Саналар
20.04.2024
Баннер
Тарихи Жаҳоннамойи (3)
18.01.2014 23:01    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Бухоро сипоҳи Самарқандга кирмасдан азимат жиловини Бухоро томон бурдилар. Эртаси самарқандликлар ўруслар билан сулҳ туздилар. Ўруслар амир Темур пойтахти саналмиш Самарканд шаҳрини тасарруф қилдилар. Жавзо ойининг ўртасигача улар Ургут шаҳри ва Челак қалъасини ҳам истило қилдилар. Бир неча аскарларини Кауфман бир жинирол етакчилигида Каттақўрғон тасарруфи учун юборди. Учинчи куни ўруслар Самарқанддан 8 фарсах келадиган Каттақўрғонга етиб келдилар. Шу ернинг ҳокими Яъқуббек шаҳарни ташлаб қочди. Ўруслар Каттақўрғонни жангсиз эгаллаб олдилар. Кауфман ҳам шу заҳоти Каттақўрғонға етиб келди. (У) Самарқандга қайтиб, бир неча гуруҳ аскарни икки фарсах келадиган Қоратепа қалъасига юборди. Шаҳрисабз сардори бир неча минг пиёда ва суворий қўшини билан келиб, ўруслар билан жанг қилиб, қайтиб кетди. Ўруслар Самарқандга қайтдилар.

Шу жангда шаҳрисабзликлардан кўп киши талафот кўрди. Самарқандлик Мирзо сўзига қараганда 50 киши ҳалок бўлган экан. Қуёш жавзо ойининг охирида эдики, Бухоро сипоҳи Зирабулоқ мавзеида жамъ бўлуб, Каттақўрғон қалъасини забт қилишга жазм этдилар. Бу хабар Кауфманға етиб борди. (У) Самарқанддан бир неча гуруҳ сара аскарлари ва тўпу тўфанглари билан Бухоро сипоҳига қарши курашмоқ учун Каттақўрғонга, ундан Зирабулоққа келди. Бухороликлар Зирабулоқ мавзеида Бухоро иулига қўшилиб кетган қир тепасида сафланган эдилар. Ўрус аскарларини Кауфман икки қисмга бўлиб, ўнг ва чапдан ҳамла қилишди. Бухороликлар жанг кўрган аскарларнинг тупу тўфанглари оташиға тоб бермасдан орқага қайтдилар.

Шу муҳорабада ҳозир бўлган кишиларнинг айтишича, бухоролик пиёда ва суворийлардан минг кишидан кўпроғи нобуд бўлиб, ўрусларнинг талафоти икки юз кишигинага етар экан, холос. Кауфман Зирабулоқда бухороликлар билан урушаётган вақтда минг, хитой-қипчоқ ва Шаҳрисабз кенагасларининг қабила сардорлари иттифоқ бўлиб, кўп сипоҳ ила Самарқандга келиб, бу шаҳарни фатҳ этмоқчи бўлдилар. (Улар) Саройнинг атрофида ички қалъани тўрт томондан босиб олиб, унинг икки дарвозаси Самарканд ва Бухоро дарвозасига ҳужум қйлиб, мардлик билан саъйи балиғ курсатдилар. Ўрусларнинг аҳволи жуда танг бўлди. Қабилалар иттифоқи агар яна икки-уч кун иттифоқ ва ижтимоъ ила муҳосарага сабот кўрсатганда эди, ғолиб келиб, Самарқандни ўруслардан озод қилган бўлардилар. Аммо мовароуннаҳрлик бадбахтларнинг шунча саъйу ҳаракатлари ва меҳнату машаққатлари натижасиз анжом топди. Бухоро сипоҳининг Зирабулоқда мағлуб бўлганларини эшитиб, биринчи бўлуб Шаҳрисабз кенагаслари, кейин эса бошқа тоифалар сабот ва жалодат қадамларини тортиб олиб, муҳосарадан юз ўгуриб, Ҳар томонга паришон бўлиб, парокандаликка берилдилар. Шунинг учун айтганларким, байт (мазмуни):

Пароканда лашкардан ҳеч фойда йўқ,

Уларнинг юз мингидан икки юз жанговар йигит яхшироқ.

Қолган лашкар беш кун муҳораба ва муҳосара ихтиёр этиб, Кауфман Самарқанддаги ўруслар мададига келаётир деган хабар маълум бўлгандан кейингина қамалини тўхтатиб, ўз ватанларига қайтдилар. Воқеаларга шоҳид бўлган самарқандликларнинг сўзларига қараганда, ўзбекларнинг бирлашган қўшинлари кўп жасорат кўрсатиб, ўруслардан 270 кишини ўлдирган эканлар.

Милодий 1867 йили саратон ойининг ўрталарида зафар кўрмаган амир Музаффар ва Туркистон сипоҳсолари Кауфман ўрталарида сулҳ тузилди. Бухоро амири Жиззах, Самарканд, Каттақўрғон ва уларга тааллуқли бўлган ерларни ҳамда ўруслар истило қилган мавзеларни Русияга берди. Бунга қўшимча катта маблағ товон тўлашни ўз бўйнига олди. Бухоро мамлакатида уларнинг сиёсий идораси таъсис топди. Шу вақтда, қуёш далв буржининг охирига етган эди. Бухоро амирининг сулҳидан 6 ой илгари Фарғона хони Саид Муҳаммад Худоёрхон ва Туркистон сипоҳсолари Кауфман ўрталарида ҳам сулҳ битими бўлган эди ва адовату хусумат ўрнини амният эгаллади, мамлакат рифоҳияти эса тижоратга айланди. Қон тўкилиши ва мулку маданият харобалигига сабаб булган жангу жадаллар йўқ бўлди. Шу воқеалар юз бераётган бир пайтда Қарши волийси Абдулмалик тўра Бухоро хони амир Музаффарнинг катта ўғли Шаҳрисабз кенагасларининг улуғлари ва Содиқ тўра бинни Кенасари тўра Аблай Султон юртдошлари ила Бухоро амирлиги ва салтанатига даъво қилди. У ўз отаси амир Музаффарга қарши ҳамлага ўтиб, жанговар сипоҳни йиғди. Бухородан амир Музаффар сипоҳ ва сарбозлар ила ўғлининг ҳужумини дафъ этмоқ учун Қарши томон отланди. Қарши чўлларида Абдулмалик билан жанг бўлди ва Абдулмалик тўранинг сипоҳи пароканда бўлди. Абдулмалик Шаҳрисабзга қочди. Ўз ўғлини таъқиб қилиб, отаси Шаҳрисабз қалъаларидан бўлган Чироқчини қуршаб олди. Шаҳрисабз волийсидан ўз ўғлини талаб қилди, Бу иш охирига етмасдан туриб, бошқа жойда қўзғолон кўтарилди. Абдулмалик тўра фармонига биноан Нурота ва Карманани Содиқ тўра олгани хабари амир Музаффар қулоғига етди. Бу фитна ва ихтилол сабабига кўра (амир) Чироқчидан орқаға қайтиб, бу даҳшатли ҳодисаларни бартараф қилмоқ учун Самарканд волийси жинирол (Абрамов Ш. В.)дан ёрдам сўради. Ўрусия учун Бухоро амирини қўллаш хайрли иш деб, жинирол амир илтимосини қабул айлаб, бир неча гуруҳ аскар билан Жом сарҳадиға келди. Шаҳрисабз волийси ўрусларнинг келишларини эшитиб. «Ўрусия Шаҳрисабзни ҳам олар экан» деб Чироқчидан Шаҳрисабзға қайтди. Абдулмалик тўра ҳам Қаршига келди. Бухоро амири бу аҳволдан фойдаланиб, Содиқ тўра фитнасини бостиришга ҳаракат қилди, унга шикаст етказиб, фасод ва шўру ғавғоларга озгина бўлса-да таскин берди. Амир Бухорога қайтди.

Қаршида турган Абдулмалик тўра пароканда бўлған сипоҳни йиғиб яна қўзғолон кўтариб, ихтилофни бошлади. Бухоро амири иккинчи марта Самарканд жиниролидан ёрдам сўради. Самарканд жинироли Жомдан бир неча гуруҳ қўшин ва бир неча тўп ила Қаршиға борди. Қуёш ақрабнинг 20—21-даражасида эди, ўруслар қаршида Абдулмалик билан тўқнашиб, унга зарба бердилар. Абдулмалик тўра Қаршидан қочди ва унинг сипоҳи мағлуб бўлди. Ақраб ойининг охирларида ўрус жинироли Қаршини амир маъмурларига топшириб, Самарқандга қайтди. Шу ҳодисалардан кейин Шарҳрисабз ҳокими, кенагас тоифасининг раислари, Киштут ва Фароб фуқаросини ўрусларға қарши қайрадилар. Киштут, Фароб ва Моғиён раислари ўрусларға қарши чиқдилар. Уларга ёрдам деб Ҳайдар хожа деган кишини бир неча шаҳрисабзлик гуруҳлар билан юбордилар. Ҳайдар хожа Самарқанд чегарасида юрган ўрус суворийларига ҳамла қилиб, улардан бир қанчасини ўлдириб, баъзиларини ярадор қилди. Бундан Самарканд волийси жиниролнинг жаҳли чиқиб, Туркистон сипоҳсолари Кауфманга бу аҳволни маълум қилди. Туркистон сипоҳсолари буйруқ бердиким, Шаҳрисабз юришини махфий равишда режалаштириб, вилоятни макр билан ишғол қилиб, Бухоро амирига берсин. Самарқанд жинироли сафар анжомларини муҳайё айлаб, амир Музаффарни бу ишидан бохабар этиб, ўз аскарларини икки дастага ажратди. Сунбула ойининг еттисида биринчи фавж Жомга йўл олди. Фавжи соний икки кундан кейин Қоратепа довонидан ўтиб, Китоб қалъасининг олдида биринчи қисм билан бирлашди. Улар қалъага яқин бўлган Ўрус қишлоқ деган жойга тушдилар. Сунбуланинг 13-кунида ўруслар аскар ва тўпларини ҳар нуқтага жойлаштириб, қалъани олиш билан машғул бўлдилар. Шаҳар ва қалъага алоҳида-алоҳида ҳамла қилиб, тўпга тутишни бошладилар. Кечаси эса ўрусларнинг бир неча гуруҳи қалъага юриш қилиб, хандаққа яқин келдилар. Қалъадагилар бундан огоҳ бўлиб, ўрусларни ўққа тутиб, мудофаага ўтдилар. Ўрусларнинг яна бир гуруҳи посбонсиз қолғон жойдан деворға нарвонлар қўйиб, қалъага кирдилар. Қолган4лари эса деворнинг қулаган жойларидан шаҳарга бостириб кирдилар. Ўрус суворийла4ри ҳам Работак дарвозасини 4йиқитиб, тўрт томондан шаҳарга кирдилар. Қалъа аҳолиси узларини ғам-андуҳ денгизида кўриб, турли йўллар билан уруша-уруша чекиндилар. Ўруслар йўлларида учраган уй-жойларни, кишиларнинг тўплаб қўйган ем-хашакларини, заҳира қилиб қўйган ўтунларини ёндириб, унинг ёруғлигида олдинга қараб интилдилар. Шундаи қилиб, тонггача ўруслар шаҳарни буткул забт этиб, ўз тасарруфига олдилар. Шу урушда шаҳрисабзликлардан 500 дан кўпроқ киши шаҳид бўлиб, кўп одам захмдор бўлди. Жангда қатнашган мўътабар кишиларнинг сўзларига қараганда ўруслардан 150 кишига яқин одам талафотга учрабди. Аммо 30 та чўян тўп, бир неча пилта милтиқ ва бошқа нарсалардан жуда кўп заҳира ўруслар қўлига ўтибди.

Сунбула ойининг ўрталарида Самарканд жинироли (Шаҳрисабз) шаҳрига кириб, шаҳар аъёну ашрофини жамъ этиб, Шаҳрисабз Бухоро аморатига таалуқли эканини эълон қилиб аҳолини тинчитди, кейин Китобга келди. Шу ерда амир Музаффар Шаҳрисабзга юборган янги маъмур ва зобитлар билан мулоқот қилиб, вилоятни Бухоро амирининг мутасаддиларига топшириб, Самарқандга қараб жўнади. Шу аснода у эшитдики, Шаҳрисабз волийси Бобобек парвоначи Ҳакимбий ўғли ва унинг ноиби Қаландар эшик оғосининг ўғли Жўрабек додхоҳ Моғиён қасабасида 3 мингга яқин лашкар тўплаб кутиб турибди ва агарда рус аскарлари Шаҳрисабзни бухороликларга бериб қайтсалар, бухороликларни Шаҳрисабздан ҳайдаб, яна вилоятни ўз қўлларига олармишлар. Шунинг учун жинирол Китобдан Фаробга келди. Шаҳрисабз волийсини сипоҳи ила топмасдан Фароб аҳолисиға шундай эълон қилдиким, шу кундан бошлаб сизнинг қасабаларингиз Самарқанд музофотининг ҳайъатига тегишлидир ва сизлар рус тобелигига киргансизлар. Яна бир маъмурни бир фавж ила Моғиёнга юборди ва юқорида айтган мазмундаги хабарни у ернинг аҳолисига ҳам эълон қилди Шу ишлардан сунг Самарканд жинироли ўз аскарлари билан Самарқандга қайтиб кетди. Шаҳрисабз волийси Бобобек ўз акалари ва ноиби Жўрабек додҳоҳ ҳамда хизматкорлари билан анча муддат сарсону саргардон бўлиб, Фарғона чегарисига яқинлашди. Буни Худоёрхонга маълум қилдилар. Жаноби Худоёрхон ўз амирлари билан машварат қилди. Хоннинг акаси Султон Муродбек, умаро ва вузаронинг аксарияти бирлашиб дедиларки: Агарда биз Шаҳрисабз волийсини Фарғона .саройида қабул қилсак Бухоро амири Урусияни бизга қарши қайрайди ва ўруслар биздан волии (Бобобек)ни талаб қиладилар. Агар уни ўрусларга берсак, шарманда бўламиз, агар ўрусларнинг хоҳишини рад қилсак, бу билан аҳду паймонини бузиб, уларга баҳона ва сабаб топиб берган бўламиз. Бунинг чораси шуки, Шаҳрисабз волийсига сафар зарурияти ва лузимотини тахтлаб, аввал уни меҳмон қилиб, кейин Кошғарга жўнатсак. Бу савобли фикр қабул бўлди. Саройнинг бир ишончли мулозамини узру маъни ила зиефат ва меҳмондорчиликка даъват қилиш учун Бобобек олдига юбордилар.

Мазкур маъмур Шаҳрисабз волийсининг олдига келиб аҳволни тушунтирди ва ҳамма нақдини бериб айтдики, «Фарғона ҳокими сиздан узр сўраб ўз мулкида бир неча кун меҳмон бўлишингизни хоҳлайди ва кейинроқ Кошғарга борсангиз, сизни чегарагача кузатиб қўймоқни зиммамизга оламиз». Шаҳрисабз волийси (Бобобек) унга жавоб бердики: «Биз Қошғар сафарини хоҳламаганмиз. Биз Шаҳрисабздан бу томонга Бухоро амири зулмидан қочиб келдик. Бухоро амири бизнинг кўп улуғларимизни ўлдирди. Бизнинг ўртамизда кўҳна адоват бор. Биз Самарқанд жиниролининг олдига бориб таслим бўлмадик, чунки у Бухоро амирининг ўнг қўлидур. Агарда унга таслим бўлганимизда эди, эҳтимол, жинирол амирдан пора олиб, ўзини Туркистон сипоҳсолари Кауфманга яхши кўрсатиш учун бизни Бухоро амирига топширган булур эрди. Агарда Фарғона хонининг (Худоёрхон) ўзи бизни авлодимиз ила Кауфман ҳузурига юборса маъқул эрди. Самарқанд жинироли ва бошқаларнинг воситасисиз ўзимиз Туркистон сипоҳсолари Кауфманга таслим бўламиз, Бизнинг мақсадимиз шу, чунки Русия давлати буюкдур ва уларнинг қонун ва низомларида асирлар ва таслим булган кишиларни ўлдириш қоидаси йўқдур. Буни биз кўп мўътабар кишилардан эшитганмиз.

Кўп жойларнинг ва вилоятларнинг ҳокимлари, масалан, тоторлар, черкаслар ва бошқа ғайридинлар ўрусларга асир тушганда, уларни ўлдирмасдан тарбия қилганлар. Бинобарин, биз сафар саргардонлигидан кўра яхшиси, Тошкандга бориб, ўрусларга таслим бўламиз, агар ҳазрати Фарғона хони бизларни ўз элчиси билан Тошкандга жўнатса, ундан рози ва хушнуд бўлардик».

Мазкур маъмур бу сўзларни Шаҳрисабз волийсидан эшитиб, хон ҳазратлари олдига келиб, ҳаммасини арз қилди. Хон жаноблари волий илтимосини қабул айлаб, йўл эҳтиёжи ва харажатини хазинадан бериб юборди. Шаҳрисабз волииси Бобобек парвоначи Ҳакимбий ўғлини баъзи шахсий мулозимлари ва ноиби Жўрабек додҳоҳ Қаландар эшикоғоси ўғли билан бирга Хўқанддан яна бир элчи қўшиб, Тошкандга жунатдилар.

Уларнинг қолган қариндошларини, уруғларини Бобобек парвоначи илтимосига кўра Фарғонада қолдирдилар ва уларнинг мартаба ва мақомларига қараб, хазинадан маош муқаррар қилдилар.

Абдулмалик тўра ғозий Самарқанд жинироли билан Қаршида жанг қилиб талофотга дуч келгач, Оллоҳ иродаси ила бир муддат Урганж ва Афғонистонда мусофират заҳматини чекди. У ёқлардан Фарғона мамлакатига келиб, бир неча кун Фарғона хонининг дарборида меҳмон бўлиб, ўз хоҳиши ила Кошғарга ўтиб кетди ва бир неча вақт шу ерда яшади. Кейин Бритониё Азимага кетди. Маккаи мукаррама зиератиға борган мўътабар кишиларнинг айтишларича, фозил амирзода ҳозир Ҳиндистонда иззату икром, офият ва саломат маснадида ўтурган эканлар. Ва бу жумлалар ҳам ғароииб воқеаларнинг баёни эди ва биз уларни мухтасар ёздик.

Форс-тожик тилидан Шодмон ВОҲИД таржимаси

Сайтга Абу Муслим тайёрлади

1, 2 қисмлари

 
Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530)
24.01.2014 22:17    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатги Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келди. Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоға-жиянлар, амакиваччалар ўртасида ҳокимият — улуғ боболари Амир Темур тузган йирик давлатга эгалик қилиш учун кураш ниҳоят кескинлашган эди.

Адабиёт, нафис санъат, табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин, барча Темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосини отаси саройида, етук устозлар раҳбарлигида эгаллади. Бироқ унинг беташвиш ёшлиги узоққа чўзилмади. 1494 йили отадан етим қолди. 12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими этиб кўтарилган Бобур қаламни қиличга алмаштириб, Андижон тахти учун укаси Жаҳонгир Мирзо, амакиси Султон Аҳмад Мирзо, тоғаси Султон Маҳмудхон ва бошқа рақибларга қарши курашишга мажбур бўлди. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан муросага келиш учун унга ён беришга — Фарғона улусини иккига тақсимлаб, ярмини укасига топширишга қарор қилда ва ўзи Самарканд учун олиб борилаётган ку-рашга киришиб кетди. Бир неча йил давом этган бу кураш қирғин-баротдан бошқа бирор натижа бермади: унда катта ҳарбий куч билан аралашган Шайбонийхоннинг қўли баланд келди ва Бобур Самарқандни ташлаб кетишга мажбур бўлди. 1504 йили Шайбонийхон Андижонни ҳам қўлга киритгандан сўнг, Бобур жанубга қараб йўл олди ва Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатди. 1505-1515 йилларда у Марказий Осиёга қайтишга бир неча бор уриниб кўрди. Аммо бу уринишлардан ҳеч қандай натижа чиқмади. Сўнг ўз мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида, 1519-1525 йиллар давомида Ҳиндистонни қўлга киритиш учун бир неча бор жанглар олиб борди. 1526 йил апрел ойида Панипатда Ҳиндистон султони Иброҳим Лўди билан ва 1527 йили март ойида Читора ҳокими Рано Санго билан бўлган жангларда Бобурнинг қўли баланд келди. Тарихий маълумотларнинг баён қилишича, Бобурнинг Ҳиндистонга юришида Деҳли ҳукмдори Иброҳим Султон сиёсатидан норози бўлган Панжоб ҳокимлари ҳам Бобурни қўллаганлар ва Сикри жангидаги бу ғалаба Бобурга Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини узил-кесил ўрнатиш ва Бобурийлар сулоласини барпо этиш имкониятини берди. Оврўпо тарихчилигида «Буюк мўғуллар» номи билан «ғаллати машҳур» бўлган, аслида «Бобурийлар сулоласи» Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди.

Бобур бу ғалабадан кейин узоқ яшамади — 1530 йил декабр ойида, Агра шаҳрида вафот этди ва кейинроқ унинг васиятига кўра фарзандлари унинг хокини Кобулга олиб келиб дафн этдилар.

Бироқ қисқа бир вақг ичида Бобур Ҳиндистонда сиёсий муҳитни барқарорлаштириш, Ҳиндистон ерларини бирлаштириш, шаҳарларни ободонлаштириш, савдо-сотиқ масалаларини тўғри йўлга қўйиш боғроғлар яратиш ишларига ҳомийлик қилди. Ҳиндистонни ободонлаштириш, унда ҳозиргача машҳур бўлган меъморий ёдгорликлар, боғлар, кутубхоналар, карвонсаройлар қурдириш, айниқса, унинг ўғиллари ва авлодлари даврида кенг миқёсга ёйилди. Ҳиндистон санъати ва меъморчилигига Марказий Осиё услубининг кириб келиши сезила бошлади. Бобур ва унинг ҳукмдор авлодлари ҳузурида ўша даврнинг илғор ва зеҳни ўткир олимлари, шоирлари, муси-қашунослари ва давлат арбобларини мужассам этган мукаммал бир маънавий-руҳий муҳит вужудга келди. Бобурийлар давлатидаги маданий муҳи гнинг Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида Жаваҳарлаъл Неру шундай ёзган эди: «Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катга силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди».

Бобур Ҳиндистонда катга ҳажмдаги давлат ишлари билан бир қаторда ўзининг адабий-бадиий фаолиятини ҳам давом эттирди ва юқорида зикр этилган асарларини яратди. Бобурнинг бутун жаҳон оммасига машҳур бўлган шоҳ асари «Бобурнома»дир. Маълумки, унда Бобур яшаган давр оралиғида Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон ва Ҳиндистон халқлари тарихи ёритилган. Асар асосан уч қисмдан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми — XV асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёда рўй берган воқеаларни; иккинчи қисми — XV асрнинг охири ва XVI асрнинг биринчи ярмида Кобул улуси, яъни Афғонистонда рўй берган воқеаларни; учинчи қисми — XVI асрнинг биринчи чорагидаги Шимолий Ҳиндистон халқлари тарихига бағишланган. «Бобурнома»да ўша даврнинг сиёсий воқеалари мукаммал баён қилинар экан, ўз юрти Фарғона вилоятининг сиёсий-иқтисодий аҳволи, унинг пойтахти Андижон шаҳри, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ўш, Урганч, Ўратепа, Термиз ва бошқа шаҳарлар ҳақида ниҳоятда нодир маълумотлар келтирилган. Унда Кобул улусининг йирик шаҳарлари Кобул, Ғазна ва улар ихтиёридаги кўпдан-кўп туманлар, вилоятлар, Шимолий Ҳиндистон ҳақида маълумотларни учратиш мумкин.

«Бобурнома»ни варақларканмиз, кўз олдимиздан Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларига хос бўлган фазилат ва нуқсонлар, уларнинг тафаккур оламини кенглиги ва мураккаблиги билан бирга, ўша даврдаги ҳаёт муаммолари, Бобур давлатидаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг тўлиқ манзараси намоён бўлади. «Бобурнома»да келтирилган бу тарздаги маълумотлар Бобур даврида ёзилган бошқа тарихий манбалар: Мирхонд, Хондамир, Муҳаммад Солиҳ, Биноий, Муҳаммад Ҳайдар, Фаришта, Абул-Фазл Алломий ва бошқа тарихчиларнинг асарларида бу даражада аниқ ва мукаммал ёритилган эмас. Муаллиф «Бобурнома»да Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Беҳзод, Мирзо Улуғбек ва бошқа алломалар ҳақида ўзининг энг юқори фикр ва мулоҳазаларини билдиради.
«Бобурнома» — Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон халқларининг XV аср охири — XVI асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ўзида акс эггирган бўлса ҳам, шу билан бирга жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, юқорида номлари келтирилган вилоятларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жуғрофий мавқеи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тоғлари, дарёлари, халқлари, қабила ва элатлари ва уларнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, муҳим тарихий иншоотлари — ҳиндулар ва мусулмонларнинг ибодатхоналари, тўй ва дафн маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотларни ўзида қамраб олган шоҳ асардир. Шу боис «Бобурнома» тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келмокда.

Узоқ йиллар давомида Ғарб ва Шарқнинг машҳур шарқшунос олимлари «Бобурнома» мазмунини жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида катта фаолият кўрсатдилар. Масалан, голландиялик олим Витсен, англиялик олимлар Ж. Лейден, В. Эрскин, Р. Колдекот, А. Бевереж, Т. Албот, германиялик Ю. Клайнрат ва А. Кейзер, франциялик Паве де Куртейл, ҳиндистонлик Мирзо Насриддин Ҳайдар Ризви, туркиялик Р. Р. Арт ва Н. И. Баюр ва бизнинг давримиздаги франциялик олим Бакке Громон, афғонистонлик олим Абулҳай Ҳабибий, покистонлик олимлар Рашид Ахтар, Надви ва Шоҳ Олам Мавлиёт шулар жумласидандир. «Бобурнома»ни ўрганиш соҳасида жаҳоннинг машҳур шарқшунослари қаторидан япониялик олимлар ҳам жой олмоқцалар.

Маълумки, Бобурнинг тарихий, илмий ва адабий меросини ўрганиш ва оммалаштиришда Ўзбекистон, Тожикистон, Россия олимларининг фаолиятлари ҳам диққатга сазовордир. ХIХ-ХХ асрлар давомида Георг Кер, Н. Ильминский, О. Сенковский, М. Салье, Порсо Шамсиев, Содиқ Мирзаев, В. Зоҳидов, Я. Ғуломов, Р. Набиев, С. Азимжонова, А. Қаюмов каби олимларнинг саъй-ҳаракатлари билан «Бобурнома» бир неча бор рус ва ўзбек тилларида чоп этилди, уларга сўзбоши ёзилди ва кенг китобхонлар оммасининг маънавий мулкига айлантирилди, унинг шеърлари ҳам бир неча бор нашр этилди.

Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асарлари билан ҳам машҳурдир. Унинг ҳаёти ва адабий фаолияти Мовароуннаҳрда сиёсий ҳаёт ниҳоят мураккаблашган феодал гуруҳларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари авжига чиққан ва Темурийлар давлатининг инқирози давом этаётган бир даврга тўғри келган эди. Бундай мураккабликлар инъикосини «Бобурнома»да кўрган бўлсак, шоир руҳиятида қандай акс этгани эса, унинг шеърларида намоён бўлади. Мовароуннаҳрни бирлаштиришга уринишлари натижа бермагач, Бобур руҳан қийиналган, амалдорларнинг хиёнатлари таъсирида умидсизликка тушган кезлардаги кайфияти шеърларида акс этган. Кейинчалик ўз юртини тарк этиб, Афғонистон ва Ҳиндистонга юз тутганда Бобур шеъриятида Ватан туйғуси, Ватан соғинчи, унга қайтиш умиди мавж ура бошлади.

Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерин қўйиб Ҳинд сори юаландим,
Ёраб, нетайин, не юз қоролиғ бўлди.

Шу билан бирга Бобур лирикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр васли, унинг гўзаллиги, унга чексиз муҳабат, ҳижрон азоби, айрилиғ аламлари ва висол қувончлари ниҳоят гўзал ва моҳирона ифода этилган.

Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лола руҳ, бу чеҳраи зардим.
Сен эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Аёғингга тушуб барги хазондек мунча ёлвордим.

Бобур ўз лирик шеърларида ҳар доим одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварликка, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга чақирди:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,
Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.

Бобур лирик шеърлари ва тарихий «Бобурнома»сидан ташқари, ислом қонуншунослиги ва бошқа соҳаларда ҳам асарлар яратган. 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган «Мубаййин» номли асарида ўша замон солиқ тизимини, солиқ йиғишнинг қонун-қоидаларини, шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиниши ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берган. «Хатти Бобурий» деб аталган рисоласида араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан бирмунча соддалаштириб беришга ҳаракат қилган. У, тажриба сифатида «Хатти Бобурий» алифбосида Қуръони Каримни кўчирган. Бобурнинг аруз вазни ва қофия масалаларига бағишланган «Муфассал» номли асари ҳам бўлганлиги маълум, бироқ бу асар бизгача етиб келмаган.

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди.

Академик Азимжанова С, тарих фанлар номзоди Валиева.

 
Дукчи эшон ва Николай II
12.04.2014 18:35    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Тарихий хотираси бор инсон – иродали инсон. Такрор айтаман, иродали инсондир. Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди. Ислом Каримов

Ровийларнинг айтишича, шоҳ аввал қароқчилик қилган-у, сўнгра бу йўлдан қайтган, қизиқ-қизиқ ҳикоят ва латифалар айтиб дилларни овлашга моҳир бир кишини мусоҳиблари сафига қўшган экан. Бир зиёфатда ошпазлар дастурхонга қирғовул гўшти тортаётганини кўриб, собиқ қароқчи мийиғида кулиб қўйибди. Бунга иттифоқо кўзи тушган шоҳ ундан нима сабабдан кулганини сўрабди. Қароқчи тўғри жавобдан бўйин товлай олмай бундай дебди: “Шоҳим, қароқчилик қилган кезларим қай кун даштда бир кишининг йўлини тўсдим. У ҳеч бир қаршиликсиз ҳамёнидаги бор ақчасини қўлимга тутқазди. Лекин мен бу воқеани кейин гуллаб қўймасин, деган ҳадикда уни ўлдирмоқчи бўлдим. Шунда, у “Биродар, жонимга қасд этмай мени қўйиб юбор. Оллоҳга қасам, сенга ҳеч бир даъвойим йўқ. Оилам ёнига омон қайтсам, шунинг ўзи кифоя…” дея ялина бошлади. Мен бу илтижога парво қилмай, қилични даст кўтардим. Шу чоқ у талваса-ла ён-атрофга аланглади-да кўкда учиб бораётган бир гала қирғовулга қарата “Эй қирғовуллар, сизлар шоҳид, мени ноҳақ ўлдираётир”, деб бақирди. У шу сўзларни айтишга улгурдию қилич зарбидан жон берди. Умрим бино бўлиб бундай нодонни учратмаган эдим, шоҳим. Ахир, ҳеч замонда қирғовул ҳам гувоҳликка ўтадими?! Ўша нодоннинг гапи ёдимга тушиб, мийиғимда кулиб қўйган эдим”. Собиқ қароқчи ана шу сўзларни айтиб шоҳга боқса, ҳукмдорнинг авзойи бузилган, зиёфат аҳли эса кўзини ерга қадаб сукутга чўмганмиш. Шунда шоҳ “Қирғовул шоҳидлик берди! Жаллод, олиб чиқ буни!” деган экан…
Оқ подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсати оқибатида миллий камситилишнинг чуқурлашиб бориши, солиқ юки ва ижтимоий зулм ҳаддан зиёд ортиши, айниқса, Русиядан кўчириб келинган “мужик”ларга катта ер майдонлари тақсимлаб берилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун полиция ташкил этилиши маҳаллий аҳолининг хўжалик юритишини қийинлаштириш баробарида иззат-нафсига ҳам оғир ботди. Ана шу сабабларга кўра, Каттақўрғон, Самарқанд ва Тошкентда кўтарилган қўзғолонлар шафқатсизларча бостирилганига қарамай, 1898 йили Андижоннинг ерли аҳолиси ҳам чор Русияси ҳукуматига қарши Дукчи эшон бошчилигида оёққа қалқди.
Дукчи эшон нақшбандия тариқатининг минтақадаги бообрў шайхларидан бўлиб, асл исм-шарифи Муҳаммад Али халфа эди. Уни Шайхи дуктарош ёки Дукчи эшон деб аташларига сабаб, урчуқ – дук ва беланчак ясаб, “Дилинг Оллоҳда-ю, қўлинг ишда бўлсин” (”Дил ба ёру даст ба кор”) ақидаси бўйича тирикчилик қилганидир.
Тарихчи олима Д.Алимова интернет сайтларидан биридаги “История и время” (“Тарих ва замон”) номли мақоласида Дукчи эшон қўзғолонига мана бундай баҳо берган (мақола рус тилида ёзилган бўлиб, иқтибосни аслиятда келтирмоқдамиз): “Приведу лишь один только пример – касательно истории известного Дукчи Ишана, возглавившего выступление населения Андижана в 1898 г. против царской администрации. Конечно же, это было национально-освободительное движение. Однако возведение Ишана в исторической публицистике в национального героя не правомерно. Ведь здесь необходимо углубленное изучение его взглядов и позиций. Исследование произведения самого Дукчи Ишана “Ибрат ал-Гофилин” показывает его узкое мировоззрение и скудость интеллекта, выявляет разнохарактерность целей участников восстания и его предводителя. Амбиции Дукчи Ишана, реализованные посредством религии и экономических требований участников восстания, уставших от беспредела колониальных властей, вынудили его возглавить выступление, а не отнюдь высокие мотивы освобождения Родины. Сам он мечтал о создании внеэтнического суверенного исламского государства, возрождении истинного ислама и призывал к газавату. К счастью, сейчас в этом вопросе поставлены точки над i публикацией Б.Бабаджанова (Б.Бабаджанов. “Андижанское восстание 1898 года: Дервишский газават или антиколониальное выступ­ление?”) // “O‘zbekiston tarixi”, 2001, №2.)”
Мен ушбу парчани диққат-ла ўқиб чиққач, “i” устига нега нуқта қўйилди экан, олима бу билан нима демоқчи бўлади, дея мушоҳадага толдим. Бу Дукчи эшон тарихини тадқиқ этиш ниҳоя топди деганими ёки Муҳаммад Али халфани миллий қаҳрамон аташга чек қўйдик деганими? Ваҳоланки, она-Ватанимиз ўтмишига – унинг дукчи эшонлари тарихига бот-бот қайтмоғимиз зарур ва, демакки, бу масалага на Д.Алимова, на Б.Бобожонов нуқта қўя олади. Дарвоқе, бир замонлар анча-мунча “ажнабий”лар шундай нуқта қўймоққа чоғланган ва баъзи масалаларда озми-кўпми ниятига етган ҳам эди. Д.Алимова тарихчи сифатида бунга биздан-да кўпроқ мисол келтира олишига шубҳа йўқ. Ушбу аччиқ тажриба ҳам даъват этадики, тарихимизни англашга дарров нуқта қўя қолмаганимиз маъқул. Зеро, халқимиз кечмишини ҳаққоний ўрганиш фурсати энди келди! Ўтмишимиз қандай бўлмасин ўзимизники ва уни рўй-рост халққа етказиш тарихчиларимиз бурчидир. Курраи арзда шахсий амбицияси – иззат-нафсини деб лак-лак одамларни оёққа қалқтирган не-не тарихий шахслар ўтган ва бундан кейин ҳам албатта ўтади. Тарих фани амбицияси – иззат-нафси бўлмаган шахслар билангина шуғулланмоғи зарур деган гапни ҳеч ерда эшитган ҳам, ўқиган ҳам эмасман…
Ҳақиқатан ҳам, Дукчи эшон қўзғолон раҳбари сифатида баъзи хатоларга йўл қўйган ва буни исботловчи аниқ далиллар бисёр. Аммо менимча, унинг энг катта нуқсони ўзи бошқарган қўзғолонда мағлуб бўлганидир. Дукчи эшон ғолиб келганида, унинг амбицияси – иззат-нафсига ҳам ўзгача баҳо берилармиди?! Спартак Рим қулларини озодлик сари курашга бошлаганида, авваламбор, ўз эркию иззат-нафсини кўзлагандир?! Ёки фақат ўзгалар ҳурлигини мақсад қилиб олганмикан? Емельян Пугачев-чи? Степан Разин-чи? Нима, уларда иззат-нафс бўлмаганми? Нега улар ҳақидаги ҳукм Дукчи эшонникидан бошқача? Тарих, жиллақурса, сўнгги нуқтасини қўйишу саҳифасидан номини ўчиришга шошмаяпти-ку!
“Дукчи эшон қўзғолони иштирокчиларидан 777 нафари ҳибсга олиниб, тергов қилинади. Кўплари калтаклаш ва бошқа қийноқларга чидолмай қамоқхоналарда жон беради. Терговдан сўнг 415 киши суд қилинади, улардан 32 нафари айбсиз деб топилиб оқланади, 380 нафари эса айбдор деб топилиб ўлим жазосига ҳукм этилади. Бир кишига умрбод қамоқ жазоси, уч кишига ахлоқ тузатиш лагерида муддатни ўташ билан боғлиқ жазо белгиланади. Бироқ император авфи билан юқорида зикр этилган 380 кишидан фақат 18 нафари (бошқа бир маълумотга кўра, 21 нафари) осиб ўлдирилади. Қолган 362 нафарига тайинланган жазо енгилига алмаштирилади: 3 киши – умрбод сургунга, 147 киши – 20 йилга, 41 киши – 15 йилга, 1 киши – 13 йилга, 1 киши – 8 йилга, 47 киши – 7 йилга, 4 киши – 4 йилга, 15 киши – Сибирь сургунига ва 3 нафар вояга етмаганлар ахлоқ колониясига ҳукм этилади.” (“Русский инвалид”, 1898, №127). Бундай фожиага, бир томондан, Дукчи эшон ярим ялонғоч, оч-наҳор, кетмон ва паншаҳа билан “қуролланган” қўзғолончиларни суст бошқаргани, иккинчи томондан, Русия императори Николай Иккинчининг Туркистон ўлкасидаги ғайриинсоний тартиблари сабаб бўлган.
“Эшонни дорнинг тагига олиб келиб, оёғидаги темир кишанни очамиз деб уриндилар, илож бўлмади, шекилли, болға билан уриб синдирдилар ва бошқа рафиқларнинг кишанлари ҳам уруб синдирилди… Дорни тикар вақтида дорнинг тегига одам бўйидан пастроқ чуқурлар қазилиб, устига бўйра ёпиб қўйилган экан. Бир тўп солдатлар келиб, қўлларидаги шофлари билан арғамчиларни кесиб юбордилар. Ҳаммалари ерга чўзулуб тушдилар. Кейин бир арава оҳак келтириб, олти кишини икки чуқурга ташлаб, устидан оҳак ташладилар. Ҳар тарафдан тупроқларни тортиб, бирор газ тупроқ тушгандан яна оҳак солиб, ҳосили тупроқни оҳак билан аралаш қилиб, қаттиқ тепиб кўмдилар…”(Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси. Т., “Чўлпон”, 1992, 52, 54-55 бетлар).
Дукчи эшон ва унинг яқин сафдошларини дорга осгач, ҳатто суяги ҳам қолмасин дея жасадлар устидан оҳак сочган ҳамда қабрлар изини йўқ қилишга уринган ваҳший тузум Муҳаммад Али халфанинг “дунёқараши тор ва ақл-идроки ночорлигини, қўзғолон иштирокчилари ва улар раҳнамосининг мақсади турлича бўлганини кўрсатади”ган “Ибратул ғофилийн” китоби сақланиб қолишига нечук йўл қўйди экан?! Авваламбор, тарихчиларнинг “Ибратул ғофилийн” асари айнан Дукчи эшонга тегишли эканига қанчалар ишончи комил? Қолаверса, мазкур асар ҳақида Б.Бобожоновга зидма-зид, ижобий фикрлар баён этган муаллифлар ҳам бор. Чунончи, адиб С.Сиёев “Ибратул ғофилийн” асари “дину диёнат нурига ошуфта кўнгилларга ажиб бир зиё элтиб, дилларни илоҳий бир туйғу ила тўлдиришига” имони комил эканини таъкидлайди. (“Юлдуз – Андижон осмонида”. Китобга сўзбоши // Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси…, 4-бет). Мен Муҳаммад Али халфа ва унинг шахсига Д.Алимова берган салбий баҳо ҳақида ўйлаганимда, қуйидаги шубҳакор хаёлларга бораман. Кўп асрлик тарихимизни обдон сохталаштириб, бизни манқурт қилмоқчи бўлган ўша империя асоратлари ҳали ҳам онг-тафаккуримизни чалғитишда давом этмаяптими?! Шу империя Дукчи эшон жасади узра оҳак аралаш тупроқдан уйган қабр тошига шошма-шошарлик билан мазкур шахс фақат иззат-нафсинигина кўзлаган, деган хулосамизни ёзиб қўймаяпмизми? Мустақиллик йўлида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон ўзи билганича, Дукчи эшон ҳам ўзи билганича кураш олиб борган-ку?! Ватан озодлиги учун курашлар тарихида ғалабага элтувчи зарур фазилатларга эга бўлмаган йўлбошчи биргина Дукчи эшонми? Ахир серфазилат одамлар кўпинча пана-панада биқиниб юрган ва ҳокимият билан ҳатто муроса ҳам қилиб кетаверган-ку! Д.Алимова талабига жавоб бериши мумкин бўлган Қодирқул мингбошига ўхшаш юртдошларимиз, афсуски, чор Русияси қўлида Туркистон эркини паймол этувчи қуролга айланган. Бундай кимсалар “ватан” деганда бир бурда нон ивитилган ювиндию ит ғажиган бир бўлак суяк тутувчи қўлни тушунган. Балки кимгадир Дукчи эшон дин пешвоси бўлгани ҳолда бундай қўзғолонга бошчилик қилгани ёқмас? Бироқ айни табақага мансуб шахслар ватан ва халқ озодлиги йўлида курашга бошчилик қилгани тарихда кўп учрайди. Бунга мисол сифатида Хоразм халқини Чингизхон босқинига қарши оёққа турғазган шайх Нажмиддин Кубро, бу йил таваллудининг 600 йиллиги нишонланаётган, Франция озодлиги учун кураш алангасида тобланган диндор бокира қиз Жанна д’ Арк, Американинг қора танли аҳолиси ҳақ-ҳуқуқлари йўлида жон фидо қилган руҳоний Мартен Лютер Кинглар номини тилга олиш кифоя қилар?!
Дукчи эшон ва унинг сафдошлари шафқатсизларча жазолангандан сўнг, бир неча йил ўтиб Русия императори Николай Иккинчи ундан-да аянчлироқ ўлим топганига нима дейсиз?
Николай Иккинчи 1894-1917 йиллар мобайнида Русия императори бўлган. У 1917 йилги Февраль инқилобидан сўнг тахтдан воз кечишга мажбур этилади. Сўнгги Романов бошқарувни муваққат ҳукуматга топширгач, Русияда фуқаролар уруши аланга олиб кетади. Уй қамоғида сақланаётган подшоҳни аввал муваққат ҳукумат Сибирга, сўнгра большевиклар Уралга жўнатади. Ундан ҳам кейин Николай Иккинчи Екатеринбург шаҳрида оила аъзолари билан бирга қатл эттирилади. Русиянинг сўнгги тахт соҳибини замондошлари ва муаррихлар турлича тавсифлаган. Кўпчилик унинг салоҳияти Русияни қамраган сиёсий инқирозни даф этиш қадар юксак бўлмаган деган қарашни билдиради.
…Шоҳ ақлли, ўқимишли, билимдон одам эди. У айниқса кишиларнинг исми-шарифини ёдда узоқ сақлаб қолар ва ниҳоятда дилкаш суҳбатдош эди. Шоҳ тарихни яхши билар ва шу соҳага оид жиддий тадқиқотларни ёқтирарди. У жисмоний меҳнатни хуш кўрар, бусиз яшай олмасди…
…Подшоҳнинг хулқ-атворидаги асосий хусусият юмшоқ табиатлилик эди…
…Императорнинг Русияга муҳаббати масаласига келсак, у ватанини шу қадар севардики, сўз билан таърифлаш қийин. Русия унга насронийлик дини қадар азиз эди; у динидан воз кеча олмаганидек, ватанини ҳам тарк эта олмади…
…Шоҳ на салобати, на сўзи билан аскарлар қалбини забт этолган, уларнинг руҳини кўтариш ва мафтун этишга муяссар бўлолган. У қўлидан келган барча ишни қилган ва шу жиҳатга кўра уни айбдор деб санаш қийин, бироқ у халқни юксак марраларга чорлай олмаган (А. А. Брусилов).
У ҳақда касалманд, аҳмоқ, жоҳил… дея ноҳақ сўзлашади. У оддий гвардия офицери эди (А.П.Чехов).
Николай Иккинчи ҳаётидаги асосий воқеалар қуйидагилардан иборат. Бўлғуси под­шоҳга соҳибсалтанат Александр Учинчи буйруғига кўра, диний асосда таълим-тарбия берилади. Николай 13 йил давомида махсус дастур асосида ўқийди. Таълимнинг дастлабки 8 йили чуқурлаштирилган гимназия дастури асосида олиб борилиб, сиёсий тарих, рус адабиёти, инглиз, немис ва француз тили дарсларига алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги беш йил ичида эса у давлатни бошқаришда асқатадиган ҳарбий санъат, ҳуқуқ ва иқтисод фанларини ўрганади. Маърузаларни дунёга машҳур рус олимлари Н.Бекетов, Н.Обручев, Ц.Кюи, М.Драгомиров, Н.Бунге, К.Победоносцев ва бошқалар ўқийди. Пресвитер И.Янишчев валиаҳдга ҳуқуқ асосларини илоҳиёт ва дин тарихига боғлаб тушунтиради.
1894 йили Николай Иккинчи немис маликаси Алиса Гессенскаяга уйланади. Ана шундан сўнг пошшо хоним Александра Федоровна номини олади. Улар аввал тўрт – Ольга (1895), Татьяна (1897), Мария (1899) ва Анастасия (1901) деган қиз фарзанд кўради. 1904 йили Петергофда бешинчи фарзанд, ёлғиз ўғил – шаҳзода Алексей Николаевич туғилади.
Империянинг иқбол қуёши йилдан-йил сўниб, 1917 йил 25 февралда Николай Иккинчи манифести билан Давлат Думаси фаолияти тўхтатилади. Бундай қарор Русиядаги танг сиёсий вазиятни баттар чигаллаштиради. Николай Иккинчи алалоқибат 1917 йил 2 мартда тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. Тожсиз шоҳ 1917 йил 9 мартдан 14 августгача оиласи билан Царское Селодаги Александровск саройида уй қамоғида яшайди. 1917 йил 14 августда эса яна оиласи билан 7 нафар офицер ва 337 нафар солдат қўриғида Тьюменга жўнатилади.
Давлат тепасига большевиклар келгач, император оиласи Тьюмендан Екатеринбургга кўчирилади. Улар тоғ муҳандиси Н.Ипатов уйига жойлаштирилади. Император оиласи билан бирга уларга хизмат этувчи яна беш киши – шифокор Е.Боткин (сариқ касалини кашф қилган олим), камерлакей А.Трупп, Александра Федоровнанинг оқсочи А.Демидова, ошпаз И.Харитонов ва ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёв ҳам шу ерда истиқомат этган. Шоҳ оиласи ушбу манзилда ҳаётининг сўнгги 78 кунини ўтказган.
1918 йил 12 июлда император ва унинг оила аъзоларини қатл этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Ушбу қарорни ким, қаерда, нега қабул қилинганию асл нусхаси қаерда сақлангани ҳануз сир бўлиб турибди. Шоҳ ва унинг оиласи Урал ишчи-деҳқон ва солдатлар кенгаши қарорига кўра қатл этилган деган ясама ҳужжат кейинроқ “пайдо бўлган”. Русия императори, унинг рафиқаси ва фарзандлари, доктор Боткин ҳамда шоҳ оиласи хизматидаги кишилар (ошпаз ёрдамчиси Л.Седнёвдан ташқари, бу гумашта сотқин шекилли, фожиадан бир-икки кун аввал ишдан четлатилиб, уйдан ҳайдалган) “Махсус ваколатли уй” – Екатеринбургдаги Н.Ипатов уйида 16 июлдан 17 июлга ўтар кечаси қатл этилади. Шоҳ оиласига тегишли барча шахсий буюм ва бойликлар қатлдан сўнг талон-тарож қилинади. (Николай Иккинчининг рафиқаси ва қизлари либослари ичига олтин занжирлар, бошқа қимматбаҳо тақинчоқ ва тошларни яшириб олган эди.)
Қатл куни Николай Иккинчининг оила аъзо­лари ва барча хизматчилари, одатдагидек, соат 22 дан 30 дақиқа ўтганда ухлашга ётади. Орадан роппа-роса бир соат ўтганда бу ерга икки киши махсус топшириқ билан келади. Улар қоровуллар бошлиғи П.Ермаков ва уй коменданти Я.Юровскийга қатл ҳақидаги қарорни топшириб, ҳукмни зудлик билан ижро этиш талабини қўяди. Уйқудан уйғотилган шоҳнинг оила аъзолари ва барча хизматчиларига Оқ армия аскарлари шаҳарга бостириб келаётгани, тўқнашув чоғида уй ўққа тутилиши мумкинлиги, шу сабаб дарҳол уйнинг ертўласига тушиш зарурлиги айтилади. Ертўлага тушилгач, ҳукм эълон қилинади ва қатл ижросига киришилади. Ушбу машъум “тадбир” кечаси соат бирда тугайди. (Мазкур сатрларни қалбда изтироб ва кўзда ёш билан ёздим – М.Т.)
Я.Юровский қўлидаги рўйхат бўйича қатлни ижро этган барча аскарлар венгер ўқчилари бўлган. Бу аскарлар рус тилини мутлақо билмаган, улар Я.Юровский билан немис тилида гаплашишган.
Оқлар ҳаракати Русиянинг Олий ҳукмдори деб эълон қилган адмирал А.Колчак изқувар Н.Соколовга Николай Иккинчи ва унинг оила аъзолари қатли юзасидан қидирув олиб боришни топширади. Аммо Колчак отиб ўлдирилгани, Совет ҳокимияти ўрнатилгани ва Н.Соколов Парижда вафот этгани сабаб ушбу қидирув охирига етмай қолади. 1991 йили Н.Соколов маълумотларига асосланиб, император оиласи жасадларининг қолдиғи топилади (ушбу жасадлар МВД ходими Г.Рябов тамонидан 1979 йили топилиб, қайтадан кўмиб ташланган эди). 2007 йил ёзида яна Эски Коптяков йўлида қидирув ишлари йўлга қўйилади. Бу гал шоҳ оиласининг 1991 йили топилмаган икки аъзоси (шаҳзода Алексей ва малика Мария) жасади қолдиқлари изланади. Ниҳоят император кўмилган жой яқинидан 10-13 ёшлардаги ўғил ва 18-23 ёшлардаги қиз жасади қолдиқлари топилади. Екатеринбург археологлари ва экспертлари хулосасига кўра, ушбу қолдиқлар шаҳзода Алексей ва малика Мария жасадига тегишли экани тасдиқланади. Николай Иккинчининг фарзандлари чопиб ташланганидан далолат берувчи из уларнинг елка қисмида аниқланган. Бундан ташқари калла суягида ўқ ҳосил қилган тешиклар ҳам бор. Николай Иккинчи, унинг оиласи ва хизматчилари жасади элтиб ташланган лаҳадга тупроқ аралаш оҳак ва кислота сепилган.
Омманинг вахшиёна қатлга муносабатини ўша даврда яшаган В.Коковцов қуйидагича ифодалайди: “Аянчли хабар эълон қилинган куни мен икки бор кўчага чиқдим, трамвайда шаҳар кездим, аммо бирор ерда озгина бўлсин раҳм-шафқат, ачиниш-қайғуриш аломати кўрмадим. Ахборот баланд овозда, кесатиқ ва мазах оҳангида ўқиларди… Маънисиз бир тошбағирлик, қонсираган бир манманлик руҳи ҳукм сурарди. Теварак-атрофдан “Аллақачон шундай бўлиши керак эди”, “Қани яна бир шоҳлик қилиб кўр-чи энди”, “Николашкага – кришка”, “Эй, биродар Романов, ўйнаб бўпсан-да”, деган жирканч сўзлар эшитиларди…”
Император ва унинг оиласи жасади қолдиқлари 1998 йил 17 июлда Санкт-Петербург шаҳридаги Петропавловск хилхонасига олиб келиб дафн этилди. Николай Иккинчи азоб-уқубат чеккан мўътабар зот дея эълон қилинди. Унинг хотирасини абадийлаштириш учун Екатеринбургдаги Ипатев уйи ўрнида муҳташам ибодатхона барпо этилди.
Эвоҳ, бир давр ва бир давлатда яшаган икки инсон фожиаси нақадар муштараклиги киши этини жунжуктириб юборади. Нақшбандия сулукининг пири ма­қомига эришган ва дукчилик ҳунари ортидан кун кечирган Муҳаммад Али халфа иттифоқо Худоёрхон каби умргузаронлик этишга ҳавас қилиб, шахсий иззат-нафси йўлида халқ бошига фалокат ёғдирган дея хулоса чиқарсак, ноҳақ бўламиз чоғи. Унинг қамоқхонада жабр-зулмга мардона чидагани ва қўзғолон аҳлидан бирортасини сотмагани, айниқса, чор Русияси ҳукумати олдида тавба-тазарру қилмагани бу зотни асл матонатли шахс, чин ватанпарвар инсон дея олишимизга асос беради, бизнингча. Ҳамид Зиёев “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” китобида (Тошкент, “Шарқ”, 1998 йил) Фозилбек Отабек ўғли лафзидан ушбуларни баён этади: “Арслонбоб тарафига излаб юргувчи Яъқуб қўрбоши билан Қодирқул мингбошига одамлар эшонни шу тарафда кўрганларини айтганлари учун Арслонбобга яқин Тошкўприк деган тор йўлни тўсиб турганларида, Эшон ўша йўлдан бориб, Тошкўприк устида учраб қолғон. Дарҳол Яъқуб қўрбоши: “Эй, тақсир! Ман сизни кутиб турибман, ёрдам қилмоқ учун” деб, отдан ўзини ташлаб кўришмоқчи бўлиб югурган, эшон ҳам отдан тушиб, йиғлаб қучоқлашиб кўришган вақтда, эшонни кўтариб, тагига босиб олган ва одамларни чақириб, боғлаб олганлар. Орқасидан уч одамни ҳам тутиб, тўртовларини боғлаб қўйганлар. Қодирқул мингбоши дарҳол етиб келиб, эшонни кўриши билан: “Хотинталоқ! Ҳаммани хонавайрон қилдинг-ку!” деган. Эшон буларга: “Икковинг ўлар вақтда жинни бўлиб ўлгин! Бизни русга тутиб берган қўлларинг билан ўзингни уриб, сўккан оғзинг билан ўзингни тишлаб ўлгин!” демакдан бошқа ҳеч гап айтмаган…” (ўша асар, 32-бет). Айни шу муаллиф дуоибаъд этилган икки хоиннинг бири – Қодирқул мингбоши тақдири ҳақида кейинроқ мана бундай маълумот беради: “…Шаҳарнинг катта оқсоқоли Қодирқул мингбошининг зарби ва сиёсати ниҳоят қаттиқ ва бераҳм бўлғони шаҳар фуқароларига маъруф ва машҳур эди… Оқсоқол юртга сиёсат ўтказиш учун “ур” дардига гирифтор бўлғон ва ким бўлса бўлсун, рўбара келса урдирмай қўймас эди. Охирида, бу “ур, ур” дардининг касофати билан бир дўкондор арманининг бойини уруб қўйди, бу армани бой нафсоният қилиб, сармоялар тарафдори бўлғон ҳоким губернаторларға арз қилиб, судга бериб, охири истибдод учун қилғон шунча хизмати мукофотига, ниҳоят, хорлиқ билан ўрнидан бекор бўлди ва Қўқон қишлоққа бориб, амал ҳасратидан бетоб бўлуб, охири Мажнундек бўлуб, ўзини ўзи жароҳат қилиб ўлди. Мустабид ҳукумати бизга эшон ҳодисасида кўб хизмат қилғон эди, деб риоя қилмади. Сармоядор бой арманининг капитал қуввати уни йиқитиб қўйди” (ўша асар,48-49-бетлар).
Биз бу ибратли ҳикоятга таяниб, Қодирқул мингбоши Дукчи эшон қарғишига дучор бўлди, десак эҳтимол кулгига қолармиз. Аммо Николай Иккинчидек император бошига тушган фожиа, унинг жасади устига ҳам Дукчи эшонникидек оҳагу кислота тўкилгани таажжуб ва тавба этгулик бир ҳол, албатта. Айниқса, бизнинг диёр фарзандлари бўлган ва тақдир тақозоси-ла Европага бориб қолган “венгерлар” деб аталмиш халқнинг беш-олти фарзанди шоҳни қатл этиши кишини чуқур ўйга толдиради.
Рус халқи ўз фарзанди ва императори Николай Иккинчини азоб-уқубат чеккан мўътабар зот деб эълон қилиб, қатл этилган жойида муҳташам ибодатхона тиклади. Русиянинг сўнгги императори қолдиқларини Романовлар хилхонасига кўчириб, унга ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирди.
Биз ҳам Мингтепа қишлоғидан чиққан оддий халқ чор Русияси ҳукумати зулмига қарши Дукчи эшон бошчилигида қўзғолон кўтаргани ва бу билан чинакам жасорат, мардлик кўр­сатганини холис эътироф этиб, уларнинг номини абадийлаштириш чора-тадбирларини кўрсак, айни муддао бўлармиди…

Мансурхон Тоиров.
«Тафаккур» журналидан

Янгиланди ( 02.01.2015 21:07 )
 
Абдурауф Фитрат. Бухорода инқилоб (1918)
13.03.2014 23:55    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

«Дунё ҳаводис[1] ўчоғидир» демишлар, тўғри бир сўз.

Йигирма саккиз(инчи) февралда Русияда ҳуррият бўлди, императўр Николай тахтдан тушурилди. Кўнсул Миллер Когондан Бухорога кируб, «Наминор» ҳавлисида ўтурди.

Халқ оғзинда янгиғина бир сўз тушуб қолди: «Бухорода ҳуррият бўлар экан. Муни ёшларнинг билаги билан рус қўнсулхонаси қила(р) экан».

Кўнсул Миллер Бухоронинг баъзи жамоалариндан баъзи одамларни ёниға киргузиб гапурди.

Шул чоғларида қозикалон Бурхониддин билан раис Абдуллоҳхўжа Садур[2] ва муфти Асқар Маснаф[3] маҳдум қатл этилдилар. Бунларнинг ўрнинда Муҳаммад Шариф махдум қозикалон ва Абдулсамад махдум раис бўлдилар. Бу ҳодиса Бухоро халқининг қизғин бир ҳаяжоинига сабаб бўлди.

Апрелнинг еттисинда амиримиз бир баённома чиқордилар. Апрел саккизида Бухоро ёшлари бойдоқ[4] чиқориб муборакбод қилдилар. Муллалардан бир жамоа чиқиб шул бойдоқ чиқорғанларни кофир деб ўлдурмоқчи бўлдилар. Ҳукумат ёшларнинг бирини[5] тутуб етмиш беш таёқ урди.

Апрел тўққузда қушбеги одамлари ёшларнинг уйларини босдилар. Топғанларини кетуруб «обхона» деган рутубатли бир маҳбусда қамадилар ва иккитасини яна ҳукумат амри билан етмиш беш таёқдан урдилар. Ёшлар қочиб Когонга чиқдилар. Абдулҳамидхон раисликдан тушди. Маснаф махдум раис бўлуб келди. Самарқанддан рус солдатлари келиб обхонадаги ёшларни қутқорди.

Мана шунлар бир-икки ҳафта орасинда бўлуб ўтган ҳодисалар. Ҳар бири — бир маъно! Мен аниқ биламанким, шул ишларнинг ҳақиқат ҳикматлариндан руслар билан ёшлар ва Бухоро беклариндан бошқа кимса хабардор бўлмади. Бухоро халқи на муллабаччалари, на саҳройилари, на косиблари бу қоронғу воқеалардан бирор нарса онглаёлмадилар.

Тўғридир: ҳар ёнга югурдилар, истамаймиз, «ўлдирамиз, ғазо[6] қиламиз» дедилар.

Нимани истамадилар, кимни ўлдурмоқчи бўлдилар, кимнинг ғазосиға чикдилар? Бунларни онглағанлари йўқ!.. Мана бул рисолани[7] шунларни онглатмоқ учун қўлимға олдим. Негаким, тилагим ҳақиқатни халқға онглатмоқдир.

Ҳақиқатни бутун очиб онглата билмак учун бул рисолани уч бўлакка тартиб этдим:

1. Бухоронинг ҳоли.

2. Фитна соатлари.

3. Ёшларнинг тилаклари.

Иликотимиздағи[8] ишларнинг буюкроғи, албатта, экинчилик, яъни деҳқонлиқдир. Биз бу ерда ҳукуматимиз билан деҳқонлар орасиндағи ишларни арз қиламиз. Бухоронинг деҳқончилик ерлари тўрт турлидир. Амлок[9], мулки ҳур[10], вақф[11]. Бухоро ерларининг тўртдан бири мулки ҳур билан вақф бўлса, бошқаси амлок билан мулки ҳирожий[12]дир.

Мана Бухорода шул амлокни нечук олалар: Бухоро ҳукумати Бухоро теваракиндаги туманларнинг амлокини олмак учун амлоқдорлар тайин қиладилар. Аммо вилоятларнинг амлокларини бекордан оладилар. Ҳар вилоятнинг беги ўз вилоятиға амлоқдорлар қўядир. Ҳар амлокдорнинг неча оти, сайиси[13] ва хизматкори бордир. Бутун шунларнинг муҳаррифлари[14] бечора деҳқонларнинг устинадир. Амлокдорлар Бухоро ерларини икки турли истифо[15] қилалар. Биринчиси «хасбар»[16], иккинчиси «хирман». Туманлар, Чаҳоржўй, Кармина, Хатирчи, Миёнкал ерларини «хасбар» тариқи билан истифо қилалар. Бухоронинг бошқа вилоятлари хирман тариқи билан истифо қилинадилар. Бу тариқларнинг иккиси дахи ямондир. Иккисиға ҳам золим ва инсофсизлик кўб бўладир.

Хасбар тариқи шудир: экин етишгандан кейин амлокдор ўз одамлари билан бало қўшуни каби истифоға чиқадир. Кечалар навбат билан деҳқонларнинг уйлариға қўнуб, кундузлар истифо қиладир. Ҳануз хирман қилмаған устига келиб ҳеч бир нарсани билмаган йўлдошлари билан тахмин қилуб бир нарса ёзадир.

Хирман қилинмаған, бичилмаган экинларнинг қанча чиқорини билмак албатта куч: мундай тахминлар ҳеч тўғри чиқмайдир. Ё амлокдорларнинг ва ё деҳқонларнинг ҳақи албатта кетадир, лекин бизнинг амлокдорлар ўз ҳақларини бошқаға ўткармайлар, балки деҳқоннинг ҳақиға жавр қиларға тиришалар. Бечоранинг ўн ботмонлиқ экинини йигирма ботмон тахмин қилуб дафтарда ёзалар.

Хирман истифоси шудирким, деҳқон экинини бичиб, хуббидан[17] чиқориб хирман қиладир ва амлоқдор жанобларини кутиб турадир. Амлокдор келмагунча бола-чақаси очлиқдан ўлса ҳам меҳнат қилиб етиштирган ҳосилиндан озғина ололмайдирлар. Олсачи, боши балода қоладир икки чорак олса, амлокдор хабар олиб келадир ва бечорани ёғочларға осиб қамчинлар билан уруб, уч-тўрт ботмоннинг оқчасини оладир. Истифо замони келгач, амлокдор жаноблари одамлари билан чиқиб юқорида ёзғанимиз каби хирманлар орасинда кезиб, тахмин қилиб дафтарларда ёзадир.

Амлокдорлар тахмин қилиб ёздиқлари ҳосиллардан бошлиқ ҳақини шул чоғда олмайлар, ёлғуз тахмин қилиб кеталар. Деҳқон хирманини кўтарадир, масалан, буғдойни элтиб, арзонлиқ чоғинда юз тангадан сотадир. Вақтлар ўтуб буғдой юз элли(к) тангага чиқғандан кейин амлокдор бошлиқ ҳақини талаб қиладир. Ул вақт бечора деҳқонларидан юз элли(к) тангадан пул оладир.

Энди бир деҳқонни кўзимиз олдинда кетуриб шу ишларни унинг устинда юритайлик, кўрайлик нима бўлар. Масалан, Турсун отли бир деҳқоннинг тўрт танобғина ери бор, кеча уйқусизлиқлари, кун очлиқлари орасинда югуруб, чопиб, иссиқ-совуқ демай, қўш боғлар, хирман совурар, ўн ботмонғина буғдойни хирман қилиб ҳозирлаб қўяр, лекин бола-чақалари очлиқдан ўлса ҳам амлокдор бек келмагунча шунча меҳнат билан ҳосил бўлған буғдойиндан бир ҳовуч ололмас.

Олса, бир ҳовуч еринда бир ботмон буғдойни йигирма ботмон тахмин қиларлар. Кафсан, от еми, мирзоёна[18] — нималар дебон бир ботмонча буғдойни олиб кетарлар. Бечора Турсун қолған тўққиз ботмон буғдойни кўтарадир. Бозорга элтиб, юз тангадан тўққиз юз тангага сотадир. Ҳафта, ойлар ўтуб буғдой нархи 150 тангага чиқғач, амлокдор бек ҳақларини талаб қилалар ва Турсунбойни йигирма ботмон буғдойнинг учдан бири бўлған олти ярим ботмон буғдой учун бозор нархи юз элли(к) тангадан тўққуз юз етмиш беш танга оларлар. Мана бозорға бечора Турсун бир йиллик меҳнат қилиб чиқардиғи буғдойдан етмиш беш танга зарар тортиб чиқадир.

Лекин иш шунча битдими? Йўқ, яна бир буюк масъата қолди: Турсун-ку ўз буғдойининг пулларини неча ойдан еб битирған эди. Амлокдорга бу тўққуз юз етмиш беш тангани қаердан топиб берди? Ҳиндилардан, яҳудийлардан ё ҳинди табиат мусулмонлардан фойдага кўтариб берадир. Бизнинг деҳқонларимизнинг уйини куйдирган қайдадир? (Муни кейинроқда арз қиламан.) Эмди кўрайлук, қани, бу ҳукумат билан шу амлокдор беклар ким, бечора деҳқондан имкони(ча) меҳнат қилиб, чиқардиғи ҳосилни бутун оларлар, бирор кун, бирор йўл билан шу деҳқоннинг бирор ишига кўмак қилурми? Албатта, йўқ.

Ҳатто бутун қўлимиздан тортиб олдиқлари экинларнинг суйини ҳам кетуруб бермайдир. Шунинг учун ҳам деҳқоннинг уйини куйдирадилар.

Йилда бир дафъа арикдарни қазмоқ керакки, бу ишни бухоролилар «ҳашар» дейлар. Арикдан сув ичатурған бутун деҳқонлар йилнинг олти ойинда шул ҳашар учун кунда бир мардикор (ишчи) бергулидир. Бера олмасалар бир мардикорнинг кундалик оқчасини ҳукуматға бергулари лозимдир. Муҳорабадан[19] бурун бир мардикорнинг кундалиги 10 танга эди, аммо шу кунларда қирқтанга (олти сўм). Ўн таноб ери бўлған бечора бир деҳқон ҳар йилнинг олти ойинда ё бир мардикор тутиб ҳашарға берадир ва ё шу мардикоркинг олти ойлиқ оқчасини ҳукуматға берадир, бошқа чораси йўқдир. Бир мардикорнинг шу кунларда олти ойлиғи 7200 тангадир. Аммо илгари 1800 танга бўла(р) эдики, бу ҳам бечораларға оз оқча эмасдир.

Тухумға[20], ҳўкузға, от аробаға пул берган бечора деҳқон ҳар йил ҳашар учун мунча оқчани қаердан топиб берадир?

Олдиғи ҳосилданми? Уни-ку амлокдор олиб кетди, бечора деҳқон бу оқчани ҳиндилардан фойдаға кўтариб берадир. Бундан бошқа пойтахтнинг атрофиндаки ерларға сувни адолат юзасиндан бўлиб бермак учун бир мироб (яъни сув беги) бор, бу одам сувни тақсим қилиб бермак еринда қўнуғини (навбатини) деҳқонларға сотиб турадир. Сув беги жаноблариға йилда бир неча дафъа оқча бермаган деҳқонлар сув ичолмайлар.

ЗАКОТ

Бухоро хонлиғинда икки турли закот бор: биринчиси мол закоти. Шаръий бўйинча ҳар мусулмон ўз оқчасиға йилда бир дафъа закот берадир. Лекин Бухоро савдогарлари ўз оқчалариға йилда беш-олти, ҳатто ўн дафъа закот бералар: масалан, бир савдогар Бухородан йигирма минг тангалик мол олиб, Қаршиға элтиб сотса, бир закот берар. Яна у ердан шу оқчаға мол олиб Бухороға келса, бир закот берар. Ва яна Бухородан шу оқчаға мол олиб Қаршиға қайтса, бир закот берар. Шундайин ўн йўла кетиб, келса ўн йўла закот оларлар. Бунинг зарари ёлғуз савдогарнинг ўзинда бўлса сўз йўқ эди. Чунки савдогардир, бойдир, озғина кўброқ оқчаси кетса ҳам зарар қилмайдир. Лекин у савдогар бу ортуқ ердаги закотларни мол устиға қўйиб сотадир. Демак, бундан ҳам қашшоқлар ҳам деҳқонлар зарар торталар.

Иккинчи закот — качи закотидир[21]; қўй билан качидан олинадир. Қўй билан качининг закоти ҳақиқатан қирқдан бир бўлса ҳам, саррофона, котибона[22] ва, билмасам, нималар деб йигирмадан бирга тушуриб қўялар. Бунлардан бошқа чакана закоти[23] деб нисобға эришмаган қўйлардан шариатға махолиқзакот олалар. Закоти олинған қўйлар ва качиларнинг таниндаки йўниндан[24] дахи закот олмокдари кўб буюк масхаралиқ эмасми?

Закотда зулмларнинг каттароғи шулким: қўй ва качи закотини дафтар юзиндан оларлар. Масалан, ўтган йили маним қирқ қўйим бор эди. Келиб дафтарда ёзиб закотини олиб кетдилар. Сўнгра маним қўйларим ўлди ёинки сотиб битирдим. Бу йил бирта ҳам қўйим йўкдир. Лекин закотчи бек келгач, дафтарни очиб кўралар, ким, маним отимда қирқ қўй ёзилған; иши битди, мендан бир закот олиб кеталар. Қўйим йўқдесам онинг дафтарида бор деярлар «бор эди, лекин сотиб битирдим» десам тингламайлар. «Йўқ, бермайман» десам уриб, осиб ола(р)лар[25].



(«Ҳуррият», 1918 йил, 69—72, 75-сонлар)

[1] ҳаводис — ҳодисалар.

[2] раис Абдуллоҳхўжа Садур - вақф ва дин ишлари билан шуғулланувчи амалдор Бухоро хонлигида раис деб юритилган, у кўпинча садрлардан бўлгани учун, қолаверса, бу мансаб диний ишлар билан боғлиқ бўлгани учун садр ва эшонлар қўйилган. Абдуллоҳхўжа эса, Фитрат бошлиқ жадидчиларнинг талаби билан амирнинг буйруғига кўра қатл қилинган эди (бу ҳақда Фитратнинг аввалги мақолаларида ҳам сўз юритилади).

[3] муфти Аскар Маснаф - шариат масалаларини талқин қилувчи ва шул ҳақда ҳукм чиқарувчи Бухоронинг юксак лавозимдаги шахсларидан. Қозикалон Бурҳониддин билан бирга бу лавозимдаги кишилар ҳам қатл қилинган эди. Бу ҳақда қаранг: Фитрат. Бухоро уламоси, «Ҳуррият», 1917, 48-сон.

[4] Бойдоқ – намойиш.

[5] Бу шахс Ф. Хўжаевнинг шаҳодатига кўра (Ф. Хўжаев. Асарлар, I жилд, Тошкент, 1976, 118-бет) Мирза Насрулла эди. 17 мартда амир чиқарган манифест муносабати билан намойиш ўтказилган бўлиб, бу намойиш иштирокчиларидан, яъни ёш бухоролиларнинг фаолларидан бир нечасини Амир «обхона»га қаматган эди. Калтакланган Насрулла эртасигаёқ вафот этади. Мақоланинг қуйироғида Фитрат яна икки киши калтакланганини ёзади. Улар С. Айний ва Мирбобо эдилар. Қамоқдан улар билан бирга Отахўжаев ва Юсуфзодалар ҳам озод этилади.

[6] «Ғазо» - мусулмонларнинг ялпи уруши, мазлумларнинт золимларга қарши урушидир. Бу ерда: камбағал мусулмонларнинг ўз душманларига қарши уруши назарда тутилади.

[7] «Рисолани... қўлимга олдим» - Таассуфки, бу рисола охиригача етмаган. «Бухоронинг ҳоли» деб номланган биринчи қисмдан айрим мақолалар чоп этилди, холос. «Фитна соатлари» деб номланган иккинчи, «Ёшларнинг тилаклари» деб номланган учинчи қисм эса, кейин ҳеч қаерда эълон этилмаган. Бизнингча, у ёзилмай қолиб кетган.

[8] Иликот – қўлимиздаги; бу ерда: кундалик маъносида.

[9] Амлок – бу ерда: амлок – мулуклар, яъни давлат томонидан солиқ олинадиган махсус руйхатдаги ерлар.

[10] мулки ҳур – озод ерлар, яъни солиқолинмайдиган ерлар.

[11] Вақф – мулкдорлар томонидан диний муассаса, масжид ёки мадраса тасарруфига берилган ерлар. Унда ишлаб, кўрган фойдалари айни муассасалар учун сарф бўлади. Вақф ерларини сотиш ёки бировга хатлаб бериб юбориш манъ қилинади.

[12] Ҳирож – ердан олинадиган солиқ, бу ерда: мулки ҳирожий – солиқ талаб этиладиган ерлар.

[13] Сайис – иш юритувчи.

[14] Муҳарриф – сарф-харажат.

[15] истифода — фойдаланмоқ.

[16] Хасбар – хос (махсус) ва бар (самара, натижа) сўзларидан ҳосил қилинган бу тушунча солиқ ундиришнинг бир усули бўлиб, бунда ҳосил битмай туриб (кечаси ё кундуз тўсатдан) ерлардан олинадиган ҳосил тахмин қилиниб, ёзиб кетилади. Мана шу тахмин бўйича Бухоро деҳқонларининг ерларидан солиқ ундирилган.

[17] Хубб – севиш, муҳаббат билан, бу ерда: (хуббидан чиқариб – кўнгилдан чиқариб, астойдил, муҳаббат билан маъноларида.)

[18] Кафсан, от еми, мирзаёна – кафсан маҳаллий туман маъмурияти учун (туман бошлиқларининг идоравий сарфи учуи) олинадиган солиқ; от еми – амир сарбозларининг отлари учун деган баҳона билан олинадиган дон солиғи; маҳаллий ҳокимиятдаги хат, ҳужжат ишлари деб олинадиган солиқ мирзаёнадир.

[19] муҳораба — уруш, бу ерда: Биринчи жаҳон уруши назарда тутилади.

[20] тухум — уруғ, бу ерда: уруғлик маъносида.

[21] качи закоти — қўй, эчки каби чорва молларидан келадиган фойданинг қирқдан бири миқдорида олинадиган солиқ. Бу ерда: «качи-кичи — эчки» маъноларида ишлатилади (шевага оид сўз).

[22] сарфона, котибона — сарф-харажатлар учун, котиблар учун деган баҳоналар билан қирқдан бир эмас, балки йигирмадан бир миқдоридан олинадиган закот.

[23] чакана закоти — нисобга (ҳисса, миқдор, бу ерда: ҳисобга қўшилмаган маъносида) эришмаган уй ҳайвонларидан олинадиган солиқ. Масалан, ҳисоблаш пайтида бу қўй ва эчкилар йўқ бўлиб, улар рўйхатга олишдан кейин туғилган. Улар учун чакана закот олинган.

[24] таниндаки (танидан) йўниндан (йўсининдан) — закот олинган уй ҳайвонларининг танидан (ҳисобидан) яна закот олиш (худди савдогарлардан бир неча бор закот олингани каби).

[25] Мақола тугалланмаган эканини юқорида айтилди (буни ушбу фикрнинг тугалланмаганидан ҳам билса бўлади).

 
Султон Саодат ансамбли (X—XVII асрлар)
03.05.2014 17:05    | Муаллиф:    PDF Босма E-mail

Термиз саййидлари авлодлари дафн этилган турли даврларга мансуб мақбаралар комплекси. Термиз яқинида жойлашган. Ундаги дастлабки мақбаралар X асрда, аксарияти XV—XVII асрларда қурилган бўлиб, иншоот узун ҳовли шаклини олган. Олти аср давомида қурилиб, 20 га яқин мақбарани ўз ичига олган. Султон Саодат комплекси Ўзбекистоннинг жанубий районларига тааллуқли архитектура тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

 


8 дан 69 сахифа

Муаллифлар фикри сайт таҳририяти нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин