Саналар
22.11.2017
Баннер
Машъум хато ёки гап канизакда эдими?
PDF Босма E-mail

XIX аср иккинчи ярмида Туронзаминнинг Россия томонидан нисбатан осонгина босиб олиниши сабаблари хусусида гап борганда, кўп ҳолларда, ўлкадаги Қўқон, Хива хонликлари Бухоро амирлиги ҳукмфармолари ўзаро аҳил бўлмагани масаласи таъкидланади. Бу фикр муайян даражада тўғри. Негаки, Россия босқинидан олдинги даврларда ҳам бу уч хонлик орасида турли низолар чиқиб, улар бир­бирларининг ерларига ҳужум қилган, аҳолини талон­торож этган. Бироқ Россия императорлари Марказий Осиёни босиб олиш фикрини қатъийлаштирганларидан кейин муттасил равишда хонликларни бир­бирига гиж­гижлаш, улар орасида ўтиб бўлмас чоҳ пайдо қилиш мақсадини амалга оширишга интилдилар. Архив материаллари ҳам буни тасдиқлайди.
Гапни олис даврлардан бошламай, XIX асрнинг биринчи ва иккинчи чорагида юз берган воқеаларга назар ташлай қолайлик. Россия ҳукмрон доиралари савдогар, сайёҳ ниқобида кетма­кет жосуслар йўллаб, хонликлардаги ҳақиқий аҳволдан пухта хабардор бўлгач, уларнинг босқинчилик режаларида алдам­қалдам “дипломатия” тобора кўпроқ ўрин эгаллай бошлайди. Жумладан, улар, бир томондан, Россияга юборилган Қўқон, Бухоро ва Хива элчиларидан ўз ёвуз мақсадларини яшириб, хонликларга яқин ҳудудларда ҳарбий истеҳкомлар қуриш, дарё портларини келажакдаги ҳужумлари учун мувофиқлаштириш каби номатлуб ишларини гўё хонликлар манфаатини кўзлаб қилинаётгандек кўрсатмоқчи бўладилар. Иккинчи томондан, Туронзаминга босқин онлари яқинлашгани сари уч хон орасидаги низони атайлаб кучайтиришга қаратилган манфур дипломатияни император ва унинг энг яқин аъёнлари иштирокида амалга оширишга эришадилар.
Бу сиёсий найранглардан бири 1842 йил баҳорида Қўқон хонлиги амир Насрулло томонидан босиб олиниб, талон­торож қилиниб, оммавий қатл ўтказилиб, бу ҳам етмагандек, бутун хонлик ҳудуди Бухоро амирлигининг таркибий қисми, дея расман эълон этилишидан кейин Россия императори Николай Биринчи томонидан амирга йўлланган мактуб эди. Икки хонлик ўртасидаги бу адолатсиз урушнинг бош сабабчиси амир Насрулло эканлигини яхши билган император амирнинг Қўқондаги ғалабасидан мамнун эканини билдирган ва унга гўё илтифот кўрсатаётгандек бундай деб ёзганди: “Қўқондаги тахт учун курашларни бартараф қилиш зарур. Шундан кейин Туркистон ва Тошкент билан Сирдарё бўйигача, Жиззахдан бошлаб Ўратепа, Хўжанд, Қўқон, Марғилон ва Кошғар чегарасигача бўлган ерлар сиз ҳазрати олийларининг қўлларида бўлиб, ҳукмронлик қилишингизни истаймиз”.
Ваҳоланки, бу мактубдан атиги уч ой чамаси аввал, 1842 йилнинг 25 февралида хонлик элчиси Муҳаммад Халил Соҳибзода орқали Муҳаммад Алихонга йўллаган мактубида айни шу Николай биринчининг ўзи: “Сизнинг қудратли Россия давлати билан мунтазам равишда дўстона алоқаларда бўлиш истагингизни билиш биз учун ғоят ёқимли бўлди. Сизнинг бу яхши ниятларингизни ўз томонимиздан камоли эҳтиром ила қабул этамиз. Ишонамизки, сизнинг ўзаро дўстона қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш ҳақидаги самимий ғамхўрлигингиз келгусида муваффақиятли натижаларга олиб келади. Сизга барча эзгуликларни тилаб қоламиз” (Ўзбекистон Марказий Давлат архиви, 715­жамғарма, 1­қайд, 4­иш, 16­саҳифа), деб ёзган эди.
Ана субутсизлигу, ана сурбетлик! Россиядек оламга танилган, қудратли давлатнинг императори уч ойгина аввал дунёнинг барча яхшиликларини тилаб қолган Қўқон хонлигига энди ҳеч бир инсоф­адолатга тўғри келмайдиган ёмонликларни раво кўриб ўтирса­я! Николай Биринчи Қўқон хонлигининг барча ҳудудлари амир Насрулло тасарруфида бўлишини айтиб, гўё унга катта илтифот кўрсатгандек таассурот қолдиради. Лекин орадан бирмунча вақт ўтиб, худди шу ҳудудлар Россия аскарларининг оёғи остида топталди: Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги императорликнинг вассалига айлантирилишидан ташқари, Қўқон хонлигининг номи жаҳон харитасидан бутунлай ўчирилди.
Амир Насрулло томонидан 1842 йили Қўқон хонлигида амалга оширилган хунрезликни мутлақо оқлаб бўлмайди. Нега? Шунинг учунки, ўша вақтдаги Қўқон ҳукмдори ўз юртининг амирлик томонидан шафқатсизларча босиб олиниши, ўзи, укаси, волидаси, хотини, фарзандлари ва бошқа яқинлари билан оломон олдида ваҳшийларча қатл этишга арзийдиган бирор иш қилмаган эди.
Ўша даврнинг ҳақгўй муаррихлари бу хусусда бизга аниқ маълумотлар қолдиришган. Улар бу мудҳиш босқинни тузатиб бўлмас хато сифатида баҳолашган. Тарихий манбалардан маълумки, амир Насрулло ўз босқинчилик юришини оқлаш учун гўё Муҳаммад Алихон отаси уйланмоқчи бўлган канизакни никоҳига олиб, шариатга хилоф иш тутди, деган даъво билан чиққан. Ўша даврнинг зукко муаррихи Исҳоқхон тўра Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида амир Насруллонинг бу ишига аслида нималар сабаб бўлгани хусусида қуйидагича ёзади: “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз рост бўлмай, бухорийлар қатлларини айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиға чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, Умархон “оламан” деган Пошшохон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамол бўлуб, муни анча сабаб қилиб келган экан... Муҳаммад Алихонни халқни кўзига осию гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзодау мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилиб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосиға етиб, Бухороға олиб кетди”.
Мирзоолим Мушрифнинг “Ансоб ус­салотин ва таворих ул­хавоқин”ида эса, амир Насрулло босқинининг бошқа бир сабабига урғу берилади: “1252 санада (милодий 1836-1837 йил) Фарғона хони Муҳаммад Алихон бирла амир Насрулло ораларида Башоғир ном қалъа таъмири хусусида мунозаат (низо) бўлди... Башоғир қалъаси мунозеъи ва ҳам бошқа сабаблар ила амир Насрулло Баҳодирхон қўшин жамлаб, Фарғона ўлкасига юруш қилиб, низомий аскарлари бирла осонлик илан Башоғирға истило қилиб, андин Ўратепа ва Ҳўжанд шаҳарлариға дохил бўлуб, андин дорулмулки Фарғона бўлуб турган Ҳўқанд устига келиб, қатл айлаб Бухорога жўнади”.
Ўша давр муаррихларининг барчаси амир Насруллонинг Қўқонга қилган бу босқини сабабини, аввало, Муҳаммад Алихон Қўқон хонлиги сарҳадлари дахлсизлиги учун амирликка чегарадош Башоғир қалъасини мустаҳкамлаганида, қолаверса, Муҳаммад Алихон никоҳига олган канизак — Пошшохоннинг ҳусн­жамоли таърифини эшитган амир унга ғойибона “ошиқ” бўлиб қолганида кўрадилар.
Амир Насруллонинг бу ваҳшийлиги ва бошқа кўпдан­кўп номатлуб ишлари борасида гап борганда, ўша давр тарихчилари халқ ундан қаттиқ норози бўлиб, амирни ўз исми билан эмас, балки “Ботир қассоб” лақаби билан атай бошлаганини қайд этади. Аксар муаррихлар фикрича, амир Насрулло аъёнлари ичида унга маслаҳат кўрсатишга, ҳақиқий аҳволни юзига айтишга журъат эта оладиган бирор киши бўлмаган. Бироқ ўша даврда яратилган айрим тарихий асарларда бошқача маълумотлар ҳам учрайди: амир Насрулло қанчалар ўжар, калтафаҳм ва жаллодтабиат бўлмасин, унинг атрофида амирни даҳшатли ишлардан қайтаришга интилган, ҳатто унинг юзига тик боқиб, бу ишлар қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айта олган жасорат эгалари ҳам бўлган. Масалан, Исҳоқхон Ибрат “Тарихи Фарғона”да, Мулла Олим Махдум “Тарихи Туркистон”да бундай улкан жасорат, инсоф ва ақл эгаларидан иккитаси хусусида алоҳида тўхталади. Уларнинг биринчиси — саркарда Абдусамад ноиб, иккинчиси эса, шоир Жунайдулло Ҳозиқдир. Амир Насрулло босқинига тоб беролмай, укаси Маҳмудхон билан бирга қочган Муҳаммад Алихонни унинг ҳузурига тутиб келтирганларида рўй берган воқеани Ибрат қуйидагича тасвирлайди: “Амир дарҳол қатлға ҳукм қилғанда ўз вазирларидан Абдусамад ноиб деган ҳушманд киши амирга “Жаноби олийларига малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам” деганда, амир “Нима сўздур?” деган экан. Айтибдурки, “Ҳоло Ҳўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскару, сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда Русияни келмаги маҳали хавфдур. Агарда хонни онти акид бериб, тавба қилдуруб, Ҳўқандға қўюб, Бухороға тобеъ қилинса, бир мулк бўлуб, бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эрди”, деганда сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзиға кафш билан урдурғон экан”.
Абдусамад ноибнинг чинакам жасорат ва тенгсиз донолик намунаси бўлган бу сўзидаги икки жиҳатга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади. Аввало, Россия Оқмасжидни босиб олишидан ўн бир йил илгари Абдусамад бу “маҳали хавф”ни яққол идрок этиб, дафъ этиш мушкул бўлган ана шу хавфдан амирни огоҳлантиришга журъат этган. Иккинчидан эса, бу гапни оддий ноиб эмас, балки ҳарбий соҳада катта мутахассис бўлган, ўзи инглизча таълим бериб, инглизча қуроллар билан таъминланган 200 чамаси аскари кучи билан хонликни енгишда алоҳида иш кўрсатган шахс айтмоқда. Аммо жоҳил ва нодон амир ўйламай­нетмай ақл­идрокда, билимдонликда, инсоф­адолатда кўпчиликка намуна бўладиган Абдусамад ноибни халойиқ олдида қаттиқ беобрў қилади ва жазолайди. Кекчи амирнинг бу жазоси ҳали хамир учидан патир эди...
Амир билан Абдусамад ноиб ўртасидаги муносабатлар ана шу жазолаш воқеасидан сўнг қандай тус олгани ва ноибнинг кейинги фожеали тақдири борасида Мулла Олим Махдум ўз китобида кенг маълумот беради:
“1250 (милодий 1834 йил) санада Эронистон тарафидин Абдусамад Табризий ном зот Бухороға келди. Ул одам доно ва фозил ва ғоятда ҳунарманд ва закий ва соҳиброй эди.
Онинг саъйи ва далолати ила Бухоро мамлакатида бўлган Эрон асирларини сотиб олиб ва бошқа важҳлар илан олиб, икки юзга яқин жамлаб, инглис тартибида низомлик аскар тартиб қилиб ва бошқа уруш асбобларини ҳозирлаб, отларға таълим бериб, адади оз бўлса ҳам, яхши мунтазам аскар аҳдос қилди... Абдусамадға ноиблик рутбаси берилиб, амир Насрулло наздида мақбул, ғоятда эътиборлик бўлди. Бир неча замонлардан кейин ҳассод ва душманлари кўпайиб, ҳар хил макруҳ тадбирлик сўзлар илан амир Насруллони онинг хусусидаги ихлос ва муҳаббатини қайтариб (ноибнинг асосий айби Қўқонда амирга маслаҳат кўрсатишга журъат этгани эканлигидан муаллифнинг хабари йўқ чамаси — Ш.Ю.), охир тўпхона раёсатини бир нодон, жоҳил саркардаға топшуруб, Абдусамадни онинг фармониға қўйди. Абдусамад бу ишдин ғоятда ору номус қилиб, ниҳоятда кўнгли ранжиб, ораларида кудурат пайдо бўлуб, амирнинг ямон ниятидин хавфу талошға тушуб, Бухородан қочмоқ фикри илан Шаҳрисабз ҳокими илан аҳду паймон қилиб, амир Насруллонинг Шаҳрисабз урушида Абдусамад ўз табааси ва тўплари ила амирдин кўб илгари кетганликдин амир ваҳима қилиб, тўхтамоққа амр бериб, киши юборса ҳам қулоқ солмай кетиб турғонда, амир кетидин аскар юборуб, Шаҳрисабзға яқин келганда муҳораба қилиб, олиб қайтиб, они зиндонға солиб, охири муни ҳам қатл қилди”.
Амирга бир мартагина тўғри маслаҳат беришга журъат этган, амирлик учун сув ва ҳаводек зарур бўлган доно ва зукко саркардани қатл этиш билан амир Насрулло асло кечирилмас гуноҳ қилгани, унинг бу азим гуноҳи амирликка қанчалар қимматга тушгани ҳақида кейинроқ фикр юритамиз.
Бўлар­бўлмасга ҳадиксирайверадиган, нодон, жоҳил, кекчи амирнинг Қўқон юришидаги қилмишлари тарих олдида унинг юзини қаро қилажагини башорат қилган ва бу ҳақдаги фикрини амир юзига қақшатғич бир байт билан айтган мислсиз жасорат соҳиби Ҳозиқнинг ҳаёти ҳам фожиали тугамаслиги мумкин эмас эди. Бу хусусда “Ансоб ус-салотин ва таворих ул-хавоқин”да Мирзо Олим Мушриф қуйидагича маълумот беради: “(Хўқанддин) неча манзилу мароҳил тай айлаб Бухороға яқин борғанда... амир Баҳодирхон хурсандлик қилиб, Мирзо Жунайдулло Махдум Ҳозиқ мулаққабким, шайхулислом Ҳиротийнинг ўғуллари эрди, амири Бухороға кеча-кундуз ҳамнишин эрдилар, зиёда густоҳ эканлар, амир фармойиш қилдиким: “Бизни бу сафардин бозафар келганимизға бир фард байт машқ қилиб, бир нимарса айтинг”, дедилар. Дарҳол бу байтни ўқудиларким, назми Ҳозиқ:

Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат.

(Таржимаси: Ўз қаддингга ёмонликлардан шундай бир либос бичтириб кийдингки, у устингда қиёматгача қолади.)
Амирнинг жаҳли келиб, рангида қатра қон қолмади, то ўрдасиға дохил бўлғунча сўзламади. Махдум Ҳозиқ таваҳҳумға қолдилар ва ўшал кеча отланиб, Шаҳрисабзға ўтиб кеттилар... Амири Бухоро дарғазаб бўлуб, неча муддатдин бери Душабой деган бир ўғрини зиндон қилиб қўюб эрди, ани чақириб бир фармойиш қилдиким: “Сен агар Махдум Жунайдни ва эшон Шофеъни бошларини олиб келсанг, банддин озод қиламан”, деди. У ҳам қабул қилиб, Шаҳрисабзга келди...
Қазоро бир кун Душабойни бир одам касал суратида олиб келиб, “Тақсир, бунга дору беринг, касал бўлубдур”, деб. Шул кеча ётиб бошларини олиб, кечалаб амири Бухороға манзур қилди эрса, инъом-эҳсони билониҳоялар сарафроз айлади”.
Хуллас, амир Насруллони кўпдан­кўп ножўя ишларининг мудҳиш оқибатлари борасида огоҳлантиришга журъат этган сарой аъёнлари оз бўлса ҳам учрайди. Улар ўз бошларини қотил қиличи остига қўйиб бўлса-да, шундай фидойилик кўрсатганлар. Аммо жоҳил амир ўзининг машъум гуноҳлари, уларнинг фожеий оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмаган.
Юқорида биз Абдусамад ноиб амирни мудҳиш қотилликдан қайтаришга журъат этгани хусусида сўз юритган эдик. Доно ноиб ўз мулоҳазасини Россия ҳужуми хавфи муқаррар бўлиб қолгани, бу хавф ниҳоятда жиддийлиги билан изоҳлаб, уни бартараф этиш тадбирини ҳам кўрсатган эди. Бироқ амирликнинг ҳарбий куч­қудратига ҳаддан ташқари юқори баҳо берган амир, бу маслаҳатни назар­писанд қилмаганидан ташқари, ноибни ошкора жазолаб, ақли ноқислигини яна бир марта намойиш этади.
Боз устига, худди ўша кезлари император Николай Биринчи амирнинг Қўқон хонлигида қилган барча ярамас ишларини маъқуллаб, ҳатто хонлик ҳудудида амир ҳукмфармолик қилишини исташини билдириб, элчи орқали расмий мактуб йўллагани амир Насруллонинг бебошлигини янада ошириб юборган ва у эндиликда Россия босқинидан хавф­ҳаросни йиғиштириб, буткул бепарволикка, айш­ишратга берилиб кетган эди.
Россия Туронзаминни босиб олишга қатъий қарор қилганидан воқиф бўлган Англия ҳукумати ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бунга йўл қўймаслик режаларини тузган эди. Бу режага кўра, Қўқонда амир амалга оширган қонли воқеалардан илгарироқ Ўрта Осиёдаги уч хонликка ўзининг икки зобитини — полковник Стоддарт билан капитан Коноллини юборган эди. Стоддартга Бухоро амирлигида, Коноллига эса Хива хонлигида ҳамда Қўқон хонлигида юрт ҳукмдорлари билан учрашиб, уларни Россия босқинига қарши биргаликда курашишга тайёрлаш, бу ишда уларга инглиз ҳукуматининг амалий ёрдами қандай бўлишини тушунтириш вазифаси юкланган эди.
Машҳур Исмоилбек Ғаспирали “Таржумон” газетасининг 1906 йилги сонларида эълон қилинган “Тарихи жадидаи Туркистон”, Мулла Олим Махдум эса, кейинроқ, “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган “Тарихи Туркистон” асарларида бу миссиянинг бош мақсади нималардан иборат бўлгани хусусида фикр билдирадилар.
“Стоддартнинг маслаги, — деб ёзади И.Ғаспирали, — инглизлар томонидан Бухорога бирор қасд ёки зарар келтирилмаслигига жаноби амирни ишонтириб, бошқа бир давлатнинг қасд ва тажовузидан мудофаа этиш истаклари баёнидан иборат эди. Шунингдек, агар амир муносиб кўрса, Бухоро аскарини янги ва тезотар тўплар ила аслаҳалантирмоқ, аскарий муаллимлар бермоқ ва Русиянинг яширин ҳаракат ҳамда мақсадидан Бухоро ҳукуматини хабардор қилмоқ эди”.
Миссиянинг асосий мақсади борасида Мулла Олим Махдум китобида ҳам шунга ўхшаш фикрлар баён этилади.
Муаррихларнинг шоҳидлик беришларича, худди шу мақсадда Хива ҳамда Қўқонга борган капитан Конолли юрт ҳукмдорлари Оллоқулихон ва Муҳаммад Алихон билан музокаралар ўтказиб, Англия қироллик ҳукумати таклифларига уларни кўндиради. Аммо Бухорога навбат келганда, амирнинг тадбирсизлиги ва жоҳиллиги туфайли Россия босқинидан омон қолишнинг тарих берган бирдан­бир имконияти бутунлай барбод этилади, ҳар икки элчи инсоф ва адолатга зид равишда қатл этилади.
Воқеа бундай бўлган эди:
Россиянинг Туронзаминни босиб олиш режасини амалга ошириш муддати тобора яқинлашиб келаётганидан разведка маълумотлари орқали хабардор бўлган Англия ҳукумати ўз манфаатларига зид келадиган бу босқиннинг олдини олиш пайига тушади. Бу ниятини амалга ошириш учун 1838 йили дастлаб Бухорога полковник Миралай Стоддарт деган кишини махсус топшириқ билан юборади. Стоддартни икки марта қабул қилиб, у орқали инглиз ҳукумати ниятидан воқиф бўлган амир элчи таклифига ҳеч қандай жавоб бермайди. Орадан бир оз вақт ўтгач, элчи от устида Регистондан ўтганини эшитган ҳаддидан ошган амир Насрулло ўйламай­нетмай Стоддартни зиндонга ташлатади. Элчидан дом­дарак йўқлигидан ташвишга тушган инглиз ҳукумати турли каналлар орқали Стоддартнинг аҳволидан хабар топиб, Россия ҳукуматидан воситачилик кўрсатишини, элчини Бухородан чиқариб, ўша вақтларда Англия ҳукмронлик қилаётган Афғонистон ҳудудига ўтказиб юборилишига эришишни сўрайди. Россия ҳукумати эса, худди ўша даврда бошқа бир юмуш билан Бухорога юборилган ўз элчиси Бутаковга икки йил чамаси зиндонда азоб берилиб, сўнг бўшатилган, аммо Бухородан кетишига йўл бермай ушлаб турилган Стоддарт хусусида амир билан сўзлашиб, Англия ҳукумати илтимосини адо этишга кўмаклашиш хусусида кўрсатма беради. Бироқ кибру ҳавоси оламга сиғмаган амир бу вақтда Қўқон хонлигини босиб олиш учун жўнаётган бўлиб, Россия элчиси Бутаковни ҳам Регистонда от устида кеккайиб ўтирган ҳолида “қабул” қилади. Шундай бир вазиятда Бутаковнинг Стоддарт борасидаги илтимоси амалга ошмагани ўз­ўзидан маълум.
Хуллас, Стоддарт масаласини ҳал этишни хоҳламаган амир Қўқон юришига отланади. Амир Насрулло Қўқонда, тўғрироғи, Маҳрамдаги ўз қароргоҳида турган чоғида унинг ҳузурига Англия томонидан Хива ҳамда Қўқон хонликларига худди Стоддартники сингари миссия билан юборилган капитан Конолли илгарироқ Хивага бориб, Оллоқулихонни инглиз ҳукумати таклифларига кўндирган, кейин айланма йўллар билан Қўқонга келиб, Қўқон хони Муҳаммад Алихонни бу таклифларга асосан унатган эди. Бироқ Конолли ҳали Қўқондаги ишларини саранжомлаб улгурмай, амир Насрулло мўри малахдай қўшини билан хонлик ҳудудларини эгаллаб олган ва ўзи Маҳрамда қарор топиб, Коноллини ҳузурига чақиртирган эди. Энди Конолли олдида икки йўл турар, биринчи йўл — Қўқондан яширинча қочиб кетиш, иккинчиси эса, ўлим хавфидан қўрқмай, амир Насрулло қароргоҳига бориб, унга ўз мақсадини тушунтиришдан иборат эди. Коноллига хайрихоҳ бўлган Қўқон аъёнлари унга хонлик ҳудудидан хуфия равишда жўнаб кетишни маслаҳат берадилар. Бироқ Конолли нима бўлса ҳам, амир Насрулло ҳузурига бориб, у билан гаплашишга қарор қилади. Амир билан биринчи учрашувдаёқ унинг иши чаппасидан кетади. Элчининг ниятидан воқиф бўлган амир Насрулло дарҳол уни сарбозлар қўриқчилигида Бухорога, ҳамюрти ва ҳамкасби Стоддарт ташланган зиндонга жўнатади.
Қўқонда ўн кунча туриб шаҳарни қонга ботирган, юзлаб бегуноҳ эркагу аёлни, ёшу қарини қатл этган, хазинани ҳам, хусусий кишилар бойликларини ҳам эгаллаб олган, уч юзга яқин гўзал аёлни чўри сифатида ўз юртига жўнатган амир Насруллога худди ўша кунлари Россия элчиси император Николай Биринчининг махсус табрик хатини олиб келиб топширган эди. Россия императори томонидан шиширилган, аслида эса лақиллатилган амир Насрулло Қўқон хонлигини Шералихон эгаллаб олгунча ўтган икки ярим ой чамаси вақт ичида яна ҳам пишқириб, босар­тусарини билмай қолади, зулм­истибдоди ҳар қачонгидан ошиб кетади. Худди шундай бир шароитда ҳақ­ноҳақни, яхши­ёмонни, гуноҳ­савобни ажратишга сира ҳам қодир бўлмай қолган амир Насрулло Англиядек буюк давлат томонидан амирликка ҳаёт­мамот масаласида кўмак бериш таклифи билан келган икки элчи­зобитни ўз ҳузурига чақиртиради.
Бу чақиртириш воқеаси қандай фожиа билан тугагани хусусида Мулла Олим Махдум бундай хабар беради: “Насруллохон Ҳўқандни тор­мор қилиб, эзиб, Бухорога қайтганда инглис элчиларига дини исломни қабул қилмоққа таклиф қилди. Инглислар жавобида: “Ҳукуматимиз тарафидан Мовароуннаҳрга маъмурият ила келдук, дин тарк қилмоқға ёки динни қабул қилмоқға келмадук, умид қиламиз, шунга қараб муомала қилинсун”, дебдурлар. Бу ражолариға қарши жаллодға буюруб, элчиларни бошин кесмоқ ила муомала қилинди. Инглиснинг хайрихоҳона муомаласиға бу тариқа жавоб берилди”.
Исмоилбек Ғаспирали ҳам бу хусусда алоҳида изтироб билан ёзади: “Хива, Бухоро ва Хўқанд хонларини иттифоқ этдириб, замонавий аскар ва қурол тайёрлатиб Русия тажовузига бас келадиган ҳолни келтиришни истаган Англия ҳукуматининг элчиларига шу тариқа муомала қилинди”.
Чиндан ҳам, уч хонликни Россия босқинига муносиб зарба бера оладиган даражага кўтаришнинг, юрт мустақиллигини сақлаб қолишнинг тарих берган бир имконияти нодон ҳукмдорнинг жоҳиллиги ва аҳмоқона сиёсати туфайли барбод этилган эди.
Амир Насрулло шахси масаласида кишини ўйлантирадиган яна бир жиҳат бор. Бу ўринда гап Россиянинг ўша даврдаги энг йирик амалдорлари амирнинг такаббурона ва нодонларча сиёсатидан мамнун бўлганликлари, унинг шахсига ўта баланд баҳо берганликлари ҳақида бормоқда. Оренбург корпуси қўмондони генерал­адъютант Безак 1861 йил 10 январда Россия ҳарбий вазири Чернишевга йўллаган маълумотномасида амир Насрулло ҳақида қуйидаги сўзларни ёзади:
“Ажойиб ақл эгаси, энг уддабурон ва моҳир сиёсатчилардан бўлмиш Насрулло Бухорода ҳукмронлик қилган 34 йил давомида Туркистондаги барча халқлар устидан алоҳида бир жозибали қудратга эга бўлди” (РМД архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 23-иш, 175-саҳифа).
Чор амалдорлари амир Насруллога бундай баҳо бериши оқни қорадан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажрата олмаган бу нодон ҳукмдор юргизган сиёсат Россия ҳукуматининг мустамлакачилик мақсадларига мувофиқ келганлигидан эди, деб ҳисоблаш мумкин. Амирнинг бу сиёсати қандай даҳшатларга олиб келиши муқаррарлигини тез орада юз берган воқеалар яққол кўрсатди.
1842 йил баҳорида Қўқон хонлигини қонга ботириб, унинг барча ҳудудларини Бухоро амирлиги мулки дея эълон қилиб, ўша давр муаррихлари таъбирича, “Иброҳим хаёл деган тарёкий”ни хонликка ноиб сифатида қолдирган амир Насрулло тез орада қаттиқ зарбага учрайди, Қўқонда тахтни Қўқон хонлари авлодидан бўлган Шералихон эгаллаб олади. Бундан дарғазаб бўлган амир Насрулло ўзининг катта қўшини билан яна Қўқон сари йўл олади. Лекин бу сафар хонликни қайта бўйсундиришнинг иложи бўлмайди. Амир Қўқон қалъаси деворлари ёнида икки ой чамаси шаҳарни қамал қилса ҳам ўз мақсадига эриша олмай турган бир вазиятда Оллоқулихоннинг ўғли Раҳимқулихон бошчилигидаги қўшинлар Бухоро амирлиги ҳудудларига бостириб кириб, қалъа ва истеҳкомларни бирин­кетин эгаллаб олаётганлари ҳақида хабар келади. Амир Насрулло ўз қўшинлари билан орқага қайтиб, хиваликларга қарши урушишга мажбур бўлади. Шу муносабат билан муаррих Поён Равшанов бундай ёзади: “Амир хиваликларга қарши тирик жоннинг ҳаммасини, қарийб юз минг қора черикни жамъ қилган бўлса­да, мағлубият, минглаб одамларнинг асир қилиб олиб кетилиши уни ақлан мажруҳ этиб қўяди. Бухоро қора черигининг Хивага қарши жавоб юриши қилиб, Ҳазорасп ёнида буткул тор­мор қилиниши, амирнинг ўзи қочиб зўрға жон сақлаши унинг кейинги ҳаётида машъум асоратлар қолдирди... Амирнинг муттасил қаҳру ғазабда бўлиши, айтадиларки, Хива хони талонидан сўнг қарийб тўрт йил давом этади. Шу йиллар ичида амир Насруллонинг бирор марта кулганини, аъёнлари билан очилишиб гаплашганини ҳеч ким кўрмаган ва билмаган” (“Малика Кенагас ойим ёхуд амир Насруллонинг ўлими қиссаси”).
Золимлиги, ақли ноқислиги ва бемаъни кибру ҳавоси учун амир Насруллонинг бошига тушган бало­офатлар бугина эмас. Ҳатто унинг ўлимига ҳам ана шу ярамас феъл­атвори ва қилмишлари сабаб бўлади. Амирнинг чексиз зулмларидан тўйиб кетган хотини Кенагасбегим халқ қасоси амалга ошувига эришади. “Насрулло Баҳодирхон 5 октабр (1860)да Самарқанддан қайтиши биланоқ вафот этди, — деб ёзади Оренбург корпуси қўмондони генерал Безак 1861 йилнинг 10 январида Россия ҳарбий вазирига йўллаган маълумотномасида. —Унинг хотини, ўз акаси маслаҳатига кўра, Насруллонинг дорисига заҳар аралаштирганини чиндан ҳам бўйнига олган. Бунинг учун амир ўша заҳоти ҳар икки жиноятчини ҳамда ўз табибини ўлимга ҳукм этган”.
Маҳаллий муаррихлар асарларида эса амир Насрулло маст ҳолда ухлаб ётган чоғида Кенагасбегим исмли хотини қулоғига симоб қуйиб ўлдиргани айтилади. П.Равшанов амир қулоғига симоб қуйилганидан кейинги воқеаларни ўз китобида қуйидагича баён этади: “Чалажон Кенагас ойимни икки боласи жасади билан қўшиб, Арк елкасидаги қадимий Чилдухтарон гўрқудуғига ташлаб юбордилар. Айтадиларки, бу қудуқ ичи пишиқ ғиштдан ишлаб чиқилган бўлиб, борҳо­борига тиғ қадаб чиқилган экан. Чуқурлиги йигирма қулоч бўлган қудуққа ташланган инсон танаси то пастга етгунча нимта­нимта бўлиб кесилиб тушаркан”.
Дунёга фақат ёмонлик учун келган амир генерал Безак маълумотномасида битилганидек, ўзи ўлим талвасасида ётгани ҳолда ҳам тавба­тазарруъ ўрнига хотини, қайноғаси ва шахсий табибини ўлдиртириб, сўнгра жон бериши ёки П.Равшанов китобида ёзилганидек, Кенагасбегимни икки гўдак фарзанди билан ажал қудуғига ташлатиши ҳар қандай кишини ёқа ушлатмай қўймайди. Катта ёшли мухолифлари чеккан азоб­уқубатлари учун амирдан ўч олишгани балки тўғридир. Лекин амир Насруллонинг ўз пушти камаридан бўлган икки бегуноҳ гўдак унинг фармонига кўра ўлим қудуғига ташланишига қандай тоқат қилиш мумкин.
Амир Насруллонинг барча қилмишлари унинг ўзи билан қаро ерга кўмилиб кетса кошки эди. Лекин ундай бўлмади. Бухоро хонлигини Россия асоратидан сақлаб қолиш мақсадида полковник Стоддарт ва капитан Коноллини бу ўлкага йўллаган, лекин ўз элчилари амир томонидан ҳеч бир асоссиз қатл этилганидан ғазабга келган Англия ҳукумати тез орада Бухоро хонлигига муносабатини кескин ўзгартиради. Бу ҳақда илгарироқ номи айтилган Безакнинг 1861 йил 29 ноябрдаги қайдларида қуйидагича ёзилган: “Англия ҳукумати Бухоро хонлигини бутунлай кучсизлантиришни мўлжалламоқда. Англия Афғонистонни Ўрта Осиёнинг қудратли давлатига айлантиришни кўзда тутиб, унга Бухоро, Хива ҳамда Қўқондан баъзи вилоятларни қўшиб олмоқчи.
Агар биз Тошкентда қарор топиб, Қўқон орқали Хитой Туркистони билан алоқани таъминлагунимизгача инглизлар бунга улгуришса, улар Ўрта Осиёда тўла ҳукмрон бўлиб оладилар, Ўрта Осиёнинг савдоси ҳам Хитой Туркистони савдоси билан қайтмайдиган бўлиб улар қўлига ўтади”.
Амир Насруллонинг қилмишлари, касофати шулар билангина тугамади. Амир вафотидан олти ойча кейиноқ ўша Безак Россия ҳарбий вазирига бундай деб ёзади:
“Музаффар баҳорда яна Қўқонга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлашга тайёрланмоқдаки, шундай қилса биз учун ғоят фойдали бўларди, албатта“. Бу маълумотнома чор мустамлакачиларининг Ўрта Осиёдаги хонликлар орасига низо солишдан иборат ёвуз мақсадини яна бир бора кўрсатади. Амир Насрулло сиёсати эса, душманларга қўл келган эди. Бу сиёсат йиллар давомида унинг авлодларига ҳам, бутун Бухоро амирлигига ҳам катта фалокатлар келтиришда давом этди.
“Амир Насруллонинг бу хато сиёсатининг натижаси йигирма беш йилдан кейин ўғли амир Музаффархоннинг асрида ҳам давом этиб, Тошканд ва Самарқанд Русия тарафига ўтгандан кейин жадал тамом бўлди”, деб ёзади Мулло Олим Махдум “Тарихи Туркистон”да.
Самарқанд ва Тошкентдан ташқари, Хўжанд, Ўратепа, Жиззах каби йирик вилоятлар Россия томонидан босиб олинганидан чексиз хавотирга тушган амир Музаффар бу кучли душманга қарши курашишда ўз қўшнилари — Қўқон ва Хива хонларидан мадад сўрашга мажбур бўлади. Бироқ амир Насруллонинг замон­замонларга етгулик ёвузликларини унута олмаган хонлар бу илтимосни рад этадилар.
Энди Музаффархоннинг бир вақтлар ёрдам беришни астойдил истаган, лекин элчилари амир Насрулло томонидан хиёнаткорона қатл этилган Англия ҳукуматидан ёрдам сўрашдан бўлак чораси қолмаган эди. Ниҳоят, амир Музаффар Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги олий комиссари лорд Лоуренс ҳузурига ўзининг Аббосхожа исмли элчисини махсус мактуб билан жўнатади.
Амир томонидан йўлланган форс тилидаги бу илтижо­мактубда, жумладан, қуйидаги сўзлар битилган эди: “...Бир гуруҳ одамлар бу ерни (Бухоро амирлиги ҳудудларини демоқчи — Ш.Ю.) ўз тасарруфига олишга киришди ва икки томон ўртасида жанг бошланди. Ислом аҳли уруш маҳоратининг етишмаслиги туфайли босқинчиларга қарши чиқа олмади ва натижада айрим ерларни руслар босиб олди. Тақдир тақозоси билан у ерлар руслар қўли остига ўтиб қолди... Ҳозирги вақтда ислом аҳли руслардан қутула олади ва халқ манфаати йўлида ёрдам сўраб Сизга мурожаат этади. Ҳозирда ҳар бир ҳаракат қулай вазиятга боғлиқ. Сиз бизнинг истакларимизни қабул этиш билан халқимизнинг манфаатларини инобатга олган бўласиз”.
Аммо лорд Лоуренс томонидан Англия ҳукуматига етказилган бу мактубга Лондондан бирор жавоб ҳам, икки мамлакат муносабатларида бирор ижобий ўзгариш ҳам бўлмайди. Оқибатда, вазият тобора кескинлашиб, орадан уч йил чамаси вақт ўтгач, Россия Бухоро амирлиги ҳудудини бутунлай босиб олиб, уни ўз вассалига айлантиради.
Амир Насрулло ўз ҳукмронлигининг атиги бир йилида — 1842 йили йўл қўйган икки мудҳиш хато — аввало, Қўқон хонлигини босиб олиб, қатлиом ўтказиши; ниҳоят, Англия ҳукумати томонидан олижаноб таклиф билан юборилган элчилар Стоддарт ва Коноллини қатл эттиришининг касофати Бухоро хонлигигагина эмас, балки Қўқон ҳамда Хива хонликларига ҳам уриб, бутун Туронзамин Россия томонидан осонгина босиб олинишига йўл очиб берди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 24-сонидан олинди

 

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин