Саналар
20.07.2017
Баннер
Нега ҳилол танланган?
PDF Босма E-mail

Савол: Ислом рамзи сифатида янги чиққан ой (ҳилол) танланганини биламиз. Нега ой танлангани ва бу нарса қачон жорий этилгани ҳақида маълумот беролмайсизларми?

Жавоб: Аллоҳ таоло ойни кечалари нур сочиб ёритиб туриши учун яратган. Аллоҳ таоло ойни яратиш билан бандаларнинг йиллар саноғини ва вақт ҳисобини хатосиз ҳисоблаб юришларини ирода этган. Бу борада Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча ҳадислар ворид бўлган. Ҳусайн ибн Ҳорисдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Макканинг амири хутба қилиб: «Расулуллоҳ бизларга ибодатларни ойни кўриб адо этишни... амр қилганлар», деди (Имом Абу Довуд ва Дора Қутний ривоятлари).
Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (ой)ни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ислом рамзи сифатида ҳилолнинг танланишига усмонийлар давридаги воқеалар сабаб бўлган. 1453 йили Султон Муҳаммад Фотиҳ Византиянинг юраги саналмиш Қустантания (ҳозирги Истанбул) шаҳрига юриш бошлади. Ислом тарихида ҳал қилувчи жангни бошлаш пайти қилиб осмонда ой кўриниши белгиланди. Сўнгра ҳилол чиқиши билан ҳужумга ўтилди ва бу муҳим шаҳар фатҳ этилди. Фотиҳлар шундан кейин ой суратларини байроқларига туширишди.
У пайтда усмонлилар халифаликни ҳали қўлга олишмаган эди. 1516 йили Султон Салим Биринчи Ислом ўлкалари устидан ҳукмронликни қўлга киритди. Байроқдаги ой сурати ҳам усмонлилар орқали бошқа мусулмон юртларга рамз ўлароқ тарқалди.
Ҳозирги пайтда жаҳондаги ўн учта мамлакат - Жазоир, Комор ороллари, Мавритания, Малайзия, Малдив, Озарбойжон, Покистон, Сингапур, Тунис, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон, Ғарбий Сахара байроқларига ой (ҳилол) тасвири туширилган. Масжидларнинг минора ва гумбазлари устига ҳам ой тасвири ўрнатиш урфга кирган.

"Динда саволим бор" китобидан

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин