Хрушчев, Брежнев ва бошқалар
Босма

1964 йилнинг октябрида партия Марказий Қўмитасининг Пленуми бўлиб, унда Н. С. Хрушчевни барча вазифаларидан озод қилишди. Л. И. Брежнев КПСС Марказий Қўмитасининг Биринчи котиби этиб сайланди.
Тадқиқотчилар, жумладан, партия тарихининг янги таҳририни тайёрлаётган муаллифлар ушбу ҳодисага тўла ва холисанилло баҳо бериб, унга туртки берган яширин омилларни ва партия ҳамда мамлакат учун сиёсий оқибатларини очсалар керак. Мен эса ушбу воқеанинг шоҳиди сифатида ўз таассуротларим ва мулоҳазаларим билан ўртоқлашаман. Икки раҳбарнинг алмашуви юз берганида нималарни ўйлаганлигимни, нималарни ҳис этганлигимни баён этмоқчиман, зероки бу кишиларнинг иккисини ҳам яхши билардим, ёнма-ён ишлашгандим.
Пленум қандай тайёрланди ва ўтди?
МҚ умумий бўлим мудири Малин 14 октябрда Центросоюзга — иш жойимга телефон қилиб, уч соатдан кейин Свердлов залида МҚ Пленуми бўлишини, етиб келишимни илтимос қилди. Кун тартибига қанақа масала қўйилган, деб сўрасам, билмадим, деб жавоб берди.
Залга ҳамма тўплангандан кейин ён томондаги хонадан Л. И. Брежнев чиқиб келди-да, раислик қилувчининг ўрнига бориб ўтирди. Президиумнинг бошқа аъзолари кетма-кет кириб кеэтишди, энг охирида Н. С. Хрушчев кириб келиб, ўнг томондаги энг чеккадаги курсига ўтирди. Қандайдир фавқулодда воқеа бўлганлигини дарҳол тушуниш мумкин эди. Залга пашша учса билингудек сукунат чўкди, одамлар тахтадай қотиб қолишди.
Леонид Ильич Пленумни очиб, Президиум битта таклиф киритади, бу хусусда М. А. Суслов маъруза қилади, дедида, унга сўз берди. Суслов 30 минутча гапирди.
Бу маъруза эмас, балки Хрушчевни волюнтаризмда, иш билмасликда, нокамтарликда ва бошқа гуноҳларда айблаш ниятида шоша-пиша тўпланган, бир қатор ҳолларда бузиб кўрсатилган ва ўйлаб топилган фактлар, воқеалар, кишиларнинг исм-фамилиялари эди. Охирида Никита Сергеевичнинг ўзи соғлиги ночорлиги учун КПСС Марказий Қўмитасининг Биринчи котиби ва Президиум аъзолигидан озод қилиш тўғрисида ариза берганлиги эълон қилинди.
Раислик қилувчи Л. И. Брежнев шу заҳотиёқ шошилиб, масала равшан, афтидан музокара қилиб ўтиришимизга ҳожат бўлмаса керак, деди. Қарор лойиҳасини ўзи ўқиб берди ва овозга қўйди. Овоз берилди ва шу билан Сталиндан кейинги ўн йилликка нуқта қўйилди. Бу мураккаб давр асосий йўналишларини таҳлил қилиш ва баҳолашга, манфий ва мусбат томонларини тарозига солиб кўришга, истиқбол йўлини белгилашга ҳеч бир уриниб кўрилмаган ҳолда шундай қилинди.
Шундан кейин ўша пайтда КПСС Марказий Қўмитаси котиби бўлган Н. В. Подгорнийга сўз берилди. У Леонид Ильичнинг фазилатлари, қобилиятлари, обрў-эътиборини таъкидлаб, Президиум номидан уни КПСС МҚнинг Биринчи котиби қилиб сайлашни таклиф этди, охирида уни ҳамма яхши билади, қўллаб-қувватлайди, деб қўшиб қўйди. Қарор лойиҳасини ўқиб берди.
Брежневнинг номи янграганда, ёнимда ўтирган маршал Тимошенко ҳайрон бўлиб сўради: «Кимни, Лёнани МҚ нинг Биринчи котиблигигами? О-ла, тоза бўлган экан-ку...» У сўз сўраб энди қўл кўтарган эдики, мунозара қилиб ўтирмаймиз, деб келишиб олинди. Брежнев учун овоз берилиб, партиянинг янги йўлбошчисини қарсаклар билан табриклашди.
Расмий нуқтаи назардан олганда ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Маълум қилишди, овозга қўйишди... Лекин ҳамма шуни тушуниб тургандики, Марказий Қўмита раҳбарлигида туб бурилиш юз берди. Бу ишнинг партия, халқ, мамлакат учун оқибатлари қандай бўлиши номаълум эди.
Айниқса, Никита Сергеевич Хрушчевга муносабат ҳайратомуз бўлди. У партия ва мамлакатга бошчилик қилган даврни «буюк ўнйиллик» дейишади. Бу даврда ҳақиқатда кўп воқеалар бўлиб ўтди — Сталин шахсига сиғиниш қораланди; бизни қўрқув ва қатағон васвасасидан халос этган эркинлик шабадаси эса бошладики, бусиз ҳозирги қайта қуришни тасаввур этиб бўлмайди,— биринчи совет фуқароси коинотга парвоз қилди.
Тўғри, айни вақтда ўйламасдан ҳамма жойга маккажўхори экиш расм бўлди, кўплаб қайта ташкил этишларга жазм қилинди ва амалга оширилди, зиёлиларга қарши ҳеч бир оқлаб бўлмайдиган кампания кучайтирилди. Лекин барибир мамлакат яшади, сталинчилик кишанидан холос бўлиб, қанотларини ёйди. Бу воқеаларнинг марказида эса Никита Сергеевич турди. Катта куч, ғайрат-шижоатга эга бўлган, тиниб-тинчимайдиган бу киши ҳамиша одамлар қуршовида эди, атрофида ҳаёт қайнаб, жўш урарди.
Мен Никита Сергеевични ҳар хил шароитлар, вазиятларда кўрганман. У ҳамиша ҳам босиқ бўла олмасди, эҳтиросларга берилган, қизиққонлик қилган, ўзини мутлақо идора этолмай қолган пайтларини кўрганман. Бу гал эса сўлжайиб, бошини эгиб ўтирарди, ранги бўздай оқариб кетганди, кўз ёшларини секин артиб қўярди. Залга бир марта ҳам қарамади. У ҳақда бирон оғиз илиқ сўз айтилмади. Никита Сергеевич хайрлашув нутқи сўзлаб, Марказий Қўмита аъзоларига биргаликда ишлашганлиги учун миннатдорчилик билдириш, муваффақиятлар тилаш истагини билдирганди, лекин рухсат берилмади.

Вазифасидан кетган раҳбар ким эди, янгиси бу чўққига қандай кўтарилди, уларнинг муносабатлари қандай эди? Буни, 50-60 йиллардаги мамлакат олий раҳбарлиги фаолиятидаги зиддиятли нуқталарни тушуниш учун ўтмишга, Сталин ҳаётдан кетиб, у бунёд этган даҳшатли тузумнинг бузилиши бошланган 1953 йил март ойига қайтиш керак.
1953 йил 4 мартда МҚ аъзолари ва аъзолигига номзодларни, Марказий Ревизия комиссияси аъзоларини, ўша кунлари Москвада бўлган СССР Олий Кенгаши Президиуми ва Вазирлар Кенгаши аъзоларини эрталаб Кремлнинг Свердлов залига таклиф қилишди.
Президиум столига бир неча олий раҳбарлар ўтиришди. Г. М. Маленков чиқиб, ўртоқ Сталин оғир ётиб қолди, деди ва таниқли медиклар имзо чеккан хулосани ўқиб берди, унда «Ўртоқ Сталин Москвада, ўз квартирасида ётганда миясига қон қуйилган. Ўнг қўли ва оёғининг фалажлиги кучайди. Тилдан қолди. Юрак уриши ва нафас олиши оғирлашди», дейилганди. Сўнгра, у қўшимча қилиб айтдики, ўртоқ Сталин ишига қайтиб келолмаса керак, давлат билан мамлакатни эса раҳбарсиз қолдириб бўлмайди. Шу боисдан, баъзи бир раҳбар ходимларнинг ўрнини алмаштириш ва олий идоралар тузилишида ўзгаришлар қилишнинг мақсадга мувофиқлигини биргаликда муҳокама қилиш учун КПСС МҚ, СССР Олий Кенгаши Президиуми ва ҳукуматнинг шошилинч қўшма мажлисини чақирдик.

Сўнгра, у қуйидаги таклифни киритди. Н. С. Хрушчев (у КПСС МҚ ва Москва вилоят партия қўмитаси котиби эди) асосий эътиборни Марказий Қўмитадаги ишга қаратиши керак, деди. Г. М. Маленков Вазирлар Кенгашининг раиси, Л. П. Берия, Н. А. Булганин, В. М. Молотов, Л. М. Каганович Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосарлари бўлишди. Берия, Булганин, Молотов айни бир вақтда ички ишлар, мудофаа, ташқи ишлар вазирлари қилиб тайинланди. Шундан сўнг бошқа ўзгаришлар ва янги ишга тайинланганларни бирма-бир санаб ўтди.
Партия раҳбар идораларининг ички тузилишини ўзгартириш тўғрисидаги таклиф қуйидагича эди. Маълумки, партия XIX съезди ВКП(б)ни КПСС қилиб қайта ўзгартирди, МҚ Ташкилий бюросини тарқатиб юборди, Сиёсий бюро ўрнига Президиум ташкил этиб, Бош котиби ўрнига Биринчи котиби бўлишини мақсадга мувофиқ деб топди.
1952 йилнинг 16 октябридаги ташкилий Пленумда И. В. Сталин таклифи билан 25 аъзо ва аъзоликка номзодлардан иборат МҚ Президиуми тузилди. Улардан 11 киши КПСС МҚ котиблари бўлишди. Президиум ичида эса 9 кишидан иборат Бюро ташкил этилди.
1953 йил 4 мартда бўлган шошилинч қўшма мажлисда эса Г. М. Маленков таклифи билан МҚ Президиуми ва Секретариатининг илгариги состави бекор қилиниб, 10 аъзо ва 4 нафар аъзоликка номзоддан иборат янги Президиум ташкил этилди.
У гапининг охирида, агар ўртоқлар бу фикр-мулоҳазаларни маъқулласалар, уларни яқин кунларда узил-кесил кўриб чиқиб расмийлаштириш мумкин бўларди, деди.
Залда ўтирган бизлар бу масала хусусида ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдириш у ёқда турсин, ҳатто чурқ этмай, киритилган таклифларга қўшилиб қўяқолдик, сабаби ўша кезда бутун хаёлимиз бетоб Сталинда эди.
5 март куни кечқурун бизни МҚга таклиф қилишиб, ҳозиргина, соат 21-у 50 минутда И. В. Сталин вафот этганини, МҚ мурожаати ва медиклар хулосаси эрталаб радиодан берилишини, матбуотда эълон қилинишини айтишди. Н. С. Хрушчев раислигида Л. М. Каганович, Н. М. Шверник, Л. М. Василевский, А. М. Пегов, П. А. Артемьев, С. А. Яснов аъзолигида дафн комиссияси тузилди.
Марҳумнинг жасади солинган тобут Советлар уйининг Колонна залига қўйиладиган бўлди. Колонна залига одамлар эрталаб соат 6 дан кечаси соат 2 гача қўйилади. 9 март кундузи соат 12 да дафн маросими бўлади. Мотам митинги Қизил Майдонда ўтказилади. Марҳумнинг жасадини Мавзолейга, В. И. Ленин билан ёнма-ён қўйишга қарор қилинди.

Бизларга, МҚнинг бир неча аъзоларига мурожаат этишиб, Колонна залида бўлиб, ҳукумат комиссиясига ёрдам беришимизни илтимос қилишди.
Ўша соатдан то 9 мартгача мен бошқа ўртоқлар билан бирга Колонна залида бўлдим. Биз меҳнаткашларнинг марҳум билан видолашувини, фахрий қоровулни ташкил этиш, чет эл делегацияларини кутиб олиш, кузатиб қўйиш ва бошқа масалалар билан бевосита шуғулланган одамларга ёрдам бердик.

Бир маҳал Леонид Ильич келиб, бизлар билан саломлашди. У жудаям ўзгариб кетганди: ранги қув ўчган, қовоқлари салқиган, кўзлари қизариб кетганди. У Сталин жасадини тобутда кўрганида ҳўнграб йиғлаб юборди. Ўзини тутолмай тезда чиқиб кетди. Ўшанда унинг Совет Армияси ва Ҳарбий-Денгиз флоти Бош сиёсий Бошқармаси бошлиғига ўринбосар бўлиб тайинланганини ўзидан эшитдим.
9 март кечки соат 2 да Колонна залига одамларни киритиш тўхтатилди. Кечаси билан тайёргарлик кўрилди. Ҳеч биримиз мижжа қоқмадик. Тонг саҳарда партия ва ҳукумат раҳбарлари етиб келишди. Улар соат 10 да тобут олдида сўнгги бор фахрий қоровулда турдилар. Кейин гулларни супадан олишиб, жасаднинг устига қизил шойи мато тортишди. Тобутнинг қопқоғини ёпишиб, устига СССР Давлат байроғини қўйишди. Марҳумнинг қариндош-уруғлари доим шу ерда бўлишди.
Соат 10.10 да тобутни кўтаришиб, иккинчи асосий эшик орқали Маркс кўчасига чиқишди, у ерда тобутни тўп лафетига ўрнатишди; қопқоғининг устига Совет Иттифоқи Генераллиссимусининг фуражкасини қўйишди. Кортеж секин, бир-бир қадам ташлаб борарди. Олдинда уни бошқараётган генерал, унинг ортидан икки офицер марҳумнинг ҳошияси қора лента билан ўралган портретини кўтариб боришарди. Маршаллар ва генераллар унинг орденлари ва медаллари қадалган ёстиқчаларни кўтариб олишганди. Гулчамбарларнинг сон-саноғи йўқ, ҳар бирини икки киши кўтариб борарди. Уларнинг орқасида тўпга тиркалган тобутли лафет. Унинг кетидан марҳумнинг қариндош-уруғлари борарди. Кейин Олий Кенгаш раҳбарияти ва дафн комиссияси аъзолари, улар ортидан КПСС МҚ аъзолари, вазирлар, бир қатор чел эл делегацияларининг бошлиқлари боришаётганди. Энг орқада бутун йўл давомида мотам куйини чалиб бораётган духовой оркестр. Кортеж Маркс кўчасидан ўтиб, кейин «Москва» меҳмонхонасидан чапга бурилиб, Александров парки томондаги тарих музейи ёнидан Қизил Майдон марказига йўл олди. Союзлар уйидан В. И. Ленин Мавзолейигача салкам 1 километр келади, шу масофани 30 минутда ўтишди.
Соат 10.45 да мотам кортежи В. И. Ленин Мавзолейи рўпарасида тўхтади. Тобутни лафетдан олишиб, юзини Мавзолейга қаратиб тагкурси устига қўйишди-да, қопқоғини очишди. Тобут олдида фақат марҳумнинг қариндошлари қолишди, биз минбарнинг ўнг томонига ўтиб турдик, меҳмонларга мўлжалланган 2—3 минбарларни чет эл делегациялари аъзолари, қолганларини, Қизил Майдонни совет кишилари банд қилишди. Минбарга илгариги раҳбарият аъзолари ва дафн комиссияси аъзолари, шунингдек, социалистик давлатларнинг раҳбарлари, халқаро коммунистик ҳаракатнинг таниқли арбоблари кўтарилишди.

Н. С. Хрушчев қисқача нутқ сўзлаб, мотам митингини очди. Сўнгра Г. М. Маленков, Л. П. Берия, В. М. Молотовлар гапиришди, шундан кейин мотам митинги ёпилиб, ҳамма пастга тушди. Совет раҳбарлари тобутни кўтаришиб, В. И. Ленин Мавзолейи томон юришди, у ерда мутахассислар И. В. Сталин жасадини тобутдан олишиб, саркофагга қўйишди.
Спасск минорасидаги соатлар 12.00 га бонг урди ва замбараклар 30 марта ўқ узиб салют берди, 3 минут давомида заводлар, фабрикалар, паровозлар, пароходлар гудок чалиб туришди, корхоналарда 5 минутга иш, ҳаракатлар тўхтади.
Кейин партия ва мамлакат раҳбарлари минбарга кўтарилишди. Москва горнизони бўлинмалари Мавзолей олдидан шахдам қадам ташлаб ўтишди, самолётлар саф тортиб учишди. И. В. Сталинга сўнгги бор ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Дафн маросими аниқ белгиланган соат-у минутда тугатилди. Ҳамма ўз жойига жўнаб кетди, биз ҳам Тошкентга қараб учдик. Бир неча кундан кейин яна Москвага қайтиб келдик, аввал КПСС МҚ Пленуми, кейин СССР Олий Кенгашининг сессияси бўлди, уларда партия ва Вазирлар Кенгаши олий идоралари тузилишидаги ўзгаришлар, раҳбар арбобларнинг янги вазифаларга тайинланиши расмийлаштирилди, бу тадбир Сталин ҳали ҳаётлигида чиқарилган фавқулодда қўшма мажлисда олдиндан келишиб олинганди.
Ярим йилдан ортиқ муддат партия МҚ Биринчи котибсиз ишлади, 1953 йилнинг 3—7 сентябрида КПСС МҚ Пленуми бўлиб ўтди, унда Н. С. Хрушчевнинг «Мамлакат қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш тадбирлари тўғрисида»ги маърузасини муҳокама қилишди. Ўша Пленумнинг ўзида Г. М. Маленков таклифи билан Никита Сергеевич МҚ нинг Биринчи котиби қилиб сайланди. Биз ҳаммамиз унга бир оғиздан овоз бердик, чунки у ўтган ойларда Берияни лавозимидан бўшатиб, жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда, қатағон қилинган 37 врач ва Ленинград раҳбарларининг ишини қайта кўриб чиқишда ҳамда уларни оқлашда муҳим роль ўйнаб анча танилиб қолганди.
Хрушчевнинг юқори лавозимни эгаллаши яна Леонид Ильичга йўл очиб берди. Улар илгаридан яхши таниш эдилар. Никита Сергеевич уруш тамом бўлганидан кейин Запорожье вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, 1947 йил ноябрдан Днепропетровск вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Л. И. Брежневнинг кўтарилишига кўмаклашди. 1950 йилда Молдавия партия ташкилотини мустаҳкамлаш зарурати туғилганда, Никита Сергеевич Л. М. Кагановичнинг қўллаб-қувватлаши билан Брежневнинг номзодини Сталинга таклиф қилди. Шундан сўнг, партия XIX съезди тугагач бўлган МҚ Пленумида (1952 йилнинг октябри) у МҚ котиби ва КПСС МҚ Президиуми аъзолигига номзод этиб сайланди. Лекин у партия Марказий Қўмитасида 4 ойдан сал кўпроқ ишлади. Н. С. Хрушчев ҳокимиятга келиши билан Л. И. Брежнев сиёсий таржимаи ҳолининг янги босқичи бошланди.
Никита Сергеевич МҚнинг Биринчи котиби бўлиши биланоқ қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор берди. Қатъиятли ва тиниб-тинчимас бу одам мамлакатда бир зарб билан озиқ-овқат муаммосини ҳал этиш воситасини излай бошлади. У шу мақсадда олимлар билан бирга жумҳуриятлар, ўлкалар, вилоятларни айланиб чиқди, деҳқонлар билан маслаҳатлашди, чет эл мамлакатларининг тажрибасини ўрганди, ахийри маккажўхорига қаттиқ ёпишиб олди. Совет ҳукуматининг меҳмони сифатида Москвага келган машҳур америкалик фермер Гарст Н. С. Хрушчев билан қилган суҳбатларида маккажўхорининг афзал томонларини роса мақтади, ундан неча-неча миллион сўм фойда кўрганини гапириб, Никита Сергеевични лол қолдирди. Ажойиб украин буғдойидан мўл-кўл ҳосил етиштирган, миришкор ғаллакор, халқ академиги Александр Гиталовни «маккажўхори илмини» ўрганиб келгин, деб Гарс фермасига жўнатди. Орадан кўп вақт ўтмай бу экинни ҳамма жойда эка бошлашди. Ўрта Осиёда маҳаллий иқлим, тупроқ, сув шароитларидан келиб чиқиб, асрлар давомида бу ўсимликнинг турли навларини экиб келишганлигига қарамай, маккажўхорини пахта билан алмашлаб экиш системасини мажбуран киритишди. Маккажўхори фақат «дала маликаси» бўлибгина қолмай, шунингдек Кремлда, Георгий ёки Екатерина залларида ўтказиладиган махсус зиёфатларда дастурхонга тансиқ таом сифатида тортиладиган бўлди. Унинг фазилатларини кўкка кўтариб мақташ, имкони борича Никита Сергеевичга хушомад қилиш расм бўлиб қолди.

Бироқ маккажўхорига муккасидан кетган Никита Сергеевич битта жўхори билан халқни, мамлакатни тўйдириб бўлмаслигини тушунарди. Энди у қўриққа қўл урди. У Россия Федерацияси ва Қозоғистоннинг чўл вилоятларини айланиб келди, ВАСХНИЛ олимлари билан неча бор суҳбатлашди, қўриқ ғалла етиштиришнинг реал ва қудратли манбаи эканлигига ишонч ҳосил қилди. У ўз таклифлари, ҳисоб-китобларини тайёрлаб, мутахассислар билан бир неча бор муҳокама қилиб, сўнг МҚ Пленумига олиб чиқди.
Унинг докладини эшитиб бўлгач, муҳокамада биринчи бўлиб Климент Ефремович гапирди. У докладни танқид қилар экан, шундай деди: «Ўзингиз кўриб турибсиз, фақат қишлоқлар, туманлар эмас, ҳатто Марказий Россиянинг бутун бошли вилоятлари қанчалик оғир, хароб аҳволда. Одамлар иш ва нон излаб туғилиб ўсган жойларини ташлаб кетмоқдалар, халқ турмушини яхшилаш учун бирор жиддий иш қилингани йўқ. Аҳволни яхшилаб ўрганиб, тадбир-чоралар кўриш ўрнига сен қўриқни гапириб ўтирибсан, халқ пулларини бекорга совурмоқчимисан?» Қизғин тортишувлар узоқ давом этди. Вячеслав Михайлович Молотов луқма ташлади: «У (Хрушчев) қўриқ деб бошига бир балони орттиради».
Ниҳоят, қарор қабул қилиндию қўриққа ҳужум бошланди. Кўп вилоятларда раҳбар кадрлар янгиланди, Қозоғистонни мустаҳкамлаш учун у ерга бирданига КПСС МҚининг собиқ икки котиби юборилди. П. К. Пономаренко Қозоғистон Компартияси МҚнинг биринчи, Л. И. Брежнев эса иккинчи котиби қилиб сайланди. Бунда иш манфаатларидан эмас, балки кўпроқ шахсий фикр-мулоҳазалардан келиб чиқилди. Гап шундаки, Никита Сергеевич Пантелеймон Кондратьевични унчалик ёқтирмасди, иккови ҳам МҚ котиби бўлганларида бир-бирларини ёмон кўриб қолишганди. Никита Сергеевич бу одамни Олмаотага жўнатишга қарор қиларкан, афтидан, уни пойтахтдан узоқроқда ушлаб турмоқчи эди, эҳтимол, Пономаренко ўз сиёсий таржимаи ҳолини Қозоғистон чўллари-да тугатади, деб умид қилган бўлса ҳам керак. Брежнев эса ўз одами, унга содиқ, у биринчига кўз-қулоқ бўлибгина қолмай, қўриқ билан ҳам шуғулланади. Худди ўйлаганидай бўлди. 1954 йилнинг февралида Қозоғистон Компартияси МҚининг биринчи котиби қилиб сайланган Пантелеймон Кондратьезич 1955 йилнинг августида бу вазифасидан озод қилинди. Унинг ўрнини Л. И. Брежнев эгаллади.
Леонид Ильич атиги 5 ой ишлагандан кейин, XX съездда (1956 йил, февраль) Никита Сергеевичнинг қўриқ ерларни ўзлаштириш борасидаги узоқни кўзловчи, доно сиёсатининг ажойиб натижалари тўғрисида тўлиб-тошиб гапирди, бу ерларда жуда кўп ғалла, бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганлиги, харажатлар ўзини оқлаганлигини, энди мамлакат ғалла билан тўла-тўкис таъминланишини, чорвачиликни кўтариш учун шарт-шароитлар яратилишини маълум қилганида эса гулдурос қарсаклар янгради. 1956 йилнинг 27 февралида МҚ ташкилий масалаларни кўрган Пленумда у, энди иккинчи марта МҚ котиби ва КПСС МҚ Президиуми аъзолигига номзод қилиб сайланди.
Кейинроқ эса, МҚ июль (1957 й.) Пленумида Л. И. Брежнев КПСС МҚ Президиумининг аъзоси бўлди. Буни ҳеч ким кутмаганди, чунки Президиумдагиларнинг кўплари, унинг сиёсий мартабаси тугади, деб ўйлашганди. Маленков, Каганович, Молотов гуруҳининг Хрушчевга ва КПСС XX съезди йўл-йўриқларига қарши чиқишлари матбуотда эълон қилина бошланган эди. МҚ Президиумининг биринчи мажлисида бошқалар қаторида Л. И. Брежнев ҳам сўз олиб, Хрушчевни ҳимоя қила бошлаган ҳам эдики, Каганович унинг гапини ҳақоратомуз сўзлар билан шартта бўлди. Леонид Ильич эътироз билдириш у ёқда турсин, чурқ этолмай жойига ўтирди. Тушликдан кейин у мажлисга келмади, тоби қочиб қолибди, дейишди. Шу-шу Президиум мажлисининг охиригача қатнашмади. Ёдимда, мунозаранинг сўнгги кунида Н. С. Хрушчев, М. А. Суслов, Г. К. Жуков, Е. Фурцева ва камина Н. С. Хрушчевнинг хонасида кечаси алламаҳалгача ўтириб, пленумни тайёрлаш тўғрисида бош қотирдик, Никита Сергеевич, Брежневнинг хулқидан ғазабланиб, уни қўрқоқ, тутуруқсиз, деб атади. МҚ аъзоларидан бир гуруҳи маршал И. С. Конев бошчилигида, Президиумнинг охирги мажлисида уларнинг тазйиқи остида МҚ Пленумини чақириш тўғрисида гаплашиб олингандан кейин бўлган мажлисда раисликни яна Н. С. Хрушчев ўз қўлига олганида (бунгача Н. А. Булганин раислик қилганди) Никита Сергеевичга хат узатишди. У хатга кўз югуртириб чиққач, ўтирганларга ўқиб берди. Хат Брежневдан бўлиб, унда МҚ Президиуми мажлисларида қатнашолмаганимга ўкинаман, Никита Сергеевични ва унинг сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайман, гуруҳбозларни қаттиқ жазолаш керак, деганди, Никита Сергеевични табриклаганди.
Мана шу кичкина хат Леонид Ильич тақдирида катта роль ўйнади — Никита Сергеевичнинг кайфиятини ўзгартириб юборди, унга бўлган илгариги муносабатини тиклади ва Пленумда КПСС МҚ Президиуми аъзоси қилиб сайланди.
МҚ котиблари ўртасида вазифаларнинг тақсимланишига мувофиқ Л. И. Брежнев саноат, қурилиш, мудофаа масалалари билан шуғулланарди. Армияни қуролларнинг энг янги турлари билан қуроллантириш ва космик даврни очишда мамлакатимиз эришган буюк ютуқларни бутун олам ўшандаёқ тан олган эди.
Сталин, Трумэн ва Черчиль ўрталарида Потсдамда бўлиб ўтган, кўпчиликка маълум суҳбатдан кейин жуда қисқа муддатда СССРда атом, водород, ракета саноати яратилди. Совет давлатининг қудрати мустаҳкамланди. Бу тармоқлардаги ишлар тахминан қуйидагича шаклларда амалга оширилди. Қудратли илмий-назарий фронт яратилиб, унга Ватанимизнинг энг зўр олимлари жалб этилганди, уларга инсоният тафаккури даҳолари «Уч К» — Курчатов, Королёв, Келдишлар раҳбарлик қиларди. МҚдаги учрашувларнинг бирида академиклар Сахаров билан Ландауни кўргандим. Бу учрашув ҳақида батафсил гапирмай ўтолмайман.
Ядро физикасидан бехабар бўлган — менда Андрей Дмитриевич тўғрисидаги биринчи таассурот унутилмас бўлиб қолди. У кўринишдан — оддий, қотма одам, ташқи қиёфаси киши эътиборини тортмасди. Кўп гапирмас ҳам эди. Одамларни диққат бйлан тинглаб, ўша заҳоти жавоб беришга ҳаракат қиларди. Ҳайрон қоларли томони бошқа эди. Уни беҳудага водород бомба яратиш назариясининг асосчиларидан ҳисоблашмас эди. Лекин у ўша пайтдаёқ ўзи яратган нарсага кескин ва асосли равишда қарши чиқди. Ядро қуроли устидан ҳукуматдан холи бўлган жамоат назорати ўрнатишни талаб қилди. У ўзининг илмий фаолиятига нисбатан, демократия, инсон ҳуқуқлари, чинакам инсонпарварлик тўғрисида кўп гапирди. Чорак асрдан сўнг мен уни халқ депутатлари съездида телевизор орқали тинглаб, у ўз эътиқодларига содиқ қолганлигига ишонч ҳосил қилдим. Биринчи марта эса бу кишининг ўз йўлидан қайтмаслиги, изчиллиги, инсонпар-варлиги мени қойил қолдирган эди. У бизнинг хотирамизда шундай бўлиб қолди.
Совет олимлари, инженер-техник ходимларининг таланти ва бутун совет халқи қўллаб-қувватлаган ишчилар синфининг қаҳрамонона меҳнати билан мамлакатимиз қуролларнинг янги турлари нисбатида туб ўзгаришларга эришди. Ғарбнинг бу воситалардаги афзаллигини йўққа чиқарди. НАТО ва Варшава битими ҳарбий-стратегик имко-ниятларида тенгликка эришилди. Бунда бутун партия, бутун халқнинг хизмати бор. Бусиз ядро қуроллари қисқараётган ва биз совуқ уруш тамом бўлаётганлиги ҳақида гапираётган ҳозирги даврдаги халқаро ҳаётдаги катта ўзгаришларнинг бўлиши мумкин эмас эди.
Ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиш ва синашга бевосита вазирлар Ванников, Славский, маршал Неделин раҳбарлик қилишарди. Ҳукумат органларининг бу соҳадаги бутун фаолияти билан Завенягин, КПСС МҚда эса Л. И. Брежнев шуғулланарди.
Бу ишга алоқадор одамларнинг ҳаммаси ўшанда партия ва давлат бўғинларида, махсус конструкторлик бюроларида, лабораторияларда, заводларда, полигонларда, шахталарда қанчалик зўр бериб меҳнат қилинганини яхши эслашади. Масалан, инсонни космосга учиришни ташкил этиш масаласи амалий тарзда қўйилганда олий раҳбариятда бу масаланинг ҳамма томонлари батафсил, атрофлича, икир-чикиригача ўрганилди. Мутахассис ва ташкилотчилар билан деярли ҳар куни учрашардик. Космонавт ва техни-канинг бешикаст учиб, қайтиб тушишига тўла ишонч ҳосил қилинганидан кейингина бу ишга рухсат берилди.

1961 йил 12 апрель воқеасини кўрганлар, тарихда биринчи марта совет кишисининг космосга учиши ва Юрий Гагариннинг она ер бағрига эсон-омон қайтиб келишининг шоҳиди бўлганлар бу ҳаяжонли кунларни ҳеч қачон унутмайдилар. Президиумнинг бутун состави, москваликларнинг деярли ҳаммаси, шунингдек, пойтахт меҳмонлари аэропортга, кўчалар ва майдонларга, уйларнинг томларига, балконларга чиқишиб, севинчлари ичларига сиғмай, Гагарин билан учрашувни сабрсизлик билан кутишарди. Юра самолётдан чиқиб, қўлини кўтариб ҳаммани олқишлаганида, сўнгра пастга тушиб, пойандоздан шахдам қадамлар билан юриб (ботинкасининг ипи ечилиб кетганига қа-рамай) минбар олдига келганидаги вазиятни ҳечам таърифлаб-тавсифлаб бўлмайди. У Президиум аъзолари олдига келиб, учишнинг муваффақиятли якунлангани тўғрисида рапорт берди. Шу пайт ҳамма уни бағрига босиб, ўпа бошлади. Кейин эскорт аэро-портдан Қизил майдонга қараб йўл олди. Москваликларнинг айтишича, пойтахт кўчала-рида одам ҳеч қачон бунчалик кўп бўлган эмас, бутун шаҳар аҳли Ю. Гагаринни олқишлаш учун оёққа турганди.
Ўша куни кечқурун инсоннинг космосга биринчи бор учиши шарафига Кремлнинг ҳамма залларида тантанали қабул маросими мўлжалланган эди. Ҳамма ташкилий тадбирлар қоғозда олдиндан белгилаб чиқилганди, кимнинг нима қилиши кўрсатилганди. Шунга келишилгандики, Гагарин кўриниши билан Кремль саройининг асосий эшиги зинаси олдида унга биринчи бўлиб Никита Сергеевич пешвоз чиқади, кейин бошқа хонага тўпланишган Президиум аъзолари қўшилишиб биргаликда юқорига кўтарилишади. Лекин бундай бўлмади; оркестрнинг тантанали марши янграб, Президиум аъзолари ён томондаги хонадан чиқишга бериладиган хабарни сабрсизлик билан кутиб туришди. Бу хабарни бизга залда турган Брежнев етказиши керак эди. Лекин ундай бўлмади. Унинг ўрнига олдимизга Малин келиб Никита Сергеевич билан Гагарин Георгий залида кутиб туришибди, деди. Биз сездирмасдан бошқа томондан киришга мажбур бўлдик, залда аллақачон тантанали учрашув бошланган, ҳамма уларни табриклашарди, оркестр эса Глинканинг «Славься» қаҳрамонлик симфониясини чаларди. Қабул жуда чиройли ўтди.

Эртасига Президиум мажлисида Никита Сергеевич нега ишни келишилгандай қилмадинглар — Президиум аъзолари залга мен ва Гагарин билан бирга кўтарилишмади, деб бироз танбеҳ берди, ҳатто «дарғазаб» бўлди. Кимдир бизга хабар қилишмади, деди. Никита Сергеевич Леонид Ильичга мурожаат қилди: «Бу сизга топширилганди-ю». Брежнев бошини эгганича, «ҳа, айб менда», деди. Қиёфаларидан сезилмаса-да, лекин улар ички бир қониқиш ҳосил қилганликлари билиниб турарди. Ахир, жуда муҳим бир лаҳза — Хрушчев билан Гагарин — икковлари фанфара садолари ва гулдурос қарсаклар остида Кремлнинг гилам пойандоз солинган зинасидан тантанавор кўтарилиши тарихга кириб қоладиган бўлди. Брежневнинг бу хизматини Хрушчев ҳойнаҳой муносиб баҳоласа керак.
Шунда Никита Сергеевич, вақти келганда, айнан шу одам уни қаттиқ, айтиш мумкинки, раҳмсизларча жазолаб, улкан мамлакатнинг тепасига ўзи чиқишини ўйлаганмикан? Дарвоқе, Л. Н. Брежневни биринчи ўринга чиқариб қўйган октябрь (1964 йил) Пленуми ташкилотчилари бу одамнинг фазилатларини ҳам, камчиликлари ва заиф томонларини ҳам яхши билишарди. Мустасно эмаски, бу одамни кўтарганлар, у бизнинг етовимизга юради, истакларимизнинг итоатгўй ижрочиси бўлади, биз эса унинг мавқеидан фойдаланиб, ўзимиз ҳамма ишни бошқариб, раҳбарлик қиламиз, деб ўйлаган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин бу мўлжал хато бўлиб чиқди ва нафақат уларга, балки партияга, мамлакатга, халққа қимматга тушди.
Л. И. Брежневни МҚнинг Биринчи котиби қилиб сайлаганларида мен Центрсоюзда ишлардим. Кейин эса узоқ вақт дипломатия соҳасида—Сурия Араб Жумҳуриятида элчи бўлиб ишладим. Табиийки, жуда кам учрашардик, шунинг учун ҳам унинг кейинги йиллардаги ҳаёти ва фаолияти тўғрисида батафсил гапиролмайман, Шу боисдан, ташқи сиёсат, миллий муносабатларнинг у билан мулоқот пайтларида кўтарилган айрим томонлари, ундаги характернинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қисқача тўхталмоқчиман.

А. А. Громико Кремлнинг катта Съездлар саройида беш минг тингловчи олдида қилган бир маърузасида шундай деганди: «Леонид Ильич, айтишим мумкинки, ташқи сиёсатни моҳирона олиб боради» (Гулдурос қарсаклар). Мен бу хушомадни тинглаб, халқаро ишлардаги ақидапарастлик, мазҳабчилик, улардан дипломатияда фойдаланиш қандай хунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида ўйладим. Йўқ, мен ҳозир мода бўлганидек, ўтган йилларда қилинган ҳамма ишларга чизиқ тортиб юбормоқчи эмасман. Совет раҳбарияти ва ташқи сиёсат кадрларининг ғайрат-шижоати туфайли, ҳар томонлама чора-тадбирларни чидам билан амалга ошириб бориб, АҚШ ва СССР давлат раҳбарларининг Венадаги учрашуви ҳамда Хавфсизлик юзасидан Хельсинкидаги Кенгашнинг ўтказилишига муваффақ бўлинди. Венадаги битимга Брежнев ҳам имзо чекди. Хельсинки анжуманининг якунловчи акти тагида 35 давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шу жумладан, Леонид Ильичнинг ҳам имзоси бор. Бу ҳужжатлар тарихга кирди ва ўзининг муҳим аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Айни пайтда шуни ҳам қайд этиш керакки, Брежнев раҳбариятининг бюрократларча муносабати бизнинг ташқи сиёсатимизга, жумладан яқин Шарққа салбий таъсир кўрсатди. Маълумки, бутун Шарқ аҳолиси Улуғ Октябрь социалистик инқилоби ғалабасини зўр қувонч билан қарши олган эди.
Совет ҳокимиятининг дастлабки кунларида, Антанта давлатлари ва ички аксилинқилобий кучлар большевизм ҳамда Совет ҳокимиятини йўқ қилиб ташлаш ниятида қуролли қўзғолонни авж олдиришган бир пайтда, Шарқ мамлакатлари Советлар жумҳурияти билан бирин-кетин дипломатик алоқаларни ўрната бошладилар.
Афсуски, бир неча йилдан сўнг мустамлакачи давлатлар Совет давлатининг Шарқ мамлакатлари билан яқинлашувини чеклаб, бу жараённинг олдини олишга муваффақ бўлишди.
Герман фашизми ва япон милитаризмининг тор-мор қилиниши, Совет Иттифоқи ҳал қилувчи роль ўйнаган иккинчи жаҳон урушининг ғолибона тугатилиши дунё сиёсий харитасидаги кучлар нисбатини тубдан ўзгартириб юборди, мустамлакачи давлатларга қарам бўлган ўнлаб халқлар ажнабийлар ҳукмронлигидан қутулишиб, ўз нигоҳларини СССР томонга қарата бошладилар, Совет Иттифоқи уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Ёш мустақил давлатлар билан СССР ўртасида яқинлашувнинг янги босқичи бошланди. Шарқ Москва, КПСС Марказий Қўмитаси, СССР Олий Кенгаши Президиуми, ҳукумат ва бошқа органларнинг диққат марказида бўлди, барча соҳаларда, турли шакллар-да ҳамкорлик кенг қулоч ёйди. Нигоҳни Шарққа қаратиш борасида кўп ишлар қилинди, бунга Патрис Лумумба номидаги дорилфунун ташкил этилганлиги? дастлабки космик кемага «Шарқ» номи берилганлиги ва бошқа тадбирлар мисол бўла олади.
Ўша йилларда Совет Иттифоқининг Яқин Шарқ билан алоқасини тобора мустаҳкам-лашда ва кенгайтиришда олий давлат арбобларининг ўзаро визитлари, бу муносабат-ларнинг инсонпарварлик, тенг ҳуқуқли характери, СССРнинг бу қитъанинг эзилган ва хўрланган халқларига ҳурмат билан муносабатда бўлганлиги муҳим роль ўйнади.
Мисол тариқасида, 50-йилларнинг ўрталарида КПСС МҚининг ўша вақтдаги котиби ва ташқи ишлар вазири Д. Т. Шепиловнинг Қоҳирага борганлигини айтиш мумкин. Унинг советларнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини ошкора, аниқ ва равшан баён қилиб берганлиги бу регион халқларининг СССРга бўлган меҳрини, хайрихоҳлигини яна ҳам ошириб юборди.
Шу билан бирга, Шарққа оид сиёсатнинг айрим жиҳатларида ақидапарастлик ва мазҳабчилик аломатлари кўрина бошлади, юқори мансабли баъзи бир арбоблар марксча-ленинча таълимотни тор, субъектив тушуниши дипломатиямиз имкониятларини чеклаб қўя бошлади.
Мана, масалан, араб давлатларини олайлик. Айрим мафкурачиларимиз ва олимларимиз кабинетда ўтириб олишиб, уларни бир неча гуруҳларга бўлиб чиқишди. Подшолик тузумидаги мамлакатларни консерватив ёки реакцион давлатлар деб аташди, жумҳурият тузуми ўрнатилган мамлакатларни социалистик йўналишдаги ёки социализм йўлидан бораётган давлатлар қаторига қўшишди. Ташқи сиёсатни мана шу схема асоси-да олиб боришди.
Яхши шарт-шароитлар бўлгани ҳолда ақидапарастлик, мазҳабчилик йўлидан бориб, фаолиятимиз доирасини ўзимиз чеклаб қўйдик, подшолик тузумидаги давлатларни, умуман ҳар қандай давлатларни, улар қандай бўлса шундайлигича қабул қилиш ва ўша давлатлар билан уларнинг катта ёки кичиклигидан, ички тузуми қандайлигидан қатъи назар, муносабатларни тенг ҳуқуқлилик асосида ўрнатиш ўрнига, дипломатиямиз жуда камдан-кам ташаббус кўрсатарди, у ёки бу мамлакат дўстлик қўлини узатгудай бўлса баъзида эътиборсиз қолдириларди, қўллаб-қувватланмас эди.
Араблар (Миср, Сурия, Иордания) навбатдаги урушда (1967 йил, июнь) ўз ҳудудларининг яна бир қисмидан маҳрум бўлдилар, қанчадан-қанча инсон кучлари ва моддий бойликларидан ажралдилар. Уруш тугаганидан бир ой ўтгач, бизларни — таниқли шарқшунос, журналист Павел Демченко ва бошқа ўртоқларни жойлардаги аҳвол билан танишиш, одамларнинг кайфиятини билиш, мамлакат раҳбарлари билан учрашиш мақсадида Сурияга юборишди. Суриянинг ўша пайтдаги президенти Атаси, бош вазир Хлефави, ПАСВ (Араб Социалистик Уйғониш партияси) иккинчи котиби Жадид, мудофа вазири Ҳ. Асад, ташқи ишлар вазири Махус, Сурия Компартияси раҳбарлари Боғдош ва Файсал, ҳарбий бошлиқлар, руҳонийлар, турли сиёсий партиялар ва Фаластин озодлик ҳаракати йўлбошчилари билан бўлган суҳбатлар натижалари, шунингдек жанг майдонларида ва Кунейтр шаҳрида кўрган-кечирганларимиз тўғрисида КПСС МҚига батафсил маълумот бердик. «Правда» газетасида мақола эълон қилдик.
Москвада Совет — Сурия дўстлиги жамияти тузилди. САЖ билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш юзасидан кенг қарор қабул қилинди.
Шуни айтиш керакки, бутун диққат-эътиборни жумҳурият режимларига қаратиб, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатдик, қўллаб-қувватладик. Бунга Асувон ва Фирот гидротехника комплекслари, металлургия ва машинасозлик заводлари, портлар, йўллар, давлат хўжаликлари, суғориш иншоотлари, электростанциялар, ўқув юртлари, шифохоналар ва бошқа объектлар қурилишини мисол қилиб келтириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси Совет Иттифоқининг бу минтақадаги қўшилмаслик ҳаракатидаги ва жаҳон майдонидаги обрў-эътиборини, довруғини ошириб юборди.
Ғарбда баъзи бировлар ўшанда, ҳозир ҳам 1973 йил октябридаги араблар билан Исроил ўртасидаги уруш учун айбни маълум даражада СССРга тўнкамоқчи бўлишади. Бунинг учун ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, Совет Иттифоқи ҳарбий низонинг олдини олиш учун кўп ҳаракат қилди. 1973 йилнинг бошларида президент Асаднинг ПАСВ, ҳукумат ва Миллий фронтнинг бошқа арбоблари билан бирга Москвага келиш истаги борлигини элчихонамизга маълум қилишди. Табиийки, бу хабарни ўша заҳотиёқ етказдик ва ижобий жавоб олдик. Кремлда Совет раҳбарлари билан бўлган суҳбатда Ҳ. Асад Сурия ва Мисрдаги разведка ва бошқа хабарларга қараганда Исроил ўз қўшинларини чегарага яқин жойга тўплаётганини, ҳужумга зўр бериб тайёргарлик кўраётганини, шу кунларда уруш бошланиб кетиши мумкинлигини айтди.
Л. И. Брежнев ва А. Н. Косигин янги қуролли тўқнашувга ҳечам йўл қўймаслик, Исроилнинг ҳужум қилишга баҳона топмаслиги учун қўлдан келган ҳамма ишни қилиш зарурлигини қатъий тайинлаб, Совет Иттифоқи араб-исроил урушига мутлақо қарши эканлигини таъкидладилар. Ўзаро бир фикрга келишди. Сурия делегацияси Москвадан Дамашққа қўнмай, тўппа-тўғри Қоҳирага учиб кетди. Асад бу ерда Садат билан юзма-юз учрашиб, батафсил гаплашди. Совет раҳбарлари бундай шароитда АҚШ президентидан Исроилга маълум маънода таъсир кўрсатишни илтимос қилган бўлишлари мумкин.
Бироқ воқеаларнинг бориши бошқача тус олди. Ўша йилнинг 6 октябрида, кечаси алламаҳалда президент Асаднинг совет элчисини кўрмоқчи эканлигини маълум қилишди. Кечаси биз элчихона маслаҳатчиси Султонов билан бирга президент ёрдамчиси ҳамроҳлигида унинг машинасида элчихонадан жўнаб кетдик. Президент резиденциясидан, унинг квартираси ёнидан ўтиб, ташландиқ бир боққа кирдик. Ёрдамчи қўл фонари билан йўлимизни ёритиб борарди, қоронғуда яширин зинадан чуқур бир ертўлага тушдик. Бу ер остидаги катта бир иншоот эди. Йўлакдан бир неча қадам юрдик, ён томондаги хонадан ҳарбий формада президент Асад чиқиб, биз томон кела бошлади. Қўшни хоналарда қарийб ҳамма етакчи ҳарбий бошлиқлар тўпланишганди.

Маълум бўлдики, бу олий бош қўмондоннинг дала штаби экан, бу ерда иш қизиб кетганди. Биз бош қўмондон хонасига кирдик. У, Исроил Суриянинг аҳоли пунктларини ўққа тута бошлаганини, авиацияси мамлакат осмонида учиб юрганини, бомбардимон қилаётганини, чегарада жанговар ҳаракатлар бошланганини маълум қилди. Урушнинг олдини олиш мумкин бўлмасмикин, деган саволга у, ҳамма чора-тадбирларни ишлатиб кўрдим, натижаси бўлмади, деб жавоб қилди. Миср чегараларида жанглар кетяпти, деди у сўзида давом этиб.
У харитадан икки томоннинг ҳам кучлари жойлашган пунктларни кўрсатди, ҳарбий ҳаракатларнинг келгусида қандай ривожланиши мумкинлигини айтиб, бу сафар уруш узоққа чўзилмайди, деди. Сўнгра у барча араб мамлакатларида, халқаро кўламда ички кучларни сафарбар этиш борасида кўрилаётган тадбирлар тўғрисида гапирди. Совет томони янги, анча хавфли вазият юзага келганини ҳисобга олиб, битимда белгиланган ўз мажбуриятларини бажаришга тезроқ киришар, деб умид билдирди.
Биз бу ҳақда дарров марказга хабар қилдик. Айтиш мумкинки, ўша кундан бошлаб Кремль билан президентнинг Дамашқдаги бункери ўртасида бевосита алоқа ўрнатилди. Мамлакатимиз битим доирасидаги ўз мажбуриятларини барча моддалар бўйича, биринчи навбатда иқтисодиёт, ҳарбий техникани етказиб бериш ва бошқа соҳалардаги мажбуриятларини беками-кўст изчил бажариб турди. Бизнинг маслаҳатчилар ва мута-хассисларнинг ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши қатъиян ман қилинганди, улардан биронтаси уруш майдонида ҳалок бўлмади ва асирга тушмади. Бизнинг инженер-техника ходимларимиз ва малакали ишчиларимиз Сурия — Совет ҳамкорлиги объектларида виждонан, ҳалол меҳнат қилибгина қолмай, уларнинг ҳар бири фронтга кетган икки-уч суриялик ҳамкасбларининг ўрнида ҳам ишларди. Бир неча кун ичида совет хотин-қизлари, болалари самолёт ва теплоходларда Суриядан олиб чиқиб кетилди, битта одам ҳам шикаст емади. Элчихона, савдо ваколатхонаси ходимлари, иқтисодий маслаҳатчилар, аташше ва бошқа ходимлар казарма ҳолатига ўтиб, ҳаммалари бир жойда яшашди.

Совет ҳукумати жаҳон жамоатчилигининг диққат-эътиборини тортиш, БМТ хавфсизлик кенгаши орқали урушни тўхтатиш ва низони тинч йўл билан ҳал этиш учун дипломатик фаолиятни авж олдириб юборди. Оғир, машаққатли жанглар борар эди. Ис-роил самолётлари Совет маданий маркази, Сурия армиясининг бош штаби ва бошқа биноларни бевосита ракетадан ўққа тутгани учун бир неча совет кишиларидан жудо бўлдик.
АҚШ билан биргаликда астойдил изланиш натижасида БМТ Хавфсизлик Кенгашида халқаро конференцияни чақириш тўғрисида келишиб олинди. Сурия аскарлари ва офицерлари мардонавор жанг қилдилар. Лекин ўша кунлари Миср президенти Садат Синайдаги ҳарбий ҳаракатларни сира кутилмаганда бирдан тўҳтатиб, ўз иттифоқдоши Сурияни Исроил билан яккама-якка қолдирди. Сурияда фавқулодда оғир ва анча хавфли вазият юзага келди. Ироқ, Саудия Арабистони, Қувайт ва бошқа араб мамлакатларининг ҳарбий ёрдами етарли эмас эди.
Ташқи сиёсий кучлар ҳаракати билан уруш Дамашқ остонасида тўхтатилди. Исроил, Сурия, Миср, СССР, АҚШ ва БМТ вакиллари иштирокида ўтган Женева тинчлик конференцияси урушни тўхтатиш ва урушдан кейинги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш шартларини расмийлаштиришга олиб келдики, буни ҳамма зўр қониқиш билан қабул қилди. Шу муносабат билан СССР ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Василий Васильевич Кузнецов бошлиқ совет дипломатларининг жуда катта ишини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим.
Лекин шу аснода Яқин Шарқдаги сиёсий ва дипломатия соҳаларидаги жуда катта имкониятларимиздан нақадар бўш фойдаланаётганимиз маълум бўлиб қолди.

Бу ўринда аввало тўрт сабаб тўғрисида гапириш мумкин: Исроил билан дипломатик алоқаларни узганлигимиз, подшолик тузумидаги давлатларга нисбатан мазҳабчилигимиз, кўпроқ шахсга таяниш, дипломатиямизнинг маънавий-психологик асослари. Бу омилларнинг ҳаммаси ўзаро боғлиқ, лекин шунга қарамай, уларни алоҳида-алоҳида, қисқача қараб чиқамиз.
Суриянинг атоқли сиёсий ва жамоат арбоблари арабларни, шу жумладан Сурияни беғараз ва қатъий қўллаб-қувватлагани учун Совет Иттифоқига миннатдорчилик билдириш билан бирга, СССРнинг Исроил билан алоқани узганлигига ачинишди. Шуниси қизиқки, келиб-келиб араблар афсусланишди. Бу сермулоҳазали одамлар, буюк давлат икки томонга баравар таяниб иш кўрсагина воситачи ролини ўйнаши мумкинлигини, низолашган томонларга бир хилда муносабатда бўлган, уларнинг биронтаси таъсирига берилмаган тақдирдагина икки томонга ҳам таъсир кўрсата олишини яхши тушунардилар. Улар, Совет Иттифоқи Исроил билан бевосита алоқа ўрнатса, ўз сиёсатини қаттиқроқ ўтказиши мумкинлигига, исроилликлар билан музокараларда, алоқаларда арабларга бирон-бир зарар етказмаслигига, аксинча уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишига астойдил ишонишарди.
Мен атоқли араб арбобларининг бу фикр-мулоҳазаларини маъқуллашимни Сурияга 1967 йилда биринчи бор борганимдан кейиноқ Л. И. Брежневга гапирганимда, у тўғридан-тўғри шундай жавоб қилди:
— Биласанми, мени сионистларга мойиллиги бор, арабларни, мусулмонларни хуш кўрмайди, деб айблай бошлашди. Ташқи ишлар вазирлиги Исроил билан алоқани узиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим этди, биз қабул қилдик...
Менга айтган гапи шу бўлди. Бизнинг бу масаладаги ожизлигимиздан Ғарб дипломатияси усталик билан фойдаланди. 1973 йил октябрь уруши кунларида, ҳамма ёқда дипломатик иш авж олиб кетган бир вақтда совет элчихонаси ходимларининг баъзида Киссенжерга ҳаваслари келарди. Громикога эса ачинишарди. Киссенжер бир кунда Қоҳира, Тель-Авив, Саудия Арабистонида бўлишга улгурарди, Дамашққа бир неча соатда келиб-кетарди. Андрей Андреевич эса ўзининг маҳобатли самолётида, улкан штати билан учиб келиб, вақтининг кўп қисмини шоҳона саройда ўтказарди, президент, ташқи ишлар вазири билан учрашарди, бўлди-вассалом! Шунга бир қанча кунини сарфлаб, яна учиб кетарди.
Бизнинг элчихонамиз Женева конференциясидан араб-исроил низосини тинч йўл билан ҳал қилиш учунгина эмас, балки исроилликлар билан бевосита алоқа ўрнатиб, совет-исроил муносабатларини тиклаш ва ривожлантириш масалаларини қадам-бақа-дам муҳокама қилиш учун бир қулай восита сифатида фойдаланишни қатъий таклиф этди. Андрей Андреевич Женевада Исроилнинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Эбон билан умумий музокаралардагина учрашиб қолмай, бир неча бор яккама-якка суҳбатлашган ҳам эди. Назаримда, Женевада араб-исроил низосини тинч йўл билан ҳал этишга эришибгина қолмай, шунингдек, совет-исроил муносабатларини яхшилаш, уларни кенгайтириш учун ҳам йўл очилганди, зеро ўша шароитларда араблардан биронтаси бунга эътироз билдирмасди.
Афсуски, имкониятдан фойдаланилмади, бу иш яна тўхтаб қолди. Ҳолбуки, фронт яқинидаги араб давлатларининг бошлиқлари Исроилнинг расмий кишилари билан учрашдилар, биргаликда Женева конференциясида қатнашдилар. Президент Садат эса Миср билан Исроил ўртасида олий даражада икки томонлама алоқа ўрнатишга киришди, музокаралар давомида бир-бирларини тушунишиб, айрим муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишди.

Сурияда мен дипломатия корпусининг дуайени эдим. Совет Иттифоқининг Исроилдаги манфаатларини Тель-Авивдаги Финляндия элчиси ҳимоя қиларди. У Дамашққа бир неча бор келиб, Исроилда фақат коммунистлар ёки босиб олинган ҳудудлардаги арабларгина эмас, шунингдек, жуда кўп яҳудийлар ҳам совет-исроил муносабатларининг тикланишини хоҳлашларини менга гапириб берганди.
Ўшанда подшолик тузумидаги ҳамма мамлакатлар (Саудия Арабистони, Баҳрейн ва бошқа айрим мамлакатлардан ташқари) билан биз дипломатик муносабатлар ўрнатгандик, у юртларда элчихоналар барпо этилганди, малакали дипломатлар ишларди. Лекин ишлар зарур кўламда олиб борилмасдики, бу эса советларга қарши кучларга жуда қўл келарди.
Шахсга сиғинишни қоралаган ҳолда, айниқса Шарқда шахс ролига етарлича баҳо бермаслик мумкин эмас, албатта. Лекин агар ана шу шахс орқасидаги, у президентми, бош вазирми ёки бирон бир партиянинг йўлбошчисими, барибир, халқни — ишчилар, фаллоҳлар, зиёлиларни етарли даражада кўрмаслик, бу ёмон. Бунда позициямиз мустаҳкам бўлмайди. Аксинча, жамиятнинг ҳамма табақалари СССР сиёсатини, амалий фаолиятини билишса, уни қадрлашса, юқорида шахсларнинг алмашиниши нима деб аталмасин — инқилобми, мустаҳкамлашми, тўнтарилишми, фитнами, барибир улар биз билан алоқани узмаганлар, давлат тепасига келган янги бошлиқлар Совет Иттифоқи билан ҳамкорликни давом эттирганлар. Жумладан, Жазоирда, Сурияда, Ироқда, Жану-бий Яман ва бошқа давлатларда шундай бўлди.

Ўшанда Судан билан Мисрда бунинг акси бўлди. Эсимда, мустақил Суданнинг биринчи президенти генерал Аббудни Москвада жуда яхши кутиб олишди, ҳар томонлама ҳамкорлик тўғрисида келишиб олинди, ёш давлатга очиқ кўнгиллилик, бағри кенглик билан ёрдам қўлини узатдик. Президент соқчиларининг бошлиғи Нумейри бир кечада тўнтариш қилиб, ўзи президент бўлиб олганидан кейин, ҳамма нарса ўзгариб кетди.
Ёки Мисрни эслайлик. Араб халқининг буюк фарзанди, доно раҳбар Жамол Абдул Носир халқни оёққа турғизиб, унга раҳнамо бўлиб, миллий инқилобни амалга оширди. У Совет Иттифоқи билан ҳар томонлама ҳалол, тўғри муносабат ўрнатди, ҳукуматимиз уни қўллаб-қувватлади, ҳамма соҳаларда ҳамкорлик кенг қулоч ёйди.
Рўзномалардан Носирга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилганини ўқиганимдан кейин, ўша заҳоти Совет раҳбарлари билан бўлган суҳбатда бу иш чакки бўпти, дедим. Носирнинг Совет Олтин юлдузини бирон марта тақмагани ҳам бежиз эмас. Мисрликлардан баъзилари Москвада менга Совет Иттифоқининг Мисрга самимий муносабати биз арабларда ҳеч қандай шубҳа туғдирмайди, Носир ҳам СССР билан бажонидил ҳамкорлик қилади, деб гапиришарди. Лекин бошқа мамлакатлардагина эмас, балки Мисрнинг ўзида ҳам душманлар, ичи қора одамлар оз эмасди. Улар бу фактдан Носирнинг обрўсини тўкиш учун фойдаланишга, у Олтин юлдуз учун Совет Иттифоқига сотилди, деган иғво гапларни тарқатишга уринишди. Баъзи бировлар, Шарқнинг айрим ёш йўлбошчиларини «мана шундай йўл билан қўлга оляпсизлар», деб бизларга ҳам айб қўйишди, Афсуски, Носир тўсатдан вафот этди. Унинг ўрнига Садат келди. У қисқа муддат ичида ҳамма нарсани ўзгартириб юборди, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатни энг паст даражага тушириб қўйди.

Ниҳоят, Шарққа оид сиёсатимизнинг маънавий-психологик асослари хусусида гапирмоқчиман. Асрлар давомида мустамлакачилар томонидан эзилиб, хўрланиб, таланиб келинган мустамлака мамлакатлари халқлари тенглилик, яхши муносабат, инсоний қадр-қимматни эътироф этиш; кўҳна тарихи, бой маданияти, маънавий оламини қадрлаш туйғусини айниқса чуқур ҳис этадилар... Шунинг учун сал бўлсаям назар-писанд қилмаслик, майда-чуйда нарсаларда ўз устунлигини кўрсатиш ёки жиндек танбеҳ ҳам, турмуш тарзини, таомларини, урф-одатларини менсимаслик ҳам уларнинг иззат-нафсига тегади, оғир ботади.
Шу ўринда бир факт келтираманки, бу менсимасликнинг жиндек кўриниши ҳам қандай хатарли оқибатларга олиб келишини кўрсатади. 1974 йилда Суриянинг пре-зиденти Асад бошчилигидаги партия-давлат делегацияси Москвага келди. Биринчи расмий учрашувни Кремлда МҚ Сиёсий бюроси кабинетида соат 11 га тайинлашди.
Бутун дунёда жуда оддий бир қоида бор: икки тенг делегация ёки давлат раҳбарлари расмий равишда учрашмоқчи бўлишса, залга бир вақтда баравар кириб келишади, ўртада тўхташади, бир-бирлари билан қўл бериб кўришишади. Биз ҳаммамиз, Совет делегацияси аъзолари соат 10 дан 50 минут ўтганда тўпландик, шу пайт Леонид Ильич ўрнидан турди-да, қўшни хонага чиқиб кетди, у ерда узоқ ушланиб қолди. Шу пайт олдимизга қабулхона навбатчиси келиб, беш минути кам ўн бирда келишган Сурия делегацияси аъзолари ўринларидан туриб чиқиб кетишганини ҳаяжонланиб гапирди. Биз Леонид Ильични қидириб кетдик. Маълум бўлишича, у ҳожатхонадан кейин дам олиш хонасига кириб, хотиржам чекиб ўтирган экан. Унга бўлган воқеани айтишганида Леонид Ильич сурияликлар нега кетиб қолишди, буни қандоқ тушунса бўлади, деб сўради. Балки уларни хафа қилишгандир? Н. В. Подгорний: «Биз улар билан учрашувга белгиланган вақтда келмадик. Афтидан, кутишмасдан кетиб қолишган», деб жавоб қилди.
Ўша заҳотиёқ В. В. Кузнецов билан менга уларнинг олдига киришни буюришди. Улар Ҳ. Асаднинг Кремлдаги резиденциясида экан...

Бунга Асад шундай жавоб қилди:
— Илтимос, самолёт беришсин. Биз ҳозир ҳаммамиз Москвадан учиб кетамиз.
Кузнецовнинг, хўш, ўзи нима гап, деган саволига у шундам деди: Совет раҳбарларига етказинг, улар мени Асад исмли киши сифатида қабуя қилмасликлари, гаплашмасликлари мумкин. Ҳозир мен бу ерга Сурия халқи ва давлатининг вакили, президент сифатида келганман. Мен билан бирга партия, давлат ва ҳарбий раҳбарликнинг бутун состави келишган. Ахир, муносабат ҳам шундай бўладими, қабулхонада шунча куттириб қўйишса-я? (10 минутдан ортиқ).
Мен ҳам бир нима дедим, лекин гапларим президент қарорига таъсир этмади. Василий Васильевич менга телефон қилишни буюрди-да, ўзи жойида қолди. Мен қўшни хонага чиқиб телефон қилдим. Трубкани Леонид Ильич олди. Воқеани қисқача тушунтирдим. У: «Нима қилиш керак?» деб сўради, мен: «Косигин кирса яхши бўларди», деб жавоб қилдим. У: «Ҳозир олдингизга киради» деди. Сал ўтмай, Алексей Николаевич кириб келди. У гўё ҳеч гап бўлмагандай мийиғида кулумсираб, Асад билан, кейин делегация аъзоларининг ҳар бири билан гаплашди, дипломатия тарихидан қизиқ фактларни гапириб берди. Кейин аҳволимизни бироз тушунтирган бўлиб, деди: «Мен Сизларни олиб кетгани келдим. Ўртоқларимизнинг ҳаммаси кутишяпти. Қани, юринглар». Асад бошқаларга мурожаат қилиб: «Хўш, борамизми?» деб сўради. Рози бўлишди. Ҳамма кетди. Мен орқада қолиб, дарров Леонид Ильичга телефон қилдим. Сиёсий бюро кабинетининг икки томонидаги эшиклар очилиб, икки делегация ҳам Брежнев ва Асад бошчилигида бир хил масофада учрашишди, қучоқлашиб кўришишди, ўпишишди, кейин стол атрофига ўтиришди. Бояги кўнгилсизлик ҳақида гапирилмади. Лекин битта арзимас хато ҳар қандай ишни барбод қилиши мумкинлиги ҳақида аччиқ таассурот қолди. Музокаралар бошланди, уларнинг якуни бўйича ҳукуматлар ва партиялар ўртасида режалар ҳамда битимлар имзоланди.
Стол атрофида Андрей Андреевич ҳам ўтирарди. Леонид Ильичнинг бу қилиғини дипломатик талантнинг ифодаси деб ҳисобламаётгани унинг маъюс чеҳрасидан шундай сезилиб турарди.
АҚШ президенти Никсон 1973 йил октябрь уруши оқибатлари тинч йўл билан бартараф этилганидан кейин Яқин Шарқ мамлакатларини айланиб чиқди. Қатор Араб мамлакатларида, Исроилда бўлди, сўнг Дамашққа келди. Уни ҳамма жойда дабдаба билан қарши олишди. Никсон алоҳида бир ҳурмат юзасидан президент Асаднинг оиласини бориб кўрди, унинг хотини, болалари билан суратга тушди. Бу сурат ҳамма газеталарда босилди.
Хабар қилишларича, икки президентнинг муваффақиятли музокаралари натижалари АҚШ билан Суриянинг ўзаро муносабатларида янги босқични очди.
Дамашқдаги Совет элчихонаси шошилинч телеграмма олди, унда президент ҳузурида бўлиб, унга ПАСВ Бош котиби, САР президенти ўртоқ Ҳафиз Асаднинг таклифига мувофиқ КПСС МҚ Бош котиби, СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси Л. И. Брежнев яқин кунларда расмий визит билан Сурияга бориш истагини билдирганини маълум қилиш топширилган эди.
Биз президент билан учрашиб, бу хабарни унга етказдик. У бу хабарни мамнунлик билан қабул қилиб, ўзим ҳам, бутун Сурия халқи ҳам азиз меҳмон Леонид Ильич Брежневни истаган вақтда кутиб олишга тайёрмиз, деди.
Визит куни ва дастури тўғрисида келишиб олингандан кейин Дамашқда, бутун мамлакатда катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ҳукуматда, Миллий фронтда, шаҳарда, вилоятларда, турли вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасаларда, Сурия— Совот ҳамкорлик объектларида махсус комиссиялар тузилди. Почта ва телеграф вазирлиги махсус марка чиқаришга қарор қилди. Театр жамоаси концерт дастурини тайёрлаб, умга рус рақс ва қўшиқларини киритди. Шоирлар шеърлар ёзишди. Дамашқ дорилфунуни ҳурматли меҳмонга фахрли унвон беришга қарор қилди. Трикотаж ва тўқимачилик корхоналари ўз маҳсулотларини рус нақшлари ва меҳмон портрети билан чиқара бошладилар. СССР давлати йўлбошчисининг келиши ҳамма ерда асосий мавзу бўлиниб қопганди.
Тегишли вазирликлар, идоралар масъул ходимлари гуруҳи Москвадан Дамашққа келадиган делегацияга ҳамроҳ бўладиган ва унга хизмат қиладиган кишилар рўйхати билан келишди. Биз ташқи ишлар вазири Ҳаддам (қозир у Суриянинг вице-президенти) ҳузурида бўлдик. У рўйхат билан танишиб чиққач, бироз ўйланиб турди-да, деди: «Уларнинг бир қисмини қўшни шаҳарларда жойлаштирсак бўладими?» Уларнинг ҳаммаси бирга, ёнма-ён бўлишлари керак, деганимиздан кейин у: «Агар Дамашқдаги ҳамма меҳмонхоналарни бўшатиб, Совет делегацияси ихтиёрига берсак ҳам, барибир ҳаммани жойлаштиришнинг иложи йўқ» деди. У, қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз, деди, биз ҳам совет муассасалари ходимларини зичроқ жойлаштириб, бир неча бинони бўшатиш имконини қидириб кўрамиз, дедик.
Ниҳоят, ҳамма нарсани келишиб олдик. Мамлакат азиз меҳмонни белгиланган кунда кутиб олишга тайёр. Бирдан шошилинч телеграмма олдик, унда: «Президент Ҳ. Асад ҳузурига бориб, кутилмаган ҳодисалар туфайли Л. И. Брежнев, афсуски, белгиланган кунда Дамашққа боролмаслигини маълум қилинг», дейилганди.
Кичкина, лекин кўҳна, мағрур мамлакат раҳбарлари ва халқининг, бу ерда яшаётган бир неча минг совет кишиларининг бу нохуш хабарга муносабати тўғрисида гапириб ўтирмайман...
Мана, қирқ йилдирки, танасидан қон оқаётган Яқин Шарқдаги ҳозирги танглик муҳимлиги, мураккаблиги, долзарблиги, турли даражада бўлган тахминан ўн муаммони ўз ичига олади.
Ҳозир уларни икки томонга ҳам маъқул бўладиган асосда ҳал этиш учун шароитлар бирмунча қулай бўлиб қолди. Бунинг учун халқаро, юридик, тарихий ва сиёсий асослар мавжуд. Энг муҳими ният, реализм, ҳозирги вазиятнигина эмас, бу давлатлар халқларининг туб манфаатлари, тақдири, дунёда тинчлик ўрнатиш манфаатларини ҳушёрлик билан ҳисобга олишдир.
Бу муаммоларни ҳал этишнинг қандай йўллари ва воситалари бор? Улар тўғрисида ҳар куни турли тилларда ёзишади, гапиришади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1947 йил 29 ноябрдаги 181 рақамли резолюцияси бошланғич мустаҳкам асос бўлиб, у билан ҳисоблашмасликка, айниқса уни инкор этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мазкур резолюция ваколат асосида идора қилинадиган Фаластин ўрнида икки давлат — араб ва яҳудий давлатини барпо этишни кўзда тутганди. Яҳудийлар давлати Исроил 1948 йилнинг 14 майида тантанали равишда эълон қилинди. Бен Гурион буни эълон қилиб, унинг байроғини кўтарди ва биринчи бош вазир бўлди. Лекин Фаластинда мустақил араб давлатини ташкил этиш барбод қилинди. Шундан бери Фаластин араблари, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги ва Ғазо секторидаги араблар ҳам, қочоқлар ҳам ўзи туғилиб ўсган ерларида яшаш ва ўз халқ давлатини барпо этиш орзусидан, умиддидан воз кечганлари йўқ, умуммиллий ҳаракатларини давом эттирмоқдалар.
Фаластинликларнинг миллий-озодлик ҳаракати янги босқичга қадам қўйди. Агар улар қирқ йил давомида ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун бошбошдоқлиқ билан, жойларда кўпинча уюшмаган ҳолда курашган бўлсалар, 1987 йилнинг 8 декабридан бошлаб интифа-да — умумхалҳ қўзғолони бир кун ҳам бўшашмаяпти, уч йилдирки, босиб олинган ҳудуднинг ҳаммасида тарихда сира кўрилмаган кўламларда давом этаяпти.
Мақсад аниқ, қонуний — ҳар бир араб ва бутун араб миллатининг тортиб олинган ҳақ-ҳуқуқларини тиклашдир.
Бир йил аввал — Фаластинда мустақил араб давлати ташкил этилганлиги эълон қилинди. ФОҚТ — Фаластинни озод қилиш ташкилоти — Фаластин халқининг бирдан-бир тўла ҳуқуқли вакили Исроилнинг мавжудлигини эътироф этди ва Исроил ҳукумати билан алоқа ўрнатишга тайёр эканлигини билдирди.
Шундай қилиб, Фаластин арабларининг умумхалқ чиқишлари, мустақил давлат тузганликлари ва миллий ҳаракат йўлбошчиларининг Исроил вакиллари билан учрашишга ва музокаралар олиб боришга тайёр эканлиги, буларнинг ҳаммаси Фаластин инқилоби йўлбошчилари позициясининг, тафаккурининг кескин ўзгарганлигини, инқилобда янги босқич бошланганини кўрсатади.
Исроил тўғрисида. Бу кичкина мамлакат ўтган давр ичида ўзининг умри боқийлигини кўрсатди, ниҳоятда оғир ички ва ташқи шароитларда замонавий қуроллар, шу жумладан, самолётлар, танклар, ядро бомбаси, ракеталар билан қуролланган ўз армиясини тузди: фан-техника тараққиётининг олдинги сафида бораётган давлатлар қаторига қўшилди. АҚШ ва бошқа капиталистик давлатлар, жаҳон сионизми ва дунёнинг турли бурчакларида яшаётган 12 миллион яҳудий Исроилга хайрихоҳ бўлиб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.
Шу билан бирга, қирқ йил мобайнида қанчадан-қанча ҳукумат сиёсий йўлбошчилари, исроилликларнинг қанча авлоди келиб кетди. Лекин халқ тақдирини белгиловчи асосий муаммолардан биронтаси ҳал қилингани йўқ. Мамлакат аслида қамал ҳолатида, қулоғигача қарзга ботиб ётибди, халқнинг турмуш даражаси яхшиланмаяпти, келажакка ишонч йўқ, тирикчилик тўғрисидаги ташвишли ўйлар одамларни тарк этмаяпти.
Иккинчи томондан, салкам 4 миллионли Фаластин араблари ҳаракатга келди: маънавий, психологик ва жисмоний жиҳатдан анча ўзгарган араблар бир ёқадан бош чиқаришиб, ҳозирнинг ўзида, шу авлод кўзи олдида курашни охирига етказишга, она Ватанларида ўз миллий давлатларини барпо этишга азму қарор қилдилар. Фақат қон тўкилишига ва одамларнинг қурбон бўлишига йўл қўймаслик, барча низоларни тинч йўл билан, сиёсий воситалар билан ҳал этиш мақсадида Исроилга ҳамкорлик қўлини узатмоқда, икки Фаластин давлати — араб ва яҳудий давлатларининг ёнма-ён, тинч-тотув яшашлари учун икки томонга ҳам маъқул бўладиган бир ечимга келиш учун интилмоқда.
Мана шундай эзгу ишдан юз ўгириш, ўз халқи, тарих ва инсоният олдида жуда катта масъулиятни зиммага олиш, ўз мамлакати Исроилни янги-янги қийинчиликлар, мураккабликларга, қурбон беришга маҳкум этиш демакдир.
Араб ва яҳудийларнинг соф ниятли асл дўстлари, афтидан, уларнинг эртами-кечми тенгликка эришишларига, тил топишишларига умид қилишади. Бу борада Совет Иттифоқи уларни ҳамиша қўллаб келган ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайверади, ёрдамини аямайди.
Яқин Шарқ — ҳар жиҳатдан олиб қаралгакда жуда муҳим регион, дунёдаги сиёсий иқлим бу ердаги аҳволга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу ерда дунёвий дин — иудаизм (5700 йил), христиан (1991 йил) ва ислом (1413 йил) дини пайдо бўлди. Бу минтақада яшовчи аҳолининг асосий қисми мусулмонлар бўлиб, уларнинг ерида Муҳаммад пайғамбар нозил этилган муқаддас китоб — Қуръонни тарғиб этган, ўлими олдидан эса васияти — Ҳадисни баён қилган. Шароит қонун-қоидалари яратилган. Улар барча мусулмонлар турмуш тарзи, тафаккури, фаолиятининг асосини ташкил этади. Жаҳоннинг 120 мамлакатида яшайдиган ислом тарафдорларидан бир миллиарддан ортиғи шариатга амал қилишади.
Яқин Шарқ — инсоният цивилизациясининг бешиги.
Жаҳондаги ноёб ва рангли металлар, руда, энергия манбалари запасининг анча қисми мазкур минтақада жойлашган. Салкам 200 миллион кишини ташкил этувчи араблар Фиротдан Атлантик океанигача, Ўрта ер денгизидан Экваториал Африкагача чўзилган ҳудудда зич яшашади. Яқин Шарқнинг жаҳондаги ўрни ва аҳамияти мана шу ва бошқа омиллар билан белгиланади.
Менимча, Оврупа ва Осиё учун қилинганидай, янгича тафаккур ва реал таҳлил асосида Советларнинг Яқин Шарқ бўйича платформаси (концепцияси) ишлаб чиқилса ва эълон қилинса жуда фойдали иш бўларди.
Бу хусусдаги гапимни тугатар эканман, шуни таъкидлаб ўтмоқчиман: СССРнинг Яқин Шарқ бўйича қайта ишлаб чиқилган, янгиланган сиёсати турғунлик даврида бу минтақада чала қолган, ҳали қилинмаган ишларимизни ниҳоясига етказишга, унинг халқлари билан муносабатларни анча кенгайтиришга ёрдам беради.
Айрим мутахассислар юқорида айтган фикрларимни бу бир хом хаёл, юзаки ёндошиш дейишлари мумкин. Лекин бу ҳақда анча батафсил, қатъий гапиришимнинг боиси шуки, Сурияда тўққиз йилдан ортиқ яшаганман, 14 араб мамлакатларига бордим. Қуддус, Синай ва Жулан тепаликларида бўлганман, унгача эса Москвада ишлаб, чет эл Шарқи, жумладан, Яқин Шарқ муаммолари билан шуғулланганман. Шунинг учун ҳам бу минтақа халқларига алоҳида бир ҳурмат, самимият билан қарайман, инсоният учун кўп эзгу ишлар қилган, бой тарихга эга бўлган, бугуни машаққатли ўтаётган араб ва яҳудийларнинг ҳаётлари яхши бўлишига, порлоқ истиқболига астойдил ишонаман.
Миллий сиёсатга келсак, (шунингдек, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг бошқа муҳим масалалари сингари) Леонид Ильич Брежнев бу масала билан шуғулланмасди, чунки ўз ўтмишдошлари И. В. Сталин ва Н. С. Хрушчевнинг СССРда «Миллий масала тўла-тўкис ва узил-кесил ҳал қилинган», деган сўзларига ишонарди. Мана шу жуда муҳим, мураккаб соҳани М. А. Сусловга топширди, у эса, модомики миллат — синфий, тарихий категория эқан, демак, у ўткинчи нарса деб ҳисоблар, унинг фикрича, бизда миллатларнинг яқинлашуви уларнинг қўшилиб кетишига олиб бориши керак эди. У «миллий-озодлик ҳаракати» деган тушунчани тан олмас, уни асоссиз деб ҳисобларди.
Партия дастури ва КПСС XXII съезди бошқа ҳужжатларининг лойиҳасини тайёрлаш давомида МҚ Президиумида миллий сиёсатга дахлдор тўртта асосий муаммо: миллий масаланинг мамлакатда қай даражада ҳал қилинганлиги, миллатларнинг яқинлашуви ва қўшилиши, миллий маданиятларнинг шакл ва мазмуни, чет эл Шарқидаги миллий-озодлик ҳаракатининг назарий жиҳатлари устида жиддий тортишувлар бўлди.
Муҳокама давомида дастлабки қатъий таърифларга айрим тузатишлар киритишга муваффақ бўлдик, лекин М. А. Суслов ҳужжатларда бир қатор догматик қоидаларни сақлаб қолди.
Бизнинг итоатгўй, ғоят даражада ғоявийлаштирилган жамиятимизда одат бўлганидек, КПСС XXII съездидан кейиноқ юқорида айтиб ўтилган, қабул қилинган концепцияларни маддоҳларча мақташ бошланди.
Мана, бир неча мисол. «Мамлакатимизда миллатларнинг қўшилиши ҳозирдаёқ юз бераяпти» («Грозненский рабочий» газетаси, 1961 йил, 7 сентябрь), «...ягона социалистик миллат қарор топаяпти» («Коммунист» журнали, 1960 йил, 6-сон), «миллатларнинг давлат йўли билан ҳуқуқий асосда қўшилиши — бу яқин келажакнинг иши». («Советское государство и право», 1961 йил, 12-сон), «Социалистик миллатларнинг яқинлашиши... ягона тилга эга ягона миллатни барпо этишга ёрдам беради», «Совет халқи — совет миллати» ва ҳокозо.
Бу хилдаги қинғайиш жойларда айрим олимлар, ёзувчилар, зиёлилар бошқа отрядларининг ўз миллати, она тилини «ҳимоя» қилишга интилишларига сабаб бўлдики, бу миллий ўз-ўзини англашнинг кучайишига олиб келди. Чет элдаги душманларимиз шов-шув кўтариб, гўё «СССР да миллийлик йўқолаётганмиш», «бемиллий байналмилалчилик» жорий этилаётган эмиш, деб исбот қилмоқчи бўлдилар.
Шу тариқа ўша йилларда миллий масалада икки зарарли оғиш юз берди: нигилизм ва идеаллаштириш. КПСС бундан ташвишланиб бир неча кенгаш ўтказди (икки марта мени ҳам таклиф этишди). Икки йўналишнинг айрим вакиллари В. И. Лениннинг миллий масаладаги икки тенденция тўғрисидаги кўрсатмаларини бузиб талқин қилганликлари учун ҳам «Правда» йўл-йўриқ берадиган бир неча мақола эълон қилди. Мазкур мақолаларда съезд қарашларининг бир томонламалиги ифодаланди.
Бу барча хатоликлар ва шов-шувлар шунга олиб келдики, КПСС XX съездидан кейин миллий масалани амалга ошириш бўйича ижобий қадамлар аслида йўққа чиқарилди ёки ўзгартириб юборилди.
Бир неча мисоллар келтираман. 1956 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида КПСС МҚида миллий қурилишнинг айрим долзарб масалалари муҳокама қилинди, унда мен ҳам сўз олиб, Ўзбекистон Компартияси МҚи ва жумҳурият ҳукуматининг таклифларини баён қилдим.
Шу муҳокамалар якуни бўйича 1957 йилнинг 9 январида ССР Иттифоқи Олий Кенгаши Президиумининг «Қабарда Автоном жумҳуриятини Қабарда-Балқар АССР қилиб ташкил этиш тўғрисида»ги, «Черкасия Автоном вилоятини Қорачой-Черкасия Автоном вилояти қилиб ташкил этиш тўғрисида»ги, «РСФСР таркибида Қалмиқ Автоном вилояти ташкил этиш тўғрисида»ги, «РСФСР таркибида Чечен-Ингушети Автоном жумҳуриятини қайта тиклаш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилиниб, эълон қилинди.
Тошкентга қайтиб келганимиздан кейин бу миллат ва элатлар вакилларини таклиф қилиб, уларга қарорларни ва уларни амалга ошириш юзасидан Иттифоқ ҳамда жумҳурият ташкилотлари белгилайдиган тадбирларни ўқиб бердим. Улар партия ва ҳукуматимизга миннатдорчилик билдиришиб, ўз юртларига хурсанд бўлиб қайтиб кетишди. Лекин ўша миллат ва элатларга моддий, молиявий, ташкилий ҳамда бошқа шаклларда ёрдам кўрсатиш юзасидан белгиланган йирик тадбирларнинг кўпчилиги бажарилмади.

Ўшанда зўравонлик ва қонунсизлик жабрини кўрган қримтатарларининг тақдири ҳар томонлама ўрганилди. Уларни сиёсий жиҳатдан оқлаш ва фуқаролиги масаласи қисман ҳал қилинди. Уларни туғилиб ўсган жойларига қайтариш ва давлатини — Қрим Автоном жумҳуриятини тиклаш масалалари кўрилганида Президиум аъзоларининг бир нечаси эътироз билдирди. Шу муносабат билан КПСС МҚи Президиуми аъзоси ва котиби А. Б. Аристовга РСФСР ҳамда Украина ССРнинг ўша пайтдаги раҳбарлари билан бу масалани яна бир бор ҳар томонлама чуқур ўрганиб, ўзаро келишиб, таклифлар киритишни топширишди. Бу топшириқ ҳам, Тоғли Қорабоғ ва месхети турклари муаммолари юзасидан бошланган ишдай охирига етказилмай, чала қолиб кетди.
Мана энди қайта қуриш, ошкоралик, демократия, эски жароҳатларни, маънавий-сиёсий муаммоларни очиб ташлади, жамиятимиз безовта бўляпти. Бу 60-йилларда адолатни тиклаш бўйича бошланган ишларни охирига етказмаган раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, енгилтаклиги оқибатидир. Буларнинг ҳаммасини энди совет кишила-рининг ҳозирги авлоди, партия ва давлат раҳбарлари ҳал қилишлари керак бўлади.
Леонид Ильич миллий сиёсат билан унчалик қизиқмаса ҳам жойларда бўлар, одамлар билан учрашарди. У Украина, Молдавия, Қозоғистон жумҳуриятларига, яъни ўзи ишлаган, ўтмиш хотиралари билан боғлиқ жойларга яхши муносабатда эди. Шу билан бирга, жумҳуриятимизда, айниқса Ўрта Осиёда, уни шунинг учун ҳам ҳурмат қилишардики, у ўз брошюраларида ва нутқларида маҳаллий аҳоли ҳақида илиқ сўзларни айтган эди. Уруш йиллари мамлакатнинг Оврупа қисмидан кўчириб келтирилганларни қучоқ очиб қарши олганликлари учун бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқларига бир неча марта миннатдорчилик билдирди. Олмаотага кўчиб келган оилам қозоқларнинг самимий муносабати ва меҳрибончилигини ҳамиша ҳис этиб турди, деди.
1966 йилнинг 26 апрелида Тошкентда кучли ер қимирлади, кўп иморатлар бузилди, қурбонлар бўлди. Эртаси эрталаб Тошкентга Л. И. Брежнев билан А. Н. Косигин учиб келишди. Улар аэропортдан тўппа-тўғри зилзила марказига боришди. Жабр кўрганлар билан суҳбатлашишди, вайрон бўлган биноларни кўздан кечиришди. Сўнгра Ўзбекистон Компартияси МҚи да бўлишди, партия фаоллари мажлисидан кейин Тошкентга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус иттифоқ штаби ташкил этишди, уни А. Н. Косигин бошқарди. Леонид Ильич телефонда бошқа жумҳуриятлар, ўлкалар ва вилоятларнинг биринчи котиблари билан гаплашди. Натижада Тошкентга БУТУН МАМЛАКАТ ёрдам берди, қисқа муддатда аҳоли уй-жой ва барча зарур нарсалар билан таъминланди. Тошкент фахрли «Дўстлик шаҳри» номини олди. Ўша кунларда Л. И. Брежнев ва А. Н. Косигин Мирзачўлга бориб, қилинаётган ишлар, эришилган ютуқлар билан танишишди. Бироз вақтдан кейин КПСС МҚи Пленуми чақирилиб, унда мамлакатда суғориш ишларини ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинди.
Бу тадбирлар одамларда яхши таассурот қолдириб, маҳаллий аҳолининг раҳбариятга ҳурматини оширди. Лекин Л. И. Брежневнинг иш услуби, одатлари Никита Сергеевичдан тамоман фарқ қиларди. Хрушчев колхозчилар, совхоз ишчилари билан бевосита далада учрашарди, завод, фабрикаларда бўларди, шахталарга тушарди, яйловларга чиқарди. Леонид Ильич эса кўпроқ раҳбарлар билан, нари борса фаоллар билан учрашишни афзал кўрарди, ҳаётий муаммоларни чуқур ўрганмасди, дабдабабозлик, танта-тани яхши кўрарди. У, асосан, жойлардаги раҳбарларнинг маълумотига қараб фикр юритарди, уларнинг ўз шанига айтадиган мақтов сўзларини доимо зимдан сезгирлик билан кузатиб борарди.
Туркий халқларнинг вакиллари орасида Леонид Ильичнинг уч яқин дўсти — Кунаев, Алиев, Рашидов бор эди.
Динмуҳаммад Аҳмедович Кунаевни тажрибали, меҳнаткаш раҳбар ходим сифати-да 50-йиллардан бери биламан. Ўнинг қариндош-уруғлари Леонид Ильич оила аъзола-ри Олмаотада яшаганларида улар тўғрисида кўп ғамхўрлик қилишган. Л. И. Брежнев Қозоғистон Компартияси МҚининг раҳбари бўлиб турганида Кунаевни Вазирлар Кен-гашига раис қилиб тайинлашди. Иккови келишиб, иноқ ишлашди.
Леонид Ильич КПСС МҚига ўтгандан кейин, ўрнига Қозоғистон МҚининг биринчи котиблигига Кунаевни таклиф қилди. У кўп ўтмай КПСС МҚи Бюро аъзолигига номзод, сўнгра аъзо қилиб сайланди. Шундан кейин биринчи, иккинчи, учинчи Олтин Юлдуз билан ҳам тақдирланди, жумҳурият Компартиялари МҚи, ўлка қўмиталари, вилоят партия қўмиталари котиблари орасида уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони бўл-ган битта шу киши эди.

Гейдар Алиевич Алиев Озарбойжон Коммунистик партияси МҚи биринчи котиби бўлиб ишлаётганда КПСС МҚи делегациясига бош бўлиб Сурияга келди. Уни биринчи марта ўша ерда кўрдим. У мамлакат, ПАСВ, Компартия раҳбарлари ва бошқа сиёсий арбоблар билан суҳбатда ўзини кўрсатди. Орадан кўп ўтмай, у аввал КПСС МҚи Сиёсий бюроси аъзолигига номзод, кейин Сиёсий бюро аъзоси, СССР Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари бўлди.
Брежневнинг Шароф Рашидович Рашидов ҳақидаги фикри аввал яхши эмасди. 1964 йилнинг декабрида Тошкент вилоят партия конференциясида вилоят партия қўмитаси ташкилий бўлими мудирининг ўринбосари ўртоқ В. Усмонов ленинча нормаларга риоя қилмагани, хато иш услуби, кадрлар сиёсатини бузганлиги, хизмат мавқеини суиистеъ-мол қилганлиги учун Рашидовни қаттиқ танқид қилди. В. Усмонов ўз нутқининг охирида шундай деди: «Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, мен шундай фикрга келдим — унга, Рашидовга, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимини бундан буён ишониб бўлмайди». Рашидов шаънига айтилган жиддий танқидни, табиийки, КПСС Марказий Қўмитасига маълум қилдилар.
Леонид Ильич Ўзбекистон партия ташкилоти раҳбариятини мустаҳкамлаш масалаларига ижобий қаради ва янги номзод ҳам оғизга олинган эди. Лекин шунда жумҳурият Компартияси МҚи Бюросининг айрим аъзолари Подгорнийни ўртага қўйиб, Рашидовни ўз лавозимида олиб қолишга муваффақ бўлдилар.
Лекин бирмунча вақт ўтгач, Л. И. Брежневнинг Ш. Рашидовга муносабати тубдан ўзгариб, улар яқин дўст бўлиб қолишди. Шароф Рашидов бунга қандай муваффақ бўлди?
Шоҳидларнинг айтишича, Кремлдаги катта қабул маросимларининг бирида у, «Владимир Ильичнинг ўлмас таълимоти ва ишини содиқ ленинчи—Леонид Ильич қатъий амалга оширмоқда ва ижодий ривожлантирмоқда. Азиз ва қадрдонимиз Леонид Ильич учун қадаҳ кўтарамиз!» деган.
Владимир Ильич ва Леонид Ильич фамилияларининг ҳамоҳанглиги, унинг шаънига янграган гулдурос қарсаклар, афтидан, Брежневга хуш ёққан бўлса керак.
1982 йил 22 мартда Л. И. Брежнев Тошкентга келди. Трактор ва самолётсозлик заводларида, Ленин номидаги жамоа хўжалигида бўлди. 24 мартда Халқлар Дўстлиги Саройидаги тантанали йиғилишда жумҳурият меҳнатларини амалга оширишда эришган катта ютуқлари, давлатга 1981 йилда 6 миллион 150 минг тонна пахта ҳосили сотганлиги учун Ўзбекистонга Ленин ордени топширилди. Эртаси куни, 25 март эрталаб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида барча фаоллар ва Қозоғистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Д. А. Кунаев, Қирғизистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Т. У. Усубалиев, Тожикистон Компартияси Марка-зий Қўмитасининг биринчи котиби Д. Р. Расулев, Туркманистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби М. Ғ. Ғафуров иштирокида Ш. Рашидовга Октябрь Инқилоби орденини топшираётиб, Л. И. Брежнев шундай деди: «Менда муҳим ва ёқимли вазифа бор — дўстимиз ва ўртоғимиз Шароф Рашидович Рашидовга Октябрь Инқило-би орденини топширишим керак.
У жумҳурият коммунистлари ва барча меҳнаткашларини давлатга пахта, дон ва бошқа деҳқончилик маҳсулотлари сотиш юзасидан 1981 йилги режалар ҳамда социалистик мажбуриятларни муваффақиятли бажаришга сафарбар этиш соҳасидаги катта ташкилотчилик ва сиёсий иши учун мукофотланди.
Ўзбекистон Компартияси каби катта партия ташкилотига раҳбарлик қилиш оддий иш эмас. Бунинг учун талайгина ҳаёт тажрибаси ва партия ишига астойдил содиқлик керак. Бунинг учун ташкилотчилик истеъдоди, эришилган натижаларга танқидий баҳо бериш маҳорати, янгиликни доимо ҳис этиш, ўртага қўйилган мақсадга эришиш йўлида ирода ва матонат зарур.
Ана шу фазилатлар Рашидовга... жумҳуриятдаги ишларни муваффақиятли олиб боришларини таъминлашга ёрдам бермоқда.
Ҳозир жумҳуриятингизда қизғин иш, ҳатто айтиш мумкинки, озиқ-овқат дастурини бажариш учун, чорвачиликни жадал ривожлантириш учун қизғин кураш авж олдириб юборилди. Жумҳурият Компартияси, Марказий Қўмита бюроси ва албатта, даставвал Марказий Қўмитанинг биринчи котиби, КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолигига номзод ўртоқ Рашидов, ҳамиша бўлганидек, ана шу ишнинг жон-дили бўлмоқдалар».
Ш. Рашидов ўзининг жавоб нутқида шундай деди: «Ватаннинг фахрли мукофотини қабул қилиб олар эканман, қалбим зўр қувонч туйғулари ва завқ-шавққа тўлиб-тошмоқ-да. Ва шунинг учун ҳам тўлиб-тошмоқдаманки, мен ўзим Улуғ Октябрь тенгдошиман ва Октябрь Инқилоби орденини совет коммунистининг энг яхши фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Октябрь Инқилоби ишининг содиқ давомчиси, ленинчи партиямиз ва давлатимизнинг атоқли раҳбари, давримизнинг буюк арбоби қўлидан, азиз Леонид Ильич, Сизнинг қўлингиздан қабул қилиб олмоқдаман!
Ишлаб чиқарувчи кучларни ривожлантириш тўғрисида доимо ғамхўрлик қилаётганликлари, пахтачиликни, дон хўжалигини, деҳқончилик ва чорвачиликнинг бошқа тармоқларини юксалтиришда ҳар томонлама ёрдам бераётганликлари учун, пахтакорларнинг қийин меҳнатига оталарча эътибор бераётганликлари учун Ўзбекистон деҳқонлари, жумҳуриятнинг барча меҳнаткашлари ленинчи Марказий Қўмйтадан, унинг Сиёсий бюросидан, Совет ҳукуматидан ва азиз Леонид Ильич, шахсан Сиздан астойдил миннатдордирлар».
Кечқурун катта тантанали қабул бўлди. Дастурхон хилма-хил ноз-неъматлар ва спиртли ичимликларга тўлиб-тошиб кетган эди. Қадаҳ кўтаришлар, табриклар, олқишлар бошланиб кетди. Ҳамма орден ва медалларини тақиб олган эди. Шунда Леонид Ильич Ш. Рашидовнинг ёнига келиб, қўшни жумҳуриятларнинг раҳбарлари ва Ўзбекистон фаоллари иштирокида шундай деди: «Қадрли Шарафжон! Қўшнинг Димаш Кунаевда учта, сенда иккита Қаҳрамонлик олтин медали бор. Чамалаб кўрсам, кўкрагинг анча кенг, унда учинчи Олтин юлдуз учун ҳам жой бор экан.
Кунаевнинг Марказий Қўмита Сиёсий бюроси аъзоси бўлганига ҳам анча вақт бўлди, сен эса XXII съезддан бери номзодлигингча турибсан. Сен, шубҳасиз, Сиёсий бюро аъзоси бўлишга муносибсан.
Ваъда қилганингдек, бу йил 6 миллион 300 минг тонна пахтани берсанг, биз сени учинчи Олтин Юлдуз медали билан мукофотлаш ва Сиёсий бюро аъзоси этиб сайлаш масаласини ўйлаб кўрамиз ва ҳал этамиз».
Атрофда турганлар бу фикрни маъқул-маъқул қилишди. Рашидов бошини камтарона эгиб, жим бўлиб қолди.
Шундай қилиб, эзгу мақсад белгиланди. Унга қандай эришиш мумкинлиги ҳам айтилди. Қандай бўлмасин, пахтани 6 миллион 300 минг тоннага етказиш керак. Бу орзуга эришиш учун барча воситалар «яхши». Азоби, ташвишлари эса ўз ишини ҳалол бажариб келган деҳқон елкасига тушди.
Шу учрашувдан сўнг Л. И. Брежнев етти ой, Ш. Рашидов эса бир ярим йилга яқин яшади.
Пировардида Леонид Ильич билан шахсий муносабатларимиз хусусида бир-икки оғиз гапириб ўтмоқчиман. Мен уни биринчи марта КПСС XIX съездида (1952 йил, октябрь) кўрдим, ўшанда бошқалар қатори биз икковимиз ҳам партия МҚ аъзолигига сайландик. Ўша кунларнинг бирида С. Д. Игнатьев хонасига бир иш билан киргандим, Л. И. Брежнев ҳам ўша ерда экан. Семён Денисович 40-йилларнинг охирларида ВКП(б) МҚининг Ўзбекистон бўйича вакили бўлганида жумҳуриятимиз учун кўп яхши ишлар қилиб, бу ердагиларнинг ҳурматини қозонган эди. Кейин у ВКП(б) МҚининг ташкилий-партиявий бўлимига мудир қилиб тайинланди, сўнгра КПСС МҚи котиби, СССР Давлат Хавфсизлиги вазири бўлиб ишлади. С. Д. Игнатьев бизларни бир-биримизга таништириб, сўнг дала боғига олиб кетди, у ерда уччовимиз анча суҳбатлашдик.
Мезбоннинг ўзи палов дамлади —буни мен ҳеч кутмагандим. Леонид Ильичнинг кўнглини олиш учун столга бир шиша Молдавия коньягини қўйди.
Леонид Ильич Қоэоғистонда ишлаганида Олмаотада ёки Тошкентда бўладиган ҳар хил кенгаш, мажлисларда тез--тез учрашиб турардик. КПСС МҚи декабрь (1957 й) Плену-мида мени партия МҚ котиби, КПСС МҚи Президиуми аъзоси этиб сайлашди, хоналари-миз ёнма-ён эди. гарчи вазифаларнинг тақсимланишига кўра икковимиз бошқа-бошқа
масалалар билан шуғулланиб, кам учрашсак-да, лекин барибир, баъзи-баъзида бир топшириқни бажарардик, бунинг учун тегишли одамларни унинг ёки менинг хо-намда тўплардик: табиийки, секретариат, Сиёсий бюро мажлисларида, МҚ ўтказадиган тадбирларда иштирок этардик.
Партия Уставида МҚ иккинчи котибининг лавозими кўзда тутилмаган. Шу муносабат билан ва МҚдаги иккинчи ролга даъвогарлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун Н. С. Хрушчев Президиумнинг маъқуллаши билан шундай тартиб ўрнатдики, унга мувофиқ ҳар бир котиб бир ой давомида (навбати билан) котиблар орасида каттаси ҳисобланар, секретариатнинг барча ишлари билан шуғулланар, унинг мажлисларида раислик қиларди. Менга Л. И. Брежневдан кейин навбат келиб, МҚ секретариатининг "ҳамма хўжалигини" ундан қабул қилиб олишимга тўғри келарди.
У МҚнинг биринчи котиби этиб сайланганидан (1964 йил, октябрь) кейин тахминан бир ой ўтгач, Кремлдан Леонид Ильичга телефон қилишимни (бу пайтда мен Центрсоюз раиси ўринбосари бўлиб ишлардим) сўрашди. Илиқ саломлашдик, оиламни сўраб-суриштириб, эрталаб ҳузуримга киринг, деди. Хонасига кирганимда мен билан эшик олдида қўл бериб кўришди-да, рўпарасига ўтқазиб, шундай деди: «Ҳаммасидан хабарим бор, сенга нисбатан ноинсофлик, адолатсизлик қилишди, партиячасига иш тутишмади. Партия дастури, XXII съездининг бошқа ҳужжатлари лойиҳаси юзасидан бўлган тортишувларда сен ҳақсан. Лекин сен ўз нуқтаи назарингни қаттиқ ҳимоя қилганинг ҳолда Хрушчевнинг нафсониятига ҳам тегдинг, натижада унинг хушомадгўйлари фитнасининг қурбони бўлдинг. Энди аҳволни тузатиш керак. Бу гапни МҚ Президиум аъзоларига маълум қиламан, ўша ерда келишиб олиб, кейин сен билан яна учрашамиз». Дарҳақиқат, тез фурсатда Леонид Ильич мени ҳузурига чақириб, бир лавозимни президиум номидан менга таклиф этди. Лекин айрим сабабларга кўра бу масала амалга ошмади.
1965 йилларнинг ўрталарида бўлса керак, мени КПСС МҚ котиби И. В. Капитонов ўз ҳузурига чақириб шундай деди: «КПСС XXIII съездига тайёргарлик ишлари бошланиб кетди. Сени МҚ аъзолигига қайтадан сайлашни таклиф этмоқчимиз. Социалистик мамлакатлардаги элчиларни МҚ составига киритишга қарор қилинди. Шунинг учун ҳам социалистик мамлакатлардан бирига элчи бўлиб борсанг чакки бўлмасди».
Мен оилавий шароитимни, дипломатия ишидан яхши хабардор эмаслигимни айтиб, боролмайман, дедим. Москва ёки Ўзбекистонда ҳар қандай вазифада ишлашга розилик бердим. У, фикрингни юқоридагиларга етказаман, деб ваъда берди. Биз у билан бу масалада бошқа гаплашмадик.
КПСС XXIII съездида (1966 йил март-апрель) мен делегат эмас, МҚ аъзоси сифатида қатнашдим. 1967 йилнинг охирида МҚнинг чет эл кадрлари бўлимининг мудири А. С, Панюшкин мени ҳузурига чақириб, раҳбарият номидан Сурияга элчи бўлиб боришимни таклиф этди. Мен рози бўлдим. Кейин А. А. Громико, М. А. Суслов, Б. Н. Пономарев билан учрашдим, кетишим олдидан Л. И. Брежнев қабул қилди.
1976 йилда отамнинг вафоти муносабати билан уч кунга Тошкентга келиб кетдим. Ш. Р. Рашидов мени қабул қилиб, жумҳурият МҚининг бошқа икки котиби иштирокида шундай деди: «Тошкентга қайтиб келинг. Москва ва чет элда шунча йил ишлаганингиз етар. Қиладиган ишларимиз кўп. Сизнинг тажрибангиз, билимингиз керак. Биргаликда ишлаймиз». Баъзи бир мулоҳазаларимни айтдим, лекин Ш. Рашидов ҳам, бошқалар ҳам жумҳуриятга қайтинг, деб қаттиқ туриб олишди. Ш. Рашидов, КПСС МҚи раҳбарлари билан ўзим гаплашаман, деб ваъда берди. Марказга борганимдан кейин Леонид Ильичнинг қабулида бўлдим. Тошкентда бўлиб ўтган гапни унга гапириб бердим. У шундай деди: «Сен керак одамсан, Сурияда фойдали иш қиляпсан, Москвада ҳам ишлашинг мумкин. Сени нима ташвишлантиряпти?» Тушунтириб бердим. «Ҳа, майли, уйга қайтишни жудаям хоҳлар экансан, биз ўйлашиб кўрамиз», — деди сўзининг охирида.
Унинг ҳузуридан чиқиб, ёрдамчиси Е. М. Самотейкин (ҳалол, батартиб одам, ҳозир Австралияда элчи) олдига кирдим-да, Сурияда элчи вазифасидан бўшатиб, Ўзбекистонга юборишларини сўраб ўша заҳоти ариза ёздим. 1977 йилда телеграмма олдим: «Илтимосингиз қондирилди. Сиз бошқа ишга ўтишингиз муносабати билан вазифангиздан озод қилиндингиз. Янги совет элчиси Черняков учун агремон сўранг.
Москвага келишим билан чет эл кадрлар бўлимининг янги мудири Н. М. Пегов ҳузурига таклиф қилишди. Николай Михайлович: «Менга, Сизни СССР Савдо-саноат палатаси президиуми раисининг ўринбосари вазифасига таклиф қилиш масаласида гаплашишни топширишган», деди. Мен Ш. Рашидов ва Л. Брежнев билан гаплашганимдан хабарингиз борми, деб сўрасам, Н. М. Пегов бундан хабарим йўқ, деди. Рози бўлдим. У менинг олдимда кимгадир (менимча, Л. И. Брежнев ёки М. А. Сусловга бўлса керак) телефон қилиб, таклифига рози бўлганимни айтди. Сўнг Палата президиуми раисига қўнғироқ қилиб, сизга ўринбосарликка Муҳитдиновни тавсия қиламиз, деди. Шу гапдан кейин хайрлашдик. МҚ биносидан чиқиб, Палатага бордим, раис Борис Андриановичнинг олдига кирдим. Унинг олдида биринчи ўринбосари Е. П. Питовранов ўтирган экан, иккисини ҳам кўпдан бери танирдим. Менга хонамни кўрсатишди, ишга тушдим.
1980 йил май ойининг охирида жойдаги аҳволни ўрганиш учун мени қисқа муддатга Афғонистонга жўнатишди. Қайтиб келганимдан кейин мен билан Б. Н. Пономарев, унинг ёрдамчиси профессор Р. А. Ульяновский суҳбатлашди, улар барча долзарб муаммоларни ижобий кўриб чиқишиб, манфаатдор ташкилотларга тегишли кўрсатмалар беришди. Икки кундан кейин мени Л. И. Брежнев қабул қилди. Унга Афғонистондаги аҳвол, жумҳурият раҳбарлари, совет ходимлари билан суҳбатларим тўғрисида маълумот бердим.
Гапимнинг охирида ҳарбий ишлар тўғрисидаги айрим фикр-мулоҳазаларимни айтиб, қўшинларимизнинг Афғонистонга киритилиши ҳақида ҳар хил миш-мишлар юрибди, улар жанговар ҳаракатларда бевосита қатнашяпти, дедим. Ички қуролли тўқнашувда қатнашишнинг олдини олиш йўлларини қидириб топсак яхши бўларди, у гражданлар урушига айланиб кетяпти, дедим. У, хўш, нима қилиш керак? — деб сўради. Е қўшинларни олиб чиқиб кетиш керак, ёки уларнинг турган жойларини ўзгартириб, қўшни мамлакатлар чегараларида жойлаштириш керак, деб жавоб бердим. Бу қўшинларимизнинг бу мамлакатда бўлиши сабаблари тўғрисидаги расмий ахборотимизга мос бўлиб тушарди.
У шундай деди: «Биз бу масалани бир неча бор кўриб чиқдик. Бу таклиф баъзилар-да, шу жумладан менда ҳам шубҳа туғдирди. Афғонистоннинг янги раҳбарлари қаттиқ илтимос қилишяпти. Мудофаа вазирлиги, ташқи ишлар вазирлиги ва КГБ раҳбарларига бу масалани чуқур, батафсил ўрганиб, Афғонистон раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, ўз таклиф-мулоҳазаларини тайёрлашни топширдик. Улар қўшинларимиз у ерда қисқа муддат бўлишади, гап Жанубий чегараларимизни ҳимоя қилиш тўғрисида кетяпти, қуролли ихтилоф ҳадемай тўхтайди, янги инқилобий тузумни, унинг раҳбарларини халқ қўллаб-қувватлайди, деб бизни ишонтиришди».
Унинг гапларини тинглаб, мен бу масалани тайёрлаган ўртоқлар, афтидан Афғонистонни чуқур билмасликларини, унинг ўзига хос хусусиятларини, Бобур, академик Николай Иванович Вавилов, инглизлар билан бўлган сўнгги урушда афғон қуролли кучларига қўмондонлик қилган маршал Вали шоҳ асарларида жуда яхши тасвирланган афғон халқининг табиатини ўрганмаган кўринадилар, дедим. Британия армиясининг Афғонистонга уч марта юриши ҳам мағлубият билан тугаганлиги тўғрисида Лондонда бир неча китоб нашр этилганини ҳам айтдим.
Л. И. Брежневнинг юз ифодасидан бу асарлар тўғрисидаги ҳикоям уни зериктириб қўйганлигини сездим. Мен жим бўлдим. У гапининг охирида:
— Афғонистонга доир ҳамма масалалар бўйича А. А. Громико раҳбарлигида махсус комиссия тузилди. Сен у билан гаплашиб, ҳамма фикр-мулоҳазаларингни айт, — деди.
У ўша заҳоти А. А. Громико билан боғланиб унга: «Олдимда Нуриддин ўтирибди. У куни кеча Афғонистондан келди, анча фикр-мулоҳазалари бор. Уни қабул қилиб, фикрини эшитгин, яна икковимиз масалаҳатлашамиз», деди.
Палатага қайтиб, Андрей Андреевичга телефон қилдим. «Ҳозир ишим бошимдан ошиб ётибди, телефонда қисқача гапириб бера қолгин», деб илтимос қилди у. Вертушкадан (ҳукумат телефони) ўз фикр-мулоҳазаларимни айтдим. Громико: «У ердаги аҳвол маълум, шарт-шароитни биладиган кишилар воқеаларни кузатиб туришибди», — деб жавоб қилди.
Бу суҳбат, афтидан, менда ҳам, унда ҳам ёмон таассурот қолдирди, шекилли. Вақтни ўтказмай аҳволни тузатиш учун бирон бир амалий иш қилинмади.
Икки ярим йилдан сўнг Леонид Ильични дафн этишда қатнашдим.
Л. И. Брежневнинг сиёсий портретини ёзаётган тарихчилар қўлида унинг иш услуби, табиати, ожиз томонларини кўрсатувчи жуда кўп фактлар бўлса керак. Орден, медаль, эсдалик совғалар тўплашнинг ишқибози эди. Шуни айтиш керакки, КПСС ва Совет раҳ-барларидан биронтаси унгача ҳам, ундан кейин ҳам, Россия империясининг бирон бир подшоси бутун тарих давомида бу одамчалик кўп Ватан ва чет эл олтин медалларига, юксак жанговар ва меҳнат орденларига, бошқа нишонларига эга бўлган эмас.
У ҳаммага ёқишни истарди, бировнинг ундан норози бўлишини, «душман» ортти-ришни истамасди. Бунинг учун КПСС XXVI съездида раҳбарий органлар қандай белги-лар ва фикр-мулоҳазалар асосида тузилганини эслашнинг ўзи кифоядир.
Кейинги йиллар тўғрисида бир нарса деёлмайман-у, лекин эсимда, ёнма-ён ишлаган вақтларимизда у бирон-бир жиддий масала юзасидан шахсий жавобгарликни зиммасига олмасликка уринарди, манфаатдор шахсларнинг ҳаммаси бирма-бир имзо чекмагунича, ҳеч қандай ҳужжатга қўл қўймасди. Ҳар бир киши, айниқса, раҳбар ходим учун сўз билан иш бирлиги жудаям муҳим, у бир лаҳзалик муваффақият ва одамларни ўзига мойил қилиш учун ваъдабозлик қилмаслиги керак. Лекин ўз сўзининг, ваъдасининг устидан чиқиш яна ҳам муҳимдир. Тўғри, кўпинча шарт-шароит, вазият киши имкониятларидан устун келади. Бундай пайтда сўзингизга ишонган одамларга, ваъ-дамнинг бажаришни имкони бўлмади, деб ошкора айтиш оддий одоб қоидаси саналади. Кишининг обрў-эътибори, одамларнинг унга ҳурмат-эҳтироми, ишончи катта ишлар билан бирга, мана шундай майда-чуйдалар асосида ҳам шаклланади.
Москвадан охирги марта, 1986 йилнинг апрелида қайтаётганимда дўстлар билан оила даврасида, дастурхон атрофида хайрлашдик. Ўзбекистоннинг чекка бир қишлоғидан чиққан, партия ва давлат раҳбарлари даврасига биринчи бор кирган мендай бир одамга қандай ишлаш ва яшаш, ўзини қандай тутиш сабоғини ўргатган устозларим, мураббийларим хотирасига ҳурмат бажо айладим; уларнинг ҳар бирига самимий миннатдорчилигимни, чуқур ҳурматимни хаёлан изҳор этдим. Кўпгина танишларимнинг, шу жумладан Леонид Ильич қабрини ҳам зиёрат қилдим.

Нуриддин Муҳитдинов