Совет россияси ва «оқ муҳожирлар»
Босма

Президентимиз Республика тарихчи олимлари олдига она юртимиз тарихи билан бирга жаҳон тарихи муаммоларини ҳам ўрганиш вазифасини қўйдилар. «Ҳозирги ёшларда ва келгуси авлодда ўз давлати ҳамда халқининг тарихини шак-шубҳасиз билиши билан бир қаторда жаҳон тарихи ютуқларини чуқур ўрганиш заруратини тушунтириш ва англаш ҳиссини тарбиялаш лозим»- деган эдилар юртбошимиз.
Маълумки, 130 йиллик тарихимиз Россия халқлари тарихи билан боғлиқ. Аввал Чор Россияси мустамлакачилиги (1867-1917), кейин эса Шўро истибдоди (1917-1991) даврида юртимиз тарихи мураккаб, оғир, зиддиятли даврларни бошидан кечирди. Айниқса, Шўро ҳукуматининг дастлабки ўн йилликлар тарихи Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида (МДҲ) ҳам, узоқ хорижда ҳам жуда катта мунозараларга сабаб бўлмоқда. Мазкур мақолада Совет Россиясида 1918-1920 йиллардаги чет эл интервенцияси ва фуқаролар уруши туфайли рўй берган «муҳожирлик тўлқини» тарихи ҳақида бир қадар фикр юритилади.
Ушбу масалага рус тарихчилари ХХ аср 80-йиллариданоқ жиддий қарадилар. Лекин ҳанузгача бу йўналишда мунозаралар давом этмоқда. Зероки, президентимиз: «Фақат баҳс, мунозара таҳлили меваси бўлган хулосаларгина бизга тўғри йўл кўрсатади»-деб таъкидлаган эдилар.
Совет тарихий адабиётларида 1918-1920 йиллар «Фуқаролар уруши ва чет эл интервенцияси даври» деб юритилади. Совет ҳукуматига қарши кураш Россия марказий районларида 1920 йил охирига қадар давом этган бўлса (1920 йил 15 декабрда большевикларнинг матбуот органи «Правда» саҳифаларида фуқаролар урушининг сўнгги хабарлари босилган) Туркистон ўлкасида эса бу кураш 1930 йиллар иккинчи ярмига қадар чўзилган.
Совет тузуми мавжуд бўлган дастлабки кунларданоқ ижтимоий гуруҳлар орасида дискриминация (ажратиб қўйиш) сиёсати юритилди. Дастлаб ишчи ва деҳқонлар жамиятнинг бошқа гуруҳларига қарши қилиб қўйилди. 1918 йилдаги «ҳарбий коммунизм» сиёсати эса ишчи ва деҳқонларни ҳам бир-биридан ажратди. Охир-оқибатда «Тинчлик!» шиорини дастак қилиб ҳокимиятга келган большевиклар миллионлаб қурбонларга  сабаб бўладиган янги урушларни бошлаб юборишди.
Россия марказий районларида ва кўплаб ҳудудларида Юденич, Деникин, Колчак, Врангель, атаман Дутов, Семёнов каби кўплаб собиқ Чор Россияси генерал ва зобитлари большевизмни ағдариб ташлаш учун кураш майдонига кирдилар. Туркистонда ҳам мустақиллик ва озодлик учун кураш авж олди. Лекин советлар билан кураш натижалари барчага аён. Совет ҳукумати ҳар қандай чоралар билан бўлсада ўзини сақлаб қолишга уринди. Айни шу даврда Туркистон ва Кавказортидаги мустақил давлатлар тугатилди.
Мағлуб бўлганларнинг сони эса оз эмасди. Улар ҳам миллионлаб нуфузни ташкил этар, энди улар олдида фақат битта йўл: хорижий мамлакатларга кетиб жон сақлашгина қолганди, холос. Яъни, минг-минглаб кишилар мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлгандилар.
Совет тарихий адабиётларида турли ҳарбий гуруҳларда туриб, большевизмга қарши кураш олиб борган, сиёсий мухолифатда бўлган, чет элга чиқиб кетганлар «оқ муҳожирлар» деб номланади.
1917 йил кузида совет ҳокимияти ўрнатилган даврда йирик фабрика ва заводларнинг хўжайинлари (капиталистлар), катта ер эгалари (помешчиклар) «сиёсий муҳожир» сифатида хорижий мамлакатларга ўтиб яшай бошладилар. Лекин, Совет Россиясидаги оммавий муҳожирлик тўлқини ХХ аср 20-йилларига тўғри келади. Муҳожирликка мажбур бўлганлар ижтимоий таркиби жиҳатдан турли-туман бўлиб: юқори чиндаги ҳарбийлар, зобитлар ва юнкерлар, зиёли ва талабалар, казаклар ҳамда деҳқонлардан иборат эди.
Совет Россияси ҳудудидан чиқиб кетиш жараёни, яъни «оқ муҳожирлар»нинг ўзга мамлакатларга ўтиши бир неча йўналишларда рўй берган.
Биринчи йўл-Болтиқбўйи республикалари: Литва, Латвия, Эстония ҳамда Финляндия орқали ўтган.
Иккинчи йўл-Польша орқали ўтиб,кейин эса Германия, Бельгия, Франция мамлакатларига тарқалиб кетиш учун имкониятлар туғилган.
Учинчи йўл-Туркия орқали (асосан Истамбул) ўтиб, «оқ муҳожирлар» аста-секин Болқон мамлакатлари, Чехославакия ва Францияга тарқалишган. Истамбул орқали фуқаролар уруши йилларида жами 300 минг муҳожирлар хорижга ўтган. Қрим ярим оролида Врангель армияси тор-мор қилинганидан кейин, 1920 йилнинг ноябр ойида беш кун ичида (1920 йил 16-21 ноябрь) Қримдан Истамбулга 150 минг рус муҳожири келади. Улардан 70 минги Врангель армиясидаги солдат ва зобитлар бўлган. «Оқ муҳожирлар» орасида зиёли ва талабалар, оддий қочоқлар, у ёки бу ҳарбий қисмларда иштирок қилган деҳқонлар ҳам анчагина салмоқни ташкил этарди. Улар хорижга ўтганидан кейин бир оз вақт ўтиб айримлари Совет Россиясига қайтишган. Лекин Ватанларига қайтганларнинг аҳволи фожиали тугаганидан гувоҳ бўлишгач, кўплар тақдирга тан беришди.
Туркияда тўпланган муҳожирлар тирикчилик илинжида турли машғулотлар билан шуғулланишди. Бироқ оз сонли кишилар ўзига иш топа олди. Истамбул бозорида «оқ муҳожирлар» ўзлари билан бирга олиб борган никоҳ узуги, оёқ кийими, бошмоқ, қимматбаҳо олтин занжир, осори-атиқалар, черкас ва Кавказ ҳанжарлари, Врангель червонецлари (Врангель пуллари Англияда зарб қилиниб муомалага киритилмаган эди), сунъий сочлар, банка ва идиш кабиларни сотиб кун кўришган. Қашшоқлашган муҳожирлар ўғрилик, бировларни тунаш, аёллар эса ўз йўлидан чиқишгача боришган. «Оқ муҳожирлар»нинг матбуот органларидан бирида рус аёлларидан 2,5 минг нафари Истамбулда фоҳишабозлик билан шуғулланганлиги ёзилганди. Врангель армиясидаги юқори чиндаги зобитлар ўзлари билан хорижга 24 яшик олтин ва бриллиант буюмлар олиб ўтганлиги, иккинчи жаҳон уруши йилларида бу бойликдан Совет Иттифоқига қарши курашда фойдаланишга уринилганлиги билан боғлиқ маълумотлар кейинги тадқиқотларда ёзилаяпти.
Тўртинчи йўл-Хитой йўналишида бўлиб, асосан Маньжурияга адмирал Колчак, генерал Капел, атаман Семёнов билан жанг қилганлар ўтишган. ХХ аср 20-йилларида биргина Маньжурияда 100 минг руслар яшаган. Япония шаҳарларида ҳам «оқ муҳожирлар» истиқомат қиларди. Маълумки, 1923 йил 1-2 сентябрда Япония тирихида  даҳшатли зилзила бўлган. Ер силкиниши оқибатида минг-минглаб кишилар ҳаётдан кўз юмган. «Якогама шаҳрида зилзила бўлғон вақтда рус аксилинқилобчилардан атаман Семёнов бутун тарафдорлари билан ҳалок бўлғон. Меркулов ҳам ҳалок бўлғондур, деб гумон қилинадур»,-каби фикрлар келтирилади «Бухоро  ахбори» газетасида.     
Милюковнинг маълумотича, тўрт йўналиш орқали хорижга кўчган рус муҳожирлари 1924 йилга келиб 25 та мамлакатда яшарди. Рус муҳожирларининг сони билан боғлиқ маълумотлар ҳам бир хил бўлмай, адабиётларда турлича рақамлар келтирилади. «Оқ муҳожирлар» ҳеч қачон бир мамлакатда муқим яшаб қолмаганлар. Аввало, Совет ҳукуматига қарши уруш ҳолатида бўлган давлатларга бориб жойлашганлар кўпчиликни ташкил этар эди. Иккинчидан эса иш жойига эга бўлишга ҳам интилиш мамлакатларни алмаштириб туришни тақозо қиларди. Г.Ф.Барихновский В.И.Лениннинг Коминтернинг учинчи конгресси (1919 йил март) ва РКП (б)нинг Х съездидаги (1921 йил март) нутқларида «оқ муҳожирлар» сони 700 минг кишини ташкил қилиши билан боғлиқ фикрни келтиради. Бу рақам асосан Европа қитъасидаги рус муҳожирларига тегишли бўлиб, Хитой, Мўғилистон, Туркия, кейинчалик АҚШ, Канада, Австралия ҳатто Мадагаскар давлатларидаги руслар бу ҳисобга киритилмаган.   
Дамашқдаги (Сурия) «Рус адабий жамияти» маълумотича, 1923 йилда 991 минг,1927 йилда «Ҳалқаро меҳнат бюросини бўлими» хабарича эса 919 минг рус муҳожирлари Европа ва Шарқ мамлакатларида истиқомат қилганлар.
Бу маълумотлар тўлиқ  бўлмай, 800 минг, 1,5 миллион, 1 млн. 946 минг, 2 млн.дан ортиқ каби рақамлар ҳам манбаларда қайд қилинади.
Рус муҳожирларининг даврий  матбуоти ҳисобланган «Умум иши» («Обшее дело») газетаси хориждаги руслар 1 млнга.  яқин деб ёзса, «Россия эрки» («Воля России») эса 1 миллион 875 минг киши атрофида деб хабар беради. Бу масалага тадқиқотчи М.Ю. Мухачев якун ясаб ХХаср 20-йиллари бошида хорижда 2 миллионга яқин рус муҳожирлари яшаганлиги тўғрисидаги хулосага келади.
Рус муҳожирлигининг марказларидан бири Германия давлати бўлган, АҚШдаги «Қизил яримой жамияти» ҳисоб-китобича, 1920 йилда Германиядаги рус муҳожирларининг сони 560 минг  киши эди. 1921 йил 450 минг, 1922 йил 600 минг, 1923 йил 400 минг, 1924 йил 500 минг, 1925 йил 250 минг, 1928 йил 150 минг, 1934  йил 50 минг Россиянинг собиқ фуқаролари Германияда яшашган. Юқоридаги рақамлардан 1920 йилларнинг ярмига келиб «оқ муҳожирлар» Германиядан бошқа мамлакатларга кўчиш жараёнига гувоҳ бўламиз. Ўзбек ватандошларимиз «Хотиралари»да ҳам рус муҳожирлари Германияда кўпчиликни ташкил қилганлиги айтилади. Маълумки, 1922 йилда Туркистондан Германияга 70 нафардан ортиқ ўзбек ёшлари илм олиш учун юборилади. Мустамлакачилик руҳи қон-қонига синган рус муҳожирлари ватандошларимизга нисбатан паст назар билан қарашган. Муҳожир ўзбек Вали Қаюмхоннинг ёзишича, Германияга ўқиш учун келган ўзбек ёшларини улар «Бир гуруҳ ҳўкиз ва чўчқалар Туркистондан Олмонияга ўқиш учун келишди», деб ҳақоратомуз қаршилашган. Ёки Заки Валидий Тўғоннинг (1890-1970) ёзишича, Францияда муҳожирликда бўлган Мустафо Чўқай (1890-1941) турмуши оғирлиги учун рус муҳожирлари газеталарига мақола ёзиб кун кўрарди. Керенский ва Милютин кабилар уни ўз йиғилишларида иштирок этиб, оёқда туришига эътиборсиз қарашган. ХХ аср 20-йилларининг ўрталарида рус муҳожирларининг оммавий равишда Францияга кўчиб ўтиши рўй берган. 1925-1926 йилларда Франциядаги муҳожирлар сони 400минг кишидан ошган эди. «Оқ муҳожирлар»нинг сиёсий маркази Франция пойтахти Париж шаҳри бўлган. Парижда 100 минг рус, украин, белорус муҳожирлари яшаган.
1921 йилда Югославияда 30 минг, Болгарияда 35 минг, Польшада 200 минг, АҚШда 30 минг рус муҳожирлари бор эди. Юқоридаги маълумотлар шуни кўрсатадики ХХ аср 20-йилларида рус муҳожирлари яшаётган мамлакатлар асосан-Франция, Германия, Польша, Югославия, Болгария, Болтиқбўйи, Туркия, АҚШ ва Хитой мамлакатлари бўлган. Совет жамиятида ХХ аср 20-йиллари бошида даҳшатли очарчилик бўлиб, 25 млн.га яқин киши очлик гирдобида қолган. Айниқса марказий районларда миллионлаб кишилар ҳалокат ёқасига келиб қолишган. Совет ҳукумати очликнинг олдини олиш байроғи остида черковлардаги асрлар бўйи асраб келинаётган осори-атиқаларни талади, В.И.Лениннинг «қисқа муддат ичида ўнлаб йиллар мобайнида қаршилик кўрсатишни хаёлларига ҳам келтирмайдиган қилиб черковга зарба бериш» тўғрисидаги кўрсатмасидан келиб чиқиб, 1920-1922 йилларда 40 минг руҳоний, дьякон, роҳиблар отилди ва азоблаб ўлдирилди, 100 минг художўй тутқунликка маҳкум этилди. 1922 йилда рус патриархи Тихон қамоққа олинди,  32 митрополит ва архиепископ қийнаб ўлдирилди. Черковнинг 2,5 миллиард сўмлик осори-атиқалари таланди. Кўпгина диндор ва руҳонийлар бу ваҳшийликдан қочиб, хориждаги ватандошлари сафини тўлдирди. «Оқ муҳожирлар» деганда фақат рус миллати вакилларини эмас, балки украин ва беларуслар, ҳарбий ҳаракатларда иштирок қилган Кавказорти, Шимолий Кавказ миллати вакилларини ҳам ҳисобга олиш керак. Масалан, Украин миллатига мансуб муҳожирлар маркази дастлаб Польшада, Чехославакия, Германия давлатлари бўлган. Парижда (Франция) эса кейинчалик С.Петлюра бошчилигида Украин Миллий Радаси (Кенгаш) тузилган. Истамбулда (Туркия) «Шимолий Кавказни озод қилиш комитети» ташкил топади.
Хорижий мамлакатлардаги рус муҳожирлари ўзларининг ижтимоий,сиёсий,ҳарбий ташкилотларига асос солдилар. Рус ҳарбий генераллари ва вақтли ҳукуматнинг собиқ дипломатлари ташаббуси билан «Элчилар кенгаши» ташкилоти тузилди. Нью-Йоркда (АҚШ) «Рус озодлик қўмитаси» Берлинда (Германия) «Рус йиғини» кабилар фаолият кўрсатди.
Рус муҳожирларининг Россияда монархия тартибини тиклашга йўналтирилган ташкилотлари кўп сонли  эди, 1922 йилда хорижда муҳожирларнинг 85 монархиячи уюшмаси бўлиб, улар Романовлар сулоласи ҳукмронлигини қайта тиклаш мақсадида эдилар. 1923 йилда Европадаги 128 монархиячи рус уюшмаларидан 108 таси Н.Н. Романов, 20 таси эса К.В.Романов номзодини бўлажак Россия подшоси деб ҳисобларди. «Констутциячилар» ҳам иш олиб борган «Рус адвокатлар уюшмаси», «Маьмурий ва сиёсий арбоблар уюшмаси», кадетларнинг «Халқ озодлиги», эсерларнинг «Социалист-инқилобчилар», меньшевикларнинг «Социал-демократлар» каби уюшмалари ҳам бор эди. Рус муҳожирлари ўнлаб хорижий мамлакатларда ўз матбуот органларига асос солдилар. Жумладан, «Икки бошли бургут»  (1922 йил Берлин, муҳаррири Н.Е.Марков), «Инқилобий Россия» (1921 йил Ревел, 1922 йил Берлин, 1923 йил Прага, муҳаррири В. Чернов) «Россия овози»(1921 йил, Париж, муҳаррири П.Н.Милюков), «Рус иши», «Русь», «Рус фикри», «Янги замон», «Уйғониш» кабиларини санаб ўтиш мумкин. Хуллас, 1917-1920 йиллардаги хорижда мухожирларнинг 194 та рус тилида, 104 та Россия халқларининг бошқа миллий тилларидаги нашрлари бўлган. 1918-1920 йилларда муҳожирликка кетганлар сафига кейинги тарихий даврларда: 1929-1932 йиллардаги қишлоқ хўжалигини ёппасига жамоалаштиришга қарши чиққанлар, 1939-1945 йилларда иккинчи жаҳон урушида асир олинганлар келиб қўшилди. 1917-1920 йилларда муҳожирлар билан «Совет муҳожирлари» (1939-1945 йиллар) ўртасида ўзаро зиддият ва ишончсизлик  мавжуд эди. Совет ҳукумати тоталитар бошқарув тизимини ўрнатиш ва сақлаб қолиш йўлида миллионлаб инсонларни ўз ватанидан ажралишига сабабчи бўлди. Бу эса дунё муҳожирлиги тарихида энг катта ижтимоий тўлқинларни келтириб чиқарди. Натижада хорижда яшашга мажбур қилинган миллионлаб кишилар тарихий Ватанларига қайтиш орзусида армон билан ҳаётдан кўз юмдилар.


Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.

1.    Каримов И. А. «Тарихий хотирасиз  келажак йўқ». Тошкент. Ўзбекистон.1998 йил.
2.    Аҳмад Закий Валидий Тўғон, Бўлинганни        бўри ер. Тошкент. Адолат –1997 йил.
3.    Аҳмад Закий Валидий «Хотиралар» «Шарқ юлдузи», 1993 йил, 4-5, 6-7, 8-9 сонлари.
4.    Барихновский Г.Ф. Идейно-политический крах белоэмиграции и разгром внутренией контрреволюций (1921-1924) Ленинград, 1978 год. стр. 5-19
5.    Вали Қаюмхон. «Тарих тилга кирганда». «Эрк» газетаси, 1990 йил, 16, 17-18 сонлари.
6.    Вали Қаюмхон. «Қийратилган қисматлар» (Олмонияда таьлим олган туркистонликларлар тақдири) «Ўзбекистон адабиёти» ва санъати газетаси. 1922 йил 24 апрель.
7.    Мухачев Ю.В. Идейно-политическое банкротоство планов буржуазиого реставраторства в СССР, Москва. «Мисл», 1982 год
8.    Шкаренков Л.К. Агония белой эмиграци (изд. третье) Москва. «Мисл». 1987 год.
9.    «Бухоро ахбори» газетаси, 1923 йил, 14 сентябрь, 201-сон.

Ш.А.Ҳайитов-БухДУ, Жаҳон тарихи кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди.