура фаолиятига жиддий ўзгаришлар киритилди. ГУЛАГ кўрсатмаларига мувофиқ, уруш даври талабларига кўра, меҳнат посёлкаларидаги тартиб-шароитлар кучайтирилди. 1942 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистондаги барча меҳнат посёлкаларида режим кучайтирилиб, «қулоқлар сургуни»дагиларга нисбатан яна ўзига хос қатағон сиёсати қўллана бошланди. Меҳнат интизомини бузганлар ва ишга кечикиб чиққанлар судга берила бошланди. 1941 йил августининг ўзида меҳнат посёлкаларида турли сабаблар билан 20 киши ЎзССР Жиноят Кодексининг 106-моддаси бўйича жавобгарликка тортилди.

Посёлкаларда НКВДнинг махфий агентлари собиқ «босмачилар» ва советларга қарши кайфиятдаги кишиларни излашга сафарбар этилди. Шубҳа остига олинганлар НКВДнинг оператив рўйхатига олина бошлади. Масалан, Қуйи Чирчиқ туманидаги 4-меҳнат посёлкасидан 1942 йилда 36 кишининг номи НКВДнинг оператив ҳисобига олинди.

1941 йилда, урушнинг дастлабки ойида шу меҳнат посёлкасидан Фозилов Турсунбой қамоққа олинади. «Ота» лақабли НКВД агентининг маълумот беришича, Фозилов Турсунбой бундай деган: «Яқинда бу ерга Гитлер келади, барча қийинчиликлар тугайди. Фақат Гитлергина бизни ўзига яқин дўст сифатида кўради... Мен яқин орада бу ердан қочиб кетаман. Белгиланган жойда 5 та йигитим мени қуроллар билан кутиб олишади».

1942 йилнинг мартида Денов туманидаги 1-меҳнат посёлкасидан 1872 йилда туғилган Отаев Шоди қамоққа олинади. НКВД агентининг берган маълумотига кўра, у ўтмишда «босмачилик ҳаракати»да фаол иштирок этган ва қўрбоши лавозимида бўлган.

Янгийўлдаги меҳнат посёлкалари бўйича 11 кишининг номи НКВДнинг оператив рўйхатига олинган. Улардан 6 тасига советларга қарши кайфиятдаги «қулоқлар», 3 тасига собиқ «босмачилар» деган айб қўйилган.

1941 йил август ойида Али Мамаюсупов НКВДнинг махсус йиғилиши томонидан қамоққа олинган. Аниқланишича, у ўтмишда қўрбоши бўлган ва ихтиёрида 55 нафар йигит бўлган.

1942 йил март ойида Оққўрғон туманидаги 3-меҳнат посёлкасидан қамоққа олинган Дадабоев Қосим ва Дадабоев Вали ўтмишда «босмачилик ҳаракати»да иштирок этганликда, 1941—1942 йилларда безорилик қилганликда ва чайқовчилик билан шуғулланганликда айбланиб, олий жазога ҳукм қилинганлар.

Бекобод туманидаги 6- ва. 10-меҳнат посёлкаларидан 52 киши номи НКВДнинг оператив рўйхатига олинган. Улардан 24 тасига собиқ «босмачилар», 16 тасига собиқ йирик «қулоқ»лар, 3 тасига «халқ душманлари»нинг қариндошлари, 2 тасига собиқ чор армияси офицерлари, деган айблар қўйилган. Мазкур меҳнат посёлкасида Файзулла Хўжаевнинг хотини Робия Хўжаева, Ота Хўжаевнинг хотини Шарифа Тизатуллиналар ҳам бўлганлар. Улар ҳақида «Роза» ва «Ғойиб» лақабли хуфялар маълумот етказиб туришган.

Умуман, 1941—1942 йилларда Ўзбекистон ҳудудидаги меҳнат посёлкаларидан 283 киши собиқ «босмачи» сифатида, 279 киши эса советларга қарши ва аксилинқилобчи шахслар сифатида НКВДнинг оператив рўйхатига олинган. Пиравардида улар ҳам қатағон домига тортилганлар.

«Қулоқлар сургуни»дагиларга нисбатан урушдан ке-йин ҳам турли кўринишда қатағон сиёсати қўлланиб келинди ва бу жараён 1955 йилгача давом этди. Собиқ «қулоқлар» мустақиллик арафасидагина эркин нафас ола бошладилар.

“Тарихнинг ҳасратли саҳифалари”