Инквизиция
Босма

Террорчилигининг энг даҳшатли кўринишларидан бири – "инквизиция" номи билан машҳур бўлган ва илк бор Испанияда ташкил этилган маҳкамалардир.

1452 йили испанлар мусулмон ҳокимлар билан тузилган шартномани бузиб, Гранадага бостириб кирдилар. Ҳамро шаҳрига кириб келган кардинал Мендозанинг биринчи қилган иши, шаҳар минорасига хоч ўрнатиш ва католик мазҳабидаги ҳамд дуосини куйлаш бўлди. Бир неча кундан кейин Гранада епископи Испания қиролига шошилинч мактуб йўллаб, унга Масиҳ алайҳиссалом кўриниб, Гранада ва Испаниянинг бошқа вилоятларида яшаётган мусулмонларни католиклаштириш масъулиятини зиммасига юклаганини баён қилди. Қирол, Масиҳ алайҳиссалом "хоҳлаган" ишни амалга ошириши учун, унга ҳар қандай воситадан фойдаланиш ҳуқуқини берди. Епископ масжидларни босиб олиб, вақфларини мусодара қила бошлади. Ҳатто Гранаданинг катта Жомеъсини черковга айлантирди. Мусулмонлар масжидларни мудофаа қилиш учун исён қила бошладилар. Уларнинг исёни шафқатсизларча бостирилди. Икки юзта мусулмон олим "христиан динига қарши чиқиш" жинояти билан айбдор деб топилди ва шаҳар майдонида гулханда куйдирилди!.

Инквизиция христианлашмаган мусулмонларни қидира бошлади. Мусулмонлар бошларини олиб тоғларга қочдилар. Инквизиция кардинал Сисзусга Испаниядаги барча мусулмонларни йўқ қилиш ёки уларни христианлаштириш учун тезкор ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида буйруқ берди. Қуръонлар, тафсирлар, ҳадис, фиқҳ ва эътиқод китоблари ёқиб ташланди. Инквизиция бу билан чекланмади, балки мусулмонларни гулханларда тириклай ёндириш қарорини берди. Юзлаб масжидлар черковга, отхоналарга, савдо шохобчаларига айлантирилди. Араб тилида ёзилган ёки исломий китобларни ёқиб ташлаш ҳақида алоҳида фармон чиқарилди. Гранаданинг Рамла майдонида юз минглаб китоблар кулга айлантирилди. Китобларни ёқиш бошқа шаҳар ва ноҳияларда ҳам давом этди.

Террорчиликнинг иккинчи босқичи бошланди. Епископ баъзи бой-бадавлат мусулмон хонадонларга католик мазҳабини қабул қилдириш учун фитналар бошлатди. Бу фитналардан бири – уларнинг ҳукумат мансабларини қўлга киритишлари эди. Унинг бу фитна тузоғига бир неча хонадон аъзоларигина тушди. Бу, мусулмонлар оммасининг ғазабини уйғотди. Кейин кардинал Химинис Гранада ҳокимлари билан ўртада имзоланган шартнома йўқолгани ва кучдан қолганини эълон қилди-да, мусулмонларнинг барчасини, уларнинг фикрлари билан ҳисоблашмаган ҳолда, христианликнинг (биринчи босқичи бўлган) муқаддас сувда чўмилтириш ёки уларга ўзларига "таклиф этилаётган" янги диннинг жиҳатларини ўрганиш фурсатини бериш фармонини берди. Яна шу фармонга кўра, христиан динини қабул қилишни рад этган мусулмон ё Гранададан молу-мулкини мусодара қилдириб, хотини ва болалари билан Африкага уловсиз чиқиб кетиш ёки Гранаданинг марказида христиан динига қарши чиқиш жинояти билан ўлим жазосига тортилишни танлаши лозим эди.

Табиийки, Гранада мусулмонларининг талайгина қисми ўз дини ва эътиқоди билан ҳижрат қилишни афзал кўрди ва молу-мулкидан ажралиб, олдиларида кутиб турган йўл машаққатлари ва хатарларига эътибор бермай, пиёда йўлга отландилар. Афсуски, Гранададан чиқишлари биланоқ қароқчилар ва испан аскарлари уларнинг кўпларини ўлдирдилар, баъзиларини асир қилдилар, бору-бурдларини талон-тарож қилдилар. Боз устига Испаниянинг бошқа шаҳарларида ҳам католиклаштириш сиёсати жадал суръатлар билан олиб борилмоқда эди.

Гранадада христианлаштирилган мусулмонлар эски христианлардан ажралиб туришлари учун "янги христианлар" ёки "морискус" (кичик мусулмонлар) дея ном олдилар. Морисклар ҳақида пайдар-пай қонунлар чиқа бошлади. Масалан, 1507 йилда араб тилини истеъмол қилмаслик ва андалусияликларнинг қурол-аслаҳаларини мусодара қилиш фармони чиқарилди. Бу фармонга риоя қилмаган киши биринчи сафар қўлга тушса қамоқ ва қурол-аслаҳани мусодара қилиш, иккинчи марта қўлга тушса қатл қилиш билан жазоланар эди. 1508 йилда исломий кийиниш тарзини таъқиқлаган қироллик фармони чиқди. 1510 йилда эса фақатгина морискларга татбиқ қилинадиган "соғин сигир" солиғи жорий этилди. 1511 йилда ҳукумат исломий кийиниш тарзи ва исломий усулларга биноан ҳайвон бўғизлашни таъқиқлаш ҳамда қолган-қутган исломий китобларни гулханларда ёқиш ҳақидаги қарорларини янгитдан чиқарди.

Мусулмонларга қарши олиб борилган ушбу шафқатсиз кураш мобайнида, мусулмонларни католиклаштириш вазифаси юклатилган инквизиция ташкил этилди. Инквизиция католиклаштириш ҳаракатлари "тўлақонли" манфаат келтирмаганини жуда яхши билар эди. Чунки, мусулмонлар зоҳиран католик кўринсаларда, аслида, ўзаро исломий анъаналарни давом эттиришар: исломий қонунларга кўра уйланишар, маст қилувчи ичимликларни ичишмас, чўчқа гўштларини емас, ўз мажлисларида Қуръон Каримни тиловат қилишар, уни варақларга кўчириб, ўрталарида тарқатишар, ҳатто Валенсия музофотида талайгина испан христианларни Ислом дини билан мушарраф бўлишларига ҳамда уларнинг араб тили ва исломий ибодатларни ўрганишларига сабаб бўлишган эди.

Инквизиция хулосаларидан бири кардинал, қирол ва папанинг ҳушини бошидан учирди. Чунки, мусулмонларни католиклаштириш амалиёти учун тайинланган Гранада епископи ўз баённомасида шуларни таъкидлаган эди: "Морисклар Исломдан бирон одим ҳам ортга чекинмадилар. Уларни динларидан қайтариш учун олиб борган курашимиз салмоқли самара бермади. Бундан кўра таъсирлироқ услубларни қўлламасак, улар Гранада, Валенсия ва бошқа испан музофотларидаги христианларни ёппасига Ислом динига олиб киришлари мумкин!".

Ушбу баённомаларга биноан Испаниядаги барча мусулмонларнинг, жумладан, Ислом динини қабул қилган ёки черковнинг католик оқимига зид бўлган исломий анъаналар билан таъсирланганларида шубҳа бўлган христианларнинг ҳам, инквизиция "чиғириғидан" ўтиши мажбурий қилинди. Натижада, ғарб черкови тарихининг энг даҳшатли ва қонли саҳифалари бошланди. Чунки, бу маҳкамалар ҳар бир мусулмон устидан ҳукм чиқаришни мақсад қилган эди.

Инквизиция – маҳкамаларнинг ажойиб тури эди. Унга чексиз имкониятлар берилган ва тарих давомида ҳеч бир золим подшо қила олмаган, ҳатто билмаган қийноқларни ишга солган эди. У ўз ишини арабча услубда иншо этилган ҳаммомларни бузиш, исломий усуллар билан ғусл қилиш-ювиниш, арабча кийиниш, араб тилида гапириш, арабча ашулалар тинглаш, арабча ёки исломий анъаналарга кўра уйланишни таъқиқлаш билан бошлади. Маст қилувчи ичимликларни ичиш ёки чўчқа гўштини истеъмол қилишни рад этганлиги исботланган одамга шафқатсиз жазолар қўллади. Бу таъқиқ ва фармонларга қарши чиқиш католик оқимига қарши чиқиш деб ҳисобланар ва бу "жиноят"ни қилган одам инквизицияга тортилар эди!

Маҳкамада "айбдор" бир неча синовлардан ўтар эди: У ҳокимлар тарафидан белгиланган миқдордаги маст қилувчи ичимликни ичадими ёки йўқми?! Кейин унга чўчқа гўшти келтирилар ва ейиши талаб этилар эди! Бу билан "айбдор"нинг Ислом дини ва амрларига риоя қилиш-қилмаслиги маълум бўларди! Кошки синов шу билан тугаса! "Айбдор"ни узоқ ва даҳшатли қийноқ босқичлари кутарди : уни махфий, на Қуёш нури ва на бошқа ёруғлик тушадиган қоронғу, турли касалликлар тарқалган зиндонга, чиқиш куни номаълум муддатгача ташланар эди. У бечора ўзига қўйилган айб нима эканини ҳам билмасди! Агар ажали етиб ўша ерда ўлса, инквизиция буни "Тангрининг раҳмати ва унга муносиб жазо" деб билар эди. Агар тирик қолса, маҳкама олдида жавоб беришга мажбурланарди. Тугашини Аллоҳнинг ўзигина биладиган қамалиш жараёнида, "айбдор" яшаш учун тинимсиз курашиши зарур эди. Чунки маҳкама қийноққа солиш ва саволларга жавоб бериши учун уни тез-тез чақирар эди.

Терговчи уни биринчи кунлари нима учун қўлга олингани ва қамоққа ташланганини, қандай жиноят билан айбланаётганини билиши ёки билмаслигини аниқлаш учун сўроққа тутар эди. Кейин ундан ўзига келишини, атрофидаги воқеълик ҳақида фикр юритишини ва "виждонан барча хатолари"га иқрор бўлишини талаб қилар эди. Сўнгра айбдорнинг оиласи, дўстлари, танишлари, яшаган ёки алоқада бўлган барча жойлари ҳақида сўрар эди. Бу аснода терговчи "айбдор"нинг сўзларини бўлмас, ҳоҳлаганича гапиришига имконият берар, унинг айтган гапларини мирза ёзиб турарди. Терговчи "айбдор"дан ҳануз мусулмонми ёки христиан динига бўлган ишончи қай даражада эканини синаш учун, айрим христиан дуоларни талаффуз этишни талаб қилар эди.

Ушбу узоқ давом этган "учрашувлар"дан сўнг прокурор айбдорга у айбланаётган жиноятлар мажмуъасини ўқиб эшиттирарди. Бу мажмуъа - "айбдор"нинг тергов мобайнида айтган гапларидан маҳкама ҳайъати чиқарган, бирон асосга эга бўлмаган хулоса эди. Табиийки, "айбдор"нинг ўзини ҳимоя қилиш учун келтираётган ҳужжатларнинг ҳеч эътибори йўқ эди. Чунки, маҳкаманинг асосий қонуни: "Иқрор бўлиш – далилларнинг подшоси!" эди. Демак, "айбдор"нинг ўзига қўйилган айбларнинг барчасига иқрор бўлишдан бошқа чораси йўқ эди!! Бу "иқрор" қай усуллар билан олиниши уларни қизиқтирмас эди! Агар "айбдор" қийноқлардан қўрқиб бир "жиноят"га иқрор бўлган бўлса, прокурор унга бошқа бир жиноятни тиркаб қўяр эди. Натижада, терговчи "айбдор"нинг қийноққа солиниши муқаррар эканини биларди. Чунки, "айбдор" ҳақиқатни айтишдан бош тортиб эътироф этаётган эди!! Демак, "айбдор" ҳоҳ "айби"га иқрор бўлсин, ҳоҳ бўлмасин, қийноққа солиниши "зарур" эди!.

Қийноқ, эсга келган ва келмаган нарсалар билан бошланар эди. Масалан, "айбдор"га ҳаракат қилишга мажоли қолмайдиган даражада озиб кетгунигача озиқ-овқат ва ичимликлар беришни таъқиқлаш. Кейин қамчи билан савалаш, тирноқларни суғуриб олиш, қизитилган темир билан тамғалаш, сочларни юлиб олиш, ваҳший ҳайвонларга рўпара қилиш, яра ва жароҳатларга туз сепиш, бармоқлардан осиш... Қийноқ давомида "айбдор"нинг оғзидан чиққан барча сўзларни, чинқириш ва йиғиларнинг барчасини мирза ёзиб борарди. Қариялар, хотин-қизлар, ҳатто болалар ҳам бу қийноқдан бенасиба қолмас эди. Қийноқлар тугаганидан сўнг "айбдор"га бир кун "таътил" берилар эди! Кейинги куни эса, қийноқ асносида ёзилган "баённома" унинг ўзига ўқиб эшиттириларди. Ҳакамлар "баённома"да ёзилган жумлаларни ўзларича изоҳлайдилар. Масалан: "айбдор" қийноқ пайтида йиғлаб, "Ё, Аллоҳ!"- деб қичқирган бўлса, ҳакам бу сўзни мусулмонларгина талаффуз қилишини айтади. Демак, "айбдор" ўзининг мусулмон ёки мусулмон эмаслигини исбот этиши керак. "Айбдор" бунга ҳоҳ иқрор бўлсин, ҳоҳ инкор этсин, барибир, қайта қийноққа солинади. Шундай қилиб, қийноқ силсиласининг поёни кўринмайди!!

Ниҳоят, ҳукм ижро қилинишидан йигирма тўрт соат олдин "айбдор"га қўйилаётган жиноятлари билдирилади. Маҳкама тарафидан чиқариладиган қарорлар уч турли бўлар эди:

Биринчи: оқланиш. Бу – инквизиция берган қарорларнинг энг нодири эди. "Айбдор" маҳкамадан оқланиб чиқса-да, кўрган қийноқлари сабабли ногирон бўлиб қолар эди. Чиққунича мол-мулки мусодара қилинган бўлар, одамлар тарафидан четлатилар, чунки одамлар у билан муомала қилиш ёки гаплашишдан "Агар назорат қилинаётган бўлса-чи! Агар шундай бўлса, бизга ҳам уникидек айблар қўйилиб қолармикин?!"- деб қўрқишар эди.

Иккинчи: савалаш. "Айбдор"ни омма тўпланадиган ерга қип-яланғоч ҳолатида олиб боришиб савалашар ва баданини моматалоқ қилиб ташлашар эди. Ҳатто баъзи "айбдор"лар савалаш пайтида ҳаётдан кўз юмар, агар тирик қолса "айби"нинг жазосини олган ҳисобланса-да, ногирон ва жамият тарафидан ташлаб қўйилган инсон бўлиб умрини ўтказар эди.

Учинчи: қатл. Бу - инквизиция берган қарорларнинг энг кўпидир. Ўлим жазоси – шаҳар ўртасида ёқилган гулханда куйдириш билан ижро этилар эди.

Баъзи пайтларда маҳкама қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилар эди. Бироқ, қамоқхоналардаги маҳбуслар сони кўпайиб, муаммолар пайдо бўла бошлаганида баъзи маҳбуслар маҳкама ҳузурига чиқарилмай озод қилинар, баъзилари эса ўлдирилар эди. Маҳкамалар баъзида озодликка чиққан "айбдор"нинг ҳаёти давомида бир хил кийим кийиши ва кўчалардан ўтаётганида одамлар тарафидан ҳақоратланишини ифодалаган қарорлар ҳам чиқарган. Баъзи васиқаларда чиқарилган қарорлар инсонларнинг ёшлари ёки жинсларидан қатъий назар чиқарилгани, ҳатто ўн бир ёшли қизчага икки юз дарра, тўқсон ёшли чолга уч юз дарра урилгани, ҳатто ўликлар ҳам бу маҳкамалардан қутила олмагани, баъзи мурдаларнинг қабрларидан чиқарилиб, гулханларда ёқилгани қайд этилган!

1611 йилнинг май ойида Валенсия музофотида қолган мусулмонларни ҳам йўқ қилиш мақсадида бир қарор олинади. Бу қарорга кўра тирик мусулмонни тутиб олиб келган одамнинг мукофотлар билан тақдирланиши, ҳатто у мусулмонни ўзига қул-қарол қилиб олиши, ўлдирилган мусулмон боши учун ўттиз лира қўйилгани баён қилинади.

1609-1614 йиллар мобайнида Испанияда 327 000 (уч юз йигирма етти минг) мусулмон сургун қилинди. Булардан 65 000 (олтмиш беш минг)таси денгизда ғарқ бўлди ёки йўлларда ўлдирилди ёхуд касаллик, очлик ва камбағаллик қурбони бўлди. Булардан 32 000 (ўттиз икки минг)тасигина ўз юртлари – Андалусияга эсон-омон қайта олдилар. Баъзилар эса ўз юртларида оммавий қувғин бўлишига қарамай яшириниб қолиб кетдилар. Андалусиядаги исломий борлиқ ўн еттинчи ва ўн саккизинчи асрларда чекланган ва махфий равишда ўз ҳаётини давом эттирди.

Гранададаги инквизиция 1726 йилда 360 (уч юз олтмиш) оилага мансуб 1800 (бир минг саккиз юз) кишининг Ислом динига мансублик "жинояти" билан "жиноий жавобгарлик"ка тортди. Испан ёзувчиларидан бири 1728 йилнинг 9 майида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида 46, 1728 йилнинг 10 октябрида 28 гранадалик устидан "Ислом динига мансублик" жинояти билан ҳукм чиқарилганини нақл қилади. Мусулмонларни таъқиб қилиш кучайди ва 1729 йилда шаҳар ҳокими қиролдан морискларни шаҳардан қувиб чиқариб, аҳолини "ҳаром қон"дан қутқариш учун фармойиш беришини сўради.

1769 йилда тафтиш гуруҳи Марсия музофотидаги Картагена шаҳрида яширин масжид фаолият кўрсатаётгани ҳақидаги маълумотни қўлга киритди. Бунинг оқибатида юздан ортиқ мориск қўлга олиниб, маҳкамага тортилди ва уларнинг кўпчилиги ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Христианлар ҳам инквизиция қурбони

Биз инквизиция ҳақида қанчалар гапирмайлик, унинг ваҳшиёна қора тарихидан бир неча саҳифасини ва бир неча жиноятинигина кўрсатиб ўтган бўламиз. Испанияликлар инквизициядан жуда ҳам қўрқар эдилар. Чунки ҳар бир инсонни бу маҳкамаларга тортиш жуда ҳам осон эди. Гоҳо миш-мишлар ҳам маҳкамага боришга сабаб бўлар, гоҳида эса одамнинг ўзи оғзидан чиққан сўздан қўрқиб ёки уни яхши ниятда айтганини исботлаш учун у ерга борар, уни бирортаси эшитган бўлса нотўғри тушуниб, гина-адовати сабабли ўч олиш учун бу сўзлардан фойдаланишидан чўчир эди. Қўшнисининг хотинини севиб қолиш ва унга уйланиш умиди ёки ишчисининг маошини бермаслик қасди ёхуд савдода рақибини синдириш орзуси ҳам чақувга сабаб бўла олар эди. Ҳатто болалар ҳам бирга ўйнар эканлар, тенгдошлари тарафидан отилган туҳмат тоши остида қолар эдилар. Масалан, болалардан бири бошқаси устидан: "Ўйин пайтида ундай деди, бундай деди" деб гувоҳлик бериши, унинг қўлга олинишига сабаб бўлар ва бечора боланинг митти бадани айбдор ёки айбсиз эканини "аниқлаш" учун олиб борилган тергов, қамоқ ва қийноққа чидай олмай, ҳаётдан кўз юмар эди!

Ҳа, мусулмон бўлган ҳар қандай шахсдан қутилиш учун ёшининг катта ёки кичиклигига қарамай, оддий бир чақув билан зиндоннинг қаърига отиш жуда ҳам осон эди!!

Мусулмонларгина инквизиция қурбони бўлди десак, инсофсизлик қилган бўламиз. Чунки, христианларнинг ўзлари ҳам инквизиция қурбони бўлган эдилар. Черков юқорида тавсифлаганимиз даҳшатли усулларни инквизиция воситасида христианларга нисбатан ҳам қўллаган эди. Черков бу билан одамларга дин номи билан жорий қилган фикрларининг ижросини таъминлар, черковга қарши чиққан ёки черков фикрларини танқид қилган кишиларни қамоққа олар, уларни дорга осиш ва гулханларда тириклай ёқиш билан қатл этар эди. Инквизиция қарорлари билан қатл этилган христианларнинг сони 300 000 (уч юз минг)дан ортиқ бўлиб, шулардан 32 000 (ўттиз икки минг)таси гулханда тириклай ёқилган эди. Улар ичида машҳур олим Жордано Бруно ҳам бор эди. Черков ундан бошқа сайёралар борлиги ҳақида айтган сўзлари учун интиқом олди. Бошқа олим Галилео Галилей эса "Ер Қуёш атрофида айланади"- деб эътиқод қилгани учун қатл этилди!!

Сионистлар минглаб яҳудийларнинг (мурдаларини!!) нацистлар Германиясининг газ камераларида ёқиб юборилганини рўкач қилиб, бутун дунёни, хусусан ғарб оламини тиз чўктириб, Фаластин ерларини босиб олишда ҳақли эканликларини исботламоқчи бўладилар. Бироқ, бутун Олам юз минглаб, балки миллионлаб мусулмонларни қурбон қилган инквизициянинг кўп жиҳатларини очишдан кўз юммоқда. Зеро, нацизм Германиясининг газ камералари яҳудийларнинг мурдаларини бир неча йил ёққан бўлса, инквизиция юзлаб йиллар давомида мусулмонларни ўлдирди, гулханларда тириклай куйдирди ёки қийноққа солди!! Шундай бўлишига қарамай, Ғарб давлатлари ўз архивларини сионистларга очди ва улар нацистлар тарафидан куйдирилган яҳудийлар архивини қўлга киритиб, хоҳлаган даъволарини қилмоқдалар. Айни замонда Ватикан ва черков мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган халқлар олдида ўз архивларини очишдан бош тортмоқда! Чунки, инквизициянинг қора юзини фош этадиган далиллар кўриниб қолишидан қўрқмоқда!!

Мусулмонлар инквизиция, унинг қабоҳатлари ва мусулмон қурбонларининг тарихини чуқур ўрганишлари керак. У қоронғу кунларга етарлича баҳо бериш учун Ватикан, Испания ва бошқа христиан давлатларидаги католик черков архивларини текширишлари ва бутун Оламга черков христиан дини номи остида мусулмонларга қарши олиб борилган кураши мобайнида қилган жиноятларни, Ислом дини асосига қурилган давлат соясида христианларга берилган осуда ҳаёт билан таққослаб, намоён қилишлари лозим. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳозирги кунга қадар инквизиция ҳақида ёзилган асарларнинг барчаси христиан ҳукуматлар рухсат берган ва мусулмон бўлмаган шарқшунос ҳамда христиан муаллифлар тарафидан ёзилгандир.

Қизил танли ҳиндуларни йўқ қилиш

Қизил танли ҳиндуларни қириб ташлаш – Исломга қарши уруш эълон қилган, Исломни – террорчилик, биз мусулмонларни эса террорчилар дея таърифлаган "жаноблар"га ҳақиқий террорчилик нима эканини билишлари учун тақдим этмоқчи бўлганимиз америкача террорчилик намунасидир!

"Адабиёт хабарлари" ойномасининг 2002 йилнинг 9 июнь сонида Мунир Ҳамш қаламига мансуб ва мавзусида нодир ҳисобланган "Америка ва дарадаги қизил танлилар" сарлавҳали мақола чоп этилди. Муаллиф америкаликларнинг ўз ерларини мудофаа қилиш учун курашган маҳаллий халқларни қандай қириб ташланганини қаламга олади.

Америкаликлар бор йўғи бир нарса – Янги Оламни барпо қилиш йўлида осуда ҳаёт кечириб турган 12 000 000 (ўн икки миллион) кишининг ёстиғини қуритдилар! Бу бегуноҳ халқларни йўқ қилиш учун 93 (тўқсон уч) марта оммавий қирғин қуроллари ишлатилган урушлар қилинди. (Америкаликлар бу қирғинни шундай изоҳладилар:) "Бу урушлардан соғ-омон қолган ҳиндулар, америкаликлар устунлиги йўлида бўлиб ўтган жанглардан кейин, ўз қўллари билан ўз қабрларини қазидилар. Чунки, ҳиндулар уруш оловини биринчи бўлиб ёқдилар ва бу қурбонлардан улар жавобгардирлар! Баъзи ҳиндулар тангрининг қазо ва қадари билан европаликлар билан бирга келган касалликлар сабабли вафот этдилар!". Бу сўзлар - ёлғон ва буҳтондир!

Кўплаб беғараз изланишлар шуни кўрсатдики, ҳиндулар ҳозирги Европанинг ер майдонига яна ярим миллион гектар қўшиладиган катта территорияда яшар эдилар. Европаликлар кириб келишганида ҳиндуларнинг сони 100 0000 000 (юз миллион) билан 200 000 000 (икки юз миллион) ўртасида эди. Бироқ, америкалик тарихчи (барча мустамлакачилар каби) бу сонни 1 000 000 (бир миллион) ёки 2 000 000 (икки миллион) деб кўрсатди. Бу рақамлар тўғри эди. Чунки, бу саноқ (қонли урушлар тугаган) 1900 йилда амалга оширилган ҳисоботларга кўра эди!

Америка мактабларида ўқитилаётган дарсликларда: "(Афсуски), бу қирғин - бандалар хаёлига келтирмаган тақдирнинг оғир мусибати бўлиб, унга таслим бўлишдан бошқа чора йўқ эди" дея тушунтирилади! Худди (Япониядаги) Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига Америа Ҳаво Кучларининг "бургут"лари олий мақсад - Жаҳон Урушини тўхтатиш учун ташлаган атом бомбалари каби! Бу бомбабўрон оқибатида чақалоқлар ва хотин-қизлар бир соат ичида қирилди, шаҳарлар вайронага айланди, жонли ва жонсиз инвентарлар ҳалокатга учради. Бу, аслида, бир маданият ёйилишининг ҳошияси ва ёйилиш услуби эди. Агар сиз бу ишнинг айбдорини топмоқчи бўлсангиз, америкача фалсафага кўра анави "бахтиқаролар"нинг қирилиб кетишидаги ният, мақсад ва масъулиятга қарамай, табиийки, қазо ва қадарни айблашингиз керак!! Америка маданияти ҳақида салбий фикрларни билдириш америкача маданиятдан нафратланиш оқибатида пайдо бўлади!!

(Босниянинг мард ўғлони) Алия Иззатбеговичнинг ёзишича, 1865 йилга қадар жорий бўлган ва ўлдирилган қизил танлининг бошига тақиб олган патлардан бирини полиция марказига олиб келган одамга мукофот бериш кўрсатилган қонун бор эди. Унинг бу қилган иши муҳитни маданий ва фикрий жиҳатдан қолоқ бўлган халқлардан тозалашга қўшилган катта ҳисса ҳисобланарди. Чунки бу иш Ер юзини маданиятсиз қабилалар тарқатаётан "пат"лардан тозалаш, демак эди!! "Озодлик диёри" бўлмиш Америка Қўшма Штатлари, бечора қизил танли ҳиндуларнинг тўкилган қонлари устига қурилгандир!!

Қўшма Штатлар Армияси 1846 йилда Калифорнияни ишғол қилди. Ҳисоботларга кўра, ҳиндуларнинг сони 1769 йилга қараганда бир неча баробар ўсган эди. Ишғолдан сўнг 20 йил ичида уларнинг 80 (саксон) фоизи қириб ташланди, қолганлари эса таҳқирловчи қонун таъсирида йўқ бўлиш даражасига етиб келди. Хаёлий далалар ва олтин конларининг эгаларига сиёсий салтанатни берган халқларнинг мулки, зудлик билан ҳиндуларни ишлаб чиқариш қуроли сифатида қул қилиш ва уларни, худди илгари Колорадо ва бошқа олтинга бой штатларда йўқ қилинганидек, қириб ташлашга йўналди. Чунки, бу штатлардаги олтинларни ишлаб чиқариш учун арзон ишчи кучига катта эҳтиёж бор эди. Шунинг учун ҳинду болаларни ўғирлаш тижорати бошланди. Ўша даврдаги рўзномаларда қулжаллобларнинг қишлоқларнинг орқа кўчаларидан араваларни ўғирланган болалар билан тўлдириб, Сокрамонто ва Сан-Франциско қул бозорларига олиб кетганлари ёзилган.

Биринчи босқинчилик урушининг илк йиллари ниҳоясига етиб, қўшимча хизматлар: чўрилик ва фоҳишалик юмуши учун хотин-қизларни ўғирлаш авж олди. Буни кўрган оталар ва ака-укалар "жиноят" ҳисобланган гуруҳларни уюштирдилар. Бу жараёнлар ҳиндуларнинг талайгина уруғларини ота ерларини тарк этиб, қочишга мажбур қилди. Одамларни ўғирлайдиган талончилар эса "хайрия гуруҳларига" бирлашдилар. Чунки улар оталарни ўлдиришар ва бу ишлари билан давлатнинг "исёнчи гуруҳлар"ни қириб ташлашида ўз ҳиссасини қўшар эдилар. Шундай қилиб, ҳиндуларни ўлдириш ёки қул қилиб сотиш, америкаликлар ёқтирган "ахлоқ" ва "шараф"нинг бир парчасига айланди!

1850 йилнинг бошларида Калифорния Штати мажлисининг биринчи сессиясида қизил танли ҳиндуларни ўғирлаш ва қул қилишнинг қонуний эканига қўшимча ўлароқ, "Ҳиндуларни ҳимоя қилиш қонуни"ни тасдиқлади. 1860 йилда бу қонун, киритилган янги иловага кўра, 10 000 000 (ўн миллион)лаб қизил танлиларни оғир ишларда ишлашга мажбур қилар эди. Чунки ўзлари ва оилаларини ўрмонлар ва тоғларга олиб чиқиб кетган "исёнчилар", Америка Қўшма Штатлари деб аталган давлатда яшашар ва Ерларини тортиб олган ЎҒРИЛАРнинг қонунларига биноан "бошқаларнинг мулкларига тажовуз қилган жиноятчилар" мақомига тушиб қолган эдилар. Ҳеч қанча вақт ўтмади ҳамки, ҳиндуларни ҳимоя қилиш қонуни чиқарилди! Бироқ, бу қонундан вилоят ҳокими Питер Бернднинг жазаваси тутди ва парламентнинг қонун чиқарувчи палатасига "Қизил танли ҳинду ирқини қириб ташлаш лозимлиги"ни очиқ ифодалаган мактуб юборди. Унда жумладан шундай дейилган эди: "Оқ танли одам ўз вақтини олтин деб ҳисоблайди. Бироқ, у ҳозирги кунда ўзининг молу мулкини қўриқлаш билан овора. Унинг олдида қирғинбарот урушдан бошқа чора йўқдир. Зотан, уруш бошланди! Энди урушни ҳиндулар ирқи бутунлай йўқолиб кетгунига қадар давом эттириш керак!"

Америкаликлар Майя, Азита, Буҳатан ва бошқа маданиятларни йўқ қилиб ташлаганликларини тан оладилар. Чунки қирғин – уларнинг кучли, "адолатли" ва бошқаларни ўз ахлоқий қийматларига биноан муҳосаба қилишга тайёр бўлган Американи барпо қилиш йўлида олиб боришган курашларининг бир бўлагидир!!