Ғарбий Сибирдаги ўзбеклар тарихи ва тақдирига яна бир қисқа назар...
Муаллиф:    06.01.2018 11:08    Босма

Ғарбий Сибирь асрлар давомида деярли Бухоро колонияларига айланиб қолаёзганди. Сибир Бухорийлари бу ерда яшаётган татарлар (аслида туркий халқлар) билан сўзлашиб аста-секин ўз тилларини маълум маънода ўзгартириб борганлар.

У ерларга кўчиб борган савдогарлар, ҳарбий аскар ва диний уламолар ўз миссияларини бажариш мақсадида турли қишлоқ ва маҳаллаларга асос солганлар. Айнан бухороликлар биринчи марта Сибирга мушукни олиб боришган. Дунёга машҳур бўлган "Сибирь мушуги" аслида Туркистонликлар томонидан у ерга олиб борилган ва тарқатилган. Аввалги постларда биз Сибирдаги Учмир тоғи ҳақида пост улашгандик, бу ер айнан илгари замонларда туркий қавмларнинг ерлари бўлганлигини кўрсатади. Уч бошли тоғни қадим туркийлар муқаддас ҳисоблашган ва унда бир хосият бор деб билганлар. Анча-мунча кўп сонли ва турли тармоқли туркий қабилалар Сибирь, Олтой, Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва бошқа жойларда қадим замонлардан бери яшаб келгани ҳаммага маълум. Бизнинг аждодларимиз ҳам бугунги Ўзбекистон чегарасидагина эмас миграцион жараёнлар тўлқинида бемалол у ерда, бу ерда яшаганлар. Шунинг учун ҳам "Дашти Қипчоқ ва Ғарбий Сибирь ҳудудлари, қадимги Қрим ерларида улар яшамаган, у ердан келганлар бизга бегона" деган саволнинг қўйилишининг ўзи нотўғри булади.

Туркийларнинг асл ватани Олтой, Сибирь, Ўрта Осиё, Шарқий Тукристон, Хуросоннинг катта қисми ва бошқа ерлардир. Навбатдаги миграция тўлқинлари умумий ном остида Ғарбий Сибирда Бухоро қишлоқлари пайдо бўлган. У ерларда Ўзбекистоннинг ҳамма еридан кўчиб борган халқларни учратиш мумкин эди. Ҳатто Тошкентдан борган инсонларнинг ўз мавзелари бўлган. Тарихий эвирилишлар сабаб рус мустамлакачиларининг қадами бу ерга ҳам етиб борган ва Ўрта Осиёликлардан ташкил топган Ғарбий Сибирдаги кўплаб қишлоқларни ҳам улар ўз тасарруфига киритган.

ХХ аср бошларида Тюмень (туркийда Туман) Тобольск ва Тар уездларида Бухоро волостлари мавжуд бўлган.

Улар охирги марта 1926 йилда рўйхатга олинган. Совет давлатининг ягона халқ яратиш ғоясига кўра, улар туфайли аралаштириб юборилган, алоҳида қайд этилмаган. Туркистон қишлоқлари аҳолиси узоқ йилги тарихий аралашишлар даврида ўзларининг асл тилларини унутишган, қайсидир маънода урф-одатларини ҳам сақлаб қолган, улар орасида хали ҳанузгача туркистонликларни эслатадиган шахслар учраб туради.

Шоҳиста Ўлжаева