Боғдоднинг қулаши - Боғдод қўлга олингандан сўнг (2-қисм)
Босма

Боғдоднинг қулаши

Муаллиф: Муҳаммад Султанов

Боғдод қўлга олингандан сўнг

2-қисм

Ибн Ал-Алқомийнинг ўлимидан сўнг мўғуллар ўрнига ўғлини тайинлашди. Ўғил отасининг хоинлигини давом эттирди ва бу амал унга ҳам ёмонлик олиб келди, холос. Тез орада ҳижрий 656 йили ибн Ал-Алқомийнинг ўғли ҳам вафот этди. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Ҳақиқатдан ҳам, ким-ки дунё амалларига меҳр берса, Аллоҳнинг қаҳридан қочиб қутула олмайди ва бу дунёда йиққан нарсалари унинг ўзини ҳалокатга учратади. Халифа охиригача шунга интилган ва бу уни ҳалок қилган. Биринчи вазир ибн Ал-Алқомий ҳам шундай қилди ва амалига яраша жазо олди. Бу жазо бутун Боғдод аҳлига бўлди деса ҳам бўлаверади. Бу ҳақида Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини мисол қилиб келтириш мумкин. Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда:

«.... Аллоҳга қасамки, мен сизларга фақирлик етишидан қўрқмайман, балки дунё сиздан аввалгиларга кенг қилинганидек, сизларга ҳам кенг қилинишидан, натижада улар кимўзар ўйнаганидек, сизлар ҳам кимўзар ўйнашингиздан ва у уларни ҳалок қилганидек, сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман»

Боғдоднинг фатҳ қилинганлиги ҳақидаги хабар тез орада мусулмонлар орасида, кейин эса бутун дунёга тарқади. Мусулмонлар учун бир неча асрлар давомида энг қудратли бўлиб келган Аббосийлар халифалигининг қулаши сўз билан тарифлаб бўлмайдиган даражадаги қаттиқ зарба эди. Боғдод оддий мусулмонлар шаҳри бўлмаган... Дунёнинг энг катта, уч миллион мусулмон яшовчи, энг олди маданий, илмий марказлари жойлашган шаҳри ҳамда мусулмон халифалигининг пойтахти ҳам эди. Боғдоднинг қулашидан кейин нима бўлади? Мусулмонлар ўзларига бу саволни беришар эди. Халифанинг ўлдирилиши ва янги халифа йўқлигидан нимани кутиш мумкин? Бу мусулмонлар томонидан бериладиган биринчи саволдан ҳам дахшатлироқ иккинчи савол эди. Халифасиз ва халифаликсиз мусулмонлар учун бутун дунёнинг ҳеч қандай қадри бўлмаган. Аббосийлар халифалиги қудрати пасайганлигига қарамай, ҳокимияти фақат Боғдод ва Ироқнинг кичик ҳудудларига тарқалишига қарамай, халифалик мусулмонлар учун жуда катта аҳамиятга эга эди. Шу туфайли халифанинг ўлдирилиши ва халифаликнинг қулаши мусулмонлар учун улкан офат бўлган. Бу саволлардан ташқари Боғдод фатҳидан сўнг мусулмонлар орасида кўплаб миш-мишлар тарқаган бўлиб, айримлар фақат шу ҳақида гапирган. Ҳар даврда бўлганидек, миш-мишлар қанчалик ғаройиб бўлса, унга шунча кўп одамлар ишонади. Энг кўп муҳокама қилинган миш-мишлардан бири бу мўғуллар босқини ва халифаликнинг қулаши охиратнинг яқинлашганлиги ҳақидаги аломатдир деган гап эди. Боғдод қулагач, мусулмон оламининг аҳволи шундай бўлган. Христиан оламига келсак, уларнинг барчаси халифаликнинг қулаганидан жуда хурсанд эдилар, чунки бир неча асрлар давомида халифалик уларнинг Яқин Шарқдаги фатхларига қарши турар эди. Ҳижрий еттинчи асрда дунёда учта қудратли куч бўлган: ислом дунёси, христиан давлатлари ва мўғуллар. Маълум воқеаларгача мусулмонлар ва насронийлар орасида узоқ давр урушлар давом этган. Мўғуллар томонидан берилган бу зарба ушбу қарама-қаршиликда мусулмонларнинг аҳволини анча оғирлаштиради. Шунинг учун христианларда Миср ва Шомга яна ўз юришларини такрорлаш хоҳиши уйғонади. Христианларнинг қувониши учун яна бир сабаб уларнинг ҳам Боғдод фатҳида қатнашганлигидир. Арманистон патриархи Хулаго ва унинг қўшинига оқ фотиҳа берган ва уларни “муққадас” урушга чорлаган. Шу ерда мўғуллар қўшини билан Гетум I ва антиохиялик Боэмундларнинг қўшини бирлашган. Айни сабабдан мўғуллар биринчи бор христианларга берган вадасининг устидан чиқишади. Мўғуллар ва христианлар орасидаги келишувга биноан, Хулаго христианларнинг ҳеч қайси мазҳабларига ва Боғдоддаги христианларга тегмаслиги керак бўлган. Хулаго несторианларнинг патриархига қимматбаҳо совғалар тақдим қилган. Шунингдек, унга халифаликнинг энг ҳашаматли саройларидан бири даргоҳ берилиб, Хулаго уни ўзига маслаҳатчи ва бошқарув кенгаши аъзоси қилиб қўйган. Буларнинг бари христинлар мўғулларни Исо алайҳиссаломнинг душманларига, яъни мусулмонларга қарши Худо жўнатган жазо деб билишига сабаб бўлган. Ва буларни ҳаммаси бир неча йиллар аввал мўғуллар христианларнинг ўзларини Европада қирғин қилганларига қарамай айтилган. Улар, Европада нималар бўлганини унутишганга ўхшашар эди. Афсуски, бу тарихда содир бўлган ягона воқеа эмас... Андалусиядаги мусулмонларнинг сўнгги шаҳри Гранаданинг қулашида ҳам христиан олами шундай байрам қилган эди. Агар ушбу икки воқеа – Боғдод ва Гренадани фатҳи – солиштирилса, биз жуда кўп ўхшашликларни кўрамиз. Тарих бу шаҳарларда айнан такрорланган деса ҳам бўлаверади.

 

Санжар Қобил таржимаси