Имом Ҳусайннинг ўлдирилиши
Босма
ИМОМ ҲУСАЙН

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу акаларининг вафотларидан кейин Мадинада истиқомат қилишни давом этдирдилар. У кишининг обрўлари катта эди. Ҳамма ҳурматларини қилар эди. Ҳатто баъзи оталарига қарши ишларда қатнашган кишилар узр ҳам айтар эди.
Имом Тобароний Ражо ибн Робийъадан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эдим. Бирдан Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу ўтиб қолди ва салом берди. Қавм у кишига алик олди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу сукут сақлади. Ибн Амр қавм жим бўлганидан кейин овозини кўтариб:
«Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» деди-да, олдидагиларга қараб:
«Сизларга ер аҳли ичидан осмон аҳли учун энг маҳбуб зот ҳақида хабар берайми? У манави ўтиб кетган. Аллоҳга қасамки, Сиффийн кечаларидан бери мен унга бир оғиз сўзлаганим йўқ, у менга бир оғиз сўзлагани йўқ. Аллоҳга қасамки, унинг мендан рози бўлмоғи, мен учун Уҳуд тоғи(ча тиллом бўлгани)дан афзал», деди.
Шунда Абу Саъид розияллоҳу анҳу унга:
«Ундоқ бўлса, унинг олдига бормайсанми?!» деди.
«Тўғри айтасан», деди у.
Икковлари боришга аҳдлашишди. Мен ҳам улар билан бирга бордим. Абу Саъид изн сўради. Бас, унга изн берди. Биз ичкарига кирдик. У Ибн Амрга ҳам изн сўради. Изн бермаганига қўймади. Охири Ҳусайн унга ҳам изн берди. У ҳам кирди. Унинг кирганини кўрганда ўтирган ҳолида Ҳусайннинг ёнидан жой бўшатди. Ҳусайн унинг ёнига сурилиб олди. Ибн Амр ўтирмай тик тураверди. Бу ҳолни кўргандан кейин Абу Саъ¬иднинг ёнини бўшатиб унга жой очди. У икковларининг орасига ўтирди. Кейин Абу Саъид бўлиб ўтган гапни айтди. Шунда у:
«Шундоқми, эй Ибн Амр? Менинг ер аҳли ичида осмон аҳли учун энг маҳбуб эканимни биласанми?» деди.
«Шундоқ! Каъбанинг Роббисига қасамки! Албатта, сен ер аҳли ичида осмон аҳли учун энг маҳбуб зотсан!» деди у.
«Сиффийн куни менга ва отамга қарши қитол қилишга сени нима мажбур қилди?! Аллоҳга қасамки, отам мендан яхши эди!» деди.
«Тўғри! Лекин Амр менинг устимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб, Абдуллоҳ кундузи рўза тутиб, кечасини бедор ўтказади, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, намоз ҳам ўқи, ухлагин ҳам, оғзинг очиқ ҳам юр ва Амрга итоат қил!» дедилар. Сиффийн куни бўлганда у менга қасам ичиб туриб олди. Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қорасини кўпайтирмадим, улар учун қилич чопмадим, найза ҳам санчмадим ва ўқ ҳам отмадим», деди.
Шунда Ҳусайн:
«Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилиш йўқлигини билмасмидинг?» деди.
«Билардим», деди у.
Кейин у узрни қабул қилгандек бўлди».
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу дуоси мақбул зотлардан эдилар. У кишининг дуолари тўсиқсиз қабул бўлганини кўрган зотлар бир қанча ривоятлар қилганлар.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Абу Авндан ривоят қиладилар:
«Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу Мадинадан Макка сафарига чиққанида Абу Мутийънинг олдидан ўтди. У қудуғини қазитган эди. Ибн Мутийъ унга:
«Ушбу қудуғимни тозаладим. Бугун вақти бўлди, аммо челакка сувдан бирор нарса чиқмаяпти. Аллоҳга биз учун унда барака бўлишини сўраб, бир дуо қилсанг», деди.
«Унинг сувидан олиб кел», деди.
У бир оз сув келтирди. У ундан ичди-да, оғзини чайиб туриб, қудуққа пуфлади. Қудуқдан кўпгина чучук сув чиқа бошлади».
Олтимишинчи ҳижрий санада халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу вафот этиб ўрнига ўғли Язидни халифа қилиб қолдирди.
Шом аҳли унга байъат қилдилар. Сўнгра Язид Мадинага ўзига байъат олиш учун одам юборди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишдан бош тортдилар ва ўша кечаси Мадинаи Мунавварадан чиқиб Маккаи Мукаррама томон йўл олдилар.
Муовия розияллоҳу анҳунинг замонидаёқ Ироқ аҳли Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзлари томон чорлашар ва халифаликни талаб қилишга ундашар эдилар. Язидга байъат қилинганидан кейин Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фикрлари бир ерда тўхтамай узоқ ўйладилар, бир жойларида турмоқчи бўлдилар, бир Ироқ аҳли томон юрмоқчи бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у кишини Ироққа боришлари тарафдори бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларни рад қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Сен чиқ¬ма, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини қўйганда охиратни ихтиёр қилганлар. Сен у зотнинг бир бўлагисан. Сен дунёга ноил бўлмайсан», дедилар. У кишини қучоқлаб, йиғлаб хайрлашдилар. Кейинчалик ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳу, Ҳусайн бизга ғолиб чиққан эди, деб юрар эдилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Маккада эканликларини билиб Макка аҳли ҳам, умрачилар ҳам у зотнинг зиёратига келар эдилар. Табиийки, бўлаётган ишлардан гап-сўз ҳам бўлар эди. Баъзилар у кишини Язидга қарши чиқишга ҳам ундар эдилар. Ироқдаги шийъалар бошлиқлари Сулаймон ибн Сорд ал-Хузоъийникида тўпланишиб, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, у кишига байъат қилишга ваъда беришдилар. Улар юз эллик саҳифача мактуб ёздилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларнинг мактубини олгач, қуйидаги мактубни ёздилар:
«Аммо баъду; Сизлар қасд қилган нарсани фаҳм¬ладим. Мен сизларга ўз иним, амакиваччам ва аҳли байтим ичида ишончли одамим бўлмиш Муслим ибн Ақийлни юбордим. Мен унга сизнинг ишингиз, фикрингиз ва ҳолингиз ҳақида менга мактуб ёзишини амр қилдим. Агар сизнинг кўпчилигингизнинг, ақллиларингизнинг фикри менга юборган элчиларингиз келтирган нарсага жамланган бўлса, иншааллоҳ тезда олдингизга бораман. Умрим ила қасамки, имом фақатгина Китобга амал қилувчи, адолат ила турувчи, ҳақ динни диёнат тутувчи, холос. Вассалом».
Сўнгра Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Муслим ибн Ақийлни чақириб, Куфа томон юбордилар. Ўша пайтда Куфанинг амири Нуъмон ибн Башир Ансорий эди. Шийъалари унинг олдига келиб ўз гапларини гапира бошладилар. Бундан хабардор бўлганидан кейин Нуъмон минбарга чиқиб хутба қилди:
«Аммо баъду; Фитнага ва тафриқага шошилманглар. Чунки бу икки нарса одамларнинг ҳалок бўлишига, қонларнинг тўкилишига ва молларнинг таланишига сабаб бўлади», деди.
Нуъмон ибн Башир ҳалим, обид ва тинчликни яхши кўрадиган одам эди. У яна қуйидагиларни айтди:
«Мен фақат ўзимга қарши уруш қилганлар билан уруш қиламан, холос. Мен сизнинг уйқудагингизни уйғотмайман, сизларга тегажоқлик қилмайман, гумон ва туҳмат билан олмайман. Аммо ваъдангизда турмасангиз, байъатингизни бузсангиз ва имомингизга хилоф қилсангиз, Аллоҳга қасамки, агар сиздан менга бирорта ёрдам берувчи бўлмаса ҳам, ўзим ҳаммангизни чопаман. Сизларнинг ичингизда ҳақни билувчилар ботилга юрувчилардан кўп бўлса керак деган, умиддаман», деди.
Шунда Бани Умайянинг тарафдори бўлган бир одам ўрнидан туриб:
«Сен айтган нарса билан иш битмайди. Бу заифҳолнинг гапи!» деди.
«Аллоҳнинг тоатида заифҳол бўлганим мен учун Аллоҳнинг маъсиятида азиз бўлганимдан кўра яхшироқ», деди.
Ҳалиги одам Язидга хат ёзиб, Муслим ибн Ақийлни келгани, одамлар унга байъат қилганини билдирди. Ва «Агар Куфа сеники бўлишини истасанг, унга бир кучли кишини юбор. У сенинг амрингни ўтказсин ва душманларингга қарши сен қилган ишни қилсин. Нуъмон заиф ёки ўзини заифликка соладиган одам», деб ёзди.
Язид Нуъмонни бўшатиб, ўрнига Басра амири Убайдуллоҳ ибн Зиёдни юборди. Уни икки вилоятга волий қилди ва Муслим ибн Ақийлни тутиб ўлдиришни ёки сургун қилишни буюрди.
Ибн Зиёд Куфага келиб, одамларга қуйидаги хутбани қилди:
«Аммо баъду; Албатта, мўминларнинг амири мени сизнинг шаҳрингизга, чегарангизга ва ўлжангизга волий қилди. У киши мени мазлумингизга инсоф қилишга, маҳрумингизга ато беришга, қулоқ осиб итоат қиладиганингизга яхшилик қилишга, ишончсиз ва осий бўлганларингизга шиддатли бўлишга амр қилди. Мен сиз ҳақингизда у кишининг амрига итоат қиламан, аҳдини жорий қиламан. Мен сизнинг яхшингизга отадек бўламан. Мен сизнинг итоаткорингизга туғишган акадек бўламан. Ким амримни тарк қилса ва аҳдимга хилоф қилса, қиличим ва қамчим ўшанинг бошида ўйнайди. Ҳар бир одам ўзини билсин», деди.
Сўнгра у бошлиқларни ва одамларни қаттиқ тутди. Уларга: «Менга ғариблар ҳақида, ичингиздаги мўминларнинг амирига қаршилар, хаворижлар ва хилофу тафриқани истайдиган шубҳачилар ҳақида ёзиб беринглар. Ким ёзиб берса, жавобгарликдан холий бўлади. Ким ёзиб бермаса, ўз қарамоғидагиларни ўзи тийиб олсин. Улардан бирор киши бизга хилоф қилмасин, бирортаси қарши чиқмасин. Ким буни қилмаса, бизнинг зиммамизда эмас, унинг қони ва моли ҳалол. Қайси бошлиқнинг одамлари ичида мўминларнинг амирига қарши одам бўла туриб бизга билдирмаса, ўз ҳовлисининг дарвозасига осилади, унинг минтақаси атодан маҳрум бўлади», деди.
Муслим ибн Ақийл Ибн Зиёднинг бу гапларини эшитди ва Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийнинг ҳимоясини сўради. У уни ўз ҳимоясига олди. Ши¬йъалар унинг олдига бориб турдилар.
Ибн Зиёдга бунинг хабари етганда Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийни чақириб:
«Эй Ҳонеъ, ҳовлингда мўминларнинг амирига қарши нима ишлар бўлаётир?! Муслимни олиб келиб ҳовлингга киритибсан. Унга силоҳ ва сипоҳ жамлаб берибсан. Булар махфий қолади деб ўйлабсан?!» деди.
Ҳонеъ инкор қила олмади. Ибн Зиёд ундан Муслимни топширишни талаб қилди. У ор-номусдан қўрқиб, бош тортди. Ибн Зиёд уни калтаклатиб, қамаб қўйди.
Бу хабар Муслим ибн Ақийлга етиб борганда ўзлари келишиб олган шиор «Ё Мансур!»ни айтиб нидо қилди. Унга ўн саккиз минг киши байъ¬ат қилган бўлиб, улардан тўрт минги ҳовли атрофида турган эдилар. Нидодан кейин кўп одам тўпланди. Муслим уларни курашга тайёрлади ва қаср томон юриш бошлади. Улар келиб, қасрни ўраб олдилар. Масжид, бозор ва атроф одамларга тўлиб кетди.
Ибн Зиёд билан ўттизта миршаб, йигирмата қўриқчи, аҳли байти ва хизматчилари бор эди, холос. Одамларнинг обрўлилари унинг олдига кела бошладилар. У Касир ибн Шиҳоб ал-Ҳорисийни чақириб ўзига итоат қиладиганларни тўплаб, Муслимнинг одамларини қўрқитиб, ундан айнитишни топширди. Сўнгра у Муҳаммад ибн Ашъасга ўз қабиладошларини олиб чиқиб, омонлик байроғи тикиб, ким ўшани остига келса, омон қолишини билдирди. Бошқа ашрофларга ҳам худди шундоқ қилишни амр қилди. Ибн Зиёд баъзи ашрофларни ўзи билан бирга туришларини талаб қилди. Шундоқ қилиб, одамларни ташвиқот қилиш бошланди.
Бу тадбирлардан кейин одамлар аста-секин тар¬қала бошладилар. Муслим ибн Ақийл билан масжид ичида ўттиз киши қолди, холос. Сўнгра у беркиниб олди. Ибн Зиёд унинг беркинган жо¬йини аниқлаб, Муҳаммад ибн Ашъасга уни тутиб келишни буюрди. У амрни бажарди. Йўлда келаётиб Муслим Муҳаммад ибн Ашъасга:
«Менга омонлик беришдан ожизлигингни билиб турибман. Ҳусайнга одам юбориб, менинг ҳолимдан хабар беришга, унинг аҳли байти ила қайтаришга, Куфа аҳлининг гапларига учмасликка, улар отасига хиёнат қилган одамлар эканини айтишга имконинг борми?» деди.
Муҳаммад ибн Ашъас унинг айтганларини қилди.
Муслим келтирилганида, Ибн Зиёд уни қатл қилди. Кейин Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийни ҳам қатл қилди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томон юрмоқчи бўлиб турганларида ҳузурларига Амр ибн Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишом келиб:
«Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Мени сенинг амирлари, омиллари ва байти моллари бор юртга боришинг хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Мен сенга ёрдамни ваъда қилганлар, сенга қарши қитол қилиб қолишларидан қўрқаман», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб қайтардилар.
Сўнгра Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб:
«Одамларни Ироққа бормоқчи эканинг даҳшатга солмоқда, айт-чи, нима қилмоқчисан ўзи?!» деди.
«Ушбу икки кун ичида юришга азму қарор қилдим», дедилар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу.
«Ундоқ қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, сен менга айт-чи, сен амирларини ўлдириб, юртларини бошини тутиб, душманларини ҳайдаган қавмнинг олдига бормоқ¬чимисан! Мен улар сени алдашларидан, ёл¬ғончи қилишларидан, сенга хилоф қилишларидан, сени ташлаб қочишларидан, сенга қарши чиқишларидан ва ашаддий душман бўлишларидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан:
«Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига назар соламан», дедилар.
Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос яна қайтиб келиб:
«Эй амакиваччам! Шунча сабр қилай деб уринсам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу йўналишда кетаверсанг ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқмоқдаман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Ушбу юртда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, омиларини ва душманларини қувсинлар. Кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқмасанг бўлмайдиган бўлса, Яманга бор. Унда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг шийъалари бор. Ўзинг одамлардан четроқда бўласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, тарғиботчиларингни тарқатасан. Ана шунда менимча, сенга ўзинг офиятда бўлган ҳолингда сен яхши кўрган нарса келади», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у кишининг бу гапларини қабул қилмадилар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни ва кичик болаларингни олиб борма, мен сенинг ҳам Усмон қатл қилинганидек аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.
У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар. Йўлда у кишига машҳур шоир Фараздақ дуч келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:
«Одамларнинг хабари қандоқ?» дедилар.
«Одамларнинг қалблари сен билан, қиличлари Бани Умайя билан. Қазо осмондан нозил бўлур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деди Фараздақ.
Сўнгра Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан мактуб келди. Унда у киши Аллоҳ номи билан қасам ичиб, зинҳор кетмасликни сўраган эдилар. У кишининг мактуби ила Мадинанинг амири Амр ибн Саъиднинг омонлик хати ҳам бўлиб, қайтишни сўраган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу йўлларида давом этавердилар.
Йўлда у кишига Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёққа кетаётганларини билгандан сўнг:
«Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй Расулуллоҳнинг қизининг ўғли, Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Аллоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, ундоқ қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бани Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар, албатта, сени ўлдирадилар. Сендан кейин эса, ҳеч кимдан тап тортмай қўядилар. Аллоҳга қасамки, Ислом ҳурмати, Қурайш ҳурмати, араб ҳурмати бундоқ қилма! Ўзинг¬ни Бани Умайяга тутма!» деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай йўлда давом этдилар. У киши ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганларида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилингани хабари келди. Баъзи кишилари:
«Аллоҳ номи ила илтимос қиламиз, шу ердан қайт!» дедилар.
Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб:
«Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим татиган нарсани биз ҳам татиймиз!» дедилар.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу одамлари билан юриб бориб, Ботни Ақаба номли ерга тушдилар. Ўша ерда у кишига араблардан бир киши учраб:
«Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, ортингга қайт! Аллоҳга қасамки, фақатгина найзалар учига ва қиличлар тиғига қараб кетмоқдасан! Анави сени чақирганлар сени жангга керакли нарсалар билан таъминлаганларида ва ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганларида борсанг, бўлар эди. Аммо ҳозир сен васф қилган ҳолатда зинҳор бориб бўлмайди! Ортингга қайт!» деди.
У кетгандан кейин Ҳар ибн Язийд ат-Тамимий бошлиқ минг отлиқ келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларга:
«Эй одамлар, Аллоҳга ҳам, сизга ҳам узр! Мен сизлардан кўплаб мактублар олганим, элчилар кўрганим учун улар, бизнинг олдимизга кел, бизнинг имомимиз йўқ, шояд, Аллоҳ сен ила бизни ҳидоятга бошласа, деганлари учун келдим. Агар сизлар менга кўнглимни тўлдирадиган ваъда берсангиз, шаҳрингизга бораман, бўлмаса, келган еримга қайтиб кетаман», дедилар.
Улар индашмади. Бир оздан кейин ал-Ҳар:
«Бизга сенга йўлиқсак, Куфага–Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига олиб боргунимизча сизлардан ажрамаслик амр қилинган», деди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:
«Бундан кўра ўлганинг яхшимасми!» дедилар.
Сўнгра у киши ўз одамларига отланиб ортга қайтишга амр қилдилар. Ал-Ҳар уларнинг йўлини тўсди. Шунда Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:
«Онанг кўкингни кийгур, нимани истайсан!?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, сендан бошқа араб бу гапни айтганда, ким бўлишидан қатъи назар, онасини зикр қилмай қўймас эдим. Аллоҳга қасамки, сенинг онангни яхшиликдан бошқа билан зикр қила олмайман», деди ва у кишини Мадинага қайтиб кетмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб Найнавога бордилар. Ўша ерда уларга қарши Ибн Зиёд юборган аскар етиб келди. Ўша аскарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб:
«Нима учун келдинг?» деб сўради.
«Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб келишимни сўрашди. Агар мени ёқтирмасалар, қайтиб кетаман», дедилар.
Умар бу ҳақда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда, чангалимизга тушганда нажот топмоқчи, энди иложи бормикан, деган маъно бор эди. Ибн Зиёд, Ҳусайнга Язидга байъат қилишни таклиф қил. Агар қабул қилса ўйлаб кўрамиз, ундан ва одамларидан сувни тўсиб қўй, деган амрни қилди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман», дедилар. Улар: «Ибн Зиёднинг ҳукмига туш», дедилар. У киши бу гапни қабул қилишлари мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг одамлари ичидаги эркаклар саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг барча эркак яқинлари қатл қилиндилар. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу нобакорлик Карбалода бўлди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирган эди. У от устида туриб, одамларидан Хавлий деганига, унинг калласини уз, деди. Хавлий Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг каллаларни таналаридан узмоқчи бўлиб ҳаракат қилган эди, ҳолсиз бўлиб қила олмади. Синан ўзи отдан тушиб каллани танадан узди. Бу мислсиз жиноят олтмиш биринчи ҳижрий сана, жума куни бўлди. Ўша куни Ошуро кунига тўғри келган эди.
Жиноятчилар гуруҳи қолган шаҳидларнинг ҳам каллаларини таналаридан кесиб олдилар. Сўнгра каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Али ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эдилар.
Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб кўтариб боришар эди.
1. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини Хувлий ибн Язид олиб борарди.
2. Киндаликларга ўн учта бош теккан эди.
3. Ҳавозонликлар йигирмата бошни олиб боришарди.
4. Бану Тамимлар ҳам йигирмата бошга эга бўлганди.
5. Бану Асад еттита бошни олишганди.
6. Мазҳажликлар ўн битта бошни олишган эди.
Уларнинг раҳбарлари Шаммар ибн Зилжўвшан, Қайм ибн Ашъас, Амр ибн Ҳажжаж ва Урва ибн Қайс эди. Улар ана шундоқ ҳолда ўз бошлиқлари Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига кириб боришди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Зиёднинг олдида эдим. Шунда Ҳусайннинг боши келтирилди. Бас, у қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб:
«Бунга ўхшаган чиройлини кўрмаганман», деди.
«Бу уларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим
».
Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ўша ерда бошқа бир саҳобий Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга:
«Кўтар чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойидан ўпганларини кўрганман!» деб бақирдилар. Сўнгра улуғ саҳобий бор овозлари билан ҳўнграб йиғлаб юбордилар.
Ибн Зиёд у кишига:
«Икки кўзингни Аллоҳ йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда бўйнингдан чопар эдим», деди.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар:
«Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда уни ўлдирар эди», дейишди.
«Нима деди?» деб сўради бирови.
«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қулсизлар! Фотиманинг ўғлини ўлдирдингиз! Маржонанинг ўғлини ўзингизга амир қилдингиз! У бўлса, сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмоқда. Йўқолсин хорликка ва орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.
Ҳар бир золим жазосини тортмай қолмайди. Кўп ўтмасдан золим ва фосиқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам қилмишига яраша жазосини тортди. Олтмиш олтинчи ҳижрий сана зулҳижжа ойида Мухтор ас-Сақафийнинг амрига биноан Ибро¬ҳим исмли аскарбоши Ибн Зиёд ва унинг одамларини Жозир деган жойда ўлдириб, каллаларини узиб ўз бошлиғининг олдига табоққа солиб олиб борди. Уларнинг бошлари Мухтор ас-Сақафийнинг олдига ташланди. Шунда бир кичик илон келиб, Ибн Зиёднинг оғзига кирди. Бир оз ўтиб илон унинг бурнидан чиқди. Кейин бурнидан кириб оғзидан чиқди. Ўша илон мазкур ҳаракатини тўхтамай давом этдирди. Сўнгра жиноятчиларнинг бошларини Маккага Ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга юборилди. Уларни ўша ерда кўчага осиб қўйилди. Ибн Зиёд ва унинг шерикларининг жуссаларини эса, ал-Аштар куйдириб ташлади.
Шуниндек, Имом Ҳусайн розиялоҳу анҳунинг қатлларида ҳозир бўлганларнинг барчалари ҳам бу дунёдан хору зор бўлиб ўтганлар. Ҳатто уларнинг зурриётлари ҳам доимий равишда хорликда ўтганини тасдиқловчи ривоятлар тарих китобларимизда кўп.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ва у зотнинг яқинларининг ваҳшиёна ўлдирилишлари бутун Ислом оламини даҳшатга солди. Бани Умайяликлардан нафрат қилиш, ироқликларни сўкиш оддий бир ҳолга айланиб қолди. Ҳатто раҳбарлар ўзларини оқлаш учун гумашталарини жазолашга ҳам ўтдилар. Мусулмон оламининг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган чексиз му¬ҳаббати уларни хавф-хатар остида қолдирган эди.
Бу улкан жиноят содир бўлганда дунё мусулмонларнинг кўзига бошқача кўриниб қолди. Бу ҳақда ҳар хил ривоятлар жуда ҳам кўп. Айниқса, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди.
Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи Хулафо» номли китоб¬ларида:
«Унинг (Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиши узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.
Камина ходимингизнинг қалби ҳам бу мусибатни кўтара олмади. Ислом оламининг бу улкан мусибатини иложи борича юмшатиб ёзишга уринди. Шу билан бирга, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши фитнадан бошлаб, ушбу фожиани ёзиб бўлгунича соч-соқолидаги оқларни сезиларли кўпайганини мулоҳаза қилди.
Машҳур тарихчиларимиздан бирлари таъкидлаганларидек, бу мусибатларга Ислом умматидан бошқа уммат дуч келганида титилиб кетган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таолонинг инояти бу умматни сақлаб қолди.
Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг шаҳидликлари муносабати ила табиат муҳитида ҳам одатдан ташқари ҳолатлар вужудга келгани ҳақида ривоятлар кўп. Биз саҳиҳ ривоятлардан келган бир тушни ўрганамиз, холос.

Салмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Умму Саламанинг олдига кирсам, йиғлаб ўтирган экан. Мен унга:
«Сизни нима йиғлатмоқда?» дедим.
«Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрибман. У зотнинг бошлари ва соқолларида тупроқ. Сизга нима бўлди, эй Аллоҳнинг Расули, десам, ҳозиргина Ҳусайннинг қатл этилганини кўрдим, дедилар», деди
».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳа, инсоният тарихидаги улкан жиноят– суюкли набиралари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ваҳшиёна қатл қилинишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам тинчларини бузган эди.
Мусулмон умматининг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларига бўлган нафрати чексиздир. Ўша вақтнинг ўзидаёқ жумҳури уммат ироқликларни кўргани кўзи йўқ жамоатга айланган эди.

Ироқ аҳлидан бир киши Абдуллоҳ ибн Умардан эҳромдаги одам пашшани ўлдириши ҳақида сўради. Шунда Ибн Умар:
«Ироқ аҳли пашшани ўлдириш ҳақида сўрайдиларми!? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг ўғлини ўлдиришиб бўлиб-а?! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, икковлари менинг дунёдаги райҳонларим, деган эдилар!» деди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умардан ки¬йимга теккан чивиннинг қони ҳақида сўради. Шунда Ибн Умар:
«Манавуни қаранглар!!! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғилларини ўлдириб қўйишиб, чивиннинг қони ҳақида сўраб юрибди! Мен у зотнинг:
«Ҳасан ва Ҳусайн икковлари дунёдаги рай-ҳонларим», деганларини эшитганман», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Салтанат учун интилиш, банданинг розилигини Аллоҳнинг розилигидан устун билиш каби иллатларга дучор бўлган нобакорлар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳудек зотни қатл қилишга қўл урган эдилар. Бу ишлари ўзларига икки дунё¬да тавқилаънат бўлиб қолишини хаёлларига келтирмаган эдилар. Айни вақтда ўша нобакорлар бу номардликлари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу учун икки дунёда шараф бўлиб қолишини ҳам ўйламаган эдилар.
Ҳа, ҳар бир ўлдирувчи ғолиб эмас. Ҳар бир ўлувчи мағлуб эмас. Балки кўпгина золим ўлдирувчилар борки, уларнинг қотиллиги мағлублигидир. Шунингдек, кўпгина ўлдирилганлар борки, уларнинг мақтуллиги мансурлигидир. Улар ўзларининг ўлими ила кўплаб золимларни икки дунёда мағлубу малъун бўлишига сабаб бўладилар. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ана шундоқ мақтул мансурларнинг имоми ҳамдирлар.
Аллоҳ таоло у зотдан Ўзи рози бўлсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф